Саидбек. Маёқ кўтарган адиб (Ромен Роллан)

“Агар “Жан-Кристоф” асари бўлмаганида, Ролланни адиб ва ёзувчи сифатида эмас, балки инсоннинг қадр-қиммати ва эркинлиги учун толмас, қатъиятли курашчи, адолатли ҳамда инсонпарвар жамият қуриш тарафдори бўлган инсон сифатида эслаган бўлур эдилар…”, деб ёзади адабиётшунослардан бири дунё адабиётида эътирофга сазовор сиймолардан саналган Ромен Роллан ҳақида.

XIX асрнинг иккинчи – XX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган француз тараққийпарвар ёзувчиси, романнавис ва публицист Ромен Роллан 1866 йилнинг 29 январь куни Франция жанубидаги Класми деб аталадиган мўъжазгина шаҳарчада, бадавлат хонадонда таваллуд топган. Отаси Эмиль анчайин кўзга кўринган адвокат, онаси Антуанетта Мари Куро художўй, маърифатли аёл эди. Ёш Роменнинг санъатга меҳр қўйишида онасининг таъсири катта бўлган. Ота-она ўз фарзандларининг яхши таълим олиши учун барча шарт-шароитни яратиб беради. Париждаги Буюк Людовик лицейини тамомлагач, Роллан “олий нормал мактаб” деб юритилувчи билим юртига ўқишга киради. Уч йилдан сўнг, яъни 1889 йили тарих ўқитувчиси дипломини қўлга олиб, тарих соҳасини чуқур ўрганиш учун университет ҳисобидан икки йил муддат билан Римга боради. Лекин вақт ўтиб, унда илмий изланишларга қизиқиш сусаяди ва тарихий драмалар туркумини яратишга киришади.

Бўлажак адибнинг талабалик чоғларида санъат оламида юзакилик ва ғоясизлик авж олмоқда эди. Шундай оғир шароитда ёш Роллан улуғ рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстойга мактуб йўллаб, ундан йўл-йўриқлар сўрайди. Л.Н.Толстой 1887 йилнинг 3 октябрида Ролланга ёзган жавоб хатида “Ҳаётга бўлган чин муҳаббатгина санъаткорга ҳақиқий бадиий асарлар яратиш учун илҳом бағишлайди”, деб кўрсатади. Шу тарзда Толстой ёш Роллан учун дўст ҳамда устозга айланади.

Роллан 1891 йилда Парижга қайтиб, пьесалар ёзиш ва тадқиқот ишлари билан банд бўлади. 1892 йили эса Клотильда Бреалга уйланиб, ўз даврининг машҳур композиторлари Жан Батист Лили ҳамда Александро Скарлаттининг опера санъати бўйича диссертациясини ёзишга киришади. Илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилгандан сўнг шахсан учун ташкил этилган мусиқашунослик кафедрасига раҳбарлик қила бошлайди. Шундан кейин қарийб ўт етти йил давомида Роллан Сорбона Университетида, Ижтимоий тадқиқотлар мактаби ва бошқа муассасаларда адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъат соҳасига оид маърузалар ўқийди.

Ролланни кўпроқ маданиятлар тарихи, айниқса, ўзининг таъбири билан айтганда, тарихнинг “қаҳрамонона” даврлари қизиқтирар, шунданми, у алоҳида мавзуларда эмас, туркум асарлар яратишга киришар ва кўпинча уларни охирига етказмай тўхтатиб қўяр, бошлаган ишлари қўлёзма ҳолида қолиб кетверарди.

Муаллиф ўз драмалари (“Эътиқод фожиаси”, “Инқилоб драмалари” туркумлари) билан ватандошларига ўша пайтдаги Франция жамиятида сустлашган эътиқод, ишонч ва умид-туйғуларини уйғотишга ҳаракат қилган.

Роллан, шунингдек, ҳаёти ва ижоди китобхон учун ўрнак бўлиши мумкин бўлган машҳур кишиларнинг бадиий таржимаи ҳоллари туркумини яратишга қарор қилади. Ролланнинг биографи Уильям Томаснинг айтишича, “мушкул аҳволга тушганида илҳом манбаи бўлиб хизмат қилгани учун миннатдорчилик белгиси сифатида” адиб “Бетховеннинг ҳаёти” таржимаи ҳол асарини ёзганди.

1901 йилда Р.Роллан хотини билан ажрашади ва бироз муддат тушкунликка тушади. 1905 йили Микеланжелонинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги асарини тугатиб, бу йўналишда ишни давом эттитрмасликка аҳд қилади, негаки, у буюк кишиларнинг тақдири китобхонга завқ бериши даргумон, деган тўхтамга келган эди. Аммо кейинчалик Роллан Гендель, Рамакришна, Вивекананда, Толстой, Гандиларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида асарлар, “Жан-Кристоф” романини ёзади. Расман эса “адабий асарларидаги юксак ғоялар, турли инсонлар қиёфасини акс эттиришдаги ҳаққонийликка бўлган садоқати ва муҳаббати учун” адабиёт йўналишидаги Нобель мукофоти билан тақдирланади. Уруш туфайли мукофотни топшириш қолиб кетади, ўз-ўзидан маълумки, ёзувчи Нобель маърузаси билан ҳам чиқиш қилмаган.

1904-1912 йилларда ёзиб тугатилган “Жан-Кристоф” роман-эпопеясида даҳо мусиқачи Бетховеннинг тақдири қаламга олинган. “Жан-Кристоф” қудратли шахс “симфония”си, даҳо қалбининг бадиий таҳлили сифатида яратилган. Қаҳрамоннинг туғилишидан то вафотигача босиб ўтган йўли инсонга ишонч руҳи ила суғорилиб, ҳаёт ва кураш қасидаси янглиғ жаранглайди. “Ижод этган киши яшайди… Ижод этмоқ – ўлимни енгмоқ” деганидир. Қолаверса, асарда ХХ аср бошларидаги Европанинг кенг манзараси акс эттирилган. Австриялик новеллалар устаси Стефан Цвейгнинг таъкидлашича, “Жан-Кристоф” Ролланнинг таржимаи ҳол жанридан кўнгли совиганлиги оқибатида юзага келган. “Чунки, – дейди Цвейг, – тарих унга тасалли бера олмаслигини тушуниб етди, энди у санъат томон юз бурди…”

Айрим танқидчилар Роллан асарларидаги жузъий камчиликларни кўриб, ютуқларини тўғри баҳолай олмаганлар. Масалан, “Жан-Кристоф” мавҳум ва шаклсиз, деган гап-сўзлар ҳам бўлган. Инглиз ёзувчиси ва танқидчиси Э.М.Форстер Роллан ҳақида “ёшлигида уйғота олган умидларни оқламади”, деб ёзади. Ҳар не бўлганда ҳам, у-да бир инсон эди.

Адиб 1944 йилнинг 30 декабрида ёшлигида орттирган сил касаллигидан вафот этади.

Ромен Ролланни хотирлаб дўсти Мари Дориа шундай ёзган эди: “Мен Ромен Роллан билан фахрланаман. Қолаверса, “Жан-Кристоф”дан ҳайратланаман. Аммо Ролланнинг ижодкорлигидан кўра инсонийлиги менга кўпроқ ёқади… У йўл кўрсатувчи маёқ эди, иккиланган ёки ёлғизликда йўл тополмаганларга, йўл кўрсатарди…”

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон