Мансур Жумаев. Кичкина одамнинг улкан қалби

http://n.ziyouz.com/images/asqad-muxtor.jpgАтоқли адиб Асқад Мухторнинг сўнгги асари — «Уйқу қочганда» номли тундаликларида шундай сатрлар бор: «…ушалмайдиган орзу яхши, унинг айби ҳам йўқ, жавобгарлиги ҳам йўқ, дилингни аллалаб яшайверади. Аммо ушаладиган орзулар кўпинча алам билан тугайди. Сен доҳиёна шоир бўлолмасанг, бу — бир нав, ўтар-кетар, лекин кўнгил қўйганинг қўшни қиз эрга чиқиб кетса, бир умр куясан…»

Дарҳақиқат, орзулар сарҳадсиз ва бепоён. Улар ушаладими, йўқми, бу тақдирнинг ҳукмида. «Қисматнинг арзандаси, худо сийлаган банда»си, америкалик машҳур Ёзувчи Уилям Фолкнернинг барча ушалган орзуларига ўша «ушаладиган орзулар» етакламадимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Ёки…

1897 йилнинг 25 сентябрида АҚШнинг Миссисипи штатидаги Ню-Олбани шаҳарчасида зиёли оилада дунёга келган Уилямнинг отаси бир неча йиллар университетда иш бошқарувчи вазифасида хизмат қилган. Бобоси эса яхшигина Ёзувчи бўлган. Унинг асарларидан салмоқлиси сифатида «Мемфиснинг оқ атиргули» романини тилга олиш мумкин. Дарвоқе, бўлғувси адибнинг онаси ҳам адабиёт шайдоси эди. Зеро, болакай Фолкнер дастлабки саводини айнан онасидан олганди. Юқоридаги омилларни назарда тутган ҳолда Уилямнинг Ёзувчи бўлиб шаклланишида унинг оилавий муҳити жиддий таъсир ўтказган, дейишимиз мумкин. Бир қарашда бу шубҳасиздек туюлади. Бироқ…

Уилям 13 ёшида Эстелл Олд­хем исмли қўшни қизни севиб қолди. Муҳаббатнинг учқунлари «қоғозларни ёндирди». Уилям севгиси, туйғулари ва хаёллари аксини қоғозга тушира бошлади. Самимият билан суғорилган шеър­лари уни атрофдагилар назарига туширди. Шундан сўнг «шоир» мактабга бормай, бобосининг ёнида, банкда ишлай бошлади. Йиллар кетидан йиллар ўтди. Уилям ўзининг «жўшқин лирика»си билан «ҳаммани йиғлатди, қиз эса фақат бепарво жилмайиб ўтди ёнидан». Ва охир-оқибат у севгилисига етиша олмади, Эстелл 1918 йили «ағёр»га турмушга чиқиб кетди.

Уилям аламидан кўнгилли бўлиб армияга кетмоқчи бўлди, бироқ бўйи пастлиги учун уни олишмади. Ел университетида ўқиётган дўстининг уйига бориб яшай бошлади ва ўша ерда Канаданинг ҳарбий ҳаво кучлари таркибига киришга уриниб кўрди. Йўқ, бу гал унинг озғинлиги халал берди. Бироқ қайсар «пакана» ортга чекинмади. Ҳаракатдан тўхтамади ва алал-оқибат Торонтодаги ҳарбий мактабга жойлашишга муваффақ бўлди. Бир неча ойдан сўнг биринчи жаҳон уруши якунига етгач, Фолкнер Оксфорд­га қайтиб, Миссисипи университетида ўқий бошлади.

1919 йилда чоп этилган «Фавн­­нинг кундузги уйқуси» шеъри Фолк­нернинг адабий фаолиятга томон босган биринчи қадами бўлди. Бир йилдан кейин дипломни ҳам қўлга киритмай, университетдан кетди, романнавис ва театршунос Старк Янг таклифига кўра Ню-Йоркка жўнади. У ерда китоб дўконида сотувчилик қилди. Кейин Оксфордга қайтиб, университетда почтачи вазифасида ишлай бошлади. Бироқ собиқ китобфуруш иш вақтида китоб ўқиб ўтиргани учун ишдан ҳайдалди. 1925 йили Ню-Орлеанга келиб, Ёзувчи Шервуд Андерсон билан танишди. Унинг иқтидоридан хабар топган Андерсон «шоир»га назм­да эмас, насрда ижод қилишни маслаҳат берди. Чунки Фолкнер шеър техникаси, илми, маҳорати ва тажрибасига эга бўлса-да, шеър­лари унга машҳурлик остонасидан ҳатлашга умуман кўмаклаша ол­маёт­ган эди. Унинг шеърларида ҳамма нарса бор, «фақат бирорта камчилик етишмасди» (А. Мухтор. «Тундаликлар»дан), холос.

Фолкнер шундан сўнг роман ёза бошлади. 4 йилда 3 та романи босилди: «Аскар мукофоти», «Чивинлар», «Сарторис». Аммо учаласи ҳам муваффақият қозона олмади. «Шовқин ва ғазаб»­гина (1929 йил) танқидчилар эътиборини ўзига тортди. Мазкур роман ўзига хос услубда ёзилганди. Асардаги ҳар битта воқеа турли нуқтаи назардан туриб ёритилгани билан диққатга сазовор эди. Асарни ўрганиб чиққач, мунаққидлар бир овоздан уни «улуғ роман» дейишди.

Eлектр стантсиясидаги тунги иш вақтларида, 6 ҳафта ичида ёзиб тугатгани «Ўлим тўшагида» (1930 йил) романи эса муваффақиятсиз чиқди. Шундан кейин «Шундай нарса ёзайки, — дея аҳд қилди Фолкнер, — ундан даҳшатлиси бўлмасин!» Орадан 3 ҳафта ўтиб, «Ибодатхона» асарини ёзиб тугатди. 1931 йили чоп эттирди. Романда гангстер томонидан зўрланган аёлнинг фоҳишахонадан бошпана топиши воқеалари тасвирланган. Китоб «бестселлер» (енг кўп сотилган) бўлиб кетди.

Фолкнер асарлари франсуз тилига ўгирилгач, Европада жуда машҳур Ёзувчига айланди. Уни севиб ўқишар, муҳокама қилишар ва қойил қолганликлари ҳақида тўлқинланиб гапиришарди. Адиб 1949 йили Нобел мукофотига лойиқ деб топилди. Мукофотни топшириш маросимида сўзлаган нутқида Ёзувчилик тўғрисида сўз юритаркан, у шундай деганди: «Ёзувчи ўз «устахонаси»дан юрак ҳақиқати, асарни мангуликка дохил этувчи муҳаббат, ор-номус, мурувват, ғурур, раҳм-шафқат, фидойилик сингари азалий-абадий қадриятлардан бўлак ҳаммасини итқитиб ташламоғи лозим…»

Дарҳақиқат, Уилям Фолкнернинг кичик жуссасидаги катта юраги мурувватга, шафқатга, ғурурга, муҳаббатга тўла эди. Заминга, борлиққа, ҳаётга, инсонга, ўлмас умумбашарий қадриятларга муҳаббат, онасига, аёлга бўлган улкан муҳаббат… Ва Эстелл Олдхемга бўлган, хотироти мулкига айланиб қолган ўша севгиси! Адибнинг «Қора мусиқа» ҳикояси якунида шундай сатрларга кўзингиз тушади: «…хотинлар ўз номи билан хотинлар. Баъзан уларни эркалаб қўйиш керак. Улар шунга арзийдилар».

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).