Жалолиддин Жўраев. Ўзбек адабиётидаги илк марсия

Амир Темур авлодлари орасида Иброҳим Султон ибн Шоҳрух ибн Темур Кўрагоний (1394-1435) ўзига хос мавқега эга бўлган. Манбалардаги қайдларга кўра, Соҳибқирон бошқа амирзодалар қатори Иброҳим Султоннинг тарбияси, илм олиши, адабиёт, санъат, ҳарб соҳаси, давлат ишларидан хабардор бўлиб вояга етиши учун алоҳида эътибор қаратган. Турли анжуманлар, ҳарбий ҳаракатлар, элчилар қабули ва давлат аҳамиятига эга маросимларда қатнаштирган. Кейинчалик отаси Шоҳрух ҳукмронлиги вақтида ҳам юқоридаги каби тадбирларда бевосита иштирок этганлигини Мирхонд[1], Фасиҳ Ҳавофий[2] ва Абдураззоқ Самарқандий[3]лар ёзиб қолдирган.

Давлатшоҳ Самарқандийнинг билдиришича, Шоҳрух Мирзо саройида кўплаб олим ва фозиллар йиғилган. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳам уларни ўзи билан бирга олиб юрган.

Амир Темур ва Шоҳрух сингари Иброҳим Султон ҳам адабиёт, санъат, мусиқани яхши билган ва бу соҳа вакилларининг иқтидорини қадрлаган. Ака-ука Мирзо Улуғбек, Иброҳим Султон ва Бойсунғур Мирзоларнинг адабиёт ва санъат асарлари ҳақидаги ёзишмалари ҳам мавжуд бўлиб бизгача етиб келган. Хусусан, Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкираи шуаро” асарида амирзода биродари Бойсунғур Мирзодан мусиқа билимдони Хожа Юсуфни сўраб ёзган мактублари ҳақида сўз юритган. Яна Иброҳим Султон ва Мирзо Улуғбек тўғрисида бу каби латифа, ҳикояларлар кўп эканлигини ҳам қайд қилиб ўтган.

Амирзоданинг ўзи ҳам яхшигина шоирлик иқтидори эгаси бўлган ва асарлар битган[4].

Ёш ва шижоатли темурийзода салтанатнинг Форс вилоятида йигирма йилдан ортиқ ҳукмдорлик қилган. Мазкур даврда Шерозда “Мадрасаи дор ус-сафо”, “Дор ул-эйтомий” (етимхона) каби бинолар ва боғ барпо қилганлиги маълум[5]. Унинг кўрсатмаларига биноан темурийлар тарихини ўта тантанаворлик ва бадиий бўёқларга бой тарзда ёритган Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарини ёзиб тугатган.

Шунингдек, Иброҳим Султоннинг номи хаттотлик санъати соҳасида қолдирган асарлари боис сулс хатининг устозлари қаторида қадрланади. Бу соҳани у Форс вилоятига келган пайтларида Пир Муҳаммад Шерозийдан ўрганган[6]. Иброҳим Султон кўчирган бир нечта Қуръон нусхалари ҳозирда Эрон қўлёзма фондларида сақланади.

Иброҳим Султон ҳомийлигида туркий ва форс адабиётининг ажойиб намуналари яратилди ва нодир нусхалари кўчирилди. Унинг ҳукмдор ва ижодкор сифатида мунтазам адабий анжуманлар ўтказиб турганлиги ҳам маълум.

Қисқа умри давомида Форс вилоятининг ҳукмдори сифатидаги фаолияти илм-фан, адабиёт ва санъат соҳалари вакиллари томонидан юксак қадрланган[7]. Шу боис унинг бевақт вафоти қаттиқ қайғу билан, катта йўқотиш сифатида қабул қилинган. Ҳукмдорнинг вафоти муносабати билан марсиялар битилган. Ана шундай марсиялардан бири Ҳофиз Хоразмий ижодига мансуб. Бу марсия туркий тилда ёзилганлиги билан эътиборга лойиқ.

Ҳофиз Хоразмий девони қўлёзмаси 1975 йилда профессор Ҳамид Сулаймонов томонидан Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Саларжанг музейи шарқ қўлёзмалари хазинасидан топилган. Девонда шоирнинг 9 та қасида, 2 таркиббанд (шундан биттаси марсия), 3 та таржиъбанд, 1 мухаммас, 1052 та ғазал, 2 та мустазод, 31 та қитъа, 12 та рубоийси жамланган.

Марсиянинг айрим матн хусусиятлари, шоирнинг ҳаёт йўли, девон тартиб берилган санаси, ўзбек мумтоз адабиёти тарихида энг қадимий марсия намунаси эканлиги хусусида Ҳамид Сулаймонов[8] ва Мўмин Сулаймонов[9] лар томонидан фикрлар билдирилган. Илмий изланишларда марсия юзасидан хулосалар билдирилган бўлса-да, ҳозирга қадар матн тўлиқ эълон қилинмаган. Марсия матнининг эълон қилиниши ўзбек адабиётида марсия жанри, унинг тарихий тақдири, бадиияти каби масалалар юзасидан олиб борилажак тадқиқотларда ўзига хос илмий аҳамиятга эга бўла олади.

Марсия тўққиз банддан иборат, таркиббанд шаклида ёзилган. Унда муаллиф Иброҳим Султоннинг тарихий ва адабий манбаларда эътироф этилган барча фазилатларини ўқувчи кўз олдида гавдалантиришга ҳаракат қилган. Хусусан, саркарда сифатида эришган ғалабалари, жасорати, сахийлиги, адолат билан олиб борган сиёсати, илм-фан, санъат, адабиёт соҳаси вакилларини қадрлаганлиги эсга олинади. Ўз навбатида бу мотамдан барча қаттиқ қайғуда эканлиги айтилади ва ўша қайғуга ботганларга Иброҳим Султоннинг ўрнига ўғли Мирзо Абдулло қолганлигини билдиради. Марсия муаллифнинг Тангридан Иброҳим Султон руҳини шод қилишини ҳамда Мирзо Абдуллога узоқ умр беришни тилаб қилган дуоси билан якун топган.

Матбуотда илк бор эълон қилинаётган мазкур марсияни нашрга тайёрлашда профессор Ҳамид Сулаймонов Ҳиндистондан олиб келган ксеронусхага ва Ражаб Топарли томонидан Анқарада чоп этилган матнга таяндик[10].

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 6-сон

Жалолиддин Жўраев 1970 йилда туғилган. Тошкент давлат Шарқшу­нослик институтининг филология факульте­ти Эрон бўлимини тамомлаган. Кўплаб қўлёзмаларни нашрга тайёрлаган. Ҳозирда Шарафиддин Али Яздийнинг “Ҳулали мутарраз дар фани муаммо ва луғаз” асарининг матний-қиёсий тадқиқини амалга оширмоқда.

Ҳофиз ХОРАЗМИЙ

МАРСИЯ

-1-

Бу вафосиз фоний оламда бақони издаманг,
Дарди жонға эмдидан сўнгра давони издаманг.

Барча ёру дўстдан бегона бўлмоқ бор эмиш,
Кўруб  ушбу ҳолни сиз ошнони издаманг.

Кечаси оламни тийра қилди ҳижрон кечаси,
Бу қоронғу кечада нури зиёни издаманг.

Холи бўлмади кудуратдин чун ою кун юзи,
Бас, мунунгтак дунёда завқу сафони издаманг.

Сифлаву дунпарвар эрур ушбу даври рўзгор,
Сифлаву дун илкидин файзи атони издаманг.

Гулшани жаннат бикин чун боғ-боғи жон эрур,
Тарк этиб гулшанни, боғи дилкушони издаманг.

Гулистону бўстон булбуллари қилмас наво,
Гулистон кезманг, тақи баргу навони издаманг.

Тарк қилмоқ керак чун оқибат тожу лаво ,
Ҳақ йўлини издангиз, тожу лавони издаманг.

Форс мулкининг шоҳи, ул форси  майдондин
Борди эрса, ондин ўзга подшони издаманг.

Фатҳу нусратлиғ ул Иброҳим Султон қондадур
Ким, фироқи захмидин чоли  жигарлар қондадур?

-2-

Қуррат ул-айни шаҳаншаҳ Шоҳрух хоқон қани?
Малик ул-мулки Сулаймон, соҳиби фармон қани?

Беша  янглиғ бор лашкар шоҳи оламға, вале
Ул тўқуш кўйинда шер, бешаи майдон қани?

Сони йўқ юлдуз менгиз шаҳзодаларнинг бори бор,
Нурбахш этган жаҳонға ул маҳи тобон қани?

Зулмат ичра тийра тупроқ янгли қолди  оламе,
Ушбу зулматнинг ичинда чашмаи ҳайвон қани?

Халқи оламға бағишлағон сафою завқлар,
Офтоби мулку давлат, сояи Яздон қани?

Чатр  ила айвонда бор эрди басе нуру сафо,
Эмди ул нуру сафолиғ чатар ила айвон қани?

Дарди ҳижрат ўртади мажмуъи олам жонини,
Эй ҳаким, айлағил бу дарди жонларға дармон, қани?

Бўстонға равнақе бергон ўшул сарви равон,
Бўлди ғойиб кўздин, эмди равнақи бўстон қани?

Гулистоннинг гуллари бориси қон ёш йиғлаюр,
Гулистоннинг зийнати, юзи гулхандон қани?

Бордию қолди гулистон бирла боғи ёдгор,
Сўхта жонларда бўлди дарду доғи ёдгор.

-3-

Тийра бўлдуқ тушгали ул моҳманзардин  жудо,
Тиғ бирла олам олған меҳри анвардин жудо.

Фатҳу нусрат эмдидин сўнг кимга кўргузгай юзин
Чунки тушди ногаҳон шоҳи музаффардин жудо.

Бахту давлат кимга қўл қобғойу  қуллиқ айлагай,
Тахт узра ул сазои тожи  қайсардин жудо.

Ёйи сочингни туғу ерга чол ўзунгни, эй алам,
Чун тушубдурсан сипоҳсолори лашкардин жудо.

Туллоғон отлари кечимлар кесиб  ким чиқидалар,
Бўлди ул дамда қиёмат рўзи маҳшардин жудо.

Борчаға эрур муҳаққақ, насх бўлди хатти сулс,
Қолди тавқеъинда райҳон хомагустардин жудо.

Қилма наққошу музаҳҳиб лавҳада дебочалар,
Бу ҳунарлар қадрини билган ҳунарвардин жудо.

Бўлди ғамхона ўш эмди борчаға байт ул-фараҳ,
Ул фараҳ сармояси руҳи мансурдин жудо.

Дарди ҳижрондин юраклар қон бўлуб, кўз йўлидин
Келди юз рангин қилурға ул диловардин жудо.

Эй мусулмонлар, бу дарди ҳижронга не чора бор,
Оҳи сўзон бирла йиғламоқдин ўзга зор-зор.

-4-

Оҳким, тушди йироқ ул жон бикин султонимиз,
Мулки маъно тахти узра Хисрави хоқонимиз.

Кўз яруқи, жон тилаги ул сафои жону дил
Борди эрса, бўлди мажарух ушбу хаста жонимиз.

Ўртагай эрди бу оҳ ўти фалакнинг шамъини,
Дам-бадам су сочмаса бу дийдаи гирёнимиз.

Сояи лутфу иноят кимдин ўсунғой  киши,
Чунки ғойиб бўлди кўздин сояи Яздонимиз .

Сонсиз эҳсон қилғучи ул маъдани лутфу карам
Шоҳимиздин азрилибмиз қайда бўлғой сонимиз.

Хуш эди ул ҳолким, биз дарди сўзин сўзласак,
Лутф этиб айтур эди, биз дардлар дармонимиз.

Ўтға йақсоқ дафтару девонни, эмасдур ажаб,
Чун иёсиз қолди, абтар  дафтару девонимиз.

Хори ҳасрат санчилиб кетмас кўнгулдин бир нафас,
То назардин бўлди ғойиб ул гули хандонимиз.

Дарди ҳижрони онингтак қилди бизларни заиф,
Оҳ чекмакка тақи йўқдур бу дам имконимиз.

Боримиз банда эдук, ўртада ўзи шоҳ эди,
Ҳоли хуш эрди, чу барча ҳолидин огоҳ эди.

-5-

Кечди эрса гулистони салтанатдин ул жавон,
Бўлди хористон бикин борча кўзинга бу жаҳон.

Ёз фаслида гулистон гуллари сўлмас эди,
Ушбу фасл ичра не ёндин бўлди бу гулга хазон.

Қўй бирла бўри онинг давринда қардош эрдилар,
Чун онинг адли эди саҳронишинларга шўбон.

Адли бирла халқи олам посини  тутмоқ учун,
Сурат ила шоҳ эдию маъно бирла посбон.

Эмдидан сўнг халқ топғойму омонлиқ неъматин,
Адл ила Шерозни қилмиш эди дор ул-амон.

Ишлади дор ул-адолат бергали адл ила дод,
Чун эди мазлумлар ҳаққиға шоҳи меҳрибон.

Шодмон умиди дийдори билан эрдим вале,
Дарду ғам бўлди насибу бўлмадим ман шодмон.

Оҳи оташбор элиндин сийнанинг ичра жигар,
Ўтға туғон ул кабобедурки, бўлса хунчакон.

Келтурубдур ушбу шаҳзода фироқи, кўз кўра
Маҳди олийға қиёматнинг тонгидин юз нишон.

Тиғи ҳижрони била хаста жигарлар порадур,
Раҳм айлаб айтунгиз бу дардга не чорадур?

6-

Кўчди эрса дунёдин ул моҳманзар, хушхисол,
Бор бўлсун офтоби мулку топмасун завол.

Хисрави соҳибқирон, султони аъзам – Шоҳрух
Ким, ўшонинг зоти эрур файзи файзи зулжалол.

Бахт бирла тахт узра бўлсун ул кишваристон,
Топди андин мулку миллат чун басе ҳусну жамол.

Ул шаҳаншоҳким эшикини ёстонмоқ била,
Кеча-кундуз моҳу хуршид айлади касби камол.

Остони иззатининг тупроқиға  етмади,
Нечаким ел бики юкуруб елди жосуси хаёл.

Шаръ йўлида алифтак рострав бўлмоқина,
Дол қаддин қилмоқи эрур намоз этконда дол.

Ул дарахти салтанатға мева бор эрур эрди басе,
Йўқ эди мундоғ жавонким топса ҳадди эътидол .

Не ажаб, гар бори ғам бирла эгилса шоҳким,
Моҳи тобон бўлди бу мотам ғами бирла ҳилол.

Кесди олий сарвни тиғи ажал ногоҳ, вале,
Шукрким ким бордур мақомин сақлағон тоза ниҳол.

Эй яратғон, ялғузоқ бу ёш бутоқнинг давлатин,
Айлагил доим зиёда иззату ҳам ҳурматин.

-7-

Эй баҳодирлар, анинг инъоми омин ёд этинг,
Нур берган меҳрга моҳи тамомин ёд этинг.

Субҳи давлаттак онинг анвори юзин соғиниб,
Айшу ишрат бирла кечган субҳу шомин ёд этинг.

Каҳработак гарчи сарғарди юзунгиз ҳажридин,
Сиз мудом ул журъае ёқутфомин  ёд этинг.

Коми жонни заҳри ҳижрон талх тутғон орада,
Шаккарин алфоз ила ширин каломин ёд этинг.

Гулистону чимгон аросинда гашт айласангиз,
Кабк ё товустак хуррам хиромин ёд этинг.

Рўзи қилғай ҳақ ўзингга равзаи дор ус-салом,
Хаставу мискинлара қилғон саломин ёд этинг.

Чун эрур шаҳзода Абдуллоҳ ўзидин ёдгор,
Топмасангиз ўзини, қойиммақомин  ёд этинг.

Ашнуғи шаҳзодаву шаҳларни аторғон аро,
Одил Иброҳим Султоннинг номин ёд этинг.

Темангиз  Искандар, Қайсар била Доро сўзин,
Бу яқинда кечган ул шаҳ эҳтишомин ёд этинг.

Кула  урғон гунбади афлоку юлдузлар билан,
Лашкари хайлу ҳашам турлу хиёмин  ёд этинг.

Сафи ҳижо  ичра тиғи обдорини чокиб,
Жумла душманлардин олғон интиқомин ёд этинг.

Ёд этинг лутфу карамнинг кони ул шаҳзодани,
Подшоҳи олам эркан, борчадин озодани.

-8-

Бандалардин чун жудо тушди эса ул подшоҳ,
Дуди оҳ ила фалакнинг хаймасин  айланг сиёҳ.

Қайда бўлғай ҳоли ул шаҳзодаи олижаноб
Ким, чекарди рўйу ройидин хижолат меҳру моҳ.

Асру шарманда бўлур эрди бу хиргоҳи фалак,
Тўй айлаб тикса эрди гоҳ-гоҳи боргоҳ.

Қони ул султони хушрафтору ширинкор  теб,
Қони ёш ичра мардумдин қилур ҳар дам шиноҳ .

Шаҳзода ҳасрату дарди фироқидин бу кун,
Пир бўлмай, бас, алиф қадлиғ жавон бўлди дутоҳ.

Арқо гар синса бори ғамдин, эмди не ажаб,
Чун кўзумизга кўрунмас бўлди ул пўшту паноҳ.

Йўқ турур лашкар бошорғон бош бу дам, не фойда,
Гарчи бордур юз туман, минг лашкуру хайлу сипоҳ.

Размгоҳу базмгоҳ онинг билан гулзор эди,
Эмди хористон бўлубтур размгоҳу базмгоҳ.

Билмадук эрди анинг тапғунда бўлуб қадрини,
Узри тақсирот учун эмди бўлолим хоки роҳ.

Кимдин эмди умсунолим сояи раҳматни биз,
Хасталардин чун йироқ тушди ўшул зилли илоҳ.

Доимо тушгай ўзининг узри раҳмат сояси,
Анбиёву авлиёнинг бўлғай ул ҳамсояси.

-9-

Ё илоҳо, лутфи хосингни ўзингга ёр қил,
Жаннати фирдавс ичинда ўрнини гулзор қил.

Гулистону жўйбор ичра чун ўгронгон эди,
Манзилин жаннати адн – таҳтиҳ ал-анҳор қил.

Оташи ҳижрон била тутмай ўшони ташналаб,
Ҳавзи кавсардин шаробу соқийсин аброр қил.

Яхшиларни яхши кўруб асри хуш асрор эди,
Сан они яхши асроб, маҳрами асрор қил.

Баҳри ваҳдат ичраки гавҳарларингдин, эй карим,
Руҳи покиға ўзининг дам-бадам ийсор  қил.

Хаставу мисканлара ғамхор эрди доимо,
Эмди онларнинг дуосин мунису ғамхор қил.

Равзаи ризвон  қилиб доим ўшонинг қабрини,
Ҳур ул-айнни  лутф этиб, ўзигға ёри ғор қил.

Не тариқа мундаким сарвар , тақи солар  эди,
Юз ўшанча анда ўзин сарвару солор қил.

Ёш бутоқинға ўшанинг ёшлар сонича ёш,
Рўзи айлаб давлату иззатда бархурдор  қил.

Мустажоб айлаб Ҳофизнинг дуосин, эй карим,
Раҳматингдан бер улуш, сансан чу раҳмону раҳим.


[1] Мирхонд. Равзат ус-сафо. ўзРФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи қўлёзмалар фонди. 2-рақамли босма китоб.

[2] Фасиҳ Аҳмад ибн Джалал ад-дин ал-Ҳавофи. Муджмали Фасиҳи. — Т.: Фан, 1980. — С. 149.

[3] Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн. — Т.: Фан, 1969. — 466-б.

[4] Қаранг: Маҳди Баёний. Мажмуъаи муншаот // Роҳнамои китоб. Шумораи 4. 1340 ҳ/ш.

[5] Қози Аҳмад Қумий. Гулистони ҳунар. Ба кўшаши Аҳмад Саҳилий Хунсорий. Теҳрон. 1352 ҳ/ш. 30-саҳ; Яна шу муаллиф: Хулосаҳои литаворих. Ба кўшаши Эҳсон Ашрофий. Теҳрон, 1363 ҳ/ш.; Мир Сайид Шариф Роқим. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фонди. 2731/I рақамли қўлёзма. 38б-39а-варақлар.

[6] Қаранг: Қози Аҳмад Қумий. Гулистони ҳунар. Ба кўшаши Аҳмад Саҳилий Хонсорий. Теҳрон. 1352 ҳ/ш. 30 саҳ.

[7] Мир Сайид Шариф Роқим. Тарихи Роқимий. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фонди. 2731/ I рақамли қўлёзма. 38б-39а-варақлар.

[8] Сулаймонов Ҳ. Ҳофиз Хоразмий / Ҳофиз Хоразмий. Девон. I китоб. — Т.: Ўзбекистон КП Марказий комитетининг нашриёти, 1981. — Б. 3-15

[9] Сулаймонов М.Б. ҳофиз Хоразмий ва ўзбек лирик шеъриятининг ривожи: Филол. Фанлари номзоди … дис. – Тошкент, 1996. – 160 б.

[10] Yfrezmli Hafiz’in Divani. Inceleme-Metn-Tipkibasim. Prof. Dr. Recep Toparli. Ankara, 1998. –c. 121-129; Ҳофиз Хоразмий. Девон. Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Салоржанг музейи хазинасидаги 4298 рақмли қўлёзма. Марсия девоннинг 27а-30б-варақларида жойлашган.