Назар Эшонқул. Марсел Пруст

Француз ёзувчиси. 1871 йили ту­ғилган. Етти китобдан иборат «Завол топган вақт изидан» номли эпопеяси ХХ асрнинг «энг йирик янги талқиндаги нафосатли романи» номини олди ва ёзувчи бу асари билан дунё адабиётида «психологик роман» жанрини бошлаб берди.

ХХ аср адабиётида Марсел Пруст номи «Ғарб адабиё­тининг учта чўққиси» деб аталган мақом учун Кафка, Жойсдан кейин Камю, Беккет билан бирга учинчи ўринни талашиб келади. Бироқ ёши ва адабиётдаги новаторлиги, инсон идрокини энг чуқур ва илғаб бўлмас ҳолатларигача кузатолгани, акс эттиргани билан Беккет ва Камюга нисбатан анча кўламли, залворли адиб сифатида тан олинади. Ўз тенгдошларига қараганда Марсел Пруст ҳаёти бирмунча сокин ва завқли кечди. Тақдир, ўзига даврдош ёзувчилардан фарқли ўлароқ, Марсел Прустни ўқимишли, зиёли ва кенгфеъл ота, нозик, адабий диди бор меҳрибон она билан сийлаганди. Отаси Европада номи чиққан машҳур эпидемиолог врач, онаси санъат ва адабиётдан бохабар болажон, фаҳм-фаросатли, санъатни тушунадиган ва талқин қила оладиган даражада билимли аёл эди. Улар фарзандларини бекаму кўст тарбиялаш учун ҳамма нарсага тайёр эдилар. Аммо тақдир ёш Пурстни бошқа томондан сиққанди. Худди доктор отасининг сабри ва билимини синаётгандай у 9 ёшидан астмага йўлиқди, бир умр бу дарднинг азоб-уқубатини тортиб ўтди. Ярим дунёни вабо ва ўлатдан қутқариш йўлини топган машҳур врач ўғлини бу дарддан халос қилолмади. Зеро, у пайтлари мазкур касалликнинг давоси ҳақида кам маълумотлар мавжуд эди. Ёш Марсел онасининг таъсирида табиатга, одамларга, санъатга нисбатан нозик дид билан тарбия олди. Ўз даврининг энг машҳур ва нуфузли лицейида ўқиди. Худди Кафка каби университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Аммо Марсел ўқишни охирига етказмади. Ҳарбийликни танлади. Бироқ ҳарбийлик ҳам унга ёқмади, тезда истеъфога чиқди. Унинг бу эркаликлари учун ота-онаси тергаб ўтиришмади. Фарзандларини эркин қўйишди, кўнглига қарашди. Улар Марселнинг ўз йўлини танлаб олишига ишонишарди. Шу сабабли ўғиллари танлаган ҳар қандай йўлни маъқул кўришарди. Марсел ёшлигидан адабиёт шайдоси бўлиб ўсди. 13 ёшида ўша даврда оқсуяклар хонадонида андозага кирган сўровноманинг «Сизнинг севимли машғулотингиз…» деган бандига «Ўқиш, мусиқа эшитиш, ижод қилиш, театрга бориш» деб жавоб берганди. Пруст болалигиданоқ адабиёт ва ижодни ҳаётнинг мазмуни деган қарорга келиб бўлганди. Университетни ҳам, ҳарбийликни ҳам, аслида, адабий фаолият билан кенгроқ шуғулланиш мақсадида ташлаганди. Адабий давраларга қўшилиш учун у газетада, кутубхонада ишлади, ўша даврнинг машҳур адабий салонларига бориб турди, санъат ва адабиёт гурунглари, базмларида иштирок этди. Дўстлари билан «Давра» («Пир») номли адабий журнал чиқарди, 1894 йили шеърлари эълон қилина бошлади. 1895 йили эса кейинчалик кўплаб сюжети «Завол топган вақт изидан» эпопеясига сингишиб кетган «Жан Сантей» романи устида иш бошлади. Аммо роман тугалланмай қолди. 1896 йили Анотол Франс сўзбошиси билан «Сафоли кунлар» номли ҳикоялар тўпламини эълон қилди. Аср бошида изма-из вафот этган ота-онасининг ўлими унга қаттиқ таъсир қилди ва шу пайтдан бошлаб адабий узлатни ўзининг бир умрлик бошпанасига айлантирди. 1906 йилдан у Парижнинг Осман бульваридаги уйига кўчиб ўтиб, бутун ҳаётини ижодга бағишлади. 1907 йилдан «Завол топ­ган вақт изидан» номли эпопеяси устида иш бошлади. Дастлаб тўртта китобга мўлжалланган роман каттариб кетди ва адиб вафот этганда еттита китоблик эпопеяга айланганди. Асарнинг дастлабки китоби – «Сванга интилиб» 1912 йили ёзиб тугатилди. Аммо биронта нашриёт ҳам бу романни нашр қилишга ботинолмади. Барча нашриётлар асарнинг адабиётга алоқаси йўқ кечинмалар тас­вири сифатида қабул қилишди. Зеро, Пруст мавжуд романчилик анъаналарини Жойс ва Кафкадан анча олдин буза бошлаган, янги роман – психологик роман жанрини адабиётга олиб кирганди. Бу роман ва барча еттита китоб ҳам аниқ сюжети йўқ, онгости услубида кенг ва батафсил тасвирланган ҳиссиёт, кечинмалар, хотиралардан иборат саҳифалар йиғиндиси эди. Романда ёзувчи идрокнинг энг чуқур ва мантиқ етиб бормайдиган қатламларини очиб олиб, у ердаги шуур ўзгаришини – туйғу, завқ, майл, кечинмаларга айланиш жараёнини бирма-бир тасвирлаб бераётган суратчидай таассурот қолдирарди. Идрокнинг бу қатламида ўтмиш билан бугун қоришиб кетган ҳиссиётлар, хотиралар, амалий ва кундалик ҳаётда биз эътибор бермай қўйган, аммо кўнглимизнинг асл қиёфаси, истаги ва ҳолатини акс эттирадиган таассуротлар яшайди. Ана шу таассуротлар Пруст эпопеясига асос бўлди. 1913 йили ёзувчи ўз ҳисобидан биринчи китобини чоп эттирди. Бироқ адабий олам бу асарга эътибор ҳам бермади. Деярли сотилмади ҳам. Марсел Пруст эса уйига қамалиб олиб худди ўз даврининг адабий диди билан ўчакишгандек асарнинг қолган китобларини худди шу услубда ёзишда давом этди. Қисмат ўйинини қарангки, орадан 85 йил ўтгач айнан ўша ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган ва сотилмай қолган биринчи китобнинг қўлёзмаси кимошди савдосида 1 миллион долларга сотилди.

Пруст ўзининг кучига ва асарининг адабий қийматига ишонарди. Соғлиги ёмонлашса ҳам, бетиним ёзишда давом этди. У ёзиш учун ва дунё адабиётида янги адабий услубни асослаш учун ҳар бир кунини, лаҳзасини адабиётга бағишлади. Деразаларини қалин парда билан ёпиб олди, ташқарининг шовқинларидан, чалғитувчи саслардан ўзини иҳота қилди, уйининг деворларига ҳам мато қоплатди. У айни пайтдаги даврнинг алдамчи шиддати, ўткинчи ҳаёт маромини, жилваларини унутиб, ўз хотирасига, ўзининг ички дунёсига шўнғиди. Ўзининг ички дунёсида, худди бир пайтлар мавлоно Румий топганидек, бани коинотга тенг макон ва мавзу, ҳиссиёт, энг муҳими, ўзини топди. У жамият алдамларидан, ғалваларидан холи бўлган мана шу ички дунё манзараларини асарига сингдирди, инсон ҳаётига маъно излади, иккига бўлиниб бир-бирини қирғинбарот қилаётган инсоннинг моҳиятини англашга уринди. Ана шу ички дунёдан олдинма-кетин еттита китобдан иборат ХХ асрнинг «улуғ романи» деган асарни тортиб чиқарди. У ҳар куни кечаси билан эрталаб соат еттигача ёзар, сўнг жисму жонини ларзага солаётган астмага қарши малҳам ичиб ухлашга ётар, кечқурун яна ёзишга тушарди. Қарийб ўн беш йил шу тахлит, шу шароитда, шу маромда ижод қилди. У ижод билан ўлим ва касаллик устидан ғалаба қилмоқчидай эди. Ғалаба қилди ҳам. «Завол топган вақт изидан» романининг охирги китоби – «Вақт маҳкумлиги»да асар қаҳрамони ҳаётнинг маъноси ижоддир, ижодсиз, ижодкорликсиз инсонда ва унинг ҳаётида, интилиш ва мақсадларида ҳеч қандай моҳият ва маъно қолмайди, ижодгина инсон ва ҳаётга маъно бағишлайди, инсон фақат ижод ва ижодий завқ билангина вақт заволидан, умр заволидан халос бўла олади деган хулосага келади. Бу, аслида, ёзувчининг дунёга ва инсониятга қолдирган ҳаёт ҳамда мавжудлик моҳияти ҳақидаги хулосалари эди. Марсел Пруст 1922 йили бир умр уни қақшатиб келган оғир астманинг асорати бўлган ўпка шамоллашидан вафот этди.

«Завол топган вақт изидан» эпопеясининг турли китоблари худди ёзувчи ҳаётдек ўлимидан сўнг ҳам яна беш йилгача нашр этилиб турди. Романнинг охирги қисми 1927 йилдагина босилиб чиқди. Унинг бош қисмини ўқиганларнинг аксарияти энди дунёда йўқ эди. Узилишлар билан босилиб чиққан мазкур роман ўзининг мураккаблиги туфайли кўп вақтгача кенг омма орасида етарли баҳо ололмади.

Бироқ санъатнинг қадрига етадиганлар романни юксак баҳоладилар. Асар ҳатто шўронинг социалистик реализм асосчиси бўлган адибларини ҳам лол қолдирганди. Горький Прустни «сўз сеҳргари» деб атади. Луначарский «у адабиётга ипак пойандоз тўшади» деб таъриф берди. Пруст «Завол топган вақт изидан» романида ҳар қандай фикр инсон кечинмалари маҳсули, инсон тафаккури ана шу кечинмалар мужассами, ҳосиласи, тафаккурни билиш учун унинг ички кечинмаларини билиш зарур деган қарашни ўртага ташлайди. Тўғрироғи, Пруст Ғарб адабиётига хос бўлмаган тарзда инсон қалбини биринчи ўринга қўяди ва инсон қалбидаги ўзгаришлар унинг тафаккурини белгилайди, қалбдаги гўзаллик ҳақиқий гўзалликдир деган шарқона хулосани асарига сингдиради. Қалб – инсон фаолиятининг ягона кўзгуси. Шу сабабли Пруст ушбу асарида инсонни ўрганишда, таҳлил этишда ташқи фаолиятни, ташқи жимжималарни мутлақо рад этади. Ташқари ҳеч қачон инсон маънавий дунёсини тўлиқ белгилай олмайди дейди. Ушбу етти китобнинг ҳар бири ҳар хил ном билан аталса-да, «Завол топган вақт изидан» романининг бўлинмас етти қисми ҳисобланади. Чунки бош қаҳрамонлар бир хил, усул бир хил, бадиий тил бир хил. Романнинг бош қаҳрамони – Марсел. Асарда воқелик фақат хотиралар, ҳис-туйғу, кечинмалар орқали бизга намоён бўлади. Пруст Марсел образига ўзининг исмини эмас, бутун бошли биографик лавҳаларни, туйғу ва кечинмаларини киритиб юборган. Тўғрироғи, роман Марсел Прустнинг шахсий кечинмалари стенограммалари, фотосуратларига ўхшайди. Шу сабабли мазкур тасвирларда муаллиф кечинмалари яққол сезилиб туради. Анна Ахматова ёзувчи ўз таржимаи ҳолини бу қадар усталик билан асарга сингдириб юборишига қойил қолиб: «Буни фақат Пруст эплаган!» – деганди.

Роман қаҳрамони ҳам Марсел Пруст каби дунёни нозик ҳис қилади, шоирона дид ва ҳиссиётга эга. Унинг қалби романтикага мойил. Асар унинг кечинмалари, хотиралари оқими билан ривожланиб боради. 30 варақлаб бир жумла, битта тасвир давом этаверади. Лекин бу 30 варақлик жумла узуқ-юлуқ, ноаниқ ва маъносиз эмас; балки қаҳрамоннинг узлуксиз акс садо бераётган кўнгил майллари ва унда содир бўлаётган воқеалар, тафсилотлар, кечинмалар суратидир. Пруст сизни кўз олдингизда турган ташқи дунёдан узиб олиб, кўнгил деган беадад маъвога бошлаб киради ва етти китобдан «Свана бўйлаб», «Германтлар хонадонида», «Содом ва Гоморра», «Қочоқ қиз», «Асира», «Қиз чеҳрасига яширинган гуллар» каби барча қисмларда сизни ана шу гўзал дунёда етаклаб юради. Бу маконда бизни қалб ва эҳтирослар тафти, туйғулар мавжи, ҳаяжон ва ҳис кутиб туради, бу ерда бош қаҳрамонлар тимсолида ўзингизни кўрасиз, асар худди сиз ҳақингизда, ўзингизнинг кўнглингиз ҳақида кетаётгандай туюлади. Шу сабабли Прустни адабиётда «мен»ни ва қалбни таҳлил қилган улуғ адиб сифатида тан олишади. «Мен» бу – инсон ўзлиги. Инсон ўзлиги унинг ичида. Эпопея ана шу ботиний олам ҳақида. Баъзида узун жумлалар одамни толиқтиради, аммо жумладаги оҳорлар кўнгилга завқ беради. Жумланинг узунлиги ҳам билинмай қолади, сизни ёқимли бир завқ қамраб олади. Йирик жумлалар бошқа адибларда ҳам учрайди. Масалан, Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» асарида 5 вараққача етадиган жумлалар бор. Шунингдек, Фолкнер ва Гофманда ҳам шундай жумлалар мавжуд.

Хўш, Прустнинг йирик жумла тузишдаги новаторлиги нимада?

Толстой йирик жумлани ташқи деталлар, натуралистик тасвирлар ҳисобига бойитади, кенгайтади. Бу Пруст услубига қараганда енгилроқ. Чунки ташқи детални ҳар хил тасвирлай олиш мумкин. Золяда ҳам худди шундай. Пруст эса улардан фарқ қилади: у жумлаларни ички кечинмалар ҳисобига бойитади, кенгайтади. Бу оғир, чунки ички кечинмаларни ҳар хил тасвирда акс эттириб бўлмайди; кечинмалар ёзувчини ўзига бўйсундириб қўяди. Шунингдек, кечинмалар электр тезлигида ўзгариб, алмашиб, тараққий топиб, турғунлашиб, такрорланиб, сийқаланиб, яна ҳаракат қилиб туради. Буни йирик жумлаларда акс эттириш учун катта маҳорат керак. Пруст мазкур ишни уддалай олди. Унинг жумлалардаги маҳорати ана шунда. Тўлақонли жумла тил бойлиги, тил қамровининг кенгайиши дегани. Аслида, кечинмалар, яъни инсон ботинидаги ҳолатлар, туйғу ва фикрлар ҳеч қандай нуқта, вергул, сўроқ, хитоб, чегара деган нарсаларни билмайди. У изма-из, изчил бўлмаган ҳолда ўзгариб туради ва ҳеч қандай чегарага сиғмайди. Нуқта ва вергуллар – нафас маромининг маҳсули. Одам бир пайтнинг ўзида уч-тўрт хил нарса ҳақида фикрга толиши мумкин. Прустнинг йирик жумлалари ана шу хилма-хил руҳий ҳолатларни бутунисича қамраб олишга интилади, асардаги тас­вирлар насрдан кўра назмга мойилроқ. Қаҳрамонлар кечинмалари, ҳиссиёти ҳам назмга хос. Умуман, ёзувчиларнинг асосий мақсади ҳам қаҳрамон қалбида юз берадиган диалектик ҳолатларнинг барча қиррасини – барча томонини қандай юз берса, шундай тасвирлашга интилишдан иборат. Бунинг учун улар ички нутқ, ички монологдан кенг фойдаланишади. Тўғри, Пруст усулида ҳам ташқи деталлар баъзида қаҳрамоннинг қайсидир психологик ҳолатини акс эттириш учун ишлатилади, кенг қўлланади. Аммо мазкур деталлар ички монологга ўтиш ва қайтиш учун бир восита бўлиб хизмат қилади. Бироқ бундай эпизодлар оз. Пруст­га асарни деталлар ва сюжет орқали кенгайтириш усули хос эмас. Бу ХХ аср француз адабиётидаги янги анъана таъсиридир. Пруст ҳамиша мазкур анъанадан илҳомланиб, таъсирланиб келди. «Завол топган вақт изидан» романида сюжетнинг ўзи йўқ, тўғрироғи, биз кўникиб қолган одатдаги сюжет мавжуд эмас. Романда Марселнинг қарама-қарши ички кечинмалари, ҳиссиётлари, туйғулар, таассуротлари, хотиралари бор. Шу сабабли асарни ҳикоя қилиб бериш жуда оғир. У ҳақида фикрлаш ҳам оғир. Прустнинг асари кўзингизни юмиб ётганда эшитилаётган майин шивирларга, ёмғирнинг майдалаб ёғаётгандаги шитирлашига ўхшайди ва шундай кайфият уйғотади.

Марсел Пруст романида анъанавий адабиётга ҳурмат ва эҳтиром билан қараган ҳолда унинг жанр хусусиятлари, тили, тасвир имкониятларини бузади; жанр хусусиятларини ёриб чиқади; тилни фақат тасвир услубига эмас, жозибага, ҳиссиётга, психологик кечинмаларнинг кўзгусига айлантиради. Умуман, жанр деган тушунча нисбий. Ёзувчи қайси шаклда фикрини айта олса, ўша жанрдир. Пруст худди шахтёрга ўхшайди. Фарқи шуки, шахтёр ер остини тобора чуқурроқ кавлаб боради; Пруст эса инсон қалбини ўз асбоблари – психоаналитик услуб билан чуқурроқ кавлайди. Пруст инсон қалбини кавлаштиришда битта шахтёр вазифасини ўтамайди. Бир неча шахтёр сифатида иш кўриб инсон тафаккурининг қоронғу бурчакларидаги «ашё»ларни қазиб олади. «Завол топган вақт изидан» романи – агар етти китобдан иборат фақат кечинмалар ва ҳислар, кайфият, майллар ва хотираларга қурилган асарни роман дейиш мумкин бўлса – жаҳон адабиётини яна бир поғона юқори кўтарди; унинг тасвир имкониятларини кенгайтирди. Пруст адабиётни инсон ҳаёти ва фаолия­ти инъикоси деган қарашни адабиёт инсон майлларини, кечинмаларини ўрганувчи фан ва бу фан инсон ҳақида энг тўғри хулоса бера олади деган тушунча билан бойитди. Унинг асарларида руҳшунослик адабиёт билан жозибали тарзда уйғунлашиб кетди. Шу сабабли чет элда Пруст асарларини фақат адабий воқелик эмас, руҳшунослик тадқиқоти сифатида ҳам ўрганишади.

Пруст психологик роман жанрини бошлаб берди, онг оқими услубини адабиётга дадил олиб кирди, уни услуб сифатида шакллантирди: унинг психоаналитик услубини Жойс давом эттирди; сўз фусункорлигини, фикр поэзиясини, сўзнинг жарангига қурилган оҳангни Антуан де Сент-Экзюпери ривожлантирди. «Завол топган вақт изидан» асари жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бири бўлиб қолди.

Назар Эшонқул