Йўлдош Солижонов. Руҳиятни ёритган шеърият

(Атоқли шоир Эркин Воҳидов портретига чизгилар)

Одатда, улкан ва истеъдодли санъаткорларнинг бутун бир ижодигина эмас, балки ҳар бир асари ўнлаб, юзлаб олимлар томонидан батафсил тадқиқ қилинади, синчиклаб ўрганилади. Мабодо, улар бир жойга жамлангудек бўлса, ажойиб бир тафаккур чаманзори дунёга келади. Ундаги бир-бирига мутлақо ўхшамаган ҳар битта гул ўз ранги ҳамда таровати билан кўнгилларга ором беради ва ижодкор гулзорининг турфалигини кўрсатувчи фазилатга айланади. Масалан, улуғ Алишер Навоий ижоди 500 йилдан буён тадқиқ этиляпти, бундан кейин ҳам ўрганилаверади. Бу билан Навоий ижоди ҳақида айтиладиган фикр қолмади, деган муаммо келиб чиқмайди. Аксинча, фикр фикрни уйғотади деганларидек, ижодкор услуби ва маҳоратининг янги-янги қирралари очилаверади. Чунки ҳақиқий истеъдодли санъаткорнинг ижодий мероси уммонга ўхшайди. Унга шўнғиган ғаввос насибасига яраша дуру гавҳарларни териб чиқаверади, улар эса мутлақо тугамайди. Замонамизнинг истеъдодли шоири Эркин Воҳидов ижоди ҳам ана шундай уммонлардан биридир. Агар шоир ижоди ҳақидаги илк мақолалар матбуотда эълон қилинганига ярим асрдан ошганини инобатга олсак (Т.Тўла. “Шарқ юлдузи”ни варақлаб… “Совет Ўзбекистони” газ. 1961. О.Шарафиддинов. Талант ва масъулият. “Ўзбекистон маданияти” газ. 7.08.1962), ҳозиргача бу уммондан йиғиб олинган жавоҳирот хазинасининг ҳисобига етиш мушкул эканлиги аён бўлади-қолади. Шундан буён ўтган давр мобайнида бирон бир ўзбек адабиётшуноси йўқки, ўзининг илмий-тадқиқот ишларида, ҳеч қурса, бир марта Эркин Воҳидов номини тилга олмаган, шоир ижодига хос янги бир фазилатни кашф этмаган бўлсин! Шунга қарамай, бу санъаткор ижодининг очилмаган қатламлари жуда сероб. Мен ҳам ана шу қатламлар қаърига кучим ва нафасим етганча шўнғиб, Эркин Воҳидов шеъриятининг ўзим илғаган айрим фазилатлари ҳақида фикр юритмоқчи бўлдим.

Аввало, Эркин Воҳидов поэтик тафаккури ғоят кенг ва тиниқ шоир эканлигини таъкидлаш зарур. Ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга теран нигоҳ билан қараш, уларнинг туб моҳиятини англашга интилиш, қайси бири хайрли, қай бири сохталигини аниқлай олиш истаги шоирнинг илк ижодий қадамларидан буён йўлдош бўлиб келаётир. Шоирнинг бадиий тафаккури доимий ҳаракатда бўлгани туфайли ўзининг сархил меваларини тез ва мўл-кўл бера бошлади. Натижада, Э.Воҳидов ижоди жадал суръатлар билан камолот чўққисига кўтарилди ва устоз адабиётшунос Умарали Норматов лутф қилганларидек, шоир қаламига мансуб ҳар бир сўз, ҳар бир сатр чиндан ҳам “Кўнгилларга кўчган шеърият”га айланди.

Жуда яхши эслайман: 1961 йилда Эркин Воҳидовнинг мўъжазгина “Тонг нафаси” деб аталган шеърлар тўплами босилиб чиқди ва тез орада қўлма-қўл бўлиб кетди. Айниқса, биз каби ёшлар (ўшанда 1-курс талабаси эдим) бу китобчадаги барча шеър­ларни ёдлаб олиб, давраларда, тўй-маъракаларда, қизлар билан учрашувларимизда “ўзимизники” қилиб ўқиб юрардик. Албатта, баъзан дакки ҳам эшитардик, негаки, ўша пайтда Эркин Воҳидовни ўқимаган одам йўқ эди-да! Лекин биз бу танбеҳлардан ранжимасдик, сабаби Эркин Воҳидов деган шоир ўзимизнинг Олтиариқдан, демак, биз битта одаммиз деган юпанч бизга далда берган. Ҳа, Эркин ака биринчи шеърлар китоби биланоқ ўзимизники бўлиб қолган, унинг шеърлари бизнинг кўнглимизга кўчиб кирган, ҳечам чиқиб кетгиси келмасди ва ҳозиргача ҳам бемалол яшаяпти. Энди айтинг-чи, шоир учун бундан ортиқроқ бахт, бундан буюкроқ тахт борми?!

Мана, шундан буён 50 йилдан ортиқ вақт ўтди. Бу даврда Эркин Воҳидов ижоди ҳам бўйига, ҳам энига, ҳам айланасига беқиёс даражада ўсди, вазни ва салмоғи ортди. Бугун Эркин Воҳидов ўзбек адабиётининг ёруғ юлдузи, катта ижодий мактаб яратган улкан санъаткор бўлиб танилди.

Маълумки, Эркин Воҳидов тенгдош бўлган авлод адабиётга ўтган асрнинг 60-йилларида кириб келди ва ўзбек шеъриятини ҳам шаклан, ҳам мазмунан тубдан янгилади. Айнан шу йилларда қўлига қалам олган шоиру ёзувчилар юраги озодлик, эрк туйғуси билан тўлиб-тошган эди. Ҳурриятга, эркка интилган бу ижод аҳли ўз асарлари руҳига, энг аввало, миллатнинг қадр-қимматини улуғлашни, миллий ифтихор туйғусини сингдиришни истади ва бунга дадил киришди. Натижада, бу авлоднинг илк шеърлариёқ ўша пайтдаги жамиятда чуқур томир отган ёлғонга, сохталикка, баландпарвозликка қарши исён сифатида жаранглади. Аммо бу исённи очиқ-ошкора баён этиш мумкин эмасди. Чунки яккаҳокимликни бой бериб қўйишни истамаган коммунистик мафкура заҳарли тишларини қайраб турарди. Хайриятки, шеъриятда фикрни рамзий тимсоллар орқали ифодалаш, тиконни гулга ўраб “тортиқ” қилишнинг турли усуллари ва воситалари бор. 60-йиллар ижодкорлари ана шу усул ва воситалардан унумли фойдаланиб, одамлар юрагига кириб бордилар. “Менинг ҳам ўша йилларга мансуб шеърларимнинг ҳар учтадан биттасида жамиятдаги ёлғону алдовларга қарши исён туйғуси бор” дейди бу ҳақда Э.Воҳидов (“Бу обод кунларга етдик соғ-омон…” Суҳбат. “Тафаккур” ж., 2011, 3-сон).

Аслида, бу авлоднинг хизмати шу билангина чекланмайди. Чунки улар ўз қутлуғ қадами билан шеърият соҳасидагина эмас, балки ижтимоий-сиёсий жабҳаларда ҳам, маънавий-маърифий майдонда ҳам туб ўзгаришларни вужудга келтирди. Ҳар бир ижодкор қулликка маҳкум этилган халқ ўзининг аянчли турмуши моҳиятини чуқурроқ англасин, унга танқидий нуқтаи назардан қарасин, деган қутлуғ ният билан қўлига қалам олди, бутун адабиёти, маънавияти, маърифати тарихида том маънода янги саҳифалар очди. Улар бадиий сўз воситасида одамларнинг мудроқ қалбини уйғотди, онг-шуурида исён ясади.

Одамларга фақат шеъригина эмас, балки ўзи ҳам кераклигини чуқур ҳис этиб яшаш истаги Эркин Воҳидовни ҳамиша ана шу авлоднинг олдинги сафида юришга ундади. Шоир ижодининг илк қадамларидан ижодкорлик ва фуқаролик масъулиятини чуқур ҳис этиб, унинг залворли юкини онгли равишда зиммасига ортган ҳолда яшаб ва ижод қилиб келмоқда. Агар синчиклаб қаралса, Эркин Воҳидов асарларида миллат шаънига мақтов ёғдиришдан, унга ҳамду санолар ўқишдан кўра, кўпроқ инсоннинг ҳаёт олдидаги бурчини англаши, замон унинг елкасига ортаётган таҳқирли юкдан қандай қилиб озод бўлиш йўлларини излаши лозимлиги тўғрисида ёзишни муҳимроқ деб билганини англаш қийин эмас. Шу боисдан, у бутун ҳаёти давомида ҳам ижодий, ҳам ижтимоий фаолиятини бир-бирига қўшиб олиб борди ва бу узвий боғлиқлик шоир шеърларига ўзига хос мазмун ҳамда ранг бағишлади.

Эркин Воҳидов ҳар доим ижодининг бошланишида айтган:

Халқ – устозим, мен эса – толиб,
Сўз дурларин термоқдир ишим.
Одамларнинг ўзидан олиб,

Одамларга бермоқдир ишим, – деган принципига қатъий амал қилиб яшади ва ижод қилди. Бунинг натижаси ўлароқ, у чинакам халқ шоири сифатида тан олинди. Шоир бутун ижоди мобайнида ўзини “эркалаб бағрига босган, меҳнаткаш, бағри кенг, орзуларидай улуғ халқи”нинг беқиёс фазилатларини, дардини куйлаб келмоқда. Шунинг учун ҳам шоиримиз асарларида халқона руҳ, соддалик мудом устувор бўлиб келаётир.

Дадил айтиш мумкинки, Эркин Воҳидовнинг нафақат ҳар бир шеъри, балки ундаги ҳар бир сатри ҳам “тўлқин урган сирлар тўла уммон”дир. Чунки чин маънодаги “шоир ўз халқининг юрак парчаси” ҳисобланади. Бундай юракда, шубҳасиз, исён туғилади. Исёнга дош бермоқ эса осонмас, бинобарин, исён бедор қалб инқилобидир. Бундай қалб халқ дарди билангина нафас олади. Шу боисдан шоир “мен”и халқнинг тили ва дили, жигарбанди, фарзанди сифатида намоён бўлади. У яхшими, ёмонми, 30 миллионлик халқини ўз қалбига жо қилган, унинг ташвиши ва қувончи билан нафас олаётган тирик жондир. Ана шу халқининг дарди, сўзини ифода этмоқлик ижодкор ўзлигининг туб моҳиятини ташкил этади. Шоир томонидан мана бу мисралар бежиз ёзилмаган:

Сени сездим ҳаргиз ўзимда,
Менда фикринг, ўйинг, тилагинг.
Ҳар нафасда ёниқ кўксимда
Уриб турар сенинг юрагинг.

Айнан ана шу халқнинг юраги уриб турганлиги учун ҳам Эркин Воҳидов шеърларида “баҳорий илиқлигу наҳорий тиниқлик” барқарор.

Эркин Воҳидовнинг ҳар бир шеърида даврнинг ёрқин манзараси, халқнинг ўлмас руҳияти, миллатнинг монументал қиёфаси тўла акс этади. Шоир шеърларида илгари сураётган ғояни ўқувчига мажбур қилиб тушунтирмайди, сатрлар зиммасига оғир юк ортмайди. Иложи борича, оддийгина сўзлар ва лирик қаҳрамоннинг хатти-ҳаракати орқали енгилгина тақдим этади. Қуйидаги “Ҳожи ота Марғилоний сўзи”га қулоқ тутинг-а:

Етмиш йиллик умрим ўтди хорижда,
Юздан ошган Ҳожи отанг бўламан.
Тирик юрдим Истанбулда, Порижда,
Она юртдан айру қандоқ ўламан?
Қандоқ кетай Ватанимни кўрмай ҳур,
Илҳақликдан зўр дунёда ҳеч дард йўқ.
Мана, етдим муродимга, минг шукур,
Энди, болам, ўладиган номард йўқ!

Гувоҳ бўлиб турибсизки, бу шеърда ортиқча баландпарвоз сўзлар, ватанпарвар шахснинг эҳтиросли туйғулари, ташбеҳлару метафоралар, овозни кўтариб чиранишлар йўқ. Оддийгина инсоннинг одмигина суҳбати. Бироқ суҳбат шу қадар самимий, соддаки, унда юз ёшдан ошган Ҳожи отанинг бутун қалби ярқ этиб кўриняпти. Ҳожи ота фикрини ифодалаш учун танланган сўзлар содда ва қаҳрамоннинг ёшига муносиблиги билан эътиборни тортади. Мисралардаги биронта сўз ўрнини алмаштириш ҳам мумкин эмас. Ҳар бир сўзда унинг шу пайтгача тортган азоб-уқубатлари, Ватан соғинчи, шукроналиги, юртини озод кўриш туйғусидан қониқиш ҳисси яққол сезилиб турибди. Ҳақиқий шеър шунақа бўлади, ундаги ҳар бир сўз қалбни чўғдай жизиллатиб таъсир қилади. Эркин Воҳидов ижодига хос бундай фазилат унинг илк ижодий қадамларидан бошлаб ҳозиргача ҳамроҳ бўлиб келаётир.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, истиқлол ғояси, мустақиллик учун кураш мавзусини ХХ асрнинг 60-йилларида ўзбек шеъриятига Эркин Воҳидов олиб кирди. Шўро даврида ўсиб, тарбияланиб вояга етган авлод халқ иродаси, ўзига хос тарихи, миллатнинг шаъни, қадр-қиммати, жисмоний ва маънавий куч-қудрати ифодаланган, аждодларининг шон-шавкати улуғланган шеърларни иштиёқ билан ўқиши, ўқиганда ҳам тўғри қабул қилиши (яъни уқиши) бироз қийин эди. Шу боис ўша пайтда Эркин Воҳидов томонидан яратилган “Ўзбегим” қасидаси одамлар онги-шуурига чақмоқдек урилди. Айримларни куйдирди, баъзиларни карахт қилиб қўйди. Лекин бу чақмоқ жуда кўпчиликнинг қалбидаги зулматни ёритиб юборди. Бунинг боиси “Ўзбегим” қасидаси ўз даврида миллатнинг маънавий эҳтиёжи тарзида дунёга келган ва халқнинг айни пайтдаги бироз бўлса-да, янгиланаётган хоҳиш-истагини ифодалаган эди. Қасида 60-йиллар бошларида эса бошлаган демократия шабадасидек миллатнинг биқиқ кўнглида бурқсиб турган миллий ор-номус, миллий ифтихор туйғуси дарчасини очиб юборди. Натижада, бу шеър одамларда ўзига ишонч, қатъият, миллий ғурур пайдо қилди. Орадан озгина вақт ўтиб яратилган “Руҳлар исёни” достони, “Инсон”, “Бу қўллардир” каби қасидалари халқимизнинг ёришган руҳиятини ишончли кураш йўлига олиб чиқди. Шу жиҳатдан 80-йиллар ўрталарида истиқлол учун бошланган оммавий ҳаракатда ана шу шеърлари ва улар муаллифи Эркин Воҳидовнинг катта ҳиссаси борлиги шубҳасиздир.

80-90-йилларда шоирнинг аввалги шеърларига хос лирик оҳанг чекиниб, овози бироз дағаллашганлигини, фикри жиддийлашганлигини, хулосалари кескинлик касб этганлигини сезиш мумкин. Аслида, буни ўз даври учун ижобий фазилат сифатида баҳолаш ўринлидир. Негаки, мазкур хусусиятлар жамиятда юз бераётган алғов-далғов ҳодисалар, Шўро ҳукуматининг халқни менсимаслик, унинг эркини, ор-номусини топташга қаратилган амалдаги ҳаракатларига қарши норозиликнинг акс-садоси тарзида дунёга келган эди.

Оҳангдаги бундай сифат ўзгаришлари, айниқса, Эркин Воҳидовнинг “Тирик сайёралар” китобидан ўрин олган кучли ижтимоий характердаги шеърлари, “Канада туркуми”, “Донишқишлоқ латифалари”да аниқ кўзга ташланди. Гарчи шоирнинг “Арслон ўргатувчи”, “Кўча четидаги аёл”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” сингари шеърларида эрк муаммоси кучли ижтимоий руҳ билан суғорилган бўлса-да, рамзий тимсоллар орқали ифодаланган ғоя бироз мискин кайфиятда ифодаланган эди.

80-йиллар охирларида Эркин Воҳидов ижодига азалдан йўлдош бўлиб келган ҳажвиёт ҳам бутун бўй-басти билан намоён бўлди. Ижодининг дастлабки йилларидаги ҳазилга мойиллик бора-бора таги зил ғояларни илгари сурувчи жиддий кулгига асос яратди. Эътибор берилса, бу туйғу шоирнинг “Дўстларимни ҳайрон қолдирар…”, “Тинглайман кўп ўзбек сўзларин…”, “Шеър ҳақида шеър” сингари илк ҳазилларида беғараз, самимий кулги тарзида кўнгилга енгиллик бағишлаган эди. 70-80-йилларга келиб бу йўналиш бироз жиддийлашди, кулгида заҳар моддаси қуюқлашди, муносабат билдирилаётган иллатни инкор этиш очиқ ва кескин тус олди. Бу жиҳатдан шоирнинг “Кулгу мушоиралари”дан иборат ғазаллари, “Донишқишлоқ латифалари”, “Канада туркуми”даги асарлари характерлидир. Масалан, “Кулгу мушоиралари”ни мутолаа қилган ўқувчи танқид қилинаётган қусурларни қатъий инкор этган ҳолда шоирнинг беғараз кулгисидан яйраса, “Донишқишлоқ латифалари”ни ўқиб, дастлаб Матмусанинг девоналарча қилган қилиқларидан қаҳ-қаҳ уриб кулади. Кейин эса бирдан чуқур ўйга толади. Чунки шоир Матмуса тушган вазиятнинг туб моҳиятини англамай кулаётган биздек нодонларга нимтабассум билан:

Аё, дўстлар, адашган
Матмусадан кулмайлик.
Матмусадек ўзимиз
Тандир кийган бўлмайлик,

– деб танбеҳ беради. Чиндан ҳам Матмуса ким? У, аслида, ўз даврида коммунистик мафкура тандирини кийиб олиб, кўзлаган манзил-макони, мақсад-муддаоси номаълум бўлган ўзимиз эмасми?

Дарвоқе, Эркин Воҳидов латифаларидаги тандир, дутор, қалпоқ, лаган, эшак сингари деталлар Матмуса шахси билан ёнма-ён туриб, ривожлана бориб, қаҳрамон характерини турли томонлардан ёритувчи образ даражасига кўтарилади.

Эркин Воҳидовнинг чинакам санъаткор сифатидаги бош фазилатларидан яна бири – ўзининг халқ дардини англаш, бу дарду ташвишларни енгиллатиш учун унга ҳамкору ҳамдаст бўлиш анъанасига, мустақилликка эришилгандан кейин ҳам содиқ қолганлигидир. Яъни шоир айримларга ўхшаб, ўзининг бош мақсади – Ватани озодликка эришганидан кейин ниятига етган фуқаро сингари ўзини четга олмади. Балки мустақилликни янада мустаҳкамлаш, уни асраб қолиш йўлида собитқадамлик билан ҳам ижодий, ҳам амалий фаолиятда намуна кўрсатди.

Ҳуррият – номус-ор, нафсониятдир,
Қадрин билган элга мангу ниятдир.
Ҳурриятнинг ўзи тайёр бахт эмас,
Бахт учун энг буюк имкониятдир.
Ҳурриятга ишонч, саботинг керак,
Журъатинг, парвозинг, қанотинг керак.
Ватан ҳуррияти учун ҳамиша
Фидоликка тайёр ҳаётинг керак.

Чиндан ҳам шоирнинг ўзи айтганидек, “Адабиёт – мўмин-маъқул одамларнинг майдони эмас. Фақирона кўникувчанлик, ўз тинчини ўйлаш истеъдодни ҳалок этувчи омиллардир”. Бу билан Э.Воҳидов шеърият фақат ҳамду санолар воситаси эмас, балки унинг вазифаси мудроқ халқнинг кўзини очиш, эришилган ғалабани асраб қолиш ва кўпайтиришдан иборат эканлигини амалда исботлай олди ва истиқлол шеъриятини одамлар йўлини ёритувчи машъалага айлантирди. Бу машъала ҳануз порлаб, ўз қутлуғ вазифасини шараф билан бажариб келаётир.

Эркин Воҳидов ижодининг аввалги босқичларида учрамаган мурожаат усули “Оғриқли саволлар”, “Давлат иши”, “Шаҳарми бу, қишлоқми бу…”, “Сен менга тегма”, “Биздан кейин ҳеч бир авлод қайта қурмасин” сингари шеърларида аниқ кўзга ташланади. Уларда шоир-лирик қаҳрамони ўқувчига тўғридан тўғри мурожаат қилади, унга оғриқли саволлар бериб, мантиқли жавоблар кутади. Аммо дилини қониқтирадиган жавоб ололмай фарёд чекади. Бинобарин, Эркин Воҳидовнинг бу шеърлари инсон қалбига бевосита йўналтирилган, инсон шаъни учун курашадиган, инсон шахсига нисбатан меҳр билан суғорилган шеърият эканлигини исботлайди.

Эркин Воҳидов бундан кўп йиллар муқаддам:

Шоирлик – бу ширин жондан кечмакдир,
Лиммо-лим фидолик жомин ичмакдир.
Шоирлик – жигарни минг пора этмак,
Бағир қони билан сатрлар битмак.
Ўзни томчи-томчи, зарра ва зарра
Элга қурбон қилиб, энг сўнгги карра –
Армон билан демак: “Эй, она юртим,

Кечир, хизматингни қилолмай ўтдим… – деб ёзган эди. Бугун шоирнинг улкан адабий меросидан баҳраманд бўлиш асносида тўла ҳуқуқ билан айтишимиз мумкинки, Эркин Воҳидов халқига хизмат қила олгани учун ҳақли равишда “Ўзбекистон Халқ шоири” унвонини олди. “Лиммо-лим фидойилик жомини” ичгани ва бу йўлда намуна кўрсатгани учун муҳтарам Президентимиз ўз қўллари билан кўксига “Олтин юлдуз”ни қадаб “Ўзбекистон Қаҳрамони” деб эълон қилдилар. Халқимиз ва Ватанимиз олдидаги буюк хизматлари муносиб тақдирланиб келмоқда.

Ҳозир Эркин Воҳидов ижоди айнан ширага тўлган пайти. Бу фикримизни шоирнинг кейинги пайтда эълон қилган шеърлари, публицистик мақолалари, суҳбатлари тўла исботлаб турибди. Она халқига, Ватанига чинакам меҳр қўймаган ижодкор ҳар қанча истеъдодга эга бўлмасин бундай мавқега эриша олмайди. Меҳр-муҳаббати кучли, садоқати беқиёс бўлганлиги туфайли Эркин Воҳидов халқимизнинг чиндан ҳам ниҳоятда суюкли шоири бўлиб қолди. Шоир ўзбек шеъриятига янгича фикр, янги шакл­лар, янги образ, янгича оҳанг, янгича усул ва воситалар олиб кирди ва унинг тамоман янгиланишига муносиб ҳисса қўшди. Шоир шеърлари кўнгилларга ором, руҳимизга кўтаринкилик, вужудимизга мадад бағишлайди. Демак, шундай шоирни севмаслик, асарларини чин дилдан суйиб мутолаа қилмаслик мумкин эмас!

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон.