Муҳаммаджон Холбеков. Эрнест Хемингуэй ҳикоялари

http://n.ziyouz.com/images/Ernest-Hemingway.jpgЁзувчи ижоди ҳар доим ўз даврининг маънавий муаммолари билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Эрнест Хемингуэй ижоди ҳам бундан мустасно эмас. Аммо Хемингуэй ўз даврининг оддий солномачиси ёки тарихнависи эмасди/ У ўзи яхши билган, ўз кўзи билан кўрган, бошидан кечирганлари ҳақида ёзган, шахсий ҳаёт тажрибаси эса у қураётган ижод қасрининг пойдевори бўлиб хизмат қилган эди, холос.

Хемингуэйнинг ўзи ушбу тамойилни қуйидагича таърифлайди: “Роман ёки ҳикояни ёзиш – бу яхши билган нарсаларинг асосида бадиий тўқима яратиш демакдир… Бадиий тўқима яхши чиққанда, ҳақиқатга яқинроқ бўлади”.

Журналда босилиб чиққан илк мақолалари ва “Уч ҳикоя ва ўнта шеър” (Three Stories and Ten Poems, 1923) номли мўъжазгина китобидан сўнг, Хемингуэй “Бизнинг давримизда” (In Our Time, 1925) новеллалар тўпламини эълон қилди ва ўз услубига эга ёзувчи эканлигини намойиш этди. Бу китоб камолотга эришган ёзувчи ижодининг дебочаси бўлди. Аслини олганда, тўплам кўп жиҳатдан Ник Адамс образи орқали бир-бирига чамбарчас боғланган новеллалардан иборат туркум эди. Тўпламга кирган 15 новелла ижтимоий ҳаёт мавзуига бағишланган бўлиб, уларда на сюжет, на композиция жиҳатидан яқин бўлмаган “интерлюдия”лар тўпламни бир бутун яхлит ҳолга келтирганини кузатиш мумкин.

Ушбу тўплам Хемингуэйга маълум даражада шуҳрат олиб келди. Бу унинг жиддий мавзудаги биринчи асари эди. Унда адибнинг ижодий ғоялари илк бора тажасcум топганини кузатамиз. Шунингдек, улар орқа-ли ёш ёзувчига илҳом бағишлаган, уни қизиқтирган ва бадиий ҳамда эстетик қарашларининг асосий йўналишларини белгилаб берган мавзулар доирасини ҳам кўришимиз мумкин. Эътиборли томони шундаки, тўпламнинг тузилиши ўзгача – шакл жиҳатдан оддий ҳикоялар кичик ҳажмдаги миниатюралар билан алмашиниб туради, ҳикояларнинг равон оқими эса бирданига авж олиб, тез ва шиддатли тус олади. Муаллиф ўйлаган ният, асосий мақсад айнан шу йўсинда рўёбга чиқади. Унинг фикрича, “энг муҳими – умумий кўринишни, манзарани яратиш лозим, орада тафсилотларга ҳам ўрин бериш фойдадан холи бўлмайди. Бу ҳолат, бирон-бир нарсага, аввало оддий кўз билан қарашга, айтайлик, китоб билан қирғоқ ёнгинасидан ўтиб кетиб, кейин унга дурбин орқали қайта тикилиб синчков разм солишга ўхшайди”.

Тўпламда ҳажман йирик ҳикоялар билан бир қаторда миниатюралар ҳам мавжуд. Миниатюралар – бу уруш, қатл, зўравонлик, қотиллик каби инсониятга ёт унсурларга тўла бераҳм ва шафқатсиз дунёнинг сар-ҳадларга бўлиниб кетган кўринишидир. Улар – урушдаги ўлим, қамоқхонадаги қатл манзараси, полициячилар томонидан икки ўғрининг ўлдирилиш каби воқеаларни тасвирловчи ҳажман кичик асарлардир.

Хемингуэй ўзи учун инсоний “одоб-ахлоқ қоидаларини” ишлаб чиққан эди. Уларнинг мазмун-моҳияти қуйидагича: одам ўлимга, мағлубиятга маҳкум этилган экан, ўз инсоний қадр-қимматини сақлаб қолишнинг ягона йўли – дадил бўлиш, ҳеч нарсадан қўрқмаслик, ҳар хил вазиятларда ҳам ўзини йўқотиб қўймаслик, худди спортдаги каби “ҳалол ўйин” қоидаларига риоя қилишдан иборат.

Биринчи марта бу фикрни Хемингуэй “Бизнинг давримизда” тўплами устидаги ишни тугатганидан сўнг ёзилган “Енгилмас” (Undefeated, 1924) ҳикоясида мужассамлаштиришга ҳаракат қилди. Бироқ ҳаётда инсон ҳеч қачон таслим бўлиши мумкин эмаслиги, қандай зарбалар берилмасин, у ортга чекинмаслиги ҳақидаги фикр Хемингуэйнинг фикр-ўйларини бутунлича банд этганди. Бу туйғу муаллифга “Қуёш чиқади” (The Sun Also Rises, 1926) романи устида ишлаётган пайтларида янада муқим ўрнашиб, унга илҳом бағишлади, десак адашмаган бўламиз. Негаки, 1927 йилда “Фиеста” (Fiesta) номи остида Англияда босилиб чиққан ушбу роман Хемингуэйга оламшумул шуҳрат олиб келди. Муаллиф роман бошида “йўқотилган авлод” (the lost generation) ҳақидаги машҳур иборани эпиграф қилиб келтиради. Дарҳақиқат, бу роман чеҳраларига уруш муҳри босилган одамлар қисмати ҳақида бўлиб, унда урушда тирик қолган, лекин алданганлигини англаган, баландпарвоз шиорлар ёлғон эканлигини тушунган, оқибатда ўзлигини йўқотиб саросимага тушган одамларнинг ўй-кечинмалари, маънавий олами теран тасвирланганди. Бу одамлар Хемингуэйга яқин таниш эди, чунки унинг ўзи ҳам шу муҳитда яшаган, мудҳиш қирғинларда омон қолган бўлса-да, улардан фарқи – бу ҳаётда ягона таянч нуқтаси – ижод шукуҳи борлигида эди. Айнан шу бебаҳо хислатни муаллиф роман қаҳрамони журналист Жейк Барнс образида мужассам этади. Жейк Барнс урушдан қолган оғир жароҳатига қарамасдан, ҳаёт олдида таслим бўлмайди, инсоний қадрини йўқотмайди, ўз обрўсини ерга урмай ишлашни, ижод қилишни давом эттиради.

Адибнинг энг яхши ҳикояларидан бири “Килиманжаро қорлари” ҳам давр ва инсон қисмати мавзуига бағишланади. Ҳикоя қаҳрамони ёзувчи Гарри образида Хемингуэйнинг Париждаги ҳаёти, Яқин Шарқ-қа ижодий сафари билан боғлиқ кўп саҳифалар бор. Гарчи Хемингуэй ўз ижодида жиддий сиёсий ва ижтимоий ҳаёт муаммоларини батафсил ёритишга кенг ўрин бермаган бўлса-да, “Эсквайр” журналида мунтазам чоп этилган мақолаларида зийрак сиёсатдон, уруш ва фашизмга қарши мустаҳкам позицияда турган публицист сифатида намоён бўлди. Айни пайтда, у ижтимоий ҳаётдаги ўта долзарб муаммо, яъни урушдан сўнг ночор аҳволда қолган одамлар турмуши мавзусига қайта-қайта мурожаат қилди. Адиб бу даврда Флорида штатидаги Ки-Уэст шаҳрида яшаб, маҳаллий аҳоли билан яқиндан танишди, уларнинг ташвиш ва қувончларига шерик бўлди.

1934 йида Хемингуэй денгизда балиқ овлаб кун кўрувчи Гарри Морган ҳақида “Ғалаба йўли” (Voyage to Victory) номли қисса ёзди. Ҳаётда алданган ва ҳеч вақосиз қолган Гарри Морган, ўз оиласини боқиш учун қонунга хилоф иш тутганлиги, вазиятнинг ўзи уни жиноят қилишга мажбур этганини катта маҳорат билан очиб берди. Кейинроқ яна шу мавзуда “Тўқчилик ва йўқчилик” (To have and have not, 1937) романи юзага келди. Романниг биринчи ва иккинчи қисмига айланган аввалги ҳикояларига Хемингуэй учинчи, яъни ўз қаҳрамонининг фожиали тарихини якунловчи ҳикояни “тиркаб” қўйди.

Романда муаллиф жамиятда ҳукм сураётган вазиятни ҳеч бир муболағасиз ва бўрттиришларсиз кўрсатишга ҳаракат қилади. Адиб тасвирлаган жамиятнинг бир томонида ночор аҳволга тушиб қолган, ҳатто оддий яшаш имконидан маҳрум этилган қашшоқ одамлар, иккинчи томонида умрини кўнгилхушликда ўтказаётган “оқсуяк”лар жой олганди. Асар ғоясини кучайтириш ниятида Хемингуэй Гарри Морган тақдирига мантиқий нуқта қўювчи бир лавҳани ҳам киритади. Ўлим тўшагида ётган Гарри Морган қуйидаги чуқур маъноли сўзларни айтади: “Одам ёлғиз яшай олмайди. Одамни ёлғизлатиб қўймаслик керак. – У тўхтаб қолди. – Барибир, одамнинг бир ўзи ҳеч нарса қилолмас экан. – У кўзини юмди. Шуни айтиш учун унга кўп вақт керак бўлди, буни англаб етиши учун эса бутун ҳаётини сарфлади”.

“Тўқчилик ва йўқчилик” романи Хемингуэй ижодида муҳим ўрин эгаллади.

Испаниядаги уруш пайтида қамал қилинган Мадрид шаҳридаги “Флорида” меҳмонхонасида яшаган Хемингуэй “Бешинчи колонна” (The Fifth Column, 1938) пьесасини ёзади. У ҳеч қачон ўзини драматург деб ҳисобламаган, бу унинг ижоди давомида ёзилган ягона драмаси эди. Шу боисдан асарнинг шошилиб ёзилганлиги, ҳамда маълум даражада драматик маҳорат етишмаганлиги сезилиб туради. Шунга қарамай, ушбу пьеса Хемингуэй ижодида муҳим босқичга айланди. Бу асарда илк дафъа ёзувчи янги мавзуга қўл уриб, янги образлар галереясини яратди. Асар ғояси, энг аввало, бош қаҳрамон – америкалик аскар Филипп Роллингс тимсолида намоён бўлади. Ёки, тўғрироғи, у бутунлай янги тимсол эмас, балки бизга бир қадар таниш бўлиб қолган эски қаҳрамонларга ўхшаб кетса-да бироқ муаллиф билан бирга улғайган, камолга етган ва унга ҳамнафас бўлиб янги даврга қадам қўйган инсон сиймосидир. Муаллиф асар қаҳрамони Филипп Роллингс билан ўзи ўртасида ўхшаш хислатлар борлигига, энг муҳими, изчил боғлиқлик мавжудлигига алоҳида урғу беради, қаҳрамонни ўз ақидаларининг давомчиси қиёфасида кўрсатади. Аммо Филиппни ҳали-ҳануз беташвиш ва фаровон ҳаёт билан боғлаб турувчи ришталар мавжуд эди. Масалан, “Килиманжаро қорлари” ҳикоясидаги Гарри ҳам айнан шу зайлда ҳаёт кечирганини эслайлик. Баъзан Филипп ҳам ўзига тўқ ва бекаму кўст ҳаётни қўмсаб қолади. Қолаверса, бу ҳаётга қайтишга унинг севикли аёли Дороти Бриджес чорлайди. Бу аёл сиймосида эса Филипп соғинган, қўмсаб қолган барча ижобий нарсалар мужассам эди. Хемингуэй пьеса муқаддимасида қуйидаги сартларни бекорга ёзмаганди: “…шундай қиз бор, исми Дороти, лекин уни бемалол Носталъгия (Қўмсаш) деб аташ мумкин”. Дороти Филиппни олдинги тинч ва осойишта ҳаётга қайтишга ундаганида, йигит шундай жавоб беради: “Сен боришинг мумкин. Мен у жойларнинг барчасида бўлганман ва у энди ортда қолди. Мен эндиликда борадиган манзилимга ё бир ўзим, ёки менга ўхшаганлар билан бирга бораман”.

Хуллас, Хемингуэй қаҳрамонининг ҳаёти ўзига хос маъно ва янги мазмун касб этди ва у ўз хоҳиши билан жангга отланди. “Олдинда эллик йил эълон қилинмаган урушлар мени кутиб турибди ва мен бу урушларда иштирок қилиш учун шартнома туздим”, – дейди Филипп. Урушни лаънатлаган, қуролни ташлаган ва ўзича “бир томонлама сулҳ” тузган “Алвидо, қурол” романи қаҳрамони Фредерик Генридан фарқли ўлароқ Филипп Роллингс узоқ ва машаққатли урушлар йўлини босиб ўтди.

“Мотам қўнғироғи” (For Whom the Bell Tolls, 1940) романи Хемингуэй ижодини янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Адибнинг “Бешинчи колонна” пьесасида намоён бўлган тамойилларни ривожлантирувчи ва чуқурлаштирувчи мазкур роман ҳам Испаниядаги фуқаролар уруши мавзуига бағишланган. Унинг бош қаҳрамони ҳам ўз ихтиёри билан Испанияга келган ёш америкалик йигит. Романда Испанияда аланга олган фуқаролик уруши пайтида қўзғолончилар отрядига жўнатилган бу ёш америкалик байналминал жангчи Роберт Жордан саргузаштлари ҳикоя қилинади. Роман сюжети унчалик мураккаб эмас. Бош қаҳрамон Роберт Жордан портлатиш бўйича тажрибали мутахассис. Унга диктатор Франконинг ҳарбий қўшинлари ёрдамга етиб келишмаслиги учун кўприкни портлатиб юбориш вазифаси юклатилган. У жанговор топшириқни бажариши – фронт чизиғидан ўтиб, республикачилар армияси ҳужумга ўтган пайтда партизанлар ёрдамида кўприкни йўқ қилиши керак.

Муаллиф сюжети жуда оддий ва жўн туюладиган ушбу романида бир қатор маънавий, ахлоқий муаммоларни ҳал этишга, энг муҳими, уларни ўзи истагандек янгича талқин қилишга эришади. Ёзувчи ижтимоий бурч ва унга чамбарчас боғлиқ инсон ҳаёти, унинг қадр-қимматига алоқадор руҳий-психологик ҳолатлар, зиддиятларни асарда чуқур тасвирлайди. Шу боис, роман замирига фалокат, фожеа туйғуси сингиб кетганини кузатамиз. Роберт Жордан оғир ҳис-туйғулар оғушида яшайди. Ўлим таҳдид қилмоқда, жанг хавфи уфуриб турибди, лекин бу ўлим олдидаги ожизлик ёки ҳалокатга маҳкумлик фожеаси эмас. Жанговор топшириқни бажариш ўз сафдоши, қария Ансельмонинг ўлими билан тугаши мумкинлигини Жордан яхши тушунади. Шунга қарамасдан, у ҳар бир инсон ўз бурчини адо этишга мажбур деб ҳисоблайди, унга кўп нарса – уруш тақдири, ундан ҳам муҳимроғи – келажак тақдири боғлиқ эканини яхши ҳис этади.

Шу тариқа фақат ўз ҳаёти ва муҳаббатини қутқариб қолишни ўйлаган Фредерик Генри индивидуализми ўрнига инсоният олдидаги бурчини чуқур ҳис қилган, озодлик учун кураш моҳиятини тўлиқ англаган янги қаҳрамон – Роберт Жордан юзага келади.

“Мотам қўнғироғи” романидаги муҳаббат ҳам ўзгача, у ижтимоий бурч ғояси билан чамбарчас боғланган. Роберт севгилиси Марияга шундай дейди: “Мен озодликни ва инсон қадр-қимматини нечоғлик эъзозласам, сени ҳам шу қадар севаман… Биз ҳимоя қилаётганимиз Мадридни қанчалик севсак, сени ҳам шунчалик севаман, бу урушда ҳалок бўлган ўртоқларимни қай даражада ардоқласам, сени ҳам шундай ардоқлайман. Афсус, уларнинг кўпи ҳалок бўлди. Лекин мен сени жонимдан ҳам ортиқроқ севаман…”

Ватан ва муҳаббатга садоқат ғояси романда ёрқин ифодасини топган. Агар “Алвидо, қурол”да Хемингуэй ўз қаҳрамони тили орқали “баландпарвоз” сўзларни рад этган бўлса (Генрининг қуйидаги фикри бунга далил: “Мени “муқаддас”, “шонли”, “қурбон” каби сўзлар хижолатга солади… Бундай сўзлар кўп эди, уларни эшитиш нафратни қўзғатади”), “Мотам қўнғироғи” романида бу сўзлар ўзининг асл маъносида янграйди, дастлабки қимматига қайтади.

ХVII асрда яшаган инглиз шоири ва руҳонийси Жон Доннинг хутбаси, аниқроғи жўшқин нутқидан келтирилган: “Оролдек ўзича якка яшайдиган инсоннинг ўзи йўқ, ҳар бир инсон Қитъа, Қуруқликнинг бир бўлагидир; агарда шиддатли тўлқин қирғоқдаги қоятошни денгизга оқизиб кетса, Европа бирмунча кичрайиб қолади, соҳилнинг чеккасини сув ювиб кетса, дўстингнинг кулбасини бузиб ташласа ҳам шундай бўлади; ҳар бир Инсоннинг ўлими менинг умримни ҳам қисқартиради, негаки, мен бутун Башарият билан биргаман, шунинг учун ҳам қўнғироқ ким учун чалинмоқда, деб мендан сўрама: у сен учун ҳам чалинмоқда” каби оташин сўзлар романнинг теран пафосини белгилайди. Шу сўзлар билан Хемингуэй ушбу романига хотима ясайди.

1952 йилда кўпни кўрган, ҳаётда ва ижодда етарлича тажриба тўплаган Хемингуэй “Чол ва денгиз” (The Old Man and The Sea) қиссасини ёзади. Ушбу асар муаллифга чинакам шуҳрат олиб келди, адибнинг адабиёт соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлишига замин яратди.

Ҳажман унчалик катта бўлмаган ушбу қисса Хемингуэй ижодида алоҳида ўрин тутади. Уни чуқур фалсафий маънога эга ҳикоя деса ҳам бўлади. “Тўқчилик ва йўқчилик” романидаги Морган билан “Чол ва денгиз” қиссасидаги Сантьягони тенглаштириб бўлмайди. Негаки биринчиси тайинли меҳнат билан шуғулланмайди, таваккалига яшайди, қалтис ишларга қўл уради, жиноят орқасидан тирикчилик ўтказади. Кекса Сантьяго эса ўзи ҳақида бошқача фикрда, бир умр балиқ овлаш учун дунёга келганман деб фахрланади. Ўз касбига бундай муносабат Хемингуэйга ҳам хос эди, у бу дунёда ёзиш учун яшаётганлигини кўп марта айтган.

Сантьяго балиқ овига алоқадор ҳамма нарсани яхши билади. Кубада кўп йил яшаган Хемингуэй ҳам бу ишда катта тажриба орттирган эди. Чол улкан найзабалиқни тутиб олади, денгизда у билан узоқ, тинка-мадорни қуритадиган, куч-қувватдан маҳрум этадиган, ҳолдан тойдирадиган олишувда ғолиб чиқади, балиқни енгади, аммо йиртқич акулалардан ўз ўлжасини ҳимоя қилишга қурби етмайди, курашда енгилади. Бу воқеа тафсилотлари жуда тиниқ, ниҳоятда самимийлигидан ташқари балиқ овини миридан-сиригача пухта эгаллаган инсон тарафидан ёзилганлиги аниқ кўриниб туради.

Қиссада денгиз гўё тирик мавжудотдек намоён бўлади. “Бошқа, ёшроқ балиқчилар денгиз ҳақида худди макон, рақиб, баъзан душмандек гапиришарди. Чол эса денгизни худди илтифотли, саховат кўрсатаётган ёки ундан маҳрум этаётган аёлдек ҳис қиларди, гарчи ёвузлик ёки бемулоҳаза иш тутса, нима ҳам қилиб бўлади, унинг табиати шунақа”.

Чолнинг матонати ва жасорати табиий, унда минглаб мухлисларнинг кўз ўнгида ҳаёт-мамот кураши олиб бораётган матадорнинг жазаваси ҳам, ҳаяжони ҳам йўқ. Чол буни яхши билади, ўзи эгаллаган касбга хос бўлган жасорат, матонат, ирода, феъл-атворнинг барқарорлигини у кўп бора синовдан ўтказган, исботлаган. “Хўш, нима бўпти, – деди у ўзига. – Энди буни яна исботлашим керак. Ҳар сафар ҳисоб қайтадан очилади. Шу боис ҳам, у бирор бир ишни бошлаганида, ўтмишида қолган воқеларни ҳеч қачон эсламасди”.

Хемингуэй аслида “ҳақиқий чолни ва ҳақиқий болакайни, ҳақиқий денгиз ва ҳақиқий балиқни ва ҳақиқий акулаларни тасвирлашга” ҳаракат қилганини қайд этган эди. Тан олиш керакки, ёзувчи ўз мақсадига эришди. Тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада аниқлик билан денгиз манзараларининг жонли, ёрқин рангларда тасвирлади. Сантьягонинг найзабалиқ ва акулалар билан олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирланган бадиий лавҳалар ўқувчини ҳайратга солади, ўзига мафтун этади.

Сантьяго образини яратар экан, ёзувчи табиат кучлари олдида инсоннинг ожизлиги ва ёлғизлигини муболағали тасвирлашдан воз кечади, ўз қаҳрамонини капиталистик муносабатлар доирасидан чиқариб юборади, якка одамнинг жамиятга қарши кураш қонунларига риоя қилмаслигини тасвирлашга ҳаракат қилади.

Хемингуэйнинг олдинги қаҳрамонлари буржуазия ҳаётига хос қонуниятлар метиндек мустаҳкамлигига кўр-кўрона ишонган эдилар. Шунинг учун ҳам улар “ҳеч нарсага эга бўлолмаган ғолибга” айланишганди. Сантьяго мағлубиятга учраса ҳам барибир ғолиб бўлиб чиқади. Буни болакай: “Улар сени енголмади-ку! Балиқ сени енголмади-ку”, деган хитоби билан тасдиқлайди.

Шу тарзда чол ва болакай ўртасидаги оддий суҳбат орқали моҳир ёзувчи асосий фикрини, айтиш мумкинки,асл ниятини намоён қилади. “Инсон мағлубиятга учраш учун яратилгани йўқ. Инсонни йўқ қилиб ташлаш мумкин, аммо уни асло енгиб бўлмайди!” – деган теран умумлашма фикрни адиб ўқувчи онгига етказади.

“Чол ва денгиз” қиссаси – ёзувчининг донишмандлиги, ақл-заковати маҳсулидир. Ижод ва ҳаётда босиб ўтган йўли давомида Хемингуэй ахтарган инсонпарварлик идеали унинг айнан шу асарида бекаму кўст намоён бўлади. Бу йўл изланиш, адашиш, иштибоҳларга тўла бўлиб, Ғарбдаги етук ижодий зиёлиларнинг аксарияти шу йўлдан юриб муваффақият қозонгани маълум. Виждонли ижодкор, реалист ёзувчи, ўз даврининг чинакам қаҳрамони бўлган Хемингуэй замон муаммоларига тинимсиз жавоб излади ва ягона хулосага келди: “Инсонни енгиб бўлмайди!”.

Таъкидлаш жоизки, Хемингуэй ўзига хос услубга эга санъаткордир. Ёзувчининг илк ҳикоя ва романлари нашрдан чиқа бошлаганиданоқ танқидчилар унинг асарларида диалог муҳим аҳамият касб этишига алоҳида эътибор қаратишган. Диалоглар қаҳрамонларни батафсил таъриф-тавсифлашни, узундан-узоқ лирик чекинишларни, аҳамиятсиз баёнларни сиқиб чиқарди, “Хемингуэй насри”га хос драматизмни кучайтирди. Шу билан бирга диалогнинг қисқа ва лўндалиги, содда ва мазмуни теранлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Хемингуэй қаҳрамонлари оддий тилда сўзлашади. Уларнинг нутқи шоирона метафоралардан холи. Ушбу юзада қалқиб турган соддаликда жонли, ҳаяжонли фикр устувордир. Бу фикр сўзлар ичига эмас, балки асар матнининг тагмаъносига сингиб кетади. Ўқувчи қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини теран англагандан кейингина ушбу тагмаънони тушуниб олиши мумкин.

Муҳаммаджон Холбеков,

филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 2-сон.