Исматилла Абдуллаев. Яна Машраб ҳақида

1991 йил 13 апрелга республика машрабшунослари ФА ижтимоий фанлар бўлимига таклиф этилди. Лекин академияда қандайдир тадбир бўлиб, йиғилиш 15 апрелга қолдирилди. 13 апрелда самарқандлик машрабшунос Ж. Юсупов Тошкентга келди. Мен у билан анча суҳбатлашдим. У Машраб Наманганда туғилгани тўғри, лекин таваллуди 1640 йил эмас, 1653 йил деган фикрни айтди ва шу ҳақда бир варақ қоғозга ёзиб менга тащлаб кетди. Хатда Машрабнинг Наманганда туғилганлиги илмий далиллар асосида қайд этилар экан, шоир туғилган йили 1653 йил деб кўрсатилган. Хатда яна шоир 1664 – 68 йиллари Мулла Бозорда ўқиган, 1669 – 70 йиллари Самарқандга саёҳат қилган, 1671 – 90 йиллари Қашқарда сафарда бўлган. Кейин Мовароуннаҳр сафари, сўнгра 20 йиллик чет эл сафари деб кўрсатилган.
1990 йил 15 апрел куни ЎзФА ижтимоий фанлар бўлимидаги йиғилишда машрабшунослар Ҳ.Ғулом, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, М, Зокиров, И. Ғафуров, Ҳ.Муҳаммадхўжаев, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим бошлиғи М.Саъдий қатнашди. Мен ҳам иштирок этганман. Йиғилишда Машраб ҳаётига оид баъзи чалкашликлар ҳақида фикрлар айтилиб, шоир 1640 йили Наманганда таваллуд топган ва 1711 йили Балхда дорга осилган; унинг таваллудига 350 йил тўлганлиги муносабати билан юбилей тантаналари, машрабхонлик кунларини юксак савияда ўтказиш маъқул деб топилсин, деган қарор қабул қилинди.
Мен йиғилишда Ж. Юсупов хатини ўқиб бердим. Унинг Машраб 1653 йили туғилган деган фикрини ҳеч ким маъқулламади ва илмий асоссиз, деб топилди. Йиғилиш ҳақидаги суҳбат “ Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг 1991 йили 17 май сонида М. Саъдий томонидан эълон қилинди.
Шундан кейин юбилейолди республика матбуотида чоп этилган ҳамма мақолаларда Машраб 1640 йили Наманганда туғилган деб ёзилди. 1992 йил Алишер Навоий номидаги катта театрда шоир таваллудининг 350 йиллиги шу маълумотлар асосида тантанали нишонланди. Булардан Ж. Юсупов хабардор бўлиши керак.
Кейинчалик Машрабнинг йирик фалсафий-ахлоқий асарини энг ишончли қўлёзмага солиштириб, нашрга тайёрладим, бу кенг сўзбоши ва изоҳлари билан 1994 йили “Фан” нашриётида босилиб чиқди. Шоирнинг “Кимё” китоби (“Наманган” нашриёти,1999), “Алифни дилга жо қилмоқни бисмиллоҳдин ўргандим” номли нашр этилмаган шеърлар тўплами (“Наманган” нашриёти, 1999), ”Машраб ҳикматлари” рисоласини (“Наманган” нашриёти, 2000) чоп этдик. 1995 йили Э. Р.Мусулмонқулов “Раҳимбобо Машраб ва унинг бадиий адабиётдаги талқини” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. М.Ҳошимхонов ҳам Машраб дунёқараши ҳақида номзодлик диссертациясини ёқлади ва унинг “Машраб ва Ўрта Осиё ижтимоий фикр тараққиёти” (Тошкент, 1994 йил) китоби нашр этилди. Булардан ташқари, анъанавий машрабхонлик муносабати билан шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида кўплаб илмий-оммабоп мақолалар журнал, тўплам ва газеталарда босилиб турибди. Буларнинг ҳаммасида Машраб 1640 йили туғилганлиги қайд этилган.
Ниҳоят, “Ёзувчи” газетасининг 1998 йил 15 ва 28 август сонларида Жалолиддин Юсуфий (Юсупов)нинг “Уни Девонаи Машраб дерлар”… номли катта мақоласи эълон этилди. Муаллиф кейинги вақтда ўзи мутолаа қилган манбалар асосида Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида анчагина янги фикрларни айтиб ўтган, шоирнинг шеърларидан иқтибослар келтириб, уларни таҳлил қилган. “Меҳрибоним, қайдасан” тўпламида айтилган баъзи фикрлар қисман такрорлаб ҳам ўтилган. Бу мақолани кейинги вақтда машрабшуносликка қўшилган янги ижод маҳсули сифатида тан олиш керак.
Аммо мақолада йўл қўйилган баъзи чалкашликлар ҳақида мулоҳаза юритишни лозим топдик. Муаллиф шоирнинг ўзи нашр этган “Меҳрибоним қайдасан” (Тошкент,1990) девонига ёзилган сўнгсўзда Машраб таваллудини 1653 йил деб кўрсатган ва бу билан шу пайтгача бўлган ҳар хил қарашларга чек қўйилганига ишора қилар экан, ёзади: “Аммо 1994 йили “Фан” нашриётида чоп этилган Машрабнинг “Мабдаи нур” номли китобига ёзилган муқаддимада Бобораҳим Машраб ҳижрий 1050 (милодий 1640) йили Наманган шаҳрида камбағал бўзчи Бобораҳим оиласида дунёга келди деб дарж этилган. Кўпгина тадқиқотчилар шоирнинг бир мухаммасида айтилган:

Ёши етмиш бирга кирган
бандаи радди фалак,
Мору каждумлар билан
тўлган дилида райбу шакк –

байтидаги «етмиш бир ёш»га ёпишиб олдилар ва уни ҳар гал 1640 йилда туғилган деб ёзишади. Бу тахминдан бошқа нарса эмас».
Бу фикрни исботлаш учун Ж. Юсуфий «Девонаи Машраб» қўлёзмаларида «Ёши тўқсон бирга кирган», “Ёши олтмиш бирга кирган” каби битикларнинг мавжудлигини қайд этган. Буни биз “Қиссаи Машраб”нинг бирон-бир нусхасида учратмадик. М.Зокиров томонидан “Шарқ юлдузи”да парчаси чоп этилган “Тазкираи қаландарон” асарида “Ҳазрати Машраб мавтлари айёмида умрларидан эллик саккиз сана кечиб эрди” деган жумлани Ж.Юсуфий далил қилиб кўрсатган. ЎзФА да бўлиб ўтган йиғилишда ўша “Тазкираи қаландарон”ни биронтамизга кўрсатиш ҳақида М.Зокировдан сўраганимизда: “Мен 25 йил аввал бировдан олиб ўқиганман, у киши сув тошқинида кўкрагидан тушириб йўқотган”, – деди. “Шарқ юлдузи” манбани кўрмай, ҳеч қаерда йўқ нарсани эълон қилганини йиғилишда таъкидлаган эдик. Ҳамма китоб ва мақолаларда Машраб таваллуди 1640 йил кўрсатиб келингани, республикамизнинг таниқли машрабшунослари – академиклари, фан докторлари ва фан номзодлари иштирокида ўтказилган йиғилиш қарори ”тахминдан бошқа нарса эмас”, фақат Ж.Юсуфий фикри ҳақиқатми? Академик Воҳид Абдуллаевнинг ”Ўзбек адабиёти тарихи”, А.Абдуғафуровнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” академик нашрига ёзган йирик илмий мақоласи ва бошқа бир қанча асарлар, академик М.Хайруллаев нашрга тайёрлаган “Буюк сиймолар, алломалар” тўпламининг учинчи китоби (Тошкент, 1997) ва бошқа юқорида қайд этганимиз олимларнинг асарларида 1640 (1050) йил кўрсатилган, буларни рад этиш, ўжарлик билан ўз фикрида туриб олиш илмий одобдан эмас.
“Қиссаи Машраб” ва бошқа ҳамма манбаларда Машраб Мулла Бозор Охундда етти йил – 15 ёшгача таълим олган. Уни домланинг ўзи 1665-йиллари Қашқарга – Офоқхўжа даргоҳига юборгани, етти йил пир ҳузурида таълим олгани, кейин Наманганга келгани қайд этилган. Ана шундан кейин шоирнинг саргузаштли саёҳатлари бошланган. Бу вақтда у 21-22 ёшларда бўлган. Ж. Юсуфий мақоласида “1668 йили илм истаб Самарқандга келади”, дейилган. Агар у 1653 йили туғилган бўлса, 15 ёшида Самарқандга борган бўлиб чиқадики, бу ҳеч қандай илмий асосга эга бўлмаган хулоса. Машраб ижодини илк илмий ўрганган рус шарқшуноси Н.С. Ликошин (1860 – 1922) Машраб ҳақидаги қиссани рус тилига таржима қилиб, 1915 йили Самарқандда сўзбоши ва изоҳлари билан нашр эттирди. Шоир юбилейи муносабати билан бу асар 1992 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриётда қайта босилди. Ана шу китобда Мулла Бозор Охунд вафоти тарихи “Булбул бирафт аз боғи илм” (“Булбул илм боғидан кетди”) мисраси келтирилган. Бундан абжад ҳисобида ҳижрий 1143 –милодий 1668 йил – Мулла Бозор Охунд вафоти келиб чиқади. Ж. Юсуфий менга қолдирган хатида «туркман олими Қарриев ёзган» дейилган, мақолада эса «Машраб ёзган», дейилган. Марсиянинг тўла матнини топмагунча, унинг муаллифи ҳақида сўз юритиш асосли бўлмайди. Мақоладаги Машраб 1668 – 1672 йиллари ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳудудларидаги азиз-авлиёлар қабрларини зиёрат қилди, деган фикрлар асоссиз. Бу вақтда шоир Офоқхўжа даргоҳида бўлган. Мақолада Машраб 1691 йили Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарлари қатори Самарқандда ҳам бўлган дейилади. Бу сана ҳақиқатга анча яқин. Машраб шу йиллар атрофида Самарқандга бир марта борган. Биродаримиз Жалолиддиндан нашрга тайёрланган тўпламларида Машраб туғилган йилни 1640 (1050) йил деб тўғрилашни илтимос қиламиз, илмда фақат ўз фикрини тўғри дейиш олим обрўсига путур етказади.
Мақолада “Моу ман” сўзига нотўғри изоҳ берилган. Бу форсча “Мо”(биз) ва “ман”(мен) сўзларидан иборат бўлиб, ўртада “вов”(ва) боғловчиси келган, “Биз ва мен” деб мақтаниш, манманлик, кибр маъноларини билдиради. “Моъу маний” иборасидаги “моъун” сўзи арабча “мо”дан кейин ҳамза қўйилиб, “сув” маъносига эга, “маний” эркаклар уруғи, “моу маний” – “уруғ суви”. Мақоладаги келтирилган бир банд мухаммасдаги “Кечдим моу манликдан, манда иллат қолмади” дегани, “Мужтаҳид” сўзи “Очувчи, мушкул диний масалаларни Қуръон, ҳадислар ҳукми асосида ҳал қилувчи, ислом шариъатининг қонунларини яратувчи олим”, деб изоҳланган. Бу сўз “жаҳд қилувчи, тиришувчи, саъй-ғайрат кўрсатувчи” маъноларига эга. Диний қонун-қоидалар асосида янги мазҳаб тузувчи ҳам “мужтаҳид” дейилади, лекин “яратувчи” эмас.
Жалолиддин Юсуфий мақоласида Машрабнинг анча янги шеърий парчалари диний тасаввуфий нуқтаи назардан янгича таҳлил қилинган. Бу, албатта, мустақиллигимиз шарофати ва таҳсинга сазовордир. Жалолиддин шоирнинг 3769 мисрадан иборат янги девонини тайёрлаб қўйгани айтилган, у кишига девонни чоп этишида муваффақият тилаймиз. Биз нашр этган Машрабнинг ҳозиргача босилмаган ғазал, мухаммас, мусаддасларини ўз ичига олган “Алифни дилга жо қилмоқни бисмиллодин ўргандим” тўпламини, “Кимё” асари ва “Машраб ҳикматлари” рисоласини ҳам Жалолиддин кўздан кечириб қўйсалар фойдадан холи бўлмас эди.

Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 10-сонидан олинди.