Муҳаммад Хайруллаев. Миртемир домлани қўмсаб

http://n.ziyouz.com/images/mirtemir.jpg“Қандоқ яхши”

Миртемир акани ўзларига устоз деб билган катта-кичик ёшдаги шогирдлари нафақат Тошкентда, бутун республикамизда анчагина бор. Шунинг учун ҳам отахон шоирни кўпчилик “домла” деб атарди. Миртемир ака китобхонлар билан учрашиш учун, таклифларга биноан, вилоятларга кўп ҳолларда бир гуруҳ шогирдлари билан бирга сафарга чиқар, у ерлардаги шоир ва ёзувчилар қўшилиб, гуруҳ кенгайиб борар, мухлислар домла атрофида парвона бўлишар эди.

Ўз ижодида соф ўзбек тили бойликларидан зукколик билан ўринли ва самарали фойдалана оладиган, “шева” деб менсимай келинган кўпгина сўзларни шоирона маҳорат билан шеъриятимизга олиб кирган катта адиб, ўта камтар бир инсон сифатида у кишига бўлган меҳрим жуда баланд эди. Миртемир акани эсласам, у кишининг юмшоқ кўнгил, гапда эҳтиёткор сиймоси кўз олдимда гавдаланади. Домланинг муомаласида, каттами-кичикми, ким билан гаплашмасин, ўзбекона одоб, ички маданият сезилиб турарди. У кишининг гапириш услубигина юмшоқ бўлмай, хатти-ҳаракатлари ҳам эҳтиёткорона, вазмин ва мулойим эди. Ҳа, ҳақиқий инсон сифатида ўз фазилатлари билан ёш адибларга намуна бўла оладиган зот эди.

… Фарғона вилоят газетаси “Коммуна” таҳририятида ишлаб юрган пайтларим эди. Кунлардан бирида, Миртемир домла келибди, “Фарғона” меҳмонхонасига жойлашибди, деб эшитиб қолдим-у, Миртемир ака билан кўришиш, Фарғона сафарига оид режаларини билиш мақсадида газетамиз муҳаррири, шоир Адҳам Ҳамдам билан биргаликда ўша ерга йўл олдим.

Миртемир ака меҳмонхона зинасидан тушаверишдаги майдончада шогирдлари Азиз Абдураззоқ, Ҳабиб Саъдулло, Сайёр, Тўлқин Имомхўжаев ва фарғоналик шоир Охунжон Ҳакимовлар билан гурунглашиб турарди. Зўр латифачи, деб ном чиқарган Адҳам Ҳамдам бор жойда, табиий равишда, қаҳқаҳа бошланиб кетарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. “Жвачка” деган замонавий сақич Ўзбекистонга энди-энди кириб келаётган эди. Миртемир ака ҳам вақти-вақти билан сақич чайнаб турарди. Айни пайтда ҳам даҳани бетўхтов қимирлар, лабларини чўччайтириб гапирар, айрим сўзларни ямлаб талаффуз қилар, шу боисдан одатдагидан ҳам кам гапирар эди. Бунга эътибор берган Адҳам ака:

– Домла, сақич чайнашингизнинг бирон сабаби бордир-а? – деб сўради.

– Шундай, – деди Миртемир ака хижолат бўлиброқ, – жиғилдон қайнайди. Шу савилни чайнасам сал босилгандек бўлади.

Адҳам ака эса:

– Э-э, жиғилдон қайнашга ҳам шифо эканда-а?! – дея таажжуб билдирган бўлди.

– Хўш-хўш… Яна нимага шифо экан? – Миртемир ака одатдаги соддалигига бориб, астойдил қизиқиб қолди. – Эшитайлик.

– Келинингизни жағи ҳеч гапдан тинмасди. – Адҳам ака ҳар қачонгидек шошмасдан гапира бошлади. У киши ҳар қандай ичакузди латифани айтганда ҳам жиддий гапирар, гурунгдагилар қанчалик хоҳолашмасин, мийиғи ўзгармас, навбатдаги латифани ўйлайди шекилли, кулгининг ниҳоясига етишини кутиб жимгина турарди. – Баҳорда, – дея гапини давом эттирди Адҳам ака. – Уч-тўртта чет эллик меҳмонлар келиб-кетишди-ю, хотиним камгап бўлиб қолди.

Миртемир ака:

– Э-ҳа, – дея Адҳам акага яқинроқ борди.

Биз ҳам ажабланиб, у кишининг оғзини пойладик. Адҳам ака бир нафас сукутдан сўнг:

– Мен ҳам ҳеч нарса тушунмай ҳайрон бўлиб юрдим, – дея ҳикоясини давом эттирди. – Бир куни Озодахоннинг ўзи: “Нимага ҳам ўша меҳмонларингиз менга жвачка беришди! Ордона қолгурга ўрганиб қолибман”, деб зорланди. “Ўрганиб қолган бўлсанг чайнайвер, — дедим. – Саломатликка зарари йўқдир?”

– “Шундайку-я, лекин оғзингизда сақич турса мириқиб гапира олмас экансиз”, – деди. Ўшандан бери қаерда сақич кўриб қолсам, харид қиладиган бўлдим. Ёстиғининг тагига ҳам бир пачкасини ташлаб қўяман. Кечаси туриб “сайраб” қолмасин, дейман-да.

Роса кулишдик. Миртемир ака бир чеккага панага ўтиб, оғзидаги сақични ерга ташлаб, рўмолча билан лабларини артиб, ҳиринг-ҳиринг кулганича ёнимизга қайтди.

– Домла, – деди яна Адҳам ака, – сиз чайнайверинг. Сиз кўп гапирмайсиз-ку.

Миртемир ака илиқ жилмайиб:

– Вой, бой бўлғур Адҳамжон-эй! – деб қўлини Адҳам аканинг кифтига қўйди.– Сизнинг борлигингиз қандоқ яхши.

Шундан кейин Адҳам ака билан Азиз ака галма-гал латифа айтишга тушиб кетишди.

Миртемир ака сафарга отланса кўпинча Азиз ака у кишига ҳамроҳ бўларди, устознинг кўнглини овлаб, авайлаб олиб юрарди. Гурунглар чоғида ҳар қандай одам билан тил топишиб кетаверадиган, устози сингари мўмин табиатли, лекин ўта хушчақчақ, гапдон Азиз Абдураззоқ суҳбат жиловини ўз қўлига олар эди. У бир кўзини қисиб, лабларини чўччайтириб гапирар, гап орасида тез-тез “қих”, “қих” деб димоғини қириб қўяр, қизиқ-қизиқ латифалару ҳангомалар айтиб, суҳбатга жон киритар, атрофдагиларга қўшилиб ўзи ҳам ҳиринглаб кулар, ҳузур қилганидан кўзлари юмилиб кетар эди. Миртемир ака эса бошини хиёл кўтариб:

– Ҳа-ҳа, қизиқ, яхши,– деб оғзини очиб, бир текисда терилган садафдек оқ тишларини кўрсатиб, паст овозда қиқирлаб куларди.

Азиз ака қанча ҳазил, аския бўлмасин, бировларнинг дилига озор етказмас, шахсга тегадиган гаплардан, қалтис ҳазиллардан узоқ юрадиган улфат йигит. Миртемир ака хушчақчақ шогирдининг хислатларини тан олган ҳолда: “Азиз билан юрсам дам оламан, дилим яйрайди”, дер эди. Ана шундай, гап-гапга уланиб, анча туриб қолдик. Ниҳоят Адҳам ака:

– Домла, режаларингиз қандай, билайлик? – деб сўради.

Миртемир ака ҳар қачонгидек жилмайиб:

– Адҳамжон, мен билмадим, – дея атрофидаги шогирдларига бир-бир қараб олди. –Ёшлар нима деса, шу-да.

Хуллас, бамаслаҳат бир режа тузилиб, Адҳам ака иккимиз ҳозирча хайрлашадиган бўлдик. Шу пайт Миртемир ака мени қўлтиғимдан олиб гуруҳдан чеккага тортди. “Келин” сўзини ўзлари туғилиб ўсган Иқон қишлоғи шевасида талаффуз этиб:

– Калин яхши юрибдиларми? – деб сўради (Икковимиз ҳам туркистонликмиз-да), сўнг тортиниброқ: – Пулдан қалайсиз? – деб қолди.

– Бор. Қанча керак?

– Уйдан олиб чиққан пулим тамом бўлиб қолди. Уч юз сўм бериб тура оласизми? Тошкентга борганингизда қайтараман.

У пайтларда уч юз сўм катта пул эди. Миртемир аканинг одатини биламан. Ўзи билан бирга юрадиган ёшларни сийлашни яхши кўради: ёнларидан пул чиқариб, бозорга бориб келинг, дея ҳотамтойлик қиларди. Шу боис шунча пул нимага керак бўлиб қолди экан, деб ўйланиб ўтирмадим.

– Эртага олиб келсам бўладими? – дедим.

– Яхши бўларди…

Орадан қанча вақт ўтди ҳозир эслай олмайман, бир куни Тошкентга келиб, Ёзувчилар уюшмаси томон кетар эканман, йўлда Миртемир акага дуч келиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, у киши хижолат чекиб:

– Ёнимда пул йўқ эди-я! – дея афсус билдирди.

– Миртемир ака, хижолат бўлманг. Тошкентга тез-тез келиб туриб-ман, – дея тинчлантирган бўлдим.

Айтганимдек, чамаси бир ойлардан кейин яна Тошкентга келиб қолдим-у, яна Ёзувчилар уюшмаси олдида Миртемир акага дуч келдим. Домла мени кўриб астойдил хурсанд бўлиб:

– Сизни учратганим қандоқ яхши бўлди! – деб ёнидан пул чиқариб қўлимга тутқазди.

Миртемир ака гапининг устидан чиқадиган одам. Бунинг устига бировдан бир мирилик наф кўрса ўн ҳисса қилиб қайтарадиган одатлари бор эди.

Миртемир домлани эслаб ўз хотираларимдан баъзиларини қоғозга кўчирар эканман, у зотнинг руҳига ўз сўзлари билан: “Миртемир ака, сизнинг борингиз қандоқ яхши эди!” дея фикран мурожаат қиламан.

Табаррук қазилар

Москвада Максим Горький номли Жаҳон адабиёти институти қошидаги икки йиллик курсда ўқиб юрардим. Ётоқ жойимиз етти қаватли бинода бўлиб, олийгоҳ талабалари пастки қаватларда, биз, ёзувчилар эса еттинчи қаватда яшардик. Бир куни пастдан юқорига кўтарилган ҳамкасбларимдан бири:

– Сизни пастда бир киши чақиряпти,– деб қолди.

– Ким экан, айтмадими?

– Йўқ.

Аксига олиб лифт ишламай қолган эди. Зиналардан чопиб пастга тушдим. Ташқарида эшик олдида бир қўлини чўнтагига солиб Миртемир ака турарди. Қучоқлашиб кўришдик. Омон-эсонлик сўрашиб бўлгач:

– Овқат тайёр. Кўк чой ҳам бор,- деб хонамга таклиф қилдим.

– Майли, – деди домла, – Лифтларингиз ишламаётган экан. Мени қийнамай қўя қолинг. Яхшиси, бирон машина тўхтатиб, мени меҳмонхонага жўнатиб қўйинг.

Лифтнинг ишламай қолганлигига гўё мен айбдордек, хижолат чекиб меҳмонни кузатиб қўйишга мажбур бўлдим. Такси пойлаб турар эканмиз Миртемир ака:

– Эртага вақтингиз қалай?– деб сўради.

– Икки кун бўшман, – дедим. – Эртага якшанба – дам олиш, индинга – ижодий кунимиз.

– Бўлмаса эртага соат ўнларда меҳмонхонага бора оласизми? “Россия”да турибман.

– Албатта, бораман.

Миртемир ака нечанчи хонада туришлигини айтди ва ёнимизга келиб тўхтаган таксига чиқар экан:

– Кутаман. Ўша ерда бафуржа гаплашамиз,– деб хайрлашди.

Эртаси куни айтилган вақтда Миртемир ака ҳузурига кириб бордим. Бир чойнак чой устида узоқ вақт гаплашиб ўтирдик. “Советский писатель” нашриётида Миртемир аканинг рус тилидаги шеърий тўплами чоп этишга тайёрланаётган бўлиб, муаллифни шу масалада чақиртиришган экан. Домла ҳали таржима қилинмаган янги шеърларини ўзлари билан олиб келган, энди уларни рус тилига сўзма-сўз ўгириш лозим эди. Бу ишни мен ўз зиммамга олдим ва ўша ернинг ўзида ишга киришдим….

Тушлик қилиш вақти бўлиши ҳамон Миртемир ака мени ресторанга бошлади. “Талабасиз” деб яхшилаб меҳмон қилди. Тушликдан кейин яна бир неча соат таржима билан машғул бўлдим. Кейин яна бир неча шеърни олиб, ётоқхонамга отланар эканман, домла:

– Қази пиширишга имкониятингиз борми? – деб сўраб қолди.

–Бор,– дедим.

Миртемир ака каттакон қоғоз ўрамини столга қўйиб:

– Иккита қази олиб келган эдим, – деди. – Малол келмаса, биттасини пишириб олиб келинг, иккинчисини ўртоқларингиз билан баҳам кўрарсиз.

Бажонидил:

–Хўп,–дедим. Қази емаганимга анча бўлган эди-да.

– Хуллас, қазиларнинг бирини кечаси яхшилаб пишириб, эрталаб Миртемир ака ёнига шошилдим. Яна таржима билан машғул бўлдим. Яна овқатлангани ресторанга тушадиган бўлдик. Миртемир ака:

– Бунинг мазасини кўрайлик-да, – деб қазининг муштдай қисмини қирқиб олиб, қоғозга ўраб қўлимга туттирди.

…Тамадди қилар эканмиз, ресторандаги кўкларга кўтариб мақталган таомлар чайнаганингиз сари мазаси чиқаверадиган бу қазининг олдида ўтаверсин экан…

Яна икки кундан кейин Миртемир ака Тошкентга кетадиган бўлиб қолди. Кузатгани шаҳар аэровокзалига бордим. Домла, барвақт келган экан, шекилли, жомадонини топшириб бўлган, нашриёт муҳаррири, эски қадрдони Анатолий Каникин билан гаплашиб турар эди. Қўлида газета ўрами солинган тўрхалта. Бир пайт уни менга бериб:

– Қази, – деди. – Ейишга фурсат бўлмади. Тошкентга қайтариб олиб кетаманми.

Мен Каникин томонга имо қилиб:

– Оғайнингизга берсангиз бўларди, – дедим. Миртемир ака одатдагидай ним жилмайиб:

– Булар қазига тушунишмайди, – деди.

Орадан кўп ўтмай оилам билан телефонда гаплашдим. Домла Тошкентга етиб келган куннинг эртасигаёқ бизнинг уйга сим қоқиб: “Келин, яхши ўтирибсизларми? Жиянларим соғ-саломат юришибдими? – деб ҳол-аҳвол сўрабди, сўнг: – Москвага бориб келдим. Муҳаммаджондан ташвиш тортманг, яхши юрибди”, деб хотинимнинг кўнглини кўтариб қўйибди. Бунақа беминнат савоб ишлар унча-мунча одамларнинг хаёлига келавермайди.

Ўша рус тилига сўзма-сўз таржима қилинган шеърлардан иккитасини таътил пайтида ўзим билан Тошкентга олиб келдим ва “Звезда Востока” журналининг назм бўлими мудири Виктор Нечаевга бердим.

– Яхши шеърлар экан, – деди у ўқиб чиқиб.– Муаллиф рози бўлса ўзим таржима қиламан.

–Рози бўлади,–дедим мен дадил.

Нечаев яхши шоир. Миртемир ака ҳам бир сафар у ҳакда илиқ фикр айтган эди. Хуллас, ҳар иккала шеър журналда Виктор Нечаев таржимасида босилиб чиқди. Миртемир ака хурсанд бўлиб:

–Ўзимнинг хаёлимга келмаган экан,– деб менга миннатдорчилик билдирди.

Миртемир домла шунақа тортинчоқ, ўта камтар шоир эди.

Юксак баҳо

Миртемир ака йигитлик чоғларида қанча-қанча қиз-жувонларнинг юрагига ўт ёққанини билмайман-у, лекин кексайган чоғида ҳам ҳусн бобида беками-кўст эди. Айниқса, узун, қуюқ қора киприклар орасидан одамга теран маъно билан боқадиган шаҳло кўзлари ҳавас қиладиган даражада жозибали эди. Энг муҳими, қалби тоза, виждони пок инсон эди. Сир эмас, баъзан хонаки суҳбатларда айрим ёзувчиларнинг хислатлари билан бир қаторда нуқсонлари ҳақида ҳам гап бўлиб қолади. Аммо Миртемир ака тўғрисида бирон ножўя гап бўлганини, домланинг адибми ёки оддий фуқароми – бирон кимсага озор етказганини ёхуд билиб-билмай дилини оғритганини ҳозирга қадар эшитган эмасман.

Ўзбекистон ёзувчилари V съездининг якунловчи мажлисига, тоби қочиб қолганлиги сабабли, Миртемир ака қатнаша олмайди. Бир жиҳатдан маъқул бўлган. Негаки, СССР ёзувчиларининг съездига делегатликка тавсия этилган номзодлар рўйхати ўқилганда, унда атоқли шоир Миртемирнинг номи йўқ эди. Ҳатто, ўзбек адабиётида кўзга кўринарли фалолият кўрсатмаган бир-икки ёзувчи рўйхатга киритилгани ҳолда, Миртемирдек халқ севган забардаст шоир… Кўпчилик таажжубда. Залда шивир-шивир гап кетади-ю, аммо ҳеч ким бу ҳақда фикр билдиришга журъат эта олмайди. Чунки, рўйхат “юқори”да тасдиқланиб келинганлиги аниқ эди. Шунда адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов ўрнидан туриб икки оғиз сўз сўради.

– Миртемирдек таниқли шоиримизнинг рўйхатда йўқлигига ҳайрон-миз, – деди Озод ака ҳайъат аъзоларига қараб..

Раислик қилувчи олимнинг гапини бўлиб:

– Нима, бу таклифми? – деб сўради.

– СССР ёзувчилар съездига делегатликка номзодлар танлашда, – деди яна Озод Шарафиддинов дангал, – қандай шартлар қўйилган? Шуни билмоқчи эдим.

Олим жойига ўтиради. Залда жимжитлик. Ҳайъат аъзолари эса ўзаро маслаҳатлаша бошлайди… Шоир Миртемирнинг СССР ёзувчилар съездига делегатликка номзодлар рўйхатига киритилганлиги эълон қилинганда гулдурос қарсаклар янграйди. Бу ҳам шоирнинг мухлислари, жумладан ижодкорлар, шунингдек, жамоатчилик томонидан Миртемир акага берилган юксак баҳо эди.

Ўзбекистонда кўзга кўринган таржимонлардан бири бўлмиш Ҳусан Рўзиматов билан Миртемир ака ота-боладек яқин эдилар. Ҳусан анжуман тугаши билан Миртемир аканинг уйига шошади. Домла уни:

– Хўш, съездда нима гаплар? – деб қарши олади. – Батафсил гапириб беринг.

– Миртемир ака, тафсилотларни қўйиб туринг, – деди Ҳусан Миртемир акани қучиб. –Хушхабар келтирдим сизга.

– Хўш-хўш, нима экан?

– Сизни СССР ёзувчилар съездига делегат этиб сайлашди. Табриклайман! – дейди Ҳусан, сўнг тафсилотларини ҳаяжонланиб гапириб беради.

Миртемир ака эса чуқур ўйга толиб, диққат билан тинглар экан, провардида:

– Озодхонга жавр бўлибди-да, – дея азият чекади.

Миртемир ака Озод Шарафиддиновни ҳалол ва ростгўй бир инсон сифатида яхши кўргани, катта адабиётшунос олим, деб астойдил ҳурмат қилганлиги учун ҳам баъзан ардоқлаб Озодхон дер эди.

Юқорида зикр этилган кичик бир лавҳа Миртемир аканинг қандай инсон эканини кўрсатиш билан бирга ўша пайтдаги мавжуд вазиятдан далолат берарди. Озод Шарафиддинов ҳар қандай асарни чуқур таҳлил қилиб, адолатли фикр юритадиган, ўз фикрини дангал айта оладиган, ростгўй ҳалол олим. Бу эса айрим ижодкорларга, уларнинг юқори ташкилотлардаги ҳомийларига ёқмас эди, албатта. Шу боис ҳам барча имтиёзлардан бенасиб бўлиб келарди. Бу ўринда Озод ака билан кўп йиллар олдин бўлиб ўтган суҳбатимизни эсладим.

… Озод Шарафиддинов ўзбек поэзиясини яхши биладиган, уни атрофлича теран таҳлил қила оладиган хассос олим бўлиб, бу борада у кишига тенг келадиган адабиётшунос кам, деб билардим. Лекин аллақачон филология фанлари номзоди бўлгани ҳолда ҳануз докторлик диссертасиясини ёқламаётганига ажабланиб юрардим. Суҳбатимиз чоғида шу тўғрида сўрадим. Озод ака, айтайми-йўқми, дегандек бир неча сония сукут сақлаб турди-ю, кейин, у кишига малол келадиган нохуш савол бердим шекилли, бир хўрсиниб олиб:

– Менинг докторлик мавзуим олтмишинчи-етмишинчи йиллардаги ўзбек совет поэзияси хусусида эди, – дея секин гап бошлади. – Катта иштиёқ билан ишга киришганман. Анчагина меҳнат ҳам қилиб қўйган эдим. Аммо ўша пайтларда бу мавзуда диссертация ёқлай олмаслигимга кейинчалик ақлим етиб қолди. Негаки, ўша йилларда ижод қилишган шоирлар орасида шундай ноқобиллари ҳам бор эдики, уларнинг қаламларига мансуб асарларни таҳлил этадиган бўлсам, уларни қаттиқ танқид қилишимга тўғри келарди. Бунга, имоним комилки, йўл қўйишмасди. Шунингдек, уларнинг ижодларини четлаб ўтиб ҳам бўлмасди…

Гапнинг қисқаси, Миртемир аканинг ташвишланганича бор. Озод Шарафиддинов ўша вақтларда “катталар” назаридан қолиб келаётган шоир Миртемир тўғрисида қайғургани учун ҳам бошига бирон ташвиш орттириши мумкин эди. Миртемир ака шу боисдан ўзининг делегат этиб сайланганидан хурсанд бўлиш ўрнига Озод Шарафиддиновнинг фидойилигидан ташвишга тушиб куйинган эди. Миртемир аканинг қатағон йилларида кўп машаққатларни бошидан кечириб, қанчалар заҳмат чекканлигини эндиликда кўпчилик билади. Аммо, домла билан кўп марта суҳбат қилган бўлсам-да, у кишининг ҳаётдан нолиганини ёхуд бирон кимсадан зорланганини эслай олмайман. Ҳа, Миртемир ака ўз дардини бировларга дастурхон қилиб ёзадиган кишилардан эмасди. Жуссаси кичик бўлса-да, тоғдек юраги бор эканми, ҳар қанча ғам-ғуссани ичига ютиб, бардош берадиган сабр-тоқатли, иродаси кучли одам эди.

Маломатлардан холи бўлганидан кейин ҳам ноҳақ чекилган заҳматлар ҳақида, жоҳил, тўнкадек ҳиссиз, бир пулга қиммат кимсаларнинг ўзини қанчалар таҳқирлаганлари тўғрисида лом-мим демай ичида сақлаб юриш учун, вой-вўй, озмунча куч керакми одамга! Отахон адибимизни орамиздан олиб кетган дард – ўша, юрагида зил-замбил юк бўлиб ётган ситамлар эканлигига имоним комил. Минг афсуски, Миртемирдек тоза қалбли шоир, ажойиб инсон жуда эрта (68 ёшида) ҳаётдан кўз юмди. Атоқли адиб ўзбек шеъриятининг дурдонлари бўлган “Сурат” (лирик қисса), “Паттининг ҳасратлари”, “Тошбу”, “Алёр”, “Бу мен туғилган тупроқ”, “Онагинам” даражасидаги кўпгина ёзилмай қолган, шеърлару ажойиб достонларни ўзи билан олиб кетди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 10-сон.