Бегали Қосимов. Миллий ва ижтимоий курашлар даври адабиёти (XX асрнинг биринчи чораги)

АДАБИЙ-МАДАНИЙ ҲАЁТГА БИР НАЗАР

Мазкур давр хронологияга кўра икки қисмни ўз ичига олади: 1.1905—1917 йиллар. 2. Ундан 20-йиллар охиригача.

1905—1917 йилларда Русия ва жаҳон тарихида юз берган бир қатор муҳим сиёсий воқеалар Туркистон ижтимоий-маданий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатди. Чунончи, 1904 йилда бошланган рус-япон уруши ва Русиянинг енгилиши, 1905 йилда мамлакатда юз берган ҳукуматга қарши ғалаёнлар ва буларнинг натижаси ўлароқ подшо Николай II нинг барча фуқароларга, шу жумладан, тобе миллатларга сўз, матбуот, виждон эркинлигини ваъда этувчи 17 Октябрь Манифестини эълон қилишга мажбур бўлиши, Биринчи Жаҳон уруши ва Туркистондаги мардикорлик воқеалари, 1917 йил февраль, октябрь ўзгаришлари, ниҳоят шу йили 27 ноябрда Туркистон мухториятининг эълон қилиниши ва хоинона қонга ботирилиши каби оламшумул ҳодисалар муҳим аҳамиятга эга бўлди. XX аср боши ўзбек адабиётида бу воқеаларнинг акс-садосини сезмаслик мумкин эмас. Машҳур татар шоири Абдулла Тўқай шуни кўзда тутиб:

Биз Бешинчи йилда бир кун кўзни очдик тонг билан,
Ишга даъват этди бизни кимдир эзгу ном билан, —

деб ёзган эди. 1905 йил воқеалари Туркистонда ҳам акс-садо топган. Шоира Нозимахоним (1870—1924)нинг:

Баён эт, эй кўнгул, розингни ҳар дам,
Эшитсун аҳли диллар, бўлса ҳамдам, —

сатрлари билан бошланадиган бир шеъри бор. Шоира бўлиб ўтган «турфа талотўф»лар, «еярга нони йўқ бечора мардум»нинг «ўз аҳволин» айтиб «мулзам» бўлиб қолгани, «ҳуррияту эрклик талошин» қилган «юрт эрлари»нинг «бадном» қилиниб, «бошлари кесил»гани ёхуд «бадарға» этилгани ҳақида ёзган эди. Қолаверса, XX аср бошида Русиянинг бир-биридан узоқ уч нуқтасида — Туркистон, Кавказ, Волгабўйида истиқомат қилаётган туркий халқлар ўртасида қардошлик ва ҳамкорликка таянувчи ўзаро хабардорлик пайдо бўлди. Ва бу Туркистон шаъни устида кетган катта-кичик барча ҳодисаларда, айниқса, 1916 йил мардикорлик воқеаларига муносабатда ёрқин намоён бўлган эди.

XX асрнинг 20-йиллари эса эски мустамлака тузумидан янгисига, социалистик диктатурага ўтиш даври бўлди. Ўтиш даврида ҳамиша муайян эркинликларга имкон қолади. 20-йилларнинг биринчи ярмидаги қизғин адабий-маданий ҳаракатчилик ва Фитрат, Қодирий, Чўлпон ижоди мисолида янги адабиётнинг энг сара намуналарининг худди шу даврда майдонга келиши бежиз эмас. Бинобарин, янги адабиётнинг шаклланиш ва тараққиёт босқичларини тўғри англамоқ учун даврнинг энг муҳим ҳодисалари ва унинг заминида юзага чиққан ижтимоий-маданий манзарасига бир кўз ташлаш лозим бўлади.

XX аср Туркистонда ҳам Русияда бўлгани каби йирик сиёсий ҳодисалар билан бошланди. 1900 йиллардан иқтисодий бўҳронга кирган Русияда Япония билан урушдаги муваффа-қиятсизликдан сўнг таназзул янада чуқурлашди. Табиийки, бундай шароитда мустамлака халқларининг, биринчи навбатда, Туркистоннинг аҳволи оғирлашди. Янги қурилиб битказилган Красноводск (1898) ва Оренбург (1905) темир йўли ўлкани ҳар икки томонидан маҳкам сиқиб олиб, ўнгу сўлга қайрилишга имкон бермас, Туркистоннинг ададсиз табиий бойликлари кети узилмас вагонларда Русия марказига оқарди. Хусусан, пахтага зўр берилди. Қоракўл, ипак, қуруқ мева ҳам четда қолмади. Русия Туркистонни асосий хомашё манбаига айлантирди.

Русиядан миллионлаб мужикларни кўчириб келтириб, маҳаллий халқдан тортиб олинган серҳосил ва унумдор ерларга жойлаштириш авж олди. Ўлка мустамлакачиликнинг шафқатсиз тартиблари билан идора этила бошланди. Маориф ва ижтимоий соҳаларда эса исломни бузиш, ерли халқни руслаштириш давлат сиёсати қилиб белгиланди. Ушбу мақсадни кўзда тутувчи давлат қарамоғидаги рус-тузем мактаблари кўпайиб борди. Бу мактаблар тубжой болаларга дастлабки таълимни беришни, гўдаклигиданоқ ақлу фикрини жиловлаб олишни кўзда тутарди. Ўрта мактабларга улар ўқишга қўйилмас эдилар. Рус-тузем мактабларига муносабат ерли зиёлиларда икки хил эди:

  1. Ҳамкорлик қилувчилар (Саидғани Саидазимбой ўғли, Сатторхон Абдуғаффоров, Саидрасул Саидазизов).
  2. Рад этувчилар (И.Гаспринский, З.Валидий, М.Чўқаев). Маҳаллий мактаблар эса, хусусий бўлиб, уларга кўплаб тўсиқлар қўйиларди. Айниқса, Исмоилбек Гаспринский бошлаб берган замонавий усули жадид мактабларига мустамлака ҳукумати қаттиқ турди. Шуларга қарамай, маҳаллий зиёлиларнинг жасоратлари туфайли янги мактаблар очилаверди. Маълумотларга қараганда, 1903 йилда Туркистонда 102 та бошланғич, иккита ўрта «усули жадид» мактаби бўлган.

Чор ҳукумати тил сиёсатига, рус тили ва маданиятининг нуфузи тобора ортиб, мустаҳкамланиб боришига, маҳаллий халқнинг тилдан фойдаланиш доираси узлуксиз ва режали қисқартирилиб боришига эътибор берди. Мустамлакачилар Туркистоннинг бойликларини ўзлаштириш, халқини қул қилиш билан чекланмадилар, тарихчи Заки Валидий қайд этганидек, унинг кундалик турмушига, маданий-маиший ҳаётига ҳам аралашдилар. Бир сўз билан айтганда, уни ҳар жиҳатдан бузиш, эзиш, сўнг эса ўз таркибига сингдириб юборишдек мудҳишона бир мақсад билан ишга киришдилар.

Ўз навбатида зўрлик зўрликни туғдирди. Табиатан қуллик билан кўникиб кета олмаган Туркистон халки ўз норозилигини дастлаб секин-аста, сўнг эса баралла билдира бошлади. Айрим ерликлар русларнинг инқилобий уюшмаларида иштирок этдилар. Айни пайтда, 1904—1907 йилларда Самарқанд вилояти қишлоқларини умуман мустабидликка қарши кураш бошлаган Намоз Пиримқул ўғли бош бўлган озодлик ҳаракатлари қамраб олди. Сиёсий ташкилотлар юзага кела бошлади. Абдулла Авлоний (1878—1934) ўз «Таржимаи ҳоли»да 1904 йилдан Тошкентда яширин «жадидлар тўдаси» иш бошлаганини маълум қилади. 1909 йилнинг 12 майида Тошҳожи Туёқбоев, Низомқори Мулла Ҳусанов, Мулла Абдулла Авлонов, Мунавварқори Абдурашидхонов, Баширулла Асатиллахўжаев муассислигида 41 моддалик низомга эга бўлган «Жамияти хайрия» ташкил топади. 1910 йилнинг 2 декабрида Бухорода му-даррис Ҳожи Рафиъ, Мирзо Абдувоҳид, Ҳамидхўжа Меҳрий, Аҳмаджон Махдум, Усмон Хўжа кабилар «Тарбияи атфол» жамиятини туздилар. Тошкентдаги «Жамияти хайрия», айниқса Бухородаги «Тарбияи атфол» ёшларни ривожланган чет мамлакатларга ўқишга юборишда катта ташаббус кўрсатди. 1913 йилда «Турон» (Тошкент, муассислари: Убайдулла Хўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Мунавварқори Абдурашидхонов, Комилбек Норбеков, Мулла Абдулла Авлонов, Муҳаммадхон Подшохўжаев, Каттахўжа Бобохўжаев, Башируллахон Асатиллахўжаев, Низомиддин Асомиддинхўжаев, Каримбек Норбеков) жамияти, 1914 йилда «Нашри-ёт» (Тошкент, муассислари: Абдулраҳмонов, Саримсоқов, Абдурашидхонов, Авлонов, Азизхўжаев, Подшохўжаев, Умархўжаев, Хўжамёров, Саидкаримбоев) ширкати қарор топиб, ишга киришди. Шунингдек «Умид» (Тошкент), «Зарафшон» (Самарқанд), «Ғайрат» (Қўқон) ширкатлари, «Беҳбудия» (Самарқанд) кутубхонаси, «Исҳоқия» (Наманган) матбааси иш бошлади. Туркистонлилар Кавказ, Волгабўйи, Усмонли турклар ҳаётидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб бордилар. Русиядаги мусулмонларнинг юқоридаги каби ташкилотларини бир-бири билан боғлаш, ўзаро мувофиқлаштириш, кучларни бирлаштириш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу мақсадда 1905 йилнинг августида Нижний Новгородда, 1906 йилнинг январида Петербургда Русия мусулмонларининг 1- ва 2-қурултойлари бўлиб ўтди. Хусусан, 2-қурултой «Русия мусулмонлари иттифоқи» тузилганини расман эълон қилди. «Итгифоқ» сиёсий позидияси нуқтаи назаридан Русиядаги конститудион демократик партия — кадетлар йўлини тутди.

1908 йилда подшо фармойиши билан сенатор граф К.К.Па-лен бошчилигидаги ҳайъат Туркистон генерал губернаторлигини ўлкада мустамлакачилик сиёсатини янада кучайтириш, моддий бойликларни жадалроқ ўзлаштириш нуқтаи назаридан тафтиш қилади. «Руслар эгалик қилувчи ер» майдонини «тинч иқтисодий кураш йўли билан» кенгайтиришнинг пухта режаси тузилади. Айни пайтда, 1910 йилдан бир қатор туманларда деҳқончиликдан бехабар «кўчманчи» ниқоби остида маҳаллий туб-жой халқнинг серҳосил ерларини кўчириб келтирилаётган русларга тортиб олиб бериш қонунийлаштирилди ва бу билан «Туркистонда рус халқининг сиёсий устунлиги унинг хўжалик соҳасидаги қуввати билан ҳам мустаҳкамланади»ган бўлди.

Янги қарашдаги маҳаллий зиёлилар — жадидлар мана шундай шароитда иш кўрдилар ва сиёсий мустақилликни қўлга олишни ўзлари учун бош мақсад билдилар. 1913 йилдаги «Турон», 1917 йилда тузилган «Шўройи ислом», «Уламо» жамиятлари партия даражасига ўсиб чиқмаган бўлса-да, сиёсий фаол эди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати архивининг 554335 (Мунавварқори) ва 4269 (Фитрат) рақамлик «иш»ларидаги тергов материалларида 10-йиллардан Тошкент ва Бухорода «Ёш турклар инқилоби» таъсирида пайдо бўлган «Иттиҳод ва тараққий», инқилобдан кейин эса «Миллий иттиҳод», «Миллий истиқлол» каби яширин ташкилотлар ҳақида маълумотлар келтирилади. 1917 йил ноябрдаги Туркистон мухторияти, 1920 йилдаги Бухоро ва Хоразм халқ жумҳуриятлари жадидларнинг фаолияти самараси сифатида майдонга келган эди.

Улар, биринчи навбатда, очиқ фикрли янги авлодни тарбиялашга диққатни қаратдилар. Бунинг учун «усули жадид» мактабларига зўр бердилар. Иккинчидан, маҳаллий-миллий матбуотни майдонга келтирдилар. Тўғри, Тошкентда 1870 йилдан чиқа бошлаган «Туркистон вилоятининг газети» Туркистонда маҳаллий тилда чиқ-қан биринчи матбуот намунаси эди. Газетада Ш.Иброҳимов (1872), Ҳ.Чанишев (1881) каби ерли татарлар, И. Худоёрхонов (1893) сингари ўзбеклар маълум муддат муҳаррирлик қилган бўлсалар-да, унинг асл эгаси, йўриқчиси Н.Остроумов эди. Шунга кўра, унинг миллий газета бўлиши имкондан ташқарида эди.

1905 йил 17 Октябрь Манифести халққа матбуот ва сиёсий ташкилотлар тузишга рухсат бергач, Туркистон жадидлари бир қатор уюшма—жамиятлар билан бирга газета-журнал ишларига ҳам киришдилар. Шулардан бири 1906 йилнинг 27 июнида дунё кўрган «Тараққий» газетаси эди.

«Бу газета тез фурсатда шундай шуҳрат қозондики,— деб ёзади Абдулла Авлоний,- ҳатто газета муҳаррири бўлган Исмоил Обидийга «Тараққий» исми берилди. Ҳозиргача халқ Исмоил Обидийнинг исмини «Тараққий» деб юритадур».

Газета маҳаллий ёшларга ўз саҳифасидан кенг ўрин берди. Унинг яқин ҳамкорларидан бири Мунавварқори эди. 1906 йилнинг сентябрида Мунавварқори муҳаррирлигида Тошкент жадидларининг иккинчи муҳим газетаси «Хуршид» пайдо бўлди. 1907 йилнинг 1 декабридан Абдулла Авлоний ўз уйида «Шуҳрат» газетасини чиқара бошлади. Бу уч газета шу давр Туркистонининг энг эътиборли нашрлари бўлиб, уларда машҳур Беҳбудийдан ҳаваскор шоир Мулла Қўшоқ Мискингача бўлган кенг зиёлилар қатлами фаол иштирок этдилар.

Шунингдек, Тошкентда «Тужжор» (1907, муҳаррири Саидкарим Саидазимбой ўғли), «Осиё» (1908, муҳаррири Аҳмаджон Бектемиров) каби газеталар ҳам чиқа бошлади. Бу газеталарнинг ҳеч бири узоқ яшай олмади. Айримлари иқтисодий, баъзилари эса, сиёсий сабаблар билан бекитилди.

Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий «Самарқанд» (1913) газетасини ва «Ойна» (1913-1915) журналини чиқарди.

Тошкентда 10-йилларда «Садойи Туркистон» (1914, муҳаррири Убайдулла Хўжаев), Фарғонада «Садойи Фарғона» (1914, му-ҳаррири Обиджон Маҳмудов), «Тирик сўз» (1915, муҳаррири Обиджон Маҳмудов), Бухорода «Турон» (1913) каби газеталар, «Ал-Ислоҳ» (Тошкент, 1915-1918, муҳаррири Абдураҳмон Сайёҳ) журнали чиқиб турди.

Адабий кучлар кўпроқ мана шу газета-журналлар атрофида уюшдилар. Чунончи, Самарқандда «Ойна» Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875—1919), Саидаҳмад Васлий (1869-1925), Сиддиқий Ажзий (1864-1927), Саидризо Ализода (1887-1945), Ҳожи Муин (1883—1942) каби истеъдодларни тўплади. Бухородан Фитрат (1886—1938), Тошкентдан Камий (1865-1922) фаол қатнашиб турдилар.

Тошкентда «Садойи Туркистон» газетасида Мунавварқори (1878-1931), Абдулла Авлоний (1878-1934), Тавалло (1883-1937), Хислат (1880-1945), Мирмулла (1886-1923), Абдулла Қодирий (1894-1938) фаол иштирок этдилар. Қўқондан Иброҳим Даврон (1874-1922), Ҳамза (1889-1929), Андижондан Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон (1897—1938)нинг шеър ва мақолалари тез-тез босилиб турди.

10-йилларнинг бошида, бемалол айтиш мумкинки, янги адабиёт шаклланиб улгурган эди. Бу борада 1901 йилдан чоп этила бошлаган Мунавварқорининг «Адиби аввал», «Адиби соний», Саидрасул Азизийнинг «Устози аввал» (1902), Алиасқар Калининнинг «Муаллими соний» (1903), сўнгроқ Абдулла Авлонийнинг «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», Рустамбек Юсуфбеков (1880-1950)нинг «Таълими аввал», «Таълими соний» каби дарслик ва дарслик-мажмуалари, хусусан, улардаги ихчам дидактик шеър ва ҳикоялар янги адабиётнинг шаклланишида илк тажрибалар вазифасини ўтади.

Абдулла Авлонийнинг «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» (1909), Саидаҳмад Васлийнинг «Миллий шеърлар» (1912), Сидқий Хондайлиқийнинг «Туҳфайи Шавкат» (1913), «Савғоти Шавкат» (1914), «Базми ишрат» (1914), Ҳожи Муиннинг «Гулдастаи адабиёт» (1914) китоблари янги ўзбек шеъриятининг дастлабки намуналари эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1911 йилда ёзиб, 1913 йилда чоп этган «Падаркуш» драмаси билан ўзбек драмачилигини бошлаб берди. «Фалокатзада» (1911 йил, муаллифи: Абдулрауф Шаҳидий), «Бефарзанд Очилдибой» (1914 йил, муаллифи: Мирмуҳсин Шермуҳамедов), «Дўхтур Муҳаммадёр» (1914 йил, муаллифи: Чўлпон) каби илк реалистик проза намуналари пайдо бўлди.

Матбуотнинг майдонга келиши публицистика тараққиётига йўл очди. Бу борада Беҳбудий, Фитрат, Мунавварқориларнинг хизмати катта бўлди.

1914 йилда бошланган Биринчи Жаҳон уруши ва Русиянинг унга қўшилиши Туркистоннинг ўз мустақиллигини қўлга олишига маълум умид ва имкон туғдирди. Бироқчор ҳукумати қаттиқ турди. Ўлкада «тартиб сақланиши»га алоҳида аҳамият берди. 1914 йил 24 июлда Николай II нинг Фармони билан Туркистон ўлкасида «Фавқулодда қўриқланадиган» ҳолат эълон қилинди. Губернатор ва уезд бошлиқларига аҳолининг ўй-фикрини кузатиб бориш, «озгина бўлса ҳам душманлик ниятида бош кўтарилгудек бўлса», «ғоят шафқатсизлик билан дарҳол бостириш» ҳақида кўрсатма берилди.

Николай II туркистонликларни урушга олмади, уларга ишонмади. Иккинчидан, Русия ҳукумати улардаги наслий жанговар руҳни сўндириш, минг йиллар оша келган аскарлик тарбиясини издан чиқариш ниятида эди. Шунга кўра, 1916 йилнинг 25 июнида «Империядаги ғайрирус аҳолининг эркакларини ҳаракатдаги армия турган районларда мудофаа иншоотларини ва ҳарбий алоқа йўлларини қуриш ишларига, худди шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга сафарбар қилиш» тўғрисида Фармон берди. Туркистондан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 250 минг ишчи олинадиган бўлди. Бу мардикорлик эди. Унинг устига бу ишларда ҳар хил суиистеъмолликлар, порахўрликлар, зўравонликларга кенг йўл очиб берилди. Бир томондан, миллатнинг шаънини ерга урувчи Фармоннинг чиқарилиши, иккинчи томондан, уни ижро этишдаги ноҳақликлар халқ норозилигига олиб келди. 1916 йилнинг июлида бутун Туркистонни «Мардикорлик воқеалари» номи билан тарихга кирган миллий-озодлик ҳаракатлари чулғаб олади. «Мардикорлик ари уясига чўп суққандек бўлди. Туркистонда бамисли ер ларзага келди», — деб ёзади 1916 йилнинг 9 августида Тошкентга келган «Вақт» мухбири Шаҳид Муҳаммадёров. Лекин бу қўзғолонлар шафқатсиз бостирилди. Масалан, Жиззах аҳолиси қатлиом қилиниб, шаҳарга ўт қўйилди. Ўнлаб қишлоқлар хонавайрон қилиниб, халқи июль-август жазирамасида Қийли чўлига қувиб чиқарилди.

Қўзғолонлар сентябрнинг бошларида бир оз пайсал топди. 18 сентябрдан эса, мардикорларни жўнатиш бошланди.

1917 йил Февраль инкилоби чор ҳукуматининг қулаши билан якун топди. Мардикорлар юртларига қайтдилар. Маҳаллий зиёлилар мустақил Туркистон ҳукуматини тузиш учун курашни кучайтирдилар. Ўлка мусулмонларининг 1917 йил 4(16) апрель 1-қурултойи федерал мухторият шиорини илгари сурди. Шу йил 18(30) сентябрь Ўлка ишчи ва солдат депутатларининг 2-съезди Туркистонни Советлар қўлига тогппиришни талаб қилиб чиқди. Советлар большевиклашиб борди ва ноябрда ҳокимият Советлар қўлига ўтди. Ф.И. Колесов бошчилигидаги қизил рус ҳукумати давлат тепасига келди.

1917 йил 26 ноябрда Қўқонда очилган Мусулмонларнинг 4-ўлка қурултойи эса, Туркистон мухториятини эълон қилди. Мухторият 81 кун яшади. 1918 йилнинг 19—22 февралида уни большевиклар хоинона қонга ботирдилар. Шаҳар уч кун тўпга тутилди. Ўн мингга яқин киши ҳалок бўлди.

1920 йилда Бухоро ва Хива ҳам большевиклар назоратига ўтди. Бир муддат ҳар икки хонлик ўрнида «халқ жумҳурияти» номи билан қўғирчоқҳукуматлар тузилиб, иш олиб бордилар. 1924 йилда буларнинг ҳаммаси барҳам топиб, Туркистон совет империясининг узоқни кўзлаган сиёсати натижасида беш бўлакка бўлиб ташланди. Сўнг эса уни большевик дидига мослаб «ўзлаштириш» бошланди. Асрий тартиб ва удумларни йўққа чиқарувчи «Ер-сув ислоҳоти» амалга оширилди. «Хотин-қизлар озодлиги» ниқоби остида миллатнинг муқаддас тарбия ўчоғи бузиб ташланди. Ниҳоят «коллективлаштириш» каби «социалистик» тажрибалар ўлка ҳаётини тамом издан чиқарди. Булар етмаганидай, социализм ривожланган сари синфий кураш кучайиб боради, деган сохта, сталинча назария тўқиб чиқарилиб, душман излаш авж олди. Шу баҳонада миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайди. Хусусан, жадидчиликни миллатчилик сифатида қоралаш йўлга қўйилди. 1925 йилда ер-сув ислоҳотига озгина эътироз билдирган кишилар «18лар гуруҳи» номи билан «фош» этилди. 1926 йилда Ўзбекистон маориф вазири Р.Иноғомов ва унинг бир қатор маслакдошлари эски зиёлилардан фойдаланиш масаласини кўтарганларида қўлга олиниб, «иноғомовчилик» деб аталган кампания ўтказилди. 1927 йил октябрда шоир Чўлпон бадном этилиб, Ўзбекистон зиёлиларининг Самарканддаги қурултойидан ҳайдаб чиқарилди. 1929 йилда Ўзбекистон Олий суди раиси Қосимов билан боғлиқ «қосимовчилик», «Мунавварқори тўдаси» «иш»ларини кўриш бошланди.

Булар илк қатағонлар эди. Жумладан, «Мунавварқори тўдаси» «иши»га 87 киши жалб этилди. Тергов материаллари 18 жиддни ташкил қилди. Шулардан 18 киши отишга, 21 киши 10 йилга, 13 киши 5 йилга, 3 киши 3 йилга қамоқ жазосига, 1 киши Омскка сургунга ҳукм қилинди, жами 56 киши жазоланди.

Шу тариқа 1929 йил, совет тарих фани қайд этганидек, советлар учун «буюк бурилиш йили» бўлди. Ҳар қандай эркин фикр тугатилиб, коммунистик диктатура мустаҳкам қарор топди.

Туркистоннинг кўзи очиқ зиёлилари оқ империяни ҳам, қизил империяни ҳам қабул қилган эмас. Шу сабабли, октябрнинг дастлабки кунлариданоқ миллатнинг ватанпарвар фарзандлари истиқлол йўлларини қидирдилар. Архив материаллари ва тарихий шахсларнинг гувоҳликлари 1917 йилдан ўлкада шу мақсадни кўзда тутувчи «Иттиҳод ва тараққий», «Турк адам марказияти», «Иттиҳоди миллий», «Бирлик» (1919), «Эрк» (1919), «Темур», «Ботир гапчилар» каби яширин ташкилотлар тузилганлигини, 1921 йилда «Туркистон миллий бирлиги» ташкил топганлигини кўрсатади. Туркистон миллий бирлиги 20-йилларда тарихга «босмачилик» номи билан кирган миллий-озодлик ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириб боришда муҳим роль ўйнади.

Биринчи Жаҳон уруши йилларида, сўнг инқилобий ҳаракатлар даврида матбуот ва адабиёт фаоллашди. Тошкентда «Нажот» (муҳаррири: Мунавварқори), «Шўройи ислом» (А.Баттол), «Турон» (Авлоний), «Кенгаш» (Заки Валидий), «Улуғ Туркистон» (Кабир Бакир), «Турк сўзи» (Т.Худоёрхонов), «Халқ дорилфунуни» (Мухтор Бакир), Самарқандда «Ҳуррият» (Мардонқул Шоҳ-муҳаммадзода, Акобир Шоҳмансур, Абдурауф Фитрат), Қўқонда «Эл байроғи» (Пўлат Солиев), Наманганда «Фарғона нидоси» (Ҳусайн Макаев) каби кўплаб газеталар, «Кенгаш» (Қўқон, Ҳамза, Раҳимжон Ҳожи Турсунмуҳаммад ўғли), «Юрт» (Қўқон, Ашурали Зоҳирий), «Ҳуррият» (Қўқон, Маҳмудхўжа Ризоий), «Чаён» (Тошкент, Ҳ. Тўлаков, И. Тоҳирий), «Ишчилар дунёси» (Тошкент), «Изҳорул-ҳақ» (Садриддинхўжа муфти ибн Шарифхўжа эшон) каби ўнлаб номдаги бир кўриниб, ёпилган журналлар кўп бўлди.

1918 йилдан социалистик матбуот изга туша бошлади. Унинг дастлабки намунаси шу йилнинг 20 июнидан чиқа бошлаган «Иштирокиюн» газетаси (масъул муҳаррирлари: О. Клеблеев, А. Авлоний, Н. Тўрақулов, А. Донской, Ҳ. Бурнашев, Мирмуҳсин) бўлди. Газета 1920 йилнинг 19 декабридан «Қизил байроқ», 1922 йилнинг 13 сентябридан «Туркистон» номларида давом этади. «Маориф» (1918, Тошкент), «Болалар йўлдоши» (Самарқанд, 1919), «Таёқ» (Самарқанд, 1920), «Тонг» (Бухоро, 1920), «Қизил тикон» (Наманган, 1920), «Қизил йўл» (Тошкент, 1920), «Касабачилик ҳаракати» (Тошкент, 1920) каби умри қисқа журналлар дунё юзини кўрди.

1918 йилда Тошкентда Фитрат ташаббуси билан «Чиғатой гурунги» адабий-маданий уюшмаси майдонга келди ва Чўлпон, Боту, Элбек, Ғози Юнус, Ғулом Зафарий, Маннон Уйғур, Қаюм Рамазон каби фан ва маданиятимизнинг ёрқин истеъдодларини ўз атрофига тўплади. Бор-йўғи бир ярим йилча фаолият кўрсатган ушбу уюшма — жамият тил-имло қоидаларини ишлаб чиқишда, адабиёт тарихини ўрганиш, системалаштиришда, театрчиликни юксалтиришда катта ишлар қилди. Бироқ бундай миллий-маданий тикланиш йўллари тобора ёпила борди ва маданий-адабий ҳаёт ҳам секин-аста сиёсат измига тушиб қолди.

10-йилларнинг иккинчи ярми «Ўзбек жадид адабиёти» номи билан тарихга кирган янги адабиётнинг шаклланиб, дастлабки дадил қадамларини ташлаган йиллар бўлди. Миллий матбуотнинг майдонга келиши билан янги адабиётнинг мазмун ва йўналиши, тил ва услуби, жанр ва мавзулари, бадиияти билан боғлиқ масалалар кенг муҳокама қилина борди.

Даврнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда социал-ижтимоий мавзуларга, замонавий масалаларга, маърифат ва озодликка катта эътибор берилди. Абдулла Авлоний «Ойинайи ҳар миллат эрур тил-адабиёт», — деб ёзади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов театрни «ибратхона» деб атадилар. Мирмуҳсин Номиқ Камол изидан бориб, «Шоирларимиз замонанинг бир лисонидур… Замонаға муносиб миллий шеърлар майдонга чиқсун!» деган фикрни илгари суради, анъанавий муаммочиликни, такаллуфу суханпардозликни рад этади. Тўғридан-тўғри гапга, жумладан ижтимоий сатирага — ҳажвияга зўр бериб, «Очилсун интиқод (танқид) манбалари!» шиорини ўртага ташлайди.

Сиддиқий Ажзий маърифатга муҳаббат эълон қилади. Маъшуқанинг анъанавий сифатларини маърифатга кўчиради ва ҳоказо.

Бироқ 10-йиллар шеърияти маърифатни мақсад эмас, восита деб билди. «Кучлик» миллатлар — «жаҳон Жайҳунлари» ҳақида ёзди. «Кучсиз»ларнинг уларга луқма («туъмаи тайёр») бўлаётганликларига (Авлоний) диққатни қаратди. Шоир Баҳриддин Азизий очиқдан-очиқ сиёсий ташкилот («жамъият»)лар тузиш, ўзаро иттифоқ бўлиш ва «жумҳурият» учун «бир тил» бўлиб курашиш лозим, деб ҳисоблайди. Силдикий Ажзий эса, бу борада ўзига хос иқтисодий назарияларни илгари суради.

Бугина эмас, шеърият янги қурилажак давлат ва жамиятнинг сиёсий тузумидан ахлоқий турмушигача, иқтисодидан маданиятигача қизиқди. Хуллас, 10-йиллардаги янги ўзбек шеърияти, бу, биринчи навбатда, ижтимоий-сиёсий шеъриятдир.

Айни пайтда, унда қатор поэтик-стилистик ўзгаришлар юз берди. Авлоний ва Ҳамза кўпгина шеърларини қадим шеърий вазнимиз— бармоқда ёздилар. Ҳамза сарбастда ўз имкониятларини синаб кўрди («Шеъри мансур»). Сиддиқий Ажзий ва Тавалло социал сатиранинг анъанавий аруздаги энг сара намуналарини яратдилар.

Шеърият Биринчи Жаҳон уруши йилларида, хусусан мардикорлик воқеалари даврида ғоят жонланди. Чунончи, мардикорлик воқеаларига бағишланган ўнга яқин шеърий тўплам чоп этилгани маълум. Булар орасида Муҳиддин Иброҳимов тузган «Лошмон» (Наманган, 1916), Ҳамзанинг «Миллий ашувлалар учун миллий шеърлар мажмуаси»нинг 7-бўлими — «Сафсар гул» (Қўқон, 1917), Акбарий Тошкандийнинг «Ватанга хизмат» (Т., 1917), Сидқийнинг «Работчилар намойиши» (Т., 1917), «Работчилар келиши» (Т., 1917), шунингдек Баҳриддин Азизийнинг «Янги шугуфа ёхуд миллий адабиёт» (Т., 1917), Сидқийнинг «Русия инқилоби» (Т., 1917) каби асарларида ҳам мардикорлик воқеалари тасвири учрайди. Бў асарлар, бир қараганда, маҳаллий халқни мардикорликка бориб, оқ подшо хизматини қилиб ке-лишга тарғиб-ташвиқ этаётгандай бўлса-да, аслида унинг тагсатрларида халқнинг осойишта ҳаётини алғов-далгов қилиб юборган, уруш баҳонасида миллатнинг шаъну шукуҳини оёқости этган ҳукмрон миллатга истеҳзо, ўз она халқини ғафлатдан уйғонишга, қулликдан қутулишга даъват балқиб турар эди.

Туркистон озодлик тарихининг бу сўнмас саҳифасига совет даври ёзувчилари ҳам кўп бор мурожаат қилганлар. Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романида у марказий масала қилиб қўйилган эди. Сўнгроқ адиб «Болалик» автобиографик қиссасида ҳам унга маълум ўрин берди. Назир Сафаров 1916 йилги Жиззах воқеасини «Кўрган-кечирганларим»да кенг кўламда тасвир этди. Асқад Мухтор «Чинор» романида бир бобни шунга бағишлади. Бугунги шоирларимиздан Муҳаммад Алининг «Боқий дунё» шеърий романида ҳам у кенг тасвирланди. Умуман, бу мавзуда адабиётимизда қилинган ва қилинаётган ишлар кўп. У биздагина эмас, қардошларимизда ҳам ўзига хос анъаналарга эга бўлиб қолди. Масалан, Мухтор Авезовнинг «Мушкул замона» қиссаси билан А.Нурпеисовнинг «Қон ва тер» трилогияси орасида ўтган вақт салкам 50 йилни ташкил қилади. Б.Кербобоевнинг «Дадил қадам», А.Тўқомбоевнинг «Қонли йиллар», «Тонг олдида» шеърий романлари туркман ва қирғиз адабиётларида ҳодиса бўлганлиги ўқувчига маълум. Туркистондан ишчилар олиш 1917 йилнинг Февралига қадар давом этди ва 123 мингдан кўпроқ киши сафарбар қилинди. Улар Қора денгиздан Болтиқбўйига қадар чўзилган фронт орқасидаги оғир ишларда Петроград, Москва, Нижний Новгород, Қозон, Киев, Харьков каби шаҳарлардаги саноат корхоналарида, Шимолий Кавказдаги мис конларида ишладилар.

Мардикорларнинг у ерлардаги оғир ва машаққатли ҳаёти Сидқийнинг «Работчилар келиши» китобида ва Ҳамзанинг «Сафсар гул»идаги «Ватан ишчиларининг забун ҳолиндан» деб номланган туркум шеърларидан «Соғиниб», «Салом айтинг», «Ҳой, паҳлавон!»да акс этди. Шоирларимиз мардикорларнинг қайтиб келишларига бағишлаб ҳам шеърлар ёздилар (Сидқий, «Ситамдийда работчилар келиши», «Сизларга мужда»).

1917 йил Февраль воқеаларини Туркистон халқи зўр хурсандчилик билан кутиб олди. Шоирларимиз унга юзлаб шеърлар бағишладилар. Шукрий (Хуршид) ва Сидқий қисқа муддат ичида «Ҳуррият меваси» (1917) ва «Русия инқилоби» номли достонлар ёзиб, чоп эттирдилар.

Октябрь воқеасига бағишлаб ўша кезларда ёзилган бадиий асар ўзбек адабиётида учрамайди. Чунки у кенг умумхалқ ҳодисаси сифатида кугиб олинмади. Аксинча, тўнтариш деб қарадди. У ҳакда асар ёзиш 1918—1919 йиллардан изга тушди. Сўнгроқ чинакам илҳом ва истеъдод билан ёзилган турли жанрдаги хилма-хил асарлар пайдо бўлди. Ҳамза, Авлоний, Сўфизода, Абдулла Қодирий кабиларнинг асарлари бунга далилдир. Аксинча, 1917 йил 27 ноябрдаги Мухторият эълони кенг халқ оммасидаги каби адабиёт аҳлида ҳам завқ-шавқ уйғотди. Беҳбудий ва Фитратнинг қизғин, эҳтиросли туркум мақолалари, Чўлпон («Озод турк байрами», «Оллоҳу акбар») ва Ҳамзанинг («Туркистон мухториятина!») ёниқ шеърлари дунёга келди.

Хуллас, янги поэзия 20-йилларга ғоят мураккаб ва зиддиятли туйғуларни ўзида жо этган эътироф ва эътироз билан кириб келди.

Асримизнинг дастлабки йигирма йилида шаклланган янги шеърият анъанавий диний-тасаввуфий шеърият билан ёнма-ён яшади. Мирмаҳмуд Қорий (1834—1904), Юсуф Сарёмий (1845-1912), Усмонхўжа Зорий (1839-1916), Ҳусайнқул Муҳсиний (1860—1917), айниқса, Зиёвуддин Ҳазиний (1861-1921) бу йўлда самарали ижод этдилар: «Девони Қорий» (Т., 1912), «Девони Юсуф Сарёмий» (Т., 1332 ҳ.), «Баёзи Ҳазиний» (Т., 1911), «Девони Муҳсиний» (қўлёзма, ЎзФАШИ инв.№ 7392) ва ҳ. к.

10-йилларда яратилган наср намуналари у қадар кўп эмас. Анбар Отиннинг «Қаролар фалсафаси», С.Азизийнинг 1910 йилдаги «Москва ва Петербург саёҳати хотиралари» каби ижтимоий-фалсафий, саргузашт-автобиографик асарларни назардан соқит қилсак, Беҳбудийнинг «Оқ елпоғичли чинли хотун», Абдулрауф Шаҳидийнинг «Фалокатзада» (1911) ҳикояларини, Мирмуҳсин Шермуҳамедовнинг «Бефарзанд Очилдибой» (1914), Ҳамзанинг «Янги саодат» (1915) сингари «миллий роман» деб номланган қиссаларини, ниҳоят 1915—1916 йилларда эълон қилинган Абдулла Қодирийнинг «Жувонбоз» ва «Улоқда», Чўлпоннинг «Дўхтир Муҳаммадёр» асарларинигина қайд этиш лозим бўлади.

Драмачилик 10-йилларнинг иккинчи ярмидв қизғин ривож топди. Тошкент, Самарқанд, Қўқонда театр ҳаваскорлар труппалари тузилиб, самарали иш олиб борди. Самарқандда Беҳбудийга эргашиб, Абдулла Бадрий («Жувонмарг», «Аҳмоқ»), Ҳожи Муин («Эски мактаб — янги мактаб», «Кўкнори», «Мазлума хотин», «Жувонбозлик қурбони», «Бой ила хизматкор», «Қози ила муаллим»), Нусратилла Қудратулла ўғли («Тўй», «Кенгаш мажлиси»), Тошкентда Абдулла Авлоний («Адвокатлик осонми?!», «Пинак», «Биз ва Сиз»), Абдулла Қодирий («Бахтсиз куёв»), Ғулом Зафарий («Бахтсиз шогирд»), Фарғона водийсида Ҳамза («Заҳарли ҳаёт», «Илм ҳидояти», «Мулла Нормуҳам-мад домланинг куфр хатоси»), Хуршид («Ориф ила Маъруф», «Қора хотин»), ниҳоят Бухорода Абдурауф Фитрат («Бегижон», «Мавлуди шариф», «Або Муслим») каби адибларимиз бир қатор драмалар ёздилар.

1916 йилги мардикорлик воқеаларига бағишланган драмалар пайдо бўлди (Ҳамза: «Лошмон фожиаси», «Рабочий»), мухторият ҳақида «Автономия ёки мухторият» (Ҳамза) номли драма ёзилди. Фитратнинг машҳур «Темур сағанаси» драмаси Туркистон мухториятининг фожиона қонга ботирилиши таассуротлари асосида майдонга келган эди.

Адабиётимиз мазкур янги жанрларининг дунё юзини кўриш жараёни ғоят оғир кечган. Беҳбудий ўз «Падаркуш»ини 2 йил деганда зўрға нашр қилишга муваффақ бўлди. Саҳнага қўйилиши учун яна бир йил кетди. 1911 йилда ёзилган асар 1914 йилдагина саҳна юзини кўрди. Вақтли матбуот саҳифаларидаги Мирмуҳсин «Эътироз»лари «миллий роман» («Бефарзанд Очилдибой») му-носабати билан мутаассибларнинг қаттиқ ҳужуми остида қолганидан далолат беради.

Янги замонавий адабиётшунослик ва танқид шаклланди. Замон ва ижод, бадиий адабиёт тили, янги адабий жанрлар билан боғлиқ масалалар матбуот саҳифаларида кенг муҳокама қилинди. Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Иброҳим Даврон кабиларнинг бу борада вақтли матбуот саҳифаларида эълон қилган мақолалари янги эстетиканинг шаклланишида муҳим роль ўйнади.

Хуллас, 10-йилларда Туркистон маънавий ҳаётида кенг томир отган ўзбек жадид адабиёти ўзининг чинакам самараларини қийин-қистов 20-йилларда берди. Чўлпон ўз шеърияти билан янги ўзбек шеъриятининг асл пойдеворини яратди. Қодирий ўзбек романчилигига асос солди. Фитрат ўзбек драмачилигининг энг сара намуналари муаллифи ва янги ўзбек адабиётшунослигининг асосчиси бўлиб тарихга кирди.