Жаҳон адабиётида Афанди

Жаҳон халқлари оғзаки ижодида Хўжа Насриддин афандининг тутган ўрни хусусида бошқа ҳеч бир халқ адабиётшунослари, ҳаттоки ўзларини афандининг энг бирламчи вориси деб ҳисобловчи усмонли турк адабиётшунослари ҳам рус адабиётшунослари каби изчил ва кўламли илмий тадқиқотлар олиб бормаган десак муболаға бўлмайди. Бунинг яққол далилини, масалан, биргина китобда аниқ-равшан кўришимиз мумкин. Москвадаги “Наука” (“Фан”) нашриётининг Шарқ адабиёти Бош таҳририяти 1986 йилда “Йигирма тўрт Насриддин” (“Двадцать четыре Насреддина”) китобини чоп этган эди. Мазкур китоб жаҳондаги йигирма тўрт халқнинг миллий қаҳрамони сифатида бугунги кунда ҳам яшаб турган Хўжа Насриддин афандининг мингдан ортиқ латифасини ўзида жамлаган. Ушбу латифалар авар, анди (Доғистон), араб, ассирия, болгар, юнон, даргин, лазгин, македон, озарбайжон, рутул (Доғистон), серб, табасаран (Доғистон), тожик, татар, турк, туркман, форс, ўзбек, уйғур, хорват, чечен, қозоқ, қрим-татар халқларига мансуб. Тўпламдаги энг кўп латифалар ўзбек халқига тегишли. Зотан, “Хўжа Насриддин афанди аввал-бошда жаҳондаги қай бир халқнинг миллий қаҳрамони эди, деган саволга ўзбек халқи “Афанди менинг фарзандим!” дея жавоб беришга ҳар жиҳатдан ҳақлидир! Ҳа, Хўжа Насриддин афанди – ўзбек халқи бутун жаҳон халқлари ва жаҳон адабиётига туҳфа этган энг ёрқин, зукко сиймодир.

Энди мазкур китобда рус адабиётшунослари ёзган сўзбошининг дастлабки жумласига диққат қилинг: “Ҳомер ватани деб аталиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун еттита шаҳар баҳслашган. Бундан уч баравар кўпроқ халқлар Насриддинни бажонидил ўзининг миллий қаҳрамони деб аташга тайёр! Турли мамлакатларнинг олимлари муттасил изланадилар: шундай одам ростдан ҳам яшаб ўтганми? Яшаган бўлса, у ким, қандай одам бўлган?..”

Бундай саволларга ҳар жиҳатдан тўғри ва асосли жавоб топишга олимлар, ёзувчилар ҳам кўп йиллардан буён уриниб келадилар. Масалан, шулардан бири форс ёзувчиси Ираж Пезешкзод ҳисобланади. Худди Фарғона водийсидек аския ва ҳазил-мутойиба бобида беназир Исфахонда таваллуд топган бу ёзувчи ўзининг “Хўжа Насриддин Хорун-ар-Рашид саройида” номли романида уни, табиийки, форс халқига мансуб миллий қаҳрамон сифатида кўрсатишга мойиллик сезилиб туради. Хўжа Насриддин афандининг биргина латифаси асосида ёзилган “Наполеон амаки” ҳажвий романида эса, бу ёзувчи “афанди – форс” деган даъвони яна-да изчилроқ ва бадиий жиҳатдан юксакроқ тарзда исботлашга уринади. Рус тилида ижод қилган тожик адиби Темур Зулфиқоров “Хўжа Насриддиннинг биринчи муҳаббати” романида, табиийки, уни тожик халқининг миллий қаҳрамони сифатида тақдим этади… Хуллас, халқона ибора билан айтганда, “бу жаҳон айвонида ҳар ким ўз кўмочига кул тортиб яшайди”! Рус адиби Леонид Соловьёвнинг 1960 йилда илк бор бир бутун ҳолда нашр этилган қўш қиссасида бу адибларга нисбатан масалага ҳалоллик билан холис нуқтаи назардан қаралади: Хўжа Насриддин афанди рус, форс, тожик ва ё бошқа бирон халқ эмас, аввало, айнан ўзбек халқининг миллий қаҳрамони экани ҳаққоний эътироф этилади.

Ўзбек адабиётида “афанди” сўзи биринчи маротаба “Қаландар” ва “Галдир” тахаллуслари билан ҳам ижод қилган адибимиз Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг “Афандистон” мақоласи сарлавҳасида расман қўлланган, дейишимиз мумкин. Хўжа Насриддин афанди ҳақидаги дастлабки насрий асарлар эса, яна бир чинакамига афандитабиат адибимиз Ғафур Ғулом қаламига мансубдир. Ғафур Ғулом афанди латифалари асосида иккита асар – “Афанди ўлмайдиган бўлди” билан “Афанди ва шайтон алайҳи лаъна” ҳикояларини ёзган! Бу ҳикоялар билан, айтиш мумкинки, ўзбек адабиётида афандинависликка бетакрор тарзда асос солган! Буюк адибимизнинг машҳур “Шум бола” қиссасида, аслини олиб қаралганда, бола афандининг саргузаштлари мароқли тарзда қаламга олинган. Қаҳрамоннинг исми, аниқроғи, лақаби “Қоравой” экани бежиз эмас, албатта. Зотан, “қора сўз”, “қора халқ”, “қорахонийлар”, “қорақалпоқ”, “Қоражон”, “Қоработир” сингари кўпгина сўзлар яққол далолат бериб турибдики, “қора” деган қадим туркий сўз аввал-бошда ранг-тусни эмас, улканлик-катталикни англатган! Бинобарин, “Қоравой”, ўзи бола бўлса-да, аслида, катта халқнинг жаҳон таниган катта қаҳрамони, яъни, бола Насриддин афанди – шум боладир. Бу болакай “Кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни!” дейишга ҳар жиҳатдан ҳақли, мағлубият нималигини билмайдиган, ҳар қандай курашларда енгилмайдиган, тегирмондан бутун чиқа оладиган киройи қаҳрамондир. Аввало шуниси билан мазкур асар нафақат ўзбек адиблари, ҳаттоки жаҳон адабиётининг улуғ намояндаларига ҳам ўзига хос ибрат мактаби бўла олади.

Ўтган асрнинг саксониничи йилларида дунёга келган “Афандининг қирқ бир пашшаси” қиссаси (ёзувчи Зоҳир Аълам асари) ҳам, худди Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси каби, адабиётимизда ўзига хос улкан воқеа бўлган кулги-қисса хисобланади. Хўжа Насриддин афандимизнинг бир латифаси асосида яратилган мазкур тарихий-саргузашт қиссада афсонавий Журжон мамлакатидаги ғаройиб воқеалар мароқли тарзда ҳикоя қилинади.

Ўзбекистонда янги даврнинг шарофати билан адабиётда, хусусан, бадиий насрда Хўжа Насриддин афанди сиймосини ҳаққоний ёритиш ва, энг муҳими, бу севимли миллий қаҳрамонимизни, таъбир жоиз бўлса, тирилтириб, бир замондошимиз сифатида бадиий идрок этиш учун янги уфқлар очилди. Натижада ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида афандинависликда бир қатор дадил қадамлар қўйилди. Масалан, “Афандининг беш хотини” драматик асари дунёга келди. Каминанинг замонавий мавзудаги “Элчи (Афанди ўлмайдиган бўлди)” насрий достони “Шарқ” НМАК томонидан чоп этилди. “Шарқ юлдузи” журналида марҳум адибимиз Сафар Барноевнинг “Кичкина Хўжа Насриддин” номли тарихий-саргузашт қиссаси эълон қилинди…

Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси – “Алпомиш” достонининг оламшумул довруғ қозонишида ўзбек фольклористикасининг асосчиси Ҳоди Зариф билан бир қаторда домлага кўп йиллар ижодий ҳамкорлик қилган рус адабиётшуноси Жирмунскийнинг хизматлари беқиёсдир. Хусусан, бу икки адабиётшунос олим ҳаммуаллифликда 1947 йилда Москвада нашр этган “Узбекский народний героический эпос” (“Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси”) номли йирик тадқиқот бугунги кунда ҳам бутун жаҳон адабиётшунослигида “Алпомиш” достонимиз ҳақидаги энг етук илмий асар бўлиб турибди.

Оламшумул довруғи Алпомиш-Ҳакимбек ва ё Гўрўғлидан зинҳор қолишмайдиган миллий қаҳрамонимиз Хўжа Насриддин афандининг илмий тадқиқ этилиши бобида бундай ибратомуз ижодий ҳамкорлик афсуски, кўзга ташланмайди. Тўғри, бундан қариийб қирқ йил муқаддам бир олима аёл Хўжа Насриддин афанди образи ва унинг латифаларини илмий тадқиқ этиб номзодлик ишини ҳимоя қилган эди. Бу иш китобча сифатида нашр этилган ҳам. Афсуски, мазкур китобчада, биринчидан, Хўжа Насриддин афандимизнинг оламшумул қиёфаси атрофлича очиб берилмаган, иккинчидан, унда мустабид Шўро тузумининг мустамлакачилик сиёсати аниқ-равшан кўриниб қолган. Лекин “Йигирма тўрт Насриддин” номли латифалар тўпламига улкан адабиётшунос олим М.С.Харитонов томонидан ёзилган сўзбоши бундай ғайриилмий қарашлардан жуда-жуда баланд туради. Ушбу сўзбоши бугунги кунда ҳам Хўжа Насриддин афанди ҳақида жаҳон адабиётшунослигидаги энг умумлаштирувчи мақола сифатида алоҳида қадр-қимматга эга.

Яна бир гапни алоҳида таъкидлашни истардим: тўпламга латифалари киритилган йигирма тўрт халқнинг фольклорист олимлари ҳам, борингки, ҳатто рус адабиётшуноси Харитоновдек афандиси йўқ халқ вакиллари ҳам “Насриддин афандининг асли-насли ким бўлган?” деган савол устида бош қотириб келмоқдалар. Масалан, энг бирламчи афандини усмонли турклар Оқшаҳарда туғилган Насриддин деган бир мулла, озарбайжонлар – Насриддин Тусий, форслар – Носир Хусрав, бошқа халқлар – бошқа бир тарихий шахс номи билан боғлаб талқин қиладилар. Хуллас, бу масалада ҳар кимнинг ўз қараши, нуқтаи назари бор. Менимча, асли ўзимиздан бўлган Афандининг пушти-палаги бу оламдаги ҳар қандай насриддиндан қадимийроқдир.

Қуйида турли халқларга тегишли Афанди латифаларидан намуналар берилмоқда.

Таржимондан

ҚАЙСАР АФАНДИ

Хўжа болалигида отаси унга нима демасин, унинг тескарисини қилар экан. Жонига тегиб кетган ота ахийри унга ҳамма буюрган ишининг тескарисини айтадиган бўлибди. Кунлардан-бир куни ота-ўғил тегирмондан қайтаётиб, сойдан кечиб ўтишларига тўғри келибди. Кўприк бор экан-у, бироқ ундан эшак ўтолмас экан. Шунинг учун ота:

– Ўғлим, мен кўприкдан ўтаман, сен эшакнинг бошини сойдаги кечувга қараб буриб юрма тағин, хўпми, – дебди.

Насриддин эса қайсарлик билан атайин эшакни сой томонга бошлабди. Шунда отаси эшак устидаги қопнинг бир томонга оғаётганини кўриб қолиб ўғлига қичқирибди:

– Қоп мен томонга оғаётгани йўқ. У сувга тушиб кетмайди. Қани, оққан томонини қаттиқроқ бос-чи!

Шунда ўғил дебди:

– Ота! Мен энди катта бўлиб қолдим. Шу пайтгача болалик қилиб сиз айтган гапнинг тескарисини қилиб келар эдим. Энди сиз қандай айтсангиз, шундай қиламан!

Ўғил қопни бир босган экан, усиз ҳам оғаётган қоп шалоп этиб сувга тушиб кетибди.

(турк)

АФАНДИ ВА ЭШИК

Афанди ўсмирлигидаёқ ўзининг антиқа қилиқлари билан бегоналарнигина эмас, ҳаттоки туққан онасини ҳам ҳайратга солар экан. Кунлардан-бир куни онаси қўшниникига чиқа туриб ўғлига тайинлабди:

– Уйни пойлаб ўтир, ўғлим! Эшикдан ҳатлаб чиқа кўрма!

Афанди остонада ўтириб уй пойлабди. Бироз ўтиб уйга меҳмон келибди.

– Сизлар ўтириб туринглар, мен ҳозир ойимни чақириб келаман, – дебди уларга Афанди. Шундай дея эшикни зулфиндан чиқарибди-да, елкасида кўтариб ойисининг олдига кетибди.

– Бу нима қилганинг, ўғлим? – дея ажабланиб сўрабди онаси. – Нега эшикни кўтариб юрибсан?

– Ўзингиз эшикдан ҳатлаб чиқа кўрма деб тайинлаган эдингиз-ку, ойи. Мана, сизнинг айтганингизни бажариб турибман-да!

(уйғур)

ХЎЖА НОСИР ВА УНИНГ ОТАСИ

Отаси хўжага эшакни суғоришни буюрибди:

– Йўқ, суғоролмайман, лабим ёрилиб кетган, – дебди хўжа.

– Эшакни суғоришга лабнинг нима дахли бор? – ажабланиб сўрабди отаси.

– Нега дахли бўлмас экан? Мен ҳуштак чалиб ишора қилмасам, эшакнинг сув ичиш кераклигига фаҳми етмайди. Ёрилган лаб билан эса ҳуштак чалолмайман-ку.

(қозоқ)

ЮНУС ПАЙҒАМБАР

Насриддиннинг отаси уйга учта қовурилган балиқ олиб келибди. Насриддин уйда эмас экан, онаси айтибди:

– Насриддин келмасидан балиқларни еб олганимиз маъқул эди, йўқса у балиқ егандай қилмайди.

Худди шу пайт Насриддин келиб, эшик қоқиб қолибди, онаси бўлса, икки бўлак катта балиқни хонтахтанинг тагига яшириб, энг кичигини кўринадиган жойга қўйибди. Бироқ Насриддин калит тирқишидан қараб ҳаммасини кўрибди-да, ичкарига кирибди.

– Юнус пайғамбар ҳақидаги ривоятни эшитганмисан, ўғлим? – деб сўрабди бир пайт Насриддиндан отаси.

– Ҳозир балиқдан сўраб кўрамиз-да, – дебди Насриддин. Сўнг балиқнинг оғзига қулоғини тутиб шундай дебди: – Бу балиқ, мен Юнус замонида кичкина бўлганман, ривоятни хонтахта остидаги иккита катта балиқдан сўранг, деяпти.

(форс)

НАСРИДДИН МАКТАБДА ҚАНДАЙ ЎҚИГАН

Мулла Насриддин мачит қошидаги мактабда ўқиганида баджаҳл домла уни ўйинқароқлиги учун тез-тез жазолаб турар экан. Бироқ у жазоланишдан қўрқмай ўйинқароқлигини, ҳазил-ҳузуллари-ю сўз ўйинларини қўймас экан.

Кунлардан бир куни дарс пайтида домлага каттакон бир идишда ҳолва олиб келишибди. Айни шу пайтда домлани хотини чақириб қолибди.

– Болалар, мен сенларни бир муддатга холи қолдираман, – дебди домла. – Жимгина ўтиринглар, энг муҳими манови ҳолвага қўл теккизманглар. Айтиб қўяй, бу ҳолва заҳарланган.

Домла ташқарига чиққан заҳоти Насриддин ҳолвани тенг бўлакларга бўлибди-да, ҳамма болаларга тарқатиб чиқибди. Болалар энг сўнгги ушоқларини еб бўлганларида домла кириб келибди-да, жаҳли чиқиб сўрабди:

– Ҳолвани ким еди?

– Домлажон, – дебди шунда Насриддин, – мен сизнинг қаламтарошингизни синдириб қўйдим. Бу ишимдан шунақаям пушаймон чекдимки, ҳолвани еб заҳарланиб ўлишга қарор қилдим. Бироқ, афсус, заҳар кучсиз экан!

(авар)

ИССИҚ ЎЛКАЛАРДА

Афанди ёшлигида фалон карвонсаройга ҳабашистонлик савдогарлар келиб қўнганини, ўз юртларидаги ажойиботлар ҳақида ҳикоя қилаётганини эшитиб қолибди. Афанди дарҳол ўша карвонсаройга чопқиллаб бориб, қизиқувчанлар қаторига суқилибди-да, мусофирларнинг гапларига қулоқ сола бошлабди.

– Ҳабашистон деган мамлакат бор, – дебди савдогарлардан бири. – У жуда узоқда, ҳаттоки Бағдоддан ҳам нарида. У ер шу даражада иссиқки, одамлар яланғоч юришади…

Шунда ёш Афанди сўрабди:

– У ерда эркак билан аёлни қандай фарқлашади?

(ўзбек)

ВАҚТ ЎЛЧОВИ

Насриддин мактабда ўқиб юрганида домла ер юзидаги ҳаёт, йил фасллари, кеча билан кундузнинг алмашинуви ҳақида кўп гапирар экан. Бир куни домла:

– Мана, ҳозир кўклам, кунлар узайиб, тунлар қисқаряпти. Бир ойдан кейин эса, ёз кирганида кун бир соатга узаяди…

Орадан бир ой ўтибди. Дарсда тағин йил фасллари ҳақида гап қўзғолибди-да, домла Афандидан сўрабди:

– Қани, Насриддин, менга айт-чи, бир кеча-кундузда неча соат бор?

– Ҳозир бир кеча-кундузда йигирма беш соат бор, бироқ ёздан бошқа фаслларда йигирма тўрт соат бўлади, – дея дадил жавоб берибди Афанди.

(ўзбек)

БИЗ ТЕНГДОШМИЗ

– Кимнинг ёши катта? – деб сўрашибди Афандидан. – Сенингми ё акангними?

– Ўтган йили онам акамнинг мендан бир ёш катталигини айтгандилар, бироқ орадан роппа-роса бир йил ўтди, демак, энди биз тенгдошмиз!

(уйғур)

НОАНИҚ МАЙЛ

Кунлардан бир куни ўқитувчи Мулладан сўрабди:

– “Наср” сўзи қай келишикда?

– Ноаниқ майлда! – деб жавоб берибди Мулла.

Ўқитувчининг жаҳли чиқибди:

– Нега дарс тайёрламадинг?

Насриддин жавоб қилибди:

– Устоз, Худо ҳаққи, дарс қилганман, бироқ мен атайин шундай дедим…

– Бу нима деганинг? – деб сўрабди ўқитувчи.

– Агар мен “ўтган замон” десам, шу билан гап гапга уланиб кетаверарди. Бу қуриб кетгур замондан осонгина қутулиб бўлмайди – унинг буйруқ, истак, аниқлик майллари, мажҳул, ўзлик, биргалик нисбатлари, бирлик, кўплик сонлари… бор. Ноаниқ майлда буларнинг ҳеч бири йўқ. Вақтни чўзиб, сизни беҳуда овора қилмаслик учун шундай дедим-да.

 (озарбайжон)

АГАР ТЎРТДАН ТЎРТНИ АЙИРСАК

– Агар тўртдан тўртни айирсак қанча қолади? – деб сўрабди ўқитувчи хўжадан. Хўжа ўйланиб қолибди.

– Кел, буни аниқ бир мисол ёрдамида ечайлик, – дебди ўқитувчи. – Дейлик, сенинг чўнтагингда тўрт танга бор эди, улар тушиб қолди. Шунда чўнтагингда нима қолади?

– Тешик, – деб жавоб берибди хўжа.

(қозоқ)

КАЛИТНИНГ ТЕШИГИ

Мулла Насриддин мадрасада ўқиб юрганида бир куни мударрис ундан:

– Дарс қилдингми? – деб сўрабди.

– Дарс қилдим, – деб жавоб берибди Мулла.

– Унда айт-чи, модда нима?

– Бу дунёда мавжуд бўлган жамики моддалар “модда” деб аталади.

Мударрис Насриддиннинг дарс тайёрламаганини англабди, бироқ берилган вазифани билмаса ҳам, унга билмаслигини исботлаб бўлмаслигини яхши билар экан. Шунинг учун мударрис атайин қўшимча савол берибди:

– Қани, айт-чи, ана ўша моддаларнинг қандай хусусиятлари бор?

– Бу оламдаги жамики моддалар моддалик хусусиятига эга.

– Яхши, улар қандай рангда бўлади?

– Уларнинг ҳаммалари бир рангда.

– Қанақасига?

– Шунақасига. Улар модда рангида-да.

Насриддинни билмасвойликда қўлга тушириб бўлмаслигини тушунган мударрис яна сўрабди:

– Хўп, майли, рангсиз моддалар қандай кўринишга эга?

– Улар рангсиз бўлади.

Насриддиннинг сабоқни билмаслигини исботлаш умидида мударрис салгина ён берибди:

– Яъни, рангсиз моддага қараганингда нарёғидаги ёруғликни кўрасан, шунақами?

– Ҳа, домлажон, тўғри айтяпсиз, – деб жавоб қилибди Афанди. – У орқали ёруғликни аниқ-тиниқ кўриб турасиз!

– Рангсиз моддага ақалли биттагина мисол келтир-чи қани?

– Калитнинг тешиги, – деб жавоб қилибди Насриддин.

 (озарбайжон)

БОЛАНИНГ АҚЛИ

Мактабда кичкинтой Афанди домласига илмоқли саволлар берар экан. Уларнинг аксариятига домла жавоб беришдан ожиз қолар экан.

– Билимдонман деб мақтанаверма! – дея танбеҳ берибди домла. – Кўпинча ақли ўткир болалар каттарганда ғирт аҳмоқ бўлади.

– Бундан чиқди, муҳтарам домла, сиз болалигингизда ҳойнаҳой жудаям ақлли бўлгансиз.

(ўзбек)

ХЎЖА ТАСКИН БЕРАДИ

Бир куни хўжа дарсга келмабди. Эртасига ўқитувчи ундан сўрабди:

– Сен кеча нега мактабга келмадинг?

– Банд эдим.

– Нима билан?

– Акам шифокорга бориб тишини олдирди.

– Хўш, нима бўпти?

– Мен бирга бордим.

– Нега энди? Сенинг эмас, акангнинг тишини олишибди-ку?

– Акам оғриққа чидаёлмай қичқираётганида мен уни овутиб турдим-да.

(қозоқ)

КЎП КУТИЛМАЙДИ

Кичкинтой Насриддинни этикдўзга шогирд қилиб беришибди. Икки йил ўтгач отаси қизиқиб сўрабди:

– Ҳозирга келиб ҳойнаҳой этик тикишни ўрганиб олгандирсан, ўғлим? Ўз пойафзал устахонангни очишнинг вақти келмадими?

Насриддин мийиғида кулибди:

– Кўпи кетиб, ози қолди, ота! Ҳозир мен хўжайинимнинг боласига қараб, рўзғорига кўмаклашиб турибман. Мана шу ишларга ярамай қолганимда хўжайиним менга пойафзал тикишни ўргатишни бошлаб юбормоқчи.

(ўзбек)

ХЎЖА ПИЛЛАЧИГА ШОГИРД ТУШДИ

Хўжани онаси пиллачига шогирдликка топширибди. Хўжа устознинг уйига бир йил қатнабди, икки йил қатнабди. Бир куни онаси сўраб қолибди:

– Қани, нимани ўрганганингни кўрайлик-чи.

Хўжа бўлса, шундай жавоб берибди:

– Онагинам, дуоларингизнинг шарофати билан ҳозиргача касбнинг қоқ ярмини ўрганиб бўлдим – тўқилган матони бемалол сўка оламан. Энди иккинчи ярми – ипларни ўраш қолди. Дуо қилиб турсангиз, яна бир неча йилдан кейин бунисини ҳам пухта ўрганиб оламан.

(турк)

ИССИҚҚИНА ЧУЧВАРА

Бир куни бола Насриддинни онаси чучвара билан сийлабди. Чучвара шунақанги иссиқ эканки, Насриддин ҳар бирини оғзига солганида кўзларидан ёш тирқираб чиқиб кетар экан.

– Менга қара, Насриддин! Чучвара қочиб кетмайди-ку! Совитиб, кейин есанг-чи, – дебди отаси.

– Унда оч қоламан-ку, ота, – деб жавоб берибди кичкина Насриддин.

(ўзбек)

ТУШЛИКНИ ҚАНДАЙ ОЛИБ КЕЛИШ КЕРАК

Насриддинга отаси:

– Овқатни олиб кел-да, эшикни ёп, – дебди.

Насриддин эса:

– Яхшиси аввал эшикни ёпиб, ундан кейин овқатни олиб келай, – дебди.

(форс)

ЭРУВЧАН КУМУШ

Афанди ёшлигида ширинлик олиб ейиши учун ҳар жумада отаси унга беш тийин берар экан. Бир куни отаси унга нақ йигирма тийин бериб тайинлабди:

– Шу пул сенга тўрт жумага етади. Пулни тежаб ишлатишни ўрган.

Афанди отасининг ўгитларини бирпасда унутиб қўйибди-да, кўчага чопқиллаб чиқиб, йигирма тийиннинг ҳаммасини ҳар хил ширинликларга сарфлаб юборибди. Кейинги жумада кун иссиқ бўлиб, Афандининг отаси бозордан ғарқ терга ботиб қайтибди.

– Бундай жазирамада миям эриб оқиб кетмаганига ҳайронман! – дебди у.

Қулай фурсат келганини пайқаган Афанди отасига дебди:

– Одамнинг мияси кумушдан чидамлироқ, шекилли?

– Нима дейди? – сўрабди отаси.

– Сизнинг тўрт жумага деб берган кумуш тангангиз мойдай эриб, оқди-кетди…

(ўзбек)

ОЧОФАТНИНГ ЖАВОБИ

Афандига отаси пул бериб, тушликка қўйнинг пиширилган калласини олиб келишни буюрибди. Насриддин пишган каллани сотиб олибди-да, йўл-йўлакай ундан озгина татиб кўрибди. Калла гўшти шунақанги хуш ёқибдики, чимдиб-чимдиб бутун каллани еб битирибди ва отасига бош суягининг ўзини олиб келибди.

– Бу қуп-қуруқ суяк-ку! – дебди отаси. – Қулоғи қани бунинг?

– Асли гаранг экан, – деб жавоб берибди Афанди.

– Тили-чи? – асабийлашибди отаси.

– Тили йўқ – соқов экан.

– Кўзи-чи, кўзи қани бунинг? – терговни давом эттирибди отаси.

– Кўзи кўр экан.

– Бошининг ўзидаги гўшти-чи, у қани?

– Бечоранинг шунча камчилиги етмагандек боши ҳам кал экан, – бўш келмай жавоб берибди Афанди. – Фақатгина тиши шунақанги мустаҳкам эканки, мана, қаранг, биттаси ҳам тушиб кетмаган.

(форс)

ХЎЖА БИЛАН АҚЛЛИ ҒОЗ

Хўжа ёшлигида бир лаҳза ҳам ҳазил-мутойиба қилмасдан туролмас экан. Бир куни ўтиб кетаётиб зиқна ва уришқоқ қўшнисининг ғозлари девор соясида мудраб ётганига кўзи тушибди. Ғозини йўқотган қўшнисининг қандай хуноб бўлиб изиллашини томоша қилиш иштиёқида энг катта ғозни ушлаб жуббасининг остига яширибди-да, йўлида давом этибди. Анча юрибди, ғознинг эса “ғиқ” этган овози чиқмасмиш. Хўжа бу ғоз нега ақалли питир-питир қилиб безовталанмаяпти дея ажабланибди-да, хилват жойга бурилиб, аста жуббасини кўтариб қарабди. Ғоз эса, бошини кўтариб, қандайдир шивирлашга ўхшаш овоз чиқарибди.

– Яша, ғоз! – дебди хўжа. – Сени нодон деганларнинг ўзлари нодон, сен аслида эгангдан ақллироқ экансан; мен ҳам сени ўзингга эҳтиёт бўл деб огоҳлантирмоқчи эдим.

(турк)

ҚОВОҚБОШ

Кўчада қозондек каттакон салла ўраган имом кетаётган экан. Насриддиннинг шумлиги тутибди-да, оғиргина бир тошни саллага қараб отибди. Бироқ тош имомнинг салласига эмас, нақ пешонасига тегибди.

Ғазабланган имом шумтакани тутиб, қозининг ҳузурига судраб борибди.

– Муҳтарам имомга тош отишга қандай ҳаддинг сиғди, ҳой тирранча?!

Насриддин бўйнини қисиб жавоб қилибди:

– Мени афу этинг, жаноб! Саллани кўриб “Бу қозондек катта саллани кўтариб кетаётган калла темирдан эмасмикан?” деб ўйлаб қолдим. Шуни текшириб кўриш учун тош отувдим. Имом, ўйлаганимдек, темирбош эмас, қовоқбош бўлса, менинг айбим нима?

(ўзбек)

ЁРДАМ БЕРОЛМАЙМАН

Хўжа болалик кезларида Сивриҳисордан Оқшаҳарга келганида минора тепасида азон айтаётган муаззинни кўриб қолибди-да, пастдан туриб қичқирибди:

– Мен нима ҳам қила олардим, амакижон? Шох-бутоғи йўқ дарахтга чиқишдан олдин қандай тушишни ўйласангиз бўлмасмиди?

(турк)

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЎЛИКДАН ШОХ ЧИҚДИ

Ёш Насриддин бир куни эрталаб уйдан чиқиб қараса, дарвозалари олдида бир ўлик ётганмиш. Уни судраб бориб қудуққа ташлабди-да, ўз ишига кетибди. Отаси ўғлининг маҳмадоналигини билгани учун ўлик ҳақида эшитгани заҳоти бир эчкини сўйиб, қудуққа ташлабди, одамнинг ўлигини эса, қудуқдан тортиб олиб, кўмибди. Насриддин йўл-йўлакай ўзининг қандай ўлик топганини ҳаммага айтибди. Унинг гапларини марҳумнинг қариндошлари ҳам эшитиб, Насриддиндан сўраб-суриштиришибди:

– Ўликни нима қилдинг?

– Мен уни қудуғимизга ташладим, – деб жавоб берибди Насриддин. Сўнг уларни бошлаб келиб, ўзи ўликни олиб чиқиш учун қудуққа тушибди. Қараса, ўликдан шох ўсиб чиққан эмиш. Қудуқ ичида туриб:

– Сиз қидирган ўликнинг шохи бормиди? – деб қичқирибди.

Одамлар унинг тентаклигидан аччиқ кула-кула тарқалишибди.

(форс)

НАСРИДДИН КУЁВГА МАСЛАҲАТ БЕРАДИ

Бир деҳқон ўғлини уйлантирмоқчи бўлибди.

– Майли, мен ҳам уйланганим бўлсин? – дебди ўғил. – Қишлоғимизда бир қиз, бир эри билан ажрашган бева бор. Шулардан қай бирига уйланай, маслаҳат беринг!

– Мен сенга бунақа масалада маслаҳат беролмайман, – дебди отаси. – Бироқ шаҳарда бир танишим бор. Ўша одамга борсанг, маслаҳат бера олади.

Йигит шаҳарга бориб, отасининг танишини қидириб топибди-да, унга масалани маълум қилибди.

– Мен ҳам сенга маслаҳат беролмайман, – дебди ўша одам. – Лекин шаҳримизда Насриддин исмли бир одам яшайди. Уни қидириб топсанг, ана шу одам яхши маслаҳат бера олади.

Йигит Насриддинни роса қидирибди. Унинг қаерда яшашини ҳеч ким билмас экан. Ниҳоят, “от-от” ўйнаётган бир тўп болакайга дуч келибди. Йигит улардан Насриддиннинг уйини сўрабди.

– Мен Насриддинман, – дебди бир болакай.

Чиқмаган жондан умид деб муддаосини унга айтибди. Болакай:

– Қизни олсанг – сенинг ишинг, бевани олсанг – унинг иши, – дебди.

Шунда йигит эри билан ажрашган аёл ҳақида сўраган экан, болакай жавоб бериш ўрнига унинг оёқларига чивиқ билан бир урибди-да, ўйинга югуриб кетибди.

Йигитнинг ҳафсаласи пир бўлиб ота дўстининг қошига келибди-да:

– Отам мени ўша болакайдан маслаҳат олсин деб сизнинг олдингизга жўнатган эдими? Мен сизнинг ўзингиздан маслаҳат сўраб келган эдим-ку! – дебди. Сўнг бола Насриддин айтган гапларнинг ҳаммасини айтиб берибди.

– Нима ҳам дердим, яхши маслаҳат берибди ўша болакай, – дебди отасининг дўсти. – Сен агар қизга уйлансанг, оилада ўзинг бош бўласан, бевага уйлансанг – ўша бева бош бўлади. Оёғингга урилган чивиқ орқали эса, у эри билан ажрашган аёлдан иблисдан қочгандек қоч демоқчи бўлган.

(серб)

АҚЛ КИРИШИДАН АВВАЛ

– Сен илк бор уйланганингда неча ёшда эдинг? – деб сўрашибди Насриддиндан.

– Аниқ эслаёлмайман, – деб жавоб берибди у, – чунки ўша пайтда ҳали ақлим тўлиқ кирмаган эди.

(форс)

ҲАЛИЯМ КЕЧ ЭМАС

Афандини калака қилиш иштиёқидаги бир чол унга:

– Афсус, сенинг онанг ўлиб кетган-да, йўқса мен унга уйланардим-да, сен менга ўғил бўлар эдинг, – дебди.

– Ҳалиям кеч эмас, – дебди шунда Афанди.

– Нега бундай деяпсан? – ажабланиб сўрабди қитмир чол.

– Бунинг йўли осон, – дебди Афанди, – қизингизни менга берсангиз, сизга ўғил бўламан-қўяман-да!

(уйғур)

КЎК МУНЧОҚ

Афанди бирваракайига икки қизни ёқтириб қолибди. Бир куни у икки тизим кўк мунчоқ сотиб олиб, иккала қизга совға қилибди. Қизлар бир-бирлари ҳақида хабар топиб, иккаласи бирга Афандининг олдига келибди-да:

– Сен ўзи қай биримизни севасан? – деб сўрашибди.

– Кимга кўк мунчоқ совға қилган бўлсам – ўшани-да! – деб қувлик билан жавоб берибди Афанди.

(уйғур)

АЙТИШНИ УНУТИБМАН

Афанди узоқ уйланолмай юрибди. Қалин тўлашга пули етмас экан.

Кунлардан бир куни бир таниши Афандига у яхши кўрадиган қизга ўз совчиларини жўнатганини айтибди.

Афанди қаттиқ хафа бўлиб безовталанибди. Ўйланиб туриб, танишига бундай дебди:

– Ёмон қиз эмас. Агар бир марта, сенга қасам ичиб айтаманки, мутлақо тасодифан бир эркакнинг олдида очиқ юз билан турганини кўриб қолганимни ҳисобга олмаганда, жуда чиройли, ақлли, яхши қиз.

– Аллоҳга қасамки, бундай қиз менга муносиб эмас! – дебди таниши. Сўнгра у совчиларни қайтариб, ўша қизга уйланишдан воз кечибди.

Бироз вақт ўтганидан кейин ўша таниши Афандининг ўзи ўша қизга уйланаётганини эшитиб қолибди. Афандига:

– Сен мени алдабсан-да? Ўшанда ичган қасаминг нима бўлди энди?! – дебди жаҳли чиқиб.

– Ўшанда тўғри қасам ичганман. Ҳа, мен ростдан ҳам ўша қиз бир эркакнинг олдида юзи очиқ турганини кўрганман. Аммо ўшанда сенга у эркак қизнинг ўз отаси эканини айтишни унутибман. Сен ҳам мендан сўрамадинг!

(ўзбек)

ХЎЖА ЭҲТИЁТ ЧОРАСИНИ КЎРАДИ

Хўжа ўзига уй қурдираётганида дурадгорга ерга қоқиладиган тахтани – шипга, шипга қоқиладиган тахтани эса, аксинча, ерга қоқишни буюрибди. Дурадгор бунинг сабабини сўраган экан, хўжа шундай тушунтирибди:

– Мен яқинда уйланяпман. Киши уйланганида уйидаги ҳамма нарсанинг оёғи осмондан бўлиб кетади. Шунга эҳтиёт чорасини кўриб қўймоқчиман!

(турк)

ЎПКАЛАГАН КУЁВ

Насриддин Афанди уйланибди. Тўй базмида барча меҳмонга палов тортилибди. Югур-югур билан бўлиб куёвболага ош беришни унутиб қўйибдилар. У бир бурчакда оч-наҳор хомуш ўтираверибди.

Ниҳоят, куёвбола чимилдиққа кирадиган вақт келибди.

– Қани, чимилдиққа марҳамат, Афанди! – дейишибди унга ошналари. Афанди эса, қовоғини уйиб олиб:

– Кирмайман! Чимилдиққа ош еганлар кирсин! – дебди.

(ўзбек)

ТАҚВИМ

Айтишларича, Мулла ўзининг бутун вақтини китоб ўқиб ўтказар экан. Кунлардан-бир куни хотини:

– Шу тунда тонггача мижжа қоқмайман – Аллоҳдан мени китобга айлантириб қўйишини илтижо қиламан.

– Нега? – сўрабди Мулла.

– Тўғрисини айтсам, шу китобларга ҳавасим келади, – дебди хотини. – Қани энди китобга айланиб қолсам-да, сиз мендан кўзингизни узмасангиз.

– Дуо қилганингда Аллоҳдан сени тақвимга айлантириб қўйишини сўра, – ҳазиллашибди Мулла.

– Нега? – деб сўрабди хотини.

– Чунки тақвим бир йилга ярайди-да! Кейин янгисига алмаштирилади! – тушунтирибди мулла.

(озарбайжон)

ОДАТ

Бой қўшниси Насриддинни шаҳар ташқарисидаги боғида бир неча кун меҳмон бўлишга таклиф қилибди.

– Дўстлар йиғилишади, хурсандчилик қиламиз, – дебди қўшни.

Боққа кўп меҳмон йиғилибди. Зиёфат қуюқ бўлибди. Аммо ҳар куни эрталаб нонушта чоғида боғ соҳиби ҳам, меҳмонлар ҳам нимагадир Афандига хўмрайиб совуққонлик билан қарашибди.

– Нега ҳаммангиз менга бундай қараяпсиз? – деб сўрабди Афанди.

– Бунинг сабаби шуки, улар сизнинг хуррагингиз касридан туни бўйи ухлаёлмай чиқишяпти, – дебди боғ эгаси. – Шунақанги хуррак отар экансизки, бутун уй зириллаб кетади-я!

Афанди хафа бўлиб уйига отланибди.

– Йўл бўлсин, Афанди?

– Хотинимдан қўймасин! – дебди Афанди. – Қирқ йилдан буён мен билан яшайди, бечора бирон марта хуррагимдан шикоят қилмабди-я!..

(ўзбек)

Рус тилидан Раҳимжон Отаев таржимаси

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 4-сон