Наим Каримов. Алишер Навоий ва Аҳмад пошо

Ўзбек адабиёти ва унинг мумтоз намояндалари ижоди фақат Марказий Осиё эмас, балки Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ҳам катта эътибор қозониб келган. Афсуски, совет даврида хал қимиз тарихини мукаммал ва холисона ўрганиш имконияти бўлмаганидек, адабиётимиз тарихий тараққиёти манзаралари ҳам бутун улуғворлиги ва мураккаблиги билан ўрганилмай келди. Шунинг учун ҳам биз ўзбек мумтоз адабиётининг жаҳон (Шарқ) адабий жараёнининг ажралмас қисми сифатидаги хусусиятлари ҳақида тўла тасаввурга эга эмасмиз.
Яқинда немис адабиётшунос олимаси Зигрид Клайнмиҳел каминага ўзининг янги илмий ишларидан бирини туҳфа қилди. Бу тадқиқот «Мир Алишер Навоий ва Аҳмад Пошо» деб номланган бўлиб, немис шарқшуносларининг «Archivum Ottomanicum» деган тўпламида нашр этилган. Зигрид Клайнмиҳел шу вақтга қадар ХХ аср туркий халқлар адабиёти, шу жумладан, ўзбек адабиёти ва фолклори билан шуғулланиб келгани учун унинг Навоий ижодига қизиқиши ва, айниқса, ўзбек адабиётшуносларига номаълум бўлиб келган ўзбек-турк адабий алоқалари тарихининг порлоқ бир саҳифасини ёритиб бериши камина учун кутилмаган янгилик бўлди. Афсуски, немис тилини билмаганим учун олиманинг бу илмий-тадқиқоти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмадим. Аммо қуйи-да муаллифнинг ўзидан олган ва мавжуд адабий-тарихий рисолалардаги баъзи маълумотлар асосида Алишер Навоий ва Аҳмад Пошо ўртасидаги ижодий ҳамкорлик тўғрисида баҳоли қудрат фикр юритмоқчиман.
Аҳмад Пошо Маҳмад II ва Боязид II замонларида яшаб, ижод этгани учун ўша давр ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш лозим.
Султон Боязид Йилдирим Амир Темур томонидан мағлубиятга учрагунга қадар Туркия жаҳоннинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган, ҳатто Европадаги бир қанча мамлакатларни босиб ҳам олган. Шунинг учун Султон Боязиднинг яқин келажакда Европанинг бирдан-бир ҳукмдори бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Бинобарин, жаҳонни титратаётган Туркиянинг Амир Темур томонидан мағлуб қилиниши ўзбек-турк маданий алоқалари тақдирига салбий таъсир этиши ва ҳатто икки мамлакат ўртасига нифоқ уруғларини сепиши мумкин эди. Амир Темурнинг давлат арбоби сифатидаги донолиги шунда кўринадики, у ғаразли ишлари учун тавба-тазарруъ қилган турк султонини кечирибгина қолмай, айни пайтда унга шоҳона тўн ҳадя этди, асир тушган ўғилларини топишга ваъда бериб, унинг ўзини муҳофаза қилиш учун махсус кишиларни ажратди. Шундан сўнг ҳар куни султонни ҳузурига чақириб, у билан суҳбат қурди ва кўнглини кўтарди. Йилдирим Боязид 1403 йили вафот этгач, манбаларда айтилишича, Амир Темур муборак кўзларидан ёш чиқиб, йиғлаб, «Инна лиллоҳи илайҳи рожиъуна» («Ҳақиқатан, биз Оллоҳга тегишлимиз ва, ҳақиқатан, биз унинг олдига қайтамиз»),–деди. У ҳатто «Рум мамолики»ни забт этганидан кейин Йилдирим Боязидни яна тахтга ўтқазмоқчи бўлганини айтди. Амир Темурнинг мағлуб султонга кўрсатган бундай марҳамати Йилдирим Боязиднинг ворисларида катта таассурот қолдирди ва улар Амир Темурдан кейин ҳам унинг ворислари билан самимий алоқада бўлдилар.
Адолат юзасидан шуни таъкидлаш лозимки, Туркия XIV—XV асрларда жаҳоннинг илғор маданий мамлакатларидан бири эди. Султон Боязид II темурийзодалар билан дўстона муносабат ўрнатиб, икки мамлакат ўртасида фақат савдо эмас, айни пайтда маданий алоқаларнинг ҳам равнақ топишига кенг имкониятлар яратди. Улуғбек ўлдирилгандан кейин талайгина самарқандлик илм ва маданият аҳлининг Туркияга бориб қолиши тасодифий эмас. Улуғбек астрономия мактабининг ажойиб намояндаси, Қозизоданинг набираси Мариям Чалабийнинг «Дастур ул-амал тасхиҳ ал-жадвал» (Улуғбек жадвалига шарҳлар) асарининг Боязид II илтимосига кўра ёзилиши эса турк султонининг ўзбек илм-фани ва маданиятига катта ҳурмат-эътибор билан қараганидан далолатдир.
Маълум бўлишича, султон Боязид II ўз юртига сиғмаган ўзбек олимлари ва ҳунармандларини Туркияга таклиф этибгина қолмай, султон Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий билан ҳам яқин алоқада бўлган. Хусусан, Алишер Навоий унга ўз ғазалларини юбориб турган. Боязид II эса, ўз навбатида, бу ғазалларни Аҳмад Пошо исмли энг машҳур шоирига назира боғлаш учун берган.
Аҳмад Пошо Туркияда Шарқ маданиятининг мумтоз сиймоларидан бири сифатида ҳануз қадр-ланиб келади. Навоийга қадар бўлган ўзбек адабиёти сингари, Аҳмад Пошога қадар бўлган турк адабиёти ҳам форс шеъриятининг кучли таъсири остида ривожланди. Боязид IIнинг фикрига кўра, Навоий шеърияти анъаналарининг турк адабиётига кириб келиши, бир томондан, турк шоирларининг маҳоратлари ошишига, иккинчи томондан, форс классиклари таъсиридан халос бўлишига ёрдам бериши мумкин эди. Шунинг учун ҳам у Навоийнинг 33 ғазалини Аҳмад Пошога бериб, бу ғазалларга татаббу ёзишни буюради.
Туркияда XV асрнинг энг машҳур лирик шоири ҳисобланган Аҳмад Пошо Эдирнада дунёга келган. Унинг туғилган санаси маълум эмас. 1496 йили, Навоийдан беш йил аввал вафот этган. Аҳмад Пошонинг отаси султон Мурод II ҳузурида қози аскар бўлиб хизмат қилган. Шу сабабдан у ўз даври учун энг юксак маълумотни олган.
Аҳмад Пошо меҳнат фаолиятини мударрисликдан бошлайди. У муайян муддат Бурсада мударрислик қилгач, қариндош-уруғларининг саройга яқинлигидан фойдаланиб, Эдирнада қозилик лавозимига эришади. У ушбу вазифани бажариш жараёнида султон Маҳмад II Фотиҳнинг эътиборини қозонади ва, кўп ўтмай, қози аскар ҳамда халифа – шаҳзодалар мураббийси этиб тайинланади. Бу баланд мартабалар унинг моддий жиҳатдан тўкин ва фаровон турмуш кечириши, руҳий ва ижодий имкониятларини юзага чиқариши учун қулай шароит яратади. Орадан бир неча йил ўтгач, Аҳмад Пошо вазир лавозимига кўтарилиб, иззат-икром билан қуршалади. Аммо ҳурмат ва эътиборнинг олий даражасига эришган бир пайтида душманларининг чақимчилиги оқибатида зиндонга тушади.
Аҳмад Пошо Еттиминорали қалъа зиндонида ётар экан, султон шаънига «Карам қасидаси» деб номланган машҳур асарини ёзиб, унинг Маҳмад II қўлига етиб боришига муваффақ бўлади. Катта шеърий маҳорат ва самимият дурлари порлаб турган қасида султонга манзур бўлиб, у зиндонбанд шоирни афв этади. 1481 йили Маҳмад II бандаликни бажо келтиргач, унинг маърифатли ўғли Боязид II номи билан тахтга ўтиради ва Аҳмад Пошони Бурса санжоғининг беги этиб тайинлайди.
Аҳмад Пошо XV аср турк шеъриятини янги тараққиёт босқичига олиб чиқди. У, бир томондан, мумтоз турк адабиётининг халқ оғзаки ижодига хос шакллардан узоқлашиб, арабий ва форсий сўзлар бодроқдек потраб турган аруз системасига ўтишига сабабчи бўлди. Иккинчи томондан, ижодий фаолиятининг иккинчи босқичида форс шоирларининг таъсир доирасидан қочиб, туркий тиллардаги Ўрта Осиё шоирлари ижодига мурожаат этди. Султон Боязид II туфайли Алишер Навоий ижоди билан танишиши фақат унга эмас, балки, умуман, шу давр турк шеъриятига миллий маданий илдизларга қайтиш ва шу илдизлардан озуқа олган ҳолда камол топиш имконини берди.
Шундай қилиб, Аҳмад Пошо ижоди икки тадрижий босқичдан иборат. Агар у Еттиминорали қалъа зиндонига ташлангунига қадар бўлган вақтда форс шоирлари, айниқса, Ҳофизга тақлидан шеърлар ёзган ва турк шеъриятига форсий шеъриятнинг рангин жозибасини олиб кирган бўлса, «Бурса даври» деб аталган иккинчи босқичида шоир Навоийнинг мафтункор лирикаси билан танишди ва шу омил унинг янги ижодий парвози учун ҳаётбахш замин бўлиб хизмат этди. Аҳмад Пошо ижодининг гуллаб-яшнаши худди шу даврда рўй берди.
Тарихий манбаларда айтилишича, Навоийнинг 33 ғазали Туркияга 1480 – 1481 йиллари етиб боради. Бу ғазалларнинг султон Боязид IIга Навоийнинг шахсан ўзи томонидан юборилганлиги айниқса муҳимдир.
Агар Султон Боязид IIнинг бу ғазалларга татаббу боғлаш ҳақида Аҳмад Пошога буйруқ бергани, Аҳмад Пошонинг эса бу ғазаллар буюк шоирнинг эмас, балки Ҳусайн Бойқаро вазирининг асарлари бўлгани учун уларга татаббу боғлашга киришганини эътиборга олсак, Навоий билан Боязид II ўртасидаги муносабатлар аввало икки давлат арбоби ўртасидаги муносабатлар ўлароқ гавдаланади. Тахмин қилиш мумкинки, 1472 йили Ҳусайн Бойқаро саройининг бош вазири этиб та йинланган ва «Амири кабир» унвонига муяссар бўлган Навоий 1480 – 1481 йилларга қадар ҳам Боязид IIга бош вазир сифатида хат ёзиб турган ва Навоий билан Боязид II ўртасида расмий, айни пайтда, дўстона алоқа бўлган. Агар улар ўртасидаги алоқа фақат расмий тусда бўлганида Навоий турк султонига ҳеч қачон энг яхши 33 ғазалини туҳфа сифатида юбормаган бўларди.
Маълумки, Алишер Навоий XV асрнинг 70-йиллари охирида ўзбек тилида ёзган шеърларидан таркиб топган илк девони – «Бадоеъ ул-бидоя»ни тузади. Иккинчи девони – «Наводир ун-ниҳоя»га эса 80-йилларнинг охирида тартиб беради. Навоий ижодининг ана шу далилларидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, у Боязид IIга асосан дастлабки девонидан жой олган ва қисман «Наводирун-ниҳоя»га киритилиши мўлжалланган ғазаллардан юборган.
Хуллас, Аҳмад Пошо Навоийнинг ана шу ғазалларига татаббу боғлаган.
Айрим манбаларга таяниб айтиш мумкинки, Навоий лирик меросини тўплаб, «Хазойин ул-маоний» устида олиб борган ижодий ишини тугатганидан кейин уни Боязид IIга етказиш чорасини кўрган. Чунончи, 1501 йили ҳиротлик шоир Вазирий Жомий ва Навоийнинг тавсияномаси билан Боязид II ҳузурига келган ва унга ўзбек шоирининг тўла девонини туҳфа этган. Аммо бу вақтда Аҳмад Пошо ҳам, Навоийнинг ўзи ҳам оламдан ўтган эдилар.
Аҳмад Пошо ўз татаббуларини усмонли тилида ёзгани учун тақлид деб ҳисобламаган. У Навоийнинг қайси ғазалига татаббу боғлаган бўлса, шу ғазалнинг таъсир доирасидан бир оз эса-да чиқишга уринган. Агар Навоий муҳаббат тароналарини куйлашда кўпроқ қуёш образидан фойдаланган бўлса, Аҳмад Пошо ой образига мурожаат этган. Агар Навоий лирик қаҳрамони сервиқор бўлса, Аҳмад Пошо ҳазил-мутойибага мойиллик билдирган. Муҳими шундаки, Аҳмад Пошо Навоий ғазалларига татаббу боғлаш жараёнида шоир сифатида бир поғона юқори кўтарилган ва ўз ижодининг гултожи бўлган асарларни яратганки, бу асарлар турк мумтоз лирикасининг олтин хазинасига кирган.
Шарқшунос В.С.Гарбузова «Турк адабиёти классиклари» рисоласида (Тошкент, 1960) Аҳмад Пошонинг Навоий лирик оламининг таровати билан йўғрилган қуйидаги ғазалини келтирган:

Зулфингки, узорингда этар жилвалар, э дўст,
Товуси жунондирки, очар болу пар, э дўст.

Хатингки тилсим этди лабинг доирасига,
Ширинлик учун мушк ила афсун ёзар, э дўст.

Қўй, борма қўноғига, рақибингки, билурсен,
Ит бўлган ерга ҳеч малак этмас гузар, э дўст.

Зулфи сиёҳинг чиқмади зебо кулоҳингдан,
Зероки, ҳарир ичра бўлур мушки тар, э дўст.

Воиз сўзига воқиф ўлиб, ёш тўкмади чашмим,
Сард бўлса – ҳаво бўлмагай мардумда гар, э дўст.

Не важҳ ила сурмагай Аҳмад аёғингга,
Не бош ила тарк этмагай йўлингда сар, э дўст.

Навоийнинг лирик меросида «э дўст» радифи билан тугаган ғазаллар оз эмас. Бундай ғазаллар Аҳмад Пошо ихтиёридаги «Бадоеъ ул-бидоя» ва «Наводир ун-ниҳоя» девонларида ҳам мавжуд бўлган. Аммо Аҳмад Пошонинг юқоридаги ғазалини бу девонларга кирган «э дўст» радифли Навоий ғазалларининг айнан нусхаси, деб бўлмайди. Аммо шунга қарамай, В.С.Гарбузова «Аҳмад Пошо ижодига назар ташлар эканмиз, шоир ижодидаги асосий нуқсон чинакам оригиналлик йўқлигидир, деган фикрга келиш мумкин. Бундай нуқсон бошқа усмонли сарой шоирлари учун ҳам хос эди», деб кескин хулоса чиқаради. Бу хулосанинг қанчалик адолатли экани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун ҳар икки шоирнинг «анга» радифли ғазалларига назар ташлаш жоиздир.

Навоийда:

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Ўқларингдин ҳар замон таскин топар кўнглум ўти,
Бордурур бир қатра сув гўёки ҳар пайкон анга…

Илмағон жонин фидо жононға етмас, дер эмиш,
Эй Навоий, ушбу сўз бирла фидо юз жон анга.

Аҳмад Пошода:

Не қамардур бу ки ўлмиш зулфи мушк-афшон анга,
Нича райҳондур хати ким қолмишам ҳайрон анга.

Номаи шавқум не нав ул ойга етгай, чунки мен
Эл отин ўқур ҳасаддин ёзмадим унвон анга…

Сўзда ушшоқи муҳаййир айла дерсан Аҳмада,
Ўйла булбул ўлмага куйун керак бўстон анга.

Шубҳасиз, икки-уч байтни ўзаро қиёслаш орқали Аҳмад Пошо ғазалларининг оригиналлиги даражасини аниқлаш осон эмас. Аммо агар назира боғловчи, татаббу битувчи, мухаммас ёзувчи Шарқ шоирларининг ғазал ва мухаммасларига назар ташласак, уларнинг аксари тақлид этилган шоирнинг бадиий тафаккури даражасидан анчагина пастда туриши маълум бўлади. Зеро, назирагўй шоирларнинг асосий мақсади устоз шоирлардан ғазал ёзиш санъатини ўрганиш, улардан бадиий маҳорат бобида сабоқ олишдир. Агар Аҳмад Пошо назираларига шу нуқтаи назардан ёндашсак, унинг шеърларидаги оригиналлик даражаси эмас, балки Шарқ шеъриятининг пурвиқор чўққиларидан бири бўлган Алишер Навоий ижодидан баҳраманд бўлиш, унинг маҳорат мактабидан сабоқ олишга интилиши биз учун муҳимдир.
Аҳмад Пошо Навоийнинг ижод гулшанида мавжуд бўлган хушбўй тароватни, бадиий нафосат чечакларини турк шеъриятига олиб кирди. Унинг Навоий лирикасидан баҳраманд бўлиши турк шеърияти уфқларининг кенгайиши, тили ва услубининг янада миллийлашиши, гўзаллашиши ва сайқалланишига имконият яратди. Бинобарин, Навоий туфайли турк шеърияти тараққиёти тарихида янги бир давр бошланди. Бу Навоий ижодининг оламшумул аҳамиятидан дарак берувчи яна бир мисолдир.
Таниқли немис шарқшунос олимаси Зигрид Клайнмиҳел ўз тадқиқотини ёзишда асосан Германия кутубхоналарида мавжуд бўлган қўлёзмалардан фойдаланган. Навоий билан Аҳмад Пошо ижодий муносабатларига ойдинлик киритувчи бундай манбалар жаҳоннинг Швеция, Туркия сингари мамлакатларида ҳам мавжуд. Эҳтимол, бундай манбалар Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинаси ва бошқа йирик кутубхоналарда ҳам бордир. Ўйлаймизки, ўзбек адабиётшунослари ҳам Алишер Навоий ижодининг оламшумул аҳамиятини, халқимизнинг ўтмишдаги маданий ва адабий алоқаларини аниқ-тайин адабий ҳодисалар асосида ўрганишга алоҳида эътибор беражаклар.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 26-сонидан олинди.