Бегали Қосимов. Хулоса

Адабий-бадиий тафаккуримиз тараққиёти тарихида моҳияти ва мазмунига кўра тамоман янги бўлган XIX асрнинг охири — XX аср боши адабиётининг роли ва ўрни алоҳида. Бу даврнинг миллий уйғониш даври деб аталиши бежиз эмас.

Бу адабиёт янги адабиётдир, шакл ва мазмунига кўра ранг-барангдир, бироқ унинг етакчи йўналишини миллий истиқлол ғоясининг шаклланиши ва бадиий ифодаси ташкил қилди.

Янги адабиёт деганда биз кўп асрлик адабиётимизнинг асосан сўнгги асрини кўзда тутамиз. Бу аслида сал илгарироқ, ўтган асрнинг сўнгидан бошланди.

Бу адабиётнинг аён кўриниб турган хусусияти унда давр воқеаларининг акс этганлигидир. Унда Худоёрхон тилидан айтилган «таассуфнома»лардан тортиб, 1892 йилги Тошкентдаги «Тошотар воқеаси» қаҳрамонларигача, 1898 йилги Дукчи эшон можаросидан 1916 йилги «Мардикорлик воқеалари»гача акс этди. «Совет мамлакати» деган ясама бир мамлакат, «совет халқи» деган сохта бир миллат ясамоқчи бўлган шўро тузуми воқеалари хдм акс этди. Бу воқеалар шунчаки эмас, мураккаб жараёнлари билан акс этди. Истило ва унинг оқибатлари, Ватан ва Миллат тақдири ҳамиша адибларимизнинг кўз ўнгида турди. Бу адабиётнинг чегараси, кўлами ҳам катта: Муқимийдан Чўлпонгача бўлган даврни қамраб олади. Жанрлари, ифода воситалари ҳам хилма-хил. Айниқса вақтли матбуот ва театрнинг йўлга қўйилиши адабиётнинг имкониятларини кенгайтириб юборди.

Бу адабиётнинг иккинчи бир номи «жадид адабиёти» эди. «Жадид» ҳам аслида «янги» дегани. «Жадид адабиёти» тушунчаси фанда жадидчилик деб ном олган ижтимоий-сиёсий, маърифий-ислоҳотчилик ҳаракатининг таркибий бир қисми сифатида қаралди. Бу ҳаракат турмушнинг барча соҳаларини янгилаш, энг муҳими ва асосийси, идора усулини янгилаш шиори билан чиқди. Идорачи? Идора бошқаларнинг қўлида эди. Демак, уни ўзгартириш учун, аввало, унга эга бўлиш керак. Бу, ўз навбатида, мустақилликка, миллий истиқлолга келиб тақалар эди.

Лекин, гап шундаки, бу ғоя миллат томонидан англанмоғи керак эди. 1789 йилда француз Бастилияси қаҳрамонларининг севимли иборалари бўлган ва Номиқ Камол, Тавфиқ Фикратлар, сўнгроқ эса Беҳбудий, Мунавварқорилар томонидан тез-тез ишлатилиб турган «Ҳақ берилмас, олинур» деган гап миллатнинг қалбига, руҳига сингмоғи, бошқача айтганда, чинакам миллий ғояга айланмоғи керак эди. Шундагина у реал кучга айланарди.

Бу жуда мураккаб иш эди. Чунки бу ғоя англанмоғи учун миллат уйғоқ бўлиши керак эди. Ҳамзанинг изтироб билан айтгани -«Руҳсиз тандир: ханжар урсанг, қони сочилмас» деган нидоси бежиз эмас эди. Шунинг учун ҳам бадиий зиёлиларимиз асримиз бошида адабиётнинг бош мақсади миллатни уйғотиш деб билдилар. Шунинг учун ҳам бу давр адабиётининг яна бир номи «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» бўлди.

Адабиёт ҳеч қачон Ватан ва Миллат тақдирига бу қадар яқин келган эмас эди. Ватан ва Миллат тақдири ҳеч қачон бу қадар ҳам қаҳр, ҳам фахр билан, ҳам изтироб, ҳам ғурур билан адаби-ётга кириб келмаган эди. Муболағасиз айтиш мумкинки, 1865 йилдан 1929 йилгача бўлган давр оралиғида ушбу мавзуга дахл қилмаган бирорта ижодкор йўқ. Агар бу адабиётнинг бош мав-зуи нима десалар, «Миллат» дейиш керак бўлади. Энг катта дарди нима деб савол қўйилгудек бўлса, «Истиқлол!» деб жавоб бериш керак бўлади.

Тўғри, масала ҳеч қачон бундай очиқ, ялангоч қўйилган эмас. Қўйилиши ҳам мумкин эмас. Бу — бадиий адабиёт. Унинг ўз қонунлари бор. Ва, табиийки, истиқлол ғояси асарнинг умумий руҳидан, тимсол ва тамсилларга ўраб берилган маъно-мазмунидан келиб чиқади. Бу билан ҳисоблашмоғимиз шарт.

Лекин факт шуки, у миллият дарди билан тўла. Ҳар бир образ тимсолдан миллий ғоя, миллий мафкура чиқиб келаверади. Уларни хотиржам ўқий олмаймиз. Деярли ҳар бир сўз, ҳар бир ишоранинг замирида Истиқлол дарди ётади. Фақат уларни англаш, умумий контекстдан келиб чиқиб баҳолаш лозим. Акс ҳолда, бир томонламаликка йўл қўйиш ҳеч гапмас. Узоққа бормайлик, маърифатчилик масаласини олайлик. Ғоят муҳим мавзу, тараққиётнинг калити. Жадид адабиётида жуда кенг ишланган. Шунга яқинроқдан разм солайлик. Мана, шунчаки бир мисол. Русия Туркистонни забт этгач, бу ерга темир йўл олиб келди. Хўш, уни қандай баҳолаш керак? Поезд, албатта, узоқни яқин, оғирни енгил қиладиган ўзига хос бир мўъжиза. Иккинчи томондан, у – илм-фан самараси. Шоирларимиз дастлаб шундай баҳоладилар. Масалан, Камий «Темир йўл хусусида» деган шеър ёзди, унинг «роҳатафзо»лигини таъриф-тавсиф этди. «Тахти равон», «оби равон» деб мақтади. Булар – табиий. Энди масаланинг иккинчи томонига қарайлик. Бу темир йўллар (улар асосан 2 та эди. Бири XIX асрнинг 80-йилларида Туркистонни марказ билан Ғарбдан Қизил Арвот орқали боғларди. Иккинчиси XX асрнинг 10-йилларида қурилгани, шимолдан Оренбург орқали боғларди) Туркистоннинг ер уечи ва ер ости бойликларини тезроқ, самаралироқ ташиб кетишни кўзда тутарди, бу ерга ҳеч қачон маҳаллий халқнинг оғирини енгил қилиш учун келтирилган эмас эди. Бунга қандай қарамоқ керак эди? Аввало, бу ҳолни маҳаллий халқнинг нечтадан биттаси билар эди?!

Русия Туркистонга келар экан, у билан бирга, табиийки, европача тартиблар ҳам (давлат юритиш, маориф тизими, ҳарб ишлари, маданий-маиший қурилмалар, савдо-саноат каби) кириб келди. Хусусан, театр, матбуот, гимназия кабилар неча асрлардан буён турғунликда келаётган Туркистон халқида катта таассурот қолдирди. Рус маъмурияти маҳаллий зиёлилардан вакиллар танлаб, уларнинг Москва, Петербургга саёҳатини уюштирди. Бир қисмини зодагонларнинг ички ҳаётига олиб кирди. Турли-туман кўргазмалар уюштирди. Ва булар, табиийки, ўз самарасини берди. Адабиётда Русия мавзуи, рус илм-фани, маданияти-маорифи тарғиби пайдо бўлди.

Илм-фан бахт ва саодатнинг калити, албатта. Лекин гап шундаки, бу илм-фан нимага хизмат қилдирилади. Илмни кўпинча, нурга, зиёга қиёс қиладилар. Ҳақиқатан ҳам шундай. Ундан тўғри фойдаланилса, йўлингизни ёритади, оқ-қорани кўриб борйвиз, таниб борасиз. Манзилга еташишингиз осон бўлади. Агар ундан ёвуз мақсадларда фойдаланилса-чи? Қирғинбарот қуроллар ҳам илм-фан самараси. Қўйингки, Русиянинг Туркистонни босиб олиши ҳам рус ҳарбий қудратининг, ҳарбий тафаккурининг, демакки, илм-фаннинг самараси. Ундан кейинги босқич — мустамлакачилик идораси-чи? Бу даврда Туркистондан анча илгарилаб кетган Русия илм-фанининг, идора тартабларининг кўз-кўз қилиниши, илмталаб маҳаллий зиёлиларнинг бир қисмини оғдириб олишга уринишлар, ё бўлмаса қисқа муддатда ташкил қилинган юзлаб рус-тузем мактаблари Туркистон аҳлига ҳимматданми? Олижаноблиқданми эди? Асло ундай эмас. Бу рус истилочилик сиёсатининг ўзига хос услубини ташкил қилди, холос.

Маорифни олайлик. Илғор зиёлиларимиз Русия ҳукуматидан маҳаллий мусулмонларга ўз анъанавий ўқув тизимида савод чиқаришга изн сўрадилар. Уларни давлат ишларига жалб этиб, улкан мамлакатни ҳамкорлиқда бошқаришларини умид қилдилар.

Ҳеч бирига йўл берилмади. Руслаштириш ва исломни бузиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу жиҳатдан, усули жадид мактаблари миллатимиз қалбидаги фидойиликка тимсоддир. Матбуот, театрнинг йўлга қўйилиши жасорат намуналари билан тўла. Замонавий адабиётнинг шаклланиши ҳам осон кечган эмас.

Қизиқ факт. Русия Ички ишлар вазирлигининг Туркистон чор маорифи маъмурларига берган кўрсатмаси бор. Унда рус-тузем мактаблари мутасаддиларига маҳаллий халққа рус тилини қай даражада ўргатиш борасида меъёр белгиланади. Унга кўра, маҳаллий халқ рус тилида гапирганида ҳамиша ниманидир яхши билмаслигидан рус зиёлиси олдида ўнғайсизланиб туришга мажбур бўлиши лозим эди.

Чор Русияси ақидасига кўра ҳоким миллат тобе миллатдан ҳар жиҳатдан устун бўлмоғи лозим эди. Ҳамма нарса шунга қаратилган эди. Улар ҳатто Туркистонни забт этишларини ва бунга ҳақли эканликларини қонунлаштирмоқчи бўладилар. Гўё жаннатдай бир маконни ундан самарали фойдалана олмаётган эгалари қўлидан самарали фойдалана оладиган бошқа бир миллатнинг тортиб олишида ҳеч бир ғайритабиийлик йўқ эмиш.

Буларнинг барчасини биз буюкмиллатчилик, великорус шовинизми деб атаймиз. Адабиёт шуларни илғай оддими? Илғай олди. Бунинг ёрқин намунаси Фурқат ижодидир.

Кўриняптики, биз шу пайтгача маърифатчилик деб келган бир қатор адабий факт ва ҳодисаларни қайта кўришга эҳтиёж бор.

Иккинчидан ва энг муҳими, маърифат тушунчасининг ўзини икки хил талқин қилиш, хусусан, унинг ҳоким миллат қўлида тобе миллатга нисбатан уни итоатда сақлаш учун бир восита сифатида қаралгани маълум бўлади. Фитрат буни «Чин севиш» драмасида бетакрор ифода этган эди. Бир шеърида эса, қонга беланган Туркистон манзараларини чизаркан, ким бундай қилди, деган савол қўйиб, «Маданият деган ғарблик алвасти» деб жавоб беради. Чўлпон бир шеърида «маданият» билан «ваҳшоният»ни ёнма-ён қўяди.

Кўриняптики, маданият, маърифат талқинлари анъанавий ёндашишдан тамоман фарқ қилади. Биз эса, буларни аксарият шўро позидиясидан баҳолаб келган эдик. Ҳолбуки, улар Ватан ва Миллат манфаати нуқтаи назаридан ёндошганимиздагина, моҳиятини тўғри англаган бўламиз. Бу жилдий масаладир.

Миллий уйғониш адабиёти ғоялар мажмуидан иборат экан-да, деган тасаввур қолмаслиги керак. Унда кўтарилган ғоялар мутлақо янги ва аксарият мавжуд тузумга зид бўлгани учун шакл ва ифода воситаларини ҳам шунга мослашга мажбур бўлди. Шеъриятда бармоқ вазнининг ўз ўрнини топиб бориши, сарбастнинг кириб келиши, анъанавий бадиий-тасвирий воситалардаги ўзгаришлар, мумтоз адабиётимизга суянган ҳолда жаҳон адабиёти тажрибаларидан фойдаланиш, жумладан, реалистик прозанинг шаклланиши, театрчиликнинг йўлга қўйилиши, ижтимоий публицистиканинг кундалик эҳтиёжга айланиб бориши кабилар бунинг ёрқин далилидир. Ниҳоят, бу давр Фурқат, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби ижоди чинакам жаҳоний миқёсга эга шахсиятларни етказди. У адабиётимизнинг бугунги авлоди учун ҳам илҳом манбаи, маҳорат мактаби бўлиб турибди.