Бегали Қосимов. Сирожиддин Сидқий (1884-1934)

Атоқли адибимиз Ойбек «Улуғ йўл» романида уни шундай таништирган эди: «Шоир Сидқий махсум Искандардан. Камбағал оилада туғилиб ўсган, қаттиқчилиқда қийналиб ўқиган, кейин мадрасага жойлашган. Кўп хору зорлик билан мадрасани тугатган, Искандарга қайтмасдан шаҳарда қолган. Назмда хийла тузук, каломи ўткир, пишиқ, ҳозиржавоб шоир эди. Ўрта бўйли, мулойим ифодали, юзлари буришиқ, фақирона кийинган, хушфеъл, хушмуомала киши эди».

Сирожиддин Сидқий 1884 йилда туғилди. Отаси Мирзоҳид-охунд «охунд» деб номланишидан ўқимишли кишилардан бўлган. Шоир ўз «падари бузруквор»ининг «камдастроқ», «бечораҳолроқ» бўлганлигидан «хизматкорларга ош тошиб, оту улоғ боқиб» рўзғор тебратганини маълум қилади. 6 ёшларида Сирожиддиннинг саводи чиқади. Хати равон бўлиб, қисқа муддатда шериклари орасидан кўзга ташланиб қолади.

1903 йилда ўқишни давом эттириш ниятида Тошкентга келади. Кесакқўрғон маҳалласидаги Мадрасаи Раҳматуллоҳда Шомуҳиддин охунд қўлида араб тили сарф (морфология)у наҳв (синтаксис)ини ўрганади. Хаттотликка муҳаббат қўйиб, замонасининг машҳур қилқалами Тошкентнинг Арпапоя маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаммад Шоҳмурод котиб (1850—1922)га шогирд тушади. Сўнгроқ Фарғона водийсига бориб, «машҳури даврон» Мирза Ҳошим Хўжандийдан сулс, таълиқ, руқъа, ёқутий, убайдий, лоҳурий каби хатларни ўрганади ва унинг «тарбияи мушфиқонаси», «марҳамати падаронаси сояи ҳимоясида» «ғурбат юртида» шуҳрат қозонади. Айни пайтда шеър машқ қила бошлайди. Таржима билан шуғулланади. Кекса маорифчи, шоир ва журналист Мўминжон Муҳаммаджонов (1883—1964) ўзининг «Тошкентлик ва Тошкентда бўлган ўзбек шоирларининг таржимаи ҳоллари» қўлёзмасида маълум қилишича, табиатан ғоят закий бўлган бу шоир Мулла Қўшоқ Мискин (1880-1937) билан жуда иноқ эди. Улар биргаликда «Кўкалдош» мадрасасида Ак-малхон домладан дарс олганлар. Сўнг Сидқий «Бекларбеги»да Абдулмаликҳожи охундда ўқиган. «Кўкалдош»да Сидқий ва Мискинлар билан айни бир вақтда шоир Хислат (1882-1945) ҳам ўқиган. Сидқий ўз таржимаи ҳолида Хислатнинг номини алоҳида эҳтиром билан тилга олади, ундан шеър илмини ўрганганини айтади. Сидқийнинг шоир сифатида шаклланишида Каримбек Камий (1865-1922)нинг хизмати катта бўлди. «Бекларбеги» мадрасаси ҳужрасида фақирона ҳаёт кечирган, Тошкентдаги машҳур 7 бедилхондан бири сифатида эътироф этилган бу но-зиктаъб шоир кўплаб ёшлар учун устозлик килган. Гоҳ «Кўкалг дош»да, гоҳ «Бекларбеги»да шеърхонликлар тез-тез бўлиб турган. «Бекларбеги»дан мулла Тўлаган — Тавалло, Мўминжон -Тошқин, «Кўкалдош»дан Сидқий, Мискин, Хислатлар бу му-шоираларнинг фаоллари эдилар.

Бу оддий суҳбатларда шеър илми билан боғлиқ гаплар ҳам ўртага тушар эди. Сидқий «авзон» (аруз вазни кўзда тутилади), «сажъ» (қофияли наср), «қофия» кабиларни мана шу адабий давраларда ўрганганини айтади ва юқоридагилар билан бир қаторда Ғазанфар, Мунис, Хаёлий, Иффат Боғистоний, Ризоий Андижоний, маш-ҳур Муҳйи Хўқандий, Саидаҳмад Васлий Самарқандий, Ғурбатий Туркистоний, Абдулқодир Кошғарий каби «фусаҳои рўзгор ва адиби балоғатшиор»лар номини тилга олади. Уларга «улфат бўлуб», «риш-таи муҳаббатлариға меҳр аёғин банд этган»ини, «алардан анча касби маориф қилган»ини ёзади. Сидқийнинг илк шеърлари, шубҳа йўқки, ишқий шеърлар эди. Ва буларни (2 шеър китоби) у «Шавкат» тахаллуси билан ёзди («Туҳфаи Шавкат», Т., 1913; «Савғоти Шав-кат», Т., 1914), шу номда нашр эттирди. Бир қатор шеърларига «Шеван» («нола», «фигон») тахаллусини қўйди. Лекин сўнгроқ барча асарларини «Сидқий» тахаллуси билан чоп этди. Ҳатто эски ғазалларини ҳам таҳрир қилиб, «Сидқий»га ўзгартирган, девони номини «Девони Сидқий» атаган эди.

Шоирнинг ўзи табиатан меҳнаткаш, ҳунар ва касб ўрганишга мойил ва моҳир бир киши эди. У хушхатликдан ташқари тош йўниб, унга турли ишлов бериш, хат ёзиш, турли безаклар туши-риш, суратлар ишлаш, муҳр «қазиш»ни ўрнига қўйган. Ҳозирда хусусий ва давлат кутубхоналаридаги у кўчирган ўнлаб хушхат девонлар, баёз, рисолалар қаторида тайёрлаган кўплаб муҳрлари нусхалари, тошлавҳалар ва ниҳоят, серқирра ижодкор қаламига мансуб Тўйчи ҳофиз, Тавалло суратлари сақланиб келади.

Буларгина эмас, у ҳуштак ясаш, қуш овлаш, қуш боқишга ҳам уста бўлган.

Асалари боққан. Унга доир замонавий китобларни ўқиб ўрганган. Ўзи айтмоқчи, арининг «заҳри омизиши»ни «аҳли миннатнинг шаҳди омизишидан яхшироқ» кўрган.

Сидқийдан сурат қолган эмас. Чамаси, у суратга тушмаган. Шоирнинг 1984 йилги «Навбаҳор» тўпламига чизилган сурат қариндошларининг сўзига қараб ишланган.

Адабиётга ошиқона шеърлар, ишқий ғазаллар билан кириб келган шоир ўз ҳаёти давомида кўплаб асарлар ёзди. Бу асарлар жанрига кўра ҳам, мазмун-йўналишига, мақсад-моҳиятига кўра ҳам хилма-хил эди. Шоир бадиий ижодга бадиий лаззатгина оладиган бир гўзаллик тимсоли деб қарамади. Уни ҳаёт ва кураш учун восита ҳам деб билди. Шунинг учун ҳажвиёт шоир ижодидан кенг ўрин олди.

У «Ҳолоти Сидқий» да ёзади: «Адабиёт ва ошиқона ғазали кўб бўлса ҳам, аксар табъи ҳажвиётиға мойил бўлуб, Николай йўлиға сув сепқонларға ва ҳутом дунёға сотилғон муфти маожинлариға қуввати борича қаршу ҳаракот ва зўр монеъият кўрсатур эди».

Дарҳақиқат, Сидқий табиатан тиксўз, ҳозиржавоб, ҳақталаб, адолатсизлик билан ҳеч бир чиқиша олмайдиган, айниқса, текинхўрлик, тамагирлик ва порахўрликни, қаллобликни инсонликка буюк офат билувчи ғоят покиза виждон эгаси эди. У бунинг жабрини ҳам кўрди.

Чунончи, унинг 1984 йилда «Навбаҳор» тўпламида эълон қилинган асарлари орасида Ўнқўрғон қозиси ҳақида бир воқеий ҳикояси бор. Мазкур шеърий ҳикояда жоҳил ва банги бир эшоннинг юрагига қози бўлиш ғулғуласи тушиб, муридларини йиғиб, пора билан унга эришгани, шариат ишларини поймол қилгани, порахўрлик, ҳақсизликка ривож бергани ҳақида гап кетади ва мисол сифатида шариат пешвосининг фаолиятидан бир лавҳа келтирилади: Бир оқсоқол бир деҳқоннинг устидан арз қилиб келади. Куч ва тезликда ягона-ю ёлғиз айғири бор экан, фалон деҳқон қирчанғи, қўтир байталини ҳайдаб қўйган экан. Шу билан қўшилибди ва бу ҳам шу кундан қўтир бўлибди. Аслида бу ғирт ёлғон бўлиб, деҳқонни чув тушириш учун қилинган найранг эди. Деҳқонни топиб келадилар ва уриб-сўкиб, ўттиз сўмлик қирчанғини байтал эгасига саксон сўмга ўтказадилар. Деҳқон қаттиқ қайғуради. Сойлиқ қишлоғида бир пок эътиқод, имони мустаҳкам, айни пайтда фозил, шариат раҳнамоси бўлиб келган бир киши бор эди. Шунга маслаҳатга боради. У можарони тинглаб бўлгач, йўқ, сен айбдор эмассан, шариатда бировга қасд билан зиён етказгандагина айбдор саналади. Ҳолбуки иккалангизнинг отингиз ҳам «бўш», ҳайдоқлик экан, – дейди ва қизиқчиликка олиб, сен аксинча, бориб, қозидан байталингнинг маҳрини талаб қил, чунки у ўша куни оқсоқолнинг отига «ҳақиқий хотун бўлибди», – дея қўшиб қўяди.

Сидқий ушбу воқеани олимнинг ўз тилидан эшитганини маълум қилади. Хуллас, бу воқеани шоир ёзиб, эълон қилиб юборади-ю боши балога қолади. «Бу сўзларим барчага қуёш каби фош бўлғоч, – ёзади шоир, – ул золим банги қози ўзи каби золим ва мустабидларни ёллаб, мен камбағални Сибирияға сургун («авоқ») ва турма ичра турғун қилмоқға анча чолишти. Мавлоно Фирдавсий Султон Маҳмуд Ғозийни ҳажв қилиб, Тус шаҳриға қочқондек ул золим амалдин қолғунча мен ҳам Фарғоналарда қочиб юрдим ва икки йилча умрумни кечурдим. 1329 санаи ҳижрияда қиш ҳавосинда токи ул золим тахтдин тобутға тортилди, мен ҳам ўз ватаним дару девориға ортилдим. Ва биргина ҳақиқат изҳори учун шунчалик ташвиш чектим».

Дарҳақиқат, шоирнинг Андижонда туриб Тошкентга – Камий, Вуслатта йўллаган шеърлари, «Баёзи Ҳазиний»дан жой олган «Юз минг осафки, чарх мани қилди беватан» деб бошланадиган, муаллифнинг ўзи «шикастаҳолу магасулбол Шеваннинг Андижондин Тошкандға фироқ шиддатидин, иштиёқ ва муҳаббатидин шериклариға ёзғон мусаддаси ашъоридиндур» дея изоҳ бериши бежиз эмас.

Бу шўролар замонида янада кучайди.

Шоир ҳар қандай ҳолда ҳам рўйирост айтишни қўймади. Бу эса янги замон амаддорларига ҳам кўпда ёқавермасди. «Шул жиҳатдин,—давом этади шоир,—барчалари Сидқийга мумкин қадар кулфат бермоқға жозим эрдилар. Сидқий халқни(нг) ҳарчанд маориф ишлариға қиздируб борса ҳам, лекин ҳўкузни қулоғига дўнбура ва танбур чертқондек бўлуб, они сўзиға бирор киши қулоқ осмағай эрдилар…»

Шу туфайли:

Фалак тийғи ситам чекмиш, ҳама фазл аҳлини қирмиш,
Жаҳолат аҳлиға фаал аҳлининг ўрнуни топшурмиш.
Фалак бедодидни мен не учун минг додлар килмай,
Ки мендек фазл элининг шохини саҳрода синдурмиш, —

дея хулоса қилади. Инқилобдан олдин тинимсиз ижод қилгани, ўнлаб шеърий, насрий асарлар, ҳажвиялар, таржималар ёзиб нашр эттиргани ҳолда шўролар даврида дурустроқ бир асар ёзмаганлигини қуйидагича изоҳлайди:

«Барчага машҳурдирки, ҳар бир мол харидор бирла ривож топдиғи каби сўз ҳам харидор кўплуғи бирлан ва талабгор жўшиши илан тараққий этар. Сўз харидори ўлмағондурки, ҳозирги асримизда қадимғи шоирларимизнинг амсолини кўрмайдурмиз. Атобеклар, Ширвоншоҳлар, Аврангзеблар, Ҳусайн Бойқаролар бўлмасалар эрди, матбуот дунёсинда «Куллиёти Шайх Саъдий», «Хамсаи Низомин», «Куллиёти Бедил», «Ҳафт авранги Жомий» каби китобларни, албатта, ҳеч ким кўрмас эрди…

Бечора Сидқийнинг оз шеър айтмоғиға боис сўз харидорининг йўқлиғидур».

Шоирнинг оилавий ҳаёти ҳам роҳатда кечган эмас. Ўғиллари Фатҳулкарим ва Омонуллоларнинг кетма-кет вафоти Сидқийнинг қаддини тамом букиб қўйди.

Сидқий 1934 йили ўзи туғилиб ўсган қишлоқда Парвезтепа мавзеида вафот этди.

Унинг асарларини садоқатли шогирди Абдулла Носиров ЎзФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондига келтириб топширди. 1984 йилда адабий жамоатчилик шоир таваллудининг 100 йиллигини, 1994 йилда 110 йиллигини нишонлади. 1984 йилда салкам 70 йиллик танаффусдан кейин адиб асарлари алоҳида бир китоб ҳолида нашр этилди. 1996 йилда унинг ижоди ҳақида махсус диссертация ёқланди. Бугунги кунда унинг ижоди ҳақида қатор мақолалар, рисолалар ёзилган. Айниқса, XX аср боши Тошкент адабий муҳитини ва шу жумладан Сидқий ижодини ўрганган филология фанлари доктори АЖалоловнинг номини алоҳида қайд этиш керак. Шуларга қарамай, шоир асарларини тўплаш ва янги ўзбек адабиёти контекстида баҳолаш масаласи олдинда турибди.

Сидқий — серқирра, сермаҳсул ижодкор.

Араб, форс тилларини яхши билган шоир таржима билан ҳам жилдий шуғулланган. Масалан, у машҳур «Минг бир кеча»ни, Саъдий Шерозийнинг «Бўстон»ини, ўнлаб ҳикоя ва латифаларни таржима қилган.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Сидқийнинг 20 дан ортиқ номда босма ва қўлёзма китоблари сакланиб келади. Буларнинг катта қисмини, шубҳасиз, шоирнинг оригинал асарлари ташкил қилади. Унинг юздан ортиқ ғазалини ўз ичига олган қўлёзма девонидаги шеърлар истеъдодли лирик шоир бўлганлигини кўрсатади. 10-йилларда босилган «Баёзи Ҳазиний», «Баёзи Муҳалло», «Армуғони Хислат» каби кўпгина тўпламларда Сидқийнинг «Шавкат», «Шеван» тахаллуслари билан ёзган ўнлаб шеърлари ва ҳажвиялари бор.

Шоирнинг лирик шеърлари шуни кўрсатадики, у мумтоз адабиётимиздаги ҳаётий, инсонйй муҳаббат, одамийлик сингари энг яхши анъаналарни давом эттиради. У буюк Навоийга алоҳида ихлос ва муҳаббат билан қарайди. Лекин XX асрнинг шоири бўлганлигидан унга демократик руҳ, маърифатпарварлик қарашлари ҳар нарсадан яқин туради. Бу ҳол уни Муқимий ва Фурқат изидан боришга ундайди.

Буни шоирнинг зоҳиран ижтимоий ҳаёт билан кам алоқадордек туюлган, аслида турмуш билан теран боғланиб кетган анъа-навий лирик шеърларида ҳам ошкор эътироф нишонаси — иқги-бос ва мухаммасларида ҳам кўриш мумкин. Сидқий классик по-этикадан, бой анъанага эга шеъриятимизнинг сирсиноатидан ҳам яхшигина хабардор. У ўз «Таржимаи ҳол»ида шеър илми билан махсус шуғулланганини хабар қилган эди.

Шоир поэтик меросининг салмоқли қисмини ҳажвиёт ва иж-тимоий-сиёсий шеърлар ташкил қилади. Ҳажвий асарларининг аксарияти воқеий ва деярли ҳаммаси порахўр қозилар, тамагир, товламачи амалдорлар, риёкор руҳонийлар ҳақида, ижтимоий-сиёсий шеърлари эса даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган. Масалан, «Муҳораба» шеъри 1914 йилда бошланган маълум ва машҳур Биринчи Жаҳон уруши ҳақида. Шоир унинг оддий халқ бошига келтирган фожиаларидан сўз очади, очлик ва талонда қолган меҳнаткаш ёнида туриб, «муҳораба» ҳайбаракаллачиларини лаънатлайди.

Мардикорлик воқеаларига бағишлаб «Рабо(т)чилар намойиши» (1917) асарини яратди. «Рангимиз синуқ, ҳолимиз забун, бўлди ғам била қадимиз дуто» деган сатрлар бор эди унда. Шоир «қимматчилик»дан, «ҳамма элни тоқати тоқ» бўлганидан, «эл уйига ғам сели» тўкилганидан сўз очган эди. Унда она диёридан юлиб олинган мардикорларнинг юрт, эл, ёр ҳажридаги изтироблари, ниҳоясиз соғинч ҳисси бор эди.

1917 йил Февраль инқилобидан кейин жаҳон жамоатчилигининг, туркистонлик тараққийпарвар мусулмонларнинг қаттиқ талаби билан мардикорлар ўз юртларига қайта бошладилар. Сидқий 1917 йил 19 мартда босилиб чиққан «Рабо(т)чилар келиши» асарини шу воқеага бағишлади.

Шоир уларни «раҳбарим», «нек ахтарим» (бахт юлдузим) деб тилга олади.

«Тоза ҳуррият» китобида (у 1917 йил 24 мартда босилган) Ни-колайнинг тахтдан ағдарилишини чин дилдан, баланд руҳ билан олқишлайди. Лекин, айни пайтда, ҳали олдинда ишлар жуда кўп эканлигини, балки чинакам озодлик ҳали келмаганини яхши англайди, поэтик синтаксисда «Бўлди!» эмас, «Бўлсун!»ни ёхуд «Бўлса!»ни танлайди:

Бўлғай не ажаб бўлса бу кунлар аро ҳосил,
Ҳар мақсаду ҳар матлабу ҳар кому ҳар аъмол, –

деб, «бу кунлар»нинг «мақсад ва матлаб»га йўл очишига умид қилади. Янгича қарашлар билан чиққан «ёшлар»га диққатни жалб этади. Уларнинг уруғчилик, маҳаллийчилик низоларидан, айир-маларидан холи, умумтурк, умуммиллат туйғулари билан тўлиб-тошган элпарвар, юртпарвар авлод эканлигини таъкидлайди:

Туғушғондин зиёда барча элға меҳрибон ёшлар.

(«Яшасун, ёшлар!»)

Шоир миллий, диний туйғуси баланд фидойи авлодга умид кўзини тикади…

1916—17 йилларда ёзилиб, тезкорлик билан босилиб чиққан бу асарлар халқимиз миллий онгидаги ўзгаришларни кузатишда, мустақиллик ва унинг учун кураш ғоясининг адабиётга кириб келиши тадрижини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, Сидқийнинг 1917 йил мартида жуда қисқа муддатда ёзилиб, жуда тез босилиб чиққан «Русия инқилоби» достони мавзу ва мақсадига кўра адабиётимиз тарихининг диққатга сазовор ҳодисаларидан бири. У Русия инқилобий юқеаларини кенг эпик планда тасвир этувчи дастлабки асар. Мумтоз адабиёт билан шуғулланувчи айрим мутахассислар анъанавий Шарқ шеъриятини, шу жумладан, ўзбек поэзиясини бир қадар торроқ, олайлик, ишқий, дидактик, фалсафий оҳанглардагина қўришга мойил бўлиб, ижтимоиёт ва сиёсатдан узоқ тутадилар. Бу унчалик тўғри эмас. XX аср боши ўзбек адабиёти, хусусан, Сидқий ва унинг мазкур достони бунга очиқдалил. Асар ниҳоятда муҳим бўлганлиги учун у ҳақда кенгроқ тўхтаймиз.

Достон ҳажми салмоқли — 48 бетдан иборат бўлиб, 1502 сатрни ташкил қилади. Шундан 72 сатри «Гуфтори андар ҳамешаги» «Шўройи исломия…» боби (30-32-бетлар) форс-тожик тилида ёзилган. Асарнинг асосий матни (1430 сатр) ўзбек тилида.

Достон муқаддима ва хулоса («Иттифоқ замони»)дан ташқари ҳажми турлича бўлган 13 бобдан ташкил топган. Муқаддима ва хулоса ҳам достондаги воқеалар билан бевосита бирлашиб кеттан. Шу сабабли уларни ҳам боблар қаторига қўшиш мумкин.

Асарнинг бошланишида маълум анъанавийлик бор. Буни сарлавҳа («Сабаби назми инқилоб») ҳам таъкидлаб турибди. Умуман, шоирнинг ижтимоий-эстетик қарашларини белгилашда унинг аҳамияти катта.

Муқаддимада шундай мисралар бор:

Ки эски ҳукумат замони аро
Йўқ эрди бу хил журъат этмак манго.

Алар асрида журъат этсам агар,
Ёпар эрдилар турмаға сарбасар.

Чурутқой эдилар вужудим, бале,
Узулғой эди тору пудум, бале.

Февраль инқилоби халқимиз учун мустабидликдан мустақилликка томон кескин бурилиш эди.

Февралдаги инқилобий воқеалар тасвири, асосан, биринчи бобда берилган. Ҳажман бирмунча салмоқли (214 мисра) бўлган бу боб тўғридан-тўғри 23 февралдан — инқилобнинг биринчи куни тасвиридан бошланади. Шоир уни «баногоҳ қўзғолди» деб хабар беради. Сўнг ғалаёнга келган элнинг аҳволи, хатти-ҳаракатлари тасвирига ўтади.

Воқеалар асарда кунма-кун берилади. Ҳар бир куннинг энг муҳим ҳодисалари тилга олиниб, якунланади. 23 февралдаги халойиқнинг «можаро»сини Сидқий мамлакатни ларзага келтирган очлик, вайронагарчиликдан қўради.

Инсоний қадрини талаб қилиб чиққан гуноҳсиз кишиларнинг ўққа тутилиши, тўкилган беҳисоб қонлар шоирда ғамгин кайфият уйғотади:

Фалак узра юзланди сонсиз сурон,
Дер эрдингиз йиқилди магар осмон.

Бўлуб нечанинг рўзгори қаро,
Ажал илкида бўлди умри адо.

Ярадорлар бўлди басе беҳисоб,
Йилондек ётар эрдилар печу тоб.

Бўлуб хоку хун бирла оғушталар,
Ўлуктин кўтарилди кўп пушталар.

Саросар халойиққа етти жафо,
Магар ёнди кўкдин аларга бало.

Балоеки, йўқтур давоси анинг,
Халойиқ бўлуб мубталоси анинг.

Чидолмай мунга йиғлаб эл ҳой-ҳой,
Дер эрдики, «Раҳм айлағил, эй, Худой!»

Кейинги воқеалар «Таврически ном ўрда қопусинда» бўлиб ўтади. Чор министрлари «Прўтопўпўф», «Доброволский», «Мақореф», «Сухумлинеф», «князь Шаховский»ларнинг қўлга олиниб қамалиши, Николай II нинг тахтдан тушиши, ўз ўрнига укаси Михаил Александровични қўйиши, у эса тахтни қабул этмаганлиги воқеалари берилади.

«Мақбул қурбонлар» бобида шоир Русия озодлик кураши тарихига назар ташлайди. Бу курашнинг узоқдан бошланганига ва у ҳамма замонларда шиддатли тўқнашувлар, ҳаёт-мамот жанглари асосида борганлигига алоҳида эътибор беради.

Ҳуррият олинмади қурбонсизин, Ки тарихларнинг сўзидур чунин, – деб ёзади шоир. Рус инқилобий тарихи саҳифаларини 1772 йилдаги Пугачёв қўзғолони («ихтилол»)дан бошлайди. Шоир инқилобнинг сабабларини мустамлакалардаги миллий зулм билан боғлайди ва ўзи жуда яхши билган, ўзига ҳар жиҳатдан яқин бўлган 1916 йилдаги Туркистон воқеаларини мисол қилиб келтиради. Муаллиф фикрича, Туркистондаги қўзғалишларга асосий сабаб-ноҳақлик ва зулмнинг кучайиши бўлди. Чор ҳукумати бу ерда истилочилик, талончилик сиёсатини юргизди:

Босиб зўр ила мулку молин олиб,
Ўзин оқчасидек ёниға солиб.

Худди шундай шароитда подшоҳ ўлка аҳлини мардикорликка олиш ҳақида фармон берди. Аввало, шоир мардикорликка олишнинг ўзини «На бор эрди фармон аро муҳлати, на бор эрди анда ҳақи-хидмати», дея ғайри қонунийлик деб билади.

Унинг устига, бу қонунсиз ишнинг ўзи ҳам қонунсиз амалга оширилади:

На фармонда бор мардикорга адад,
На одамни ҳозирламоқлиққа ҳад.

Бу ҳол «соддадил» халқни «афтодадил» қилди. Авжи ҳосил йиғиш пайти халойиқ мотамсаро қолди. Қўл тирикчиликка бормади. Оқибатда иқтисод оғирлашди. Лекин «жабр-зулм» халойиқ қалбига жасорат солди.

Ниҳоят:

Мусибат бўлуб барчага ҳукмрон,
Халойиқни кўнглида тузди пулон.

Шу тариқа «ислом эли» «ҳурриятчилар сониға» келиб қўшилди.

Достоннинг «Мақбул қурбонлар» боби шуни кўрсатадики, Сидқий чор самодержавиесининг ҳал^катини ижтимоий асослардан келиб чиқиб қўрсатишга ҳаракат килади. Чунончи, чор ҳукумати сиёсатининг зулм ва ноҳақлик асосига қурилганини марказий объект қилиб олади ва буни Русия озодлик ҳаракати, шу жумладан, 1916 йилдаги Туркистон қўзғолонлари мисолида исботлашга уринади.

«Русия инқилоби»нинг кейинги боби «Распутин ила махлуь (собиқ) подшоҳ хоними» деб аталган. 52 сатрли бу бобда подшо саройининг ички томони — парда орқасидаги ишлар асосий объект қилиб олинган. Шоир фикрича, чор тузуми ич-ичидан зил кетган, чириб бўлган эди. Бу унинг ахлокий-маънавий инқирозида ҳам яққол намоён бўлди. Бутун Русия ихлос билан эгилган подшонинг хос хонадонида шундоқ ишлар рўй бериб турган экан, бошқа мансабдорларнинг ички ҳаётидан нима кутиш мумкин? Ахлоқан шу қадар тубанлашиб кеттан, бутун империяни шоҳ хотинининг шаҳватга бўлган майли бошқарган салтанат яшашга ҳақли ва қодирми?

Мазкур бобда Сидқий шу хил саволларни ўртага қўйган ва унга жавоб берган эди.

Кейинги бобларда Туркистондаги зулм ва зўравонликларнинг конкрет лавҳалари қаламга олинади. Таъкидлаш керакки, шоир чоризм даврида маҳаллий халққа етказилган зиёнзаҳматлар орасида дин ва шариат «заволи»га алоҳида эътибор беради. Масалан, боблардан бири «Дин душмани мисиўнерлар фирқасининг аҳволи бад(аъ)моли» деб аталган. Унда Н. П. Остроумов (1846—1930) ва унинг кирдикорлари ҳақида гап кетади. Чор ҳукумати олиб борган руслаштириш сиёсати, дин ва шариатга қилинган тажо-вуз қаттиқ танқид остига олинади. Шоир фикрича, бу ишлар ҳам ҳаммаси «пулон» асосида бўлган эди, инқилобгина буларга бар-ҳам берди. Деҳқон нима экса, шуни ўради. Бинобарин, бу жиҳатидан ҳам инқилоб қонуний. Шоирнинг хулосаси – шундай.

«Тафриқалар кўтарилуви» бобида ҳам инқилоб арафасида Туркистонда бир қадар кенг ёйилган ва ўлкадаги асосий суннийлик мазҳабига тўғри келмаган «бобийлик», «баҳоийлик» ва шу сингари оқимлар чор ҳукумати сиёсатининг оқибати сифатида талқин қилинади ва автобиографик характердаги бир воқеа мисолида рад этилади. Қизиғи шундаки, шоир буни ҳам «пулон» асосида қилинди деб тушунтиради.

«Хоин, золим, қароқчи эски амалдорлардан фарёди тазаллум»— достондаги энг йирик боб. У 314 сатрдан ташкил топган бўлиб, инқилобни майдонга келтирган омиллар талқинини маълум даражада якунлайди. Мазкур бобда шоир Туркистондаги миллий ва ижтимоий зулмни ўзи кўрган ва билган конкрет воқеалар асосида кўрсатишга ҳаракат қилади.

Дастлаб гап яна ҳаддидан ошган миллий зулмнинг умумий таърифидан бошланади. Унда шундай сатрлар бор:

Аёғ остида айлади поймол,
Нечукким ётар мол тагида похол.

Сўнг булар конкретлаштирилади. Масалан: чор мансабдорларининг ружуъ қилган нарсаси порахўрлик эди. У ишда ўзбек амалдорлари ҳам қолишмас эдилар. «Пристофу мингбоши-ю оқсоқол»нинг ҳаммасига хос бўлган хусусият («хисол») шу эди. Улар «беш-ўн сўм»га кўнмасдилар. Бу зулмми — зулм. Улар шу йўл билан мол-давлат кўпайтирдилар, кошоналар қурдилар. Улар элни хонавайрон қилдилар, ўзлари ҳам хонавайрон бўлсин. Улар элни гадо қилдилар — ўзлари ҳам эшикларда гадо бўлсин!

Куюб битсун онларни ҳам хонаси,
Алардан куюб битди эл хонаси.

Биз(н)инг бирла бўлсин баробар алар,
Эшикларда бўлсун гадолар алар.

Шоир собиқ маъмурларнинг порахўрлиги, ўзбошимчалиги ҳақида талай ҳаётий мисоллар келтиради. Масалан, темир йўл вокзалида билет олиш воқеаси билан боғлиқ бир эпизод берилган: «Ногоҳ, билет керак бўлиб қолди, — дейди шоир. — Маҳкамага (билет кассаси кўзда тутилади) бордим. Қўлимда гувоҳнома (чамаси, билетнинг миқдори, маршрути ва унга рухсат ҳақидаги қоғоз). Бири олиб ўқиди, бир сўмни олди-да, эртага келишимни айтди. Миннатдор бўлиб қайтдим. Тонг отди. Ваъдасининг вақти етганида, хурсанд бўлиб маҳкамага югурдим. Лекин мендан пул олган киши йўқ эди. Излаб топа олмадим. Бошқасига мурожаат қилдим. Яна ўша аҳвол қайтарилди. Бир сўмни бериб, уйга қайтдим. Эртаси эса кечаги одамни топиш мумкин бўлмади. Учинчисига ялинишга тўғри келди. Бор можарони айтдим. Гарданини қашлаб, бош-оёғимга разм солди. Сўнг эса, соқолини тутамлаганча, «бу ишлар жуда оғир иш», «хусусан билет олиш» деб муддаога шамаъ қилди. Иложсиз яна бир сўм бердим. Бу ҳам одатдагидай эртага келишимни тайинлади. Паришон уйга қайтдим. Эртасига эса… «жойи кўб юқори», «бир рус мирзо сори» элтдилар. У «қошини чекти-да», мени олиб борган кишига пул беришим кераклигини айтди. Яна бир сўм чиқариб, ниҳоят, беш кун деганда билет олишга муваффақ бўлдим. Менга пуллар эмас, ситам алам қилади». Ҳолбуки, бу «зулм элин энг кичик ишлари», деб изоҳлайди шоир.

Мана, зулм элин энг кичик ишлари,
Эрур доимо бўйла қилмишлари.

Мазкур воқеанинг талқини ҳам, шу муносабат билдирган фикрлари, қиёслари ҳам эътиборга лойиқ. Шоир ундан хулоса чиқаришни, уни баҳолашни бизнинг ҳукмимизга ҳавола қилади. Лекин қуйидаги шарҳ ва мушоҳадалар билан:

Бу иш зулмму ё адолатмудур?
Ва ё ўғирлиқ, ё хиёнатмудур?!

Бу ишларни денгиз: хиёнат, бале!
Ўғурлуқда бордур жасорат, бале!

Ўғурлуқ қилурлар далероналар,
Бу йўлда бериб жонни мардоналар.

Вале пора олмоқ хуноса иши,
Хуноса деманг, балки расво иши.

Гарчи Сидқий Февраль инқилобини қучоқ очиб қарши олса-да, унинг натижалари кўпинча шоирни қаноатлантиравермайди. Асарда унинг орзулари билан мавжуд шароит, идеал ва ҳаёт ўртасида тез-тез кўзга ташланиб турадиган зидликни пайқаш қийин эмас. Шоир Февраль инқилоби ўзгаришнинг бошланиши экан-лигини таъкидлаб тургандек бўлади. Масалан, у асарнинг дастлабки бобларидаёқ қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида шундай ёзган эди:

Тараққий йўлинда қилинг жон фидо,
Ки бўлсун бу кун жумла ҳожат раво.

Очинг кўзни ғафлатдан, эй мусулмон,
Ки, ётманг касолат, атолат билан.

Имому муаллим, зиёли бори,
Керак боқсалар ушбу ишлар сори…

Мунингдек замонда ҳуқуқ исташинг,
Ҳуқуқ истамоқға тузук қатнашинг.

Бунинг учун шоир «бир тан», «бир жон» бўлиб, «ҳуқуқ исташ»га, мустақилликни қўлга олишга чорлайди. Бу борада қизғин иш олиб бораётган «Шўройи исломия» жамиятига алоҳида боб бағишлайди. Унга тарғиб ва ташвиқ қилади. Достон Февраль инқилобидан кейинги шароит жилдий ва атрофлича таҳлил этилган, ютуқлар ва вазифалар ўзига хос бир усулда кўрсатиб берилган, барчани бирликка, ҳамжиҳатликка чорловчи «Иттифоқ замони» боби билан якунланади.

Бу ғоя шоирнинг Ғуломия матбаасида 1918 йилнинг 18 январида алоҳида варақа ҳолида босилиб чиққан «Умиди иттифоқ» таржиъбандида давом этади. Агар биз шу пайтлари рус истилосидан кейинги мустақил давлатчилигимиз намунаси Туркистон мухторияти тузилганини ва уни йўқотишга Шўро ҳукумати катта-катта кучлар ташлаганини кўзда тутсак, асарнинг аҳамияти бир қадар ойдинлашади. Асар ҳаммамизга маълум сабаблар билан диқ-қатдан четда келди. Шеър шундай бошланади:

Эмди бизларға бу кун ғоятда ҳуррият керак!
Пок кўнгул, соф дил бирла тузук ният керак.

Айламайлук бўридек тишлашқа дандонларни тез,
Шаҳр омонлиқ бўлса шояд, баски, амният керак.

Бирлашайлук, ишлашайлук бас, бўлуб қўлу қанот,
Бу фалонидур дебон, деманг салоҳият керак.

Барча ислом аҳли бирдурмиз салоҳият аро,
Демағаймиз бу замонда бизга зиддият керак.

Жон қулоғи бирла англангким, ман айларман нидо,
Бу нидони оҳким, англарға мардият керак.

Бизлара лозимдур эмди, эй мусулмон, иттифоқ!
Филмасал жисм ўлса бирлик, гўйиё жон иттифоқ!

Таржиъбанднинг таржиъ байти кишиларни такрор ва тақрор бирликка чорлаш билан асарнинг етакчи ғоясини таъкидлаб туради:

Бизлара лозимдур эмди, эй мусулмон, иттифоқ!
Филмасал жисм ўлса бирлик, гўйиё жон иттифоқ!

Бу ердаги «мусулмон» диний характердан кўра кўпроқ ижтимоий тамойилни кўрсатади.

Шоир олис тарих мисолида ўзаро низо ва жанжалларнинг Ватан ва Миллат тақдиридаги фожиали оқибатларини кўрсатиб беради. Миллатнинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётган шундай масъул бир пайтда «Иттифоқ»нинг сув ва ҳаводек зарур эканлиги ҳақида бонг уради. Аслида бу ғоя ўлмасдир. Мамлакатимиз истиқлолини қўлга киритиши билан у бугун ҳам долзарб бўлиб турибди.

Сидқий насрий асарлар ҳам ёзди. «Тазкираи Имоми Аъзам», «Сад иршоди мулла Сидқий Хондайлиқий», «Мезони шариат», «Зарбулмасали Сидқий» анъанавий насрда ёзилган. Шунингдек, у «Ҳикояи латифа», «Баҳром ва маликаи Гуландом», «Каримо таржимаси», «Минг бир кеча», «Ажойибул-махлуқот», «Ўғри ва қози» каби бир қатор насрий асарларни таржима қилди.

Унинг таржималари орасида эълон қилинмаганлари ҳам кўп. «Ҳолоти Сидқий»да оғир инқилоб йилларида саҳобаларнинг жанглари ҳақида ёзилган бир китобни «Шавкатус-салом» таржимаи «Футуҳул-Шом» номи билан таржима қилганини ва умуман «уч адад буюк асарлари» «Хафо пардасида қолган»ини ёзган эди.

Адиб насрий меросининг салмоқли қисмини диний-ахлоқий асарлар ташкил қилади. Сидқийнинг 1914 йилда чоп этилган «Тазкираи Имоми Аъзам» асари шундайлардан. Ислом оламида Имоми Аъзам номи билан машҳур бўлган, сунний «Ҳанафия» мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа ан-Нуъмон ибн Собит (699/700-767) ҳақида бир қанча ёдномалар, тазкиралар, маноқиблар майдонга келган, сон-саноқсиз ривоятлар сақланиб қолган.

Жаҳон адабиётшунослигида анбиё ва авлиёлар ҳаётини бадиий акс эттиришни ўрганувчи «агиография» деган махсус соҳа бор. Афсуски, бу бизнинг адабиётшунослигимизда йўлга қўйилган эмас. Чунки унга салкам динни тарғиб қилиш сифатида қараб келганмиз. Ва шу сабабдан рад этганмиз. Ҳолбуки, ўтмиш адабий меросимиздаги маноқиблар, ривоятлар, турли рисола. меърожнома, қиёматномалар бу соҳанинг бизда ғоят тараққий қилганини кўрсатади.

Васлий Самарқандийнинг «Ал-калом ул-афҳом фи маноқиб ил-Имоми Аъзам» китобига хаттотлик қилган Сидқий кейинчалик ўзи ҳам махсус бир асар ҳозирлади. Имоми Аъзам ҳақидаги ривоятларни тўплади, уларни қайта ишлади. Табъидан ўтказди. Бир ипга тизиб, нашр этди. Бу асар шу кунга қадар қайта нашр бўлмаган ва илмий таҳлил этилмаган.

«Тазкираи Имоми Аъзам» Шарқ мумтоз адабиётида маълум ва машҳур бўлган насрий қиссалардан таркиб топган. Уларнинг марказида турувчи, «Имоми Аъзам» («Буюк имом») мартабасига мушарраф бўлган бу кишининг асл исми Нўъмон бинни Собит, кунияси Абу Ҳанифа. Кўфа шаҳрида форсийнасаб хонадонда дунёга келган. Кўфани араблар фатҳ этганларида бобоси асир олиниб, бу ерга келтирилган. Нўъмоннинг отаси Собит ту-ғилган пайтда бу хонадон эркинликка чиққан эди.

Ёзма манбаларда Нўъмон бинни Собитнинг дунёга келиши ҳақида талайгина ривоятлар мавжуд. Уларнинг кўпчилигида Собит ариқда оқиб келган олмани тутиб егани, бировнинг ҳақи деб эгасини рози қилиш учун ариқ ёқалаб бориб, боғбонга учрагани ва қизини никоҳига олгани ҳикоя қилинади.

Бу ривоятлар жузъий фарқлар билан турли вариантларда учрайди. Сидқий вариантида Абу Ҳанифанинг отаси қашшоқ бир деҳқон тарзида тасвирланади. Абу Ҳанифа ҳаётини илмий тадқиқ этган манбалар Собитнинг шойи савдоси билан шуғулланганидан гувоҳлик берадилар. Бу факт ҳаёт ҳақиқати билан бадиий ҳақиқат ўртасидаги муносабатни белгилайди.

Бадиий ҳақиқат ўша лавҳада илгари сурилган ғояни асослашга хизмат қилдирилади. Бу лавҳа Абу Ҳанифанинг отаси ва онасининг топишуви, ўзининг дунёга келиши воқеаси билан боғлиқ ҳолда тасвирланган.

«Тазкираи Имоми Аъзам» китоби Имоми Аъзам.қиссасидан ташкари «Қиёматнома», «Резномаи Мусо алайҳиссалом», «Меърожнома», «Васиятнома», «Одобул-муслимин», «Еру кўк халқ бўлғони», «Хотун олмоқлиқ фазилати» ва ҳоказо қисмлардан иборат. Бу қисмларда ҳам дин ва пайғамбарлар тарихига оид ривоятларга кенг ўрин берилган.

«Қиёматнома»да Расулуллоҳ бошлиқ чорёрларнинг қиёмат қуни пайғамбар умматларининг ғамида кўрсатажак жонбозликлари тасвирланган. Улар ўз ҳаловатларидан кечиб, бор ғайратлари билан бошқаларнинг гуноҳлари учун тортажак азобларини енгиллаштириш йўлида ҳаракат қиладилар. Айниқса, Расулуллоҳнинг қизлари Фотиманинг ўз шахсий аламлари билан фигон чекиб оталари ҳузурига борганида, бутун уммат манфаати учун бу гиналарни унутиши лозимлигини дарҳол англаб етиши ниҳоятда ибратлидир.

Расулуллоҳ бу қиссада Худои таолонинг дўсти ва умматларни шафоат қилувчи бир зот сифатида намоён бўладилар.

Китобнинг «Розномаи Мусо алайҳиссалом» қисми бошқа қиссалардан алоҳида ажралиб туради. Унда ҳазрати Мусонинг Тур тоғида Оллоҳ висолига восил бўлиши ҳақидаги машҳур воқеа қаламга олинган. Худои таоло Мусо алайҳиссаломни Тур тоғига чорлаб, уни қизиқтирган саволларга жавоб беради. Бу суҳбат чоғида кўпгина диний ва дунёвий масалаларга ойдинлик киритилади. Ушбу қисмни Худои таоло томонидан Мусогагина эмас, бал-ки ҳукмдорларга, оддий бандаларга берилган «Йўриқнома» деб қабул қилиш жоиздир. Суҳбатда имон ва эътиқод мустаҳкамлигининг асл моҳияти тамомила инсон манфаатига бўйсундирилганлигини кўрамиз.

Расулуллоҳнинг меърожга чиққан кечалари ҳақида ривоятлар кўпгина китобларда учрайди. Сидқий асарида ҳам «Меърожнома» номи билан айни шу мавзудаги ривоятлар берилган. «Меърожнома» «Розномаи Мусо алайҳиссалом» қиссасини эслатади. Фақат Мусо пайғамбар Тур тоғига, Муҳаммад алайҳиссалом эса Аршга чиқиб Худои таоло билан мулоқотда бўлади, руҳий оламни кезиб, ундаги пайғамбарлар ва фаришталар билан учрашадилар.

Расули Акрам Муҳаммад алайҳиссаломнинг меърожга чиқиш қиссалари жуда кўп ривоятларда зикр қилинган бўлса-да, адиб Сидқий қаламида ўзгача жозиба касб этди.

Сидқийнинг «Мезони шариат» («Шариат тарозуси») асари 1915 йилда Тошкентда чоп этилган ва 1917 йилда қайта нашр қилинган. 1992 йилда Маҳмуд Ҳасаний томонидан бу асар учинчи марта нашр этилиб, дунё юзини кўрди. Сидқий шариат мезонларини оммабоп қилиб берди, қулай дастур шаклига келтирди. «Сабаби таълиф» (китобнинг ёзилиш сабаби) қисмида зикр этганидек, «Эътиқодга далолат қилғулуқ ва дин заруриётини билғулуқ паришон ва чочуқ иборатларни мўътабар китоблардин… бошоқчилик тарийқи бирла» бир жойга тўплади.

«Мезони шариат», «Китобул-иймон», «Китобут-таҳорат», «Ки-тобус-салот», «Китоб уззакот», «Китобус-савм», «Китобул-ҳаж» деган боблардан иборат. Уларнинг қурилиши қуйидагича: ҳар би-рига мавзу юзасидан тушунча берилади, сўнг улар билан боғлиқ амалий ҳолатлар келтирилади. Ва буларнинг барчаси савол-жавоб тарзида, турли бадиий ифодалар орқали баён этилади.

«Сад иршоди Мулло Сидқий Хондайлиқий» («Мулло Сидқий Хондайлиқийнинг юз насиҳати» — ЎзФАШИ қўлёзмалар фондида № Р 7629-111 рақами остида сақланади.) Шарқда кенг тарқалган, халқ донолиги намунаси панд-ўгитлар, мақоллар, ҳикматли сўзлар кўринишидаги қайдлардан иборат. Бу ўгитларнинг кўпчилик қисми умумий ғоя жиҳатидан ўтмиш донишмандларининг ҳикматлари билан ҳамоҳанг.

«Ҳолоти Сидқий». Бу асар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Р—7629 рақами остида сақланади. Мумтоз адабиётимизда таржимаи ҳол характеридаги асарлар ёзиш анъанаси қадимдан маълум. Бундай асарлар маноқиб, ҳолот, аҳволот деб аталиб келинган. Алишер Навоийнинг «Хамсатул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Ҳолоти Саид Ҳасан Ардашер», Бобурнинг «Бобурнома», Фурқатнинг «Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти» шу хилдаги асарлардан бўлиб, бу рисолалар одатда насрда битилган.

Сидқий ҳам шу жанрда қалам тебратиб, 1924 йили «Ҳолоти Сидқий»ни ёзди ва уни «Иктисоб» асарига етти бет ҳажмда илова қилди. Бироқ охирги саҳифа остида пойгирнинг мавжудлиги қолган варақларнинг тушиб қолганини билдиради.

Бу қусур асарнинг тўла ҳажми ҳақида қатъий бир фикр айта олишимизга имкон бермайди.

«Ҳолот» шоирнинг ўша пайтгача бўлган таржимаи ҳолини, адабий фаолиятини ўз қалами билан ёритгани учун ишончли манба сифатида илмий, тарихий, маърифий жиҳатдан бениҳоя муҳимдир. Сидқий ижодига у ёки бу муносабат билан мурожаат қилган кўпгина тадқиқотчиларимиз асосий маълумотларни шу манбадан олганлар. «Ҳолот» бўлажак шоирнинг ёш пайтида Тошкентта келгани-ю билими ва дунёқарашининг, ижоди ва фаолиятининг қирраларини очишда, Сидқийнинг шахс ва шоир сифатида ўсишини кузатишда мислсиз манба ҳисобланади. Сидқий ўз ҳаётини ёзар экан, турмуш шароитини ҳеч бир яширмайди. Ҳамма нарсани борича ифода этишга интилган. Бу асар орқали биз шоир мулоқотда бўлган, суҳбат қурган зиёлилар, замонасининг машҳур хаттотлари ва шоирлари, таниқли мударрислари ҳақида маълумот оламиз. Давр маданий ҳаёти ҳақидаги тасаввуримизни тўлдирамиз.

Шоирнинг қишлоғига қайтиб кетганидан кейинги ҳаётини ёритувчи маълумотларни фақат шу асардан ола оламиз. «Ҳолот»даги бадиий ифода, сифатлашлар, кесатиш, киноя каби иборалар уни наср намунаси деб қарашга асос беради. Асардаги барча маълумотлар учинчи шахс тилидан берилади.

Иншо санъатининг гўзал намуналаридан бири «Зарбулмасали Сидқий»нинг муаллиф дастхати ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида № 7631 рақами остида сақланади. Оддий мактаб дафтари варақларига асосан, қизил ва баъзи ерлари қора сиёҳ билан ислоҳ қилинган араб ўзбек ёзу-вида битилган. Асар беш юздан ортиқ мақол, матал ва халқ нақлларига қўйилган савол ва уларга тўғри, киноя ҳамда кесатиқ маъноларидаги изоҳ ёки жавоблардан иборат. «Зарбулмасали Сидқий» 1932 йилда ёзилган ва шу вақтгача ҳеч қаерда нашр қилинмаган, у ҳақда маълумот ҳам берилмаган.

Асар дастлаб «Савол-жавобли юз сўз» номи билан ёзила бошлаган. Муаллиф биринчи қисмнинг мусаввадасидаёқ савол-жавобни юзтага етказиб қўяди. Бироқ бошқа бир дафтарда айни шу савол-жавобларнинг кўпини шеърий парчалар билан хулосалаб, уларнинг миқдорини беш юздан оширган, бош варақ ҳошиясига «Зарбулмасали Сидқий» деб ёзиб қўйган. Ҳозирда шулардан 268 тасианиқланиб, жамланди, 253 таси эса номаълум турибди.

Ўзбек адабиёти тарихида «Зарбулмасал» яратиш анъанаси Муҳаммадшариф Гулханий (ХVШ-ХIХ), Нозил Хўжандий (1788-1876), Сулаймонқул Рожий (1871-1924) кабилар ижодида кузатилади. Бу муаллифлар ўз дидактик қарашларини, давр ижтимоий масалаларига муносабатларини ифодалашда турли бадиий-эстетик приндиплардан фойдаланишган: Гулханий халқ мақоллари, ҳикматли сўзлари, матал, масал ва ривоятларни ягона бир қиссага бирлаштириб, назм ва наср аралаш яхлит асар яратган бўлса, Рожий уларнинг барчасини маснавийга жойлайди. Сирожиддин Сидқий «Зарбулмасал»и эса бошдан охиригача савол-жавобга асосланган.

Сидқий насрий асарларининг мавзу кўлами кенг ва ранг-баранг. Юксак ахлоқ мезонлари ва илм-маърифатга даъват Сидқийнинг шеъриятидаги каби насрида ҳам ўзак ғоялардан ҳисобланади. Илм ва илм соҳибларини эъзозлаш кераклигини Сидқий асарларида такрор ва такрор уқгиради. Шу билан бирга адиб ўз рисолаларида инсоний фазилатлар, ақл ва билим эгаси бўлган гўзал хулқ-одобли аёл сиймосини ҳам чизишга ҳаракат қилади. «Эр бирла хотунларнинг баёнида» деб аталган бобда аёлнинг жамиятдаги ўрнини, уларнинг иззатга лойиқ эканлигини шариат қонунлари асосида тушунтириб беришга ҳаракат қилади.

«Он ҳазрат айдилар: Ҳар ким хотунини иззат қилса, ани Оллоҳ таоло иззат қилур… Хотунларнинг эранлардан беш ҳаққи бор турур. Аввал улки, хотуниға иш буюрса, уй ичида буюрғай. Иккинчи, шариат ва таҳорат ва ғусл ва намоз ва рўза ва имон ва ислом -ушбу нимарсаларни ва онча яхши амалларни ўргатқай. Учунчи, ҳалол таом берғай. Тўртунчи, зулм қилмағай. Бешинчи, яхши сўзлар билан кўнглини хурсанд қилғай».

Айни пайтда, аёлларнинг ҳам оила ва жамият олдидаги бурчи ва масъулияти чиройли ривоятлар билан далилланади.

Юқоридаги далиллар Сидқий Хондайлиқийнинг миллий уйғониш даври ўзбек адабиётида муайян ўринга эга эканлигини кўрсатади.