Носир Муҳаммад. Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий

Ҳофиз Шерозий (Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад) (1326-1389) номи ва ижоди ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Унинг ғазаллари турли йилларда олим ва шоирлар томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

Туронзаминда ҳар бир зиёли ўзбек, форс ва араб тилини мукаммал билган. Форс шеъриятининг энг яхши намуналари, шу жумладан, Ҳофиз ғазаллари ҳам севиб мутолаа қилинган.

Амир Темур Ҳофиз ижоди билан яхши таниш бўлган. Айниқса, унинг “Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро, ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро” (“Агар кўнглимни ром этса ўшал Шероз жонони, қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони”) деб бошланадиган ғазали кўпчилик орасида машҳур эди. 1387 йили Шерозни эгаллаган Соҳибқирон шаҳарнинг машҳур шахслари қатори Ҳофиз Шерозийни ҳам суҳбатга чақиришни буюради. Бу пайтда шоир анча кексайиб, моддий жиҳатдан ҳам қийналиб қолган эди. Уни букчайган ва юпун кийинган ҳолда Соҳибқирон ҳузурига олиб келадилар. Шунда Амир Темур ҳазиллашиб: “Мен бутун дунё бойлигини сарфлаб, Самарқанд ва Бухорони обод қилсаму сиз уларни бир гўзалнинг қора холига бериб юбормоқчимисиз,” дейди. Ҳозиржавоб шоир: “Ана шу сахийлигим туфайли ҳозирги аҳволга келиб қолдим-да”, деб жавоб беради. Бундан завқланган Соҳибқирон шоирни катта совға-саломлар билан кузатиб қўяди…

Аввало, Самарқанд ва Бухоро тилга олинган ўша машҳур ғазал ҳақида. Таржимада “турки Шерози” жумласи ўзбек тилига “Шероз жонони” деб ўгирилган. Тўғри, “турк” сўзининг бир маъноси “гўзал” демакдир. Аммо матлаъда гап аниқ турк гўзали ҳақида кетмоқда.

Ўша даврда Шерозда форслар билан бирга турклар ҳам яшаган. Ҳозир ҳам Эрон аҳолисининг ярмини туркий халқ ва элатлар ташкил этади. Ҳулокухон давридан бошлаб (1256-1265) Эрон ҳукмдорлари ва сарой аъёнларининг кўпчилиги туркий халқлар вакиллари эди. Шоир улар билан доимий мулоқотда бўлган, баъзилари билан яқин дўстона муносабатлар ўрнатган. Девондаги бир қитъа ана шундай дўсти билан жудолик туфайли қаламга олинган:

Қуввати шоираи ман саҳар аз фарти малол
Мутафарриқ шуда аз банда, гурезон мерафт.
Нақши Хоразму хаёли лаби Жайҳун мебаст,
Бо ҳазорон гила аз мулки Сулаймон мерафт.
Мешуд он кас, ки жуз ў жони сухан кас нашинохт,
Ман ҳамедидаму аз колбадам жон мерафт.
Чун ҳамегуфтамаш: “Эй муниси деринаи ман!”
Сахт мегуфту дилозурдаву гирён мерафт.
Гуфтам: “Акнун сухани хуш ки бигўяд бо мо,
К-он шакарлаҳчаи хушхони хушилҳон мерафт!”
Лоба бисьёр намудам, ки: “Марав!” Суд надошт,
З-он, ки кор аз назари раҳмати султон мерафт.
Подшоҳо, зи сари лутфу карам бозам хон,
Чи кунад? Сўхта аз ғояти ҳирмон мерафт.

Мазмуни: Шоирлик қувватим саҳар пайти беҳад малол чекиб, мендан ажралиб, югуриб кетди. Хоразм манзарасию Жайҳун хаёли билан минг хил гинахонлик арз этиб, Сулаймон мулкидан кетди. У шундай кишики, ундан бошқа одам сўзнинг жонини билмайди, мен уни кўриб турибману баданимдан жон кетди. Мен унга дедим: “Эй менинг қадимий мунисим!” Менга қаттиқ гапирдию дили озор чекиб, йиғлаб кетди. Дедим: “Энди бизга яхши гапларни ким айтади? Чунки шакарлаҳжа, сўзи ва овози яхши кетди!” “Кетма” деб кўп илтижо қилдим, фойдаси бўлмади. Чунки, ғишт қолипдан кўчган эди. Эй, подшоҳ, лутфу карамингни кўрсатиб, яна даъват қил, не қилай? Бундай катта йўқотишдан дилим ёниб кетди.

Шоирнинг шеърларини яхши тушунадиган ҳамфикр дўсти Ватани Мовароуннаҳрга қайтиб кетган. Бу йўқотиш шоирни қаттиқ ҳаяжонга солган. Тасаввуф истилоҳида “ёр” сўзи Худони, гоҳида эса маъшуқа ёки яқин дўстни англатган. Шу сабабли, бу ерда гап аёл киши ҳақида кетаяптими, ёки дўст ҳақидами, аниқ айтиш қийин. Лекин бу воқеа шоир қалбини қаттиқ ларзага солган. Шоир бир рубоийсида шундай ёзади:

Не қиссаи он шамъи Чигил битвон гуфт,
Не ҳоли дили сўхтадил битвон гуфт.
Ғам дар дили танги ман аз он аст, ки нест
Як дўст, ки бо ў ғами дил битвон гуфт.

Мазмуни: У Чигил шаъми қиссасини айтолмайман, куйган дилим ҳолини ҳам баён қилолмайман. Дилимдаги ғамларимнинг сабаби шуки, дил ғамини изҳор қиладиган бирор дўст йўқ.

Чигил қабиласи Шарқий Туркистон ҳудудида яшаган. Бу қабила ўзларининг гўзалликлари билан шуҳрат топган. Мумтоз адабиётда “Чигил” сўзи гўзалликни ва туркларга хосликни билдиради. Бу рубоийда ҳам шоир ўзининг ҳамдарди ва сирдоши кетиб қолганлигидан, дилидаги дардларини айтадиган бирор дўсти йўқлигидан шикоят қилади. Бошқа бир ғазалида ҳам ўша “Чигил шаъми” ҳажрида ёнганлигини айтар экан, энди аниқ тарзда у “Самарқандлик турк” эканлигини айтади.

Сўхтам дар чоҳи сабр аз баҳри он шамъи Чигил,
Шоҳи туркон фориғ аст аз ҳоли мо, ку Рустаме?..
Хез, то хотир бад-он турки Самарқанди диҳем,
К-аз насимаш: “Бўи жўе Мўлиён ояд ҳаме”.

Мазмуни: Ўша Чигил шаъми ҳажрида сабр чоҳида қолиб, куйдим. Турклар шоҳи ҳолимиздан бехабардир, Рустам қаерда?(Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидаги воқеалар эсга олинмоқда). Ўрнингдан тур, самарқандлик туркни хотирлайлик, унинг шабадасидан “Мўлиён ариғининг ифори келади”(Рудакий мисраси).

Бу сатрлар шоирнинг форсий ва туркий адабий меросни пухта эгаллаганлиги, гарчи келмаган бўлса ҳам Мовароуннаҳр шаҳарларини яхши билганлигидан хабар беради.

Девондаги бир соқийномада шоир фоний дунёнинг ўткинчилиги ҳақида мушоҳада юритар экан, буюк турк ҳукмдори Афросиёб ва турк лашкарбошиларнинг номини ёд этади:

Ҳамон манзил аст ин жаҳони хароб,
Ки дидаст айвони Афросиёб.
Кужо ройи Пирони лашкаркашаш?
Кужо Шеда – он турки ханжаркашаш?
На танҳо шуд айвону қасраш ба бод,
Ки кас дахма низаш надорад ба ёд…
На хуш гуфт Жамшеди бо тожу ганж,
Ки: як жав наярзад сарои сипанж.

Мазмуни: Бу хароб жаҳон Афросиёбнинг айвонини кўрган манзилдир. Лашкарбоши Пироннинг ўй-фикрлари қайда қолди? У ханжаркаш турк Шеда қаерда? Уларнинг айвону қасрлари ер билан яксон бўлди, одамлар уларнинг дахмалари қаерда эканини ҳам билмайди… Тожу ганжли Жамшед қандай яхши айтганки, бу муваққат сарой бир дона арпага ҳам арзимайди.

У “ханжаркаш турк” деганда Ғарбий турк хоқонлиги ҳукмдори Шегуй хоқонни (милодий 610-618 йиллар) назарда тутган, чунки у Сосонийлар устидан йирик ғалабага эришиб, Эрон ҳудудини эгаллаб олган эди. Бу мисол шоирнинг Эрон ва Турон тарихини ҳам яхши билганлигини кўрсатади.

Мумтоз ўзбек шеърияти намояндалари учун Ҳофиз шеърияти ўзига хос маҳорат мактаби бўлган. Сайфи Саройи, Ҳофиз Хоразмий, Саккокий, Атоий, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Нодира, Амирий, Мунис, Огаҳий сингари турли даврларда яшаган ўзбек шоирлари Ҳофиз шеъриятини ўзларига намуна деб билганлар. Жумладан, Алишер Навоий Ҳофиз ғазалларини ниҳоятда севган, уларни доимо мутолаа қилган ва шоирнинг бадиий маҳоратига юксак баҳо берган. “Насойим ул-муҳаббат” асарида Ҳофиз ҳақида бундай дейди: “Алар лисон ул-ғайб ва таржумон ул-асрордирлар. Басо асрори ғайбия ва маонийи ҳақиқийяки, сурат кисватида ва мажоз либосида адо қилибдурлар”. Яъни, Навоий Ҳофизни илоҳий сирларнинг таржимони, илоҳий ишқни дунёвий ишқ кўринишида (ҳақиқат маъниларини мажоз либосида) баён этган шоир ҳисоблайди.

“Девони Фоний”да Ҳофизнинг 211 ғазалига татаббу (назира) ёзилган. Назиралардан бири ўша Самарқанд ва Бухоро тилга олинган машҳур ғазалга ёзилган. Унинг матлаъи қуйидагича:

Гар он турки хитойи нўш созад жоми саҳборо,
Нахуст орад суи мо турктозу қатлу яғморо.

Таржимаси:

Агар ул Чинли турк сипқорса алвон рангли минони,
У аввал бошлагай биздан азобу қатлу яғмони.
(Муаллиф таржимаси)

Қашқадарёда бўлганимда дўстларимдан бири Қарши районида Шерозий қабри борлигини айтиб қолди. Албатта, бу менда катта қизиқиш уйғотди. Бешкент яқинида Нукробод деган қишлоқ бор. Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, бу ном илгари Рукнобод бўлган ва кейинчалик ўзгача талаффуз қилинган. Ҳофиз ғазалларда куйланган Рукнобод ариғи васфи эсга тушди:

Бидеҳ, соқи, майи боқи, ки дар жаннат нахоҳи ёфт
Канори оби Рукнободу гулгашти Мусаллоро.

Мазмуни: Эй соқий, боқийлик майини келтир, Рукнобод суви қирғоқлари ва Мусаллода гул сайлини жаннатда ҳам тополмайсан.

Қишлоқдан илгари шу номда ариқ ҳам ўтган. Бу ерда кичикроқ масжид ва Шерозийнинг қабри ҳам бор. Мавжуд маълумотларга кўра, Ҳофиз Мовароуннаҳрга келмаган ва Шероздаги ўзи севган Мусалло боғида дафн этилган. Кейинчалик темурийзода Абулқосим Бобур шоир қабрини яна-да обод қилган. Ҳозирги пайтда Ҳофизия номли мазкур боғ ва ундаги шоир мақбараси катта зиёратгоҳга айланган. Нукробод қишлоғидаги қабр эса шоир мухлислари томонидан тикланган ёки асли шерозлик бошқа бир шахснинг қабри бўлса керак. Бу қишлоқ номи ва қабр халқимизнинг шоир ижодига катта муҳаббати белгиси дейиш мумкин. Умуман, Шероз билан Қашқадарё воҳаси ўртасида қадимда борди-келдилар кўп бўлган. Яккабоғ туманидаги Шерози қишлоғи ҳам бежиз бу ном билан аталмаган.

Соҳибқирон 1393 йили бош кўтарган Форс ҳукмдори Шоҳ Мансур устига яна қўшин тортади ва шиддатли жанглардан кейин Шерозни эгаллайди. Бир ойга яқин шаҳарда туриб қолади. Сўнгра Ироқ сари юришини давом эттиради ва ўғли Умаршайхни Форс вилоятида қолдиради. Умаршайх тахт талашишлардан вайронага айланган жойларни обод қилади, бир йилга яқин ҳокимиятни адолат билан бошқаради. Соҳибқирон уни Бағдод сари юришга чақиради. Умаршайх аскарлари билан Курдистондаги Хармоту қалъаси яқинидан ўтаётганида, ногаҳоний отилган камон ўқи бўйнига келиб тегади ва шу заҳоти ҳалок бўлади. Уни вақтинча Шероз шаҳрида дафн қиладилар. Сал кейинроқ жасади хотинлари ва ўғли амирзода Искандар ҳамроҳлигида Шаҳрисабзга жўнатилади. Форс вилоятини бошқариш эса Умаршайхнинг катта ўғли, ўн яшар Пирмуҳаммадга топширилади. Пирмуҳаммад то 1410 йилгача Форс ҳукмдори бўлган. Умаршайх ёки Пирмуҳаммад Ҳофизнинг қабри тупроғидан ўз Ватанларига юборган бўлсалар ажаб эмас. Чунки Соҳибқирон Амир Темур ўзи забт этган ҳудудлардан авлиёлар ва улуғ зотларнинг хокларини Турон тупроғига олиб келганлиги яхши маълум.

Ҳофиз Шерозий ўз давридаёқ катта обрў-эътиборга эга бўлган. Уни бир қатор подшоҳлар ўз саройларига чорлаган. Ривоятларга кўра, Соҳибқирон ҳам шоирни ўзи васф этган Самарқанд ва Бухорони келиб кўришга таклиф қилган. Аммо, шоир кексалиги ва узоқ сафарни кўтаролмаслигини айтиб, узр сўраган. Шерозда у Қуръон тиловат қилиш ва хаттотлик билан кун кечирган. Чунки у шоирликдан ташқари Қуръони Каримни ўн тўрт усулда қироат билан ўқийдиган қори ва чиройли ҳуснихат соҳиби эди. Амир Хусрав Деҳлавийнинг Ҳофиз қўли билан кўчирилган икки достони бугунги кунда Ўзбекистон Шарқшунослик институтининг Қўлёзмалар маркази хазинасида сақланмоқда.

Амир Темур билан Ҳофиз Шерозий ўртасида бўлиб ўтган тарихий мулоқотга келадиган бўлсак, у Соҳибқироннинг адолатпешалиги, адабиёт ва илм аҳлини қанчалар улуғлаганини кўрсатувчи ёрқин бир мисолдир. Шу сабабли бу воқеа солномачилар эътиборидан четда қолмаган ва тарих зарварақларига муҳрланган.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 5-сон

Носир Муҳаммад Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 1946 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “Салом, келажак”, “Баҳор таронаси”, “Насаф ва Кеш алломалари”, “Сумалакдан тош топдим”, “Анқони маҳрам қилдингиз”, “Турон давлатлари йилномаси”, “Ҳут шамоллари”, “Шахмат мўъжизаси” каби китоблари нашр этилган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!