Муҳаммаджон Холбеков. Навоийни жаҳон билади

Алишер Навоий

Ҳазрат Алишер Навоий меросининг жаҳон маданияти тарихидаги ўрнини ҳаққоний баҳолаш учун энг аввало у яратган асарларнинг жаҳон тилларига қилинган таржималари тарихини синчиклаб ўрганиш лозим. Дарвоқе, ўтган асрда таниқли адабиётшунос олимлар Н.И.Конрад, Е.Э.Бертельс, В.М.Жирмунский, А.К.Боровков, В.Зоҳидов, Ҳ.Сулаймонов, Ғ.Каримов, Н.Маллаев, А.Рустамов, А.Қаюмов тадқиқотларида Алишер Навоий меросининг жаҳоний шуҳрати ва ғарб шарқшунослигида ўрганилиш тарихи хусусида айрим маълумотлар берилгани маълум. Аммо шу пайтгача адиб асарларининг жаҳон тилларига қилинган таржималари ва талқинини кенг ёритувчи монографик тадқиқотлар яратилмади. Ушбу мақолада ҳазрат Навоий меросининг Францияда ўрганилиши ва француз тилига таржималари хусусида фикр юритамиз.

Тарихдан маълумки, ХI–XIII асрлар давомида Ғарбий Европа насроний қироллари Рим папаси ҳомийлигида Шарқ мамлакатларига, ислом дунёсига тинимсиз салиб юришлари уюштирганлар. Бу юришлар натижа бермагач, ХIII–ХIV асрлар мўғул босқинидан фойдаланган европалик нас-роний сайёҳлар, монах ва миссионерлар Марказий Осиё бўйлаб то Пекинга қадар катта ҳудудда эмин-эркин юришиб, христиан динини тарғиб қилганлар ва буюк аждодларимиз қаламига мансуб нодир китоб ва қўлёзмаларни ўзлари билан олиб кетганлар. Ниҳоят, ХIV асрнинг сўнгги чорагида жаҳон майдонига чиққан соҳибқирон Амир Темур шижоати ва зафарли юришлари туфайли 1402 йилда Шарқ ва Ғарб иқлимида тотувлик ўрнатилди, насроний ва мусулмон дунёси ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланди. Натижада ислом маданиятининг даҳолари бўлган Ибн Сино, Ибн Рушд, ал-Фарғоний, ал-Беруний, ал-Хоразмий ва антик дунё олимлари Платон, Гиппократ, Аристотел, Птолемей асарлари араб ва лотин тилларида ғарб оламига кириб борди. Европанинг Болония, Сорбонна, Кембриж, Оксфорд, Лейден каби йирик университетларида юқоридаги олимларнинг асарлари асосий дарслик тариқасида кенг ўрганила бошланди.

Қадим юнон ва рим ҳамда ислом маданияти таъсирида дастлаб ХIV асрда Италияда, XV–XVII асрларда Испания, Франция, Англия ва Германия каби ғарб мамлакатларида Ренессанс (Уйғониш) маданияти юзага келди ва равнақ топди. Қолаверса, буюк Дантенинг “Илоҳий комедия”си, Макиавеллининг “Ҳукмдор”, Боккачонинг “Декамерон”, Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл”, Сервантеснинг “Дон Кихот”, Марлонинг “Буюк Темур” сингари шоҳ асарларида шарқона мавзу ва фалсафа эътироф этилгани фикримизга асосдир. Энг муҳими, бу даврда дастлаб Франция ва Англияда шарқшунослик мактаблари юзага келди.

Масалан, Францияда қирол Людовик XIV (Қуёш қирол – М.Х) ва унинг бош вазири Колбер замонида илм-фан, адабиёт ва санъат жуда тараққий этди. Шахсан бош вазир Колбернинг ташаббуси билан Византия, Константинопол, Толедо, Севилия шаҳарларидаги бой кутубхоналар сотиб олиниб, Прижга келтирилди. Даст-лаб Қироллик кутубхонаси, кейинчалик Миллий кутубхона номини олган бу масканда XVII асрнинг ўрталарида йирик шарқшунослик мактаби барпо этилди. Шу мактабнинг биринчи қалдирғочлари Бартоломе д’Ербело де Моленвиль (1625–1695) ва Франсуа де Бернье (1620–1688)лар бош вазир Колбер томонидан икки тарафга, биринчиси Византияга қадар, иккинчиси Ҳиндистонга қадар бўлган шарқ мамлакатларига сафарбар этилган эдилар. Бу сафар таассуротлари натижаси ўлароқ, Бартоломе д’Ербелонинг “Шарқ кутубхонаси” ва Берньенинг “Буюк мўғулларнинг сўнгги давлат тўнтарилиши тарихи” китоблари юзага келди.

Шарқ халқлари ҳаёти, тарихи ва маданиятини кенг ёритувчи Бартоломе д’Ербелонинг “Шарқ кутубхонаси” (La Bibliotheque orientale) қомусий китоби тез орада нафақат Францияда, балки бутун Европада шуҳрат қозонди. Мазкур қомусдаги Марказий Осиё халқлари, соҳибқирон Амир Темур ва унинг буюк империяси, Шоҳрух ва Улуғбек давлати ҳақидаги мақолалар билан бир қаторда, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, ал-Хоразмий, Ибн Рушд каби буюк шарқ алломалари ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган саҳифалар ўқувчини ўзига жалб этади. Қомусда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик сиймолари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди хусусида ҳам илк маълумотлар бериб ўтилган эди. Масалан, китобнинг 99-саҳифасидаги “Алишер” (“Alicher”) номли мақолада ҳазрат Навоий тўғрисида қуйидагича таъриф келтирилади: “Алишер, ёки Мир Алишер Навоий деб аташади. Бу ном “Али” ва “Шер” сўзларидан таркиб топгандир… Алишер Хуросонда вазир бўлиб жуда катта обрў-эътибор қозонган. У йирик олим ва ширинсухан шахс бўлган. Ҳирот шаҳрида ўзининг бой кутубхонасини яратган ва унга шогирди тарихчи Хондамирни мутасадди этиб тайинлаган”.

Қомуснинг 661-саҳифасидаги “Навоий” (“Nevai”) сарлавҳаси остида берилган мақолада ушбу сатрларни ўқиймиз: “Навоий, бу Низомиддин Мир Алишернинг тахаллуси бўлиб, Амир Темур авлодидан бўлган шаҳзода Мирзо Султон Ҳусайннинг вазири эди. Навоий ҳам туркийда, ҳам форсийда ажойиб шеърлар ёзган. Унинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, Садди Искандарий” ва “Сабъаи сайёр” достонлари бор. Бундан ташқари, у тўртта девон ёзиб қолдирган. Улар “Ғаройиб-ус-сиғар”, “Наводир-уш-шабоб”, “Бадойи-ул-васат”, “Фаво-йид-ул-кибар” деб номланиб, болаларга, ўсмирларга, ўрта ёшдаги кишиларга ва кексаларга аталгандир. Навоий 906 ёки 912 ҳижрий йилида вафот этган”.

Бу мақолада француз ўқувчиси илк даъфа ҳазрат Навоий “Хамса”сидаги достонларнинг, шоир қаламига мансуб тўртта девоннинг номи билан танишмоқда. Тўғри, Бартоломе д’Ербело мақоласида “Хамса”нинг биринчи достони “Ҳайрат-ул-аброр” ҳамда “Хазойин-ул-маоний” девонининг номлари тушириб қолдирилган. Шунингдек, олимнинг шоир девонлари ҳақида билдирган фикрлари ҳам бирёқлама айтилган. Шоир вафотини кўрсатувчи иккинчи сана ҳам тўғри келтирилган. Бу камчиликларни ҳисобга олмаганда, Бартоломе д’Ербело қомусидаги ушбу мақолалар Алишер Навоий ижоди билан француз жамоатчилигини XVII асрда илк таништирган манба сифатида қимматлидир.

XVIII асрга келиб, Ғарбий Европа, жумладан Францияда филоориентализм (шарқни севиш ва ўрганиш – М.Х.) тамойили фан ва маданиятни феодализм тажовузи ва диний жаҳолатдан ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнади. Француз маърифатпарвар адиблари Монтескьё ўзининг “Форс мактублари”, Волтер “Шарқ қиссалари”, Дидро “Бевафо жавоҳирлар” каби асарларида шарқона сюжетларни асосий мактуб қилиб оладилар. Бу анъ-ана, айниқса, Волтернинг фалсафий қиссаларида яққол кўзга ташланади. Масалан, шарқ фольклори, мифологияси ва адабиётини яхши билган ёзувчи, ўзининг “Задиг ёки тақдир” (“Zadig ou Destinee”) қиссасидаги “Ит ва от” (“Le chien et le cheval”) боби мазмунини табризлик Христофор Арманийнинг ғарбда машҳур бўлган “Сарандип подшоси уч ўғлининг саргузаштлари” (1557) номли асаридан олгани ўша даврда илмий жамоатчиликка маълум бўлган. Қисса нашр қилингандан сўнг, ҳатто Волтернинг замондоши, танқидчи Фрерон адибни кўчирмачиликда айблаган ҳам эди. Шарқшунос Е.Э.Бертельснинг ёзишича, Христофор Арманий ҳам ўз китобига бу сюжетни Алишер Навоийнинг “Хамса”сига кирувчи “Сабъаи сайёр” достонидаги ҳикоятдан эркин таржима қилиб олган экан (Бертельс Е.Э. Навои. Опыт творческой биографии. –М. – Л., 1948,с.79).

XVIII аср давомида тарихий манбаларни тўплаш ва шарқ мамлакатларидан олиб келинган ноёб қўлёзмаларнинг ортиб бориши Францияда шарқшунослик илмининг кейинги ривожига катта замин ҳозирлади. Аср охирига келиб, Париж ғарб шарқшунослигининг марказларидан бирига айланади. 1795 йилда бу ерда “Шарқ жонли тиллари мактаби” (“L’Ecole des Langues vivantes orientales”) очилади. 1821 йилда “Осиё жамияти” (“La Societe asiatique”) ташкил топади. 1823 йилда шу жамиятнинг органи – “Осиё журнали” чоп этила бошлайди. Бу даврда С. де Саси, А.Ж.Клопрот, Э.Катремер, А.Ремюзо, Ф.А.Белен каби шарқшунос олимлар туркий адабиёт намуналарини ўрганиш ва таржима қилиш билан машғул бўлдилар. Айниқса, улар ўзбек адабиётининг буюк намояндалари ҳазрат Навоий ва шоҳ Бобур ижодини ўрганишга алоҳида эътибор бердилар. Масалан, таниқли шарқшунос олим Силвестр де Саси (1758–1838) тадқиқотларида Алишер Навоий меросини ўрганишга катта ўрин ажратади.

Алишер Навоий ижодини Францияда тарғиб қилиш ва ўрганишга “Француз коллежи” (“Сollege de France”) нинг профессори Этйен Катремер (1782–1857) катта ҳисса қўшди. Э.Катремер 1841 йил ўзининг “Шарқий турк адабиёти хрестоматияси” (“Сhrestoma-thie en turk orientale”,. Paris, 1841) номли китобини нашр эттиради. Мазкур хрестоматиянинг жилдида қуйидаги ёзувларни ўқиймиз:

“Шарқий турк адабиёти хрестоматияси. Амир Алишер Навоий асарлари, султон Бобур эсдаликларидан парчалар”, “Меърожнома”, “Тазкират-ул-авлиё” ва “Бахтиёрнома” китобларидан олинган бобларни ўз ичига олади. Ундаги Алишер Навоий ҳаётига доир мақола, шунингдек, китобдаги грамматик, фалсафий ва бошқа изоҳлар Э.Катремер тарафидан ёзилган”.

XIX аср ўрталарига келиб, Алишер Навоий ижодини кенг қамровда тад-қиқ қилиш, асарларини таржима ва таҳлил этиш, француз шарқшунослигида янгича босқичга кўтарилди. Бу йилларда француз шарқшуноси Франсуа-Алфон Белен (1817 – 1877) ҳазрат Навоий ижодини чуқур ўрганиб, йирик тадқиқотлар йиғади. Белен ёшлигидан Француз коллежи ва Шарқ жонли тиллар мактабида С.де Саси, Ж.Ж.Марсель, Э.Катремер каби олимлардан сабоқ олиб, форс, араб ва туркий тилларни ўрганади. У дастлаб қирол саройида таржимон, кейинчалик эса Франциянинг Қоҳирадаги элчихонасида таржимон-котиб, 1852 йилдан эса Константинополдаги элчихонада таржимон-котиб вазифасида ишлайди. 1868 йилдан то умрининг охирига қадар шу элчихонанинг бош консули лавозимида хизмат қилади.

Франсуа Белен ўзининг Мисрга қилган саёҳати пайтида Навоий “Куллиёт”ини қўлга киритади. Мазкур “Куллиёт” 1649 йил (ҳижрий 1059 йил)да Машҳадда кўчирилган бўлиб, Беленнинг таъкидлашича, у Париждаги Миллий кутубхонада сақланаётган ва 1526 йил (ҳижрий 930–933) Ҳиротда кўчирилган нусхадек мукаммал бўлмаган. Белен Навоийнинг бу икки “Куллиёти” ҳамда Хондамир, Шарафиддин Али Яздий, Давлатшоҳ Самарқандий ва Сом Мирзоларнинг Париждаги Миллий кутубхонада сақланаётган асарлари, шунингдек, С. де Саси, Э.Катремер, Ш.Шефер, Б. де Мейнар каби француз шарқшуносининг Шарқ халқлари тарихи, маданияти ва адабиётига бағишланган илмий тадқиқотларига таяниб, адиб ижодини ўрганиш ва тадқиқ қилишга киришади.

1861 йил “Осиё журнали”нинг феврал-март ва апрел-май саналарида жаноб Беленнинг “Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодидан лавҳалар” (“Notice biographique et litteraires sur Mir Alicher Nevai”) номли биринчи тадқиқоти босилиб чиқади. Мазкур тадқиқот икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида атрофлича фикр юритилган. Иккинчи қисмида эса, мунаққид Навоий “Куллиёт”идаги “Мажолис-ун-нафоис” ва “Хамсат-ул-мутахаййирин” асарларидан парчалар келтириб, уларни француз тилига таржима қилади ва изоҳлар ёзади. Масалан, журналнинг 300–357-саҳифаларидан ўрин олган “Хамсат-ул-мутахаййирин”нинг французча таржимасига 150 дан ортиқ изоҳ ёзилган. Муаллифнинг таъкидлашича, у таржимани асарнинг Миллий кутубхонада сақланаётган қўлёзмасидан француз тилига ўгирган. Французча матни кўпроқ илмий услуб касб этади. Таржимон асардаги образли иборалар, мақол, матал ва ҳикматларни аслият мазмунига монанд ўгиришга ҳаракат қилган.

1868 йили “Осиё журнали”нинг XVII–XVIII жилдида Беленнинг “Шарқ донолари” рукнида Мир Алишер Навоийнинг фазилатлари, эстетик ва фалсафий қарашлари (“Caracteres, maximes et pensees de Mir-Ali-Chir Nevai”) номли иккинчи тадқиқоти эълон қилинади. Тадқиқотнинг дастлабки саккиз саҳифаси “Маҳбуб-ул-қулуб” асари таҳлилига бағишланган. Қолган эллик саҳифа мазкур китобнинг французча таржимаси ва унга ёзилган изоҳлардан иборат. Белен асарни тўлиқ таржима қилмаган, балки ўзига маъқул бобларнигина француз тилига ўгирган. Мазкур таржималарнинг асосий фазилати, уларга ёзилган 90 дан ортиқ изоҳда кўринади. Бу ерда ҳам таржима матни илмий услубга яқиндир.

Ф.А.Белен “Маҳбуб-ул-қулуб” асари устида олиб борган тадқиқотини яна давом эттиради ва 1872 йил турк олими Аҳмад Вофиқ афанди билан ҳамкорликда унинг матнини нашр қилдиради. Мазкур нашр ҳақида “Осиё журнали”нинг 1874 йил 3-жилдида профессор Паве де Куртейлнинг ижобий тақризи босилиб чиққан.

Француз олими юқоридаги тадқиқотларида Алишер Навоийнинг ўз замонасида тутган мавқеини, шоирлик маҳоратини тўғри баҳолаб, “Навоий туркий тилдан усталик билан фойдаланиб, унинг бойлигини фавқулодда кенг кўламда намойиш этиш билан чинакамига ватанпарварлик намунасини кўрсатди”, деб ёзади. Бироқ, Белен Навоий ижодини, унинг шоҳ асари “Хамса”нинг ҳақиқий қимматини тўғри баҳолай олмади. Профессор Е.Э.Бертельс таъкидлаганидек, “икки нотўғри фикр Белен томонидан енгил-елпи баён қилинган эди: биринчиси, султон Ҳусайн ва Навоий ўртасидаги дўстликни ҳаддан ортиқ идеаллаштириб кўрсатилиши, иккинчиси, шоир ижодининг бутунлигича тақлидчилик тариқасида баҳоланишидир” (Е.Э.Бертельс. Навои. Опыт творческой биографии.–М., 1948.– с.48).

Дарвоқе, Беленнинг ёзишича “Навоий ўз даврининг етук олими ва шоири Хисрав Деҳлавий, Низомий ҳамда Жомийларнинг таржимони эди. Уларга тақлид қилишдан (“imiter”), уларни бадиий ижодда раҳнамо деб билишдан фахрланарди”. (M.Belin. Notice biograchique…, p.222). Белен тарафидан айтилган бу хато фикр, таниқли шарқшунос, профессор А.К.Боровков томонидан ҳам танқид қилинади (қаранг: А.К.Боровков. Изучение жизни и творчества Алишера Навои. // Родоначальник узбекской литературы. Ташкент, 1940, с.19-20). Бу камчиликлардан қатъи назар, Белен тадқиқотлари Европа шарқшунослик илмида то XX аср ўрталарига қадар етакчи ўринни эгаллаб келди.

Ҳазрат Навоий меросини ўрганиш ўтган ХХ асрда ҳам француз шарқшуносларининг диққат-эътиборида бўлди. Масалан, 1900 йилда нашр этилган Ш.Шефернинг “Араб, форс ва туркий тиллардаги қўлёзмалар мажмуаси каталоги”да Алишер Навоий қаламига мансуб асарларнинг 16 та қўлёзма нусхаси келтириб ўтилган (қаранг: Холбеков М. Парижнинг Миллий кутубхонасида сақланаётган шарқ қўлёзмалари каталоги. // Ўзбек тили ва адабиёти, 1985.5-сон.) Э.Блошенинг “Миллий кутубхонада сақланаётган туркий қўлёзмалар каталоги” (“Les enluminures de manuscrit orientaux de la Bibliotheque National. Paris” 1926) мақоласида эса адиб асарларининг 35 та қўлёзма нусхаси тавсиф этилади. Э.Блоше ҳам Навоий ижодини баҳолашда Белен фикрига таяниб, адибни форс-тожик адабиётининг тақлидчиси, деган тўхтамга келади. Бу даврда ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш билан шарқшунос Люсйен Бува (1872–1942) ҳам жиддий шуғулланди. У 1902 йил Парижда бўлиб ўтган шарқшунослар анжуманида Навоийнинг “Муҳокамат-ул-луғатайн” асарининг янги топилган қўлёзмаси хусусида маъруза қилади. 1926 йил “Осиё журнали”да унинг “Темурийлар даври маданияти ҳақида рисола” (“Essai sur la Civilisation timouride”) номли тадқиқоти босилиб чиқади. Люсйен Бува ушбу тадқиқотида темурийлар даври фани, маданияти, санъати ва адабиётига тўхталиб ўтаркан, бу даврда яшаб ижод этган форс-тожик ва туркигўй шоирлар ижодини ёритишга ҳам ҳаракат қилган. Масалан, ҳазрат Навоий Бува таърифида ҳам олий унвонлару мансабга интилмаган камтарин ҳамда ватанпарвар шахс қиёфасида талқин этилади. Шунингдек, шоир ўз устозлари Хисрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий ва Абдураҳмон Жомийлар салоҳиятини ҳурмат қилгани, ўзининг “Мажолис-ун-нафоис” асарида улар ижодига юкаск баҳо бериб ўтганлиги француз шарқшуносининг назаридан четда қолмаган. Афсуски, Бува ҳам ҳазрат Навоий ижодига, асарларининг ғоявий-бадиий қимматига тўғри баҳо беролмади. У Навоийнинг “Маҳбуб-ул-қулуб” асарини Носир Хисравнинг “Саодатнома”, “Лисон-ут-тайр”ни Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ-ут-тайр” асарларининг тақлиди ва таржимаси, “Ҳайрат-ул аброр”ни эса турли форсий манбалардан олинган мажмуадир, дея исботлашга уринди. Люсйен Бува ушбу рисоласини ҳеч ўзгаришсиз 1927 йилда нашр эттирган “Мўғул империяси” (“Histoire du monde. Tome VIII. L’Impire mongol. Paris, 1927”) номли монографиясига ҳам киритади. Академик В.В.Бартольд бу китобга ёзган тақризида, Буванинг Темур ва темурийлар сулоласи тарихини ёритишга илмий ёндошмаганини, фақат Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий, Навоий ва Бобур асарларигагина таяниб қолганини, оқибатда Султон Ҳусайн ҳукмронлиги ҳақида ҳам, Мир Алишер Навоий мероси хусусида ҳам маълум бир тўлақонли тасаввур бера олмаганини танқид қилиб ўтади (Қаранг: В.В.Бартольд. Сочинение. Том 9, с.557-560).

Француз адабиётшунослигида Алишер Навоий ижодига ҳаққоний баҳони машҳур адиб Луи Арагон (Louis Aragon – 1897–1982) бериб ўтди. У ўзининг 1955 йилда нашр қилинган “Совет адабиёти” (“Lettres sovietiques”) монографиясида собиқ Иттифоқ халқ-лари адабиёти хусусида фикр юритаркан, ҳар бир ёзувчи фаолиятини ўз халқи тарихи ва маданияти билан бевосита талқин қилишга уринади. Таниқли француз адабиётшуноси Жан Фревиль сўзи билан айтганда, Арагон “бу китоби билан французларга ҳали маълум бўлмаган бир қатор миллат ва элатлар маданиятига эшик очиб берган эди”. Масалан, китобнинг 95–97-бетларидан ўрин олган “Навоий” номли боб қуйидаги сатрлар билан бошланади: “Ўзбекистон ҳақида сўз юритганда – бу ўлканинг Алишер Навоий ватани экани беихтиёр ёдимизга тушади. Бугун бу Республика пахта макони, пойтахти Тошкент боғу-роғларга бурканган шаҳардир” (Л.Арагон. Навоий. Шарқ юлдузи, 1987.4-сон, М.Холбеков таржимаси).

Луи Арагон Навоий яшаган даврда Марказий Осиё ҳудудида ҳали темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилгани, Самарқанд ва Ҳирот каби шаҳарларда илм-фан тараққий этиб, шоир улардан баҳраманд бўлганлигини таъкидлаб ўтади. Арагон ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида аниқ маълумотларни келтираркан, ўз рисоласини ёзишда профессор Е.Э.Бертельс, М.Ойбек ва Ғафур Ғуломнинг шоир ҳақидаги мақолаларидан фойдаланганини ҳам алоҳида таъкидлайди.

“Навоий, – деб ёзади Л.Арагон, – Саъдий ва Аттор шеърияти, айниқса, ХХII асрда яшаб ижод қилган озарбайжон шоири Низомий Ганжавий изидан бориб, унинг “Хамса”си анъ-аналарини давом эттиради. Айнан шу ҳодиса француз ўрта аср адабиёти (Критйен де Труа) дан то ренессанс даври (Пйер Ронсар) гача бўлган адиблар ижодида ҳам кечган эди”. Арагон китобида Навоий ижоди ҳақидаги фикрини давом эттираркан, яна ёзади: “Навоий ўзининг “Фарҳод ва Ширин” достони мазмунини Низомийнинг “Хисрав ва Ширин” достони сюжетидан олади. Бироқ адиб уни ўз она тилида, яъни туркийда битади. Туркий тилнинг нозик хислатларини унда намоён этади”. Рисола давомида муаллиф Навоийнинг соф туркийда оригинал асарлар яратганлигини яна бир карра тасдиқлаш ва ўз ўқувчисига етказиш мақсадида “Фарҳод ва Ширин” достонидаги ушбу сатрлар билан бошланувчи шеърий парчани французча таржимада келтириб ҳам ўтади:

Деёлмасманки Хисрав ёки Низомий,
Ва ё назм аҳлининг сархайли Жомий…

Moi je ne suis ni Khosrav, ni Nizami le sage,
Ni le cheikn des poetes d’aujour d’hui, Djami…

Луи Арагон Навоий ҳазратларининг давлат арбоби, маданият ҳомийси сифатида муҳим тарихий хизматларини алоҳида таъкидлаган. Масалан, унинг вазирлик лавозимида эл-юрт фаровонлиги, халқ осойишталиги йўлидаги фаолиятига қуйидагича таъриф беради: “Навоий вазир лавозимида фуқаронинг истаги ва талабини қондиришга интилган халқпарвар шахс эди”.

Луи Арагон кейинчалик ҳам ўз ижодида шарқ халқлари адабиётига, жумладан, Низомий, Деҳлавий, Ҳофиз, Жомий ва Навоий ижодига ҳурмат билан қаради, айниқса, ўз шеъриятида шарқона анъаналардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Масалан, шоирнинг 1963 йилда босилиб чиққан “Мажнун Эльза” (“Le Fou d’Elsa. Poemes”) мажмуасига кирган шеърларида шарқона поэтик тасвирнинг французча матн мазмунига нақадар уйғунлашиб кетганини кузатамиз. Арагон ушбу китобидаги лирик қаҳрамон Эльзани (рафиқаси шоира Эльза Триоле. 1896–1970-М.Х) шарқ классиклари қаламига мансуб “Лайли ва Мажнун” достонидаги Қайснинг севгилиси Лайлига ўхшатаркан, уни ўз ишқига муносиб соҳибжамол-париваш қиёфасида тасвирлашга ҳаракат қилади.

Ҳазрат Навоий мероси билан француз ўқувчиларини яқиндан таништиришда ХХ аср француз қомусларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Масалан. 1960–1964 йилларда чоп қилинган ўн жилд-лик “Катта Ларусс қомуси” (Grand Larousse Encyclophedique)нинг еттинчи китобидаги “Навоий” (Мир-Али-Шер) номли мақолада шоирнинг ҳаёт йўли ва ижоди тўғри ёритилган. Бироқ қомусда келтирилган маълумотлар ўқувчига Навоий ижоди ҳақида тўлиқ тасаввур беролмайди. Сабаби, бу мақолада адиб меросининг асосини ташкил қилувчи “Хамса”га кирган достонлар ва “Хазойин-ул-маоний” девони умуман тилга олинмаган.

Ўтган аср француз адабиётшунослигида яратилган нуфузли манбалардан бири ҳисобланган уч жилдлик “Адабиёт қомуси” (“Dictionnaire des litteratures”. -Paris, 1968) нинг иккинчи жилдидаги “Навоий (Али-Шер, 1540–1600)” мақоласи ҳам диққатимизни ўзига жалб этади. Мақолада қуйидагиларни ўқиймиз: “Навоий туркий тилда “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларини, туркийгўй шоирлар таржимаи ҳолини ёритувчи “Мажолис-ун-нафоис” асарини ёзди. “Мезон-ул-авзон” асарида туркий тилда шеър битишнинг қонун-қоидалари хусусида баҳс юритади. Машҳур “Муҳокамат-ул-луғатайн”да эса туркий тилнинг бебаҳо бойлиги ва ширинзабонлигини исботлаб берди”. Ушбу маълумотлардан кўринадики, “Адабиёт қомуси”даги бу мақола “Катта Ларусс луғати”дагига қараганда шоир мероси ҳақида бирмунча кенг тасаввур беради. Бироқ, мақолада адибнинг таваллуд ва вафотини билдирувчи саналар нотўғри кўрсатилган. Шунингдек, шоир қаламига мансуб “Хамса”даги “Ҳайрат-ул-аброр”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” достонлари, “Хазойин-ул-маоний” девони хусусида ҳеч нарса дейилмаган.

Яна бир эътиборли манба, бу таниқли француз олими ва шоири Ремон Кено муҳаррирлигида нашр қилинган икки жилдлик “Плеяда қомуси” (“Encyclopedie de la Pleiade. Histoire des Litteratures”.– Paris, 1956.) бўлиб, унинг биринчи жилдидаги М.Тальбо қаламига мансуб “Туркий халқлар адабиёти” бобида Алишер Навоий ижодига анча кенг ўрин берилган. М.Тальбо мақолани ёзишда ўз ватандошлари Ф.А.Белен ва Л.Бува тадқиқотларидан фойдалангани сезилиб туради. Чунки у келтирган маълумот ва таърифлар юқоридаги муаллифлар айтиб ўтган фикрларга жуда яқин. Мақолани ўқир эканмиз, ҳатто баъзи ўринларда муаллиф Л.Бува айтган нотўғри фикрларни ҳам тўғридан-тўғри кўчириб олганига шоҳид бўламиз. Бир ўринда у ёзади: “Навоий форсийда битилган диний-мистик асарларни таржима қилди ва уларга тақлидан асарлар ёзди. Масалан, “Маҳбуб-ул қулуб” асарини бунга мисол қилиб келтириш мумкин”. Мазкур мисоллар ўтган асрда ҳам айрим француз олимлари Навоий ижодини изчил ўрганиш ўрнига аввалги нотўғри фикрларни такрорлаш йўлидан борганлигини кўрсатади.

Ўтган асрнинг сўнги йилларида, франциялик ижодкорларнинг ҳазрат Навоий меросига, умуман, ўзбек шеъриятига бўлган қизиқиши ортди. Шу ўринда Парижда чиқадиган эътиборли журналлардан бири “Action poetique” (“Шеърий ҳаракат”) нинг саъй-ҳаракатларини таъкидлаб ўтиш жоиз. 1989–1990 йилларда ушбу журналнинг икки сони ўзбек шеъриятига бағишланди. 1990 йилда эса “Ўзбек ғазали” (Actio poetique: Ghazale ouzbeks.-Paris, 1990, n121) сарлавҳаси остида махсус сони босилиб чиқди. Унда Хожа Аҳмад Яссавий, Лутфий, Ҳусайний, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Бобораҳим Машраб, Нодирабегим, Огаҳий, Увайсий, Фазлий ва Маҳзуна каби мумтоз шоирларимиз ижодидан намуналар берилди. Ғазалларни француз тилига истеъдодли шоир Жан-Пйер Бальф юксак маҳорат билан ўгирган. Масалан, ҳазрат Навоийнинг “Қаро кўзим” радифли ғазалининг биринчи тўртлигини таржима билан солиштирганимизда бунга амин бўламиз.

Француз шоири Жан-Пйер Бальф ҳазрат Навоий шеъриятидан ўгирган таржималарини алоҳида китоб қилиб, шоир таваллудининг 550 йиллик юбилейига совға сифатида чоп эттирди. Париждаги нуфузли нашриётлардан саналмиш “Ла диферанс” китоб уйи 1991 йилда Навоий шеърияти мажмуасини “Ғазаллар ва бошқа поэмалар” (Alicher Navoi. Gazels et auteres poems.-Paris: Orphee/La Difference, 1991-127p.) номи остида чоп этди. Энг муҳими, тўплам матни икки тилда, яъни аслият (араб имлосида) ва французча таржималари билан ёнма-ён берилган. Бу француз ўқувчисига ҳазрат Навоий шеъриятини бир пайтнинг ўзида ҳам аслида, ҳам таржимада ўқиш имконини яратган.

Франциялик олимлар ва ноширлар йирик қомусларда Алишер Навоийни тарғиб қилишга кенг ўрин бермоқдалар. Шу ўринда, франциялик таниқли тилшунос олим, ҳозирда Тошкентдаги Марказий Осиёни ўрганиш француз институтининг директори доктор Реми Дор жанобларининг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Доктор Рем Луи Базен, Жан-Поль Ру, Бакье-Граммонлар қаторида танилган, туркий тиллар бўйича йирик тадқиқотлар яратган олимдир. Унинг Ватанимизда яшаб, ўзбек тили ва маданияти тарихига бағишланган тадқиқотлар яратаётгани қувончлидир. Бевосита олим раҳбарлигида французча-ўзбекча ва ўзбекча-французча луғатлар нашр қилинди. У ҳазрат Навоий меросини, жумладан шоирнинг “Муфрадот” рисоласини чуқур таҳлил қилиб, муаммо жанрининг ечимига бағишланган “Алишер Навоий муаммолари” (Париж, 2006) номли тадқи-қотини нашр эттирди. Олимнинг бу монографияси француз шарқшунослик илмининг катта ютуқларидан биридир.

Муҳаммаджон Холбеков, филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон