Марҳабо Қўчқорова. Мактублар – қалб кўзгуси

http://n.ziyouz.com/images/letter.jpg

Дунёга машҳур немис ёзувчиси И.В.Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асари бежиз бошдан-оёқ мактуб жанри асосига қурилмаган. Худди шунингдек, австриялик адиб Стефан Цвейгнинг “Бир аёл мактуби” қиссаси ва Франц Кафканинг “Отамга хат” эссеси маълум бадиий мақсад, бадиий шакл имкониятларига кўра айнан мактуб асосига қурилган. Гап шундаки, ижодкор эпик тур жанрларида мактуб жанридан фойда-ланар экан, бунда “хат жанри орқали мурожаат қилишда муаллифнинг руҳий кечинмаларини чин қалбдан зўр куч билан изҳор қилиш имконияти туғилади”. Шунинг учун ҳам баъзан ёзувчи эпик асарлар композициясини мактуб асосига қурса, баъзида эса асар таркибида қаҳрамонларнинг бир-бирига ёзишма мактубларини асарга илова қилади. Юқорида айтиб ўтгани-миздек, хат шакли чет эл ва ғарбий Европа адабиётида алоҳида адабий жанр сифатида кенг тарқалган.

Рус адабиётшуноси Лидия Гинзбург “Борис Пастернак хатлари” деб номланган эссесида мактуб жанрининг аҳамияти ҳақида шундай эътироф этади: “Инсониятнинг мулоқот воситаларидан бири бўлган хат (мактуб) турфа маънога эга. Унда ахборотни жамлаш имконияти мавжуд, мулоҳазани баён этиш, эмоция, қизиқишларни ифода қилиши мумкин.

…Ёзувчи хатлари ҳам айнан шу вазифаларни бажаради, улар ўзларининг адабий туҳфаларини эпистоляр шаклда ифодалаган. (Масалан – Де Севинье хонимнинг мактуби) Ёзувчи хатлари ҳар доим ҳам адабиёт бўла олмайди. Бироқ бундай ҳолатда ёзувчилик муаммолари билан ҳам боғлиқ жиҳатлари мавжуд бўлади”. Ва олим ушбу эссесида Борис Пастернакнинг Марина Цветаева билан (Рильке – учинчи иштирокчи) 1926 йиллардаги ёзишма хатларни уч томонлама мактуб-роман, ҳақиқий адабиёт даражасига кўтарилган санъат асари, деб баҳолайди.

Энг қизиғи шундаки, учинчи учбурчак Рилькени иккита иштирокчи, Марина Цветаева билан Борис Пастернак ҳар қанча учрашишни исташмасин ҳаётда таассуфки, бир-бирининг дийдорини кўриш истаги амалга ошмай қолган.

Тўғри, немис шоири Райнер Мария Рильке ХХ аср бошларида, аниқроғи, 1902 йилларда Россияга илк маротаба ташриф буюрганида Борис Пас-тернакнинг отаси Леонид Осипович Пастернак билан учрашади, улар поездда оилавий Петербургга саёҳат қилишади. Ўшанда Борис Пастернак 5-6 яшар бола эди. Машҳур немис шоири билан бўлажак буюк рус шоирининг илк ва сўнгги учрашуви шу тариқа якунланади. Рильке эллик ёшга кирганида, Швейцарияда оғир касаллик туфайли азоб чекиб, санаторияда даволанаётган пайтида, унинг юбилейи муносабати билан Россиядан Б.Пастернак ва М.Цветаевадан табрик мактуби олади. Шу тариқа уларнинг учбурчак хат ёзишма романи бошланиб кетади. Улар бир-бирига ёзган мактубларида асосан, Россия ҳақида, адабиёт ҳақида, ижодий жараён, шеърият хусусида, оиласи, муҳаббат ва дўстлик, моддий аҳвол ва яна жуда кўп нарсалар ҳақида мулоқот қилишади. Рус адабиётида уч йирик шоир учликнинг мактублари йиғилиб, китоб шаклига келтирилган.

Мактублар хронологик тартибда жойлаштирилган бўлиб, биринчи хат Леонид Осипович Пастернак (Борис Пастернакнинг отаси)нинг Мария Рилькега 1925 йил 8 июлда, Берлиндан (ўша пайтда Борис Пастернакнинг ота-онаси Берлин шаҳрида яшаган) жўнатилган. Хат рус тилида ёзилган. Хат Райнер Мария Рилькенинг 50 ёши муносабати билан битилган табрик сўзлари ва ўзини эслатиш билан бошланади. Л.О.Пастернак шоирнинг Россияга ташриф буюрганида ёзувчи Алексей Толстой билан учрашгани, Ясная Полянанинг гўзал гўшалари, улар ўртасида кечган “Игорь солномаси” ҳақидаги суҳбатлар, Швейцария вагонидаги тасодифий ва сўнгги учрашув лаҳзаларини эсга солади. Бундан ташқари хат ёзувчи Л.О. Пастернак орқаворатдан етиб келган шоирнинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитиб, хотини билан роса йиғлаганликларини ҳам ёзади. Бу ёлғон хабар рус халқининг қадим иримларига кўра, Рильке жуда узоқ умр кўришига башорат, дея яхшиликка йўйилади.

Мактубда унинг ижодини фарзанд-лари меҳр билан севиб ўқиши, айниқса, катта ўғли Борис Рильке шеъриятини ниҳоятда юқори баҳолаши айтилади. Л.О.Пастернак ўғлини Райнернинг “Россиядаги издоши”, “ёш шоир” деб атайди. Л.О.Пастернакнинг Рилькега ёзган мактуби Борис Пастернак, Марина Цветаева ўртасидаги машҳур мактубчилик тарихини бошлаб берди, десак хато бўлмайди. Хуллас, Л.О.Пастернакнинг Рилькега ёзган мактубларида илиқлик ва мусаффо самимият уфуриб турибди.

Борис Пастернакнинг Рилькега ёзилган илк мактубини отаси Л.О.Пас-тернак Берлиндан ўзи жўнатади. Борис Пастернак Рилькедан Марина Цветаеванинг Франциядаги манзилини бериб, унга хат ёзишини, китобларидан жўнатишини ўтиниб сўрайди.

Чунки Пастернак Маринани, унинг нималарни кўпроқ севиши ва ёқтиришини ҳаммадан кўра яхшироқ билган. У дўстини хурсанд қилиш, унинг немис адабиётига, хусусан Рильке шеъриятига бўлган кучли муҳаббатини қадрлагани учун шоирнинг унга мактуб ёзишини истаган, улар ўртасидаги дўстона алоқалар ўрнатишни мақсад қилиб қўган. Маринани Рильке билан таништирув Пастернакнинг дўстига аталган катта туҳфаси эди.

Шу тариқа Рильке ва Марина Цветаева ўртасидаги илк хат 1926 йил 3 майда немис шоири томонидан ёзилади.

Марина Цветаеванинг мактублари услубини олима Л.Гинзбург романтизм йиғиндиси, деб атайди. Олиманинг бундай аташида жон бор, албатта, чунки Марина Цветаеванинг шеърияти каби бадиий публицистикаси, бадиалари, шунингдек, мактубларида романтик жозиба, кўтаринки кайфият, ҳиссий таъсирчан лирик тил бўртиб кўринади.

Шоиранинг 1926 йил 9 майда, Сен Жиль-сюр-Ви шаҳридан Рилькега ёзган мактуби мана шундай бошланади: “Райнер Мария Рильке! Сизга шундай мурожаат қилсам бўладими? Зеро, сиз – шеър даҳосисиз, ваҳоланки, исмингизнинг ўзи – шеър каби жаранглайди. Райнер Мария – бу қандайдир черковча – болаларча – рицарларча жаранглайди. Сизнинг исмингиз замон билан қофиядош бўла олмайди, – у – ўтмишдан ёки келажакдан – йироқ. Истардимки, Сизнинг исмингизни, Сиз ўзингиз танласангиз”.

Ушбу мактубдан яққол кўриниб турибдики, Марина Цветаева ўзининг ижодкорлик қобилияти, шоирона нигоҳи билан шунчаки оддий мактуб ёзмайди, ҳақиқий маънода бадиий ижод қилади. Мактуб гарчанд соф публицистика жанри ҳисобланса-да, юқорида Маринанинг мактублари бу жанрни адабиёт даражасига олиб чиққанлигини кўрсатади. У мактубларда шоирона бадиий тафаккур олами, ўзининг болаларча соф романтик нигоҳи, лирик кечинмали сатрлари билан хат олувчини ҳам, бугунги китобхонни ҳам, ўзига ром этади.

Борис Пастернакнинг М.Цветаевага йўллаган мактублари, асосан, ижод, шоиранинг поэзияси ва ўзи ҳақида. Бу мактубларда Пастернак руҳиятининг мураккаб, нозик қирралари очилади, у Марина Цветаева шеъриятининг чин шайдоси бўлибгина қолмай, яқин, юрагидаги жамики дардларини, тирикчилик деб аталган оғир машаққатли ҳаёт тарзини, адабиёт деб аталган масъулиятли санъат юкининг муаммоларини баҳам кўрувчи дўст қиёфасида намоён бўлади. Марина ва Борис ўртасидаги дўстлик шунчаки оддий биродарликдан кўра катта – тоғдек улуғвор. Пастернак жуда кўплаб хатларида ёзишича, у Маринани жуда қаттиқ севади. Унинг Москвадан, 1926 йил, 20 апрелда ёзган мактубидан парча: “Мен айни дақиқада сенга бўлган кучли эҳтирослар оламидаман, ёқимсиз гапларни эшитмайман, ўзимнинг тумандек, тушуниксиз оламимдаман. Бу – дунёдаги биринчи, ҳаммасидан – олий муҳаббат. Мен сени шундай севдимки, таърифлашга тил ожиз. Анча олдин ва ҳатто ҳозирга қадар ҳаётимда фақат шундай севишни хаёл қилардим”. Таъбир жоиз бўлса, Марина ва Борис Пастернак ўртасидаги муносабат дўстликнинг юксак намунаси, чинакам маънодаги руҳий яқинлик натижасида пайдо бўлган сирдошлик, ҳамдардлик, ҳамкорликдир.

М.Цветаеванинг қизи Ариадна Эфрон 1955 йил, 20 августда Борис Пастернакка ёзган мактубида шундай дейди: “Онам ён дафтар саҳифаларида ва қоралама дафтарларида сен ҳақингда жуда кўп ёзган. Сенга хат ёзишимдан мақсад, сен билмаган кўп нарсалар ҳақида айтишдир. У бутун умр сени жуда узоқ севди! Фақат дадамни ва сени дили оғримасдан қаттиқ севди”.

Марина Цветаева ва Борис Пастернак бир-бирларини руҳан қаттиқ севиб қолишса-да, ҳаётда улар ҳеч қачон бир бор учрашишга ҳам улгурмаган. Уларни юракларининг туб-тубидаги кўзга кўринмас мустаҳкам ришта боғлаб турган.

Марина Цветаева Борис Пастернакка ёзган мактубларида уни кўпинча руҳан қўллаб-қувватлаб туради, ҳаёт қийинчиликларини бартараф этишда, энг муҳими унинг руҳиятидаги ёлғизлик касалини енгишда некбин кайфият улашади.

Улар янги достонларини – М.Цветаева “Каламушлар ови” достонини, Пастернак “Лейтенат Шмидт” достонининг биринчи қисмини бир-бирига почта орқали жўнатадилар. Шу тариқа улар ўртасида адабий мулоқот ва баҳслар, ички мунозаралар бошланиб кетади. Жумладан, Б.Пастернакнинг кўпчилик мактубларида “Каламушлар ови”, “Паймона поэмаси” ҳақидаги мулоҳазалари, таассуротлар баёни билан танишиш мумкин. У бир хатида шундай ёзади: “Тихоновга “Каламушлар ови” жуда ёқди. Сўнгра мен унга «Паймона» достонини бердим. У Ахматовадан ке-йин бу илк жиддий ва юқори пардали поэзия, деди”. Кўринадики, Б.Пастернак чет мамлакатларда муҳожир бўлиб умр кечираётган дўсти Маринанинг ижодини рус дўстлари орасида тарғиб этади, уларнинг фикрларини мактуб орқали шоирага билдириб туради.

Мария Рильке ўз мактубларида кўпинча ўзи учун мўъжиза ва эртак бўлиб қолган Россия ҳақида ёзади. Ҳатто шоир оиласи билан Россияга кўчиб келиб шу ерда яшашни ҳам режалаштиради. Аммо кутилмаганда, унинг режалари ўзгариб, Европага йўл олади. Рильке учун Россия – тушлардаги ва эртаклардаги мўъжизавий мамлакат эди.

Дунёнинг учта нуқтасида умр кечираётган учта шоирни жуда катта дўстлик ва муҳаббат, шеъриятга, ижодга ташналик, руҳиятидаги шоирона эҳтирос ришталари боғлаб туради. Марина Цветаева немис ва француз тилларини аъло даражада билар эди. Ҳатто унинг мактубдаги Б.Пастернак йўллаган анкета саволларига жавобидан кўриниб турибдики, у она тили – рус тилида қай даражада фикрлаб шеър ёзган бўлса, немис ва француз тилларида ҳам болалигидан бемалол иншо ёзган. Унинг севимли мамлакати қадимий Эллада ва Германия, севимли адиблари Гейне, Гёте, Гёльдерлин бўлган. Рус замонавий шоирларидан Борис Пастернак ижодини юқори баҳолаган. Замонавий ёзувчилардан Рильке, Р.Роллан ва Пастернакни севиб ўқишини ёзади. Унинг севган нарсалари мусиқа, табиат, шеърият ва ёлғизлик.

Юқорида айтилганидек, Марина Цветаева немис адабиётини жуда севиб ўқийди, назаримизда, унинг мактубларига хос лирик, романтик услуб И.В.Гётенинг таъсирида юзага келгандек. Шубҳасиз, Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романига хос услуб Марина Цветаева ижодида, хусусан, Рильке ва Пастернакка ёзган мактубларида бор бўй басти билан кўриниш бериб турибди.

Рус адабиётшунослигида “уч овозли мактуб роман” “Учбурчак мактубчилик” деб ном олган ёзишмаларда Мария Рильке, Марина Цветаева, Борис Пастернакнинг ўзига хос бадиий-эстетик олами, дунёқараши, бадиий тафаккури ёрқин англашилади. Улар адабиёт, ҳаёт, жамият, инсоният, хусусан, шеърият ҳақида ўзларининг аниқ хулосалари ва фалсафий фикрига эга. Шу жиҳатдан қаралганда, ёзувчи мактубларини синчковлик билан ўрганиш ижодкорнинг поэтик оламини кашф этиш, унинг ижодхонасига теранроқ назар ташлашга имконият яратишини сезиш мумкин.

Мария Рильке 1926 йил Париж нашриётида чоп этилган ўзининг илк француз тилида битилган “Боғлар” шеърий тўпламини Маринага дастхати ва унга атаб ёзилган французча шеър билан почта орқали Мюзодан жўнатади. М.Цветаева Рилькега жавоб хати ёзади. Унда Гётенинг машҳур “бегона тилда зўр асар яратиш мумкин эмас” деган иборасини инкор этади. Марина шоир одам учун она тили йўқ, деб ҳисоблайди. Шоир француз тилида ҳам ижод этиши мумкин, аммо бу билан у француз шоири бўлиб қолмайди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрларидан аёнки, Марина учун шеърият жуда кенг уммон, у миллат, макон ва замон чегараларидан ҳам катта. У Рилькенинг ўзга бир тил, яъни француз тилида битган шеърларини юқори баҳолаб, “Райнер, ҳар бир мисрада сенинг овозингни, ҳиссиётингни туймоқдаман, қисқаси ҳар бир шеърий қаторинг мўйловдор Райнер бўлиб жаранглайди, сен – даҳосан, ҳар бир сўзингда, ҳар бир бўғинингда”.

Рильке француз тилида чоп этилган шеърий китобидан сўнг вафот этади. Бу машъум хабар айниқса, Маринанинг руҳиятига қаттиқ таъсир этади. У Рилькенинг қариндош-уруғларига таъзия билдириб, немис тилида узундан-узун хат ёзади.

Демак, мактуб жанри Марина Цветаева ижодида муҳим ўрин тутган. Шу тариқа Рильке образи Цветаева ижодига кириб келди, унинг вафотига бағишлаб “Сенинг ўлиминг” очеркини ёзган бўлса, вақт ўтиб, 1930 йиллар бошида “Шоир ва замон”, “Виждонга йўғрилган санъат”, “Ҳозирги Россия эпоси ва лирикаси” эсселарини яратади.

Рильке ижодидаги янгилик, яъни француз тилидаги тўплам Маринанинг ижодий фаолиятида ҳам кескин бурилиш ясайди. У энди рус шоирларининг шеърларини француз тилига таржима қилади, ўзининг “Яша” поэмаси, “Флорентия кечалари” лирик нас-ри, ҳасби ҳол йўналишида яратилган “Отам ва унинг музейи” ҳикояларини рус тилидан француз тилига ўгиради. Ҳатто Цветаева баъзи бир асарларини тўғридан-тўғри француз тилида ёзади: чунончи, “Амазонкага хат”, “Шарлоттенбург”, “Мундир”, “Лавр гулчамбари” каби автобиографик миниатюра-ҳикоялар. 1970 йилда бу асарлар А.С.Эфрон (М.Цветаеванинг қизи) томонидан рус тилига таржима қилиниб, “Звезда” журналида эълон қилинади. Булардан ташқари, М.Цветаева Пушкин ва Лермонтов шеърларидан намуналарни рус тилидан француз тилига таржима қилади. У Рильке шеъриятидан рус тилига бадиий таржималар қилади. Марина Рильке прозасини рус тилига ўгиришни орзу қилади, аммо унинг бу нияти амалга ошмай қолади.

Райнер Мария Рильке, Марина Цветаева, Борис Пастернак ўртасидаги, “учбурчак мактуб”, роман сатрлари ижодий жараён, ижодий таъсирланиш, ҳамкорлик, муайян бадиий асарларнинг яратилиш лаҳзалари, ижодкор шахснинг руҳий ҳолати, ижодий иқлим тўлқинларидан хабардор этиб турибди.

Болалигимда энди кўз очиб, биқирлаб оқаётган тиниқ, ўнлаб кичкина, митти булоқчаларни завқ билан томоша қилишни яхши кўрардим. Назаримда, учта шоир ўртасидаги мактуб ёзишмалар, ижод булоқчаларига ўхшайди. Шубҳасиз, шоирларнинг ёзишма мактублари уларнинг ижодий булоқча кўзларини катта қилиб очиб юборди. Мактублардаги руҳий-маънавий таъсир натижасида ўнлаб эмас, эҳтимол, юзлаб булоқчаларнинг кўзи очилди. Рильке Марина Цветаевага бағишлаб, ўлими олдидан машҳур “Элегия”сини яратди. Мактублар шоирларнинг очилмаган адабий қирраларини очиб берди. Энг муҳими, мактубларда шоирнинг икки хил қиёфаси адабий ва инсоний портрети гавдаланади. Биз уни нафақат ижодкор сифатида балки оддий одамларга ўхшаган мураккаб қалб қийноғи, изтироблар, турмуш икир-чикирлари гирдобида тўлғанаётган инсон сифатида кўрамиз.

Маълумотларга қараганда, Марина Цветаева Борис Пастернакка юзга яқин хат ёзган, улардан атиги 3 та хатнинг асл нусхаси, 18 хатнинг кўчирма нусхалари сақланиб қолган. Кўпчилик хатлар Марина Цветаеванинг кундалик дафтаридаги қораламалар туфайли қайтадан тикланган. У ўзининг фожиали ўлимидан олдин таржима ишлари билан 1941 йил СССР халқлари адабиёти таҳририятига келганида, муҳаррир А.П.Рябинга Рилькенинг Маринага йўллаган 7 та хати, дастхат қўйган китоблари ва расмлари, Борис Пастернакнинг 11 та хатини ишониб топширади. А.П.Рябин вақти-соати келиб Марина Цветаева омонат қолдирган мактубларни Пастернак авлодларига топширади.

Шоира васият қилиб кетганидек, учта буюк шоир ўртасидаги хат ёзишмалари – эпистоляр адабиётнинг ёрқин намуналари роппа-росса эллик йилдан кейин дунё юзини кўрди. Бир пайтлари Марина Цветаева ўз ижоди ҳақида “Яна юз йилдан кейин одамлар менинг китобларимни гўёки, узоқ йиллар сақланган бебаҳо шаробга узундан-узун навбатда турганидек, асарларимни сотиб олиши ва ўқиб, уларни қадрлашига ишонаман”, деган эди. Шоиранинг ўз ижодига берган бу ҳақли баҳосини мактубларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

1952 йил 29 ноябрда Анна Ахматова касалхонада даволанаётган Борис Пастернакка ёзган мактубини шундай якунлайди: “Сиз – эписторляр услубнинг моҳир устасисиз – мен ҳеч кимга, ҳеч қачон хат ёзмаганман, шунинг учун мени айбга буюрманг. Сизнинг Анна Ахматовангиз”. Кўринадики, Анна Ахматова Б.Пастернакни эпистоляр адабиётнинг моҳир устаси деб атар экан, у бунда шоирнинг М.Цветаева, унинг ўгай синглиси О.Фрейденберг, Рильке ва бошқа яқинларига ёзган мактубларини кўзда тутганлиги шубҳасиз. Улар шунчаки оддий хат эмас, санъат даражасига кўтарилган бадиият намуналаридир. Ҳақиқатан ҳам Борис Пастернак архивида жуда кўплаб ижодкор шахсларга жўнатилган мактублари мавжуд. Жумладан, М.Цветаева ва Рилькедан ташқари, унинг М.Горький, Н.Тихонов, В.Шаламов, О.М.Фрейденберг манзилига ёзилган мактублар.

Борис Пастернак мактублари орасида Марина Цветаева ва Ольга Фрейденбергга йўлланган хатлар муҳаббат, севги мавзуси билан алоқадор. Пастернак Марина ижодини ўзидан анча устун қўйган, “Мен ҳеч қачон сендек бўла олмайман”, – қабилидаги дил сўзлари унинг мактубларида учрайди. Ёки М.Цветаева Пастернакка жўнатган суратида у бу аёл қалбидаги эркакларга хос шиддат ва жасоратни кўради. Шу боис мактубларидан бирида “Мен сенинг суратингдаги қиёфангда мислсиз улуғворликни кўрмоқдаман” – деб ёзади. О.Фрейденберг илмий ҳаётда кўзга кўринган истеъдодли зиёли бўлгани учун ҳам Пастернак уни ўзига энг муносиб “интеллектуал партнер” сифатида танлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Европанинг таниқли шоирлари Райнер Мария Рильке, Борис Пастернак, Марина Цветаеваларнинг “учбурчак мактуб романи” бугунги кунда ҳам ўзининг қадр-қимматини йўқотмади, аксинча, уларнинг ҳақиқий баҳосини белгилаш онлари эндигина етиб келди, десак янглишмаймиз. Қолаверса, уларнинг бошқа шоирлар ва адибларга, яқин кишиларига ёзган мактублари нафақат, рус мемуар адабиётининг, балки жаҳон мемуар адабиётининг гултожи бўлиб қолишига аминмиз.

Марҳабо Қўчқорова,

Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти илмий ходими

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 11-сон.