Нилуфар Намозова. Дунёдан хабардор маърифатпарвар

Ҳар қандай давр тараққийпарвар зиёлилар олдига умумхалқ манфаатларига доир улкан вазифаларни қўяди ва бу вазифаларни улар ўзлари учун бурч сифатида қабул қиладилар. Ўтган асрнинг аввалида юзага келган миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти намояндалари, фидойи маърифатпарварлар фаолияти бунга бир далилдир. Уларнинг ҳаёти ва бой адабий мероси истиқлол йилларида ўрганилди, тар­ғиб-ташвиқ этилди, номлари тикланиб, асарлари қайта-қайта нашр қилинди. Ана шундай миллат фидойилари орасида таваллудининг бир юз қирқ йиллиги нишонланаётган улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўрни алоҳида.

Мустақиллик йилларида ўз замонининг ижтимоий-сиёсий муҳитига бевосита таъсир кўрсатган пешқадам арбоб, янги усул мактаби тарғиботчиси, ўзбек драма санъатини бошлаб берган биринчи драматург, журналист, ношир ва муҳаррир Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти холис ўрганилди. С.Қосимов, А.Алиев, Н.Каримов, С.Аҳмедов, Ш.Турдиев, Б.Дўстқораев, Н.Раҳмат, Ҳ.Саидов, З.Аҳророва сингари адабиётшунос олимлар, ижодкорлар томонидан ўнлаб илмий мақолалар ёзилди, тадқиқотлар амалга оширилди, рисолалар чоп эттирилди. Атоқли олим Бегали Қосимов нашрга тайёрлаган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Танланган асарлар”и дунё юзини кўрди.

Маълумки, Беҳбудийга бағишланган илмий ишларда алломанинг замондошлари томонидан ёзилган мақола ва хотиралар, шеърлардан асосий манба сифатида фойдаланилган. Ушбу манбаларда маърифатпарвар бобомизнинг таржимаи ҳоли, ижтимоий-сиёсий фаолияти кенг ёритилган. Биз қуйида ана шу манбаларга таяниб, Беҳбудийнинг етук маънавий-ахлоқий олами, юксак инсоний фазилатлари, баркамол шахсияти ҳақида имкон қадар сўз юритмоқчимиз.

“Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари ким эди? Бу саволга жавоб бермак учун газета саҳифалари эмас, жилдларча китоб ёзмоқ керак бўладур”, деб ёзган эди маърифатпарварнинг сафдошларидан бири Садриддин Айний. Ўтган асрнинг 20-йилларидаёқ Беҳбудий ҳақида бир неча асарлар яратилди. Жумладан, Саидризо Ализода, Садриддин ­Айний, Ҳожи Муин, Вадуд Маҳмуд, Абдулҳамид Азамат, Абулқосим ­Азимий, Лазиз Азиззода ва Завқий сингари зиёлиларнинг мақолалари, хотиралари эълон қилинди. Биргина Ҳожи Муиннинг “Меҳнаткашлар товуши”, “Туркистон”, “Зарафшон” газеталари ва “Учқун” журналида мақола ва очерклари чоп этилди. Уларда алломанинг шахсиятига доир кузатишлар холис ифодасини топган. Чунончи, Ҳожи Муин “Буюк устозимиз Беҳбудий афанди” мақоласида уни шундай хотирлайди: “Беҳбудий афанди ҳалим, зийрак, ғоят заковатли ва қувваи ҳофизаси зўр бўлдиғидек, сўзга-да ниҳоят даражада уста эди. У ҳар сўзиға қаноатлантирмак учун турли мисоллар келтура, мавқеи келганда оят ва ҳадисдан далиллар кўрсата эди. Шунинг учун анинг суҳбати ғоят лаззатли ва истифодали бўлур эди. Анинг суҳбатинда бўлғон киши руҳлана, шодлана ва анинг олдиндан асло турғуси келмас эди”.

1875 йили маърифатли оилада дунёга келган Маҳмудхўжа ўз даврининг диний ва дунёвий билимларини пухта эгаллаган, феъл атворидаги ҳалимлик, зийраклик, суҳбатдошларини ишонтира билиш хислатлари билан кўпчиликни бир маслак йўлида бирлаштира оладиган салоҳият эгаси бўлган. Ҳали матбуотда мақолалари билан кўринмасидан илгарироқ, бир қатор хорижий мамлакатларда ҳам эътибор топган “Самар­қанд”, “Ойина” сингари нашрларни ташкиллаштириб, чоп эттирмасидан, театрчилик ишларига киришмасидан бурунроқ катта обрў-эътиборга эга бўлган эди. Бу обрў-эътибор унга маърифатпарварлик ишларида қўл келган. Хусусан, Шакурийнинг Н.Остроумов тазйиқлари остида қолган усули жадид мактабини Беҳбудий ўз ҳовлисига кўчириб келади ва ўз ҳимоясига олади. Унинг бундай ҳаракатларига душманлик кўзи билан қарайдиган кучлар жим турмади. Чунончи, матбуотда “Самарқанднинг усули жадида мактаби Туркистон тарафларинда хейли машҳур ўлдиғиндан фақат шуни кўрмак учун воруб сўнгра англадимки, мактабнинг шуҳрати ёлғуз бунинг муассиси ўлон муфти Маҳмудхўжа афанди соясинда экан” деган мазмундаги танқидий мақолалар уюштирилади. Бироқ бу каби тазйиқлар Беҳбудий ва унинг сафдошларини чўчитолмайди, фаолиятдан чалғитолмайди. Дарвоқе, машҳур татар маърифатпарвари Абдурашид Иброҳимов Беҳбудий ва Шакурийни “ўзбеклар қаҳрамони” дея бежиз таърифламаган эди.

 Лазиз Азиззода ўз хотираларида Беҳбудийнинг бевосита шахсига хос ибратли фазилатларни қаламга олган: “Беҳбудий иродасининг кучлилиги, муомалада фав­қулодда усталиғи, диаликтлиги, назариётчилиғи ила баробар амалиётчилиғи, ҳар ишни ҳаётдан олишлиғи ва иқтисодға аҳамият бериши ила ўз замондошларидан айрилиб, ўзига махсус муҳим бир ўрун оладир. Ул ўзи Туркистоннинг эски мадрасасидан чиққан бир киши бўлғон ҳолда араб дорилфунунларини битириб келган кишиларнинг қилмағон хизматларини адо қилиб кетди”. Таъкидлаш жоизки, “назариётчилиғи ила баробар амалиётчилиғи” алломанинг шахсий ҳаётида, оиласи турмушида ҳам аён кўриниб турган. У тараққиётга эришган миллатлар ютуғини ижобий баҳолаб, кўп жиҳатдан уларга ҳавас қилган. Тўнғич фарзанди Маъсудхўжани гимназияда ўқитган. Биринчилардан бўлиб ижтимоий, маиший янгиликларни ўз ҳаётига олиб киришга интилган. Масалан, профессор Н.Каримовнинг ёзишича “Самарқандлик журналистлар, ёзувчилар, театр ходимлари ва чор маъмурлари шаҳар комутаторидан 290 рақамли манзилни сўрашлари билан симнинг нариги томонидан Беҳбудий ҳазратларининг “Лаббай” деган муборак овозлари келарди”. Яъни у ўз уйига биринчилардан бўлиб, телефон ўрнатиб, ундан унумли фойдаланди. Гарчи тараққийпарварлик ҳаракатлари билан таҳдидларга учраган бўлса-да, рақибларига бирида матбуот орқали, бирида юзма-юз тарзда муносиб жавоб берган. Жавобларида мухолифлари шахсига мутлақо тил тегизмаган ҳолда, диний ва дунёвий билимлардан хабардор чинакам зиёлиларга хос вазминликни сақлай билган. “Беҳбудий афанди шахсий душманлиқни хоҳламас ва ҳеч кимнинг шахсиға ва шахсий ишлариға тил еткузмас эди, – деб деб ёзади Ҳожи Муин. – Ўшандоқ ўзини такфир ва таҳқир этатурғон хасмлариға-да қарши ёмон ва ҳақоратомуз сўзлар сўйламас эди. Балки шундай сўзларни эшитганда: “Зотан мундай дин ва дунёдан хабарсиз кишилардан яхши сўзларда кутмак абасдур”, деб кулар эди. “Мундай такфирларни ёлғуз мен кўрган эмас, балки ўтган уламо ва улуғ кишилар ҳам ўз муосирлариндан шундай ҳужум ва такфирларни кўрганлар”, деб ўзиға тасалли берар эди. Беҳбудий афандида яна бир хусусият бор эдики, хасм ва душманлари анинг кетиндан ҳар қанча ҳақорат этсалар-да, анинг ҳузуриға ўтирғонда ҳеч бир беҳуда сўз айта олмасдан, анга тамлиқ ва мадора этарға мажбур бўлалар эди. Беҳбудий афанди ҳар вақт ўзининг шахсиға тегиб сўйлайтурғон хасмлариға: “Ажабо! Булар на учун манинг шахсимға тил еткузалар? Мен ўзим яхшими-ёмонми ҳар на бўлса-да, ўз миллатимға зарар еткузмайман, балки халқға тўла ва фаол фойда еткузмак учун қўлимдан келганча чолишаман”, дея эди”.

Ўзининг билими, тараққийпарвар ғоялари, истеъдоди ва салоҳиятини миллатнинг маънавий-маърифий юксалиши, жипслашиши йўлига бағишлаган фидойи маърифатпарвар сиймоси бир тарихий воқеа баёнида ҳам ёрқин акс этган. Исмоил Гас­принский билан учрашуви ҳақда Ҳожи Муин шундай ёзади: “Бир вақт (1908-йилда) “Таржумон” газетасининг муҳаррири Исмоилбек афанди Ғаспиринский (25 йиллик юбилейсиндан сўнг) Самарқандға келганида Беҳбудий афанди йиғлағон ҳолда ул зот ила қучоқлашиб кўрушуб, “Бу кун сизнинг ҳузурингизга келиб суҳбатингиздан истифода қилатурғон зиёлиларимиз йўқ” деди. Исмоилбек афанди анга жавобан: “Беҳбудий афанди! Йиғламанг (мажлисдаги кишиларга ишора қилиб), мана булар озми? Яна сизлар тиришсангиз, оз бир фурсатда миллатға керакли кўб одамлар етишдира олурсиз”, деди”. “Беҳбудий афанди! Йиғламанг…” Миллат муҳибига бир таскин сифатида айтилган бу сўзлар аслида унинг жонкуяр қалбига, беғараз орзу-умидларининг ижобатига ишора эди. Бу йиғи ночор, заиф кишининг кўз ёши эмас, балки буюк қалб эгасининг ўз миллати тақдири билан боғлиқ улкан қайғуси эди. Унинг орзуси чинакам тараққийпарвар, маърифатпарвар инсонларни тарбиялаш эди. Шу боисдан ҳам атрофидаги ёшларга қарата “Бизга икки турли киши керак. Бири диний илм­ларни фалсафалари ила комил билатурғон зотлар, иккинчиси дунёвий илм ила ҳунарларни яхши билган зиёлилар”, дея таъкидлашдан чарчамасди.

Ўзи билан бир даврда яшаган ­зиёлилар хотираларида Беҳбудий “олийшон устод” “кўкни ёруб безатган қуёш”, дея улуғланади, “Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?”, деган армон билан эсланади. Ва бу хотираларда биз мустақиллик шарофати тафайли истиқлол қаҳрамонлари қаторидан муносиб ўрин олган алломанинг сиймосини аниқ-тиниқ кўрамиз. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фаолияти ва асарларида олдинга сурилган тараққийпарвар ғоялар бугунги авлодлар учун ҳам маънавий-маърифий сарчашмалардан бири сифатида қадрлидир.

Нилуфар Намозова, филология фанлари номзоди

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 3-сон