Исомиддин Пўлатов. Китоб ўқимай шоир бўлиш мумкинми?

http://n.ziyouz.com/images/kitoblar.jpgДунё адибларидан бири Лев Толстой шундай ёзган эди: «Ҳар куни жаҳоннинг энг донишманд кишилари билан мулоқотда бўлишдан кўра қимматлироқ нима бор?». Табиийки, Ёзувчи урғу берган мулоқот воситаси бу шубҳасиз, китоб. Шундай улуғ адиб китобга, ўзгаларнинг фикрига қулоқ тутиб, ҳурмат билан қарабдими, бунда бир ҳикмат бор.

Англаганингиздек, гап мутолаа, бадиий асарлар, ижодий савия ҳақида бормоқда. Яқинда икки-уч ижодкор даврасида қатнашдим. Даврамизга ўн етти-ўн саккиз ёшлар чамасидаги бир йигит келиб қўшилди. Ўзи ёзган шеърларидан ўқиб берди. Машқлари бўш, ташбиҳ, янгилик йўқ, дейиш фикридан тийилиб турайлик. У шунчаки ҳеч бир ижодкорни ўқимаган. Орамиздаги ёши каттароқ Ёзувчи уни сўроққа тутди. Фақатгина Муҳаммад Юсуфни билар экан.

Албатта, Муҳаммад Юсуф — халқ шоири. Уни билмаган, севмаган ўзбек йўқ, ҳисоби. Бу — шоирнинг бахти. Аммо энг ёмони, «мен ҳам Муҳаммад Юсуфдек ёза оламан» дегувчилар кўпайиб қолди. Ватан, она, севги ҳақидаги юзлаб ксеронусха шеърлар пайдо бўлди. Қўполроқ қилиб айтганда, «инкубатор»дан чиққан жўжалардек сап-сариқ, сип-силлиқ «шеърлар». Бу йигит ҳам шундайлардан экан. Йўқ, ундай эмас, ёш ижодкорларни тарбия қилса, яхши ёзиб кетади, дегимиз келади. Аммо Ҳазрат Навоийнинг «Қобилиятли одамни тарбия қилмаслик, зулмкор ва ноқобил одамга тарбия ҳайфдир. Тарбиянгни аяб унисини нобуд қилма, тарбиянгни бунисига зое кеткизма» деган ҳикматини ўқиганда иккиланиб қолади, киши. Ахир, ўзида ижодкорлик иқтидори бўлса, бу унинг илк машқлариданоқ кўриниб туради. Аммо ана шу иқтидорнинг ўзи бўлмаса-чи? Бундай ҳолда, ёшларнинг ўз қобилиятини билмай, нима қўлидан келишини англамай йўқотадиган вақти ва зое кета­диган меҳнатига ачинасан.

Дарвоқе, ўша йигитдан мумтоз асарларни, Навоий, Бобурни ўқиганмисан, деб сўрадик. Ўқимаган экан, лекин ўзи ҳам ғазал ёзибди — «дур», «дурур»ни ҳисобга олмаса, бармоқ вазнида ёзилган оддий хашаки шеър. Бу «ғазал»ни эшитган шоир акамиз тутақиб кетди. Кўпроқ китоб ўқишни маслаҳат бериб, гапни қисқа қилди.

Бошқа куни шеърлари ўзбек шеърияти меъёрларига «сиғмаган» ёш синглимиз машқларини олиб келди, сўроққа тутдик. Ўзимизни ўқиганман, деб юрган эканмиз-да! Унинг ёзганлари, бир қарасангиз, устоз шоир Миртемир айтганидек, «оддий қора сўз»дан фарқи йўқ, бир қарасангиз тушунмайсиз. Тушунмаслигимиз боиси, у модернда ижод қиларкан. Бу услубда ёзиш учун, албатта, чет эл адабиётини кўп мутолаа қилган чиқар, ҳеч бўлмаса, модерн адабиёти назариясидан хабардордир, деб ўйладик. Қаёқда дейсиз, Рашод Нури Гунтекиннинг «Чолиқуши»си ва Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема»синигина ўқиган экан…

Назаримда, кейинги пайтда «изм»ларни ўрганишга ҳаракат қила-қила, ўзимиз ҳам «изм»лар яратиб олгандекмиз. Ҳозир бировдан шеърингни бўғинлари нега ҳар хил, қофияси йўқ, десангиз, балога қоласиз. Ахир, модерн, постмодерн, хакку, борингки, оқ шеърни фарқламайсизми, деб дашном беради. Тортишсангиз, гап кўп. Қисқа қиласиз. Аммо ёшларга, тажрибасизроқ бўлган ижодкорларга нисбатан шу тарзда «ён бераверсак», оқибати нима бўларкин? Аввал бармоқни ўрган, арузни ўқи, дейиш ўрнига, ўзимизни тушунмасликка олсак, адабиёт карвонсаройга айланиб, том-том китоблар жавонларда чанг босиб қолмайдими?

Маълумотларга қараганда, Буюк Британиядаги ҳар учинчи бола биронта ҳам китобга эга эмас экан. Мамлакат миллий саводхонлик фонди олиб борган текширишларга кўра, шахсий китоби бўлмаган болаларнинг ўқиши, ўзлаштириш қобилияти, нутқи дарсликлардан ташқари ўзининг шахсий китоби бўлган болаларга нисбатан анча паст экан. Шунинг учун ҳам британиялик ота-оналар бу ҳақда жон куйдира бошлади, китобсиз ёшларнинг ташвишини қилаяпти. Бироқ биз-чи? Ёнимиздаги ўспириндан, укамиз, фарзандимиздан нечта китобинг бор, деб сўраяпмизми? Китоб-ку совға қилмаймиз. Бола озиб-ёзиб ўқишга кирганда «бор, фалон ишни қил» дейишдан ўзимизни тияяпмизми?..

Яқинда пойтахтимизда «Маърифат маркази» ва Миллий кутубхона очилди. Бу юртимизда маънавият ва маърифат масаласига қаратилаётган улкан эътиборнинг бир ифодаси. Ахир, зиёлиси зиё таратмаган, илму урфондан бебаҳра эл эртасини қандай кўра олсин. Бу ҳолнинг ўзиёқ нафақат келажак эгалари бўлмиш ёшлардан, балки барчамиздан илм-маърифатга, маънавиятга, китобга, китоб ўқишга янада кўпроқ эътибор қилишимиз кераклигини билдиради.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).