Муҳаммад Ҳалим Ёрқин. Низомий Ганжавийнинг туркий девони

http://n.ziyouz.com/images/nizomiy.jpg

Буюк шоир ҳаким Низомий Ганжавий ҳижрий-қамарий VI асрда яшаб ўтган. У чамаси ҳижрий 530 йили Озарбойжоннинг Ганжа шаҳрида туғилиб, вояга етди ва бутун умри бўйи ўша ерда яшаб, ижод этиб, дунёдан ўтди. Низомий шеъриятда хамсачиликни бошлаб берган буюк сўз устози саналади.

Низомий Ганжавий туркдир. Чунончи, у ўз замонида она тили бўлмиш туркийга эътибор берилмаганлигидан шундай шикоят қилган эди:

Туркийамро дарин ҳабаш нахаран,
Ложарам дуғбойи хуш нахуран.

(Мазмуни: Туркийда битган ­матойим(шеърим)ни бу қадрига етмайдиганлар сотиб олмаслар, зотан, улар мазали дуғбой (таом) емаслар.)

Бу байтдан Низомийнинг она тили туркий эканлиги билиниб турибди.

Форс адабиёти манбаларида ­Низомийнинг асосан форсча шеърлари ҳақида сўз юритилиб, унинг туркий шеърлари бор-йўқлиги ҳақида ҳеч қандай сўз айтилмаган ёки ишора қилинмаган! Биз ушбу ­мақолада Низомий Ганжавийнинг туркий девони ва шеърлари ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Миср мамлакати Қоҳира шаҳрининг “Дарб ул-мажомир” саройидаги “Ҳадивия” номли машҳур китобхонада жуда ноёб қадимий қўлёзмалар сақланади. Китобхона масъули Али афанди Ҳилмий Доғистоний китобхонанинг форсий ва туркий қўлёзма асарлари каталогини тузиб, уни ҳижрий 1306 йили Миср ал-Қоҳира Усмония босмахонасида чоп этган эди.

Нашр этилган каталогда қўлёзмаларнинг илм ул-адаб ул-форсий бўлимида Али афанди Ҳилмий бир тўплам ҳақида сўз юритган. Бу тўплам олти айри асардан иборат: 1. Девони Низомий; 2. Девони Ҳотифий; 3. Девони Масъуд; 4. Девони Ҳотамий; 5. Девони Фатҳий ва 6. Бир форсча манзум рисола.

Олим тўпламдаги “Низомий девони” ҳақида шундай ёзган: “Девони Низомий таълиф ул-мавло Низомиддин бин Муҳаммад Жамолиддин Юсуф бин муаййид ул-Ганжавий ул-увайсий, вафот йили ҳижрий-қамарий 597… таълиқ хати ила Пираҳмад бин Искандар, ёзилиши санаси ҳижрий-қамарий 923. У турк тилидадир”.

Бу билан Али афанди тўпламдаги “Низомий девони”ни буюк шоир Низомий Ганжавийнинг туркча девони деб қайд этган. Кейинлари Низомий Ганжавийнинг ушбу туркча девони ҳақида сўз юритган барча олимлар, асосан, Али афандининг ана шу қисқа эслатмаси асосида сўз юритганлар. Бироқ унинг шеърларининг ҳажми ва хусусияти ҳақида деярли маълумот бермаганлар.

Эронлик олим доктор Ҳусайн Файзуллоҳи Воҳид ҳижрий 1370/1991 йили Табризда нашр этган Низомийнинг форсча девони муқаддимасида шоирнинг туркий шеърлари ҳақида ҳам тўхталиб, жумладан, Али афанди каталогидаги қисқа маълумотни биринчи бўлиб Эрон матбуотида нашр қилди. Кейин бошқа олимлар ҳам шоирнинг туркий шеърлари борлигини айнан Ҳусайн Файзуллоҳи Воҳид маълумот ва мулоҳазалари асосида айтганлар. Жумладан, эронлик олим Муҳаммад Раҳмонийфар ўзининг “Нигоҳий навин ба таърихи дерини туркҳои Эрон”(Эрон туркларининг қадим тарихига бир янги қараш) отли китобида Низомийнинг туркий шеърлари борлиги ҳақида сўзлаб, каталогдаги маълумотни ҳам нашр этди. (Бешинчи нашр, Теҳрон, 1387(2008) йил, 157-бет).

Ниҳоят, эронлик олим Садёр Вазифа(Эл ўғлу) ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан Қоҳиранинг “Ҳадивия” китобхонасидаги Низомий туркий девони қўлёзмасининг фотонусхаси қўлга киритилиб, унинг иҳтимоми билан ҳижрий 1381/милодий 2003 йили Теҳронда “Андишаи нав” нашриётида биринчи қатла чоп этилди. Китобга таниқли турколог олим доктор Ҳусайн Муҳаммадзода Сидиқ чуқур илмий муқаддима ёзган. Мазкур муқаддимада Низомий девонидаги шеърлар ва унга тегишли бошқа мавзулар ҳақида кенг маълумот берилган.

Низомийнинг туркий девони нашр бўлиши биланоқ бир қанча олимлар турли фикр-мулоҳазаларини Эрон матбуотида билдира бошладилар.

Озарбойжонлик бир олим (афсуски, менга юборилган фотонусхада у кишининг оти йўқ!) ушбу девонни Садёр Вазифанинг нашри ҳамда хоним доктор Фахртож Фахрий дизи орқали қўлга киритган “Ҳадивия” қўлёзмасининг фотонусхаси асосида милодий 2006 йили Бокудаги “Нурлар” нашриётида чоп этди.

Биз Теҳронда араб ёзувида босилиб чиққан Низомийнинг туркий девонини, ўта ноёблиги боис, афсуски, қўлга киритаолмадик. Бироқ ҳурматли дўстим, устоз Муҳаммадзода Сидиқ жаноблари ўта лутф ила, илтимосимга кўра, лотин ёзувида босилган Боку нашри фотонусхасини менга юбордилар. Мен у кишига чуқур миннатдорлик билдираман.

Низомийнинг туркий девони ҳақидаги барча маълумотларни ана шу Боку нашридан фойдаланиб берамиз.

Бокуда чоп этилган Низомий Ганжавийга мансуб ушбу туркий девоннинг мундарижаси:

Кириш сўз (3 — 4-бетлар). Бунда турли манбалар асосида Низомийнинг туғилган ва вафот саналари, оти, лақаби ва аждодлари, яшаган ери, оиласи ва асарлари ҳақида маълумот берилган.

Девони Низомий ҳақида мулоҳазалар (5 — 7-бетлар). Бу бўлимда Саид Нафисий фикрича, Низомийнинг барча шеърлари 20000 байтли девони (форсчаси, албатта — Ҳ.Ё.) борлиги эсланган. Али афандининг маълумоти келтирилиб, девон нусхасидан бир бет ўрнак босилган ва Низомийнинг туркий девони борлиги таъкидланган. Қолаверса, Низомий девони билан тўпламдан ўрин олган олтита асарнинг номи ҳам зикр этилган.

Муҳтамим(нашрга тайёрловчи) Низомийга мансуб ушбу девонни текшириб, ундаги шеърлар “Низомий” тахаллусли икки шоирга тегишли эканини аниқлайди: бири ҳаким Низомий Ганжавий; иккинчиси — Низомий Чалабий Қарамонли.

Унга кўра, тўпламдаги Низомий девони алифбо асосида тартиб қилинган. Биринчи бўлимдаги шеърлар ўзининг тили, услуби, айри-айри унсурлари, қасидалардаги мамдуҳларнинг оти ҳамда Низомий “Хамса”сидан топилган айрим муштарак ўрнакларга кўра бу шеърлар Низомий Ганжавийники эканлигини субут қилади. Аммо девоннинг иккинчи ва учинчи бўлимларидаги шеърлар ҳаким Низомий Ганжавийдан икки аср кейин яшаб ўтган Низомий Қарамонлига тегишлидир.

Чунки: биринчидан, бўлимлардаги айрим шеърлар баъзи тазкираларда Низомий Қарамонли отига қайд этилган; иккинчидан, бу шеърлар ҳаким Низомий Ганжавийнинг шеъри ва туйғулари дунёсидан фарқлидир.

Девони Низомийда тил нормалари (8 — 10-бетлар). Бу бўлимда Низомий девонининг тили “Дада Қурқут” асаридан кейин ўртага келган бир тил маҳсули деган фикр билдирилган ва бир талай эски туркча сўзлар ўрнак сифатида девондан олиб кўрсатилган.

Низомийнинг туркча ва форсча ўхшари, таркиблари (11 — 12-бетлар). Бу бўлимда Низомийнинг “Хамса” ва туркча шеърларида ишлатилган бир хил таркиблар ва ўхшатишлар ўрнак сифатида кўрсатилиб, бу билан “Хамса” ва туркий шеърларнинг шоири бир киши, яъни Низомий Ганжавий эканлиги таъкидланади.

Туркча девонда Низомийнинг мамдуҳлари (13—16-бетлар). Бу бўлимда Низомий ўзининг туркча қасида ва ғазалларида мадҳ этилган олти мамдуҳ танитилган. Табиийки, буларнинг барчаси Низомий Ганжавий билан замондош бўлиб, Низомий Қарамонли замонида бу ҳукмдорлар яшамаган. Мамдуҳлар отларининг ҳар бири Низомийнинг туркча байтида ўрнак сифатида кўрсатилган. Мамдуҳлар оти: 1. Муҳаммадхон (Жаҳон паҳлавон); 2. Жаҳонбахш/Музаффар (Қизил Арслон); 3. Султон Жамол(иддин); 4. Санжар, Туғрул; 5. Мир Аҳмад (Амир Аҳмад) ва 6. Саид (Отабек Саид) — Саидзангий.

Ҳадивия нусхасида саралама неча давом эдар (17—19-бетлар). Бу бўлимда муҳтамим Низомий девонининг тузилишига диққат қилиб, девондаги шеърлар Низомий тахаллусли икки шоирга тегишли эканини аниқлаган. Унингча, агар шеърлар бир кишиники бўлганида эди, унда тузувчи шеърларни уч қатла сараламай, балки бир қатлагина саралаб, тузиши керак эди! Шу боис, шеърларнинг уч қатла сараланиб тузилганлиги, улар икки айри шоирга тегишли деган тасаввурни туғдиради.

Биринчи саралама шеърлар(қасида ва ғазаллар) ҳаким Низомий Ганжавийга тегишли кўринади. Девондаги форсча шеърлар Низомий Қарамонлига тегишлидир. Чунки Муҳаммад Тоҳир Бурсали “Усмонли муаллифлари” номли китобида унинг форсча шеърлар ёзгани ва Ҳофиз Шерозийнинг шеърларидан тахмислар қилганини айтган. Бурсалининг “Тазкираи шоҳий”даги маълумотига кўра, қўлимиздаги девонда

Риндлара айб этмайи хушахлоқ зоҳид,
Ки ўзгаларин гуноҳини сана ёзмаяжакдир

матлаъли ғазалининг тахмиси Низомий Қаҳрамонли шеърида бор. Бу — иккинчи ва учинчи саралама шеърлар Низомий Қаҳрамонлиники бўлганлигини кўрсатади. “Ҳадивия” қўлёзмасининг китобат тарихи (ҳижрий 923) назарда тутилса, демак, Низомий Ганжавийдан сўнг Эронда таҳсил олиб, Қунияда яшаб, ижод этган Низомий Қарамонлидан ўзга шоир бўлмаган.

Эслаш керакки, биринчи бўлимдаги Низомий Ганжавийга мансуб шеърлар тўлиқ эмас. Чунончи, биринчи ғазал ва Наргиз қасидаси тугал эмас. Қолаверса, котиб иккинчи ва учинчи сараламаларнинг сўнгида махсус белги қўйган, бироқ шундай белги биринчи бўлимнинг адоғида қўйилмаган.

Низомий Қаҳрамонлига мансуб қилинган шеърлардаги мамдуҳлар у билан замондош бўлмай, балки ундан икки аср илгари яшаб ўтган Низомий Ганжавий билан замондошдир.

Доктор Ҳусайн Муҳаммадзода Сидиқ- (Дўзгун)дан (20 — 23-бетлар). Бу мақола дарвоқе олимнинг Низомий туркий девонининг Эрон нашрига ёзган муқаддимасидир. Олим мақолада “ломия” қасидаси ҳамда Низомий ҳақида кенг маълумот бериб, тарихда “Ироқ салжуқлари” оти билан танилган сулоланинг Озарбойжон ва Ироқи ажам юртларида ҳукмронлик қилган тўққиз ҳукмдорини танитади. Бу шоҳларнинг деярли барчаси адабсевар бўлиб, Заҳир Форёбий, Хоқоний Шервоний, Асир Ахсикатий, Низомий Ганжавий, Амир Иъмодий, Қавомий Розий, Абулмаъолий Розий, Жалолиддин Исфаҳоний ва Камолиддин Исфаҳоний каби забардаст шоирлар уларни мадҳ этганлар.

Булардан Арслон ўғли Туғрул(ҳукмдорлик замони ҳижрий 573—590 йиллар) ўзи ҳам шоир бўлган. Шоирлар унинг мадҳи учун “ломия” қасидалар ёзганлар. “Ломия” Туғрул сўзининг сўнгги ҳарфидан олинган ва бу ҳарф қасиданинг қофияси бўлган. Бу хил қасидалар мўғуллар юришига қадар кенг тарқалган.

“Ломия” қасидалари орасида Низомий Ганжавийнинг қасидаси жуда шуҳрат қозонган. Бу қасида “Ҳадивия” қўлёзмасида бор. Низомий “ломия”си Амир Абулфазойил Фалокид бин Аҳмад васфидадир. Қабулий Шервоний, Аҳлий Шерозий, Камол Исфаҳоний ва бошқалар ўз “ломия”ларини Низомийнинг “ломия”си таъсирида ёзганлар. Низомий Ганжавий:

Ул зулфу биногўш, суъбону дасти Мусо,
Ул холу занахдон, Ҳоруту чоҳи Бобил.

Камол Исфаҳоний:

Зулфи ту бар баногўш, суъбону дасти Мусо,
Холи ту дар занахдон, Ҳоруту чоҳи Бобил.

Қизиғи шуки, Ҳофиз Шерозий ҳам Низомийнинг “ломия” қасидаси матлаъини форсчага таржима қилган. Низомий дейди:

Васфида ул жамолин зикр этдийини бу дил,
Ҳар ким эшитса, айдир: лиллоҳи дарру қойил.

Ҳофиз айтади:

Ҳар нуктайики гуфтам дар васфи он шамоил,
Ҳарку шунид, гуфто: лиллоҳи дарру қойил.

(Мазмуни: Ҳар неники ул жамолнинг васфида айтдим, Кимки сўзимни эшитди, сўзловчига Оллоҳдан кўп хайрлар бўлсин.)

Низомий Ганжавийнинг туркчадаги давомчилари (24 — 45-бетлар). Бу бўлимда Низомий туркий шеъриятининг давомчилари сифатида Юсуф Шайхий, Тожиддин Иброҳим Аҳмадий, Низомий Чалабий Қарамонли ҳақида кенг сўз юритилиб, уларнинг шеърлари муқояса тарзида Низомий шеърларидан таъсирланганлиги мисоллар билан кўрсатилган.

Девони Низомий Ганжавий (46 — 62-бетлар). Девонда 4 ғазал ва 3 қасида бўлиб, ҳаммаси 202 байтни ташкил этади. Ҳозирча Низомий Ганжавийнинг туркий шеърларидан фақат бир қўлёзмагина олимларга маълум. Бироқ шеърларнинг озлигига қарамай, Низомийнинг туркий шеърлари ҳам ўз замонидан бошлаб, кейинги насл шоирларгача кучли таъсир кўрсатган. Келгусида олимларнинг изланишлари билан дунё китобхоналаридан Низомийнинг бошқа туркий шеърлари тазкиралар, баёзлар ва жунглардан топилишига умид боғлаб қоламиз.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 25-сон