Мирзо Кенжабек. Поклик ва муҳаббат тараннуми

Адабиёт оламида улуғ шоиримиз Алишер Навоий ўта машҳур бир ғазалининг илк байтини тиланчидан бир қанча олтин баҳосига сотиб олган, деган нақл юради. Гадо шоир эшигига келиб, бу байтни ўқиб, тиланчилик қилган экан.
Бу нақл ғазалнинг фавқулодда ва ўхшаши йўқ асар эканлигига ишорадир. Ўта қиммат нархга сотиб олингани эса байтнинг ғоят қимматли, маъно оламидан топилган нодир хазина эканлигига далилдир. Зотан, Навоий девонида бундай фавқулодда ва беназир ғазаллар ва байтлар сон-саноқсиз.

Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокроқ,
Кипригим шабнам тўкулган сабзадин намнокроқ.

“Менинг кўксим тонгнинг йиртилган кўйлагидан кўра ҳам чокроқ, йиртиқроқ. Киприкларим эса устига шабнамлар тўкилган майсалардан кўра ҳам намлироқ, ҳўлроқ”.
Тасаввуфий маънога кўра, бу манзара шоирнинг маънавий ҳоли ва мартабасидан даракдир ва тун бўйи тонггача ишқ, умид ва зорлиқ билан йиғлаб чиққанидан аломатдир.
Шоир айтмоқдаки, субҳнинг кўйлаги чок бўлиб, тонг оқариб, уфқ қизариб кўринганидек, менинг қизил қондек бағрим ҳам тонг либосидан кўра чокроқ бўлган кўксим чокидан кўринаётир. Тун бўйи майсалар устига тўкилган майин, маҳзун шабнамлар тонгда равшанроқ намоён бўлади. Шоир тонг орқали тунги унсиз йиғи ҳолатини, ботиний кечинмаларини ошкор этмоқда.

Бу кўнгул ғамнокидин то шодмон кўрдум сени,
Истарам ҳар дамки, бўлғай хотирим ғамнокроқ.

“Менинг хотирим – кўнглим ғамгинроқ бўлган сари сенинг тобора шодмонроқ бўлганингни кўрмоқдаман. Модомики, сен ўз ошиғинг ғамидан суюнар экансан, бас, сенинг шодланмоғинг учун ҳар нафас кўнглим янада ғамгинроқ бўлишини истайман!”
Бу байтда “кўкраги чокроқ”, “киприги намнокроқ” бўлишининг сири очилди ва “кўнгли ғамнокроқ” ифодаси билан мазмун тобора ривожланди.

Лайли андин қўйди Мажнун кўнглида рахти ғамин,
Ким, йўқ эрди манзил ул водийда андин покроқ.

“Лайли шунинг учун ғам юкини, қайғу омонатини Мажнуннинг кўнглида қўйдики, бу ҳаёт водийсида, ишқ саҳросида, тириклик даштида ундан покроқ бошқа жой йўқ эди”.
Рахт – йўл юки, сафар анжоми дегани. Бу ўринда ғам юки, қайғу сафар халтаси, ғусса омонати маъносида келмоқда. Инсоний-мажозий ишқ учунки ошиқ қалби шунчалик пок бўлиши шарт бўлса, бас, энди илоҳий ишқ учун банданинг қалби нақадар пок бўлиши керак!
Зеро, пок нарса пок жойда бўлади.

Ўйла мужгон ханжарига ёпишибдур дурри ашк,
Ким, магар андин ятиме йўқтурур бебокроқ.

Шунингдек, кўз ёшларининг дурри – инжу марваридлари киприклар ханжарига шундай ёпишиб олганки, магар ундан ҳам кўра бебокроқ – қўрқмасроқ ва бевошроқ безорию чапани йўқдир.
Саҳроларда безорилар карвонлардаги олтин-кумуш, дурру гавҳар бойликларига қандай ёпишса, киприклар ханжари ҳам кўз ёши дурларини қўлдан бергиси йўқ. Лайли, Мажнун, водий зикр қилингани учун бу байт ҳам мантиқан ҳаётий бир мисолга боғланди.
Аслида бу мажоздан мурод маърифат натижаси бўлган йиғидир, тинимсиз кўз ёши тўкиб йиғлаш манзарасини акс эттиришдир.

Лабларингдин жон олурда барча эл қулдур санга,
Жон берурда бир қулунг йўқ бандадин чолокроқ!

Сенинг лабларингдан ўз ўлик танасига жон олишда – ҳаёт топишда бутун халқ сенга қулдир, асирдир. Лекин жон беришга келганда мен ғариб бандангдан кўра ҳам чаққонроқ – тайёрроқ қулинг йўқ. Зеро, ҳаёт топиш ҳаммага ёқади, лекин жон фидо қилиш, жон бериш осон нарса эмас.

Одамийлик туфроғин берса фано елига чарх,
Оҳким, йўқтур киши аҳли вафодин хокроқ.

“Фано”нинг маъноси маҳвият эканини Навоий бошқа бир ғазалининг ушбу байтида равшан билдирган:

Дединг: фано недурур? Мухтасар дейин: ўлмак,
Ки, шарҳини тиласанг, юз рисола бўлғусидир.

Тақдир, ажал бутун одамият тупроғини йўқлик шамолига совурса, яъни вафот эттирса, оҳки, унда вафо аҳлидан ҳам кўра хокроқ, тупроқроқ, яъни ўлимга тайёрроқ киши йўқдир. Ҳаётда ўзи тупроқ бўлиб, йўқлик шамолига шай турган тоифа аввало вафо аҳлидир.
Вафо улуғ неъмат бўлиши билан бирга, сидқ (тўғрилик ва садоқат)нинг олтидан бир қисмидир. Чунки сидқ олти қисмдир: Сўздаги тўғрилик. Ниятдаги тўғрилик. Азмдаги (азм этиб интилишдаги) тўғрилик. Вафодаги тўғрилик. Амал қилишдаги тўғрилик. Диннинг ҳар қандай масаласидаги тўғрилик. Ана шу олти сифат билан сифатланган киши сиддиқ дейилади.
Ғазалнинг сўнгги байти илк байт билан мантиқан боғланади – яна жароҳат, чок ифодаларига қайтилади:

Неча уқлосанг, Навоий кўнгли захминроқ бўлур,
Кўрмадук захмеки, тиккан сойи бўлғай чокроқ.

(Эй дўстим, табибим, шифокорим!) Сен ҳар қанча тўқиб, тикиб боғлаганинг сари Навоийнинг кўнгли яна захминроқ – жароҳатлироқ бўлиб боради. Ҳолбуки, тиккан сари тобора очилиб, чокроқ бўлиб борадиган жароҳатни ҳеч кўрмаган эдик!
“Уқла” – банд, боғ, тўқима (тикиш) дегани. Аруз вазнида рамал баҳридаги шакллардан бирининг номи ҳам “уқла” дейилади. Рамл “рамал” эса шеърнинг ўн тўққиз баҳридан бири бўлиб, бўйра тўқишдаги бир шаклга асосланган. Чунки “рамал” деб луғатда бўйра (гилам, палос) тўқишни айтилади. Шунга кўра “уқламоқ” боғламоқ, тўқимоқ, тикмоқ деган маънодадир. Мақтаъ мантиқи ва мазмуни ҳам шуни англатмоқда.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 2-сон.