Наим Каримов. Нажот адабиётдадир

http://n.ziyouz.com/images/naim_karimov2.jpgЎтган асрнинг 30-йилларида дунёга келган авлод билан ҳозир шаклланиб бораётган авлод ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор. Бу авлод Иккинчи жаҳон урушининг таҳликали йилларию, урушдан кейинги давр машаққатларини бошидан кечирди. 50-60-йилларда эса “зулм салтанати”да яшагани ва яшаётганини тушуниб, “ғурур” нимаю, “изтироб” нима эканлигини чуқур англади. Шунинг учун ҳам бу авлод абадий ҳақиқатлар ва абадий қадриятларнинг қадрига етади. Шу ҳақиқатлар ва шу қадриятларнинг оёқ ости бўлмаслигини истаб, истабгина қолмай, қўлидан келганича уларни ардоқлаб, ҳимоялаб яшашга уринади.

80 дан ошиб, 90 га яқинлашиб, демак, сийраклашиб бораётган бу авлод ҳозир ўзини жамиятга кераксиздек сезмоқда. Лекин мен худди шу авлодга мансуб бўлганлигим билан фахрланаман.

Тошкентнинг Эски шаҳарида Кесакқўрғон деган маҳалла бўларди. Шу маҳалладаги мадраса шаҳардаги нуфузли диний-маърифий масканлардан бири бўлган. Шу боис Кесакқўрғон баъзи тарихий-мемуар асарларда Тошкентнинг маърифий ўчоқларидан бири сифатида тилга олинади. Отамиз машҳур жадид шоир Сидқий Хондайлиқийнинг шу мадрасада таълим олганлигини айтар эдилар. Бобом шу мадрасада имомлик қилганлари сабабли Хондайлиқий билан яқин муносабатда бўлган эканлар.

Дадам физика, амаким математика ўқитувчиси бўлишган. 30-йилларда бу фан мутахассислари етишмаганлиги учун дадам эрта тонгдан кечгача турли мактаб ва билим юртларида дарс беришга мажбур бўлганлар. Аммо адабиёт ва санъатга ихлос қўйганлари учун ўзбек ёзувчиларининг 20-40-йилларда чоп этилган асарларини сотиб олиб, яхшигина кутубхона барпо этганлар, фонотекаларида эса қанчадан-қанча ҳофизларнинг “ликопчалар”и бўлган. (“Қатағон қурбонлари хотираси” музейидаги “Ўткан кунлар”нинг биринчи нашрида отамизнинг имзолари ва муҳрлари бор) Уйимизда бўладиган “гап”ларга баъзан Карим Зокировдек санъаткорлар келиб туришган.

Мен ана шундай муҳитда ўсганман. Ёшлигим уруш йилларига тўғри келган. Шу сабабли бир эмас, бир неча мактабларда таълим олишга тўғри келди. Урушнинг дастлабки йилларида жанг майдонларида қаттиқ жароҳат олганлар эшелони Тошкентга ҳам шашқатор оқиб келиб, мактаблар ҳарбий шифохоналарга айлантирилди. Урушдан кейин шифохона-мактаблардаги “койка”лар йиғиб олиниб, ўрнига яна парталар қўйилди. Ўқитувчиларда ҳам, биз ўқувчиларда ҳам, энди бошқача завқ-шавқ пайдо бўлди. Тарих ўқитувчимиз ўз фанидан ҳам кўра адабиётни севар экан. Эндигина университетни тугатган адабиёт ўқитувчимиз Наби Нурмуҳамедов эса адабиёт дарсини ўтганида, худди лабларидан асал таъми кетмаётгандек, рўмолча билан артиб қўярди. Унинг кийиниш, сўзлаш, ҳаракатланиш маданияти бизни ўзига жалб этган. Бундан олдин, Наби ака мактабга янги келган кунларда эса, биз уни қабул қилмаган, собиқ ўқитувчимиз Муршида Икромовани мактабга қайтаришларини талаб қилган эдик. Бизда адабиётга катта меҳр уйғотган Муршида опа Акмал Икромовнинг жияни экан. У бир-икки йил мактабимизда ишлаганидан сўнг, “халқ душмани”га қариндошлиги кимнингдир ёдига тушиб, шаҳардан чиқариб юборишган.

Биз илмга чанқоқ болалар мактабдан ташқари турли тўгаракларга қатнашар эдик. Мусиқа тў­га­ра­ги, хор тўгараги, кейинчалик “Болаларни бадиий тар­биялаш уйи”даги адабиёт тўгараклари бизни ўзига жалб этган эди. Аммо кўп ўтмай, улардан бирини танлашга тўғри келди. Хуллас, адабиётга меҳр устунлик қилди. Дастлабки шеърларимиз ёшлар газеталарида босилди. Бўлажак шоир сифатида Ёзувчилар уюшмасидаги бирорта адабий йиғилишни канда қилмасдик. Шу йиғилишларда бирга қатнашган дўстларимдан бири Ҳусниддин Шарипов бадиий ижодни, мен бўлсам адабиёт илмини танладик.

Сир эмас, қарийб ҳар бир киши ёшлигида шеър ёзади, ҳатто шеърлари, баъзан эса битта-яримта шеърий китоби ҳам босилиб чиқади. Лекин ҳамма шеър машқ қилган, шеър ёзган кишининг шоир бўлиши шарт эмас. Қанчадан-қанча кишилар шеърият майдонига тасодифан кириб қолиб, умрларининг охиригача чиқолмай, қийналиб юришган.

Кўнглим адабиётшунослик кўчасини танлагани бежиз эмас. Холаваччам Маҳмудали Юнусов таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори бўлган. У профессор Абдураҳмон Саъдийнинг шогирди, Солиҳ Қосимов, Ҳамидулла Убайдуллаев сингари 50-йилларда машҳур бўлган танқидчиларнинг дўсти эди. Биз девор-дармиён қўшни бўлиб яшаганимиз туфайли дўстлари билан адабий мавзуларда қилган баҳсу суҳбатларида ҳозир бўлар ва шу гурунглар менинг адабиёт илмига бўлган меҳримга чўғ ташлаб турарди. Маҳмудали аканинг нозиктаъблиги, майин овоз билан адабий тилда равон сўзлаши, ҳам мумтоз, ҳам замонавий ўзбек адабиётини яхши билиши, Навоий ҳақида ҳам, Барот Бойқобилов ҳақида ҳам билимдонлик билан ёзиши ҳавас қилишга, ибрат олишга арзирли эди. У уруш йилларида эвакуацияга келган рус аёлига уйлангани туфайли рус тилида ҳам яхши сўзлаб, яхши ёзарди. Маҳмудали аканинг 10-синфни битириши билан урушга кетиб, фронтга етиб бормай ҳалок бўлган Аҳмадали деган укаси ҳам адабиёт мухлиси эди. Шу икки кишининг менга меҳри ва таъсири адабиётшунослик соҳасини танлашимга сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

Бир сирни айтиб ўтмасам бўлмас. 1946 йили бўлса керак. Дадам Маориф халқ комиссарлигига ишга олиниб, мактаблар бўйича йўриқчи (инспектор) сифатида Наманган вилоятига бириктирилган кезлар. Ўша йилларда хизмат сафари билан “гуллар шаҳри”га тез-тез бориб, кўплаб маориф ходимлари билан қадрдонлашиб қолган эканлар. Ёзги таътил кунларидан бирида мени ҳам навбатдаги сафарга олиб кетдилар. Наманганда бир-икки кун турганимиздан сўнг, мезбонлар бизни вилоятнинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган Пошшаота қишлоғига олиб боришди. Тоғ этакларида жойлашган, бағрида муздеккина сой оқиб турган бундай хушманзара жой камдан-кам топилади. Биз Тошкентга қайтиб келганимиздан кейин дадам нима учундир менинг номимдан Пошшаота таассуротлари ҳақида жажжигина мақола ёзиб, уни ўқувчилар газетасига олиб боришимни буюрдилар. Газета муҳаррири Санжар Тилла дадамнинг шогирдлари экан. Хуллас, мақола тез орада чоп этилиб, мен мухбир сифатида синфдошларим ва ўқитувчиларим оғзига тушдим. Аммо мақолани ўзим ёзмаганлигим учун айбимни ювишим керак эди. Ана шу бурч, ана шу оқланиш истаги мени ўша газета учун шеър ва мақолалар ёзишга мажбур этди, ҳатто дўстим, бўлажак таниқли журналист ва таржимон Миад Ҳакимов билан бирга бу ва бошқа ёшлар газеталарига кроссвордлар ҳам тузиб юборадиган бўлдик… Бу воқеани эслашим тасодифий эмас: билишимча, дадам физика ўқитувчиси бўлишларига қарамай, адабиётга бўлган майлимни сезиб, бешинчи-олтинчи синфдалик чоғимдаёқ менга хат-хабарлар ёзишни ўргатмоқчи бўлган эканлар.

Орадан йиллар ўтиб, мактабни битирдим. Ўша йилларда битирувчиларни Москва ва Ленинг­рад сингари шаҳарлардаги олий ўқув юртларига юбориш амалиёти бошланган эди. Шу масалага алоқадор бўлган кишилардан бири дадамнинг жонажон дўстлари академик Адҳам Юнусов эди. Мен у кишининг ҳузурига бориб, Москва давлат универ­ситетининг филология факультетида ўқиш истагида эканлигимни айтиб, ундан ёрдам беришини сўрадим. Адҳам ака ҳазилкаш одам эди. Аммо бу сафар ҳазилни йиғиштириб қўйиб, жиддий гапирди: “Агар отангдек физик ёки мендек биолог олим бўлмоқчи бўлсанг, Москвадаги хоҳлаган олий ўқув юртингга юборишим мумкин. Аммо филолог бўлиб нима қиласан? Филологлик ҳам ишми?” деди. Мен шу соҳага қизиқишимни такрорладим. У танловимга рози бўлмай, ҳайдаб-чиқариб юборди. Баъзан ўйлаб қоламан: агар Москвада ўқиб, рус тилини мукаммалроқ эгаллаб, рус ва Европа адабиёти ҳақидаги билимим чуқурроқ бўлганида, рус тилида ҳам мақола ва китоблар ёзган бўлармидим?.. Бундай хаёлларга боришимнинг сабаби ўзбек адабиёти тарғиботининг фақат мамлакатимиз доирасидагина чекланиб қолганлигидир. Шояд яқин келажакда Европа ва Осиё халқлари тилларини мукаммал билган таржимонлар, журналистлар, адабиётшунослар, тарихчилар етишиб чиқишса…

Шу нарса ғаройибки, биз яшаган даврда мамлакатда ўқтин-ўқтин қонли бўронлар гурлагани, тинтув, бадарға, “ҳужум”, чопиқ, терим, пилла, қўриқ каби компанияларнинг тинимсиз пайдо бўлиб тургани, дунёга ҳукмдорликни даъво қилган яна бир куч — немис фашизмининг юзлаб шаҳар ва қишлоқларни вайронага айлантиргани ва миллионлаб кишиларнинг қирилиб кетишига сабабчи бўлганига қарамай, аксар шоир ва ёзувчилар романтик орзулар қанотида парвоз қилиб яшарди. Бизнинг авлод шу шоирлардан ташқари, Гёте, Гейне, Байрон сингари Европа, Пушкин, Лермонтов, Тютчев сингари рус романтик лирикаси таъсирида шаклланди. Янги тарих саҳифаларини қон ва қилич билан ёзаётган совет давлати бизнинг кўзимизни романтик шеърият булоқларининг нуқра мавжлари билан ювишга уринди. Жаҳон бадиий тафаккурининг қаймоғи ана шу, деди. Шундай ижтимоий-маданий муҳитда шаклланган адабиётшунослар “Ўзбек адабиётида Ленин образи”, “Ҳамза Ҳакимзода – инқилобчи шоир”, “Ўзбек адабиётининг интернационал пафоси”, “Ўзбек романларида М.Горький анъаналари” сингари мавзуларда диссертациялар, китоблар, мақолалар ёздилар. Адабиётшунослик илмида социология тантана қилди. Шундай бир вақтда Матёқуб Қўшжонов “Ойбек маҳорати”, мен “Ҳамид Олимжон маҳорати” деган мавзуларга қўл урдик. Бу тадқиқотларга ҳозирги кун юксаклигидан туриб назар ташлаган киши уларда ўша давр адабиётшунослигининг салбий таъсирини ҳам сезиши қийин эмас. Лекин бу икки тадқиқот Озод Шарафиддиновнинг “Замон-қалб-поэзия” китоби билан бирга ўзбек адабиётшунослиги эътиборини бадиий ижоднинг ўзак масалаларига қаратди, десам, балки нокамтарлик бўлмас…

Адабиётшунослик йўналишидаги китоблар одатда катта нусхада чоп этилмайди. “Ҳамид Олимжоннинг поэтик маҳорати” (1964) деган илк китобим ҳам “Фан” нашриётида катта тиражда чоп этилган эмас. Бу китобдан кейин узоқ вақтгача илмий ходим сифатида Тил ва адабиёт институтидаги жамоавий тадқиқотларнинг майдонга келишида қатнашиб, янги ўзбек адабиётининг шаклланиш ва ривожланиш тарихига бағишланган кўп жилдлик китобларнинг яратилишига озми-кўпми ҳисса қўшдим. Москвада нашр этилган олти жилдлик “Кўп миллатли совет адабиёти тарихи”нинг ўзбек адабиётига бағишланган қисмларини ёзган Иззат Султонов, Юсуф Султонов сингари муаллифлар орасида менинг ҳам номим бор.

70-йилларда институтда атоқли ўзбек ёзувчиларининг Тўла асарлар тўпламларини нашрга тайёрлаш ишлари бошланди. Ҳамзанинг 6 жилдлик, Ҳамид Олимжоннинг 10 жилдлик, Ғафур Ғуломнинг 12 жилдлик тўла асарлар тўпламининг юзага келишида иштирок этдим. Айниқса, Ойбекнинг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами”нинг яратилишида фаол қатнашганим билан ғурурланиб юраман. Зеро, шу жараёнда Ойбекнинг бадиий олами билан ошно бўлиш, уни улуғ адиб ва улуғ инсон сифатида кашф этиш, унинг ўлмас асарлари таровати билан яшашнинг ўзи ҳам адабиётшунос учун катта бахт эканлигини сездим.

Биз адабиётшунослар, 70-йилларгача ёзувчилар ижодини улар шахсидан, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан ажратган ҳолда ўрганиб келганмиз. Бу, шубҳасиз, ёзувчилар ижодини бир томонлама ўрганишга сабабчи бўлган. 70-йилларда Ўзбекистонда ҳам “Ажойиб кишилар ҳаёти” туркумидаги ўзбек ёзувчиларига бағишланган китобларнинг яратила бошлаши адабиётшуносликда янги, биографик йўналишнинг юзага келишига сабаб бўлди.

Маълумки, Европа мамлакатларида шу услубда ёзилган асарлар катта нусхаларда нашр қилиб келинади. Француз Андре Моруанинг Бальзак, Гюго, Стендаль ва бошқа машҳур кишиларга бағишланган биографик романлари худди бадиий асардек севиб ўқилади. Мен ҳам ўзбек ёзувчилари ҳаётини ўрганиш жараёнида шундай асарлар ёзиш мумкинлигини сездим. Чўлпон, Сўфизода, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Усмон Носирга бағишланган маърифий-биографик роман ва қиссаларим ўзбек адабиётида шу жанрнинг шаклланиши йўлидаги дастлабки қадамлардан бўлди. Ўйлайманки, ҳали бу жанрнинг келажаги ёрқин.

Афсуски, ўзбек ёзувчиларида кундалик тутиш, бирор асар ёки учрашувдан олган таассуротларини жилла қурса ўзи учун ёзиб қолдириш маданияти шаклланмаган. Замондошларнинг марҳум ёзувчилар тўғрисидаги хотираларида ёлғон ва тахминий гаплар кўп. Аксар хотиранавислар хотирланаётган ёзувчига айтган доно сўзларини, кўрсатган мурувватларини тарих учун ёзиб қолдиришнигина ўйламоқдалар. Архивлардаги аҳвол ҳам ачинарли. Бу ҳол келажакда ёзилажак биографик роман муаллифлари олдида катта қийинчиликларни туғдириши турган гап.

Совет даврида инсоният тарихида шу вақтгача рўй бермаган воқеалар содир этилди. Ўз халқининг эркин яшашини, ватанининг озод ва мустақил бўлишини истаган халқларнинг пешқадам фарзандлари “миллатчилар” деб аталди. “Ишчи”, “ҳашарчи”, “кетмончи” сингари бу беозор сўзнинг ранги-рўйи шу қадар ўзгартирилдики, “миллатчи” деганда бошқа миллатни тан олмайдиган, бошқа миллатга мансуб кишиларнинг оғизларидаги луқмаи ҳалолни ҳам олиб қўядиган кимсалар тушунила бошланди. Кейинчалик улар манглайига “халқ душмани” тамғаси босилди, сўнг отиб ташланди, ниҳоят, асарларини ўқиш, номларини тилга олиш тамомила таъқиқланди. Шу тарзда ХХ аср ўзбек адабиётининг буюк намояндалари Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби ёзувчилар ижоди ўзбек адабиёти тарихидан чиқариб ташланди, асарларининг нашр этилишига рухсат берилмади. Дастлаб Беҳбудий билан Қодирийнинг, кейин Фитрат билан Чўлпоннинг ижодкор сифатида оқланиши учун қанчадан-қанча найзаларни синдириш, қанчадан-қанча мажлислар, баҳс ва мунозаралар қилиш лозим бўлди. Ажабланарли томони шундаки, бу буюк жабр­дийдаларнинг оқланишига Москвадаги мафкурачилар эмас, ўзи­миздаги нонкўрлар тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатишди. Тўғри, уларнинг орқасида суянч тоғлари бор эди. Лекин улар бу тоғларнинг нурай бошлаганини, уларни ортиқ ҳимоя қилиш кучига эга эмаслигини сезишмади…

Хуллас, Чўлпон ва Фитрат ёзувчи сифатида оқ­ланиб, адабиётимизнинг муҳташам биноси пеш­тоқида Адолат ва Ҳақиқат байроғи ҳилпирай бошлади. Чўлпон ва Фитратнинг гулханларда куймай, анҳорларга ташланмай, ерга кўмилмай қолган асарларини нашр этишга киришилди. Улар ҳаёти ва ижодини ўрганиш ишлари ҳам юришиб кетди. Камина шу муборак ишда Озод Шарафиддинов, Аҳмад Алиев, Бегали Қосимов, Шерали Турдиев, Эрик Каримов сингари фидойи олимлар сафида бўлганлигим билан фахрланаман.

Афсуски, бу улуғ ёзувчиларнинг бошига етган кишилар ҳали ҳам тавба-тазарру қилишмаган экан. 80-йиллар ўртасида Тил ва адабиёт институтида тайёрлана бошланган кўп жилдлик “ХХ аср ўз­бек адабиёти тарихи”ни яратиш жараёнида Фит­рат ва Чўлпонни ҳали ҳам миллатчилик ва ак­сил­инқилобчилик руҳида ёзилган асарлар муаллифи сифатида талқин қилишдан чарчамаган Домлага қарши чиқишга, бундай руҳдаги “илмий асарлар” дав­ри ўтганлигини айтишга, унинг ҳали ҳам синмаган шаштини қайтаришга тўғри келди. Ҳатто марказкомдаги раҳбарлар ҳам мазкур “Тарих”нинг 1-жилдига Домла томонидан ёзилган, босмахонага топширилган ва терилган бобни “брак” қилишга мажбур бўлдилар. Шу бобнинг тамомила қайта ёзилган ва “Тарих”нинг 1-жилдида эълон қилинган нусхаси ҳозирги кунда мутлақо яроқсиздир.

Бундай “алмисоқдан қолган” гапларни эслашимнинг боиси шундаки, тарих ўқтин-ўқтин такрорланиб туради. Ҳар бир хатодан сабоқ олиш, шундай хатонинг такрорланишига йўл қўймаслик лозим. Биз совет даврида ҳақ гапни айтишдан ҳайиқиб қолган кишилармиз. Шундай “фазилат”имиз озгина офтоб тегиши биланоқ яна ям-яшил барглар ёзиши ҳеч гап эмас. Ёзувчи ижодини, унинг асарларини баҳолашда субъектив мезонларнинг даври ўтган. Ҳозир бирор адабиётшунос ёки танқидчи ғайрли мақсадда бирор ёзувчи ижодини, бирор асарни чип­пакка чиқариши, ёки кимгадир (аввало ёзувчига) ёқиш истагида бирор асарни осмони фалакка кўтариши мумкин. Лекин бу билан ўртамиёна китоб дурдона асарга айланиб қолмаганидек, “оқ калтак-кўк калтак” қилинган асар ҳам дами чиққан коптокдек бужмайиб қолмайди.

Адабий танқид ва адабиётшуносликнинг адабий жараёнга ҳалол ва холисона муносабати адабий иқлимнинг мўътадил бўлишига ёрдам беради. Адабий иқлим қанчалик мўътадил бўлса, шоир ва ёзувчилар шунчалик ижод завқи билан яшаб, дилларига тугиб юрган асарларини ёзишга ўзларида куч ва рағбат топадилар.

Баъзан шундай бўладики, ижтимоий-сиёсий давр адабий иқлимни ямлаб-ютиб юборади. Шундай муҳитда фақат буюк истеъдод эгасигина давр ва муҳитнинг бетонланган заминини тешиб-ёриб чиқиши мумкин. Ўтган асрнинг 50-60-йилларида Қирғизистондаги адабий-ижтимоий муҳитни енгиб чиқиш Чингиз Айтматовга осон бўлмаган. Кўкрагида олтин юлдуз ярақлаб турган Али Тўқомбоевга ўхшаган кимсалар уни мажақлаб ташлашга қанчалик ҳаракат қилмасинлар, Чингиз Айтматов уларнинг қадр-қимматини йўқотган тоғ-тоғ асарлари орасидан ёриб чиқибгина қолмай, Ўрта Осиё ҳудудларидан четда жилва бериб улгурмаган қирғиз адабиётини дунё миқёсига олиб чиқди. Унинг асарлари инсониятнинг фикрлаш тарзини, дунёқарашини, бадиий ижодга бўлган муносабатини кескин ўзгартириб юборди. Қарийб шунга ўхшаш ишни ўтган асрнинг 20-йилларида Чўлпон эркталаб шеърлари ва Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” романи билан, 40-йилларда Ғафур Ғулом “Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, “Вақт” шеърлари ва Ойбек “Навоий” романи билан, 60-йилларда эса Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ўзбек шеъриятига янги руҳ олиб кирган асарлари билан амалга оширган эдилар. Бу шеърларни ўқиган кишиларда ҳам, жамиятда ҳам силкиниш рўй берган. Адабиёт жамиятга таъсир қилиш кучини яна бир бор намойиш қилган.

Лекин табиатнинг баҳор фаслида кийган гўзал либоси куз совуғи бошланиши билан тўзиб-увада бўлиб кетганидек, давр шамоллари жамият ва кишилар ҳаётини безаб турган нарсаларни ҳам совуриб-тўздириб юбориши мумкин.

Табиат аввалдан программалаштирилган, коинотда ҳукм сурган ва ҳукм сураётган, коинотни идора этган ва идора этаётган илоҳий қонунлар асосида янгиланиб туради. Афсуски, жамиятдаги янгиланиш ижтимоий қудратли кучларнинг тарих саҳнасига келиши ва шу кучларнинг вақти-вақти билан янгиланиб туриши асосида кечади. Жамиятнинг бундай янгиланиб туришида, афсуски, адабиёт-ёзувчи-бадиий асардан иборат учлик шу вақтгача ҳал қилувчи ролни ўйнамаган ва бундан кейин ҳам ўйнаши қийин. Зеро, адабиёт-ёзувчи-бадиий асарнинг вазифаси мутлақо бошқа. У асосан инсон туйғуларига, инсон қалбига таъсир кўрсатади. Табиат манзараларининг рангин тасвири китобхоннинг паришон хаёлларини бир нуқтага жамлаб, унинг ҳиссиёт оламига сокинлик, тиниқлик, гўзаллик бағишлайди. Ҳар бир сатридан, ҳар бир ташбеҳидан байрамона, тантанавор садолар жаранглаб турган асарлар китобхон қалбида тантанавор кайфиятни ҳосил қилади. Шоир ёки ёзувчи дилидан оқиб тушган мусибат оҳанглари эса китобхоннинг руҳий оламига ҳазин ва ўксик туйғулар бўлиб қуюлади.

Энди ўзбек шеъриятининг гўзал намуналаридан бири бўлмиш қуйидаги сатрларга эътибор беринг:

Улуғ Туркистоним, олтин далалар,
Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб.
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.
 
Навоий байтига ўхшайди йўллар,
Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот.
Наҳотки, умрбод ўртаса ўйлар,
Умрбод жанжирбанд этса хотирот?!
 
Занжирбандман, она тилим, Она Сўзингга,
Фано водийсида кимман? Биларман.
Мен сени ёзарман ўйиб кўзимга.
 
Йўлларимни йўлларингга уларман,
Бошимни қўярман сенинг изингга,
Мен ғариб бандангман, Бир Сўз тиларман.

“Она тилим” деб аталган бу сонетни ўқиган киши ўзбек тилининг совет даврида байналмилал тиллар орасида қисилиб-қимтиниб яшаганини кўз олдига келтирса ажаб эмас. Она тилининг шу аянчли қисматидан изтироб чеккан лирик қаҳрамон руҳида гурлаган бўрон китобхоннинг ҳам қалбига чанг солади, унда лирик қаҳрамонга дарддошлик туйғулари чаппор ура бошлайди. Лирик қаҳрамоннинг: “Мен сени ёзарман ўйиб кўзимга”, “Бошимни қўярман сенинг изингга”, деган нидоси унинг қалбида акс-садо беради. Агар бояги пейзаж-шеърлар, байрамона тантанавор манзумалар китобхонда фақат ҳис-туйғулар тўлқинини уйғотса, бу шеър унинг ақл-заковатига ҳам таъсир кўрсатиб, унинг фикрлаш тарзига, дунёқарашига ўз муҳрини босади. Ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек тилининг мавқеини ошириш, давлат тили сифатидаги мақомини тиклаш йўлидаги ҳаракат, маълум маънода, шундай шеърлардан руҳ ва куч олган.

Чамаси, мен “Адиб хонадонида” деган рукннинг қонун-қоидаларидан анча четга чиқиб кетдим. Одатда бу рукннинг мезбонлари журналхонларни миллион-миллион нусхада босилиб чиққан жилд-жилд китоблари билан таништирадилар. Мен шу масалада китоблари жаҳон халқларининг кўпгина тилларида миллионлаб нусхада чоп этилган Худойберди Тўхтабоев сингари дўстларим билан баҳслаша олмайман. Китобларим қанчалигини аниқ билмайман. Ҳар ҳолда китоб ва рисолаларим, дарслик ва ўқув қўлланмаларим ҳаммаси йиғилиб, 25-30 дан ошса керак. Бу китоб ва рисолаларимнинг адади кўп бўлмаса ҳам, олий ўқув юрти ва таълим мактаблари учун ҳамкасбларим билан ҳамкорликда ёзган дарслик ва ўқув қўлланмаларим бир неча марта қайта нашр қилинган, шунинг учун улар адади, балки, оз эмасдир. Мақолаларим сони эса мингга яқинлашиб боради. Лекин гап сонда эмас, сифатда эканлигини ҳурматли журналхонлар яхши билишади.

Оилам катта эмас. Икки ўғил, икки келин, беш набира. Уларнинг бирортаси менинг йўлимдан кетмаган. Набираларда ҳам адабиётга, ижтимоий-гуманитар фанларга меҳр борлигига шубҳа билан қарайман. Майли, улар қайси соҳани танлашса ҳам омон бўлишсин, танлаган соҳалари ўзлари учун ҳам, элимиз учун ҳам наф ва ёруғлик келтирсин.

Бизнинг авлод некбинлик руҳида тарбия топгани учун биз келажакка катта умидлар боғлаган эдик. Бошланган ХХI асрнинг тинчлик, техник тараққиёт ва янги маданий юксалиш асри бўлишига, албатта, умидвормиз. Аммо янги асрнинг 10-йилларида рўй берган ва рўй бераётган табиий катаклизмлар, уруш ва жанжаллар, қирғинлар бу асрнинг ХХ асрдан ҳам даҳшатли кечиши мумкинлигидан дарак бермоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ ичимлик суви ва табиий озиқ заҳираларининг тугаб қолишигина эмас, дунёга ҳукмронлик қилишга даъвогар давлатларнинг чексиз-чегарасиз истак ва хоҳишлари ҳам ер сайёрасидаги ҳаёт катта хавф остида эканини аён қилиб турибди. 1945 йилда боши янчилган фашизм секин-аста Европанинг қарийб барча мамлакатларида, шу жумладан, айрим собиқ совет республикаларида ҳам тирилиб, кимларнингдир мададида минтақадаги сокин ҳаётни издан чиқаришга шай бўлиб турибди. Шундай тарихий-ижтимоий шароитда инсоният ҳушёрликни бой бермаслиги, урушдан кейинги даврда Тинчлик байроғи остида бирлашиб, эшик орқасида турган Уруш шарпасини қувлаб-ҳайдаб чиқарганини эсласа, айни муддао бўлурди. Боболаримиз: “Дунё тинч – юрт тинч”, деб бекорга айтишмаган, ахир.

Бизнинг халқимиз тинч ва хотиржам ҳаётнинг қадрига етадиган, мамлакатимиз осмони булутсиз бўлгани учун Юртбошимизни дуо қилишдан чарчамайдиган халқ. Лекин беш қўл баравар эмас. Яқин-яқингача ахлоқ-одоб тарбиясига катта эъти­бор бе­­риб келган халқ ҳам, жамият ҳам ҳозир бошқа му­ҳим масалалар билан бандмикан, ҳар ҳолда ёшларни Шарқ халқларига хос ота-онага ҳурмат, бева-бечораларга шафқат, шахсий манфаатдан жамият манфаатини устун қўйиш, маънавий қадриятларни асраш ва қадрлаш сингари фазилатлар руҳида тарбиялашга кам эътибор бераётгандек туюлади. Тўй ва аза маросимлари муносабати билан ўт­казилаётган амри-маъруфларда ҳам ахлоқ ва одоб масалаларидан кўра бошқа масалалар устуворлик қилмоқда. Ёшлар тарбиясига ҳалол хизмат қилиб келган адабиёт фанига ажратилган соатлар эса қисқариб бормоқда…

Биз бу сўзлар билан гинахонлик қилмоқчи эмасмиз. Муродимиз бўлак. Модомики, бадиий адабиёт халқнинг маънавий ва руҳий ҳаётида ҳали ҳам катта мавқега эга экан, унинг кучини, Абдулла Қаҳҳор ифодаси билан айтганда, ўтин ёришга эмас, халқ, айниқса, ёшлар руҳий ва маънавий оламининг бой, тоза, кўркам бўлишига қаратиш тақозо этилади. Агар мамлакатимизда нашр этилаётган кўп сонли ўзбек ва рус тилларидаги бозоргир газета ва журналларга кўзингиз тушиб қолса, аллақандай таниш ва нотаниш артистларнинг ким билан ажрашиб, ҳозир ким билан дон олишиб юргани борми, қайси маркали машинасини сотиб, энди қандай рангли машинада учиб юраётгани борми, кўйлагию лозими, ичаётган чойию еяётган овқати борми, ҳаммасини ёзишади. Ва ёшлар шундай газета ва журналларни пулга сотиб олиб, мук тушиб ўқишади. Бу нашрлар ёшлар тарбиясига қанчалик зарар келтираётганини ўйлаб кўраяпмизми? Ёки телевизорнинг қайси каналини бураманг, отиш, ўлдириш, зўрлаш ёки банкларни ўмаришни кўрасиз. “Навоий” ёки “Улуғбек хазинаси” сингари романларни ўқиш ўрнига шундай фильмларни кўраётган ёшларнинг тарбияси қандай шаклланиши мумкин?!.

Бу гаплар фақат мени эмас, кўпчиликни ҳам бе­зовта қилаётганини яхши биламан. Яна шуни ҳам биламанки, шу ҳақда қанчалик гапирмайлик, бирор ўзгариш бўлаётгани сезилмай турипти. Хусусий киностудиялар чайналган мавзуларга ба­ғиш­ланган фильмларини чиқаришда, телевидениедагилар са­ёз ва бачкана фильм ҳамда спектаклларни намойиш этишда, бозоргир нашрлар ёшларнинг қизиқиш дои­раларини чакана масалаларга йўналтиришда, Россия телеканаллари эса ўғирлик, хунрезлик, зў­ра­вонликни тарғиб қилувчи фильмлари билан неонацизм “ғоя”ларининг ёйилишига ҳисса қўш­моқ­далар.

Агар шундай “маданий” муҳит давом этаверса, Навоий ва Бобур, Бальзак ва Толстой асарларини ўқийдиган, “Шоҳ Эдип” ва “Отелло” спектаклларини, “Уруш ва тинчлик” ҳамда “Тазарру” фильмларини кўриб, тафаккури ошадиган томошабинлар қо­лармикан?!.

Бир замонлар рус адиби Ф.М.Достоевский Россиянинг ҳалокат ёқасига келиб қолганини сезиб: “Дунёни гўзаллик қутқаради”, деган эди. У “гўзаллик” деганда адабиёт ва санъатни ҳам, инсонлардаги гў­зал фазилатларни ҳам назарда тутган. Агар шу фикр ҳақиқат зарраларидан холи бўлмаса, дунёни бало-қазолардан сақлаб қолувчи қудратли кучлардан, нажоткорлардан бири бадиий адабиётдир, ий­мони бут адибларнинг Ёнар сўзлари, Сеҳрли сўз­ларидир.

Мен ёзувчиларнинг, “Ёшлик” журнали муаллифларининг шу сўзларни ёдда тутишларини истар эдим.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 6-сон