Наим Каримов. Ҳуррият орзуси

Буюк Амир Темурдан қолган қудратли давлатнинг орадан бир неча аср ўтгач, нураб, парчаланиб, мустамлака давлатга айланганлиги билан халқнинг пешқадам сиймолари асло муроса қила олмадилар. Улар турли йўллар билан халқнинг басират кўзларини очишга, ватандошлари қалбига эрк ва ҳуррият туйғуларини пайванд қилишга интилдилар. Шу тарзда ўзбек халқи тарихида миллий уйғониш даври бошланди.

ХХ аср бошларида Туркистоннинг илғор зиёлиларида Амир Темур асос солган давлатни мустамлакачилик кишанларидан халос этиш, халқда миллий ўзликни англаш ва миллий ғурур туйғусини уйғотиш истаги пайдо бўлди. Шу йилларда янгилана бошлаган ўзбек адабиётининг ғоявий йўналиши тубдан ўзгара бошлади. Тарихий-ижтимоий давр ва халқ тақдири билан боғлиқ муҳим муаммоларни четлаб келаётган шоирлар, оғир уйқудан уйғонган кишилардек, кўзларини катта очиб, миллий таназзулга олиб келган иллатларга қарши курашиш ва миллатнинг диққат-эътиборини миллий тараққиёт масалаларига, биринчи навбатда маърифат масалаларига қаратишга якдиллик билан киришдилар. Зеро, маърифат масалалари мавжуд тарихий шароитда миллатни ижтимоий ва маданий юксакликка кўтариши мумкин бўлган бирдан-бир омил эди.

ХIХ асрнинг 60-йилларида мустамлакага айланган Туркистон зиёлиларининг ХХ аср бошларига келибгина уйғона бошлаганининг сабаблари нимада? Нима учун халқнинг тараққийпарвар кучлари халқ ва мамлакатни кундан-кунга чирмаб ташлаётган мустамлакачилик кишанларини бўшатиш учун шу вақтгача бирор хатти-ҳаракатни амалга оширмаганлар? Бунинг, шубҳасиз, бир қанча сабаблари бўлган. Сабаблардан бири шунда эдики, шу вақтгача Туркистонни идора қилиб келган хонлар ва амирлар мамлакат ҳаётига янги фикр ва ғояларнинг кириб келишига, халқ орасидан етишиб чиқаётган ақл ва заковат эгаларининг жамият ҳаётида муҳим роль ўйнашига имкон бермай, халқни, шу жумладан, унинг илғор кишиларини мутелик ҳолатида тутиб келган эдилар. Туркистон мустамлакага айланганидан кейин хонлар ва амирлар ўз мавқеларини мутлақо йўқотган, ўқтин-ўқтин каллакланиб келган халқ орасидан эса ҳали оммани етаклай олувчи кишилар етишиб чиқмаган эди. Аммо кўп ўтмай, мавжуд тарихий шароит тақозоси билан шундай кишилар авлоди етишиб чиқди ва халқ уларни жадид маърифатпарварлари деб атади.

Шубҳасиз, халқ ўртасида жадид номи билан танилган кишиларнинг ҳаммасини ҳам ХХ аср бошларида шакллана бошлаган миллий уйғониш ҳаракатига мансуб, деб бўлмайди. Улар орасида тасодифий кимсалар оз бўлмаган. Бироқ худди шу даврда Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Ҳамза, Тавалло, Хондайлиқий сингари ўнлаб фидойи маърифатпарвар шоир ва ёзувчилар етишиб чиқдиларки, биз уларни ҳақли равишда миллий уйғониш ҳаракатининг қалдирғочлари сифатида эъзозлаб келмоқдамиз.

Агар шу шоир ва ёзувчиларнинг ижодий йўлига назар ташласак, уларнинг аср бошларидан 1914 — 1915 йилларгача бўлган ижодидан Туркистон ва Бухородаги сиёсий-ижтимоий тузумнинг чиригани ва шу сабабли маҳаллий халқнинг оғир иқтисодий ва маданий аҳволда яшагани яққол кўриниб туради. 1916 йилда Ўрта Осиё бўйлаб авж олган қўзғолон ва бу қўзғолоннинг шафқатсиз бостирилиши билан жадид маърифатпарварлари Россия мустамлакачилик сиёсатининг ғайриинсоний ва ғайримиллий моҳиятини яна бир бор кўриш имкониятига эга бўлдилар. Улар миллий ўзликдан ва ислом динидан тамоман маҳрум бўлиб қолмаслик учун жиддий ҳаракат қилиш зарурлигини тушуна бошлашди. Кўп ўтмай, 1917 йил февраль инқилоби рўй бериб, Россия империяси чок-чокидан сўкилиши билан улар ижодига янги ғоя — эрк ва ҳуррият ғоялари кириб келди. Бу янги ғоянинг катта садо касб этиши учун феврал инқилоби рўй бериши, миллий уйғониш ҳаракати қатнашчиларида мустамлакачилик кишанларини парчалаш мумкинлигига ишонч туйғулари уйғониши лозим эди. Шундай ишонч билан йўғрилган тараққийпарварлар халқ ва унинг пешқадам кишиларини бир байроқ остига бирлаштириш мақсадида эрк ва ҳуррият ғоялари балқиб турган асарларни ёзишга чоғландилар. Бу асарлар, улар наздида, халқни ҳуррият байроғи остида бирлашиб, миллий озодлик учун курашга сафарбар этиши мумкин эди.

Аммо бу муҳим воқеадан аввал Чўлпоннинг ҳам, Фитратнинг ҳам, Ҳамзанинг ҳам бир-бири ила кўринмас иплар билан боғланган Ватан ва миллатни шарафловчи шеърлари майдонга келган эди. Чунончи, Фитрат “Сайха” тўпламидан жой олган форсча шеърларидан бирида Ватаннинг бундай пурвиқор образини яратиб, ёзган эди:

Бинмо саҳаре азми тавоф Ватани ман!
Аҳ-аҳ, чи Ватан, саждагоҳи жону тани ман!
Ҳам маъмани осоишу иззу шарафи ман,
Ҳам Каъбаи ман, қиблаи ман, ҳам чамани ман.

Таржимаси:

Тонгда тавоф этгани чиқ – Ватанимдир,
Оҳ-оҳ, не Ватан, саждагоҳу жону танимдир.
Иззат-шарафим, тинчиму аршимда тўлин ой,
Ҳам қибламу, ҳам Каъбаму, ҳам чаманимдир.

Агар бу гўзал сатрлар шоирнинг Туркияда таҳсил олган йилларида ёзилган бўлса, 1917 йил декабрида она-Ватанни душман чангалидан қутқариш орзуси билан яшаётган шоир қалбидан бундай оташин сатрлар отилиб чиққан:

Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир?
Номусми, виждон била имонми керакдир?..

Бу ҳар иккала шеърда яратилган Ватан образи шундай катта кучга эгаки, бу шеърларни ўқиган китобхон қалбида Ватанга муҳаббат туйғулари алангаланмаслиги маҳол. Фитрат ҳам, унинг бошқа қаламкаш биродарлари ҳам шундай шеърлардан кейин ватандошларини эрк ва ҳуррият учун курашга даъват этувчи шеърларни кўп ва хўб ёзишди.

Шу йилларда Тошкент маърифатпарварларининг сардори Мунаввар қори Абдурашидхонов “Ҳақ берилмас, олинур!”, деган жанговар шиор билан чиқди. Эрксевар шоир ва ёзувчилар ўз шеърлари ва публицистик мақолалари билан шу шиорнинг замондошлари қалбига етиб бориши ва уларнинг ­дастуриламалига айланиши учун жонбозлик кўрсатдилар. Улар фақат сафарбарлик руҳи билан суғорилган шеър ва мақолалар ёзибгина қолмай, 1917 йилнинг октябрь ойида Қўқонда тўпланиб, Туркистон Мухторият ҳукуматининг тузилганини эълон қилдилар. Чўлпон, Ҳамза каби шоирлар мухториятни олқишловчи шеърлари билан водий аҳолисида мустамлакачилик кишанларининг парчаланганига, эрк ва ҳуррият ғоялари тантанасига ишонч туйғуларини уйғотишга интилдилар. Аммо улар большевикларнинг маккорликларини яхши билганлари учун халқни ҳаёт-мамот курашига сафарбар қилишнинг турли-туман йўлларини ахтардилар. Шундай йўллардан бири ўз фаолияти билан ўзбек давлатчилиги тарихининг олтин саҳифаларини битган буюк ўтмишдошларимиз руҳидан мадад сўраш эди. Фитрат 1917 — 1918 йилларда “Юрт қайғуси” деб номланган туркум сочмаларида ва “Темур сағанаси” пиесасида Амир Темур руҳига мурожаат қилиб, ундан миллий озодлик учун курашаётган ватандошларига руҳан мададкор бўлишини сўраб ёлворди:

“Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўйним букук.

Сенинг зиёратингга келдим, султоним!

Эзилган бошим, қисилган виждоним, куйган қоним, ўртанган жоним учун бу сағанангдан даво излаб келдим, хоқоним!

Юз йиллардан бери жафо кўруб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларини этакларингга тўкарга келдим.

Қороғуликлар учра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олғали келдим…”

Фитратнинг юрак қони билан ёзилган бу сўзлари мустамлакачилик зулмидан жабр кўрган кишиларни лоқайд қолдирмаслиги аниқ эди. Адиб шу сўзлари жабрдийда ватандошлари қалбига етиб бориши ва уларни курашга созлаши учун “Темур сағанаси” пиесасини ёзиб, Турон қоровули номидан изтироб тўла сўзлар билан Амир Темур руҳига мурожаат қилди.

Фитрат, Чўлпон сингари оташнафас шоирлар туфайли шеърият шу йилларда кураш қуролига айланди. Шубҳасиз, ўша миллий таназзул даврида эрк ва ҳуррият йўлида олиб борилган бу курашнинг ғалаба билан якунланиши амри маҳол эди. Лекин ўзбек шеърияти ўз тарихи давомида биринчи марта халқ ва мамлакат тақдири билан боғлиқ масалаларга қўл уриб, ўзининг жанговарлик кучини муваффақият билан синовдан ўтказди.

Туркистон мухторият ҳукумати тор-мор келтирилди. Мухторият раҳбарлари ва уларга хайрихоҳ кишилар қувғинга учрадилар. Ёш совет давлати Мунаввар қори Абдурашидхоновлар, Убайдулла Хўжаевлар, Фитрат ва Чўлпонлар хотирасидан “мухторият”, “ҳуррият”, “мустақиллик” сингари сўзларни ситиб чиқаришга уринди. Аммо Чўлпон 1920 йили Бокуга, Шарқ халқлари қурултойига борган кезларида Каспий денгизи бўйларида қардош дўстлар билан бирга сайр қилар экан, денгиз тўлқинларининг қирғоққа жиловсиз куч билан келиб урилишларини кўриб, ҳайратга тушади. Тўлқинларнинг бу даҳшатли ўйини шоир илҳомини жунбишга келтиради. У денгизга қараб хитоб қилади:

Ўйна, эй тўлқинлар, пўртана, даҳшат сол,
Қирғоқлар титрасин қўрқиб.
Кўк юзи, ер ости тинч бўлса, ваҳшат сол
Дарёдан сув ташлаб, пуркиб!
 
Бу менинг кенг кўнглим ғавғони, жанжални,
Тўполон, қўзғалиш, чувалаш, исённи, тўфонни
Суядир; шунинг-чун дунёни, жаҳонни, тоғ ва тош –
Ҳаммасин ағдармоқ истайдир, ёнадир, куядир…
 
Ўйна, эй пўртана, тўхтама, қувват ол,
Чоғ келгач, эриниб ётма, ухлама, бўлмасин йўқлама.
Кўп эзган душмандан, паст жондан
Ўчни ол, ўчни ол, ўчни ол!..

Шоирнинг мустамлакачиларга, янада аниқроғи, Мухториятни қонга ботирган, ўзбек халқига ҳурриятни раво кўрмаган кучларга бўлган ададсиз нафрати шу сатрларда денгиз тўлқинлари билан бирга пўртаналаниб туради. Унинг назарида, пўртана – курашга отланган халқ, қирғоқ эса мустамлакачи давлатнинг қудратли қўрғони. У пўртананинг шу қўрғонга аёвсиз куч билан урилавериб, қўрғон деворларини бузиб ташлашига ишонади, умид қилади. Зеро, унинг назарида, дунёда фақат битта бузилмайдиган қўрғон бор – бу Адолат ҳукмронлик, Ҳақиқат посбонлик қилган буюк қўрғондир.

Чўлпон шу йилларда жўшиб ижод қилди. Тинимсиз шеърлар ёзди. Бу шеърларнинг аксарида ана шу кураш ғояси қизил ип янглиғ ўтиб туради.

Боку сафаридан кейин кўп ўтмай, Чўлпон Бухорога борганида, машҳур “Халқ” шеърини ёзди. Бухоро жадидларини қиличдан ўтказиб, муқаддас заминни улар қони билан суғорган амирнинг тожу тахтни ташлаб қочиши, вақтинча бўлса-да, амирлик вайроналари ўрнида Бухоро Халқ Жумҳуриятининг барпо этилиши Чўлпондаги мудроқ туйғуларни уйғотиб юборди. Унинг хаёлида халқ бояги денгиз образида гавдаланди. Бу халқ-денгиз, унинг назарида, амирлик қўрғонини парча-парча қилиб, ўзининг тарих ижодкори сифатида куч ва қудратини намойиш этгандек бўлди. Шоир ёзди:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир.
 
Халқ қўзғолса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин…

Романтик Чўлпон бу шеърида ўз орзуларининг рўёбга чиққанини кўриб, тантана қилмоқда. Шу тантана садолари шеърнинг ҳар бир сатридан жаранглаб туради. Лекин орадан кўп вақт ўтмай, ўқдай отилиб, “Бухоро Халқ ­жумҳурияти” ифодаси орасига “совет” деган сўз суқилиб киради. Халқнинг Чўлпон шеъридаги денгизмонанд образи сароб янглиғ адамга кетади. Туркистон энди “оқ” мустамлакадан “қизил” мустамлакага айланган, бу даҳшатли реалликни ўзгартира олувчи куч Чўлпонлар ва Фитратларнинг назар-эътиборидаги кенгликда йўқ эди. Бу ўзбек тараққийпарварларининг ва умуман ўзбек халқининг катта фожиаси эди. Шундай тарихий шароитда улар яширин ҳаракат йўлини танладилар. Эрк ва ҳуррият учун кураш қиличи қинга солинди.

Эрксевар авлодлар мустамлакачилик ҳавосида бўғилган кезларида Чўлпон ва Фитратнинг, Тавалло ва Элбекнинг, Хондайлиқий ва Усмон Носирнинг шу эзгу ғоялар мавжланиб турган асарларини ўқиб, армондан чиқдилар. Чўлпоннинг: “Чекинг бу “Эпоха”ни, кули кўкларга соврилсин!” сатрларидаги бир олам маъно улар қалбидаги ҳуррият ва мустақиллик ҳақидаги орзунинг авлоддан-авлодга ўтиб келишини таъминлаб турди.

Ўзбек халқининг мустақилликка эришиб, ўз тақдирини ўзи белгиловчи халқлардан бири даражасига кўтарилишида эрк ва ҳуррият тароналарини куйлаган аждодларимизнинг ҳам хизматлари оз эмас. Зеро, бизнинг қалбимизда жўш уриб турган шу жанговар ва дилбар таронанинг муаллифи ва илк ижрочиси улардир. Ўйлаймизки, шу тарона ҳозир улғайиб бораётган авлодлар қалбида ҳам акс-садо бериб, ўзбек халқининг буюк келажагини, мунаввар келажагини барпо этишларида уларга илҳом бериб туради.

Наим Каримов,

филология фанлари доктори, профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 33-сонидан олинди.