Мигель Сааведра Сервантес

Улуғ испан ёзувчиси, драматурги. Дунёга машҳур «Дон Кихот», «Галатея», «Нумансия», «Персилес ва Сихизмунда саёҳати» асарлари муаллифи.

Отаси Кордова шаҳрининг ҳокими бўлган, ўзи эса қашшоқлашиб, оддий табиб даражасига тушиб қолган ва шу касб ортидан зўрға кун кўраётган Родриго де Сервантеснинг ҳаёти ҳам кейинчалик тўнғич ўғли яратадиган қашшоқ ҳамда хаёлпараст Дон Кихот саргузаштларидан қолишмасди. Оила тирикчилик учун шаҳарма-шаҳар саргардон кезиб юрарди. Ана шундай саргардонлик палласида, 1547 йили, Мигел Мадрид яқинидаги Алкала де Энарес шаҳарчасида дунёга келди. Отасининг пешонасига битилган йўқчилик азоби янги туғилган гўдакнинг ҳам умр битигига айланди. Айни қашшоқлиги учун Мигел тузукроқ маълумот ҳам ололмади. Ҳали гўдаклигиданоқ тирикчилик машаққати уни ўз оғушига тортди. Оилада ундан бошқа яна олти нафар фарзанд бор эди. Европанинг энг машҳур адибига айланиб ҳам туғилгандан токи ўлимигача бирор кун қашшоқлик қисматидан қутулолмаган шахс дунё адабиётида бошқа учрамаса керак. Мигел Сервантес ҳаётини ўнглаш, изга солиш учун бир умр курашди, ўзини ҳар соҳага урди, ўзининг ҳаёти ҳам ақл бовар қилмас саргузаштлар ва тафсилотларга бой бўлди. Дин арбобига мулозимлик қилди, жангларда иштирок этди, қўшин учун ўлпон йиғувчи назоратчи бўлди, Италия, Франция, Жазоир каби давлатларда ризқини терди, лекин барибир қашшоқликдан қутулолмади. Гўё тақдир камбағалликни унга сўнгги нафасигача тамға қилиб осиб қўйгандек эди.

Мигел Сервантеснинг ҳаётидаги энг ёрқин давр 1566 – 1569 йилларда Мадридда Хуан Лопес де Ойоснинг мактабида ўқигани бўлди. Бу мактаб гуманистик руҳдаги таълим даргоҳи бўлиб, Эразм Роттердамский таълимоти кенг ва чуқур ўргатиларди, Хуан Лопеснинг ўзи буюк маърифатпарварнинг издоши эди. Айнан шу ерда ўқиб-ўрганганлари Мигел Сервантесга дунёнинг энг улуғ романини ёзишда қўл келди. Унинг асарларида Роттердамскийнинг яширин тимсоллари бадиий шаклда ўз ифодасини топди. Сервантес кўча жангларидан бирида ярадор бўлган рақибининг таъқиб қилиши унинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Бир томондан, камбағаллик, иккинчи томондан, бу нохуш воқеа оиладаги икки ўғилнинг Италияга кетишига сабабчи бўлди. Италияда Хуан Лопес де Ойоснинг хати билан кардинал Аквавининг котиби бўлиб ишга кирди. Кейин Италия­да турган Испания қиролининг қўшинига аскарликка ёлланди. Ана шу йиллар Италия санъати, адабиёти билан яқиндан танишди, бу давр ўқиб-ўрганиш, адабиётни англаш, санъатни тушуниш йўлида ўзига хос мактаб бўлди. 1571 йили денгиз жангида иштирок этди ва елкасининг уч жойидан яраланди, бир қўли умрбод майиб бўлиб қолди. Уйга қайтаётганда эса Жазоир қароқчилари қўлига тушиб, беш йил асирликнинг азобини бошидан кечирди. Оиласи бор будини сотиб тўлов тўлагач, у касалманд, ҳолдан тойган ҳолда уйига қайтиб келди. Бу пайтда Родриго Сервантес бутунлай кар бўлиб қолганди. Мигел оила бошлиғи сифатида барча масъулиятни зиммасига олди. Устига-устак, асирлик тўлови учун олинган қарзлар хонадонни ҳолдан тойдирганди. Қирол олиб борган урушдан ногирон бўлиб қайтиши ҳам, шахсан кардиналнинг тавсияномаси ҳам иш бермади. Ярим жон ҳолатда иш излашига тўғри келди. Ниҳоят, жанговар флот учун озиқ-овқат тўпловчи назоратчи бўлиб ишга кирди. Назоратчи амали ўзини ўнглаб олиш учун энг қулай вазифа эди. Аммо Мигел ўта ҳалол ва ўз ишига масъулиятли, адолатли, виждонли йигит эди. У арзимас маошга рози бўлиб вазифасини чин дилдан адо этарди. Қўшин учун қонунда кўрсатилган ўлпонни тўламагани туфайли черковни ҳам жавобгар қилгани сабабли уч марта қамоққа тушди. Бу пайтда черковнинг таъсири жуда катта эди. Қамоқда Сервантес биринчи марта ижод соҳасида ўзини синаб кўришга қарор қилди ва машҳур «Дон Кихот»нинг биринчи томи деярли қамоқда ёзилди. Қамоқдан чиқиб ишсиз қолгач адиб ўзини ижодга бағишлади. Умуман, Сервантеснинг бу ҳаракатини «ижод» деб бўлмасди, у ёзиш орқали яшаш учун курашарди. Ёзганларидан тушган арзимас маблағ ўз қарамоғидаги катта оилани тебратишга ҳам етмасди. Сингиллари ва хотини бой одамларнинг ишини қилиб унга мадад бериб туришарди. Сервантеснинг оилавий аҳволи тасвирлари унинг асари қаҳрамони ламанчлик идальго Киханна ёки адабиётдаги Дон Кихотнинг оилавий ҳаёти тасвирларига тўлиқ сингиб кетган. Дон Кихот оилавий аҳволи ҳақидаги тасвирлар тўлиғича Сервантес ҳаётининг тасвирлари эди. Қашшоқ Сервантес хаёлида бойиш ва дунёни забт этиш умидида асар ёзишга киришди.

«Ламанчлик Дон Кихот»ни тўлиқ ёзиб бўлгунча Сервантес деярли муваффаққиятсиз чиққан роман, новеллалар ва театрда қўйилган 20 – 30 та пьеса ёзди. Аммо биронта асари ҳам ўзи истагандек унинг тирикчилигини ўнглай олмади. Ёзувчи барибир ёзишдан тўхтамади. Зеро, майиб одамнинг қўлидан бошқа иш келмасди. Бу мажруҳ одамни бошқа биров ишга ҳам ёллай олмасди. Мигел ўзини ва сингилларини йўқчиликдан қутқариш учун бутун кучини сарфлаб ижодга шўнғиди. 1605 йили «Ламанчлик Дон Кихотнинг ғаройиб саргузаштлари» романининг биринчи қисми босилиб чиқди.

Биринчи қисмнинг ўзиёқ Сервантес номини Европада машҳур қилиб юборди. Асар бошиданоқ ўқувчи хаёлий ва реал воқелик қоришиғига, улар ўртасидаги кўз илғамас курашга дуч келади. Воқелик ва хаёл ҳар бир саҳифада, саҳнада ўзи учун, ўрни учун жой талашади. Бу икки ҳолат роман охиригача гўё тарозининг икки палласидек ўқувчи нигоҳида липиллаб туради ва токи сўнгги саҳналаргача мазкур мувозанат сақланади. Фақат асар сўнгида Дон Кихот ўзининг саргузаштлари сароб эканини тан олгандан кейингина тарози палласи воқелик, реаллик ғалабаси томон оғади. Айнан ана шу мувозанатнинг сақланиши ва охирида реалликнинг ғалаба қилишини тадқиқотчилар янги поэзиянинг бош­ланиши дея эътироф этадилар.

Романнинг иккинчи қисми 1615 йили чиқди.

«Дон Кихот» романи Навоий «Хамса»си, «Гулливернинг саёҳатлари», «Гамлет», «Уруш ва тинчлик», «Ака ука Карамазовлар» каби асарлар билан бир қаторда турадиган, фақат бир қаторда эмас, балки ўзидан кейинги барча романларга, образларга улкан таъсирини кўрсатган, вақт ва замонлар ўтган сайин қиммати ва аҳамияти янада ошиб, инсон ва тириклик ҳақидаги ҳикматлари янада теранлашиб бораверадиган асарлар сирасига киради. «Дон Кихот»дан дунё адабиётида саргузаштлар, мистик қаҳрамонлик, дидактик руҳда ёзилган асарлар даври тугаб, гуманистик ғояларнинг адабиётдаги абадий тантанасини белгилаб бера олган асарлар даври бошланди. Сервантеснинг Дон Кихоти, гарчи хаёлпараст бўлса-да, реал воқеликдаги реал қаҳрамон. Унда эпик талқинлардаги муболаға, қўшиб-чатишлар, ошириб тасвирлашлар, бўрттиришлар йўқ. Ҳатто оти Росинанта ҳам ориқ, қилтириқ, рамақижон. У кўнгил қўйган хаёлий Дулсинеяси ҳам, аслида, оддий деҳқон аёли. У дев деб курашган нарса, асли, тегирмон парраги. Сервантес ҳаётий қаҳрамонини рицарлик романларининг тўқима воқеалари билан тўқнаштиради ва шу тўқнаштириш орқали ўша романларга хос ҳаётдан узилган, ҳеч кимга кераги йўқ, самовий ва афсонавий тамойилларни инкор қилади. Фақат Дон Кихотгина бу тўқимага ишонади, аммо атрофидаги ҳаёт аллақачон у интилган маслак тўқима ва ёлғонлигини билиб бўлган. Айнан шунинг учун Дон Кихот ёнида Санчо юради ва ўз хўжасининг ҳар бир ишига халқ номидан ҳамда тасаввуридан баҳо беради. Дон Кихотнинг хаёлий дунёси билан реал воқелик тўқнашуви охир-оқибат реал воқелик ғалабаси билан якунланади. Рицарликнинг ва ўрта аср ҳукмрон мафкурасининг тўқима, ёлғон дунёси инкор қилинади. Бу эса ўз даврининг энг улкан хулосаси эди. Ана шу жиҳатларга асосланиб Белинский: «Европа романи «Дон Кихот»дан бошланди», – дейди. Фақат янги давр романи эмас, адабиётнинг гуманизм тараф юз буриши, инсонпарварликни адабиётнинг бош ғояси сифатида талқин қилиш даври бошланди. «Дон Кихот» «заиф ва ожизларни, эзилган ва хўрланганларни, топталган ва ҳуқуқсизларни» қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш, улар учун курашга ва жангга кириш, уларни ёвузлардан, эзувчилардан, хўрловчилардан, соҳиблар ва тўралар, бошқарувчилар қиёфасидаги «улкан махлуқлар»дан, «жоду ва афсунлар» қиёфасидаги фақат эзувчилар манфаати учун яратилган тартиблар ва муносабатлардан инсонни ҳамда унинг кўнглини ҳимоя қилиш анъанасини бошлаб берди. Дон Кихотнинг телбавор қаҳрамонликлари тагида битта истак – дунёни ёвузлардан, кучсизларни кучлилардан, эзилувчиларни эзувчилардан ҳимоя қилиш истаги ётади. Бош­қача айтганда, Сервантес бу асарида диний-қаҳрамонлик билан тўлиб-тошган, маслак-мақсади фақат қаҳрамонлик кўрсатиш бўлган рицарлик романларига истеҳзо тарзида инсонпарварликни Дон Кихот орқали ҳимоя қилишга киришади. Тўғри, Сервантесгача ҳам гуманистик ғоялар адабиётда мавжуд эди. Аммо уларнинг аксарияти дидактик ва романтик характерда бўлиб, реал воқелик реал одамларни, реал адолатни ҳимоя қилиш, курашда адолат тарафида туриш, эзгулик ва ҳақиқат учун очиқ-ошкора курашиш анъанаси йўқ эди. Аниқ одам, аниқ табақани, аниқ воқеликни ҳимоя қилиш билан асар дунё романчилигига гуманизм ғояларини олиб кирди. Таниқли файласуф Хосе Ортега-­и-Гассет «Дон Кихот» романи адабиётнинг барча жанрларини ўзида мужассам этганини тадқиқ қилади. Унинг фикрича, асар поэзия, проза, драма, комедия, трагедия, эпос, фантастика, ҳатто детектив каби жанрларни мужассам этган. Шунингдек, реализм, мистика, дидактика сингари йўналишларнинг барча талабларига тўлиқ жавоб бера олади. Асар ўзидан икки юз йил кейин яратилган ХIХ аср романларига қўйиладиган гуманистик талабларга ҳам дош беради. Асарни турлича шарҳловчилар, ҳар хил талқин қилувчилар адабиёт тарихида жуда кўп. Бу асардан христиан, яъни Исо алайҳиссалом билан боғлиқ афсоналар илдизини изловчилар ҳам бор. Уларнинг фикрича, Дон Кихот ўз қиёфасида Исо пайғамбарни, курашида унинг таълимотини тимсоллаштирган. Унинг заифлар манфаати учун курашга отланиши айнан шу таълимотнинг кўринишидир. Бош­қа бир талқинга кўра, асар Эразм Роттердамский ғояларини адабиётга олиб кирган ва Дон Кихот образи орқали бу таълимотни ҳаракатга келтирган. Бунақа шарҳлар бутун дунёда ҳанузгача давом этяпти ва асардан ҳар бир авлод ўзига керакли ғояларни топмоқда. Бундай талқинларнинг ўз асослари бор. Аммо романнинг энг катта ва бирламчи асоси унинг адабиётни том маънода инсонпарварлик томон буриб берганидадир. Аслида, романнинг бош ғояси ҳам, ҳар қандай талқинларга қарамасдан, гуманизм. Асар ўрта аср романларига хос бўлмаган тарзда қаҳрамонни ҳаётдан, одамлар ичидан олди. Бу қаҳрамонлар рицар романлари каби афсонавий, фавқулодда қаҳрамонлар эмас, балки одамлар кўриб, билиб, ёнма-ён яшаётган кишилар эди. Айниқса, Дон Кихотнинг қашшоқ ва камбағаллиги адабиётга муносабатни осмондан ерга туширди. Ўқувчилар биринчи марта романда ўзлари каби ўйлайдиган, ўзлари каби ҳаракат қиладиган, ўзлари каби гапирадиган ва қийналадиган қаҳрамонларни кўришди. Рицарлик романларидаги етиб ва эришиб бўлмас қаҳрамонлар бу асардан бошлаб тўла маънода халқчил тус олди. Мазкур ҳолат бадииятда ҳаётчан образлар даври бошланганини билдирарди. Дон Кихотнинг қуролбардори Санчо билан мулоқоти, уларнинг ўзаро муносабатлари, Санчонинг асардаги ўрни – барчаси бу фикрни тўлиқ асослайди. Гарчи баъзи бир адабиётшунослар Санчо образида гўл, оми, мешчан, саводсиз ва фантазиясиз тўпори одамни кўришса-да, бироқ, бизнингча, Сервантес, рицарлик романларидаги қуролбардорлардан фақрли ўлароқ, Санчо образи орқали дунё адабиётига оддий инсон образини, оддий халқ вакилини олиб кирди ва шу образ орқали том маънодаги инсонпарварлик ғоясини адабиётга етаклаб келди. Санчо, аслида, Дон Кихотнинг амалий, хаёлдан холи бўлган бошқа қиёфаси. Дон Кихот ва Санчо – бир одамнинг икки хил «мен»и. Буни асарни синчиклаб ўқиб англаб олиш мумкин. Уларнинг ўртасидаги диалоглар, суҳбатлар, муносабатлар – ҳаммаси ана шу фикрни тасдиқлайди. Дон Кихот хаёлий, абстракт, ҳаётдан узилган, идеал орзулар билан яшайдиган «мен» бўлса, Санчо ҳаётий амаллар билан яшайдиган, ердан оёғи узилмаган «мен». Айнан шу сабабли асар бошида икки хил кўринган ва икки хил нуқтаи назарга эга, турлича қарашлари учун бир-бирини масхара қиладиган Дон Кихот ва Санчо асар сўнгида деярли бир хил фикрлайдиган одамларга айланади. Санчо Дон Кихот тарғиб этган ғоялар даражасига кўтарилади, Дон Кихот эса Санчонинг ҳаётий тажрибаларига суянадиган бўлади. Асарнинг сўнгги саҳналарида Санчо ҳатто Дон Кихотнинг ўзидан ҳам кўра хаёлпараст рицар тарғиб қилган ғояларга содиқ қолади. Дон Кихот ўлими олдидан ўз ғояларидан воз кечади, Санчо эса воз кечмайди. У асар сўнгида Дон Кихот курашган ғояларни давом эттирувчи сифатида янада қатъиятли образга айланади. Бошқача айтганда, Сервантес Дон Кихот қиёфасидаги рицарлик романларидан қолган хаёлий орзупарастликдан воз кечиб, Санчо қиёфасидаги амалий гуманизмни бошлаб беради. Айнан шу асардан бошлаб адабиёт дунёни ва ҳаётни башанглар, олифталар, киборлар, рицарлар, хаёлий қаҳрамонлар нигоҳи билан эмас, халқнинг типик вакили бўлган Санчо нуқтаи назари билан таҳлил қилишни ва воқеликка унинг ўлчами билан баҳо беришни, унинг кўзи билан қарашни ўрганди. Адабиётга халқ вакили асосий образ бўлиб кириб келди. Сервантесгача бўлган романларда эпик кўлам катта, қаҳрамонлар реал воқеликка деярли аралашмаган. «Дон Кихот» эса ўз даврининг, Филипп III қироллигининг бутун манзарасини очиб ташлайди. Айниқса, Санчонинг Баратария оролига ҳокимлиги орқали қироллик тизимининг чириган, путурдан кетган, ёлғон ва сохта ахлоққа, ёлғон ва сохта ғояларга қурилган, қуруқ ҳашамдан бошқасига ярамайдиган давлат машинасининг яроқсизлиги аччиқ ва истеҳзоли кулгу остига олинади. Айнан юқори табақа ҳаёти, давлат тузуми адиб томонидан халқ ичидан чиққан Санчо нигоҳи орқали таҳлил қилинади, кузатилади. Адиб ўрта аср ўқувчиси дидини эртакмонанд афсонавий-тўқима хаёл дунёсидан оддий реал дунёга, реал ҳаётга тортиб туширади. Айни пайтда, Дон Кихот образи ва унинг маслагу мақсади орқали инсоннинг идеал дунёси билан реал воқеликни тўқнаштиради. Дон Кихотнинг идеали шафқатсиз ва қотиб қолган, уни тушунмаган дунё билан қарама-қарши келади. Бу тўқнашув ўзи истагандай ва маслак қилиб танлагандай яшай олмайдиган, муҳит билан юзма-юз турган инсон фожиасини ўзида мужассамлаштиради. Айнан муҳит билан юзма-юз конфликтда турган инсон образи кейинчалик Ғарб романларининг асосий мавзусига айланди. Романдаги реал ҳаёт манзаралари ўз даврининг нафақат бадиий тасвирлари, балки воқеликни бор қиёфаси билан ҳаққоний акс эттирган ҳужжатлар даражасига кўтарилади. Сервантес асирлик пайти Жазоир подшоси қўлида тутқунликда ётган 15 минг насроний номидан қиролга бир неча марта хат ёзади. Аммо қиролнинг на тутқунлар, на хат билан иши бўлади. Асирликдан қайтгандан сўнг Сервантес қиролликнинг ўз халқини эзиб ётган яроқсиз салтанат эканини ва бу тузум ич-ичидан чириб битганини ҳис этади. Айни шу хулосалар романда гоҳ комедик, гоҳ хаёлий, гоҳ реал саҳналар орқали ўз аксини топади. Тузумни ва реал ҳаётни, муҳитни бу хил тасвирлаш ва фош қилиш тамойили илгари бошқа романларда учрамаганди. Асарнинг гуманистик ғояси, унинг инқилобий характери ана шу ҳолатларда яққол кўринади.

Айнан ўша хусусиятлари билан «Дон Кихот», Ортега-и-Гассет айтмоқчи, «янги ва эски адабиётлар кесишадиган йўл, икки дунё санъати тўқнашадиган чорраҳадир». Бу чорраҳада адабиётнинг романтик даври поёнига етади ва реалистик давр бош кўтара бошлайди. Бу чорраҳада туриб Ғарб адабиёти қандайдир тўқима, хаёлий қаҳрамонларни эмас, реал муҳитдаги реал одамни, реал воқеликни таҳлил қилишга ўтади.

Кейинчалик инглиз, немис, рус, француз романлари бевосита ана шу роман таъсирида пайдо бўлди ва тараққий этди. Дунё адабиётидаги ўнлаб титан образлар: Пиквик, Жюлен Сорел, Фабрицио, Эмма Бовари, Мишкин, Алёша, Пьер Безухов, Моби Дик, Гелкберри Финлар бевосита Дон Кихот образидан ўсиб чиққани, унинг таъсирида пайдо бўлганини тадқиқотчилар, айни шу образларни яратган адибларнинг ўзлари ­эътироф этишган.

«Дон Кихот» романи Европада жуда тез машҳур бўлиб кетди. Бу асарнинг дунёга келиши шу даражада қудратли бўлдики, у пародия қилган рицарлик романлари асар чоп этилгандан сўнг Испанияда, кейин нашр этилган мамлакатларда ўз ўқувчиларини бутунлай йўқотди ва бошқа нашр этилмади. Бу романнинг дастлабки ғалабаси эди. Аммо асар адибнинг йўқчилик зулмати чўккан ҳаётини ёрита олмади. Роман кўплаб нусхада босилаётган бўлса-да, товламачи ноширлар ўзларининг чўнтакларини қаппайтириш билан шуғулланишди, асарни мақтаб, кўз-кўз қилишиб, қайта-қайта нашр этишди, аммо муаллиф ҳам, унинг ҳақи ҳам бутунлай унутилди.

Ўша йилларда цензор-амалдор бўлган шахснинг хотираларида бир воқеа қайд этилган. Асардан жуда мутаассир бўлган ва илҳомланган Франция элчиси цензордан: «Сервантес деганлари ким ўзи?» – деб сўрайди. Цензор унга: «Бир қашшоқ одам», – деб жавоб беради. Элчи бу хабардан бағоят ажабланади, «Нима, Испания­нинг Сервантесдай буюк одамларни бойитишга қурби етмайдими!?» – деб сўрайди. Бутун мамлакатнинг, қиролликнинг фахрига айлангач ҳам Испания Сервантесни қашшоқликдан тортиб чиқаролмади. Аммо унинг ёзган романи дунёнинг энг улуғ романларидан бирига айланди ва миллий ҳамда дунё адабиётига беназир бойлик бўлиб қўшилди.

1616 йили Сервантес камбағаллигича, йўқчиликдан қийналиб оламдан ўтди. Тургеневнинг «Дон Кихот ва Гамлет» рисоласида келтирилишича, Сервантес Шекс­пир билан бир кунда, 23 апрелда, вафот этган. Икки буюк адиб бир кунда ёруғ дунёни ташлаб кетган.

Янги аср бошида Нобел мукофоти ташкилий қўмитаси адабиёт тарихидаги энг машҳур асарни аниқлаш учун адиблар, олимлар, зиёлилар ўртасида дунё миқёсида сўровнома ўтказди. Сўровнома натижаларига кўра, Кафка, Камю, Жойс, Достоевский, Толстой, Бальзак, Пруст, Гессе асарлари эмас, бир овоздан «Дон Кихот» асари адабиёт тарихидаги энг улуғ асар деб топилди.

Назар Эшонқул