Муштарак адабий ҳодисалар хусусида

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур  “Бобурнома” асарида ёзиб қолдирган адабиётшуносликка оид қимматли маълумотларнинг айримлари бири-бирига жуда яқин ёки ҳар икки ижодкорга тааллуқли бўлиб, бундай умумий маълумотларни бир муштарак ( арабча: умумий, кўпчиликка тааллуқли, ўртадаги каби луғавий маъноларни билдиради) адабий ҳодиса сифатида баҳолашимиз мумкин. Маълумки, муштарак адабий ҳодисалар жаҳон адабиётидаги турли адабиётларга хос, бир худудда яшовчи адиблар ижодига  хос, маълум бир даврда яшаган ижодкорларга хос ёки айрим олинган шоирлар ижодига хос бўлиши мумкин. Энди таснифда кўрсатилган муштарак адабий ҳодисаларнинг айрим олинган ижодкорлар ижодига хос кўринишини темурийлар Уйғониш даври вакиллари Абулвафоий Хоразмий, Алишер Навоий ва шоҳ ва шоир Бобур ижодида кузатсак.

Мақолада биз Алишер Навоий ва Бобур ижодида битилган ниҳоятда кам учрайдиган таворуд каби ноёб муштарак адабий ҳодисани ҳамда Абулвафоий Хоразмий ва Бобур ижодида маҳорат билан назм ва насрда қўлланган, Шарқда машҳур бўлган бир мақол асосида яратилган ирсоли масал сингари муштарак адабий ҳодисани аниқлаб, танлаб олдик. Хусусан, Алишер Навоий ва Бобур ўзларининг темурий шаҳзода Кичик Мирзо (1451-1484 йй.) ҳақида ёзган тарихий характердаги маълумотларида  таворудга тушган  жуда гўзал рубоийсини таъкидлаб кўрсатган ва бирдек таворуд атамасини қўллаган  ҳамда улар таворуд сабаб темурийлар Уйғониш даври мутафаккири Абдураҳмон Жомий ижодига очиқ ва яширин талмеҳ (Нуран Махдум, Мулло нисбаси)да, Кичик Мирзо ижодига эса очиқ талмеҳ воситасида юксак баҳо берган. Ўрганишимизга кўра, Ўзбекистон қаҳрамони С. Ғаниева ва атоқли навоийшунослар М. Ҳакимов, Ё. Исҳоқовнинг таворудга берган таърифлари бир-бирини тўлдиради, чунончи: “Таворуд (арабча: кетма-кет келмоқ, бир-бири билан тасодифан бир ерга тушиб қолмоқ ) – адабиётда шеърни бир-биридан хабарсиз ҳолда икки шоир томонидан яратилиш ҳодисаси, тасодифан бир-бирига айнан ўхшаб қолиши”[1].

Султон Ҳусайн Бойқаронинг жияни шахзода Кичик Мирзонинг форс тилида ёзган бир рубоийси тасодифан улуғ шоир Абдураҳмон Жомий рубоийси билан бир-бирига айнан ўхшаб – таворуд воқе бўлади. Ушбу гўзал илҳомий жараён бўлмиш муштарак адабий ҳодиса Ҳирот адабий муҳитида шуҳрат қозонади, қалам аҳли орасида Абдураҳмон Жомий ва Кичик Мирзолар ижодига ҳавасу рағбат, қизиқиш ортади. Бу ҳақда Ҳирот адабий муҳитининг раҳбари ва ҳомийси Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг  Соҳибқирон Амир Темур ва йигирма нафардан зиёд темурийлар ёдга олинган еттинчи мажлиснинг Кичик Мирзо зикрида ва Бобур “Бобурнома”нинг Султон Ҳусайн Бойқаро ҳақидаги “Валодат ва насаби” номли фаслда  ёдга  олган ва фикрлари исботи учун шаҳзоданинг машҳур рубоийсини келтирган. Биз ўқувчиларнинг Кичик Мирзо тўғрисида тўлиқроқ маълумотга эга бўлишларини истаб, мақолада Алишер Навоий ва Бобурнинг шаҳзода ҳақида ёзган ҳасби ҳолини, таърифу тавсифларини тўлиқроқ ҳолда беришга ҳаракат қилдик. Аммо ҳар икки даҳо ижодкорлар Кичик Мирзога ўз асарлари хусусиятидан келиб чиқиб маълумот ва баҳо берганлигини ҳисобга олишимиз керак. Масалан, Алишер Навоий тазкирасида Кичик Мирзонинг  фазилати ва иқдидори билан боғлиқ ўндан ортиқ сифатларини санаб кўрсатса, Бобур эса мемуарида унинг “табъи назми”дан ташқари қисман автобиографиясини, жумладан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Оқобегим исмли опасининг ўғли, отаси Султон Аҳмад Мирзо, унинг асли исми Муҳаммад Султон Мирзо эканлигини, у отаси билан подшоҳ тоғаси қўлида маълум вақт ҳарбий хизматда бўлганлигини  ҳам айтган. Алишер Навоий ёзади: “Кичик Мирзо – хуб табълиқ, тез идроклик, шўх зеҳнлик, қавий ҳофизалиқ йигит эрди. Оз фурсатда яхши толиби илм бўлди ва кўпроқ улум ва фунундин ўз мутолааси билан вуқуф ҳосил қилди. Шеър ва муаммони хуб англар эрди, балки кўнгли тиласа айта ҳам олур эрди. Бовужуди бу фазойил дарвешларга мойил бўлуб, Макка зиёрати шарафига мушарраф бўлди. Аммо бағоят мустағни киши эрди. Бўла олурким, фақир истиғноси эркан бўлғай. Бу рубоий анингдурким:

Умри басаллоҳ месутудам худро,
Дар шевайи зуҳд менамудам худро,
Чун ишқ омад кадом зуҳду, чи салоҳ,
Алминнату лиллоҳ, озмудам худро.

Баъзи дерларким, бу рубоий ҳазрат Махдумий Нуран била таворуд воқе бўлубтур. Андоқ дағи бўлса, улуғ давлат турур”.[2]

Ёки  Бобур “Бобурнома”да ҳам Кичик Мирзо рубоийсини айнан келтиради ва шундай ёзади: “…Бир ўғли бор эди, Кичик Мирзо отлиғ. Бурунлар тағойисига мулозамат қилур эди, сўнгра сипоҳийлиқни тарк қилиб, мутолааға машғул бўлди. Дерларким, донишманд бўлуб экандур. Табъи назми ҳам бор экандур. Бу рубоий анингдур:

Умри басаллоҳ месутудам худро,
Дар шевайи зуҳд менамудам худро,
Чун ишқ омад кадом зуҳду, чи салоҳ,
Алминнату лиллоҳ, озмудам худро.

Муллонинг рубоийси била таворуд бўлубтур. Охирлар ҳаж тавофи ҳам қилди”.[3]

Таворуд бўлган рубоий таржимаси: Умр бўйи ўзимни яхшилик била мақтадим, ўзимни зоҳид ва тақводор қилиб кўрсатдим. Ишқ келгач, зоҳидлик қайда қолдию яхшилик нима бўлди? Оллоҳга шукрким, ўзимни синадим.

Қизиғи шундаки, Навоий таворудга сабаб бўлган Кичик Мирзо рубоийси тўғрисида ёзар экан, биринчидан, таворуд Ҳирот адабий муҳитидаги бошқа ижодкорлар томонидан тан олиниб айтилганини “Баъзи дерларким” дея  таъкидлаб кўрсатса, иккинчидан эса ўзи ҳам замондош шоирларнинг таворуд ҳақидаги мазкур баҳосини мунаққид сифатида ўрганиб, қадрлаб ўз хулоса ва розилигини “Андоқ дағи бўлса, улуғ давлат турур” дея лутф билан баён қилган. Тарихий манбаларда, Алишер Навоийнинг меҳри, ҳурмати Кичик Мирзога ва ўз навбатида Кичик Мирзонинг ихлоси, эътибори Алишер Навоийга ҳам ўзгача бўлганлиги, ҳатто бу муносабату яқинликни ифодаловчи расм чизилганлиги тўғрисида ҳам хабарлар айтилган. Бу ҳақда навоийшунос Қ.Эргашов шундай изоҳ берган: “Ўша давр минатюраларидан бирида Алишер Навоийнинг Кичик Мирзо билан суҳбатлашиб тургани тасвирланган”.[4]  Алишер Навоий “Соқийнома”[5]асарида Кичик Мирзонинг навқирон, зз ёшда бевақт вафот этганидан қаттиқ куюниб, чеккан истироблари ҳақида, унинг отасига берган тасаллилари борасида ҳам қатор байтларни ёзиб қолдирган.

Фикримизча, Бобур эса бу таворудни Кичик Мирзонинг донишмандлик фазилати билан боғлаган.

Абулвафоий Хоразмий ва Бобур ижодига хос бўлган муштарак адабий ҳодисани белгилашда биз яна ихлос билан Алишер Навоий ижодхонасига юзланамиз. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг “Аввалғи мажлиси”да ўзининг ҳурмати  ва эътиқодини изҳор қилган ҳамда “Хожа авсофини ҳар киши битар бўлса, алоҳида бир китоб битмак керак, маълум эмаским бу китобда ҳам сиқғайму ё йўқ”[6] дея шарафлаган, ижодкорларни у ҳақида китоб ёзишга ундаган ва Хоразм халқи “Ер фариштаси” дея улуғлаган, эъзозлаган  Хожа Абулвафоий Хоразмий (14-асрда, Шоҳрух Мирзо замонида яшаб, ижод қилган шайх ва шоир, бизга 100 га яқин рубоийлари етиб келган, Ҳ. Абдуллаев ва Э.Очилов каби олимлар унинг рубоийлари хусусида тадқиқот ва таржималарни амалга оширган.)  ҳақидаги фиқрасида унинг форс тилида битган  чуқур фалсафий  мазмундаги бир рубоийсини намуна ва далил сифатида келтиради:

Бад кардаму эътизор бадтар зи гуноҳ,
Зеро ки дар ин ҳаст се даъвии табоҳ,
Даъвии вужуду даъвии қуввату ҳавл,
Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ.[7]

Рубоий таржимаси: Гуноҳ қилдим, узрим гуноҳимдан ёмон, бу узрда учта бузилган даъвони: вужудни, қувватни, қўрқувни даъво қилиш бекордир. Чунки қўрқув ҳам, куч-қувват ҳам Оллоҳдандир.

Англашимизча, мазкур рубоий улуғ шоирга жуда маъқул келган бўлса керакки,  мазкур шеърни у “Насоийим ул-муҳаббат”[8] тазкирасида келтирган саккизта рубоийлар  қаторида ҳам тилга олган. Агар рубоийга диққат қилсак, Абулвафоий Хоразмий  рубоийнинг биринчи “Бад кардаму, эътизор батар зи гуноҳ” мисрасида Шарқда машҳур бўлган, ҳозир ҳам сўзлашувда бор бўлган “Узри гуноҳидан ёмонроқ[9] мақолини маҳорат билан қўллаганига ва назмда ирсоли масалнинг бетакрор намунасини ижод қилганига амин бўламиз. “Мақолга адабий нуқтаи назардан қизиқиш, асар бадиийлигини ошириш ва бадиий тил равонлигини таъминлаш учун ундан фойдаланиш ҳамма замон сўз санъаткорларининг доим диққат марказида бўлган”[10]. Тадқиқот натижасига кўра, Бобур ҳам “Бобурнома”нинг 1500-1501  йил воқеалари баёнида ушбу мақолни айнан қўллаб, насрда ирсоли масал санъатини яратган. Тарихдан маълумки, Самарқандни олган Шайбонийхон Хожа Аҳрор Валийнинг ўғли Хожа Яҳёни икки ўғли Хожа Муҳаммад Закариё ва Хожа Боқийни Хуросонга юбориб, ҳар учовини қатл эттиради. Ушбу қатлдан қаттиқ норози бўлган қарши кучларга Шайбонийхон бу қотилликни мен эмас, балки Қамбарбий ва Кўпакбийлар қилди, деб тушунтириш бериб, ўз узрини  билдиргандек бўлади. Бобур “Бобурнома”да бу ўлим жазосининг тафсилотини битар экан шу ўринда “Узраш батар аз гуноҳ[11], яъни “Узри гуноҳидан ёмонроқ” мақолини ўз фикри ва “таҳқиқи”га далил сифатида ишлатган. Беклар бундай ўлим жазосини хон ёки подшохнинг амру-фармонисиз яширин қилмайди, деган хулосасини шу мақол билан асослайди ҳамда ислом ҳуқуқида жиноят ва жазо масаласида, асосан, ўлим жазоси фақат ҳукмдорлар муҳри билан тасдиқланишига (Абдулатиф Мирзо муҳри урилмаганда Улуғбек Мирзо, Султон Ҳусайн Бойқаро муҳри урилмаганда Мўмин Мирзо ўлимга йўл қўйилмаган бўларди-Б.Р.) ҳам ишора қилган. Чунончи: “Мундоқ ишларни беклар ўз боши била хонидин ва подшоҳидин бевуқуф қила бошласа, бас хонлиғиға ва подшоҳлиғиға не эътибор.”[12]

Хулоса шуки, биз юқорида таҳлил ва талқин қилган таворуд, ирсоли масал каби муштарак адабий ҳодисалар Алишер Навоий, Абулвафоий Хоразмий ҳамда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ айрим муштарак  жиҳатларини очиб бериш билан бирга, уларнинг ўзига хос бадиий маҳоратини кўрсатувчи мезон ҳамдир.

Буробия Ражабова

ЎТАФИ катта илмий ходими, ф.ф. номзоди.

[1] А л и ш е р Н а в о и й. Мажолис ун-нафоис. МАТ. 13-жилд. Тошкент; Фан.1997. 278-бет; Ҳ а к и м о в М. Шарқ манбашунослик луғати. Тошкент; DAVR PREES НМУ, 2013. 295-бет. И с ҳ о қ о в Ё.Сўз санъати сўзлиги. Тошкент; Ўзбекистон, 2014. 180-181-бетлар.

[2] А л и ш е р Н а в о и й. Мажолис ун-нафоис. МАТ. 13-жилд. Тошкент: Фан, 1997. 169-бет.

[3] Б о б у р. Бобурнома. Тошкент: Шарқ, 2002. 128-бет.

[4] Э р г а ш о в Қ. Кичик Мирзо. Бобур энциклопедияси. 2-нашри. Тошкент. Шарқ. 290-бет.

[5] А л и ш е р  Н а в о и й.Фавойид ул-кибар. МАТ. 6-жилд. Тошкент. Фан. 1990. 483-484-бетлар

[6] Ўша тазкира. 13-бет.

[7] Ўша тазкира.13-бет.

[8] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. МАТ. 17-жилд. Тошкент. Фан, 2001. 299-300-бетлар.

[9] Ўзбек халқ мақоллари. Икки томлик. 1-том. Тошкент: Фан, 1987. 121-бет.

[10] Ўзбек халқ мақоллари. Икки томлик. 1-том. Тошкент: Фан, 1987. 7-бет.

[11] Б о б у р. Бобурнома. Тошкент: Шарқ, 2002. 78-бет.

[12] Бобурнома. 78-бет.