Наззора Бекова. “Ибодатингга янги ой бўлиб хам…”

Алишер Навоий Ҳаллоқ қудрату салоҳияти, сифату сийратини Қуръони карим оятлари асосида ифодалаган бўлса, олам гўзаллигини Шарқ фалсафасида кенг ўрин тутган тасаввуф ақидалари, ғоялари заминида талқин этади. Шунинг учун ҳамд ғазалларда Оллоҳни васф қилиш билан бир қаторда, унинг яратувчилик хусусияти улуғланади. Мутафаккир шоирнинг яратиш ва яралиш тўғрисидаги фалсафий қарашлари мазкур ғазалларда юксак бадиий талқинини топган. Бу мавзуга дахлдор ғазалларда Оллоҳ мўъжизавий сиймоси марказий ўринда туради. Жамики мавжудотнинг гўзаллигию баркамоллиги Ҳақ жамоли латофатининг инъикоси туфайлидир:

Ибодатингга янги ой бўлиб хам ўлди мусалли,
Сипеҳр атласидин солибон ҳавоға мусалло.
Чу сандин ўлди қуёш панжаси аро олтун,
Сочарға доғи сен эттинг анга карам яди туло.

Қуръони Каримнинг “Ҳаж” сураси 18-оятида: “(Эй Муҳаммад), Сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан кўп инсонлар (ёлғиз) Оллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми?” — дейилади.
Юқоридаги парчада ҳам Оллоҳ ибодатига хам бўлиб, намоз ўқиётган янги Ой тасвири ўз ифодасини топган. Шоир бунда инсонга хос хусусиятни Ойга кўчириб, ташхис санъатининг ажойиб намунасини вужудга келтирган. Ой гўё рукуъга кетган кишидек намоз ўқимоқда, кўк атласи эса унга ҳавода жойнамоз вазифасини ўтамоқда. Ушбу байт шоир тафаккур оламининг ниҳоятда кенглигидан далолат берувчи сўз санъати намунасидир. Навоий янги ой шаклида оҳори тўкилмаган ташбиҳ намунасини яратган. Мумтоз шеъриятда кўпинча ҳилол маъшуқанинг камон қошига қиёсланган бўлса, улуғ шоир унга янгича ёндошиш асосида илоҳий китобга таяниб, Тангрининг буюклигини юксак нафосат билан тасвирлашга муваффақ бўлган. Кейинги байтда иштирок этган қуёш тимсоли орқали яна шундай гўзал манзара чизилган. Гўё Сенинг (Оллоҳ назарда тутилмоқда) марҳаматинг туфайли қуёш панжаси олтин бўлди, яъни Сен нур сочиш учун унга узун қўлларни эҳсон қилдинг. Шоир қуёш нурларини узун қўлларга ўхшатиб, уларда мавжуд бўлган олтин рангни Оллоҳнинг инояти эканлигини таъкидлаш билан бундай яратишга фақатгина қудратли, буюк зот қодир эканлигини жонли мисоллар орқали бадиий тасвирлаган:

Зиҳи мазоҳир аро меҳри оразиндур нур,
Қуёшдин ўйлаки зарроти хайли ичра зуҳур.
Вужудинг айлади кавну макон вужудин фош,
Ҳамул сифатки қуёш қилди заррани машҳур.
Хирад гар аъмо эса гуноҳ зотинг ичра не тонг,
Қуёшни кўрмаса хуффош бордурур маъзур.

Гўзал кўриниш аро маъшуқанинг қуёшваш юзидан нур тараладики, бу қуёш зарралари ичидаги нурлар гуруҳини англатади. Кўринадики, байтда икки манбанинг мувозий қўлланилиши орқали бадиийлик оширилган. Биринчи бадиий ишорани “меҳри орази”дан нур таратаётган маъшуқа маъносида талқин қилиш мумкин. Унинг юзидан таралаётган нур қуёшдан пайдо бўлаётган заррачалардай сержилодир. Иккинчи байтдаги “Вужудинг айлади кавну макон вужудин фош” мисраси буюк яратувчанлик хусусиятига эга Зот ҳақидадир. “Кавну макон” деганда борлиқ, бутун олам, коинот назарда тутилади. Мисрада Ҳақ таоло вужуди коинот вужудининг ошкор этгани, яъни бунёд қилгани ҳақидаги исломий таълимот ўз инъикосини топган. Навоий илк байтда қўллаган услубини давом эттириб, қуёшнинг худди ўша сифат билан заррани машҳур қилганлигини Ҳақ таолонинг оламни вужудга келтирганига ёндош қўллайди. Бу эса, Оллоҳни васф этиш билан бирга қуёш сайёраси воситасида коинотнинг яратилиши тўғрисидаги илоҳий-фалсафий қарашни тасаввурга келтириш учун замин ҳозирлайди. Ғазалнинг дастлабки байтидаги образни назарда тутиб, шоир илоҳий ишқни тараннум этмоқдами ёки мажозий ишқни, шаклида савол қўйиш у қадар мувофиқ эмас. Чунки байтлардаги ботиний маънолар, илк байтда қўлланган маъшуқа жамоли васфига доир ишоралар инсон ва Худо ишқи қоришиқ келаётганлиги ҳақида муайян қўнимга келиш имконини беради. Ўринли эътироф этилганидек: “Навоий ишқ номи билан инсонни улуғловчи илоҳий сирларни тадқиқ этади, буюк шоир тасвиридаги ҳақиқий ишқ кечинмалари Инсон ва Худо орасидаги руҳий яқинлик, бирлик туйғуларини ифодалайди” (Ҳаққулов И.Тасаввуф ва шеърият. Т, 1991). Ана шу руҳий яқинлик Навоий ғазалларида бадиий ифодасини топган Оллоҳга дахлдор лавҳалар заминида вужудга келган. Шеърий сатрлардаги тафаккур эса бекаму кўст яратилган олам ва унинг Бунёдкори хусусидадир. Шоирнинг борлиққа меҳри баландлиги боис унинг яратувчисига ҳам севгиси чексиздир. Шу сабаб Навоий “Ҳақ субҳоно таоло ҳамди ё русул алайҳис-салом наъти” ёки ҳар иккаласи “далолат қилурдек бир амрдин ҳар бир амрда бир лаҳза” муяссар бўлмоқликни саодат деб билади. Шоир кўзлаган мақсадига Оллоҳ мадҳ этилган юқоридаги байтлар воситасида эришган, дейиш мумкин. Чунки учинчи байтдаги Инсон ва Худо орасидаги муносабат тасвири мутафаккир шоирнинг теран мулоҳазалари маҳсулидир. Унда қўлланилган қуёш тимсоли байтда илгари сурилган ғояни шеърхонга аниқ етказиш ва мисралар бадииятини ошириш нуқтаи назаридан юксак аҳамиятга молик. Навоий: “Агар хирад (билим аҳли) аҳлининг кўзи ожиз бўлса, гуноҳ зотнинг ичида бўлиши ажабланарлимас, чунки кўршапалак қуёшни кўрмаса ҳам маъзур бордир, яъни кечирарлидир”, — дейди. Бунда шоир хирад деганда инсонни назарда тутиб, унинг кўзи ожизлигини Ҳақнинг сир-асрорларидан воқиф эмасликда деб билади ва буни гуноҳ санамайди.
Иккинчи байтда ифодаланган кўршапалак ва қуёшга доир лавҳалар ўшандай майлдан дарак беради. Ҳақиқатдан ҳам, хуффош қуёшни кўришдан маҳрум. Шундай экан, инсон ҳам Ҳақ таолонинг бутун яратиқлари ва зотини англашдан аъмодир.
Ҳамд ғазалларда Оллоҳ ва банда муносабатлари ҳам чуқур фалсафий мушоҳадалар тарзида баён қилинган. Шоир ёзишича, Оллоҳ ўз бандасининг ҳар қандай гуноҳини кечира олувчи беқиёс шафқат соҳиби, айни вақтда ҳеч бир инсон Унинг қаҳру ғазабидан эмин бўла олмайди. Бутун умрини майхонада ўтказган гуноҳкор банда ҳам Яратганнинг лутфу марҳаматидан умидвор бўлиши мумкин, аммо бор ҳаётини тақвою ибодатга бахшида айлаган зот бўлсин, Унинг қаҳру ғазабига дуч келиши ҳам қийин эмас:

Чу баҳре раҳматинг мавж урса пайдо бўлмағай хасча,
Неча журм аҳлидинки, бўлса юз кўҳу хато пайдо —

байтида шундай фикрлар ўз аксини топган. Бинобарин, одамларнинг яхши инсонлар ҳақидаги маломатларию, ёмонлар тўғрисидаги мадҳу санолари Оллоҳ олдида ҳечдир. Адолатли Халлоқ ҳар кимга ўзига муносиб баҳо беради. Шундай экан, ҳар қайси инсон Яратганнинг ҳақиқат қилишига умид қилиб яшаши мумкин. Меҳрибон Оллоҳ бор экан, яхши инсон ҳеч қачон хор бўлмайди, деган муҳим фикр ифодаланади юқоридаги байтлар замирида.
Мазкур байтларда Оллоҳнинг Аш-шоҳид (ҳар нарсани нозиклиги билан кўриб турувчи), Ал-Ғофур (гуноҳкорлардан истаганини зиёдаси билан авф этувчи), Ал-Адлу (чин адолат соҳиби), Ал-Хофиду (қулларидан баъзиларининг даражасини туширувчи), Ар-Рофиу (қулларидан баъзиларини юксалтирувчи), Ал-Музидлу (истаганини ночор ва ҳақир қилувчи) каби исм ва сифатлари улуғланган.
Алишер Навоий турли дунёқарашдаги кишиларни кузатиш, улар феъл атворидаги жиҳатларни умумлаштириш орқали қандай одамларнинг ибодату дуолари Оллоҳга етиб бришини яширин ички бир туйғу билан (яшаш тажрибаси орқали) ҳис қилган ва тасвирлаган. Чунки бу улуғ ижодий дард шоир қалбига болалигидан — “Мантиқ ут-тайр”га ишқи тушганидан бошланган эди.
Алишер Навоийнинг маърифий-бадиий ҳамдлари руҳий-маънавий риёзат босқичлари Ҳақни таниш усулининг асоси эканлигини бадиий ифодалашга ҳам қаратилган. Ҳамд ғазалларида ҳар бир маънавий-камолот босқичида соликнинг Ҳақ сифатларини тобора кўпроқ ва чуқурроқ англаб бориши, Илоҳ маърифатини айнан қайси нуқтагача илғаши яққол тасвирланган.
Солик ва Ҳақ орасидаги муносабатларни босқичма-босқич тасвирлаб бориш, ҳар босқич (Ҳақ маърифатини англаш жараёни)да сулук аҳлининг руҳий-маънавий жиҳатдан юксалиб, Ҳаққа яқинлашиб бориши ва худди шу жараёнда Ҳақнинг унга муносабатини маърифий асослаш, гавдалантириш Алишер Навоий ҳамд ғазаллари мавзу ва ғоялар оламининг мундарижасидир.
Камолотга риёзат йўли орқали борилади. Руҳий-маънавий камолот босқичидан ўтиш жараёнида жисмнинг имкониятлари қисқариб, руҳнинг юкасалиши учун тўсиқ ўзлик (жисм, нафсм), “менликдан нишон” маҳв бўлади. Натижада инсон Илоҳ ва Ҳаётнинг, яъни ўзининг асл моҳиятини англайди. Бу эса комиллик мезонидир. Худди шундай холис дунёқараш жамият ва одамларда устувор бўлса, худпарастлик, зуҳдфурушлик, ноҳақ қон тўкиш, турли қарама-қарши гуруҳлар, мазҳаблар ўртасидаги келишмовчилик ўз-ўзидан йўқолади.
Шунинг учун Навоий ҳамд ғазалларининг қаҳрамонлари оддий мўъминлик даражаси билан чекланиб қолмай, Ҳақ сиру синоатига етишишга бел боғлаган комил инсон бўлиш иштиёқида “ўзни мақсуд манзилига бошлаган” толиб, Ҳақнинг улуғ қудрати олдида ўзини хору хас каби ҳис қилиб, “иксири аъзам” ишқ оловида покланган ошиқ, илми илоҳийда барчадан билимдон ориф, фақр, Ҳақдан ўзга нарсага қизиқмайдиган мажзублик ҳолатидаги ғанийдир. Шариат ҳукмларидан, Қуръони карим ва Ҳадиси шариф асосида Оллоҳ ва унинг чексиз сифатларидан хабардорлик, ўзининг моҳиятан шу қудрат соҳиби билан бирлигини пайқаш натижасида оддий ҳукмлар ижрочиси бўлиш билан қаноатланмай, ички руҳий ҳурликка, илми ғайбга эҳтиёж сезган солик Алишер Навоий ҳамд ғазалларининг умумий қаҳрамонидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 5-сонидан олинди.