Исмоил Бекжон. Навоийнинг покистонлик гуржи мухлиси

http://n.ziyouz.com/images/alisher_navoiy31747 йилда Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Афшор саройида ғанимлар суиқасди сабабли ўлдирилгач, у босиб олган мамлакатлар халқлари озодликка эришадилар. Жумладан, ­Нодиршоҳ ҳузурида ҳарбий хизматда турган асли гуржистонлик саркарда Ираклий ҳам эркинликка эришиб, ­Тифлисга қайтади ва юртни бошқаришга киришади. Бироқ кўп ўтмай, Оқо Муҳаммадхон Қожор давлат тахтига чиққач, тағин Гуржистонни босиб олади.

Бу босқин пайти Тифлисда ёш болаларни асир сифатида Эронга олиб кетиш борасида фармон чиқади. Шу тариқа гуржи болалари Эронга келтирилиб, давлат томонидан ҳарбий хизмат мақсадлари учун тарбияга жалб этиладилар.

Булар орасида Гуржистон ҳокими Ираклийнинг Ҳумоюн исмли 9 яшар ва Хусравхон исмли 7 яшар ўғиллари ҳам бор эди.

Фатҳалишоҳ тахтга ўтиргач, Ҳиндистондаги Синд вилоятининг бу шоҳ билан дўстлик алоқаларига эга волийси Мир Карам Алихон Хусравхонни ўзи учун фарзандликка сўрайди ва уни ўғли сифатида расмийлаштириб, ­меросхўри деб эълон қилади.

Ўша кезларда яна тўрт нафар гуржи ўсмири — Фаридун, Қурбонали, Рустам ва Муҳаммад Боқир ҳам Синд ўлкасига келишади. Бу пайтда мусулмон саналган ва ёзув-чизувга истеъдодли бу ўсмирларнинг исми олдига ўша давр расмига биноан “мирзо” ва охирига туркийча “бек” сўзлари қўшилган эди.

Ана шундан бошлаб Синднинг ­Ҳайдаробод шаҳрида “мирзо” лақабли грузин зиёлилари пайдо бўлади.

Айтиш лозимки, бобурийлар сулоласига ўта ҳурмат билан қараган бу гуржилар кейинчалик ўз фарзандларига Зебуннисо, Жаҳоншоҳ каби ­исмлар қўйишган. Хуллас, Мирзо ­Хусравбек Гуржи давлат арбоби ва шоир бўлиб етишади. Ундан ёдгор қолган “Маҳаки Хусравий” номли ­шеърлар девони (Теҳрон: “Мероси мактуб”, 2011) чоп этилган.

Тифлис яқинида дунёга келиб, болалиги Гуржистонда, ўсмирлиги эса Табризда ва қолган умри Синднинг Ҳайдаробод шаҳрида кечган Мирзо Фаридунбек Гуржининг ўғли Мирзо Қиличбек Гуржи (1853 – 1929) ҳам отасига ўхшаб, шоир ва маърифатпарвар бўлиб етишади.

Унинг “Гуржинома” асарида ­(Исломобод, “Маркази таҳқиқот”, 2001), асосан, форс тилидаги шеърларидан бир қисми жамланган бўлиб, улар орасида форс, синд, ҳинд, урду, араб, инглиз ва туркий тилларини мукаммал билган Қиличбекнинг ҳали адабиётшуносликда номи тилга олинмаган жанрларда ўша тиллардаги ­назмий асарлари ҳам учрайди.

Шоир машҳур форс ва туркийзабон шоирлар асарларига ёзган татаббуъларини гоҳ байтма-байт таржима, гоҳида бир неча тилда — ширу шакар услубида яратган. Алишер Навоийнинг ўзбекча ва Фузулийнинг озарбайжонча ғазалларининг байтма-байт форсчага таржималари, Зебуннисо ғазалига жавоби, яна ўнлаб туркийча қитъалар ана шулар жумласидан.

Мирзо Хусравбек ва Мирзо Фаридунбекнинг жуда бой кутубхонаси бўлиб, фарзандларга мерос қолган бу маърифат хазинасида Алишер Навоий ижодига тааллуқли “Хамса” достонлари, туркий ва форсий шеърий девонлари ҳамда бобурийлар ижодидан намуналар битилган қўлёзмалар мавжуд. Мирзо Фаридунбекнинг чевараси, манбашунос олима Фоиза Зуҳро Мирзонинг айтишича, “Гуржинома”даги туркий меросни қўлёзмадан ўқиб, чоп этиш жараёнида қийинчликлар юзага келган. Чунки бу ишда ўзбек тилини яхши биладиган мутахассис иштирок этмаган.

Алишер Навоийнинг “Гуржинома”га киритилган ғазали ва унинг форсчага байтма-байт таржимаси “Хаёли зулфи ту” (Зулфинг хаёли) сарлавҳаси остида берилиб, тагига “Таржумаи ғазали Навоий (аз туркий ба форсий)”, деб ёзилган. Сўнг ғазалнинг вазни кўрсатилган.

Етти байтли бу ғазалнинг биринчи байти ва унинг Мирзо Қиличбек томонидан қилинган форсчага таржимаси қуйидагича бошланган:

Ой қочти мунфаил бўлубон ул жамолдин,
Шояд ки, чиқмағай яна, инфиолдин.

Мирзо Қиличбек таржимаси:

Ғойиб шуда қамар ба хижолат аз он жамол,
Шояд ки боз рух нанамояд зи инфиол.

(Инфиол – уят, мунфаил – уялган.)

Мазкур ғазалнинг мақтаъси таржимасида Мирзо Қиличбек негадир ­бошқача йўл тутган – ғазалнинг ўзбекча матни охирги байтида Навоий тахаллуси одатга кўра аниқ берилган эса-да, форсча таржимада унинг ўрнига таржимон ўз тахаллусини қўйган:

Хурсандлиғ, Навоийғадур, бу умид ила
Ким, васли тошғори худ эмас эҳтимолдин.

Мирзо Қиличбек таржимаси:

Шод аст бас Қилич ҳамидун бар ин умид,
Гоҳе висоли дуст барун нест зи эҳтимол.

(Форсча матн мазмуни: Эндиликда Қилич кўп хурсанддир ушбу умид-ла, Ки дўстнинг бирон галги висоли эҳтимолдан ташқари эмас.)

Хулоса қилиб айтганда, модомики, Алишер Навоийнинг туркий тилдаги ижод намуналари покистонлик гуржи мирзолар хонадонида севилиб ўқилган ва эъзоз-қадр топган экан, демак, бу хонадоннинг кейинги авлодлари ҳам шу асарлар руҳида тарбия топишганига шубҳа йўқ.

Исмоил Бекжон,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 18-сонидан олинди.