Зиёдулла Ҳамидов. Муншаот – хазина

Тил, тарих, маданият билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда турли даврларда яратилган ёзма ёдгорликлар, буюк мутафаккирларнинг асарлари тилини ўрганиш доимо долзарбдир. Ҳар қандай тил ҳодисасини тарихий жиҳатдан ўрганишнинг ягона илмий йўли, аввало, дастлабки манбага асосланиш, етук асарлар тилини қиёслаш, улар ўртасидаги фарқ ва умумийликларни аниқлашдан иборатдир. Алишер Навоий асарлари тили ана шундай бебаҳо манбалар сарасига киради. Навоийнинг адабий тил равнақи учун олиб борган кураши маданиятимиз тарихида муҳим ўрин тутади. Шоир ўзбек тилининг луғат бойликларини фақат назмда эмас, балки насрда ҳам ўзига хос услубда қўллай олди. Унинг насрий асарлари адабиётшунослик, тилшунослик, фалсафа, ахлоқ ва тарихга оид илмий ишлардан иборатдир. Навоий бадиий ва илмий асарлар билан бир қаторда давлат ҳужжатлари ва хатларни ҳам форс тилидан қолишмайдиган даражада туркий(ўзбек) тилида ёзиш мумкин, деб ҳисоблайди ва «Муншаот», «Вақфия» каби асарларини она тилида ёзиб намуна кўрсатади.

Алишер Навоийнинг «Муншаот» асари мутафаккирнинг сўнгги 20 жилдлик асарлари 14-жилдига киритилган. Асар муқаддима ва 103 қисмдан иборат. «Муншаот» мазмуни Навоийнинг кўпқиррали амалий фаолиятида халқпарварлик ва тинчликсеварлик принтсипларига асослангани, мамлакат ва халқ манфаатларини ҳимоя қилганини кўрсатиб беради. Асарда Навоий биографиясига оид маълумотлар, бадиий ижоди юзасидан қайдлар, ахлоқий қарашларига алоқадор фикр­лар мавжуд.

Алишер Навоий «Муншаот» асарини ёзишда жонли халқ тили, ўз даври кундалик турмушида фаол қўлланадиган барчага тушунарли сўзлашув нут­қи лексикасидан унумли фойдаланди. Асар лексикасига эътибор берилса, Навоий мактубот услубининг ўзига хос намуналарини яратди. Навоий имконият борича, туркий(ўзбек) лексиканинг халқ орасида сўзлашув нутқига хос кўринишларини кўпроқ ишлатишга ҳаракат қилган. Ҳар бир ёзилажак мактубнинг мазмун-моҳияти, унинг асосий мақсади, фикр-мулоҳаза нимадан иборатлигига қараб, соҳа тили унсурларидан фойдаланган.

«Ва лекин ул баҳори ҳаёт суҳбатидин айру лола аҳбоб жониға доғ ўртағали шуълаэ ва ҳар қатра ашоб ҳаёти шамъини ўчургали…».

Ушбу матнга эътибор берилса, барча учун баробар, фаол истеъмолда бўлган сўзлар кўпчиликни ташкил этган: ва, лекин, ул, баҳор, ҳаёт, суҳбат, айру, лола, жониға, доғ, ўртағали, ҳар, қатра, ҳаёт кабилар.

Навоий «турк алфози»да номалар битар экан, уларнинг тили ва услубининг содда, равонлигига эътибор беради. Мактубларнинг аксариятида жумла ва гаплар сўзлашув нутқи тарзида тузилган. Ҳозирги ўзбек тилида мактублар кўпинча тартиб сонли гаплар билан бошланса, Навоий мактубларида кириш иборалар кўп ишлатилади: «Ғараз бу калимотдин ва мақсад бу муқаддимотдин улким, бу фақири хокисор ва бу хокиваши беэътиборким, бу давлатлиғ эшик остонасиға туфроғдек тушуб эрдим…». Навоий туркий тилда мактубот ёзиш анъанасини бошлаб берар экан, арзадошт, яъни арз қилувчи ҳар томонлама зарур, ёқимли, кишини ўзига ром этувчи, мушкулни ҳал қилувчининг кўнглига мувофиқ сўзлар топиб, асосий мақсадга ўтишдан аввал юқоридаги жумлалардаги сингари узундан-узун кириш сўз ва сўз бирикмаларини қўллаган. Бу эса мактублар ёзиш анъанасининг ўзига хос бир тартиби ва қоидаси сифатида муайян бир қолипга тушганлигидан далолатдир.

Ифодаланаётган фикрга турлича модал муносабатларни билдириш учун кириш сўз ва бирикмалар аслида қадимги туркий тош давридаёқ кам бўлса-да, қўллана бошлаган. Эски туркий тош даврига келиб бу хил конструктсиялар кенг учрамаса-да, аста-секин ажратилиб кўрсатила бошланди. Эски ўзбек тилида, хусусан, Алишер Навоийнинг насрий асарларида турли кўринишлари учрайди. Масалан: «Қуллуқ дуодин сўнгра арзадошт улким, банданавозлиқ қилиб йиборган нома етишти».

«Муншаот»нинг баъзи мактубларида кириш сўз, кириш иборалар ҳар бир бош жумла аввалида тез-тез такрорланиб ишлатилган, фикрни қайта-қайта таъкидлаш мақсадида асосий масалага урғу берилган.

«Муншаот» матнида аксарият ҳолларда феълнинг буйруқ-истак майли кўриниши асосий ўринни эгаллайди. Чунки асарда келтирилган ҳар бир мактуб мазмуни, албатта, буйруқ-истак, хоҳиш ўзига хос тарзда баён этилган. Эски ўзбек тилидаги сингари Навоий асарларида, хусусан «Муншаот»да, буйруқ-истак майлининг ҳар учала шахс бирлик ва кўпликда келган қўшимча шакллари учрайди. Масалан, буйруқ-истак майлининг биринчи шахс бирлик формаси (а)йин – борайин, (э)йин – келтирейин, (арз) этейин каби. Иккинчи шахс бирлик ва кўплик формаларидан – ғ?л, -гил, -қ?л-кил; -ғ?н, -гин, -қ?н, -кин; -?нг?з, -ингиз, -унгиз, -нглар, нглер; учинчи шахс бирлик ва кўплик формалари -сун?, -барсун?… тарзида қўлланган.

«Муншаот»да феълнинг шарт майли шаклининг ясалишида, унинг баъзи фонетик вариантларини ҳисобга олмаганда, Навоийнинг барча асарларидаги каби эски ўзбек, ҳозирги замон ўзбек тили, умуман туркий тилларда қўлланилиши билан умумийлик бор…

ХВ аср адабий асарлари тилида араб тилидан ўзлашган сўзлар аралаш ҳолда қўлланиб келаётганлиги ўз даври тили лексикасида сезиларли даражададир. Навоий асарларида ўша давр­даёқ арабча сўзлар эски ўзбек жонли халқ тилида сезиларли даражада ўзгаришга учраб, фонетик жиҳатдан мослаштирилиб қўллана бошлаган. Арабча сўзларнинг қоришиқ ҳолда грамматик жиҳатдан мослашиши, эски ўзбек тилига бўйсундирилиши «Муншаот» тили лексикасида ҳам ўзига хосдир. Асарда ўзгаришсиз, ўз ҳолатини сақлаб қолган арабча сўзлар кўп бўлиши билан бирга, асар матнида арабча сўзларнинг морфологик жиҳатдан мослашишида, ўзбекча грамматик қўшимчаларни қабул қила олишида аён бўлади. Асарда арабча сўз негизида ўзбекча қўшимчалар ёрдамида янги сўзлар ясалган. Бу эса ўзбек тили тарихи лексикасининг ўз ички ресурслари ҳисобига бойишига хизмат қилади. Масалан: «Ниёз рафъидин сўнгра эълом улким, бу учурда ул соридин келганларнинг каломлари фаҳвосидин ва паёмлари адосидин андоқ маълум бўлдиким, табъингизда даврон ҳаводисидин жузъий заъф ва озоре, мизожингиз­ға замон навойибидин адно ғам ва изтироре воқеъ эркин бўлғай».

(Мазмуни: Ўтинч ва илтижодин сўнгра маълум қилинадиким, бу вақтда у томондан келганларнинг сўзлари мазмунидан ва хабарлари баёнидан шу нарса маълум бўлдики, табиатингизда даврон ҳодисаларидин бир оз беҳоллик ва озор пайдо бўлган бўлса-да, ташвиш бўлмагай ва бирон тараддуд юзланмагай.)

Юқорида келтирилган матнда рафъ+и+дин(илтижодан), калом+лар+и(сўзлари), фаҳво+си+дин (мазмунидан), мизож+инг+ин+ға(танангизда), навойиб+и+дин (ҳодисаларидан) каби арабча сўзлар эски ўзбек тилидаги -лар кўплик, -и эгалик, -дин чиқиш келишиги, -ингиз кўплик иккинчи шахс-сон қўшимчалари, -ға жўналиш келишиги қўшимчаси кабилар билан бирга келиб, Навоий мактуби мазмун-моҳиятини ўқувчига содда халқ тилида тушунтиради.

Хуллас, Алишер Навоий она тили ривожига халқ орасида юриб, халқ билан юзма-юз, бевосита мактублар орқали мулоқотда бўлиб, сўзлашув тили бойликларини адабий тил лексикаси нормасига киритди.

Зиёдулла Ҳамидов
“Маърифат” газетасидан олинди.