Назар Эшонқул. Рауф Парфи нигоҳи

Менга Рауф Парфи ҳақида гапириш, ёзиш негадир оғирлик қилади. Сабабини тушунтириб бериш қийин. У кишининг атрофида юрганлар, билганлар, у киши маълум маънода суянган, ишонган ва меҳр қўйган, муносабат қилган ҳаммамиз гўё Рауф Парфи учун вақтида қилиш керак бўлган ишларни қилмаган, ўша пайтда у кишининг, у киши бир умр ҳимоя қилган ва ҳаётини бағишлаган эътиқод, адабиёт олдидаги бурчимизни охиригача бажармагандай туюлаверади. Шу сабабли Рауф ака ҳақидаги ярим афсона хотираларни ўқиганимда кўнглимда: «Рауф ака шунақа бўлганмикин?!» – деган шубҳа уйғонади. Менга ҳамиша Рауф ака ўз зиммасига кўп нарсани, хусусан, оила, рўзғор, қариндош-уруғчилик ташвишларини олмаслик учунгина ўша хотираларда келтирилган афсоналарнинг асоси бўлган «дарвешона ҳолат»га ўзини атайин солиб юргандек таассурот қолдирарди. Бу шунчаки тахмин эмас. Бир гал Қаршига бирга борганимизда ёзувчи Темир Тиллаевнинг уйида Рауф ака биринчи марта биз билан мутойиба тарзида эмас, самимий, кўнг­лини очиб гаплашганининг гувоҳи бўлгандим. Ўшанда биз, бу шоирни қарийб адабиёт маъбуди даражасида кўрадиган ёш йигитлар, англаб етган ҳақиқатимиз шу бўлгандики, Рауф ака бизга таърифлашганидек ҳамма нарсага қўл силтаган, дийдаси қаттиқ, ердан узилиб, фақат осмонда яшайдиган, шеър учун ҳар қандай нарсани қурбон қилиб юборадиган даражадаги енгил ўйли ижодкор эмас, болаларига, оилага муносабати ҳам бош­қаларникига ўхшайдиган, аммо бунинг уддасидан ҳамиша ҳам чиқавермайдиган шахс сифатида намоён бўлган. Биз билан ўшанда гаплашаётган ва худди бугунги кундагидек кезиб юрган таърифу тавсифлар туфайли тасаввуримизда шаклланган Рауф Парфининг ичида бошқа Рауф Парфи ҳам ўтирарди. Бу Рауф Парфи фарзандлари, оиласи олдидаги бурчини биладиган ва бу бурчни теран англайдиган, айни пайтда, мазкур бурчни бажаролмаганидан, ўзининг бу соҳадаги ношудлиги, ҳафсаласизлигидан озор чекиб қийналадиган, фарзандлар меҳрини қозонишни, уларга ўзи орзу қилгандек меҳр кўрсатишни ва меҳр олишни истайдиган ювош, беозор Рауф Парфи ўтирарди. Ўшанда мен биринчи марта куюнчак ота ва эр Рауф Парфини кўргандим. Рауф акадан ўша куни олган «таълимимиз» бизни ҳам маълум маънода ўзига хос тарбиялаганди.

Рауф ака дунёни, ўзининг ибораси билан айтганда, «катта ватан» ва «кичик ватан»га бўларди. Замондошларимиз аксариятининг фожиаси шундаки, улар катта ватанни сотиб еб бўлган ёки биронта манфаатли нарсага, мансабга, амалга алмаштириб юборишган. Улар фақат «кичик ватан»нинг қулига айланишган. Шу сабабли бунақа одамларни Рауф ака ошкора ва атайин мазах қилиб юрарди. Токи улар ўзларининг кимлигини, катта ватанни алмаштириб бўлмаслигини англамагунча мазахга, ҳақоратга муносиб эди. Рауф ака бу касалликни жуда юқумли, ҳаммани домига тортиб кетиши мумкин бўлган дард деб ҳисобларди. Шу сабабли бу касалликдан ҳамиша ўзини ҳимоя қилиб юришга интиларди. Рауф акани қийнайдиган ва атрофига қараб азобланадиган нарса ҳам, аслида, шунда эди. Теваракнинг тусланиб, турланишлари, осонгина ҳар хил қиёфага кириши, ҳам ватан ҳақида куйиниб гапириб, ҳам ватанни «сотиб туришлари» Рауф аканинг кўнглида ҳамиша оғриқ ва азоб уйғотарди. Биз ўшанда пайтдан фойдаланиб шоирнинг оила, бола-чақага ҳақиқий муносабатини билгимиз келганди. Рауф ака биз кўриб, эшитиб юрган нарсаларни эмас, мутлақо бош­қа нарсаларни гапирди. Аммо ҳамма гап шундаки, агар киши бола-чақа ҳақида кўп ўйлайверса, бола-чақа, рўзғорга берилиб кетса, унда «катта ватан»ни рўзғорга алмаштириб юбориш ҳеч гап эмас. Бу эса ватанга, миллатга, виж­донга барибир сотқинликка олиб келади дегани. Бунақа бурч кишини ожиз ва қўрқоқ қилиб қўяди. Рауф ака ана шундан қўрқарди. Шу суҳбатдан сўнг мен бунақа очиқликни бошқа кўрмадим, Рауф ака яна ўзининг ҳамма билган ва афсоналаштирилган ниқобига кириб олди.

Назаримда, бу ниқоб Рауф ака учун одамни ожиз қилиб қўядиган тирикчилик икир-чикирлари, рўзғор ташвишлари, турмушнинг баланд-пастларидаги кўп­лаб масъулиятдан четда туриши, бу юмушларни зиммасига олмаслиги, уларга боғланиб қолмаслиги учун қулай эди. Аммо унинг ичида барча улуғ истеъдодларга хос, ўзининг бу хил кечмишидан оғринаётган, изтироб чекаётган, азобланаётган яна бир қиёфа, яна бир одам яшарди. Рауф ака ичидаги бу бошқаларга ўхшайдиган одамнинг юзага қалқишига камдан-кам изн берарди. Менинг билишимча, атрофдаги иккиюзламачилик, манфаатпарастлик, сохталик, ясамаликдан ўзини шу ниқоб ичига олиб қочиб кирар, шу йўл билан ўзини, кўнглини, эътиқодини иҳоталарди. Чунки Рауф ака барибир «катта ватан» учун туғилганди. Кўнглида шу ватанга ва шу ватан дарду изтиробига, келажагига дахлдорлик туйғуси уни миллионлаб одамларнинг яшаш тарзидан бўлакча яшашга мажбур қиларди.

Мустақилликка эришишдан бир-икки йил олдин Рауф ака билан бир иқтисодчиникида меҳмон бўлганмиз. Рауф ака ва биз ўшанда ватан ҳақида, жадидлар, қатағон қурбонлари, Дукчи эшон, олий юксак эътиқод ҳақида роса берилиб, куйиб-ёниб гапирган бўлсак керак. Аслида, Рауф ака бор давраларда фақат шунақа мавзуларда суҳбат бўларди. Иқтисодчи (қайсидир инс­титутда декан эди, чамам), афтидан, Рауф акага ҳадди сиғарди ва у кишини жуда яхши биларди, охирида суҳбатимиздан энсаси қотиб шундай деди: «Менга қаранг­лар, мунча ватан, ватан дейсизлар? Нима, ўша ватан сизларга бирон нарса қилиб берадими? Қараб турсам, бошларингда бошпаналаринг, уйларингда тузукроқ каравот йўғ-у, яна ватан деб гапиришларингга ўлайми? Олдин рўзғорни бут қилиб, болаларнинг қорнини тўйғизиб қўйиш керак, ундан кейин вақт қолса, ватан ҳақида гапириш мумкин. Мана, менинг ватаним – шу уйим. Бу уйда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Мен фақат шу ватан учун яшайман. Бошқа ватанни тан олмайман. Менинг ҳамма нарсам бор: пулим, машинам, котежим, мана шулар менга ватан!.. Мен учун ватанпарварлик шу!» Бу гапдан ҳаммамиз бирдан мулзам бўлиб қолдик. Чунки даврадагилардан деярли ҳаммасининг ҳатто ўз уйи ҳам йўқ эди, ижарада сиқиниб-қимтиниб яшашарди. Кунлари эса сувараклар билан қотган нонни бўлашиб ейишдан иборат эди. Иқтисодчининг гапи ҳаммамизни довдиратди. Лекин Рауф ака бирдан узиб олди: «Тўғри, сиз ҳам ватанпарварсиз, фақат кичик ватанга парварсиз. Катта ватанга алоқангиз йўқ. Сиздайлар ҳамма нарсани кичик ватанга ташиб келтиргани учун, катта ватанда халқ ейдиган ҳеч нарса қолмади». Бу танбеҳдан иқтисодчининг энсаси қотди. Билмадим, бу қариндоши билан кейинчалик илакишиб кетдими, йўқми, аммо Рауф ака катта ватан масаласида ҳеч кимни, ҳатто ўзини ҳам аямасди. Айнан одамларга ҳеч нарсани ва ҳеч кимни, виждон ва эътиқодни сотмай ҳам яшаш мумкинлигини ўзининг туриш-турмуши, ҳаёти билан исбот қилиб бермоқчидай эди, лекин тан олиш керак, ўз умри билан буни исбот қилиб ҳам берди.

Кейинги йилларда турли нашрларда ва тўпламларда эълон қилинаётган Рауф Парфи ҳақидаги хотираларни ўқиган кишида агар ростданам бу хотираларда ёзилгандек содиқ шогирдлар, вафодор дўст-ёрлар даврасида, салкам хўжа Насриддин каби мутойиба билан яшаганда эди, устоз, эҳтимол, ҳалигача орамизда юрган бўлармиди деган бир истеҳзо уйғонган бўлиши табиий. Бу хотираларда келтирилган шоир айтган, айтмаган гаплар, иборалар, ҳазил-мутоийибаларни ўқиб Рауф ака сал бўлмаса ғам-қайғуни ичига юқтирмайдиган Афандига ўхшаб қолгани кишини ўксинтиради. Билмадим, эҳтимол, у киши мен билан ўша муаллифларга қилгандек муомала ва муносабат қилмагандир?! Ҳар ҳолда, мен билган Рауф ака бундай эмасди. Юзлари кулиб тургани билан кўзларида изтироб ва дард юрарди. Менга ҳамиша Рауф ака бошқа нарсани гапирмоқчи-ю, лекин тили бошқа нарсаларни, хусусан, одамлар орасида мутойибага айланган ибораларни атайин гапираётгандек, қимтилган лаблари алам ва уқубатдан титраб кетгандек, ёшланган кўзларида, аслида, мен сизларга бошқа нарсани гапирмоқчи эдим деётгандек бўларди ва ўзининг ожиз, заиф томонларини ҳам яширмасди, аммо айнан ўз эътиқодига ҳар маҳал содиқ ва шу ­эътиқод бор жойда жуда кучли, иродали, қувватли ҳамда қудратли шахсга айлана оларди. Ҳар бир мутойибаси ортида заҳархандалик, аччиқ изтироб, нимагадир ишора, ҳатто нимадандир норозилик ва кимнидир узиб олишга бўлган иштиёқ ётарди.

«Жаҳон адабиёти» журналида ишлаб юрганимизда Рауф ака эрталаб тонг-саҳардан ишда бўларди. Раҳматли Озод Шарафиддинов: «Рауфни жуда тартибсиз дейишарди, ёлғон экан-да. Қаранглар, ҳаммамиздан олдин ишда бўлади», – деб мақтагани ёдимда. Рауф ака эса бу мақтовдан сўнг: «Домла, қанийди бошқаларнинг ҳаёти ҳам меникига ўхшаса, ҳамма ҳар куни эрталабдан ишга келарди. Аслида, менинг яшаш усулимни ҳаммага жорий қилиш керак, шунда ишда тартиб бўлади», – деди. Бу гапида аламли истеҳзо борлигини шоирнинг кейинги ойлардаги кечиш-кечмишидан хабардор кишиларгина англади. Домла, табиийки, Рауф ака навбатдаги уйини ҳам кимгадир «туҳфа» қилиб юбориб уйсиз қолганидан ва борадиган жойи йўқлиги учун баъзида кечаси ҳам ишхонада тунаб қолишидан бехабар эди. Рауф ака майда-чуйда нарсаларга беэътибор эди-ю, лекин баъзида жуда ориятли эди. Гарчи ичиб, ўзини билмайдиган даражада бўлса ҳам, мабодо бировникида ётиб қолса, тонг-саҳарда, ҳали хўроз қичқирмасдан туриб, уй эгасига айтмасдан ҳам чиқиб кетарди. Ишга келиб: «Нега индамай кетиб қолдингиз?» – деб сўрасак, «Бир зарур ишим бор эди, сизни безовта қилиб ўтирмадим», – дерди. «Зарур иши» йўқлигини биз ҳам, ўзи ҳам яхши биларди, бировга оғирлиги тушишини истамагани ва эрталабки ортиқча мулозаматларга ўрин қолдирмаслик учун шундай йўл тутарди, бундай вазиятларда мен ич-ичимда англаган нарса шуки, ўзининг ҳолатидан хижолат бўлгани боис хонадоннинг бошқа аъзолари юзига қаролмагани учун ҳам шундай қиларди.

Бизга баъзида жуда жиззаки, тап тортмас бўлиб тую­ладиган Рауф ака оддий одамлар олдида жуда камтар ва тортинчоқ эди. Улар билан ўта оддий ва самимий гаплашарди. Шу билан бирга, бу хатти-ҳаракати билан бизга нимадир демоқчи бўларди. Яна, назаримда, Рауф ака дарбадар ҳаётни атайин, тақдирга ўчакишиб танлаётгандай, дарбадарликдан қўрқадиган биз каби одамлар устидан кулаётгандай, ҳар гапида истеҳзо кўпчиб турарди. Бир марта Фарида Афрўз (Рауф ака билан бир хонада ишлардик) ўзининг янги уй олгани, янги уйида нечта хона мавжудлиги, мебелларию уй жиҳозлари ҳақида Рауф акага берилиб гапириб бера бошлади. Рауф ака ҳар доимгидек: «Яхши, яхши… ажойиб», – деб сигарет чекаркан, бу ҳикоянинг қачон тугашини кутиб ўтирарди. Фарида Афрўз уйини узоқ таърифлагандан сўнг катта қўриқчи ит олганини ва унга атаб махсус, бежирим итхона қурганини айтганда Рауф ака бирдан «оҳ» деб тиззасига урди ва ўрнидан туриб кетди. Фарида Афрўз ажабланиб қаради. «Нима бўлди?!» – деб сўради атрофига аланглаганча. Рауф ака эса пинагини ҳам бузмай: «Ўша жойни ҳам банд қилибсиз-да, боядан бери умид қилиб ўтиргандим», – деди одатдагидек тагдор табассум билан. Фарида Афрўз: «Қайси жойни?» – деб сўради. Рауф ака: «Итхонани-да. Ўзим ўша ерда ётиб уйингизни қўриқлардим, нима, итдан қаерим кам?» – деди заҳархандали жилмайиш билан. Фарида опа шоирнинг бу гапларини навбатдаги мутойибаси деб қиқирлаб кулиб юборди. Аммо бу шунчаки мутойи­ба эмасди. Рауф аканинг гапида, ним табассумида ўз ҳаётига, турмуш тарзига ва бошқаларнинг текис, бир маромдаги тирикчилигига нисбатан истеҳзо – мазах бор эди. Гўё бизнинг уй-жой, турмуш, рўзғор ҳақидаги мешчан тасаввуримиздан кулаётгандек, масхара қилаётгандек эди.

Журналда ишлаб юрганимизда Рауф ака деярли тушликка чиқмасди. Баъзида мажбурлаб олиб чиқардик. «Ошқозонни ишдан чиқарасиз, овқатланиш керак…» қабилида гапирган бўлсак керак, худди оёқларига тош боғлаб олгандай зўрға чиқарди. Овқатни номига ерди. Иштаҳаси бўлмасди. Нима учунлигини ҳаммамиз билардик. Лекин ўзимизни билмасликка солардик. Икки-уч мартадан сўнг навбатдаги тушликка таклиф қилсам, «Менга қаранг, одамни қийнаманг, шу тушликка мен учун ажратган пулингизни ўзимга бериб қўя қолинг, уни нима қилсам ўзим биламан, сиз ҳам менга яхшилик қилганингиздан хурсанд бўлиб юрасиз», – деди. Гапидаги истеҳзони сезиб турсам ҳам гўё Рауф Парфини ўзгартирмоқчи ва тарбияламоқчидек: «Йўқ, бирга овқатланамиз», – деб олиб чиқдим. Барибир Рауф ака ўзининг айтганини қилдирди. Биз билан бошқа овқатланишга чиқмади. Тушликка чиқар эканмиз, «Қорин ташвишими?!» – дерди истеҳзо билан. Бу билан бизни «чақиб» оларди. Ўзининг бундай «ташвиш»дан устун эканини билдириб қўймоқчидай эди гўё. Ўзи эса, одатда, шоир-ёзувчилар ўртасида «Рауф Парфи қабулхонаси» деб ном олган қаҳвахонада таниш ва нотанишлар даврасида кейинчалик машҳур бўлган мутойи­баларию ибораларини «ижод» қилиб ўтирарди.

Рауф ака ва Шукур Холмирзаев дунёга фақат адабиёт учунгина келишгандек эди. Адабиётдан бошқасини тан олишмасди. Адабиёт ҳар иккаласи учун ҳам оила, ҳам ватан, ҳам эътиқод рамзи эди. Адабиёт деганда бутун бошли халқни, тилни, миллатни тушунишарди. Қолган барча нарсаларга бепарво эдилар. Оила, уй-жой, иш-мажбурият, бола-чақа ташвишлари улар учун иккинчи даражали эди. Агар ёзишга ва ўз эъти­қодлари билан яшашга халақит берса, булардан воз кечишга тайёр шахслар бўлганлар. Аммо адабиётнинг туб моҳия­тидан, туб мақсадидан воз кечишмасди, адабиётга хиёнатни, сўзга хиёнатни, ўзлари «адабиёт» деб билган виж­донга хиёнатни кечира олишмасди. Улар адабиётни манфаат қуроли қилишмади. Улар ишга, табиийки, кўплар муккасидан кетадиган мансаб-мартабага, амалга, шон-шуҳратга бепарво бўлишди, буларни майда-чуйда нарсалар деб билишарди, аммо адабиётни худди ўз ватанларидай, ўз уйидай, ўз кўнглидай ҳимоя қилдилар, адабиёт олдидаги бурчларини бир нафас бўлса ҳам унутишгани, масъулиятсизлик билан қарашгани йўқ. Тириклик пайтлари адабий жараёнга кириш эшигида ҳамиша уларнинг нигоҳи турар, бу дарвозадан шу нигоҳга истеъдоди билан дош бера олганларгина кира биларди. Бугун биз ана шу нигоҳларга ҳар томонлама эҳтиёж сезяпмиз. Умуман, ўзбек шеъриятида Рауф Парфи нигоҳи 60-йилларнинг охиридан бошланди, бу нигоҳ остида адабиётни ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатидан янгилаб берган 70-йилларнинг авлоди пайдо бўлди ва ўз сўзларини айтишга киришди. Уларнинг сўзлари қайсидир маънода Рауф Парфининг сўзлари, орзулари, интилишлари ҳам эди. Менинг назаримда, шеърият ҳалигача Рауф Парфи адабий нигоҳи ва истеъдоди билан юксалтириб берган поэтик ҳудуд бўйлаб кезиб юрибди, ўзини қанчалик шаклу шамойилга солмасин, янги ҳудудга кўтарила олгани, Рауф Парфи қолдирган тасаввурни ўзгартира билгани йўқ.

Назаримда, Рауф ака ҳаётга қасдлашиб яшади. Бош­қалар интилган ҳаёт неъматлари, завқларидан ўзини деярли тийди. Рауф ака билан қарийб йигирма йиллик танишлигимиз даврида моддий маънодаги «мазза қилиб» деган бирикмани эшитганим йўқ. Ҳаётга қасдлашгани учун ҳам соғлиғига, турмуш ташвишларига бепарво эди. Айнан шу бепарволиги шоирни орамиздан эрта олиб кетди. Рауф ака эътиқод, сўзга муносабат масаласида ҳамма нарсадан, ҳатто ҳаётдан ҳам устун бўлишни истарди. Бугун биз у киши тириклик пайтиёқ ҳаётий ташвишлардан устун бўлганига, кўнгли, қалби, шеърлари билан кўҳна, қари ва шафқатсиз ҳаёт устидан баланд келганига, баланд турганига гувоҳ бўлиб турибмиз.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!