Зоҳиджон Холов. Қисқа ҳикоялар қироли

Жаҳон адабиёти – битмас-туганмас хазина. Ундан фойдаланиш, бойликларини ўзлаштириш – юксак фазилат. Йиллар ўтгани сари бу ноёб хазинанинг салмоғи ошиб, осори-атиқалари кўпайиб бораверади. Машҳур америкалик ҳикоянавис адиб О’Ҳенрининг ижодиёти ана шу хазинада алоҳида фусун ва тароватга эгадир. Унинг фавқуллода ноёб истеъдоди, ҳажвиёт бобидаги бетакрор қобилияти ҳали-ҳануз йирик-йирик адабий кечаларда, халқаро симпозиумларда эътироф этилади.

Асли исми Уилям Сидней Портер бўлган ёзувчининг ижоди қанчалар оптимистик руҳ, кўтаринки кайфият билан йўғрилган бўлмасин, турмуш тарзи бир текис кечмади. Бешафқат ҳаёт уни кулиб эмас, кулдириб яшашга мажбур қилди.

Уилям 1862 йили 11 сентябрда Шимолий Каролина штатига қарашли Гринсборо шаҳрида дунёга келди. Портернинг отаси ўз даврининг билимдон шифокорларидан бири бўлган. Бўлажак адибнинг болалиги ва ўсмирлиги “Жануб қайта қуриши” йилларига тўғри келди. Шундоқ ҳам иқтисодий бўҳронлар, қийинчиликлар орасида улғаяётган болакай меҳрибон волидасидан жуда эрта айрилади.

Бошланғич таълимни хусусий мактабда олгач, отасидан доришуносликнинг нозик сир-асрорини ўрганди ва 17 ёшида фаолиятини дорихонада оддий хизматчи вазифасидан бошлади. Гарчи у эртароқ амалиётга киришган бўлса-да, касбига доир дипломни олиш учун кечроқ ўқишга кирди. Портер ана шу кезлари кўплаб дори-дармон харид қилгани келган одамлар билан суҳбатлашар, шу орқали ўзича синчковлик билан дунёни ўрганарди.

Ундан кейин О’Ҳенри кўплаб ижодкорлар қатори ўз ватанини тарк этиб, дарбадарлик қисматига рози бўлди. 1882 йилда Техас штати Остин шаҳридаги Ерга эгалик қилиш бош­қармасига қарашли банкда олдига катта орзуларни қўйиб, ҳисобчи сифатида икки йил фаолият юритди. Бироқ хаёлпарастлик, шоиртабиатлик унинг чинакам соҳа вакили бўлишига халақит бериб, кўп ўтмай у банкнинг камомад бўлишида айбланади. Портер фермерлар, ер эгаларидан тушган маблағни 1894 йилда ўзи асос солган «Роллинг Стоун» деб номланган ҳажвий кундалик журналга сарфлаб юборади. Журнал саҳифаларида очерклар, латифалар, шеърлар, ҳикоялар, карикатуралар босилгани учун оммани тезда жалб қилиб оларди. Бир йилча эмин-эркин чиқиб тургандан сўнг, банк инқирозга учрай бошлагач, бунга асосий сабабчи сифатида О’Ҳенри кўрсатилади.

У гаров эвазига Хюстонга кўчиб келиб, «Дейли пост» газетасида журналист ва ижодкор сифатида ишлаб қарзларини тўлашга киришади. Аммо қанча тиришмасин, келишилган муддат ичида керакли маблағни жамғара олмайди. Суддан чақирув қоғози келгач, ўзига нисбатан тартиб посбонлари томонидан, албатта, қаттиқ жазо белгиланишини сезган О’Ҳенри оиласи билан аввал Янги Орлеанга, сўнг Гондурасга қочади, лекин ярим йил ўтиб, уйига қайтади. Мусофирликда оғир хасталик туфайли суюкли турмуш ўртоғидан ажралиши унинг тақдирга тан беришига сабаб бўлади. Ватанга қайтгач, қўлга тушади. Ўттиз олти баҳорни қаршилаган қирчиллама ёшида айбига иқрор бўлган Портер суд ҳукмига кўра 4 йил (1898-1901й.) муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Жазони Оҳаё штатидаги Колумбус қамоқхонасида ўтайди.

Уилямни озодликда сийламаган тақдир, “темир панжара” орасида унинг энг керакли касб эгаси бўлишини таъминлайди. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, ўша муҳит уни қайта тарбиялайди, бошқа Портерга айлантиради.

Ёшлик чоғи тиббиёт илмини ўргангани унга қўл келиб қолди. Уилям Сидней маҳбусларни даволаш бўлимида ишлади, бўш вақтида эса азбаройи зерикканидан кичик-кичик ҳикоялар ёзишни машқ қила бошлайди. Асарларини маромига келтиргач, узоқ фурсат давомида муносиб тахаллус излаб юради. Ўйлаб-ўйлаб, ирландлар фамилиясига ўхшаш номни топади, бу – ўша машҳур “О’Ҳенри” эди! Бироқ бу тахаллус қандай келиб чиққан, нималарни англатиши ҳақида у тайинли гап айтмаган. Бу борада қатор адабиётшунослар турли тахминларни ўртага ташлайди. Айримлар Уилям “Ҳенри” сўзини газетадаги дунё хабарлари учун ажратилган колонкадан олган, энг оддий ҳарф сифатида атайин “О”ни танлаган, дейишса, бир гуруҳ олимлар бу тахаллус франсиялик машҳур доришунос Оливер Ҳенри номининг қисқартмаси дейишади. Маҳаллий ёзувчилардан бири Гай Девенпортнинг фикрича, “О’Ҳенри” ҳеч қандай хорижий кишининг исми-шарифи эмас, у ўзи яшаган қамоқхона номи “Оҳаё Пенитентияри”нинг қисқартмаси бўлиши керак. Унинг қамоқда ижод қилган биринчи “Дик Свистунга Рождество совғаси” ҳикояси худди шу тахаллус остида 1899 йили “Мак Клюр журнали” (Мc Cлуреъс Магазине)да чоп этилганди.

Жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққач, Уилям саккиз ой Питтсбургда яшади. Кейин Ню-Ёркка кўчиб ўтди. Портер кетма-кет салмоқли ҳикоялар ёза бошлади. Шу орқали у ном қозонди, мухлислар орт­тирди, энг муҳими, бир умр ортидан қувган пул эндиликда уни қува бошлади.

Унинг биринчи ҳикоялар тўплами 1904 йилда “Карамлар ва қироллар” (Cаббагес анд Кингс) номи билан нашр этилди. Худди Эдгар По, Б.Гарт ва Марк Твен сингари чинакам америкаликлар руҳини, ташвишларию камчиликларини, жамиятни бир чеккасидан емираётган иллатларни, аҳолининг бойлик, шуҳрат, мансабу унвон илинжидаги турмуш тарзини аччиқ кесатиқлар, кулгили изтироблар, киноялар орқали маҳорат билан очиб берган адибнинг китоби тезда қўлма-қўл бўлиб кетди.

Шундан сўнг О’Ҳенрининг тўпламлари бирин-кетин дунё юзини кўра бошлади. 1906 йилда «Тўрт миллион» (Тҳе фоур миллион), 1907 йилда «Сўнмас чироқ» (Тҳе триммед Ламп), «Ғарб юраги» (Ҳеарт оф тҳе Wест), 1908 йилда «Шаҳар овози» (Тҳе Воиcе оф тҳе Cитй), «Олижаноб ўғри» (Тҳе Гентле Графтер), 1909 йилда «Тақдир йўллари» (Роадс оф Дестинй), «Сайланма» (Оптионс) ва 1910 йилда «Ишбилармонлар» (Стриcтлй Бусинесс) ҳамда «Гирдоблар» (Wҳирлигигс) номли китоблари дунё адабиёти ихлосмандлари қалбига йўл топа олди.

Уни бутун сайёрада мунаққидлар ҳеч иккиланмай “қисқа ҳикоялар қироли” деб атай бошлади. Портерга тегишли бўлган ҳажман кичик, маъно жиҳатидан салмоқли асарларни айрим танқидчилар ҳатто баъзи машҳур романлардан устун қўйган чоғлар ҳам бўлган. Ҳақиқатан ҳам, О’Ҳенрининг кўплаб ҳикояларида кўтарилган мавзулар долзарблиги ва бутун инсониятга бирдек алоқадорлиги билан юксак поғоналарда туради.

Женнингс ўзининг “О’Ҳенри билан Зулмат оралаб” асарида адибнинг бошдан ўтказган қийинчиликларию шодон кунлари, қамоқхонада кечган машаққатли йиллари, борлиқ ва йўқлик тўғрисидаги қарашлари, орзуларини, адабий мақсадию олдига қўйган ниятларини атрофлича баён этган.

Уйғоқ қалби ҳамиша одамлар ичига тортиб, асарларида халқона руҳ уфуриб турувчи адибнинг қаҳрамонлари ранг-баранг: миллионерлар, ковбойлар, чайқовчи-фирибгарлар, руҳонийлар, кир ювувчилар, безорилар, сармоядорлар, сиёсатчилар, адиблар, артистлар, рассомлар, ишчи-муҳандислар, ўт ўчирувчилар ва ҳоказо. У ҳикояларида ана шу қаҳрамонларнинг ҳолатига тушар, бир лаҳза бўлса-да, улар билан бирга яшарди. Шу сабабли ҳам О’Ҳенрининг асарларида ортиқча пафосларга берилиш, бўрттирма, юзаки метафораларни учратмаймиз. Балки ҳаққоний истеъдодни, реал турмуш чиғириқлари асносида синовларда тобланган тажриба мактаби маҳсулини ҳис қиламиз.

О’Ҳенри инсон руҳиятининг кучли билимдони эканини “Cўнгги япроқ”, “Олижаноб ўғри” ҳикоялари орқали юксак пардаларда ифодалай олганди. Катта ҳаёт бўсағасида турган икки талаба қизнинг (“Cўнгги япроқ”) жамият билан бевосита боғлиқ ва айро ҳолда тушкун кайфиятга берилиши, омадсиз қари рассомнинг “сўнгги шоҳ асари” туфайли яна оптимистик ҳаётга қайтиши замирида О’Ҳенрининг адиб сифатидаги портретини чизиш мумкин. У чуқур руҳий ҳолатларни шу даражада усталик билан қаламга оладики, натижада ўқувчининг кайфиятига, кайфияти орқали юрагига қўл солади. Ҳикояни мутолаа қилишга киришган одам якунда воқеалар ривожи қай даражада ечим топишини башорат қилолмайди. Шу томондан ҳам Уилям Портернинг математик қобилиятига қойил қолмай илож йўқ. Уни шу нуқтаи назардан “ҳикоянавислик математикаси асосчиси” дейиш мумкин.

Тўғри, О’Ҳенри қисқа ҳикоячилик бобида биринчи ижодкор эмас, ундан олдин Томас Бейли Олдрич (1836-1907 й.) ном қозонган, маълум шуҳратга эришганди. Уилямнинг Томаснинг мўъжизакор ҳикояларига болалигиданоқ меҳри тушган ва дастлаб унга тақлидан ҳикоялар машқ қилган, бироқ йиллар ўтиб, шакллангач, бу йўналишда том маънода биринчи рақамли ёзувчи бўлди. Агар Т.Олдрич жаҳон адабиётининг насрчилик йўналишига ҳажм жиҳатидан қисқаликни олиб кирган бўлса, О’Ҳенри ўша “қисқалик”­ка чинакам жон бағишлади, оммавийлаштириб, барҳаёт қилди.

Кейинроқ адабиётга кириб келган, дунё тан олган қатор маҳаллий ва хорижий адибларга О’Ҳенрининг ҳикоячилик мактаби катта сабоқ берди. Унинг лўнда қилиб, “бир жумла”га сиғдирилган асарларидан илҳомланиб, кўплаб носирлар қалам тебратди, янги натижаларга эришди. Хусусан, Ш.Андерсон, Т.Драйзер, Б.Гехт, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор ва бошқалар номини санаб ўтишнинг ўзи кифоя қилади.

Уилям: “Бўлди, бас, шу вақт­га қадар танти бўлганим етар! Перомнинг ҳикоя ёзиш бобида анча тажрибаси ошди, энди бир йил ичида романга ҳам ҳаракат қилсам бўлади”, – деб журналистларга ўз истагини баён қилганди. Лекин унга келажак авлодга роман ҳам, қисса ҳам ёзиб қолдириш бахти насиб этмади.

О’Ҳенри умрининг сўнгги йилларини Нью-Йорк шаҳрида жисмоний оғриқлар, азоб-уқубатлар ичида ўтказди. 1910 йилнинг 5 июн куни адибнинг юраги уришдан тўхтади, уни жигар тсиррози ҳамда диабет (модда алмашинувининг бузилиши натижасида юзага келадиган ва сийдикнинг кўпайиши билан кечадиган касалликлар номи) хасталиги ёруғ оламдан олиб кетди.

Улуғ адиб вафотидан сўнг, унинг 1895-1896 йиллар ичида Хюстон шаҳри (Техас)даги “Почта” газетасида эълон қилинган фелетонлари, фабулалари (хомаки, маромига етмаган ҳикоялари), қайдлари, юмор билан йўғрилган қисқа-қисқа фикрлари “Постскриптумлар” (тамомланган хат охирига ёзиладиган қўшимча гап олдидан қўйиладиган «Р.С.» ишораси) номи билан тўплам ҳолида босилди. Уилям Портер ҳаммаси бўлиб 273 та ҳикоя ёзди, барча жанрдаги асарлари йиғилиб 18 томни ташкил қилади.

1918 йилда америкалик ёзувчининг порлоқ хотирасини омма орасида тарғиб қилиш ва унинг такрорланмас ижодиётининг бардавом бўлишини таъминлаш мақсадида О’Ҳенри номидаги мукофот таъсис этилди ва 1919 йилда биринчи марта ўз эгаларига топширилди. Дунёнинг кўплаб адиблари бундай мукофот борлигини билишмайди, чунки у тор доирада – Америка ва Канада журналларида асарлари чоп этилган америкалик ва канадалик “қисқа ҳикоя” усталарига берилади. Ғолибларнинг энг сара асарлари жамланган “О’Ҳенри мукофотига сазовор ҳикоялар” номли тўплам чоп этилиши йўлга қўйилган. Турли йилларда бу мукофотни Трумен Капоте, Уилям Фолкнер, Фланнери ЎКоннор, Жон Апдайк, Вуди Аллен, Стивен Кинг ва бошқалар қўлга киритишган.

Ўтган асрнинг 20-йилларидан то 50-йилларига қадар гарчи хорижда оммалашиб кетган бўлса-да, америкалик ёзувчиларнинг аксарияти О’Ҳенрига эътибор беришмади. 1950-йиллардан бошлаб эса О’Ҳенри услубида ёзувчи адибларнинг сафи АҚШда ҳам сезиларли даражада кенгайиб кетди. Бунда Уилям Сидней Портернинг ҳикоя ёзиш техникасидаги юпатувчанлик руҳини ифодалаш, айлана фабула, яъни икки томонлама маъно юклаш санъати, тимсолларни ниқоблар ортида акс эттириш маҳорати, сўз ўйини, муаммони қўйиш ва тўлақонли хулосага келиш ҳамда яширин иқтибослар ишлатиш тажрибаси муҳим омил бўлди.

Зоҳиджон Холов
“Маърифат” газетасидан олинди.