Манзар Абдулхайр. Анъаналарга эш, янгиланишга ташна

Чўлпон шеъриятида анъанавийлик

Миллий адабиётимиз равнақига улкан ҳисса қўшган сўз санъаткори Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон поэзияси анъанавийликка эш бўлган, адабиётимиз тарихидаги катта ўзгаришлар даври шеъриятидир. Бу шоирнинг адабий-эстетик қарашларини тушуниш, шеърлари замиридаги рамзий маъноларни теран илғаш ва уларга муносабат билдиришдан аввал, Алишер Навоий ҳазратлари шеъриятига бир назар ташлаб ўтиш жоиз. Зеро, “Адабиётнинг хусусияти, мазмуни ҳамда вазифаси ҳақида бағоят маънодор бир таъриф Навоийнинг шеъриятга қарашини тўғридан-тўғри ва очиқдан-очиқ ифодалайди”(М.Шайхзода. Ғазал мулкининг султони. Т., 1972, 195-бет ). Илло, Навоийнинг анъанавий, халқона оҳангга бой, кўнгил нидоси билан битилган анъанавий шеърияти тажрибаларидан улги олиш ҳар бир ижодкор учун юқори самара бериши сир эмас.

Ҳар бир миллат шеъриятининг халқаро нуфузи миллий қадриятлари мезонларига таяниши, чинакам анъанавийлик асосида шаклланиш тарзи билан белгиланади. Зотан, миллат шоирининг бадиий услуби, шеъриятидаги поэтик образ, рамзларнинг ривожи, бардавомлилиги миллий анъаналар замирида янги-янги жиҳатларнинг кашф этилиши билан боғлиқ адабий жараёндир. Хусусан, Навоий ҳазратлари ўз шеъриятида анъанавийлик ва рамз-ишораларни қўллашга изчил ва теран ёндашган. Аслида бундай ёндашиш миллий адабиётда анъаналар узлуксизлигини таъминловчи мезон ҳамдир.

Айни шу маънода Чўлпоннинг “Улуғ Ҳиндий” мақоласидаги анъанавий мумтоз шеъриятимизга дахлдор қуйидаги хитобига баҳоли ­қудрат муносабат билдириб ўтиш жоиз ­кўринади:

“Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқийман: бир хил, бир хил, бир хил!

Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқунбойларни ўқиймен, қувонтирадир, холос! Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса, менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳакимзодаларни ўқимаймен, ўқимаймен, мени шу ҳолга солғон ўшалар!…” («Адабиёт надур». Т., “Чўлпон”, 1993, 57—58-бетлар).

Шоирнинг ушбу рамзий хитоби – анъанавийликка муносабати адабиётшунослар томонидан турлича талқин қилиниб келинаётир. Бу талқинларни ривожлантириб айтиш лозимки, шоирнинг рамз ва гўзал бадиий тафаккурга ўралган сирли, жумбоқли ушбу хитобини ўша даврдаги айрим дилозор, адабий идроки ҳаминқадар қаламкашларга қарата айтилган зардаси, дейиш ҳам жоиздир. Негаки, улар ўша кезларда зўр бериб шоир ижодидан сиёсий хатоларни қидираётган, унинг номини, ижодини қоралашга уринаётган эди. Чўлпоннинг бу хитоби замиридаги асл муддао эса барча ижодкорларни бир мақсад сари – миллий адабиёт равнақи йўлида бирлаштиришдан иборат эди, холос. Унинг наздида, шеър жозибаси фақат қофия, шакл ва мазмун уйғунлигидагина эмас, балки ундаги поэтик образнинг ҳаётийлиги, ҳаққонийлигидадир. Энг муҳими, ҳар бир давр шеърияти ўзига хос тарзда эркин ҳаракатланмоғи ва янгиланмоғи керак. Демак, Чўлпон шеърияти аслида анъанавийликка эш, янгиланишга ташна шеъриятдир. Негаки, бу даврда худди шундай шеъриятга кучли бир эҳтиёж бор эди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, шоир шеъриятига янги нафас олиб киришда фақат кўр-кўрона анъаналарга таяниб қолиш ножоизлигини назарда тутган. Собиқ шўро даври мафкурасининг исканжасига тушган ҳар қандай фидойи ижодкор бу масалага ана шундай сирли ёндашиши ­табиий бир ҳол эди.

Маълумки, шоир шеъриятининг замирида яссавиёна, навоиёна, машрабона анъанавий услуб бор. У ўз поэзиясида мумтоз шеъриятимизга хос поэтик анъанавийлик ва тимсоллардан тортиб, лафзий ва маънавий, ҳатто «тажоҳулу-л-ъориф»(билиб билмасликка олиш) сингари бадиий санъатлардан кенг фойдаланган. Зеро, чўлпоншуносликда таъкидланганидек, шоирнинг биргина машҳур “Гўзал” номли шеърида қарийб ўнга яқин мумтоз адабиётимизга хос (тазод, интоқ, тасбиғ, ташхис, ружуъ, муболаға, иғроқ, тадриж, иштиқоқ, ташбиҳ каби) бадиий санъатлар қўлланилган. Чунончи, Навоий шеъриятига муҳаббати баланд шоир ўз шеърларида “қуёш”, “ой”, “кўк” каби поэтик тимсол ва рамзларни қўллаб, анъанавийлик меъёрларига риоя қиларкан “қуёш” поэтик тимсолидан турли маъноларда фойдаланади. Масалан, “Қаландар ишқи” номли шеърида ўқиймиз:

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

Бир қарашда ушбу мисралар маъноси рамзий ифодалар талқинисиз ҳам тушунарлидек кўринади: худди Чўлпоннинг адабиёт оламида тутган ўрни ҳақидаги умумий шарҳлардек. Аммо бу шеър синчковлик билан шарҳланса, шоирнинг бадиий кайфияти янада аниқлашади: Чўлпон – Тонг юлдузи тунги сайрдан сўнг, яъни қуёш чиқишидан олдин гўё кўз илғамас даражада яна бир лаҳза кўзга ташланади-ю, тезда ғойиб бўлади. Шоир бу ўринда ушбу юлдузнинг бошқа сайёраларга қараганда жуда тез, журъат билан ҳаракат қилишига ҳам ишора этади. Яъни шоир талқинича Чўлпон юлдузи жасорат тимсоли ҳамдир. Бу ерда яна бир рамз ҳам бор: муҳаббат шундай бир ажиб туйғуки, ундан таралаётган меҳрни фақат қуёш нурларига қиёслаш мумкин. Бу нурга Тонг юлдузи бардош бера олмаслиги айни ҳақиқат. Зеро, бу мисраларда “чўлпон” сўзи нафақат шоир тахаллуси, балки ўрни ­билан анъанавий шеъриятимизга хос поэтик образ – маънавий бедорлик рамзидир. Бинобарин, бу талқинлардан шоир шеърияти замирида кучли бир миллийликка вобаста ­анъанавий издошлик борлиги аниқ сезилади. Айни шу маънода Алишер Навоийнинг ­«Наводир уш-шабоб» асаридаги “Агар ишқинг ҳавосида ёғар ҳар жола тош ўлсун, Нишона ҳар бирига, дермен, ушбу хаста бош ўлсун” ­матлаи билан бошланадиган 504-ғазалидан бир ­байтни ғазалнинг умумий мазмуни шарҳи ­билан бирга келтирамиз:

Қуёшни бўлмас, эй гардун, ул ойға айламак ташбиҳ,
Оғиз гар зарра, Чўлпон – кўз, янги ой анга қош ўлсун.

Аввало, ушбу байтдаги энг характерли “чўлпон” сўзига эътиборни қаратайлик. Бу сўз Алишер Навоий асарларида “ёруғ тонг юлдузи”, “гўзал”, “чиройли”, “порлоқ” сингари маъноларда қўлланилган. Умуман, мумтоз адабиётда “Чўлпон” – “Зуҳра”, “Ноҳид” номлари билан ҳам юритилади. У қуёш системасидаги катта сайёралардан бири, Ерга энг яқин, Қуёшдан ҳисоблаганда иккинчи сайёра. Форсий ривоятларга кўра эса, Чўлпон-Ноҳид афсунгар Ҳорут ва Морут ошиқ бўлган аёлдир.

Ушбу байтда «муроату-н-назир», яъни «мутаносиб» (бир-бирига мос ва монанд сўзларни бир байтга жамлаш; масалан, қуёш ва ой, кўз ва қош сингари сўзлар) бадиий санъати қўлланилган. Яъни ушбу байтда қуёш ва ой сўзлари “гардун” сўзи орқали ўзаро боғланади. Бу санъат мумтоз адабиётда «таносуб», «талфиқ», «тавфиқ», «ийтилоф» деб ҳам юритилади (Атоуллоҳ Ҳусайний. Бадойиъу-с-санойиъ. Т., 1981, 232-бет).

Шоирнинг поэтик талқинича, агар ишқ туфайли осмондан дўл ёғса, майли, тошга айлансин. Фалак қуёшдек келадиган тиллаларни ҳадя этса ҳам мен уларни рад этаман. Эй ёр, сенинг қуёшдек меҳринг ошиқлар қалбини қиздиради. Қуёшни, Тонг юлдузи-ку тонг юлдузи, балки ойга ҳам ташбиҳ қилиб бўлмайди. Майли, ташбиҳда сенга бир йўл кўрсатай. Агар сен ёрнинг оғзини бир зарра деб билсанг, унинг шаҳло кўзини Чўлпон юлдузи, қошини эса янги чиққан ойга қиёс қила қол?!

Бу ўринда Навоий “чўлпон” сўзини гўзаллик тимсолида қўллаш баробарида сонияда минглаб чақирим йўлни босиб ўтадиган тез учар сайёра – Чўлпон вафо, муҳаббатда ҳеч қачон қуёшдек вазмин бўла олмаслигини поэтик рамзларда ифодалайди. Айни шу маъноларни назарда тутсак, Чўлпонга бу мисралар таниш бўлиши эҳтимоли кўпдир. Зотан, шоир шеъриятидан бой анъана ва улуғ янгиланишларга хос навоиёна мумтоз услуб уфуриб туради.

Навоий ҳазратлари ғазалларида ошиқнинг ҳолати қанчалар забун бўлишидан қатъий назар, унинг руҳи самолар қадар юксак экани гўзал шоирона ташбиҳ воситасида тараннум этилади:

Куйдуруб, эй ишқ ўти, гардунға совурдунг кулум,
Пояда охир бу янглиғ кўкка еткурдунг мени.

«Бадоеъ ул-бидоя» девонининг ”Эй қуёш, невчун қошингдин соядек сурдунг мени, Равшан айлаб жумлаи оламни, куйдурдунг мени” матлаи билан бошланадиган 745-ғазалидан келтирилган мазкур байт маъносига асосланиб айтиш жоизки, Чўлпон шеъриятида ҳам Навоий шеъриятига хос юксак ишққа уйғун тимсол ва халқона оҳанг устунлик қиладиган анъанавийлик мавжуд. Фақат камдан-кам санъаткоргина улуғ шоирнинг ижодий маҳоратидаги бетакрор услубига янгича руҳ, оҳанг қўша олиши, яъни уни санъаткорона бардавом эттира олиши мумкин. Ана шундай бахт Чўлпонга насиб этган.

Мазкур мулоҳазаларимизни атоқли адиб Ойбекнинг: “Символист шоир (Чўлпон назарда тутилган – М.А.) Навоийни энг юқори даражага қўйиб, унинг бутун методларини ўрганишга қистаб, шунинг билан бирга бизнинг ёш ёзувчиларимизга символистикани ўргатиб келдилар. Навоий йўлида суяги қотғон Чўлпонни текшириб, шунинг учун ундаги услуб ва шаклини ўрганишга киришадилар”, деган фикр ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, устоз Озод Шарафиддинов ҳам “Чўлпонни англаш”, “Адабиёт яшаса – миллат яшар” номли мақолаларида шоир шахсияти ва шеърияти ҳақида қимматли маълумотлар бериб ўтган. Хусусан, Чўлпоннинг доимо ва ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ўз метин эътиқодига содиқ қолган, “ғоявийлик”, “партиявийлик” деган иллатлардан юқори тургани ҳам ишонарли тарзда баён этилган. Албатта, Чўлпон ижодиёти борасидаги бундай маълумот ва талқинлар бошқа адабиётшунос олимларимизнинг илмий ишларида ҳам мавжуд. Уларнинг изланишларини давом эттириш эса, айни муддаодир.

Хуллас, 20–30-йиллар ўзбек миллий адабиётидаги анъанавийлик, шеърият замиридаги тимсол ва рамзларнинг янгича такомили Чўлпон шеъриятида ўз аксини топди. Эндиликда ана шу шеърият моҳиятини тўла англашга эҳтиёж ортаётир. Кўриниб турибдики, бу – шоир шахсиятига доир адабий манбаларни янада теран, шоир шеъриятига хос навоиёна анъанавийлик хусусиятларини кенг миқёсда ўрганишни тақозо этади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 40-сонидан олинди.