Озод Шарафиддинов. «Адабиёт яшаса – миллат яшар…»

Ҳар қандай чинакам истеъдод соҳиби каби Абдулҳамид Чўлпон ҳам ижоднинг деярли ҳамма соҳаларида самарали фаолият кўрсатган. У ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург, ҳам таржимон, ҳам публицист бўлиши билан бирга, баркамол мунаққид, моҳир адабиётшунос, ўзига хос тарзда фикрлайдиган санъатшунос ҳам бўлган. Унинг бадиий асарлари халқ маънавиятини шакллантиришда қанча муҳим роль ўйнаган бўлса, адабий-танқидий мақолалари ҳам шунчалик катта қимматга эга. Аммо истибдод замонида Чўлпон ижодини ўрганиш у ёқда турсин, номини тилга олиш таъқиқлангани учун кенг жамоатчиликкина эмас, ҳатто адабиётшунос мутахассислар ҳам Чўлпон ижодининг бу қирраси тўғрисида ғоят мавҳум ва туманли тасаввурга эга эдилар. Фақат сўнгги йиллардагина Ш. Турдиев, Н. Каримов, Б. Дўстқораев, М. Олимов, У. Долимов, З. Эшонова, Д. Қуронов, У. Султонов каби адабиётшуносларнинг ҳаракати билан Чўлпоннинг. инқилобдан олдин ва кейин чоп этилган, ҳозир эса топилиши амри маҳол бўлиб қолган, журналлар ва газеталарда сочилиб ётган адабий-танқидий асарлари илмий муомалага кира бошлади. Сурхондарёлик ёш чўлпоншунос Н. Йўлдошев эса Чўлпон ҳаёти ва ижодига доир библиография эълон қилиб, унда биринчи марта Чўлпон мақолаларининг рўйхатини берди. Библиографияда кўрсатилишича, шоирнинг 1914—1937 йиллар мобайнида чоп этилган адабий-танқидий мақолалари ҳозирча 63 та экан. Изланишлар давом эттирилса, бу рақамнинг кўпайиши турган гап.

Мақолалар билан тйнишиш натижасида шундай хулосага келиш мумкинки, Чўлпон ўзини профессионал мунаққид ёки муайян академик қоидалар асосида иш юритувчи адабиётшунос олим деб ҳисоблаган эмас. Чўлпон эстетика бобида, санъат назариясида янги саҳифа очган эмас, жаҳон санъатини ва санъатшунослигини батамом янги йўлларга буриб юборадиган тугал таълимот ҳам яратмаган. Шунга қарамай, янгн ўзбек адабиёти тарихини Чўлпоннинг адабий-танқидий фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Янги ўзбек адабиётини шакллантиришда, 20—30-йиллардаги ғоят мураккаб ижодий курашлар муҳитида унда изчил реалистик услубнинг устиворлигини таъминлашда Чўлпоннинг адабий-танқидий қарашларининг аҳамиятини камситиш мумкин эмас. Чўлпон мунаққид сифатида, биринчи навбатда, адабиёт ва санъатнинг амалий масалалари билан шуғулланган, янада аниқроқ айтганда, маънавий уйғониш ва маданий ривожланиш асосида адабий жараён давомида қўндаланг бўлган долзарб муаммоларга жавоб топишга интилган, шу тарзда адабиётни ўз даврининг илғор ғоялари билан бойитишга, Шарқ ва Ғарбнинг бебаҳо тажрибасини янги ўзбек адабиётига олиб киришга ҳаракат қилган.

Чўлпон адабий-танқидий меросининг аҳамияти фақат шу билан чекланмайди. Юқорида айтганимиздек, Чўлпон танқидий фаолияти билан эстетика соҳасида янги бир таълимот яратишни мақсад қилиб қўймаган бўлса-да, унинг мақолаларини ички яхлитликдан маҳрум, ҳар хил йилларда ҳар хил муносабатлар билан ёзилиб, ҳар хил нарсалар тўғрисида баҳс юритувчи пароканда асарлар йиғноғидан иборат деб қараш мумкин эмас. Аксинча, ҳар бир мақоланийг югурик мисралари ортидан Чўлпоннинг ўзи қараб тургандай бўлади. Ҳар бир мақолада Чўлпон шахсиятининг аниқ муҳри борки, худди шу нарса уларни бир яхлит ҳолга келтириб туради. Чўлпоннинг адабий-танқидий мероси бу улуғ адиб шахсиятининг турли қирраларини, маданий савиясини, эътиқоди ва дунёқарашини ўрганишда, ижтимоий ҳаётнинг муҳим жиҳатларига унинг муносабатини аниқлашда, ижодий биографиясининг баъзи нуқталарини тўлароқ ёритишда ҳам ғоят аҳамиятлидир. Биз бу меросни муайян тартибда ўрганиш натижасида Чўлпоннинг ғоявий-эстетик эволюцияси қандай кечгани ҳақида тасаввурга эга бўламиз, ҳатто «ижтимоий тузум ва истеъдод» деган муаммони қўйиб, совет воқелиги Чўлпоннинг санъаткор сифатида ўсишига қандай салбий таъсир этганини, бир санъаткор тақдири мисолида тоталитар тузумнинг чинакам истеъдодга қанчалик душман эканини тўлароқ тасаввур этишимиз мумкин.

Чўлпоннинг биринчи танқидий асари «Адабиёт надур?» деган мақола бўлиб, «Садои Туркистон» газетасида 1914 йил 4 июнь куни эълон қилинган. Бу мақола, умуман, Чўлпоннинг матбуот юзини кўрган илк асарларидан биридир. Чўлпон уни 16 ёшида ёзган. Мақола шаклан жуда ихчам бўлса-да, мазмунан ғоят теран. Ундаги фикрлар ва мулоҳазалар шу қадар пишиқки, 16 яшар ўсмирнинг шунчалик тийраклик билан қалам тебратганига қойил қолмай иложингиз йўқ. Фақат фавқулодда иқтидорга эга одамгина 16 ёшида тафаккурнинг бунчалик юқори поғоналарига кўтарилиши мумкин. Сарлавҳанинг ўзиданоқ аён кўриниб туриптики, мақола жуда муҳим масалага бағишланган. Адабиёт адабиёт бўлгандан бери Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам не-не буюк истеъдод соҳиблари «Адабиёт, санъат надур? Унинг кимга кераги бор? Санъаткор ким? У жамият олдида бурчдорми? Бурчдор бўлса, бу бурч нималардан иборат? Бурчдорлик билан ижод эркинлиги ўзаро қандай чиқишади?» каби муаммоларга рўпара келишган. Кўриниб туриптики, булар ижоднинг ҳаёт-мамот масалалари, ижодкор уларни лоақал ўзи учун ҳал қилмай туриб, эътиқод қилиб олса арзийдиган эстетик нринципларни аниқламай туриб самарали ижод қилолмайди. Лекин шунга қарамай, ҳануз адабиёт ва санъатнинг етакчи хоссаларини қамраб оладиган, ҳамма даврлар учун баравар маъқул бўладиган универсал таъриф, мукаммал жавоб топилгани йўқ. Буюк санъаткорларнинг жавобларида ҳам масаланинг айрим жиҳатларигина, адабиёт ва санъатнинг айрим хислатлари, айрим фазилатларигина ифодаланади.

Табиийки, Чўлпон ҳам адабиёт оламига қадам қўйиши биланоқ шу муаммога рўпара келди ва унга жавоб нзлашга мажбур бўлди. Шуниси диққатга сазоворки, Чўлпон ўз изланишларида ёлғиз эмас эди. Худди шу даврда бошқа ўзбек зиёлилари ҳам «адабиёт надур?» деган муаммога жавоб излаб анча уринишган. Масалан, қўқонлик машҳур маърифатпарвар, «Ашъори нисвон» деган мажмуанинг муаллифи Иброҳим Даврон 1909 йилдаёқ «Туркистон вилояти газетаси»да «Шоир надур?» деган мақола эълон қилади. Ёки адабиётшунос олим Бегали Қосимовнинг таъкидлашича, 1914 йилда Мирмуҳсин Шермуҳамедов билан Саидаҳмад Васлий ўртасида адабиётнинг моҳияти, вазифаларн ва жамият олдидаги бурчи тўғрисида баҳс-мунозара бўлган. Қолаверса, бундай изланиш фақат туркистонлик зиёлилар ўртасидагина содир бўлган эмас. Худди шу йилларда қўшни Қозоғистонда ҳам, Озарбайжон ёҳуд татарлар юртларида ҳам адабиётнинг, моҳиятини излаш, унинг жамият ҳаётидаги, миллат равнақидаги аҳамиятини аниқлаш ҳаракати анча авж олган эди. Натижада, «адабиёт надур?» деган мангу саволга турли минтақаларда бир-бирига яқин жавоблар пайдо бўла бошлаган эди, Озарбайжон адиблари Жалил Мамадқулизода ёҳуд Абдураҳим Ҳақвердиевларнинг, татар ёзувчилари Абдулла Тўқай, ёҳуд Олимжон Иброҳимовларнинг XX аср бошларида чоп этилган адабиёт ҳақидаги мақолалари фикримизнинг далили бўла олади. Ўз изланишлари оқибатида улар нақадар бир-бирига яқин хулосаларга келганини кўрсатиш учун бир конкрет мисолга мурожаат қиламан: таниқли қозоқ журналисти, маърифатпарвар ва демократ М. Сералин ўзи муҳаррирлик қйлган «Айқап» журналининг 1922 йилдаги 1-сонида ёзади: «Тил ва адабиёт халқнинг қалби ва руҳидир… адабиётсиз халқ забонсиз боладай гап. Бундай бола бошқаларга ўзининг дарду қувончларини гапириб беролмайди. Халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган энг кучли восита тил ва адабиётдир. Ўз адабиётининг ҳақиқий қадр-қимматини билган халқларнинг фарзандларигина ўз тилини чинакам ардоқлай олади. Қозоқ халқининг ўз тили ва ўз адабиёти бор… бизнинг бурчимиз унутилиб ётган улкан хазиналарни юзага олиб чиқиш ва ҳамманинг мулкига айлантиришдир»[1].

Энди Чўлпонга мурожаат қилайлик. «Ёш мунаққид «Адабиёт надур?» мақоласида, биринчи навбатда, адабиётнинг ижтимоий моҳияти тўғрисида фикр юритади. Унинг фикрича, адабиёт миллатни тараққий эттириш воситаси, унинг маънавиятинй таъминлайдиган омил. Чўлпон бу хулосанинг чинлигига шу қадар ишонганки, мақолада ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган тарзда «адабиёт яшаса — миллат яшар» дея тасдиқлайди:

«Ҳа, тўхтамасдан ҳаракат қилиб турғон вужудимизга, танимизга сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар билан кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар. Адабиёти ўлмаған ва адабиётининг тараққиётига чолишмаган ва адиблар етиштирмаган миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолиб секин-секин инқироз бўлур».

Бири Туркистонда, бири Қозоғистонда туриб, бир-биридан бехабар ҳолда икки муаллиф деярли бир хил тарзда адабиётнинг моҳияти, жамият ҳаётидаги, миллат равнақидаги аҳамияти тўғрисида фикр юритмоқда. Бундаги муштараклик тасодиф эмас, албатта. Бу шу билан изоҳланадики, XX аср бошларида Туркистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам улуғ Уйғониш шабадалари эса бошлаган эди. Туркистонда шу кезларда тарих майдонига кириб келган, кейинчалик «жадидлар» деб ном олган фикри очиқ, тараққийпарвар зиёлилар бу уйғонишни таъминлаган асосий куч бўлди. Улар мустамлакачилик сиёсати туфайли Туркистон забун аҳволга тушиб қолганини, халқ жаҳолат ва нодонлик қўйнида, эрксизлик бўйинтуруғи остида иккиёқлама зулм исканжалари остида қаттиқ эзилиб ётганини чуқур англадилар ва бундай ҳаётни ўзгартиш, янгилаш зарурлиги ҳақидаги ғояларни олға сурдилар. Улар халқни маърифатли қилишни, савиясини кўтариб, оқ-қорани танийдиган қилишни янгиланишнинг бирламчи шарти деб билдилар ва шу олижаноб ниятни амалга ошириш учун фидойилик билан ишга киришдилар. Улар ҳар хил таъқиб ва таъқиқларга қарамай, моддий қийинчиликларни енгиб мактаблар очдилар, дарсликлар яратдилар, газеталар чиқардилар, нашриётлар очиб китоблар чоп этдилар, турли маданий-маърифий тўгараклар очдилар… Хуллас, қисқа муддат ичида жадидлар миллатнинг садоқатли ва фидокор фарзандлари сифатида танилди.

Чўлпон шу улуғ маърифатпарварлик ҳаракатининг қанотларида ижод майдонига кириб келди. У мустақил ўқиб ўрганиш оқибатида ғоят юксак маданий савияга эга эди. Шарқ классиклари, айниқса, турк ва ҳинд ёзувчиларининг асарлари билан, шунингдек, Оврўпа ва рус адабиёти билан пухта таниш эди. Шунинг учун 15—16 ёшларидаёқ маърифатпарварлик ғояларини қабул қилишга ҳар жиҳатдан тайёр эди. Шунинг учун Чўлпон ёшлигига қарамай, Туркистоннинг тақдири тўғрисида, миллатнинг истиқболи ҳақида чуқур қайғуриш билан ўйлай бошлади. У ҳам жадидларга эргашиб, халқни жаҳолат ва нодонлик, эрксизлик ва қашшоқлик ботқоғидан қутқариб олишнинг бирдан-бир йўли маърифат деган эътиқодга келди. Миллатни равнақ топтириш учун, биринчи навбатда, уни мустамлака асоратидан халос этиш керак, бунинг учун эса халқ ўзинн ўзи таниган бўлмоғи, ҳаммани бирлаштирадиган, якдил қиладиган миллий ифтихор туйғусига эга бўлмоғи керак. Чўлпон халқни шу даражага етказишга ёрдам берадиган имкониятлар, чора-тадбирлар излайди ва адабиёт уларнинг энг самаралисидир деган тўхтамга келади. Шунинг учун ҳам ёш мунаққид комил ишонч билан ҳатто миллатнинг яшашини адабиётнинг яшашига боғлиқ қилиб қўйди. Эҳтимол, Чўлпон бу ўринда бироз эҳтиросга берилгандир. Бироз муболағага йўл қўйгандир, лекин ҳеч шубҳа йўқки, XX аср бошларидаги Туркистон шароитида «адабиёт яшаса — миллат яшар» деган формула тўғри ва самарали формула эди. Муҳими шундаки, адабиётга бундай қараш, уни халқ ҳаётини янгилашнинг муҳим воситаси деб ҳисоблаш Чўлпон ижодида шунчаки йўл-йўлакай айтилган бир фикр сифатида қолиб кетгани йўқ, балки унинг кейинги ижоди давомида доимий равишда раҳнамолик қилувчи дастуриламал бўлди. Чўлпон шу эътиқоддан келиб чиқиб, 20-йилларда янги ниқобга кириб олган мустамлакачиликни фош этди, халқ учун кишан ясовчи турли-туман тўралар ва афандиларни қоралади, ҳурликни, эркинликни улуғловчи оташин шеърлар яратди, кейинчалик эса халқ ҳаётининг турли қатламларини ҳаққоний акс эттирувчи роман ва драмалар яратиб, халқнинг маънавий улғайишига катта ҳисса қўшди.

«Адабиёт надур?» мақоласининг кишини лол қолдирадиган яна бир жуда муҳим томони шундаки, 16 ёшлик мунаққид адабиётнинг ижтимоий вазифасини таъкидлаш билан чекланмайди, балки унинг спецификасига, яъни образли табиатига алоҳида урғу беради. Ёш мунаққид учун адабиёт қуруқ ғоялар мажмуаси эмас, балки, биринчи навбатда, инсон руҳияти билан боғлиқ бўлган ҳодисадир. У одамларнинг шууригагина эмас, ҳис-туйғуларига ҳам таъсир этиши, уларни қувонтириб, ёҳуд маҳзун аҳволга солиб, шу орқали ижтимоий бурчини ўташи зарур. Чўлпон бу фикрларни ўзига хос образларда бундай ифодалаган:

«Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган, мажруҳ ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдурган, ўткир юрак қирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладурган, чанг ва тупроқлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдурғон булоқ суви бўлганликдан бизга ғоят керакдур».

Қадим-қадимлардан бери маълумки, бадиий асар чинакам санъат даражасига кўтарилмоғи учун унда ғоявийлик билан бадиийлик чамбарчас бирикиб кетган бўлмоғи керак. Бадииятсиз ғоявийлик адабиётни муқаррар ўлимга маҳкум этадиган рак касалига ўхшайди. Адабиёт фақат бадиияти орқалигина, яъни теран ҳаётий мазмунни, муҳим ҳаёт ҳақиқатини одамларни ҳаяжонлантирадиган, тўлқинлантирадиган бадиий шаклларда ифодалаганидагина жамият эҳтиёжини қондира оладиган қудрат касб этади. Буни яхши англаган Чўлпон бадииятнинг моҳиятини ўзига хос тарзда шундай уқдиради:

«…баъзи вақтда фалак бир одамни қайғуга солар, ул ўзи тушуниб, ўйлаб туриб, оҳ тортиб йиғлар. Бу ҳасратларни ўз ичига сиғдиролмас. Бировга айтса, «вой, бечора» дермукин деб, албатта, ўз қайғусини бировга айтмакка тилар. Туб тўғри айтганда ул қадар таъсир қилмас. Адабиёт ила айтганда, албатта таъсир қилар. Менинг бир ошнамнинг ўлдиги хабари келар. Мен ҳеч хафаланмайман. Бир вақтда мактуб келар, мактубда аларнинг кўрган кунлари адабиёт ила бундай ёзилур:

Гуллар била пок қайғули маҳзун боқурди,
Кўз ёшларимиз тўхтамай тун-кун оқурди.

Мана шуни ўқиб албатта, бир таъсир ила аларнинг қайғусига қўшилурмиз».

Чўлпон адабиётнинг янги ғоявий мазмуни учунгина эмас, айни чоқда унинг юксак бадиияти учун ҳам курашганида, албатта, ўша даврдаги адабий жараённинг хусусиятларига таянган. Маълумки, жадидлар XX аср бошларида маърифатпарварлик ғоялари билан суғорилган янги мазмундаги адабиёт яратдилар, аммо турли сабабларга кўра бу адабиёт ҳамма вақт ҳам юксак бадиият билан омухта бўлавермас эди. Шунинг учун бўлса керак, Чўлпон адабиётни еанъатга яқинлаштириш имконларини излади ва бунга эришишнинг энг чўғри йўли ҳаққонийликда деган хулосага келди. Ҳаққонийликнинг илдизлари эса халқчилликда. Адиб ёхуд шоир халқ ҳаётйнинг ичида бўлмоғи керак ва бу ҳаётнинг ҳамма замзамаларини акс эттиришга интилиши керак. Эҳтимол, ёш Чўлпон бундай қарашларга стихияли тарзда келгандир, лекин нима бўлганда ҳам, у «қалам аҳллари»ни халқ ҳаётига яқинроқ «аралашиб» юришга ундайди. «Адабиёт надур?»дан кейин ёзилган ва «Садои Туркистон» газетасининг 1915 йил 6 февраль сонида чоп этилган «Муҳтарам ёзғувчиларимизга» деган мурожаатномада Чўлпон шундай хитоб қилади:

«Муҳтарам қалам аҳллари миллий маишатни ёмон деб безмай, зоҳирда бўлса ҳам тўйларда, гапхоналарда, баччабозлар мажлисида, базмларда ва шунга ўхшаш миллатнинг энг танқид қиладурган ўринларида бирга аралашиб юрмаклари керакдурки, токи комил ўша одатларни китоб саҳифаларида чиройлироқ қилиб, ёзгундай бўлсунлар. Миллий маишатдан безган билан безилиб, кўмилиб кетаберадилар. Онда аралашиб юрулса, ондаги сўзларни, одатларни ўрганмоққа бўладурки, китоб бетларига кўчуриб ёзмоққа материалларнинг энг асллари халқ орасидан олинур».

Чўлпон инқилобдан кейин ҳам ўзининг эстетик принципларини шакллантириб борди. У кўпгина мақолаларида конкрет ижодкорлар мисолида ёки муайян асарлар таҳлили орқали реализмнинг турли-туман масалаларини ўртага қўйди. Жумладан, унинг мақолаларида талант ва ижодий меҳнат, ҳаётийлик ва ҳаққонийлик, самимият ва сунъийлик, матн устида ишлаш, бадиий тасвирнинг чинлиги ва рангдорлиги, табиат манзаралари ва психологизм каби масалалар қаламга олинган ва улар тўғрисида бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган қимматли фикрлар айтилган. Масалан, Чўлпон мақолаларидан бирида адабиётнинг «тугалланиши», яъни такомиллашишига катта эътибор бериб, бунга «адабиётга кира олмаган нарсаларни шафқатсиз суръатда майдондан ҳайдаш» билан ва бадиий асар тилини соддалаштириш орқали эришилар деб ҳисоблайди. Чўлпон «Чиғатой гурунги»га мансуб одамлар худди шу йўлда фаолият кўрсатганини айтади. Маълумки, бизнинг «совет» адабиётшунослигимизда бу ташкилот ҳамиша пантуркистик ташкилот сифатида, аксилинқилобий ғояларни олдинга сурган гуруҳ сифатида қораланиб келинди.

Бунинг натижасида биз бугун «Чиғатой гурунги» ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Бугунга келиб билганимиз шу бўлдики, «Чиғатой гурунги» ҳақида айтилган гапларнинг бари бўҳтон экан. Шунинг учун Чўлпон мақоласидан олинган қуйидаги парча шоирнинг чин адабиёт учун курашини кўрсатиш билан бирга, ўша тўгарак ҳақида қисман бўлса-да, маълумот беради: «…у жамиятга мансуб кишилар тилни соддалаштирмак мақсадини асос қилиб ушлаганлари ҳолда ўзбек адабиётининг тугалланишига ҳам катта аҳамият бердилар. Тугалланадурғон адабиёт чин адабиёт бўлмоғи керак. Шунинг учун улар адабий асарларга ҳақиқий қийматини бериб, адабиётга кираолмаған нарсаларни шафқатсиз сувратда майдондан ҳайдай бошладилар… «Чиғатой гурунги» асосини маҳкам қурғонлиғи ва чинакам тўғри чизғонлиғи учун ўзи йўқ кетса ҳам, ўзбекнинг янги адабиётида янги, порлоқ, шарафли саҳифалар очди ва очмоқда давом этадир».

1918 йилда Чўлпоннинг ўзи ҳам «Чиғатой гурунги», тўгарагининг фаол аъзоси бўлганини айтсак, «чин адабиёт» учун курашда унинг хизматлари аён бўлади.

Албатта, бизнинг мақоламизда Чўлпоннинг ҳамма адабий-танқидий мақолаларини тилга олиб, уларда кўтарилган масалаларни батафсил шарҳлаб чиқиш имкони йўқ, Бироқ янги ўзбек адабиёти учун унинг изчил кураши ҳақида гап борар экан, бир мақолани сира ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Бу «Улуғ ҳинди» деган мақола бўлиб, унда олға сурилган фикрлар ғоят принципиал қимматга эга.

«Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 7—8 қўшма сонида чоп этилган бу мақола бир қарашда жузъий масалага — буюк ҳинд шоири ва мутафаккири Рабиндранат Тагор сиймосини тарғиб қилишга бағишлангандай кўринади. Бироқ аслида эса Чўлпон Тагор баҳонасида ўзбек адабиётининг ривожи қай йўлдан бориши кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларини баён қилади. Мақолада Тагор асарлари идеал даражасига кўтарилган чинакам санъат намуналари сифатида талқин қилинган. Хўш, Чўлпон Тагор ижодини қай жиҳатдан идеал ижод деб билади? Шуниси муҳимки, Чўлпон бу тўғрида фикр билдирар экан, фақат ўзбек адабиёти ёҳуд ўзбек ёзувчиларинигина назарда тутмайди, балки, умуман, янги адабиётнинг XX аср бошларида адабиётга кириб келган Шарқ ёшларини назарда тутади. Чўлпоннинг назарида бу ёшлар «йўлсизлик» касалига чалинган. Қолаверса, Чўлпоннинг ўзи ҳам «йўлсизлик» дардидан кўп азият чекади. Нима учун? «Йўлсизлик» деганини қандай тушунмоқ керак? Чўлпон ёзади: «Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолғон шарқлик ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин: янгиси яна ширин: ғарбники тағин яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин? Афсуски, Чўлпон бу ўринда эски ва янги адабиётнинг «ширинлиги» нималарда ифодаланишини айтмайди, фақат мақола давомида ёшларнинг йўлсизлиги, «бошлаб ўзи йўлсиз» эканини айтиб, унинг моҳияти нимадалигига ишора қилади:

«Ўзимнинг йўлсизлигимдан бироз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқийман: бир хил, бир хил, бир хил… Кўнгил бошқа нарса қидирадир. Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқунбойларни ўқийман: қувонтирадир, холос! Улар менинг учун ёнгон чироқлар бўлса ҳам, менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳакимзодаларни ўқимайман, ўқимайман. Мени шу ҳолға солған ўшалар!…»

Бу парчада Чўлпон ўзбек намояндаларининг номларини тилга оляпти, уларнинг ижодида бир хиллик борлигидан, баъзиларида эса бундан ҳам жиддийроқ нуқсонлар борлигидан зорланяпти. Шу парчага қараб туриб Чўлпоннинг ўзбек классикларига салбий муносабати ёхуд менсимай қарагани ҳақида гапириш мумкинми? Афсуски, мен Чўлпон ҳақидаги рисоламда шунга яқинроқ гапни айтганман ва классикларимизни ўзимча Чўлпондан ҳимоя қилмоқчи, Чўлпоннинг ўзини ҳам ўз мақоласидан ҳимоя қилмоқчи бўлганман. Мана ўша парча:

«Ўйламанки бугун Чўлпоннинг бу хулосаси билан унчалик келишиб бўлмайди — классикларимизнинг ҳар қайсиси ўзига хос қиёфага, бир-бириникидан фарқ қилувчи услубга эга экан, оламни идрок этишлари ва олам ҳақидаги қарашлари билан ҳам, эстетик принциплари жиҳатидан ҳам бир-бирларини такрорламасликлари исбот қилинади. Лекин Чўлпон уларни «бир хил, бир хил, бир хил!» деб баҳолаётган экан, бунда Шарқ шеъриятининг ўзига хос баъзи сифатларини назарда тутаётган бўлиши мумкин».

Гап шундаки, Чўлпон бу мақолада фақат ўзбек адабиёти ҳақидагина мулоҳаза юритаётгани йўқ, балки у Шарқ адабиётидан ҳам, Ғарб адабиётидан ҳам кўнгли унча тўлмаслигини айтяпти, бу адабиётлар ё «ортиқча шарқлилиги» ёхуд «ортиқча ғарблилиги» билан таассуф туғдиринпши изҳор қиляпти. «Тўқайдан тортиб Қави Нажмийгача — татар адабиётини, Ҳодидан тортиб Ҳ. Жаводгача — озарбайжон адабиётини (Ҳусайн Жовидни ажратиб олиб қолдим!) Номиқ Камолдан Али Сайфига довур усмонли адабиётини ўқийман: ё ортиқча янгилик, ғарблилик ё ортиқча шарқлилик, фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган сўфийларча шеърларини ўқийман, шуларга дурустгина қонаман. Ундан кейин Яҳё Камолнинг «Сайдобод» руҳида баъзи нарсалари. Фақат улар шу қадар озки…»

Савол туғилади: нима учун Чўлпон бир варакайига ҳам ўзбек, ҳам татар, ҳам озарбайжон, ҳам турк адабиётларининг намуналаридан қониқмаслик туйғуларини изҳор этяпти? Менимча, бунинг бирдан-бир сабаби шундаки, Чўлпон Уйғониш даврининг одами бўлгани учун адабиётнинг ҳам янгича бўлишини хоҳлаган, Янги адабиёт Уйғониш даврининг моҳиятига мос келадиган, халқ ҳаётига яқинроқ турадиган адабиёт бўлмоғи керак. Ортиқча «шарқлиликка» ёки ортиқча «ғарблиликка» берилган адабиёт эса бу талабларга жавоб беролмайди. Хўш, нима қилмоқ керак? Адабиётни, «ширинликдан», «бир хилликдан» қутултиришнинг йўли қанақа бўлади? Чўлпон бу саволларнинг жавобини Тагор ижодидан излайди. Мунаққид Тагор асарларини ўқиб, «улардан қонганини» маълум қилар экан, бунинг асосий боиси деб Тагорнинг «Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтин кўприк» эканини айтади. Дарҳақиқат, Тагор ижоди тўлалигича Ҳиндистон заминида ўсиб-улғайган бўлса-да, бетакрор миллий рангларга эга бўлса-да, бу ижод миллий маҳдудликдан узоқ. У ўз ижодида ҳам миллий, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб анъаналарини бирлаштирди. Унинг шеъриятида ва романларида Шарққа хос шартлилик, кўтаринкилик, донишмандлик ҳам, Ғарбга хос психологизм, характерлар мантиғига амал қилиш, далиллаш ҳам бор. Бунинг оқибатида у ҳинд халқининг ҳаётини шундай тасвирладики, бу тасвир бутун жаҳон китобхонига — унинг миллати ва яшаш жойидан катъий назар — баравар таъсир қиладиган кучга эга бўлди. Юксак бадиият билан таҳлил қилинган умумбашарий муаммолар Тагор асарларига алоҳида теранлик ва ўзига хос фалсафийлик бахш этдики, худди шу сифатлар уларни Чўлпон учун бағоят жозибадор қилди.

«Улуғ ҳинди» мақоласида Чўлпон Тагордан олинган сабоқ сифатида яна бир масалани қўяди. Шу муносабат билан юқорида мақоладан келтирилган матн парчасидаги бир нуқтага диққатни жалб қилмоқчиман. Чўлпон бошқаларга қараганда Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳамза Ҳакимзода шаънига кескинроқ оҳангда гапиради, «мени шу ҳолга солган», «яъни «йўлсизликка» «мубтало қилганлар «ўшалар» деб, бир марта эмас, икки марта уларни «ўқимайман, ўқимайман» деб таъкидлайди.

Афсуски, бизнинг ўзбек «совет» адабиъатшунослигида Чўлпоннинг бу мулоҳазаси ҳам илмий асосда холисона таҳлил қилиниш ўрнига унга сиёсий айблар тақиш учун яна бир баҳона бўлди. Ҳатто «жиддий адабиётшунослардан бири» сифатида танилган Иззат Султон ҳам шу «далил» асосида Чўлпонни айблашдан тийина олмайди. «Бу ерда совет воқелигини сўзсиз ва изчил қабул қилган шоирларга салбий баҳо берганлиги (афтидан, Ҳамза ва Авлоний назарда тутиляпти, шекилли. Унда Тавалло билан Сиддиқий нима бўлади? — О.Ш.) Чўлпон «йўлсизлиги» нинг маъносини очиб беради: у ҳали шоир сифатида янги воқеликни тушунишга ва мадҳ этишга (!— О. Ш.) тайёр эмас».

Чўлпоннинг адабиётдаги «йўлсизликдан» қутулиш йўлларини излагани тўсатдан каттакон сиёсий айбга айланиб қолган. Ҳолбуки, Чўлпоннинг мақоласида на совет воқелиги, на инқилоб ҳақида гап кетаётипти, айрим шоирлар ҳақида кескинроқ руҳда гапирилаётган экан, буни Чўлпон уларнинг инқилобни «сўзсиз» қабул қилганлари учун эмас, бошқа сабаблар туфайли қиляпти. Маълумки, жадидлар адабиётдан жамиятни янгилаш жараёнида муҳим қурол сифатида фойдаланишган. Аммо айрим жадид ёзувчиларининг ижодида ғоялар тарғиботига кўпроқ эътибор берилиб, бадиият масалалари кейинги ўринларга тушиб қолган эди. Натижада санъатнинг энг муҳим шартларидан бири бўлмиш мазмун билан шакл бирлигига путур ета бошлаган, ғоявийлик бадиият ҳисобига устивор ўрин эгаллай бошлаган эди. Бу нуқсон на фақат Ҳамза, Сиддиқий ёхуд Авлоний асарларида, ҳатто жадидчилик ҳаракатининг энг йирик сиймоси Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодида ҳам кўзга ташланади. Афтидан, Чўлпон бу ҳодисани жуда чуқур ҳис қилган, унинг хавфини жуда аниқ англаган ва мақолаларида бунга қарши огоҳлантирган. Унинг айрим асарларни «ўқимайман» деб зорланишининг асосий сабаби ҳам шунда — бу асарларда ғояга урғу берилган-у, бадиият оқсаб қолган.

Шундай қилиб, Чўлпоннинг 20-йиллардаги бир қанча мақолаларида тилга олинган ва «Улуғ ҳинди» мақоласида анча тўлиқ ифодаланган масала — янги ўзбек адабиётини яратиш масаласи эди. Чўлпоннинг назарида бу вазифани муваффақиятли ҳал қилиш учун Тагордек буюк санъаткорлар тажрибасидан келиб чиқиб, Шарқ ва Ғарб санъатларини синтез қилмоқ ва мазмун билан шаклнинг уйғунлигига эришмоқ керак, зинҳор-базинҳор санъатни қуруқ ғоялар мажмуасига айланиб қолишига йўл қўймаслик зарур.

Афсуски, 20-йилларда ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам Чўлпоннинг бу хитоби ҳеч кимнинг қулоғига етиб боргани йўқ. Чунки совет ҳокимияти йилларида амалга оширилган адабий сиёсат — чинакам санъат намуналарини яратишдан кўра ёзувчиларни ҳукмрон мафкуранинг содиқ солдатларига айлантиришга қаратилган эди. Ёзувчи ўз «ёғига ўзи қоврйлиб, минг хил ижод изтиробларини кечириб, матн устида жон куйдириб ишлаб ўтириши шарт бўлмай қолганди — у «долзарб» мавзуни танласа, илғор ишчи ё садоқатли коммунистни қаҳрамон қилиб олса, халқлар дўстлигини улуғлаб, улуғ оғамизга мадҳиялар ўқиса, «ҳаётимиз фаровон, келажагимиз порлоқ, партияга минг раҳмат!» деган гапларни айтса кифоя эди. Бундай асар, бадиий савиясидан қатъий назар, ҳақиқий адабиёт деб баҳоланар, ортиқча тўсиқларсиз чоп этилар, бошқа тилларга таржима қилинар, ҳар хил мукофотлар-у унвонлар билан рағбатлантирилар эди. Бу сиёсат муқаррар равишда адабиётда «схематизм» деган даҳшатли иллатни туғдирди, ҳақиқий истеъдод эгаларини қадрсизлантирди, ўртамиёначиликка кенг йўл очди, санъат бобида талантсиз, лекин иғволарга, фисқу фасодларга, хушомад ва лаганбардорликка, замонага мослашишга устаси фаранглар, нафси учун виждонини сотишга тайёр одамлар сув бетида кўпикдек қалқиб юришига имкон, яратди. Афсуски, бу ғайритабиий, тескари ҳодисанинг оқавалари ҳозирги кунга қадар ҳам сирқиб ётипти. Чўлпоннинг зорланишларига ва огоҳлантиришларига эътибор бериб, ўша маҳалдаёқ бу ҳодисанинг олди олинганда, эҳтимол, аҳвол бошқача бўлиши мумкин эди, ўзбек, ёзувчиларининг асарлари ҳам ҳозиргидан кўпроқ даражада жаҳон миқёсида тай олинган ва танилган бўлармиди? Нима бўлганда ҳам, бизни ғоят қувонтирадиган жойи шундаки, шоир ва драматург, носир ва публицист Чўлпон танқидчилик билан ҳам жиддий шуғулланиб, бугун ҳам қимматини йўқотмаган асарлар мерос қолдирган. Унинг мақолалари бу улуғ инсоннинг чинакам халқ фарзанди бўлганини, миллат равнақи йўлида астойдил қайғуриб чолишганини, ўзбек адабйётининг том маънодаги юксак адабиёт бўлиши учун қимматли фикрлар баён қилганини кўрсатади. Чўлпон бу фикрларни баён қилиш билан, янги адабиёт яратиш йўлидаги мулоҳазаларини ўртага ташлаш билан чеклангани йўқ, балки ўзининг амалий ижодида бу эътиқодларга амал қилиб, ўзи ҳам «Ғарб ва Шарқ ўртасида олтии кўприк» бўладиган асарлар яратди.

 

* * *

Юқорида айтганимиздек, Чўлпон совет ҳокимияти йилларида фаоллик билан адабий-танқидий асарлар яратишда давом этди. Унинг мақолаларининг аксарияти 20-йилларда чоп зтилган. Албатта, бу мақолаларнинг ҳаммаси ҳам вақт синовига дош беролган эмас. Уларнинг бир қисми бугун аҳамиятини йўқотган. Лекин бу бизга Чўлпонга менсимай қарашга, унинг танқидий меросини назар-писанд қилмасликка заррача ҳам асос бермайди. Афсуски, бугун баъзи бир ўртоқлар Чўлпонга ёндашишда яна ўша эски даврдаги хатоларга, бир томонламаликка йўл қўймоқдалар. Авваллари Чўлпон фақат қораланиб келган бўлса, эндиликда уни салкам фаришта сифатида кўрсатишга интилмоқдалар. Бу йўл мутлақо хато ва ўта зарарлидир. Чўлпон буюк шоир, лекин у на авлиё, на фаришта, у жонли одам бўлган ва фавқулодда истеъдодига қарамай, жонли одамга хос заифликлардан ҳам холи бўлган эмас. Шунинг учун унинг айрим мақолалари жуда теран бўлса, айримлари мундоқроқ бўлишя мумкин, баъзи мақолаларда адабий ҳодисалар мукаммал ва холис баҳоланган бўлса, айримларида субъективликка йўл қўйилган бўлиши мумкин. Лекин уларнинг ҳаммаси бемустасно — қандайлигидан қатъий назар — биз учун жуда қимматлидир. Биз меросимизга, тарихий шахсларимизга, улуғ аждодларимизга холис муносабатда бўлмоқнн, яъни уларга беҳуда қора чапламаслик билан бирга илоҳийлаштирмасликни ҳам одат қилиб олмоғимиз лозим. Чўлпоннинг танқидий меросидаги «мундоқроқ» мақолалар бугун биз учун лоақал шуниси билан ардоқлики, уларнинг ҳар бирида Чўлпон сиймосининг бирор қирраси жилоланган. Бу мақолалардан биз Чўлпон характерини ҳам, унинг бадиий дидини ҳам, ижодий биографиясининг айрим томонларини ҳам ва ҳатто ғоявий қарашларини ҳам аниқлаб олишда фойдаланишимиз мумкин. Шунингдек, бу мақолалар Чўлпоннинг шўролар ҳукуматининг амалдаги адабий сиёсатига қандай муносабатда бўлганини тўлароқ тасаввур қилишимизда ҳам ғоят қимматли манба бўлади.

Фикримизни далиллаш учун мисолларга мурожаат қилайлик:

1927 йилда «Ер юзи» журналининг 6-сонида Чўлпоннинг «Яна уйланаман» деган мақоласи босилган. Сира кутилмаганда, бу мақола Чўлпоннинг ижодий биографиясидаги бир қоронғи нуқтани ёритишга ёрдам берди. Тадқиқотчилар баъзи манбалардаги маълумотларга таяниб, Чўлпоннинг шу номда пьесаси бўлганидан хабар топишган эдилар-у, аммо асарнинг матни бўлмагани учун пьеса ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас эдилар. Мен Чўлпон ҳақидаги рисоламда «бу пьеса ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ» деб ёзишга мажбур бўлгандим. Чўлпон ҳақида анча самарали тадқиқотлар олиб бораётган Наим Каримов ҳам «Чўлпон» деган китобчасида бу пьеса ҳақида умумий гаплар айтиш билан чекланади. Афтидан, Наим Каримов ҳам менга ўхшаб китобни ёзиш жараёнида ҳали Чўлпоннинг мақоласи билан танишиб улгурмаган кўринади. Мақолада пьеса тўғрисида анча муфассал маълумот бор экан:

«Юсуфжон акамнинг ҳар қаерда неча йиллардан бери айтиб келган бир ҳикояси бор. Унда бир имом-домланинг намоз вақтида ғалати ҳийла қилиб маҳалладан икки йиллик ҳақини ундириб олгани айтилади. Юсуфжон аканинг сўзлашида бир неча оғиздан ошмаған бу ҳикоя мазмун ва мавзу жиҳатидан қизиқ ва бойдир. Режани яхши чизиб, уни бир адабий ҳикояга айлантирганда гўзал нарса чиқар эди. Мен шундай қиларман, деб ўйлаб юрардим.

… Свердлин бир мустақил асар қўймоқчи бўлди ва студиянинг кўрсатиши бўйича менга йўлиқди. Мен унга Юсуфжон акам ҳикоясининг қисқагина мазмунини айтиб бердим. Маъқул бўлди ва боши-кетига кўринишлар қўшиб, тезлик билан ёзиб беришни буюрди. Ана шу билан «Яна уйланаман» деган 3 парда 7 кўринишли асар майдонга келди».

Бу асар Москвадаги ўзбек драмтеатр студиясида ўқиётган артистлар томонидан саҳналаштирилган ва 1926 йилда жамоатчиликка намойиш қилинган экан. Яна шуниси эътиборга лойиқки, бу спектакль ҳақида «Правда» газетасининг 1926 йилдаги 92-сонида шу газетанинг театршунос муҳаррири Февральскийнинг тақризи ҳам босилган. Чўлпон мақоласида бу тақриздан парча келтиради. Мақола охирида эса «бу асарнинг мирзоси» сифатида «Юсуф акага, Свердлинга, чолғи раҳбари Мироновга» миннатдорчилик билдиради. Кўринадики, бир қарашда жўнгинадай туюлган мақола Чўлпоннинг драматурглик фаолияти ҳақидаги тасаввуримизни тўлатиш билан бирга, «Яна – уйланаман»нинг ижодий тарихи, Чўлпоннинг рус санъаткорлари билан ҳамкорлиги тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар беради.

Чўлпон мақолалари билан танишганимизда уларнинг муаллифи кўз ўнгимизда қизиқиш доираси ниҳоятда кенг, савияси юксак, ғоят кўп ўқийдиган ва кўп нарса биладиган жуда маърифатли, фавқулодда маданиятли одам сифатида гавдаланади. Албатта, Чўлпон ҳақида ёзган тадқиқотчиларнинг ҳаммаси унинг форс, араб, турк, озар, татар, ҳинд адабиётлари билан бир қаторда Оврўпа ва рус адабиётини мукаммал билганини таъкидлашади. Шулардан хабардор одам Чўлпоннинг китобхонлиги ёхуд савиясинйнг юксаклиги ҳақидаги унча-мунча гапга ҳайрон қолмаслиги керак. Шундоқ бўлса-да, айрим мақолаларида Чўлпоннинг маданий, маърифий қиёфаси шунақа қирралари билан намоён бўладики, бунга лол қолмасдан илож йўқ. Юқорида Чўлпоннинг «Улуғ ҳинди» деган мақоласини тилга олдик. Ўша йили яъни 1925 йилда «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 11—32-сонида Тагор ҳақида унинг яна бир мақоласи босилган. Табиийки бу мақолаларни ёзиш учун муаллиф Тагор ижоди билан танишиб, унинг тўғрисидаги мақолалар ёҳуд китоблардан ҳам хабардор бўлмоғи керак. Чўлпон бу талабга амал қилган, албатта, лекин бу билан чекланмай, том маънода илмий тадқиқот ишларини олиб борган, мақолаларни бир-бирига таққослаган, ҳатто бирор муаллифнинг мақоласи бир неча жойда босилган бўлса, уларнинг матнлари ўртасидаги фарқни ҳижжалаб аниқлаб чиққан. Қуйидаги парчани ўқисангиз, бунга ўзингиз амин бўласиз:

«1925 йилда Москвада боеилган қимматбаҳо ва жуда яхши бир китоб бор, исми «Ҳиндистон истиқлоли учун кураш йўлида». У китоб мақолалар мажмуасидан иборат бир нарса бўлиб, Полович, Горко-Крашин ва Вальтман каби шарқиёт олимлари аралашқонлар. Ушанда Вальтманнинг «Тагор ва Ҳиндистон» деган 23 саҳифалик катта бир мақоласи бор. Худди ўша мақоланинг ўзи бош-оёғи бироз қирқилган ҳолда мундан бир ярим икки ойлар олдин «30 кун» («30 дней») деган ойлик бир мажмуада ҳам ўртоғимиз Вальтманнинг имзоси билан «Ҳинд тасвирлари» («Индийские силуэти) сарлавҳаси остида босилиб чиқди. Агар янглишмасам, ўша мазмун ва ўша мафҳум бундан бир йилча бурун «Янги шарқ» («Новый Восток») мажмуасида ҳам яиа ўша имзо билан ўтиб эди».

Кўряпсизми, биргина китоб билан чекланиш мумкин бўлган ҳолда Чўлпон бундай қилмайди, балки ҳар мақоланинг қаерда неча марта эълон қилинганигача айтяпти. Буни айтиш учун билиш керак, матбуотни мунтазам кузатиб бориш керак. Бунга эса ҳам вақт керак, ҳам қунт керак, ҳам китобхон олдида чуқур масъулият ҳиссига эга бўлмоқ даркор. Қани энди Чўлпондаги шу пухталик, кузатиш ва мулоҳазаларни обдон пишитилган пойдеворга қуриш хусусияти бугунги танқидчиларимиз учун бир ўрнак бўлса!

Чўлпоннинг пухталиги ва билимдонлиги яна бошқа кўпгина мақолаларда мана ман деб кўриниб туради. «Маликаи Турандот» мақоласини олайлик. Чўлпон итальян драматурги Карло Гоццининг бу машҳур асари итальян халқ комедияси анъаналари асосига қурилганини таъкидлайди-да, кейин шу анъаналар нималарда кўриниши тўғрисида атрофлича мулоҳаза юритади. Шу аснода Чўлпон Италияда оддий халқ ўртасида Панталоне, Труфальдино, Биригалла каби қизиқчилар бўлганини, улар яратган анъаналар ғоят самарали эканини маълум қилиб, бу қизиқчилар образлари янги сифатлар билан бойитилган ҳолда Гоцци асарига кўчгани ҳақида мулоҳаза юритади. Чўлпон бу билан қаноатланмайди. Мақолада, «Маликаи Турандот»ни зўр маҳорат билан саҳналаштирган, оламдан бевақт кўз юмган Вахтанговнинг ижоди тўғрисида, унинг режиссерлик талқинлари хусусида, умуман, бу атоқли санъаткорнинг режиссура соҳасига қўшган ҳиссаси ҳақида батафсил фикр юритилган. Бу мақола қаторида Чўлпоннинг Меерхольд ҳақидаги мақоласини ҳам эсласак, унинг 20-йилларда жаҳон театр санъатида содир бўлаётган жараёнлардан яхши хабардор экани, ундаги турли-туман йўналишлар, хилма-хил услубий принциплар тўғрисида тугал тасаввурга эга бўлгани аён бўлади.

Шунинг учун ҳам Чўлпоннинг кўпгина мақола ва тақризларида ўша давр адабиёти ҳақида билдирган мулоҳазалари, айрим асарларга берган баҳолари, таҳлил ва талқинлари алоҳида салмоқ касб этади.

Чўлпоннинг адабий-танқидий мероси бугун яна бир жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Маълумки, совет ҳокимияти йилларида 1927 йилдан бошлаб роппа-роса 50 йил мобайнида ҳукмрон мафкура муҳиблари Чўлпонни ашаддий миллатчиликда айблаб келдилар. Гўё унинг бутун ижоди миллатчилик оғуси билан заҳарланган, гўё у ҳамиша рус халқига, унинг маданияти ва адабйётига қарши чиққан, халқларнинг ўзаро ҳамкорлигини, дўстона алоқаларда бўлишини кўролмаган, гўёки у ўзбек халқини бошқа халқлардан ажралган ҳолда ўз қобиғига ўралиб олиб яшашга ундаган ва ҳоказо, ва ҳоказо… Чўлпон ижоди билан танишганда, хусусан, унинг мақолаларини ўқиганда бударнинг бари беҳаё туҳматдан, ашаддий бўҳтондан бошқа нарса эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз. Аксинча, Чўлпоннинг бутун ижоди каби адабий-танқидий мақолалари ҳам шундан далолат берадики, шоир ҳамма халқларни бирдай ҳурмат қиладиган, уларнинг маданий бойликларини қадрлайдиган, анъаналарини эъзозлайдиган чинакам байналмилалчи инсон бўлган. У мақолаларида турли халқларнинг адабиётдаги ютуқларини, санъатдаги муваффақиятларини қувониб, яйраб тарғиб қилган. Чўлпон турк ва ҳиндилар, озарлар ва татарлар, форслар ва тожиклар ҳақида қандай эҳтирос билан қалам тебратса, руслар ҳақида ҳам, итальян, француз, инглиз, хитой адабиётининг намояндалари ва намуналари тўғрисида ҳам шундай тўлқинланиб, ҳаяжонланиб, тўлиб-тошиб ёзган. У фақат Пушкин ёхуд Толстой каби классиклар, ёки Меерхольд ва Вахтангов каби улуғ режиссерлар тўғрисидагина эмас, Горький, Леонид Андреев, Лидия Сайфулина каби адиблар ҳақида ҳам мароқ билан қалам тебратган. Шундай экан, турли халқларга, уларнинг маданиятига, ўзининг ҳурмат-эҳтиромини намоён этаётган одамни миллатчи деб бўладими? Йўқ, албатта.

Энг муҳими шундаки, Чўлпон ўзбек адабиётининг истиқболи ҳақида қайғурар экан, уни дунёнинг илғор адабиётлари қаторига кўтариш йўлларини ўйлар экан, бу йўлни фақат бир нарсада — ҳам Ғарб, ҳам Шарқ адабиётидаги етакчи анъаналарни ижодий ўзлаштиришда, уларнинг бой тажрибаларига таяниб иш юритишда деб билади. Чўлпон бу ғояларини 20-йиллардаги мақолаларида бир эмас, бир неча марта изчил баён этган. Масалан, «Ота-бола санъаткорлар» деган мақолада Матёқуб ва Матюсуф Ҳарратовлар ижоди ҳақида гапиради-ю, йўл-йўлакай Оврўпа музикасидан ўрганиш масалаларини ҳам қўяди. Бу ўрйпда ҳам Чўлпон ўзига хос теранлик билан иш тутади — у Оврўпа музикасидан қунчаки хўжа кўрсинга ўрганишни рад этиб,. масаланинг нозик томонларини ҳам ёритади: «Бизга Оврўпа музика билими ҳам керак», —деб ёзади Чўлпон. Фақат, «Оврўпа музика билими бошланғич назариядан (нота ўрганишдан) иборат эмас, унинг гармония (оҳанг илми), контрпункт сингари жуда муҳим, лекин оғир поғоналари бор. Оврўпа музика билими зинасинииг биринчи поғонасига қадам қўйганлар нариги поғоналарга ҳам тирмашиб чиқмасалар чала билим билан музика соҳасида кўп нарса қилолмайдилар».

Айни чоқда, Чўлпон ижод соҳасида, театр санъати соҳасида Шарқ ҳам бениҳоя бой, ранг-баранг тажрибага эга эканини таъкидлаб, ундан баҳраманд бўлиш, уни ижодий ўзлаштириш энг зарур вазифалардан эканини кўрсатади. «Мей Лан Фон» деган мақолада Чўлпон Хитой классик санъатининг биз учун ибратли томонларини ажратиб кўрсатади: «Мей Лан Фоннинг театри жудаг зиёли театр. Унинг директори билан директор ўринбосари профессор даражасига эга бўлган санъат олимлари Мей-Лан Фонни ўзини ҳам доктор деб атайдилар. Бу — минг йилларнинг театри, бу — анъана театри, бу — юксак санъат театри. Биз эса ҳали шакл жиҳатидан ёшмиз. 15 йиллигимизни энди ўтказдик».

Бошқа халқларнинг адабиёт ва санъатидан ўрганишга даъват этувчи, уларга нисбатан эҳтиром туйғуларини уйғотишга қаратилган бундай парчаларни Чўлпон ижодидан кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг бари Чўлпоннинг миллатчилиги ҳақидаги сафсаталарни рад этувчи далиллардир.

Ҳа, Чўлпон ҳақиқий байналмилалчи эди. Айни чоқда байналмилалчилик унга буюк миллатпараст бўлишга халақит берган эмас. Аксинча, Чўлпон табиатидаги бу икки жиҳат бир-бирини тақозо этган, бир-бирига таянган, бир-бирини тўлдирган. Чўлпон ўз халқини жуда севар эди, чунки унинг бугуниии ҳам, ўтмишини ҳам жуда яхши биларди. Чўлпон дунёдаги биронта халқни камситмаган ҳолда ўзбек халқини бой тарих яратган, дунёга буюк санъаткорлар, шоирлар, олимлар, мутаффаккирлар етказиб берган халқ деб биларди. Баъзи бир оврўпалик калтафаҳм ва бефаросат одамлар ўзбекларнй «осиёлик» деб таҳқирлаган, уларни ярим ёввойи тарзда ҳаёт кечирадиган маданиятсиз нодонлар деб чуввос солган, «майда миллат» деб пастга урган бир шароитда Чўлпон бу халқнинг мислсиз маданияти, жуда бой руҳияти, букилмас эътиқоди ва пок имони, мазмундор тарихи учун ифтихор қилди ва бу ифтихорни кўпгина асарларида, шу жумладан, танқидий мақолаларида баралла айтишдан чўчимади. Табиийки, Чўлпоннинг оташин миллатпарварлиги уни миллат истиқболи учун қайғуришга ундарди, шунинг учун у миллат баданидаги ҳали ўчмаган кишан излари ҳақида фиғон қилар, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка бошига кўланка ташлаб турган қора булутлардан нафратланар, на оҳи, на фарёди €ор, сустлашган юракларни эрк учун, инсоний қадр-қиммат учун курашга чорларди. Бир замонлар Пушкин ўз сози билан одамлар қалбида эзгулик туйғуларини уйғотганидек Чўлпон ҳам эзилганлар ва таҳқирланганлар юрагида эркка иштиёқ туйғуларини уйғотди. У мақолаларида ҳам халқ қалбида миллий ифтихор туйғуларини уйғотишга алоҳида эътибор берди, бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилди. Негаки, миллий ифтихор туйрусидан маҳрум одам ўзлигини танишга интилмайди, ўзлигини танимаган одам эса инсоний қадр-қиммат учун курашмайди.

Чўлпон 1924 йилда ёзилган «500 йил» мақоласида ўзбек адабиётчилари ичида биринчи бўлиб Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини ўтказиш масаласини қўяди ва биринчи марта ўлароқ Алишер Навоийнинг даҳо санъаткор экани тўғрисида мулоҳаза юритади. Чўлпон ўзбек халқининг Алишер Навоий тимсолида жаҳон маданияти хазинасига жуда катта Ҳисса қўшганини таъкидлайди ва фикрини далиллаш учун машҳур турк ёзувчиси Шамсиддин Самибекнинг асарларига мурожаат қилади. Шамсиддин Самибек Алишер Навоийни «усмонли адабиётнинг энг улуғ вакили бўлғон Фузулийдан» юқори қўйган экан. Ўз адибларига 5—6 асрлик бир тарих яшата олган халқлар унча кўп эмаслар» деб таъкидлайди Чўлпон. Айни чоқда, ўзи ифтихор қилиш билан чекланмай, бутун халқни ҳам ғурурланишга ундайди, ўзннинг буюк сиймоларини эъзозлашга чақиради ва бу борада бошқа халқлардан ўрнак олишга даъват этади: «Ватандошларимиз руслар Пушкиннинг ҳар беш йили учун катта байрамлар ясайдилар, Ғарбда эса бундай байрамлар жуда катта тантаналар билан ўтказилади». Бундай миллатпарастлик руҳи билан суғорилган даъватлар Чўлпоннинг бошқа мақолаларида ҳам кўп учрайди. Масалан, «Мирзо Улуғбек» деган мақоласида туб-жой халқи бундай улуғ сиймоларни етарли ардоқламаслиги тўғрисида таассуф билан ёзади-да, уларни муносиб тақдирлаш масаласини қўяди: «Туркистон халқи, айниқса, биз тубжой халқ ўзимизнинг шу олим кишиларимизни сира эсга олмаймиз. Унинг номига биргина, кичкина бўлса ҳам хотира, нишона йўқ. Шаҳарларда очилган мактаблар билангина у улуғ олимни тақдир қилдик деб айта олмаймиз. Сира, сира айта олмаймиз».

Чўлпоннинг ҳасрат тўла бу сўзлари бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Биз бугун ҳам бой маданий меросимизни қадрлашни, авайлаб асрашни, у билан ич-ичдан ифтихор қилишни ўрганиб олганимиз йўқ. Сўнгги йилларга қадар ҳам бир буюк олимни подшо деб, иккинчисини ҳукмдор деб, яна бирини диний-мистик деб, тўртинчисини реакцион деб чиқитга чиқариб келдик. Ҳолбуки, уларнинг ҳар бири истаган халқнинг маданиятига ҳусн бўла оладиган сиймолар эди. 1992 йилнинг охирида Маданий ёдгорликларни сақлаш жамиятининг съезди бўлиб ўтди. Съездда қилинган маърузаларда ҳар қандай одамни ҳам ларзага соладиган бир факт таъкидланади—сўнгги йиллар мобайнида ҳар хил сабабларга кўра минглаб ёдгорликларимиз бутунлай йўқ бўлиб кетипти. Демак, ҳали ҳам маданий меросимиз миллатнинг мулки, халқ бойлиги экани ҳақидаги фикр бутун вужудимизга сингиб, эътиқодимизга айланиб кетганича йўқ.

Чўлпонда миллий ифтихор туйғуси шу қадар ўткирки, у бирон ўринда миллат шаънига айтилган таҳқирли гапларни назардан қочирмайди. Биринчи қарашда, бундай таъналар ёхуд пичинглар ҳар қанча арзимас кўринмасин, Чўлпон улар ҳақида ўз мулоҳазаларини айтади, ва яранинг газак олишининг олдини олгандай бўлади. Бир мисол келтирайлик. Чўлпоннинг 1924 йилда ёзилган ва «Фарғона» газетасида босилган бир мақоласи бор. «Қаламнинг тойилиши» деб аталган бу мақола адабий-танқидий мақола эмас, бироқ у Чўлпоннинг ўз халқининг миллий туйғуларини, шаънини нечоқли сезгирлик ва ҳушёрлик билан ҳимоя қилганини яхши кўрсатади. Мақоланинг ёзилишига сабаб бўлган воқеа шуки, Москвада Главхлопком деган ташкилот пахта ҳақида бир китоб чиқарипти-да, унда «русский хлопок» деган ибора қўллапти. Тошкентда чиқадиган «Туркестанская правда» газетаси эса бир мақолада «Русский Памир» деб ишлатипти. Шунга ўхшаш биринчи қарашда ғайри мантиқий кўринган, аслида эса баъзи бир шовинистларнинг ўзбек халқига менсимай қараши, Туркистонга отасидан қолган мулкидай муносабатда бўлишини ифодаловчи иборалар Чўлпонни қаттиқ ғазаблантиради. «Русский хлопок» дейиш мумкин бўлса, нима учун «русский Туркистан» дейиш мумкин бўлмасин?» дея истеҳзо билан сўрайди Чўлпон ва мақола давомида рус чоризмининг мустамлакачилик сиёсатини оқлашга уринувчиларни қаттиқ фош қилади. Чўлпон ўз мақоласида Туркистон иқтисодий шўроси чиқарган «Статистический ежегодник»дан қуйидаги парчани келтиради: «Туркистонни олган рус подшолари уни мустамлака қилмоқ учун муайян режа билан иқтисодий зарурат орқасида олғонлари йўқ. Балки Россияга чегарадош бўлғон қабилалар рус савдо карвонларини талаб, ҳа деб бесаранжом қила бергандан кейин, шуларни босамиз деб айланашиб келиб қолғон». Чўлпон чоризмнинг бунақа ҳимоячиларини фош қилар экан, Туркистоннинг мустамлака бўлганини октябрь идеологлари ҳам тан олганини эслатиб ўтади. Чўлпон бошқа масалаларда ҳам, жумладан, маданият борасида ҳам халққа ўринсиз таъналар қилувчи, асоссиз равишда унинг «нодон»лиги ёки «маданиятсизлиги» ни пеш қилувчи одамларни ҳам танқид қилади. Бунда ҳам Чўлпон учун арзимайдиган гап йўқ, у йўл-йўлакай айтилган гап-сўзларга жавоб беришни ҳам бурчи деб билади. 20-йилларда ҳам баъзи спектаклларга томошабин кам қатнаган кўринади. Шу сабабдан бўлса керак, «халқ театрга юрмайди» деган гап тарқалиб, айбни маданий савиянинг паетлигига қўймоқчи бўладилар. Чўлпон бунга кескин жавоб беради: «Халқ театрга юрмайдир» деган гап тўғри эмас. Халқ юрадир. Лекин театр-томоша исмида бўлатурғон қўғирчоқ ўйинларига, ўз руҳига ёт бўлган, унга англашилмайтурган таржималик «ғарбий» асарларга юрмаса ҳақи бордир. Йўқ эса, ўзини қизиқтирадиган заминларда ёзилган ва яхши ўйналатурғон томошаларга халқ юрадир».

Чўлпоннинг миллатпарастлиги, миллий ифтихор туйғусининг ўткирлиги унга маданият, санъат, адабиёт ходимларини объектив баҳолашга халақит берган эмас. Керак ўринларда Чўлпон маданий сиёсат бобидаги нуқсонларни кескин танқид ҳам қилган, халқ турмушидаги, урф-одатларидаги, дидидаги кемтикларни очиқ айтишдан ҳам сира тортинган эмас. Демак, Чўлпоннинг 20-йиллардаги мақолаларида намоён бўладиган миллатпарастлиги шунчаки ғайри шуурий, стихияли, «биологик» туйғу бўлган эмас. Ундаги миллий ифтихор туйғуси реал замин асосида шаклланган туйғу ва у ўз навбатида Чўлпоннинг байналмилалчилигига қанот бўлган.

* * *

1935 йилда «Гулистон» журналида Чўлпоннинг «Ашулага ишқибоз» деган мақоласи босилди. Бу мақола истеъдодли ёш хонанда Ҳалима Носировага бағишланган эди. Чўлпон Ҳалимахоннинг қўшиқчилик санъати ҳақида теран бир самимият билан завқланиб ҳикоя қилар экан, уни порлоқ истиқбол кутаётганини башорат қилади. Чиндан ҳам Чўлпоннинг башорати тўла амалга ошди — кейинчалик Ҳалима Носирова ўзбек санъатининг энг порлоқ юлдузларидан бири бўлиб қолди. Аммо гап ҳозир бу тўғрида эмас. Мақолани ўқиётган бугунги китобхон бир нуқтага етади-ю, равон йўлда бехосдан қоқилиб кетган одамдай сапчиб тушади: «Инқилобнинг файзли қўллари тегмаса, Ҳалима бугун кўриб турганимиз талантли бошқа кўп ноёб талантларимиз сингари тўрт девор орасида қолиб, забун бўларди».

Ғалати гап-ку? «Инқилобнинг файзли қўллари» нима дегани? Наҳотки Чўлпон ҳам истеъдоднинг рўёбга чиқиш-чиқмаслигини инқилоб самарасига боғлаб қўйса? «Ҳаётда нимаики ижобий нарса бўлса ҳаммасига Октябрь шарофати билан эришдик», деган гап совет ҳокимияти йилларида кенг сингдирилгаи бир афсона-ку?! Наҳотки Чўлпондай одам ҳам шу афсонага лаққа тушган бўлса, наҳотки у ҳам ўз эътиқодларига хиёнат қилиб, Шўронинг дўмбирасига ўйнаган бўлса? Ёки бундай муросасозлик Чўлпон мақолаларида фақат бир марта учрайдиган тасодифмикан? Ундай десак, бунга ўхшаш мулоҳазалар бошқа мақолаларда ҳам учраб қолади. Масалан, «Эпизодик роллар устаси» (1934) деган мақолада, Чўлпон «яхши театрлар ёлғиз «катта» ролларда ўйновчи актёрлар билангина яшамайди», деган тўғри мулоҳазани айтади-да, сира кутилмаганда ва бирон-бир ички заруриятсиз давом этади: «Айниқса, бизнинг буюк элимизда!.. Ғарбда санъаткор тақдир этилмак учун мутлақо «юлдуз» бўлмоғи керак, ё гўзал хотин! Бизда эса ҳар кимнинг қуввати ва қудрати истеъдод ва ҳунарига яраша жой ва ҳурмат таъмин этилган!»

Бундай таққослар совет ҳокимияти йилларида жуда кенг тарқалган бўлиб, «кеча ва бугун», «бизда ва уларда» деган шаклларда қилинар ва ҳар гал «кеча ёмон эди, бугун яхши», «уларда ёмон, бизда зўр» деган мазмунга эга бўларди. Бу ҳам ҳукмрон мафкура томонидан совет турмуш тарзинпнг «улуғлиғи»ни тасдиқлашга хизмат қилувчи сохта ривоятлардан бири эди. Хўш, буни қандай тушуниш керак? Демак, Чўлпон ҳам ҳукмров мафкуранйнг хизматини қила бошлаган экан-да?!

Албатта, юқоридагига ўхшаш парчалар бугун бизга эриш туюлади, бизнинг Чўлпон ҳақидаги бугунги тасаввуримизга тўғри келмайди. Лекин бунда бевосита Чўлпоннинг айби йўқ. Бунга кўпроқ биз — адабиётшунослар айбдормиз. Чўлпонга нисбатан ўтмишда йўл қўйилган адолатсизликлар ва жабр-зулмни бироз бўлсада ўртадан кўтариш учун бугунги адабиётшунослар Чўлпонга алоҳида меҳр-муҳаббат билан иш юритмоқдалар. Бу муҳаббат мутлақо қонуний ва ўринлидир. Бироқ айрим ўринларда муҳаббат зўрайиб кетиб, объективликка путур етказиб қўяётганга ҳам ўхшайди. Биз баъзан фактлардан ҳам кўз юмиб, Чўлпонни идеаллаштиришга, ўзи яшаган заминдан узиб олиб, замонавийлаштиришга, ҳаракат қиляпмиз. Бунинг оқибатида бугун бизда Чўлпон ҳақида муайян тасаввур шаклланиб қолди. Унга кўра Чўлпон ҳеч қачон совет воқелигини қабул қилмаган, ҳеч қачон ҳукмрон мафкура таъсирига берилмаган, замонасозлик қилмаган, тузум билан муросаи мадорага бормаган. У яккаш миллатпараст бўлган, яккаш исёнчи бўлган ва совет тузумини ағдаришга чақириб ўтган. Менимча, Чўлпонни бундай қиёфада кўрсатиш уни сохталаштиришдан, пардозлаб, жонли одам қиёфасидан маҳрум қилишдан бошқа нарса эмас. 70 йил мобайнида ҳукмрон мафкурага сидқидилдан хизмат қилган адабиётшунослик «илми» адабиётимиз тарихида етарли даражада сохталаштириб келди. Шоирлар ва адиблар сийратини эса пардозлаб, авлиё сифат қилиб тасвирлади. Бунинг натижасида адабий жараён ҳақида ҳам, ёзувчи ва шоирлар тўғрисида ҳам бир томонлама нотўғри ва ҳатто сохта тасаввурлар шаклланди. Сўнгғи йиллардагина бу илмда ҳаққонийлик ва холислик принципларига амал қилиш имконига эга бўлдик. Шундоқ экан, бугун эски хатоларни такрорламаслик керак, ҳатто яхши ният билан бўлса-да, Чўлпон ва унга ўхшаб санъаткорларни идеаллаштирмаслигимиз зарур. Ҳақиқий истеъдод эгаси ҳеч қачон жўнгина формулага тушадиган юзақи одам бўлмайди. Унинг ҳаёти ҳамиша ошкора ва пинҳона курашга, кашфиётларга ва йўқотишларга», драмалар ва фожеаларга тўла бўлади. Чинакам истеъдод эгаси мунтазам изланишда бўлгани учун, ҳамиша ҳақиқат қидириб яшагани учун бирда инсоннинг улуғлиги олдида боши кўка етгунча ғурурланиб кеккайса, бир-да инсоннинг разолати ва тубанлиги қаршисида ҳафсаласи пир бўлиб, умидсизликка тушмоғи мумкин. Ҳақиқий адабиётшунослик эса санъаткор шахсиятидаги ана шу мураккабликни, силжишларни, кўтарилиш ва тушишларни, фазилатлар ва қусурларни топиб кўрсата билмоғи лозим. Одамларга санъаткорнинг юзида холи бўлганми-йўқми, неча марта уйланган, маишатни яхши кўрганми-кўрмаганми каби тафсилотларнинг унча қизиғи йўқ, аммо замон тегирмони санъаткорни эзиб юбордими ёхуд санъаткор ундан устун келдими, у инсон ҳақида қандай изланди ва бу изланишлари жараёнида қандай изтиробланди, унинг маънавияти қандай босқичларни бошидан кечирди — мана бу масалалар ҳамма учун ибратли. Шунинг учун Чўлпонни ҳам реал шахс сифатида, инсонга хос фазилату нуқсонлардан холи бўлмаган одам сифатида қабул қилмоғимиз керак. Муайян замонада, муайян жамият қўйнида яшаган ва табиийки, бу жамиятдан ташқарига чиқиб кетолган эмас. Чўлпонга объектив ёндашиш, унинг шахсиятиии, ижодини холисонлилло баҳолаш уни мутлақо камситмайди, балки бизнинг юракларга яқинроқ қилади. Шундоқ экан, Чўлпоннинг бадиий ижодидаги ёхуд адабий-танқидий мақолаларидаги ҳукмрон мафкура ғояларига ён берилган ўринларни, Чўлпон ижодининг бошқа саҳифаларига зидроқ келадиган парчаларни кўрганда бир сапчиб тушиб, унинг номига маломат тошларини отишга шошилмаслик керак. Билъакс, уни тушунмоққа ҳаракат қилайлик. Бу мулоҳазалар фақат Чўлпонга эмас, балки Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир каби кўп йиллар мобайнида адабиётимизнинг чинорлари ҳисобланиб келган, кейинги йилларда эса ўринли-ўринсиз таъна-дашномларга рўпара келаётган одамларга ҳам тааллуқли.

Чўлпон ҳам бошқа кўпгина истеъдод соҳиблари каби совет ҳокимияти йилларида тўрга илинған балиқдай ҳукмрон мафкура домига илиниб, ундан қутулиш илинжида таҳликада типирчилиб яшашга мажбур бўлган. Айниқса, большевиклар тузуми мурватларни қаттиқроқ бураганда, тизгинлар қаттиқ тортилганда чўлпонлар омон қолмоқ учун замона зайлига қараб иш юритишга мажбур бўлган. Агар 20-йилларнинг бошларида ҳали адабиёт ва санъат соҳасида нисбатан жиндай эркинлик мавжуд бўлган бўлса, ҳали адабиётда бир-биридан фарқ қилувчи оқимлар яшаётган ва улар бир-биридан фарқ қилувчи ғояларни олға сураётган бўлса 20-йилларнинг иккинчи ярмида жиндай-жиндай тоза ҳаво кириб турган тешиклар батамом ёпиб ташланади. Айниқса РКП(б) Марказий Комитетининг 1925 йил 18 июнь қароридан кейин «пролетар адабиётининг гегемонлиги» учун кураш жуда қизғин тус олди, Бунинг оқибатида ижодда ҳар қандай эркинликка чек қўйилди. Янги пайдо бўлган РАПП ташкилоти ҳам ўзининг вульгар социологик қарашлари билан ҳукмрон мафкуранинг тегирмонига сув қуйди. «Мафкуравий соғломлик учун», «Ет мафкураларга қарши кураш» шиори остида адабиётдаги ва санъатдаги ҳар бир мустақил куч, ҳар бир йилт этган истеъдод эгаси шафқатсиз тазйиқ остига олина бошлади. Бунга бўй бермаган, бўлар-бўлмас ривоятларни, ёлғон-яшиқ афсоналарни қабул қилмаган адабиётчилар боши устида эса ҳеч муболағасиз ўлим хавфи қанот ёза бошлади. Ҳукмрон мафкура ўз ақидаларини НКВД-ю, ГПУлар орқали зўрлик билан, қурол кучи билан ўтказа бошлади. Бундай шароитда ҳар қандай ижодкор ҳам табиий равишда жонини сақлаб қолиш йўлларини қидира бошлайди. Баъзилар кўпроқ, баъзилар камроқ даражада замонасозлик йўлига ўтади. Шулар қаторида Чўлпон ҳам бор эди. Хўш, бунинг учун Чўлпонни қоралаш мумкинми? Нега у мардона равишда ўзини ўққа тутиб бермади? — дея унга таъна қилиш мумкинми? Менимча, йўқ. Чунки ўз-ўзини сақлаш инстинкти —инсоният табиатида, қонида, шуурининг аллақайси пинҳона пучмоқларида. Ҳар қандай одам ҳам хатарга, ўлим хавфига дуч келганда, ҳатто истамаса ҳам, ҳимояланиш, ўзини асраш йўлига ўтади. Ижодкор одам ҳам бундан мустасно эмас. Буни ўз эътиқодидан чекиниш деб қараш керак эмас. Чўлпон эътиқодидан чекингани йўқ. Аввало, шуни айтиш керакки, мустабидлик тузуми авж олиб, ҳукмрон мафкуранинг ҳуружлари кучайган сари, айниқса 30-йилларнинг бошидан бошлаб, адабиётда «Совет воқелигини мадҳ зтиш, партиянинг раҳбарлик ролини улуғлаш, доҳий образини яратиш» деганга ўхшаган ҳодисалар жуда кенг қулоч ёйди. Бу йўлга кирмаган шоиру ёзувчилар очиқдан-очиқ аксилинқилобчи, миллатчи шоирлар сифатида қараларди. Буни қарангки, Чўлпон бутук ижоди-давомида биронта шеърида Сталиннинг номини тилга олмади, ҳатто бир неча йил қантаргач, созини яна қўлга олиб, яъни «Совет позициясига» ўтиб ёзган шеърларида ҳам бундай қилмади. Тўғри, «Соз» тўпламига кирган шеърлар ичида «ғоявий» шеърлар ҳам бор — уларнинг айримлари инқилобга; партия қурултойига, янги ҳаётга бағишланган. Бироқ улар бадиий жиҳатдан Чўлпоннинг асл шеърларидан заифроқ бўлсалар-да, ошкора хушомаддан ёхуд ҳамду санодан узоқ шеърлар. Афтидан, Чўлпон битта яхши шеърини яратиш учун ўша шароитда ҳукмрон мафкурага жиндай ён бериб, икки-учта «ғоявий» шеърлар битган кўринади. Унинг адабий-танқидий мақолалари ҳам шунақа. Фақат баъзи мақолалардагина, юқорида кўрганимиздек, у ҳукмрон мафкуранинг баъзи бир «қўшиқлари»ни куйлаган бўлса эҳтимол. Бунинг учун Чўлпонни қоралаш, унинг меросинииг айрим қисмидан воз кечиш мумкин эмас.

Баъзи мақолаларда эса Чўлпон «бисмилло» ўрнида айтилиши лозим бўлган ривоят ва афсоналарни атайин четлаб ўтгани шундоққина сезилиб туради. Масалан, Чўлпоннинг Горький ҳақидаги икки мақоласини олиб кўрайлик. Буларнинг бири 1936 йилда ёзилган «Катта мактаб эгаси» деган мақола, иккинчиси эса 1937 йил 18 июнь куни — Чўлпон қамоққа олинишидан бир оз аввал «Қизил Ўзбекистон» газетасида босилган «Устоднинг хислатлари». деган мақола. Тўғри, бу мақолаларда бир-пкки оғиздан Ленин ва Сталин шаънига мақтов айтилган — бу билан Чўлпон боши устида қуюқлашиб бораётган қора булутларни жиндай бўлсада тарқатмоқни ўйлагандир. Аммо мақолаларни тўлиқ ўқиб чиқсак, Чўлпоннинг ўз  эътиқодларига содиқ қолганини, «ғоявийлик» ва «партиявийлик» деган иллатлардан юқори турганини кўрамиз. Гап шундаки, 1934 йилдан кейин лукмрон мафкура Горькийни «пролетар адабиетининг доҳийси», «социалистик реализм методининг асосчиси», «энг яхши совет ёзувчиси», «партиясиз большевик адиб» гифатида кўкларга кўтара бошлади. Бу йилларда ёзилган ҳар бир мақолада Горькийнинг бу сифатлари такрор-такрор тилга олиниши ва шу йўл билан унинг садоқатли партиявий адиб экани ҳақидаги афсонага ҳаққонийлик шаҳодатномасини бермоқ керак эди. Чўлпон ҳар иккала мақолада ҳам бирон ўринда на «социалистик реализм» деган иборани ишлатади, на Горькийнинг пролетар адабиётининг асосчиси тарзидаги сифатларини тилга олади, на унинг инқилобчи қаҳрамонлари шаънига ҳамд-санолар айтади. Аксинча, мақолада биринчи ўринга Горькийнинг санъаткорлиги, бадиий маҳорати қўйилган. «…наср тилини тарашлашни мен бошлаб Горькийдан ўргандим, — деб ёзади Чўлпон биринчи мақолада. — У, менимча, ўзи ишлатадиган тилни жуда яхши кўради, уни ҳар қандай қийинчиликдан озода ҳолда кўрмак истайди. «Она»нинг тили мана шундай бир тил. «Она» мен учун катта бир мактаб бўлди. Ўзимнинг «Кеча ва кундуз» романимда мен ҳам шу буюк услубчининг унумли таъсирини доим сезиб турдим».

Орадан бир йил ўтиб ёзилган мақолада эса Горькийнинг санъаткорлиги янада чуқурроқ очилади.

«Горький — шоир. Унинг асарларида фақат бир насрчи (романчи) кўринмайди, ҳар ер-ҳар ердан нозик кўнгилли, гўзаллик севгучи ва табиат мафтуни бир шоир келиб чиқади.

Мен ўзим ҳар қандай насрли асарда (роман, ҳикоя) гўзал ташбеҳлар ва табиат тасвирларини яхши кўраман. Горькийда бу нарса кўп эмас, оз: унинг ширинлиги ҳам шундан. Улар жуда кўп бўлиб кетса, рассомнинг санъат асари қолмайди-да, бўёқчи (сирчи)нинг андозасиз ва санъатдан маҳрум чизма чизиғи қолади».

Мақола давомида Горькийнинг табиат манзарасига қандай қилиб жон ато қилиши тўғрисида батафсил фикр юритилади. Кўринадики, Чўлпон ҳаётининг энг оғир дақиқаларида ҳам, адабий ҳаётда мафкуравий зуғум чекдан ошган пайтларда ҳам умумий оқимга тушиб қолмасликка, манқуртлик тақдирини бўйнига олмасликка интилган. Ҳукмрон мафкура тўхтовсиз ҳамла қилиб, Чўлпондай буюк истеъдод соҳибининг «ўжарлигини» ҳар қанча синдиришга уринмасин, унинг шуури ва қалбини афсунлар асоратига олишга тиришмасин, шоир айрим ўринларда унга жиндай ён бергандай бўлиб, аслида ўзининг ўзлигини, руҳиятининг дахлсизлигини сақлаб қола билди.

Шу ўринда баъзи ўртоқлар «ие, шошманг, ахир, Чўлпоннинг шўро ҳукуматини олқишлаган, унинг адабий сиёсатини кўкларга кўтарган мақоласи ҳам бор-ку! Унга нима дейсиз?» дея эътироз билдирсалар мумкин. Бу ўртоқлар «Шўро ҳокимияти ва саное нафиса» мақоласини назарда тутсалар керак, албатта. Чиндан ҳам бу мақола атрофлича мулоҳаза юритишни ва жиддий шарҳлашни талаб қилади. Бу мақола адабиётшуносларимизга анчадан бери маълум. У ҳатто 60-йилларнинг ўрталарида «Ўзбек тили ва адабиёти» журналида эълон ҳам қилинган. Адабиётшуносларимиз шу пайтга қадар мақола ҳақида турли фикрлар айтиб келишган. Мен ўзим ҳам мақола ҳақида бир неча марта ёзганман. Гарчи уни мукаммал таҳлил қилмаган бўлсам-да, бу мақолани Чўлпоннинг Октябрь инқилобини ижобий кутиб олганининг далили деб баҳолаганман ва ҳатто мақола бевосита Лениннинг айрим асарлари таъсирида ёзилган деган тахминни ҳам айтганман. Мақолага бундай муносабатда бўлишликнинг боиси бор албатта. Маълумки, кўп йиллар мобайнида совет адабиётшунослиги ёзувчини баҳолашда унинг Октябрь инқилобига муносабатини асосий меъёр қилиб олганди. Бу ақидага кўра қайси шоир «Яша шўро!» деган бўлса, у яхши, қайси шоир ё адиб индамаган бўлса, у ёмон, душман деб ҳисобланарди. Чўлпон ҳам кўп йиллардан бери «ёмонлар» қаторига киритиб қўйилганди. У инқилобни қабул қилмаган, уни қоралаган, унга қарши курашган дейиларди; унинг пешонасига «аксилинқилобчи» деган тавқи лаънат ёпиштирилган эдики, ўша кезларда уни бу маломатдан қутултиришнинг иложи йўқдай кўринарди. Мен эса Чўлпоннинг совет шоирлари қаторида бўлишини жуда-жуда истардим. Негаки, ўша пайтда ҳам, ундан кейин ҳам кўп йиллар мобайнида «совет» дегани «энг яхши, энг аъло, энг тўғри, энг покиза» дегани эканига ишониб келган эдик-да! Чўлпоннинг мен билган шеърлари эса чиндан ҳам яхши шеърлар эди. Шундай шароитда қўлимга «Шўро ҳукумати ва саное нафиса» мақоласи тушиб қолди. Ўқидим-у, жуда хурсанд бўлиб кетдим. Чунки менинг ўша пайтдаги тасаввуримга кўра, мақолада шўро ҳукумати мазлум халқ ҳокимияти деб таърифланган, унинг сиёсати қўллаб-қувватланган, бинобарин, Чўлпон Октябрга ижобий муносабатда бўлган эди. Мақоланинг 1920 йилда 7 ноябрь куни, яъни Октябрь инқилобининг 3 йиллиги нишонланган куни «Иштирокиюн» газетасида босилгани ҳам шундан далолат берарди. Чўлпоннинг мақоласида «Шўро ҳокимияти саное нафисани халқники қилди, энди санъат эзилган меҳнаткашларга хизмат қилиб, уларнинг кўнглини олади» деганга ўхшаш гап бор. Шу гапга қараб тахмин қилиш мумкинки, Чўлпон мақолада Лениннинг айрим фикрларига таянган. Эсингизда бўлса, Ленин 1920 йилнинг 2 октябрида комсомолнинг III съездида «Ёшлар союзининг вазифалари» мавзуида доклад қилади ва докладда пролетар адабиёти мутахассисларнинг калласида туғилган эмас, балки меҳнаткаш халқ оммаси яратган маданиятнинг қонуний давоми эканини айтади. Албатта, бу доклад ўша кезларда матбуотда эълон қилинган ва кенг кўламда тарғиб қилинган. Афтидан, Чўлпон у билан яхши таниш бўлган-у, мақоласида Ленин ғояларига ҳам асосланган. Хуллас, бу мақола Чўлпоннинг 1920 йилдаёқ узил-кесил совет позициясига ўтганидан далолат берувчи муҳим ҳужжат эди.

Кейинги йилларда кўпгина янги материаллар билан танишиш натижасида бу масалага қарашим ўзгарди ва Чўлпоннинг ижодий эволюциясини ҳам, миллатпарастлигини ҳам, инқилобга муносабатини ҳам, бадиий ва адабий-танқидий асарларини ҳам бошқача баҳолай бошладим. Шу жумладан, «Шўро ҳокимияти ва саное нафиса»ни ҳам бугун Чўлпоннинг совет позициясига ўтганини кўрсатувчи мақола деб билмайман. Тўғри, юқорида айтганимиздек, мақолада шўро ҳукумати шаънига айтилган мақтовлар йўқ эмас: Чўлпон шўро ҳокимиятини эзилган ишчи-деҳқонлар ҳукумати деб ҳисоблайди, мамлакатни чулғаб олган қонли фуқаролар урушини эзилганларнинг «ўз згаликларини қуриш» учун олиб бораётган кураши деб билади. Кўриниб туриптики, инқилобнинг биринчи кунлариданоқ Октябрь тўнтариши ва янги ҳокимият ҳақида большевиклар томонидан тарқатила бошланган ёлғон-яшиқ гаплар ҳатто Чўлпондай одамни ҳам ўз асоратига ола бошлаган, лекин у ҳали тўлалигича асир бўлиб улгургани ҳам йўқ.

Афтидан, мақола газетанинг топшириғи билан муайян тазйиқ ва талаблар асосида ёзилган бўлиши мумкин. 1918—1919 йилларда шўро ҳукумати на фақат марказда, балки чекка ўлкаларда ҳам зиёлиларга қаттиқ тазйиқ ўтказа бошлагани, уларга қарши ҳам жисмоний, ҳам маънавий террорлар уюштиргани бугун яхши маълум. Айрим ҳолларда эса янги ҳокимият зиёлиларнинг фикрлаш тарзига таъсир ўтказиш учун қурол ишлатишдан ҳам сира ийманмаган. Жумладан, Фитрат 1929 йилда ёзган «Епишмаган гажаклар» мақоласида «Чиғатой гурунги»нинг баъзи мажлислари қуролли қизил гвардиячиларнинг кузатувида ўтганини ёзади. Бундай йиғинларда Чўлпон ҳам иштирок этган. Эҳтимол, шуларнинг таъсиридадир, мақолада Чўлпон Лениннинг ёшлар съездидаги гапини маъқуллаб, санъат шўролар замонида халқники бўлиб қолганини айтади. Лекин менинг назаримда бу мақолада Чўлпон жиндай «қувлик» қилган. Мақоланинг кўпгина жойи киноявий оҳангга эга, гўё муаллиф ўша пайтларда марказий матбуотда кўплаб босила бошлаган «совет руҳидаги» ташвиқий мақолаларга пародия ёзгандек. Чўлпон, айниқса, санъатнинг «синфийлиги» ҳақидаги таълимот устидан ошкора кулаётганга ўхшайди. Мана, ўзингиз кўринг:

«Бутун умрини ишламай, бекор ўтказатурғон бойлар, бойбаччалар, тўра болалари, хонзодалар бекорчиликдан зерикмас учун саное нафисага берилар: чалғи чалар, ўйинга тушалар, севги шеърлари тўқийлар, ўқийлар эди. Буларнинг устига катта шаҳарларда 5—6 та бизнинг «Колизей»дай театрлари бўлар, шуларда пул билан, олтун билан санъатни сотиб олиб, завқланарди».

Парчани ўқиганда ундаги юзакиликка таажжубланмаслик мумкин эмас. Наҳотки, ўтмишда санъатнинг урни оқсуякларнинг зерикмаслигига хизмат қилиш билан ўлчанади деб жиддий ўйлаш мумкин бўлса?! Наҳотки, санъат ялписига «олтунга» сотилган бўлса?! Хўп, бунга ҳам кўна қолайлик. Мана, инқилоб бўлди, мана, шўролар ҳукмронлигида уч йил ўтди. Хўш, нима бўлди? Эндиликда санъатнинг аҳволи қанақа? Унинг ўрни қандай?

«Саҳна бу дунёда юқори синфларнинг тум-тароқли турмушларини кўрсатмайди эмас, кўрсатадир, бироқ шу турмушнинг аччиғ ва жиркантирадурғон ҳидини томошачиларга ҳидлатмак учун кўрсатади. Чалғининг қиллари яна боягидай чертиб турур, бироқ бойлар кайфи учун ўйнағанга йиғлаб эмас, чарчағон халқнинг кўнглини очқони учун севиниб, эзилган халққа эзилув даврларини эслатмоқ учун йиғлаб чертилур».

Хўш, бу парча сизга бирон нарсани эслатадими? Менимча, ундан, айниқса, 1920 йилда юқори пардаларда «хониш қилган» ортодаксал пролеткультчилариинг нафаси яққол сезилиб турипти. Бир лаҳза ўйлаб кўрайлик — наҳотки 16 ёшидаёқ «Адабиёт надур?»ни ёзган Чўлпон орадан олти йил ўтгач, олти йил мобайнида ҳаёт қозонида обдан пишиб, янада кўпроқ нарсаларнинг сиру асрорини идрок этадиган даражага етгач, шу тарзда юзаки ва схематик фикрласа? Наҳотки, «Гўзал»дек дурдона шеърни ёзиб қўйган даҳо шоир адабиётнинг вазифасини юқоридагидек примитив тарзда изоҳлаб берса? Бу — ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Ниҳоят, унинг шу йилда ёзилган ва шу йилнинг ўзида эълон қилинган «Марҳум Тавфиқ Фикрат» ва «Чин севиш» каби мақолаларини эслайлик. Буларнинг иккови ҳам жуда юқори савияда ёзилган бўлиб, ҳеч қайсида юқоридагига ўхшаш мулоҳазалардан асар ҳам йўқ. Адабиётнинг «синфийлиги» ҳақидаги бундай бадбуруш тасаввурни Чўлпон 20-йилларда ёзган мақолаларида ҳам давом эттирган эмас Шунинг учун ҳам бу мақолани киноявий оҳангда ёзилган пародия деб қараш мумкин. Албатта, менинг бу фикрим баҳсли бўлиши мумкин. Лекин мен Чўлпон ижодини ва шахсиятин чуқурроқ ўрганганимдан кейин, аввалги қарашимдан кечиб, шундай хулосага келдим.

 

* * *

Чўлпоннинг адабий-танқидий мероси эндигина ўрганила бошланди. Ҳозирча шу нарса аён бўлдики, бу мероснинг жуда зўр фазилатлари ҳам, ўзига яраша қусурлари ҳам бор. Уларда Чўлпон босиб ўтган мураккаб йўл муҳрланиб қолган. Бу мерос ўзининг жамики фазилатлари ва қусурлари билан адабий тафаккуримиз тарихининг қимматли саҳифасини ташкил қилади.

«Адабиёт надир?» китобидан (Тошкент, «Чўлпон» нашриёти, 1994) олинди.


[1] Бу матн парчаси «Дала вилоятининг газети» деган китобдан олинди. Олма Ота. «Илм» нашр. 1990 й. 17-бет.