Жовли Хушбоқ. Тил жозибаси — маҳорат белгиси

Истеъдодли ёзувчи қаламидан чиққан асар бошқача бўлади: илк саҳифасиданоқ диққатингизни тортади, мутолаага берилиб кетганингизни сезмай қоласиз… Хўш, китобхонни мафтун этадиган бундай ҳикоя ёки қисса жозибасини таъмин этган, бир ўқишда илғаб олиш қийин бўлган сеҳр манбаи нимада? Гап асар учун қизиқарли сюжет топилганидами? Воқеалар ишонарли, ҳаётий ифодалангани ёки характер яратилганидами, балки… Бир нарса аниқки, сюжет ҳам, воқеалар тасвири ҳам, характер ҳам сўз воситасида амалга ошади. Демак, сўз масъулияти, бадиий талқин маҳорати муаллиф салоҳияти, истеъдодини белгилаб берадиган асосдир.

Шу нуқтаи назардан истеъдодли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Оддий ҳақиқат” номли ҳикояси кўпчиликка манзур бўлди. Гап шундаки, муаллиф биз ҳар куни кўриб, кузатиб юрган воқеаларнинг “ичига” саёҳат қилади, яъни уларни энг майда деталларигача тадқиқ этади. Муҳими, бадиий талқинда образли ифода, самимий баён меъёрини асар якунигача бўшаштирмайди: “Бир акамиз ҳикоя ёзибдилар. Қаҳрамонлари қанот боғлаб бутун шаҳар узра учиб чиқади… Бинолар ўрнида турибди, дарахтлар жойида ўсяпти, ҳаммаёқда ҳаёт изи бор, аммо шу ҳаётнинг гултожи бўлган одам йўқ!”. Ҳикоядаги кутилмаган қизиқарли эпизодлар бир оз ижодий фантазияга уйғунлиги билан беихтиёр китобхон диққатини тортади. Шу боис бундай антиқа воқеалар китобхонни ҳаяжонга солиши табиий: латифа, ривоятга ўхшаб туюлса-да, ўқувчи онгида фикр-мушоҳада жараёнини кучайтиради, мутолаага қизиқишини оширади.

Муаллиф воқеаларга аралашмайди, муносабатини билдирмайди, қаҳрамонининг ҳолати, кайфиятига хайрихоҳми, йўқми — бу сир тутилади. Китобхон эса беихтиёр одам қадри-қиммати ҳақида ўйлай бошлайди: хўш, ёнимиздаги, оиламиз ёки маҳалламиздаги одамларга, уларнинг қувонч ва ташвишларига шерикмизми? Ўзганинг дардини ўз дардимиздек қабул қилишга қурбимиз етадими? Инсон деган шарафли номга лойиқмизми?

Ҳикояни ўқиб, ёзувчининг баён услубида зўриқиш, чиранишни кўрмайсиз, тасвир ҳам, талқин ҳам жимжимадорликдан холи, ибратли ҳикоятни тинглаётгандек воқеаларни кўриб, ўзингиз ҳам унинг иштирокчисига айланасиз. Дунё фақат бетакаллуф, лоқайд кимсалардан иборат эмас, аслида яхши инсонлар бисёр, деган эзгу туйғу кўнглингизга ёруғлик олиб киради. Муаллиф истеъдод нури билан сирли, синоатли ҳаётнинг биз ҳар куни кўрадиган, бироқ илғамайдиган жиҳатларини бадиий таҳлил этиб, таъсирчан ёрита олганига қойил қоласиз. Дарвоқе, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон мақолаларидан бирида шундай ёзади: “Неча йиллар давомида “бор бўйича” тасвирлашга ўрганиб қолиб, қарашларимиз анча ўтмаслашиб, фикрларимиз саёзлашиб қолгандай. Масалан, биз кўпинча одамнинг, дарахтнинг, воқеа-ҳодисанинг, яъни оламнинг ташини кўрамиз, кўраётганимиздай тасвирлай ҳам оламиз, лекин ичини кўрмаймиз ёки ичига киргимиз келмайди. Сабабларни кўрамиз, таҳлил қиламиз, аммо сабабларнинг сабабчисини кўрмаймиз ёки ўзимизни кўрмаганга оламиз”. Адиб “Оддий ҳақиқат” ҳикоясида ана шу кемтикларни тўлдиришга интилган. Шу ўринда муаллифнинг сўзга “хасис”лигини, масъуллигини, ифодада равонликка, тиниқликка эришганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда айни шу масала — бадиий сўзга масъуллик масаласи чоп этилаётган аксарият ҳикояларда талаб даражасида эмас. Чунончи, Жўра Фозилнинг “Янги боғларда” ҳикояси бошланишиданоқ мутолаага иштиёқни сўндиради. Асар матни оддий мақолани ўқигандек, характер даражасига кўтарилмаган персонажлар воқеаларни баён қилиш учунгина ҳикояга киритилгандек таассурот қолдиради. Мана, бир мисол: “Хуллас, синфдошлар ўрта мактабни битирганининг ўттиз йиллик оқшомини шу сарҳовузга туташиб кетган янги боғда ўтказишга қарор қилдилар ва бу ҳаммадан ҳам Жавлонларнинг собиқ муаллими Собир акага маъқул бўлди. У киши нафақага чиққан, ёши етмишни қоралаб қолган бўлса-да, ўқитувчига хос сергаклик, ҳозиржавоблик тарк этмаган фариштали отахон эди. Янги боққа ниҳол қадаётган болаларга уйидан тушлик олиб келиб “ҳайбаракалла” дея ишга ўзи бош-қош бўлганидан ҳам собиқ ўқувчиларининг бу жойни танлаганларини эшитиб беҳад қувонганди”.

Ҳикояда болалик хотиралари баён этилади, аммо асарни тутиб турган бадиий юк енгил. Воқеалар бола тилидан ҳикоя қилинади, аммо баъзи ўринларда Камол оға ёки ака, Жамила опа деса, ҳикоянинг кейинги эпизодларида Жамила, Камол дейилади. Табиийки, уларнинг ёши боланикидан анча катта. Ҳикоя тили бадиийликдан холи, бир хил маъноли сўзлар қалашиб келаверади:

“—Ҳай, нима қилиш керак?

— Ҳеч нима, фақат йўлбарслар энди қорнини тўйдириши керак

— Ҳай, йўлбарсларга анжир ҳам бўладими?

— Э, э, бўлганда қандоқ! Ахир, йўлбарслар анжирни жуда яхши кўришади! Йўлбарс қанча кўп анжир еса, шунча зўр бўлади!” (Таъкидлар бизники — Ж.Х.).

Асарда ўнга яқин персонажни учратасиз, бироқ улардан бирортаси ёдда қоладиган даражада ёрқин тасвирланмаган. Ўқувчилик даврида болалар хўжалик боғига кириб, доимо мева ўғирлаш билан машғул бўлишган. Лекин бундан ўқувчи қандай сабоқ олади. Аксинча, “Хўш, нима бўпти?”, деган фикрга борар, эҳтимол. Сабаби оддий воқеалар баёнида бирор-бир жонли характер кўзга ташланмайди.

Бугунги наср ҳақида ўйлаганда А.Чеховнинг қуйидаги фикри ёдга тушади: “Ҳеч қандай сюжетнинг ҳожати йўқ, ҳаётда сюжет деган нарсанинг ўзи бўлмайди, унда ҳамма нарса: теранлик саёзлик билан, улуғ эътиқодлар пасткашлик билан, фожиавий нарсалар кулгили нарсалар билан қоришиб кетган”. Эҳтимол, бу фикри билан улуғ адиб вақти келиб насрда қаҳрамонларсиз, сюжетсиз асарлар пайдо бўлишига ишора қилгандир. Дарвоқе, шундай асарлар ёзилаётир. Масалан, Луқмон Бўрихоннинг “Темир сандиқ” ҳикоясида анъанавий реалистик наср усулларидан чекинишни кузатиш мумкин.

Ҳаёт гирдобида алдамчи хаёлларга эрк бериш кишини тубсиз жарликка тортиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Асар қаҳрамони ярим тунда уйидан чиқиб, эркинлик истаб тоғу тошларга, бепоён даштга равона бўлади. Йўлда тасодифан ичи тўла жавоҳир темир сандиққа кўзи тушади. Учқур хаёллари уни бир зумда дунёдаги энг бадавлат кишига айлантириб қўяди, ширин орзулар шамоли бояқишни олис-олисларга учириб кетади: кўзни қамаштирадиган маҳобатли қасрлар қуриш, гўзал, тўкин ҳаёт илинжи кўнглини банд этган кимса сандиқни олис бир ғорга яшириш ниятида елкасига кўтариб олади. Ширин хаёллар елида учиб бораётган инсонга унинг оғирлиги ҳам сезилмайди. Аммо… темир сандиқни амал-тақал ғорга кўтариб кирганида кўрадики, таги йўқ экан! Кўнгил кўзини тўсган пуч ўйлар, алдамчи ҳислар мисоли тошга урилган биллур қадаҳдек чилпарчин бўлади. Ҳа, ­­очкўзлик, мол-дунёга ҳирс кўзи билан боқиш, қаноатсизлик, ношукурлик кишини адоқсиз кулфатларга гирифтор этади.

Ҳикояда бу фикр очиқ-ойдин айтилмайди, аксинча, персонаж хатти-ҳаракати, характери шундай мантиқли, ҳаётий хулосага замин яратади. Асар тилининг жозибасини таъминлаган образли иборалар, равон бадиий талқинга қуйидаги парчалар далил бўла олади: “Танбал, бироқ ғоят кибрли нигоҳларинг чор-атрофни очкўзларча ялаб-юлқай кетди”: “Тўғриси, темир сандиқ ботинидаги бисот сен учун мубҳам бўлса-да, юрагингнинг қайсидир бурчида битмас-туганмас бахтга ноил бўлганлигинг ҳақидаги иқрор қувонч қарсакларини чалиб турарди”.

Анъанавий усулда ёзилган Асад Асилнинг “Ташналик” ҳикояси қаҳрамони Арслон чолнинг кампири “бир оқшомгина лоҳасланиб омонатини топширди-қўйди. Барваста, товуши довулдай гулдираб юрган чол бирдан ели чиққан шардай чўкди-қолди. Ҳар ҳолда бу кексаликдаги айрилиқ ўн йигитга ўрнини бермай юрган қарияни довдиратиб қўйди. Отанинг назарида гўё ўзи қатнашиб юрган давралардан бирдан файз кетди, бу олам ҳувиллаб бўшаб қолгандек эди гўё”.

Юқоридаги иқтибос асарнинг илк саҳифасидан. Ҳикоядаги айрим сўзларнинг такрорланаётгани “ўн йигитга ўрнини бермай” каби топиб қўлланилган халқона ибораларга соя солиб турибди. Давомида ўқиймиз: “Бунга сабаб шаҳардаги турмушию хотини билан ўзларича чолни “чолдеворнинг бири бўлиб қолса кимга зиён, иснод гап бўлади”, деб қилган режалари ҳам пуч бўлди ҳисоб. Эски уйларни бузиб, ўрнига янги иморат турғизишнинг ҳам ўзи бўлмайди-ку, у ёқда иш, рўзғор… Қолаверса, эндигина уйли бўлган жойида хотинини бу гапга ­кўндириш ҳам осон кўчмайди”.

Ушбу парчада “бўлмоқ” феъли беш марта, “ҳам” боғловчиси уч марта кетма-кет келгани ҳикоя тилининг ҳали меъёрида ишлан­маганини кўрсатиб турибди.

Муаллиф Арслон чол характерини чизишга уринганини эътироф этган ҳолда таъкидлаш жоизки, қаҳрамон тушган қайғули ҳолатлар баёни ўқувчида ачиниш, раҳм-шафқат ҳиссини уйғотмайди. Негаки, Арслон чол тирик инсон сифатида кўз ўнгимизда гавдаланмайди. Эҳтимол, бунга ҳикоядаги асосий мақсадга хизмат қилмайдиган қуйидаги каби узундан-узоқ, бадииятдан холи баён йўсини сабабдир: “У кута-кута эндигина орзусига эришган, шаҳарнинг чиройли қисмида қурилган иморатларнинг биридан тўрт хонали уй олганди. Бу уй иккинчи қаватда, болаларининг кичиклари ёнгинасидаги боғчага боришади. Хотини ўқитувчи, мактаб ҳам чақирса овоз етадиган жойда. Тўнғич фарзандлари, хотини билан қийналмай, ўқишга бориб келиб туришибди. Келди-кетди кўп, қишлоғидан шаҳарга тушганларнинг аксарияти Жавлонларникига қидириб боради. Хотини Муҳайё шаҳарда туғилиб ўсган, жуда одамохун, келган меҳмонни ош билан сийламаса, кўнгли ўрнига тушмайди. Хуллас, иккинчи маош қўлга теккунча биринчиси етиб туради”.

Тўғри, айрим классик адибларнинг ҳикояларида ҳам персонажларнинг ҳаётига доир ­шунга ўхшаш тафсилотларни ўқиймиз. Лекин улардаги баён ўқувчини зериктирмайди, аксинча, қаҳрамонлар характерини очиб беришда беқиёс вазифани бажаради.

Америкалик машҳур ёзувчи Уильям Фолкнер ёзади: “Ёзувчининг масъулияти — ҳақиқатни ҳикоя қилишдир, ҳақиқатни шундай ҳикоя қилиш керакки, унутилмайдиган образга айлансин. Бирор нарсани оддийгина хабар қилиш, адолатсизлик тўғрисида ёзишнинг ўзи етарли эмас. Бу одамларга таъсир қилмайди. Ёзувчи бунга ўзининг истеъдодини қўшиши керак, у ана шу ҳақиқатни олиб, одамлар буни ёдда сақлаб қолишлари учун тагидан гулхан ёқиши керак. Ёзувчининг масъулияти худди шундадир”. Бу сўзларни ўқий туриб беихтиёр Исажон Султоннинг “Шамолли кеча” ҳикояси ёдимга тушди.

Умр йўллари ҳамиша равон бўлавермайди, ундан қоқилмай-суринмай юриш учун киши доим ҳушёр, қийинчиликларга бардошли, уларни енгишга тайёр туриши лозим. “Овсарроқ қушлар қурган уяларни тамомила бузиб ташлаганида жажжи палапончалари чирқиллаганча ерга қулаб тушиб, ваҳший ҳайвонларга ем бўлишади”. Ҳикояда қушлар тақдири тасвири бола ва қизча тушган мушкул вазиятга муқояса қилинади. Бола ва қизчанинг онаси вафот этиб, етим қолгани, демак, ҳатто инсонгина эмас, қушларнинг ҳам уяси бузилганда, аввало, палапонлар жабр кўриши юқоридаги кичик бир эпизодда таъсирли тасвирланган.

Ҳикояда бизнинг эътиборимизни тортган жиҳат — рамзийликнинг ўзига хос талқини асар муваффақиятини таъминлаган. Шамол детали фақат шамол ҳақида таассурот қолдирмайди. Адиб бу деталга гоҳида алғов-далғовли, қувончлару ташвишлар ичида кечадиган турмушда кузатганларини, ўйларини сингдирган.

Қуйидаги кўчирма эса асар тилига, ундаги сўзлар қайтариғига бепарволик оқибатидир: “Поёнсиз даштда, шамолли кечада мана шундай боришяпти-ю, кишилар орасида оғиздан оғизга ўтиб юрадиган ҳамма ваҳимали нарсалар ҳозир шамол қаъридан чиқиб келадигандай туюлмоқда эди. Пастак нотаниш буталар остида ёвуз жинлар бўлиши мумкин, улар шунақа шамолли кечаларда ёлғиз қолиб кетган кишиларни пойлаб изғишади. Шовуллаётган қорамтир дарахтларнинг устидан қилич кўтарган қора киши тушиб келишиям мумкин… Ҳа, аллақандай кишилар йўл устида ҳозиру нозир, бу суронда биров қичқирсаям эшитилмайди, ҳаммаёқни табиатнинг нолалари тутиб кетган маҳалда ўшанақа кишилар йўлларда, дарахтлар остидаю устида мана шунақа бемаҳалда йўлга чиққан кишиларни адаштириб кетишади”.

Бугунги адабий жараёнга, хусусан, ҳикоячиликдаги ютуқ ва қусурларга доир кузатувларимизни таниқли тилшунос олим, профессор Н.Маҳмудовнинг қуйидаги фикри билан якунласак ўринли бўлар: “Босма нашрлар, катта-кичик китоблар тилининг рост ва расо бўлиши, уларда минг йиллик тилимизнинг тўғрилиги ва тароватини тўлиқ акс эттириш учун муаллифлар ҳам, ­муҳаррирлар ҳам масъулиятни ҳамиша ёдда ­тутишлари зарурдир”.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 8-сон