Бегали Қосимов. Кириш

Икки буюк аср — XIX ва XX асрлар оралиғидаги 50—60 йиллик давр қадим ва бой ўзбек адабиёти тарихида ғоят муҳим аҳамият касб этади. Негаким, биринчидан, «Адабиёт миллат ойнаси» (Авлоний) сифатида халқимиз ҳаётида юз берган энг катта бахтсизлик — ўз мустақиллигини йўқотиши воқеаларини лоқайд кузатишдан унинг фожиали оқибатларини чуқур идрок этиш ва истиқлол учун курашга чақиришгача бўлган йўлни босиб ўтди. Иккинчидан, адабиёт давр воқеалари таъсирида ғарблашди; мазмун-мундарижаси кенгайди; даврий матбуот ва театрнинг пайдо бўлиши билан янги адабий тур ва жанрлар пайдо бўлди. Анъанавий шеърият ва у билан боғлиқ тимсолларга янги мазмун кириб келди. Якка ҳукмрон аруз ёнига унутилган эски бармоқ вазни қўшилди. Сарбастда тажрибалар қилинди. Мансуралар ёзилди. Бир сўз билан айтганда, замонавий реалистик адабиёт майдонга келди.

Бу давр адабиёти жуғрофияси ҳам олдингиларидан фарқ қилади. Адабий ҳаракатчилик ХVII-ХIХ асрлардаги каби уч мустақил хонлик доирасида эмас, Русияга мутлақ тобе Туркистон генерал губернаторлиги ҳамда ярим вассал Бухоро ва Хивада уюшди. Бу ҳол умумўзбек адабий маҳсулотининг мавзу-мундарижасигагина эмас, тил хусусиятларидан жанрлар поэтикасигача ўз изини қолдирди.

Миллий уйғониш, миллатнинг ўзлигини англаш жараёни мазкур давр адабиётининг руҳи ва мазмунини ташкил қилди. Буни адабиётшунослик ўтган асрнинг 20-йилларидаёқ эътироф этган эди. Миллий уйғониш биргина адабиёт доирасида қолгани йўқ, ижтимоий турмушнинг барча қатламларини қамраб олди, ҳатто «босмачилик» номи билан «ғалати машҳур» бўлиб тарихга кирган ҳодисанинг ҳам мафкураси миллий уйғонишга, Унинг самараси бўлмиш мустақиллик учун курашга келиб боғланарди.

Миллий уйғониш минтакамизда жадидчилик шаклида намоён бўлди. Ва у 20-йилларнинг ўрталаригача давом этди. 1926 йилдан советлар унга қарши кенг кўламда кураш бошладилар. 1929 йилдан уларни жисмоний тугатиш йўлга қўйилди. Бинобарин, бу ҳаракатнинг юзага келиши бевосита истило ва унинг оқибатлари билан боғланган бўлиб, унинг шаклланиш даврини 1865—1905 йиллар билан белгиламоқ керак бўлади. 1905 йил воқеалари, хусусан, 17 Октябрь Манифестидан кейин у ривожланиш босқичига кирди. 1916 йилга келиб, жадидларимиз «қора халқни оқартирмоқ ва кўзин очмоқ чорасига» (Авлоний) киришдилар. Мамлакат ҳаётида ўчмас из қоддирган 1916 йил мардикорлар қўзғолонида жадидларимиз халқ билан ёнма-ён турдилар. Афсуски, тарих истиқлолни эгаллаш учун ноёб бир шароит яратган 1917 йилнинг Февралига халқимиз лозим даражадаги тайёргарлик билан етиб кела олмади. Бутун Русия каби Туркистонни ҳам «большевик балоси» (Фитрат) қоплаб олди. Шунга қарамай, тараққийпарвар фидойи зиёлиларимиз мустақиллик учун курашни тўхтатмадилар ва 1917 йилнинг 27 ноябрида Туркистон мухториятини эълон қилдилар. Туркистон (Қўқон) мухторияти уч ойга етмай, шўролар томонидан шафқатсизларча йўқ қилинди. «Миллатчи» дея ном олган миллатпарварларимизнинг омон қолганлари тоғ-тошларга қочиб, курашни давом эттирдилар ва Ватан озоддиги йўлида шаҳид кетдилар. Бу жараён 20-йилларнинг охиригача давом этди. Бинобарин, 1905-1929 йиллар жадидчилик (миллий уйғониш) ҳаракатининг тараққиёт ва тугатилиш давридир.

Миллий уйғониш (жадид) адабиёти XIX аср охирларида юзага келган мазкур ҳаракат ғояларининг адабий-бадиий ифодаси эди. Лекин гап шундаки, у жадидчиликнинг шунчаки бир кўргазмаси (иллюстрадияси) бўлиб қолмади, чинакам адабиётга айланди. У янги адабиётни бошлаб берди. Авжи тараққийси 1915-1925 йилларга тўғри келди.

Шулардан келиб чиқиб, миллий уйғониш даври ўзбек адабиётини 2 босқичга ажратдик: 1) Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг илк босқичи: манбалари ва юзага келиши (XIX аср охирлари); 2) миллий ва ижтимоий курашлар даври: тараққиёти ва тугатилиши (XX аср биринчи чораги).

Унинг кўлами ва жуғрофияси ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш, ижодкорларни етказган муҳит билан таништириш заруриятидан келиб чиқиб, адабий-маданий марказлар ҳақида маълумот беришга уриндик.

Мазкур давр адабиётини миллий уйғониш нуқтаи назаридан ўрганиш бевосита мустақиллигимиз самараси бўлганлигидан ундаги миллий истиқлол ғоясининг шаклланиши ва тараққиёти масалалари ҳамиша диққат марказимизда турди.