Михаил Эпштейн. Юксак поэзия ва алп одам

  1. ТАРАҚҚИЁТ ВА ПОЭЗИЯ

Инсоният тараққиётининг хос векторлари мавжудми? Ушбу саволга турли ва ишонарли жавоблар кўп: нуфус ўсиши, иқтисодий тараққиёт, меҳнат унумдорлиги ошиши ва ижтимоий фаровонлик юксалиши, эркин бозорнинг ёйилиши, интеллектуал ва технологик кучнинг ортиши, ахборотни жадал ишлаб чиқариш, ноосферанинг кенгайиши, сиёсий тизимларнинг демократлашуви, жуғрофий ва космик экспансия, этник ва иқтисодий маҳдудликни енгиб ўтиш – глобаллашув… Ушбу векторларнинг барчаси бир-бирига мос келади ва тарихи умумий дадил одимлар билан ҳамоҳангдир.

Бироқ ҳар доим ҳам ушбу қаторда саналмайдиган яна битта вектор бор: коинот, ҳаёт, жамият, техника ва одамнинг поэтиклашуви. Бу тараққиётни поэзис (юнонча “поэзис” (poiesis) “ижод” деган маънони беради) деб тасаввур қилиш бўлиб, бир қарашда олдин белгилаб олинган тамойилларга зиддай туюлади. Иқтисодий, техник, ахборот тараққиёти миф, эртак ва афсоналарнинг олтин асри сари тобора чекиниб бораётган поэтик ибтидонинг заифлашувига олиб келмаяптими? Дунёни поэтик идрок қилиш тамаддуннинг дастлабки босқичларида ҳукмронлик қилган эди, кейинчалик уни илм-фан, техника, орзу қилишдан кўра билиш ва тадқиқ қилишга мойил зийрак ва рационал ақл тарзи сиқиб чиқарди, деган қараш мавжуд.

Ушбу “поэзиядан қочиш” (депоэтизация) бутун инсоният тарихидан ўтиб, айниқса, саноат асрида кучайиб бораётгандай туюлади. Е.Баратинский “Сўнгги шоир” (1835) шеърида қайғули хулосага келади:

Аср қадам ташлар темир йўлидан;
Юракларда тама, ҳавас барчаси
Фақат зарур, нафли нарсалар билан
Банддир соат сайин, уятсизларча.
Маърифат нурида йитди кўлкадай,
Шеърга хос беғубор тушлар сира ҳам
Саноат ташвиши ортган ўлкада
Авлодлар ёдига келмайди бир дам.

Поэзия инқирозини фақат шоирлар эътироф қилаётгани йўқ. К.Маркс “Сиёсий иқтисод танқидига доир” китобининг (1858–1859) сўзбошисида бу ҳақда фақат иқтисодиёт фанига хос тилда мана бундай деб ёзган эди:

“…Милтиқдори ва қўрғошин даврида Ахиллес бўлиши мумкинми? Ёки чоп қилиш дастгоҳи ва босмахона машинаси бор жойда “Илиада” ёзилиши мумкинми? Чоп қилиш дастгоҳи пайдо бўлиши билан ривоят, қўшиқ ва музалар, бинобарин, эпик поэзия учун зарур шарт-шароит муқаррар равишда йўқолиб кетмайдими?”

Маркснинг некбинлигига қарама-қарши ўлароқ, М.Ҳайдеггернинг оммавий ишлаб чиқариш индивидуал буюмларни ясаш поэзиясини пароканда қилиши ва бинобарин, поэзиснинг (“генезис” – униб чиқишга қариндош) ўтмишда қолиб кетиши ҳақидаги фикри мозийни қўмсаш билан йўғрилган. Коса ёки скрипка дарахт ўсиши ёки болани тарбиялаш сингари шошилмасдан ясалади. Замонамизга келиб, поэзисдан тор маънодаги поэ­зия, шеърлар ва поэтик оламнинг бошқа оролчалари: рассомлик, бадиий ҳунармандчиликкина сақланиб қолмоқда, лекин улар ҳам илм-фан, техника ва иқтисодиёт денгизига ғарқ бўлмоқда. “Композиторлар замони интиҳоси”, шунингдек, “адабиёт замони интиҳоси” ҳақида бонг урган композитор Владимир Мартинов ҳам поэзиянинг бугунги куни ва келажагига айни қадар тушкунлик билан қарайди[1].

Шеърият таназзулига сабаб бўлаётган тарих йўналишидан қувониш керакми ёки даҳшатга тушиш? Бу ҳақда баҳслар кўп, лекин негадир муқаррар нарса деб қаралади.

Лекин мен XXI асрнинг ҳиссиз техницизми ва прагматизми тасаввур қилишга мойиллигимиздан кўра кенгроқ маънодаги поэзия асри бўлади, деб ўйлайман. Шеърият инсон ҳаётидан ҳеч қаерга кетаётгани йўқ, аксинча, тамаддуннинг мегатрендлари (етакчи тамойиллари) даражасида энг улкан миқёсда қайта туғилмоқда. У ҳарф ва қофия асирлигидан қутулиб, китоб муқоваларидан ташқарида воқеликнинг янги шаклларини топиб бормоқда.

 

  1. ПОЭЗИЯ НИМА ДЕГАНИ?

Поэзия деганда нимани тушунамиз? У дунёни идрок қилишнинг алоҳида, ижодий усули бўлиб, ҳар бир ҳодисада бошқа ҳодисалар образи, акси, акс садосини тутиб олади. Масалан, ташқи макон ички оламнинг образи ёки аксинча бўлиши мумкин:

Ушбу ягона ва ботиний олам
Борлиқни боғлайди. Ичимда ёвқур
Қушлар учар. Олис чўққига шахдам
Чиқаман. Япроқдай соламан шовқин.
Р.-М. Рильке

Шу билан бирга поэзия нутқнинг ўзига хос шакли бўлиб, сўз ва бўғинларнинг оҳангга солиб такрорланиши маъно ўхшашликларини кучайтиради. Поэзия яширин ўхшашликларни излаш, буюмларни ўхшашлиги ёки турдошлигига (мажозлар, истиоралар ва бошқа йўллар) қараб бирлаштиришдир. Оҳангдошликлар, жумладан, қофиялар ассоциатив алоқаларни кучайтириш, бир-биридан узоқ ҳодисаларни ўзаро бирлаштириш шакли сифатида намоён бўлади. Василий Налимовга кўра, “бу ердаги [поэзиядаги] матн сўзлар бир-бирини чеклаши учун эмас, аксинча, маъносини кучайтириш, силлиқ тарзда умумий оқимга ўтиб, қўшилиб кетиши учун ташкил этилади”[2]. Поэзия бир нарсани бошқа нарсаларнинг номи билан атайди, уларнинг бошқа нарсаларда гавдаланиши, метаморфозаси – эврилишига сабаб бўлади:

Ой тинч оқар сувда, узала
Тушар олтин қурбақа мисол.
Олма гули янглиғ кузалар
Отам қўйган шу оппоқ соқол.
С.Есенин

Шеърият ҳамма нарсадаги Ҳамма нарсадир, у нарсаларнинг бир-бирига кириб бориши ўлчовидир.

Тамаддун тараққиёти бизни турли моҳиятларнинг айнан бир-бирига кириб бориши сари етаклайди. Анъанавий жамиятларда индивид этник ва ижтимоий таниқлилиги, маданий ва табиий муҳити (экологияда тутган ўрни) билан тўлиқ мос келади. Тарих этносларни тобора қориштириб юбормоқда ва турли миллат, маданият ва тиллар аломатларини ўзига сингдириб олган “барча одам” вужудга келмоқда. Китоблар, фильмлар, саёҳатлар, тиллар ва тарихни ўрганиш “моҳиятларни кўчириш”, ўзига бошқа нарсаларни сингдириб олишдир: рус кишиси ўзини француз ёки япон деб, замондошимиз эса – қадимги жангчи ёки ўрта асрлар роҳиби деб ҳис қилиши мумкин. Тамаддун ривожланиши билан кучайиб бораётган жами рамзлар алмашуви поэтик “кўчириш”га хизмат қилади. Поэтик сўз насрий ёки илмий сўздан (аниқ маънога эга атама) фарқли ўлароқ, чегараларни кенгайтиришга интилади, бошқа сўзлар маъносини сингдириб олади. Замон кишиси, фақат фойдасини кўзлаб иш юритувчи сифатидаги урф бўлган тасаввурларга зид ўлароқ, тобора поэтик шахсга айланиб бормоқда.

Айнан ХХ–ХХI асрлар тамаддуни бир маданият ва битта тил торлик қилиб қолаётган шахснинг ушбу янги, трансмаданий тури – мультивидуумни яратмоқда. У янгича одам бўлиб, чин маънодаги “образли”, мажозий мавжудотдир.

Ушбу трансэтник, транслингвистик индивиднинг “бевосита маъноси”, азалий таниқлилиги кўчма маъноларга йўл беради: бир мамлакатда туғилади, бошқасида таълим олади, учинчи мамлакатда янги ихтисос бўйича ишлайди… Бундай киши – тамсил этилган мажоз, поэтик шахс; унинг ҳаёти – кўп қатламли матн.

 

  1. АНТРОПОЭЙЯ ВА ТЕХНОПОЭЙЯ

Қадимги Юнонистонда шеърият, илм-фан ва санъат ҳомийси бўлган тўққизта муза иззатланган: Каллиопа – эпик поэзия ҳомийси; Эвтерпа – лирик поэзия ҳомийси; Мелпомена – трагедия ҳомийси; Клио – тарих ҳомийси; Урания – фалакиётшунослик ҳомийси… Бугунги кунда ушбу панмусейонни (юнонча πάντες – барча + μουσεῖον – ҳомийлар ибодатхонаси) Антропоэйя, Технопоэйя, Космопоэйя, Биопоэйя, Социопоэйя, Эконопоэйя, Ноопоэйя… сингари янги ҳомийлар билан тўлдириш вақти етди. Ушбу ижод турлари айни пайтгача маълум ва машҳур бўлган санъат ва “поззиялар” доирасига сиғмайди ва инсоният келажагига маъно бахш этади.

Ушбу янги ҳомийлардан биринчиси антропоэйядир (юнонча anthropos, инсон + poieo қилиш, ижод қилиш, ишлаб чиқариш). Антропоэйя инсон моҳиятини яратиш ва қайта яратишга йўналтирилган барча амалиётлар йиғиндисидир. Унинг энг муҳим амали, Тавротда тавсифланганидай, одамни Худога “ўхшатиб” яратишдир, бу унинг мажоз сифатидаги поэтик тийнатини намоён қилади. Инсон ўсимлик ёки жониворларга хос маънодаги эмас, кўчма маънодаги махлуқ – яратиқдир, чунки у Яратувчи тимсоли, Худонинг тажаллисидир: улар ўртасида мураккаб белгилар ўйини, ифодаловчи ва ифодаланувчи муносабатлари мавжуд. Инсон Худога айнан ўхшаш эмас, лекин у Худонинг мажозидир, яъни унинг айрим аломатлари: фикрлаш, ижод қилиш, нарсаларга ном бериш, ирода эркинлигига эга. Инсонга мажоз сифатида муносабатда бўлиш, яъни уни поэтик жиҳатдан қабул қилиш лозим. Лекин бундан инсон зиммасига Яратувчининг тимсоли сифатида ўраб турган муҳитда мажозлар яратиш, тимсоллари ва ўхшашликларини кўпайтириш юкланган, деб хулоса қилиш мумкин. Тамаддун дегани – мана шу. Меҳнат қуроллари, техник ихтиролар, илмий кашфиётлар, санъат асарлари – барчаси дунёни айнан эмас, мажоз нуқтаи назаридан маданийлаштириш усулидир. Картина ёки бино, ракета ёки компьютер сингари тамаддун маҳсулотларида инсоннинг табиий мавжудот сифатида борлигини эмас, унинг чексиз кўпайиб бораётган тимсоллари, рамзий проекциялари, қобилият ва эҳтиёжлари мажозларини кўрамиз.

“Техникага фақат кўнгилдан келиб чиқиб, маъно юклаш мумкин”, деб ёзган эди О.Шпенглер[3]. Техниканинг барча мўъжизалари: тезликка, парвозга, юксакка кўтарилишга, кўнгилларнинг бир-бирига пайваста бўлишига интилиш моҳиятан кўнгил эҳтиёжлари мажозларидир. Кўзга ташланиб турганларидан уй – тана мажози; кўзойнак ва заррабин – кўз мажози; компьютер – ахборотни қайта ишлайдиган мия мажози; лазер – ёруғлик ортидан интилиш мажози.

Ҳеч ким хаёл қилмаган
Ерларга учгим келар,
Нур ортидан, билмаган
Жойларни қучгим келар!

Давраларга бергин зеб –
Оламда бахт йўқ ўзга.
Нур қадри нимадир деб
Савол бергин юлдузга.

О. Мандельштам,
“Менинг бир истагим бор…”

Кўнгил нур ортидан учишга интилади ва бу эҳтиёждир, у рационал, ихтироларга хос синаётиб, нурни мақсадли йўналтиришга мўлжалланган лазерни бунёдга келтиради.

Мажоз сифатида яратилган инсон мажозлар оламини яратишни давом эттиради. Антропоэйя технопоэйяга (technopoeia; юнонча – techne – санъат, ҳунар) дўнади. Аслида бутун техник тамаддун инсон тимсоллари, унинг қиёфалари ва қайта гавдаланишлари кўплигидир. Ахборот технологиялари кўриниб, тушунилиб, англаб турилган соҳани улкан масофаларга кенгайтиришга қобил идрок этувчи ва фикрловчи инсон тимсолидир. Коммуникация технологиялари тил тимсоли, ўз фикрини ифода ва бошқалар билан мулоқот қила оладиган киши қобилиятидир. Улов технологиялари ҳаракатдаги одам тимсоли, унинг югуриш, сакраш ва сузиш қобилиятининг муболағали кучайишидир. Ишлаб чиқариш технологиялари меҳнат қуроллари ва истеъмол буюмларини яратаётган киши тимсолидир. Тамаддунлар Яратувчисидан қадам-бақадам узоқлашиб бораётган ва тобора ундан мустақиллашаётган киши тимсолидир.

Техника поэзиядан кўра камроқ мажоз ёки рамз эмас, лекин у ушбу қувватни сўзлар қолиб, поэтик жиҳатдан эврилган материяда гавдалантиради, унинг ҳар бир унсури табиат билан “ўйнашади”, тортиш кучи, узоқ масофалар, тананинг чекланган имкониятларини енгиб ўтади. Авиация, ракетасозлик, электроника, интернет ва энг замонавий алоқа воситаларини тамсил қилган технопоэйя кўринмайдиган нарсани кўриш, эшитилмайдиган нарсани эшитиш, турли тилларда сўзлашиш, инсон лабларидан янграган сўзни коинот чексизликларига етказиш имконини беради. У Пушкиннинг “олти қанотли малаги”га ўхшаб, Ер ва осмон кенгликларини очади. Технопоэйя техниканинг инсон ижодий интилишлари ва дунёни рамзий кўришни фаолият сифатида тамсил этувчи поэтик жиҳатидир.

 

  1. ПОЭЗИЯ ФИЗИКАСИ

Тамаддуннинг барча жараёнларини нафақат коинот, техника, жамиятнинг поэтиклашуви, қолаверса, поэзиянинг коинотлашуви, техниклашуви ва ижтимоийлашуви, унинг борлиқнинг барча соҳаларига кириб бориши деб қараш мумкин. Андре Бретон “Объект инқирози” (1936) мақоласида “Сюрреал объектлар” ижоди, Пол Элюарнинг фикрича, ҳақиқий “шеърият физикаси” эҳтиёжларини қондиради”, деб ёзган эди[4]. Дарҳақиқат, сюрреализм оғзакилик ва икки ўлчамли (расм) визуаллик чегараларидан ташқарига чиқади ва уч ўлчамли объектлар яратади. Айни ҳолатда абсурднинг сюрреал мантиғи устуворлик қилади: объектлар прагматик функциялардан қанчалик маҳрум бўлса, шунчалик поэтиклашади. Масалан, Ман Рейнинг (1921) “Совға”сини олайлик: остига зич қилиб мих қоқилгани боис дазмол фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолади. Мерет Оппенҳеймнинг (1936) “Мўйнали нонушта”сида бордоқ, ликопча ва қошиқча Хитой оҳусининг мўйнаси билан қопланган.

Бироқ объект поэтиклиги ундан фойдаланиш функциясини ҳар доим ҳам истисно қилавермайди. Сюрреализм поэтик гўзаллик абсурдлигини, ўз вазифаси – рационалликни танқид қилиш ва ғайришуурийликни мадҳ этишдан келиб чиққан ҳолда, бўрттириб кўрсатар эди. А.Бретон “Сюрреализм манифести”да (1924) шахс жамият босим ўтказадиган интуитив руҳий амаллардагина эркин бўлади, деб ҳисоблар эди. Бретон нафақат Фрейд ва унинг туш таъбирлари, қолаверса, XIX асрда “гўзаллик тикув мошини билан шамсиянинг анатомия столида тасодифан учрашиб қолиши”, деган таърифни илгари сурган Лотреамондан ҳам иқтибос олар эди. Ушбу фикр сюрреализм шиорига айланиб қолди.

Бироқ тикув мошини билан шамсиянинг анатомия столида учрашиб қолиши ҳеч қандай тасодиф эмас, чунки кўз олдимизда учта учли нарса намоён бўлади: тикув игнаси, шамсия кегайи ва жарроҳлик тиғи. Шамсия кегайларининг ёйилиши, тикув игнасининг вертикал ҳаракати тикиш жараёнида бир-бирининг ҳаракатини, худди мошин ғилдираги – шамсиянинг юмалоқ шакли сингари, такрорлайди. Бинобарин, тасодиф эмас, объектлар ва улар бирикувининг яширин қонунийлиги поэтикдир. Шу маънода поэзия тарихдан рационалроқдир ва фалсафа билан яқинлашади. “Поэзия тарихдан кўпроқ фалсафий ва жиддий унсурга эга: у умумийроқ нарсани, тарих эса жузъий нарсани тамсил қилади” (Арасту, Поэтика, IX)[5].

Учоқлар, поездлар, ракеталар, телефонлар, компьютерлар – барчаси сюрреал эмас, замонавий тамаддун воқелигидан иборат поэтик объектлардир. Бу сўзлар чегарасидан ташқарига чиққан поэзия, чин маънодаги поэзия физикаси, унинг техник ва ижтимоий жисмларидир. Уларда на абсурд ва на муболаға бор, лекин шу ҳолича мажоз ёки истиорадир, чунки инсон танаси хусусиятлари ва кўнгил интилишларини (аслида, мажоз – “метафора” – кўчириш ёки бир жойдан иккинчи жойга ташиш дегани, Юнонистонда юк мошинлари “метафора” деб аталади) материяга кўчиришдир. Шундай қилиб, телефон эшитиш мажози ва қулоқ истиорасидир (яъни эшитиш мосламаси аломатларини турдошлик бўйича аппаратга кўчиради). Сюрреал объектлардан фарқли ўлароқ, телефон ёки ракетада фойдаланишга яроқлилик ва поэтиклик бир-бирига зид келмайди, аксинча, бу ўринда фойдаланишга яроқлиликка поэтик воситалар билан эришилади.

Технопоэйя техниканинг бутун тарихига поэтикликнинг фойдалилик билан чатишиб кетиши сифатида қараш имконини беради. Масалан, пишангнинг фойдалилик функциясига ҳеч ким шубҳа қилмайди, унинг поэтиклиги эса қўлланадиган технология кўрсатиб турганидай, елка ва қўл мажози, улар муболағасидан (кучайтириш, узайтириш) иборатдир.

Тирсак қадар
Мойга ботар,
Пишанг “о”лаб
“А”лаб ётар.

Э.Багрицкий,
“Баҳор”

Бу гапни исталган техник мослама ҳақида айтиш мумкин. Халқ хаёлоти кўпгина техник ихтиролардан уларга, масалан, “гилам-учоқ”, “очилдастурхон”, “сеҳрли қалпоқча” сингари олдиндан поэтик маъно бериб, илгарилаб кетгани бежиз эмас[6].

Замонавий техника меҳнат қуроллари ишлаб чиқариш баробарида дунёни идрок қилишимиз ва мулоқот усулларини тобора кенгайтирмоқда, шунингдек, ҳар кимга феълига яраша ҳаёт тарзини танлаш имкониятини берадиган янги, муқобил ва виртуал оламлар яратмоқда. Поэтик эртак, фэнтези (миф ва эртакларга асосланган фантастика адабиёти) бугунги куннинг энг маҳсулдор жанри бўлиб, у адабиёт ва кино билан чекланиб қолмайди: атрофимиздаги дунё кўпроқ фэнтезини эслатади, унда хаёлот ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва янги дунёларни яратиш мантиғи бўлиб қолмоқда.

 

  1. КОСМОПОЭЙЯ ВА БИОПОЭЙЯ

Технопоэйя коинотнинг бундан буёнги эврилишлари, космопоэйянинг (юнонча kosmos) дебочасидир. Космопоэйя барча таъсир кўрсатувчи сенсор, жумладан, ҳид билиш ва сезиш воситаларига эга санъатдир. Космопоэйя воқеликни қайта ишлаб чиқаришнинг барча техник воситаларини ўзлаштиради ҳамда рассом фантазиясини шундай ҳиссий аниқлик билан гавдалантириб, уни реал олам объектларидан мутлақо фарқланмайдиган қилиб қўяди. Биз вақт ўтиши билан нафақат тасвирий ёки мусиқа, қолаверса, барча ҳиссиёт аъзоларига қаратилган ва воқеликнинг ўзи сингари кўп ўлчамли бўлган универсал, коинот санъатини яратишни ўрганиб оламиз.

Бундай ҳолатда олдимизда бир савол кўндаланг бўлади: коинотнинг ўзи космопоэйя асари, яъни ижод намунаси эмасми? Қадимги дунё ва Уйғониш даврининг Афлотун, Плотин ва бошқа мутафаккирлари Борлиқ оламни шундай тасаввур қилган. Мабодо шундай бўлса, физика, биология ва бошқа табиий фанлар, тараққиётнинг дастлабки босқичларида бўлгани каби, яна илоҳиётшунослик ва эстетика билан қайта бирлашади. Физика моддий дунё тузилмасини ўрганиб қолмасдан, фантазия, маҳорат, композиция, образлилик, пластик тил сингари ушбу дунёни универсал санъат асари сифатида яратган илоҳий космопоэйя қонунларини тушуниш ҳамдир.

Космопоэйя кенг маънода инсоннинг физик дунёни гўзаллик ва уйғунлик қонунларига мос равишда ўзгартириш борасидаги барча фаолият турларидир. Бироқ ушбу улкан соҳа ичида мавжудот ва инсоннинг ўзини ўзгартирувчи биотехнологиялар мажмуи – биопоэйя (юнонча bios – ҳаёт) алоҳида ажралиб туради. Биопоэйя организмларнинг янги турларини яратишдан тортиб, тана аъзолари ва уларнинг ўзгартирилган кўринишларини уч ўлчамда чоп қилишгача турли кўринишларда намоён бўлади. Ҳаётга оид энг кўп таъсир кучига эга назариялардан бири “автопоэзис” деб аталиши бежиз эмас: ХХ асрнинг 70-йиллари бошида биологлар: У.Матурана ва Ф.Варела мавжудотларнинг ўзини тузиши ва қайта ишлаб чиқаришини шундай тавсифлаган эди. Ҳаёт билан поэзия ўртасида тил, генетик ва оғзаки умумийлик бор. Ҳужайралардан организмлар ва экотизимларгача бўлган тирикликни барча даражаларда ташкил этишнинг аломатли жараёнлари кечмоқда. Биосемиотика бўйича тадқиқотларнинг шаҳодат беришича, генетика тилида синонимия, омонимия, мажозлар, яъни поэтик образларни қуриш усуллари мавжуд.

Дурагайлаш табиатдаги энг кўзга кўринарли мажоз жараёнидан бири бўлиб, ҳар хил биологик турларнинг генетик материали битта ҳужайрада бирлашади. Бир-биридан узоқ турлар, ҳатто ўсимликлар ва жониворларнинг генлари алоҳида вируслар ёрдамида кўчириб ўтқазилиши натижасида янги турлар вужудга келиши горизонтал кўчириш деб аталувчи табиий ген инженериясидир. Сунъий селекция жараёнидаги ушбу кўчириб ўтқазишлар асосида маданий ўсимликларнинг янги навлари яратилади – булар моҳиятан жонли, ўсадиган мажоздир, чунки бир турдаги ўсимликлар бошқа турдаги ўсимликларнинг хоссаларига эга бўлади. Америкалик селекционер Лютер Бёрбанк яратган навларнинг поэтик номларига бир эътибор беринг-а: ананас ҳидли беҳи, магнолия ҳидли георгинлар, мовий кўкнор, хушбўй георгин, хўжамунжон (хўжағат ва маймунжон дурагайи; аслиятда ежемалина (ежевика + малина)… Н.Заболоцкий “Мевалар билан никоҳлаш” шеърида шеър ёзишга муқояса қилинган янги ўсимликлар яратишни улуғлайди: “Мичурин мевалари, Бербанк қуманжирлари, қуёш банкаси мисол шаффоф, борми сирлари…”

Табиат кучларини шахслантириш, хусусан, ҳайвонларни (эртак ва масаллардаги сингари) гапиртириш поэтик образлиликнинг энг қадимий усулларидан биридир. Айни пайтда “ақл ато этиш” фантазиягина бўлиб қолмасдан, поэзиянинг энг янги турларидан бири – зоопоэйя урф бўлиб бормоқда. Воситачи тиллар ёрдамида жониворлар (аввало, шимпанзе) билан мулоқот қилишнинг реал имкониятлари яратилмоқда ва бу инсоннинг мавжудотлар билан теран мулоқотга асосланган муносабатларига сабаб бўлиши мумкин[7]. Яна Н.Заболоцкийнинг “Деҳқончилик ғалабаси” поэмасидаги ақлли ва қайта тарбияланган табиат образи эсга тушади:

Ўргатилар капалак ишга,
Қўлқоп ёки шим тикиш, яна
Сопол ясаш, ип йигиришдан
Сабоқ олар сувилон, мана.
Заррабинни тутганча маъюс
Бўри куйлар юлдуз ҳаққинда.
Суҳбат қурар от редискаю
Шивит билан узоқ-яқиндан.

Поэтик усул – табиатнинг тажассумли образи – биопоэйяда уни амалий жиҳатдан ўзгартириш учун тажриба вазифасини ўтамоқда.

Тор маънода Ars Chimaera ёки химералар (юнон мифологиясида ўт пурковчи, оғзи шерники, думи аждарҳоники ва танаси эчкиники бўлган махлуқ – тарж.) санъатининг поэтик тажрибаларини ҳам биопоэйяга киритиш мумкин. Дмитрий Булатов берган таърифга кўра, бу “табиатда мавжуд бўлмаган генлар бирикмасидан муайян эстетик хусусиятларга эга организмларни яратиш имконини берувчи янги генларни аниқ мақсадни кўзлаб ҳосил қилишдир”[8]. Генетик ва биокимёвий усуллардан фойдаланиш, масалан, ҳеч қандай фойдаланишга яроқлилик хусусиятига эга бўлмаган, аммо эстетик таъсир кўрсатишга мўлжалланган нур таратувчи ўсимликларни яратиш имконини беради.

Гендер инқилоби ҳам поэзия белгиси остида кечмоқда. “Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, илоҳий суратда яратди: уларни эркак ва хотин қилиб яратди”. Агар илгари эркак ва аёлнинг ижтимоий, профессионал, маиший вазифалари аниқ тақсимланган бўлса, бугун эркакларнинг аёллашув, аёлларнинг эса эркаклашув жараёни – уларнинг ўзаро эврилиши рўй бермоқда. Аниқ маъно устига кўчма маъно қатланиб тушмоқда: муайян жинснинг физиологияси ҳамда ижтимоий ва профессионал вазифалари ўртасида мажозий кескинлик вужудга келмоқда: масалан, аёл азалдан эркакнинг иши бўлиб келган сиёсатчи, дипломат ва юристлик қилса, эркак киши чақалоқни парваришлаш учун таътил олмоқда. Бу жинсларнинг аралашиб кетиши, иккала жинс учун ҳам хос бўлган бетараф хусусиятларни вужудга келтириши баробарида жинслараро ва трансжинс эврилишлари учун, биологик ва ижтимоий жинснинг ўзаро муносабатларидаги ижодий динамика учун, табиий аниқлигини танлаш ёки ундан воз кечиш учун янги имкониятлар яратади. Гендер инқилоби моҳиятан андрогенез, яъни ўзида иккала жинс хусусиятларини бириктирган андрогинлар, икки жинсли мавжудотлар қарор топишидир, ташқи кўриниш, хулқ-атвор ва ижоднинг дурагай шакллари вужуд келади.

 

  1. СОЦИОПОЭЙЯ ВА ЭКОНОПОЭЙЯ

Биопоэйядан социопоэйя (sociopoeia) – ижтимоий ҳаёт, ижтимоий ижоднинг поэтик тарафига ўтамиз. Биз жамият зиммамизга юклаган ролни оддийгина ижро этиб қолмасдан, ботинимизда функциямиз таниқлилигимиздан узоқлашиб ва уни мажоз сифатида идрок этиб, ўша ролга тобора қаттиқроқ киришамиз. Бу ижтимоийликнинг карнавал-театр, шартли ўйин тарафидир: Шекспирга кўра, дунё – театр, унда барчамиз актёрлармиз. Шундай қилиб, замонавий жамиятни муаллиф билан унинг персонажи ўртасидаги муносабат шартли ва образли бўлган ижтимоий тармоқлар шакллантирмоқда. Биз тармоқ ҳамжамиятларида бошқа одамлар ролини ўйнаймиз, ўзимизни “ўзимиз эмас” ёки “нафақат ўзимиз” тимсолида шакллантирамиз, бу эса янги мажозий ҳамжамиятлар ва ижтимоий-поэтик муҳит яратишда кучли омил бўлиб хизмат қилади. Биз таржимаи ҳолимиздаги таниқлиликдан узоқлашиб, шоирлар лирик қаҳрамонлари яратувчиси бўлганидек, ўзимиз, тимсолимиз яратувчисига айланамиз. Муаллифлик ва аватарлик тармоқ социопоэйясининг икки тимсолидир. Ҳар бир блогер (блог юритувчи – тарж.), аввало, “юзи”, “китобий шахси”ни (facebook) яратади, айрим ҳолларда эса муаллиф сифатидаги ўзи билан ниқоблари ўртасидаги оралиқ масофани таъкидлаб кўрсатиш учун бир неча персонаж, лақаб (тахаллус, гетероним (муаллиф асарларининг бир қисми учун қўллайдиган тахаллус – тарж.) қиёфасида намоён бўлади.

Социопоэйя ролдан ролга кўчиб юрувчи кезгиндининг бошқа ҳолатга худди “образ образга киргандай, буюм буюмни кесгандай” (Пастернак) ўтишидир. У шизофренияга чалиниб бўлиниб кетмаган, бой, кўп ролли, кўп “ўз”га эга шахс бўлиб, унга битта “мен” торлик қилади. “Мен”нинг бундай кўплиги ҳар доим шахс саҳнада ва романда ҳар хил образларда гавдаланадиган бадиий ижодда кўзга ташланади. Буюк шоирлар ўз “мен”ининг кўпюзлиги ҳақида ёзиб кетган:

Мен шоҳман, – мен қулман, – мен қуртман!
Г.Державин

Мен ўзимга қарши чиқяпманми? Зўр, демак, мен ўзимга қаршиман. Мен кўпайдим, мен – кўпчиликман (multitudes).
Уолт Уитмен

Бундай дунёқараш ролли ўйинни, ниқобларни алмаштиришни сиқувга олиш ўрнига рағбатлантирадиган демократик жамиятларда тобора қулоч отмоқда. Социопоэйя одам таниқлиликлари, “ўз образлари”ни ижтимоий ва профессионал ривожланишга қараб кўпайтиришдир. Илгари одам фақат ҳунарига боғланиб қолган бўлса, энди унинг профессионал сафарбарлиги умри узайиши сингари ўсди. У бошқа касбга ўқиши, машғулотларини ўзгартириши, янги кўникмалар ҳосил қилиши, ўзини кўп образларда гавдалантириши мумкин. У эврилиш санъатини эгалламоқда ҳамда ижтимоий ва профессионал жиҳатдан полиморф (кўп шаклли) бўлиб бормоқда. П.Валери ёзганидай, “ўз ҳаёти баробарида кўплаб ҳаётларни яшаш имкониятидан маҳрум қилинган одам ўз ҳаётини ҳам яшай олмас эди”[9] (“Шеърият ва мавҳум фикр”). Поэтиканинг асосини бошқа кўплаб одамлар бўла олиш имконияти натижаси ўлароқ, ўзлигига эга бўлиш имконияти ташкил қилади. XXI аср одами поэтикдир, чунки у ичига олдинги даврлар одамларидан кўра кўпроқ ижодий қиёфаларни сиғдира олади.

Айниқса, инсон илгари меҳнат тақсимотининг прагматик тизимида қўллаш имкони бўлмаган қобилиятларини рўёбга чиқариш учун ҳаётининг кам-кўстини бутлаб олгандан сўнгги пенсия ёшидаги босқичи анча кўп вақтни ташкил қилмоқда. Сенека 2 минг йил аввал “лавозимни эгаллаш, саёҳат ва савда-сотиқ қилиш учун тиш-тирноғи билан ёпишиб олган қариялар”га ҳамла қилган эди. “Ҳаётини янгидан бошламоқчи бўлган қариядан ҳам разил одам борми?”[10].  Лекин бугун қарилик аксарият одамлар учун янги – поэтик ибтидо бўлиб қолмоқда. Олтмишдан кейинги бу ёшни қарилик ҳам деб бўлмайди, чунки одам жисмоний кучга тўла, шу билан бирга танлаш эрки, ўзини намоён қилишнинг турли-туман усулларига эгадир. У ўзини турли касбларда синаб кўриши, рассом, журналист, полиг­лот – кўп тил билувчи бўлиши, дунё бўйлаб саёҳат қилиши, турли анъана ва маданиятлардан баҳраманд бўлиши мумкин. Бу ҳаёт акмеси (қадимги юнон тилида ακμή – юксак нуқта, чўққи; шахс ривожланишининг юксак ҳолати – тарж.), иккинчи балоғат бўлиб, ривожланган мамлакатларда саксон-саксон беш ёшгача давом этади. Бу ҳаётнинг энг поэтик босқичи бўлиб, “эврилиш” жиҳатидан одам ҳали профессионал таниқлилиги ва ижтимоий ролларини аниқлаб олмаган болалик ва ёшлик даврига тенгдир. Энди у мана шу бирёқламаликдан ва фойдани кўзлаб меҳнат қилишдан озод бўлади. Бу таниқлиликнинг йўқолиш (деидентификация) ёшидир.

Замонавий жамиятда нарсанинг борлиғи ҳам ўзгаради, у ҳам поэтиклашиб, “эконопоэйя” (юнонча oikonomos – уй бошқарувчиси, бошқарувчи) тушунчасини истеъмолга киритишни оқлайди. Саноатлашишдан сўнгги давр капитализми истеъмолчи руҳиятини ўзгартириб, уни мулк қуллигидан ўзини яратувчига айлантиради. Илгари инсон пишиқ-пухта, узоқ турувчи нарсалар оламида яшар, улар инсондан узоқ умр кўриб, эвараларга [мерос бўлиб] ўтар эди. Энди товар йиғиш, уларнинг моддий қийматини авлодларга ўтказиш учун эмас, ўз устида тажриба ўтказиш учун харид қилинади. Товар “мен”нинг мажози, унинг ўхшашликларидан бири бўлиб, бошқаси билан алмашади. Мен бугун ракетка сотиб олсам, спортчиман, “мен”лигим – тўпнинг сакровчанлиги, зарба шодлиги. Ботинимда мана шу эластиклик, силташ шиддати ва нишонга олиш аниқлиги бор; мен энг яхши сифатларимни намоён қилиш учун ракетка сотиб оламан. Янги костюмлар, телефонлар ва автомобиль ҳали ўзим бўлиб кўрмаган бошқа одам бўлишим учун турли имкониятлардир.

Осонликча чиқиндига чиқариладиган нарсанинг бу қадар тез маънавий ва руҳий эскириши сабаби шунда – истиқболдаги поэтик шуълада мутлақ товар моҳияти жилваланади, лекин у менинг ботиний онгим, қодир-Меним сингари тутқич бермайди. Харид қилишим учун таклиф этилаётган нарса “мен”нинг йўқолиб кетган кўплаб зарраларидан биттаси, холос, товар менга уни эслатиб туради, чексиз қудратим, чексиз билимим, ҳар ерда ҳозиру нозирлигим ҳақидаги романтик ширин орзулар оламига ғарқ қилади. Реклама ким бўлишингга ишора ва бошқача мавжудликнинг оний ширин орзуси, нарсаларни ақл билан идрок қилишга чорлов сифатида поэтикдир. Замонавий капитализм, ҳамманинг бадига урган “истеъмол жамияти” мустаҳкам моддий замини йўқ, ўзгараётган имкониятлар, бугунги мен билан келгуси мен ўртасидаги ҳаракатчан “муносабатлар аломатларига айланиб қолган нарсалар поззиясидир.

 

  1. НООПОЭЙЯ. ИЛМ-ФАН ЮКСАК ПОЭЗИЯ СИФАТИДА

Ж.-Ж.Руссо, М.Ҳайдеггер, Р.Генон ва “Юксак анъана”нинг издошлари, тараққиёт душманлари ва ўтмишни қўмсаш мафкурачилари илм-фан ва техникани ҳали табиатдан узилиб кетмаган бирламчи поэзия, инсоният болалигининг мафтункорлигини бузиб юборганликда айблайди. Табиат мавжудотлар билан тўлиб-тошган, ҳар бир кўлда илоҳа (наяда), ҳар бир дарахтда пари (дриада) яшар, момақалдироқ олий илоҳ Зевс ёки Перуннинг овози эди. Илм-фан ва техника гўё инсонни борлиқдан бегоналаштиради, субъект билан объектни ўзаро қарама-қарши қўяди, шахс атрофида совуқ, жонсиз макон ҳосил қилади.

Илм-фанда позитивизм, материализм, рекдукционизм… устунлик қилган саноатлашган жамиятда бундай айбловларга асос бор эди. Бироқ илм-фан ушбу ҳазин “изм”лардан узоқлашиб, парадоксал, портловчи ва уриб турган, таҳлилий мулоҳазадан кўра, шеър ёки коанга (японча, қисқа парадоксал фикр – тарж.) менгзалган борлиқни кашф этувчи поэтик ақл дадиллигини ўрганиб ўзгарди. Яна бир юксак поэзия – ноопоэйя (юнонча noos – ақл) – энг янги фанда ақлнинг поэтиклиги сифатида намоён бўлаётган атама ҳақида ҳам фикр юритиш мумкин. Илм-фан ва техниканинг даражаси қанча юқори бўлса, унинг поэтиклиги шунча терандир. А.Эйнштейннинг тахминича, “илмий тафаккурда ҳар доим поэзия унсури мавжуд. Ҳақиқий илм-фан ва ҳақиқий мусиқа бир хил фикрлаш жараёнини талаб этади”[11].

Элементар микрообъектни ҳам зарра, ҳам тўлқин сифатида тамсил этувчи квант физикаси поэтикдир. Квант чигаллиги назариясига кўра, улкан масофаларга тарқатиб юборилган объектлар ҳам бир-бирига (маҳаллий бўлмаган тарзда) боғлиқ бўлиб қолар, квант ҳолати уларнинг биридан иккинчисига макон ва замон қонунларига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўтар экан. Бу эмпирик ақл мантиғини бузувчи теран поэтик ғоядир. Нисбийлик назарияси поэтикдир: материянинг ҳар бир бўлагида унга жойланган атомлар парчаланишининг улкан қувватини кўриш мумкин – бу теран мажозий қарашдир.

Материянинг ахборот табиатини замонавий тушуниш ҳам шу қадар поэтикдир. “Борлиқ моҳиятан улкан компьютердир, ундаги ҳар бир атом, ҳар бир элементар заррада ахборот битлари (инглизча, bit – узатилаётган ахборотнинг энг кам миқдор бирлиги – тарж.) мавжуд…”[12] (Сет Ллойд).  Борлиқ ва уни ташкил этувчи зарралар квант даражасида тинимсиз ҳисоблашларни амалга ошириши тўғрисидаги тасаввур замонавий ахборот назарияси концепцияси бўлиши баробарида энг ҳайратланарли мажозлардан бири ҳамдир.

Фикрларимиз ва қиёфаларимизни ҳам зум ўтмай исталган масофага етказиб берадиган Бутун жаҳон тўри поэтикдир. Интернетдаги қидирув тизимлари ишига “барчаси барчасининг ичида” поэтик принципи таърифлаб бўла олади. Муайян сўз ва иборани излаётиб, шу пайтгача ёзилган барча матнларни сониялар ичида йиғамиз ҳамда ягона лейтмотив билан йўғрилган янги матн бутунлиги, маънолар симфониясини яратамиз. Шу тариқа ассоциатив алоқага киришадиган матнларни қофияли матн деб номлаш мумкин, чунки уларда умумий сўз унсури бор, ўзига хос ички қофия бор. Қидирув тизимлари матн қофияларини, лейтмотив-ассоциациялар билан йўғрилган янги сўз массивларини яратувчи механизмлардир.

Ҳар бир заррада, қанчалик майда бўлмасин, “одамлар яшайдиган шаҳарлар, ишлов берилган ерлар бор, худди биздаги сингари қуёш ва ой, бошқа юлдузлар нур сочади”, дея таъкидлаган эди милоддан олдинги V асрда юнон файласуфи Анаксагор. Гомеомерия айнан “ўхшаш зарра” бўлиб, зарраси бутунга ўхшаш нарсани англатади. Ушбу кўҳна поэтик интуиция элементар зарралар бошқа оламларга йўл очиши мумкинлиги тўғрисидаги фракталлар назарияси (Б.Мандельброт) ва фаразлар билан тасдиқланмоқда[13]. Ҳар қадамда мўъжизага бориб тақалувчи эврилиш ва парадоксга кўзимиз тушади: катта ва майда нарсаларнинг бир-бирига ўтиши, массанинг қувватга, зарранинг тўлқинга айланиши – бу Борлиқнинг поэтик иши бўлиб, фундаментал фан даражасида кашф қилинади.

Айни чоғда илм-фан билиш амаллари: кузатувлар, тавсифлар, тажрибалар, миқдор ўлчовлари, қайта ишлаб чиқарилувчи натижалар қайд этилиши ва ҳоказо доирасида ҳам илм-фанлигича қолади. Бироқ илм-фан энг юксак умумлаштирув даражасида поэзия билан туташади. Дунёнинг тузилиши тавсифланадиган формулалар гўзаллиги ва хушбичимлиги олимларни ҳайрон қолдиради – улар нафақат физика, қолаверса, эстетика қонунлари бўлса ажаб эмас. Физик Брайан Грин машҳур китобини бежиз “Хушбичим борлиқ” (1999) деб номламаган бўлса керак. Аслида улкан илм-фан замонамизнинг асосий поэзиясидир.

“Инсон – яратувчи” мажози ҳар доим инсондаги илоҳийликни ва Худодаги инсонийликни кашф қилиш йўлларини излаётган тамаддуннинг бош вазифаси бўлиб келган. Лекин бизнинг замонга келиб, унинг қаторига яна бир қанча фундаментал мажозлар қўшилди: Борлиқ – компьютер; сайёра – тирик организм; компьютер – мия; интернет – асаб тизими; юқумли вируслар – компьютер вируслари ҳам; генлар – тил; ҳаёт – хат ёзиш жараёни… Ушбу мажозларнинг маъносини фан тасдиқлайди ёки техника ҳаётга татбиқ қилади, лекин бундан уларнинг поэтик аҳамияти пасайиб қолмайди. Шундай қилиб, поэзия илмий дунёқараш таркибига киради ва янги кашфиётларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолади.

 

  1. МАРОМ ВА ЧЕКЛОВЛАР ТИЗИМИ

Тамаддун ривожланиб боргани сари инсон борлиғи мароми тобора тезлашади ва бу ҳол унинг ўсиб бораётган поэтиклигида акс этади, чунки поэзия барча даражаларда маромга эга бўлган нутқ, мусиқа ва маънонинг қўшилиб кетишидир. Глобаллашув Ер юзида рўй бераётган жараёнларни синхронлайди ва сайёрани мусиқа асбобига айлантиради, унинг садоси ахборот оқимларини ташкиллаштиради. Жаҳон тараққиётининг ушбу таранг ва ҳар жойда ҳозиру нозир маромига кўра, тарих ҳар бир сатри қофияланадиган поэтик асарга айланиб бормоқда. Тамаддун мусиқаси, кўплаб воқеа-ҳодисаларнинг маъно оҳангдошлигини тинглаш чин маънодаги поэтик кечинмадир. Мусиқа ритмлари ва ахборот жараёнлари бир-бирига қўшилиб, кучли поэтик таассурот қолдиради.

Шу билан бирга поэзия чекловлар тизими эканини ҳам унутмаслик керак. Улар белгилаб қўйилган оҳанг ва қофиялар жойлашуви, ўрнатилган изчилликдаги урғули ва урғусиз бўғинлар алмашинувидан ҳосил бўлади. Ҳатто эркин шеър, верлибр ҳам маром нуқтаи назаридан насрдан кўра қатъийроқ шакл топади. Буни эслатиб туриш керак, чунки замонавий тамаддуннинг поэтиклиги, мажоз ва эврилишларга иштиёқи ички чекламаларни тақозо қилади – акс ҳолда бу ҳамма нарсанинг фожиали тарзда аралашиб кетишига олиб келиши мумкин. Муайян жисмнинг барча атомлари парчаланиб, массаси қувватга айланса, ядро портлаши вужудга келади.

“Генетик бомбалар” ҳам ўзига яраша хавфли. ХХ асрнинг биринчи ярмидаёқ ҳар хил турларни: йўлбарсни шер, одамни маймун билан чатиштириш орқали янги турдаги сут эмизувчилар, итоатгўй мутант махлуқлар олиш бўйича тадқиқотлар ўтказилган эди. Яқинда ўтказилган трансген аралашувлари намунаси сифатида помидорнинг ичига камбала балиғи гени киритилган совуққа чидамли тури, маккажўхорининг чаён гени қўшилган қурғоқчиликка чидамли нави ёки ҳали тухумдан чиқмаган жўжа оёқ ва қанотларини ё фақат оёқ ёки қанот қилиб ривожлантиришнинг сескантирарли усулини санаб ўтиш мумкин. Трансген маҳсулотлар билан солиштирганда анъанавий селекциянинг муҳим чеклови борлигини эслатиб ўтмоқчиман: фақат ўзаро қариндош организмлар чатиштирилади, яъни турли навга мансуб картошкани чатиштириш мумкин, лекин помидор билан балиқни дурагайлаб бўлмайди.

Ҳамма нарсани ҳамма нарсага айлантириш, турлар, жинслар, этнослар, тамаддуннинг структура унсурлари ўртасидаги тафовутни йўқотиш ялпи энтропия (немисча entropie, французча entropie < юнонча еn …га, ичкарига + tropē бурилиш, эврилиш; – тарж.) ва таназзулга учраш хавфини туғдиради. Шунинг учун поэтиклаштириш ҳақида тарихий тараққиёт вектори сифатида сўз юритганда поэзиянинг ифодалилигини кучайтирувчи мавжуд чекламаларини ҳам ёдда тутиш лозим. “Бир-биридан узоқ ғояларни ўзаро бириктириш” алоҳида сабаб ва теран қардошликка асосланган ассоциатив алоқаси бўлмаса, бемалол аралашиб кетмаган ҳоллардагина таъсир кучига эга бўлади.

Одатда мажоз бир хилликка эмас, айнан ўхшашликка ишора қилишини қайд этиш лозим. Инсонни Худо билан бир хил деб билиш куфр, мияни компьютер билан айнан деб қараш жоҳил материализмдан бошқа нарса эмас, зотан, ўхшашлик бирхилликка ўтган жойда поэзия ва образлилик тугаб, формула ва тенгламалар тили бошланади.

 

  1. ИНСОННИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БУНЁД ҚИЛИШИ

Роман Якобсоннинг фикрича, “хабарга мойиллик (Einstellung), хабарнинг ўзи учунгина унга диққат-эътиборни жамлаш тилнинг поэтик функциясидир”[14]. Сўзлар ва уларнинг композицияси, маъноси, ички ва ташқи шакли ўз-ўзидан салмоқ ва қадр-қиммат касб этгандагина… поэтиклик мавжуд бўлади…”[15].

Автореферент (ўзига йўналтма бериш – тарж.) функция, яъни тилни ўзига йўналтирувчи поэтик функция таърифини юксак поэзияга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Замонавий техниканинг поэтик функцияси, хусусан, анъанавий, аграр ва саноат жамиятидаги меҳнат бегона қилган кучни инсонга қайтаради. Саноатдан кейинги давр маҳсули бўлган энг илғор техника фетишга айланган товарларни ишлаб чиқаришда инсоннинг муҳим кучини тортиб олмайди, аксинча, инсоннинг ички теранлашувига, эврилиш имкониятларини кенгайтиришга сабаб бўлади. Бу товар ёки анжомнинг фойдалилигидан кўра инсоннинг ўзини ўзи бунёд қилиши, янги, кенгайтирилган образини яратишдир.

Инсон фаолиятининг нафақат тил билан боғлиқ, қолаверса, барча турларида поэтик функция устувор бўлиши мумкин, у ўша фаолият турларини бирлаштириб туради. Ушбу ўз-ўзига қамалиб олишнинг сарчашмасида ўзини англаган, ўзи ҳаракат қилувчи, “автопоэтик” мавжудот туради, у, И.Кантнинг ялпи мажбурий ахлоқ қонунига кўра, “инсониятга ўз шахси ва исталган бошқа шахс тимсолига мақсад деб қараши ва унга ҳеч қачон восита деб қарамаслиги керак”. Инсоният фаолияти пировардида унинг ўзига нисбатан мақсад сифатида йўналтирилгандир ва бинобарин, олий кўринишларида поэтиклашади.

Христиан динида Исо тимсолида Худони одам қиёфасида акс эттириш ва одамни илоҳийлаштириш Ғарб тамаддунининг асосий мавзусидир. Одам Худо бўлиши, яъни ўзини ўзи яратиши учун Худо одам бўлади. Нитше одамнинг алп одам яратишига оид ушбу мавзуни яна бир марта кўтарди. Инсоннинг дунёдаги тақдири унинг образлилик моҳиятини тобора теран кашф қилмоқда, чунки у нафақат биологик тур сифатида ўзгармоқда, балки ўзининг янада мураккаброқ, шартли ва олисдаги образини яратиб, бир вақтда уларни бирлаштирмоқда.

Айни чоғда биз homo sapiens (лотинча ақлли одам – тарж.) пайдо бўлгандан бери энг муҳим антропологик инқилобни бошдан кечиряпмиз. Инсон тур сифатида нафақат меҳнат қуроллари ясай оладиган ва тамаддун барпо қиладиган ақл эгасидир. Бугунги антропологик инқилобнинг маъно-мазмуни шундаки, инсон уни ўзига сингдириб, алп одамга айланмоқда. У асарлар, товарлар, меҳнат маҳсулотлари кўринишидаги нарсаларга айлантирган онги ва фантазиясини ўзидан бегоналаштириб, энди қайта мослаштиради ва қайта ўзлаштириб олади. Одам “малла сочли фирибгар” сифатида эмас, ўзи яратган, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб турувчи, қанотли ва деярли фариштамонанд техника қудратини сингдириб олган алп одам бўла бормоқда.

XXI асрда тамаддун тараққиёти марказдан қочиш йўналишини сақлаб қолган ҳолда тобора марказга интилувчанлик хусусиятини касб этяпти. Биз тамаддун инсонни техник қурилмалар, тиббиёт препаратлари ва эҳтимол, конструктив генетик ўзгаришлар воситасида қайтадан бунёд эта бошлаган кескин ўзгаришлар остонасида турибмиз. Инсон танасига ўрнатилган ёки у билан чамбарчас боғланган асбоблар хотирасини кескин оширади, қабул қилиш органларини кенгайтиради, ишлаб чиқариш қобилияти ва муҳитга ижодий таъсирини кўпайтиради. Инсоннинг тур ўлароқ яратган нарсаларини сингдириб олган қодир табиий мавжудот сифатида ўзини бунёд қилиши Худо инсонни яратгандан сўнгги энг буюк антропоэйя амалидир. Албатта, бу инсон атрофидаги тамаддун муҳитини йўқ қилмайди, аммо унинг инсон ботинида мавжудлигини мустаҳкамлайди. Индивид тамаддуннинг микрокосми – кичик олами бўлиши, чексиз эгилувчан мавжудот, ўзини эркин ясовчи, миссиясини кўплаб амалий ва ҳаракатчан мажозлари, “аватарлари” орқали амалга оширувчи мультивидуум сифатида ўша тамаддуннинг ижодий яширин имкониятларини рўёбга чиқариши мумкин. Ўшанда поэзия ҳам тил билан боғлиқ ижод тури бўлиб қолмасдан, инсониятнинг ўзини ўзи бунёд этишидай мўлжалланган нарсасига эришади.

 

  1. ПОЭЗИЯ ТАМАДДУН ЧЎҚҚИЛАРИДА

Юксак поэзия сўз чегараларидан чиқиб кетиб, яъни эврилиш, бир образнинг бошқасига ўхшашлик ёки турдошлик белгиларига кўра айланиш санъати билан поэзиялигича қолади. Поэзия оғзаки ҳолатда салмоғини йўқотмоқда, бироқ ўта йирик миқёсларда – техник ва ижтимоий эврилишлар даражасида қудратини оширмоқда. Бундай юксак поэзияни тушуниш учун нафақат сўзда, қолаверса, нарсаларда, техносфера ва социосферада ифодаланган мажоз ва истиораларни тадқиқ қила оладиган юксак поэтика ва юксак филология зарур. Юқорида зикр этилган юксак поэзияларга мос равишда янги поэтикалар қатори вужудга келади: космопоэтика, технопоэтика, биопоэтика… Ушбу фанлар техник ихтиролар поэтикасини ўрганиши, астрономия асбобларига кучайтиргич гиперболалар сифатида қараши ёки қаршилантириш ва оксюморон (йўловчи ташувчи ва ҳарбий авиация, бошқарилувчи ва портловчи термоядро синтези) сингари айни технологияларни яратувчи ва бузғунчи сифатида қўллашни таҳлил қилиши мумкин.

Энди Ҳегел билан Шеллинг ўртасидаги эски баҳсга нуқта қўйиш мумкин. Шеллинг санъат ва тасаввурни маънавий тараққиёт чўққиси деб билган бўлса, Ҳегел мантиқий фикрлаш ва илмий билишни дунёвий Руҳ тараққиётининг энг юксак нуқтаси деб ҳисоблар эди. Айни чоқда Ҳегел фалсафаси санъатни дунёвий Руҳ тараққиётининг содда босқичи сифатида тарихан ҳалокатга маҳкум деб билади. Илмий билиш чўққиларига етган Руҳ борлиқнинг нисбатан паст, “ҳиссий” босқичи бўлган бадиий ижод даражасига қайтиб туша олмайди. Ақлнинг келгуси тараққиётида поэзия ва санъатга ўрин қолмайди.

Санъатнинг анъанавий шакллари: картиналар ва ҳайкаллар масаласидаги Ҳегелнинг фикрига қўшилиш мумкин. Классик санъат ёки ХХ асрнинг боши ва ўрталаридаги модернизм даври билан солиштирилса, (ХХ асрнинг 60-йилларидан сўнгги) замонавий санъат музейларида таназзул ва тасаввур қашшоқлигини кўрамиз. Ҳақиқий замонавий санъат техникадир. У тафаккур ва маънавий интилишларга тўла, одамларни бир-бири билан боғлайди ҳамда мулоқот ва ижодга янги йўллар очади. Шу маънода Шеллинг ҳақ бўлиб чиқади: дунёни бадиий ўзгартириш илмий билимлар ва техник маҳоратнинг олий синтези экани маълум бўлади. Илм-фан ва техника исканжасига тушиб қолган кўҳна санъат ўлади, лекин уларнинг юксак чўққиларида янги поэзия пайдо бўлади, унга идрок этишнинг бошқа миқёслари керак бўлади. Бу энди анъанавий илм-фанга қарама-қарши қўйилган анъанавий санъат эмас, бу бир-бирига чамбарчас боғланиб кетадиган юксак илм-фан ва юксак санъатдир.

Қадимги асотирларда бўй кўрсатган поэзия яхши тартибланган энг яхши сўзлар бўлиб қолмасдан табиат устидан ҳукмронлик қилувчи афсун ва дуога тенг кучдир. Орфей ашуласи билан дарахт ва қояларни жойида силжитган, ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатган, табиат ҳодисаларини бошқара олган. “Калевала” эпосидаги Вяйнемёйнен кароматли рунани (карел ва финнларнинг қадимий қўшиғи – тарж.) куйлаганда, кўллар мавж­ланган, тоғлар силкиниб, қулаб тушган. Поэзиянинг ушбу кучи ўтмишда гўзал афсона бўлиб, қолиб кетгани йўқ. Бугун кўз ўнгимизда поэзия дунёни ҳар қачонгидан ҳам қудратлироқ ва ҳар томонлама ўзгартирмоқда. Физика, биология, энергетика, информатика илгари фақат сўзда эришиш мумкин бўлган тараққиёт – поэзис маъносини олий мақсад деб таърифлайдиган поэзияга ҳамма нарсада ҳамма нарсада акс этадиган оламни поэтик композиция сифатида яратишга хизмат қилмоқда. Поэзия энг кучли эврилишларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида илк сўз – шеър шаклидан чиқиб, бир замонлар шеър ва қўшиқларда ўзгартирилган дунёни яна ўзгартириш учун илм-фан ва техника қуввати, барча билим ва касблар ашёлари билан қуролланмоқда.

Рус тилидан Фахриёр таржимаси

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 6-сон

_______________________

Михаил Наумович Эпштейн (1950 йили Москва шаҳрида туғилган) – рус файласуфи, маданиятшуноси, адабиётшуноси, тилшуноси, эссенависи, Эмори университетининг (Атланта шаҳри, АҚШ) маданият назарияси ва рус адабиёти бўйича хизмат кўрсатган профессори ва Дарем университетининг (Буюк Британия) Гуманитар инновациялар маркази раҳбари, Россия Пен-маркази аъзоси.

Ушбу эссе муаллифнинг розилиги билан таржима қилинди ва чоп этилмоқда.

[1] “…бўлиши мумкин. Пригов шеърларида рус поэтик анъанаси бизга ва бутун дунёга сўнгги марта “кечир” деб айтган сўнгги рус шоири бўлиб олиши мумкин”. Владимир Мартынов. Пестрые прутья Иакова. – М.: 2009. С. 45.

[2] Василий Налимов. Вероятностная модель языка. – М.: Наука, 1979. С. 241, 242.

[3] http://philosophy.mitht.ru/spengler.htm

[4] http://www.guelman.ru/maksimka/n5/breton.htm

[5] http://philosophy.ru/library/aristotle/poet.html

[6] Речь идет о способе преобразования оптического излучения. http://ria.ru/society/20060530/48834009.html

[7] См. З.А. Зорина, А.А. Смирнова. О чем рассказали «говорящие» обезьяны. – М.: 2006.

[8] Дмитрий Булатов. Русская рулетка. http://www.vavilon.ru/textonly/issue10/bulatov.html

[9] http://lib.ru/CULTURE/VALERY/about_art.txt

[10] Сенека. Нравственные письма к Луцилию, письмо XIII. ] http://ancientrome.ru/antlitr/t.htm?a=1346570013

[11] http://www.orator.ru/einstein.html

[12] Сет Ллойд. Программируя Вселенную. Квантовый компьютер и будущее науки. – М.: Альпина нон-фикшн, 2013. С. 7.

[13] Бошқа бир – материянинг ҳам катталашиб, ҳам майдалашиб бориш томон чексизлиги, Борлиқ тобора катталашиб бориш тартибидаги бир-бирига кирувчи тизимлар мажмуи эканлиги ҳақидаги – фараз замонавий фанда ҳозирча исботини топмаяпти, лекин келгусида унга қайтилиши эҳтимолдан холи эмас.

[14] Якобсон Р.О. Лингвистика и поэтика / Сокр. перев. И.А. Мельчука // Структурализм: «за» и «против»: Сборник статей. – М., 1975. С. 202–203. http://cyberleninka.ru/article/n/parallelizm-i-poeticheskaya-funktsiya-r-yakobsona-v-teorii-povtora#ixzz35b3TQUp3

[15] Р. Якобсон. Язык и бессознательное, пер. с англ., франц. – М.: 1996. С. 118.