Одил Алимов. Илк туркий тилда битилган пайғамбарлар тарихи

Ўрта аср шарқ адабиётида пайғамбарлар, умуман олганда, буюк шахслар ҳақида асар битиш анъана шаклини олган. Бу соҳадаги илк намуналар араб адабиётига оид. 10-11 асрларда Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийнинг «Тарих-ур-расул ва-л-мулук» («Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи») номли китоби шу турга оид энг машҳур асарлардан саналади. Бундай асарлар кўп тиллар қатори кейинчалик туркий тилга ҳам таржима қилинган. Бироз кейинроқ таржималар асосида туркий тилларда шу турга мансуб асарлар юзага келган.

Носириддин Рабғузий қаламига мансуб «Қисаси анбиё» ҳам ана шундай асарлар сирасига киради. Адабий анъаналардан фарқли ўлароқ ўзига хос услубда битилгани эътиборга молик. Ундаги услуб ўзидан кейинги асарларга намуна вазифасини ўтаган. Масалан, 16 асрда Бошқурт томонидан ёзилган «Чингизнома»дан жой олган «Оқсоқ Темур» қиссасининг илк қисми айнан «Қиссаи Иброҳим алайҳиссалом» ҳикоясига ўхшаш.

Рабғузий шахсияти

Бурҳониддин ибн Носириддин ар-Рабғузий 13 асрда Хоразмда яшаб ижод этган. Унинг ҳаётига оид етарлича маълумотлар йўқ. Муаллиф ўз ҳаёти тўғрисида «Пайғамбарлар қиссаси»да қисқача тўхталиб ўтган. У Рабғузий тахаллусини бир муддат қозилик қилган Работ ўғузи деган жой номидан олгани айтилади. Кейинчалик Чиғатой хони Тармашириннинг яқин маслаҳатчиларидан бўлмиш Тўқбуға қўл остига келади. Тармаширин Нахшобда (ҳозирги Қарши) ўзининг яқинлари билан исломни қабул қилган мўғул хонларидан бири. Мовароуннаҳрда яшаётган туркий халқлар Пайғамбарлар тарихи жанридаги асарларга ўз тилларида эҳтиёж сеза бошлаганлари боис Рабғузий 1311 йилда «Қисаси анбиё» асарини ёзади. Тадқиқотчилар бу асарни ўғуз-қипчоқ тилида ёзилган дастлабки асарлар қаторига қўшишади. Кейинчалик бу асар асосида қадимги туркий тиллар луғатларини тузишда ҳам фойдаланилган1. Асарнинг серқирралиги Рабғузий дунёқарашининг жуда ҳам кенг бўлганини кўрсатади.

Халқ маънавиятини юксалтириш йўлида

Асар ўз даври ва кейинги асрларда кенг омма томонидан мутолаа этиб келинган. Туркий тилда ёзилганидан ташқари содда тилда битилгани оддий халққа уни ўқишда қулайлик туғдирган. Бунга асардаги «Мусо дийдор тилади, бермади. Ҳикмат на эрди? Жавоб айтмишлар, андоғ темак бўлур: Эй Мусо, нафсинг фоний, кўзунг фоний, дунё фоний. Фоний нафс дийдорин нетак кўрарсен? Сабр қилғил нафсингни боқий қилайин. Анда кезин боқий саройда, боқий дийдорини кўргайсан…» тарзидаги савол-жавоблар, «Эй мў‘мин, ўз ёзуқингни (айб) ўзгага юкламагил, юкладинг эрса мавло ўғлондек анинг ариғлиқин (нопок) билгуртгай, сени расво қилгай. Айзан (яна). Ўнгингда ким эрсанинг айбин очмағил…» каби ҳикматли сўз, шеър ва ҳикоятлар мисол бўлади. Уларда кишиларга оддий бўлиб кўринган кундалик ҳодисаларга тафаккур билан қарашга ундовлар бор. «Сулаймон қаринчқа (чумоли) билан сўзлашгани» қисми ушбу фикрни тасдиқлайди. Мисол учун: «… Эмди дастур (изн) берсанг неча масъала савол қилайин». Сулаймон айди: «Қилғил». Қаринчқа айди: «Мавлодин не тиладинг?». Сулаймон айди: «Андоғ мулк тиладимким, мандин ўзга ким эрсада бўлмасун». «Бу сўздин ҳасад иси келур, манга бўлгун, ўзгаларга бўлмагун. Тақи (яна) не тиладинг? Сулаймон айди: «Елни тиладимким манга мусаххар қилди, миниб юрурман. Астҳардин Шомға, Шомдин Астҳарға бир ойлик ер турур. Кунда борурман ҳам келурман». Қаринчқа айди: «Маъниси ул бўлур: Сенинг илкингдаги мулкнинг қамуғи (барчаси) ел турур. Ани мингунча маърифат маркабини минсанг сенга яхшироқ бўлур. Кўз юмуб очғунча бир соатда Аршға теккай эрдинг. Яна не тиладинг?» Айди: «Яған (фил) сўнгукиндин (суягидан) тахт берди». Қаринчқа айди: «Мавло таоло ёрлиқар: «Вал арзо фарашнаҳа фа ниъмал маҳидун. Бу кенг ер кифоят бўлмадиму?» – Қаринчқа айди: «Тақи не берди?» Айди: «Дев, парини манга мусаххар қилди (бўйсундирди)». Қаринчқа айди: «Бу саҳл (энгил) мулк турур. Сабр қилсанг эрди фаришталарни санга мусаххар қилур эрди. Нетак охир уз-замонда Муҳаммад отлиғ пайғамбар бўлғай. Мавло таъолодин ҳеч нарса қўлмағай. Қамуғ (барча) фаришталар анга мусаххар келгайлар». Сулаймон айди: «Бу биликни кимдин ўргандинг?» Айди: «Алламани робби», яъни изим (Роббим) ўргатти» .

Қўшимча равишда баъзи ўринларда саволлар ўртага ташланар экан, уларга «Жавоб, Тақи жавоб, Тақи жавоб…» ёки «Бу саволнинг жавоби етти турлук турур» қабилида жавоблар кетма-кетлиги келтириб ўтилади. Асарда камтаринлик улуғланади, такаббурлик, ичкилик ва бошқа салбий сифатлар қораланади. Шунингдек, севги ва садоқат, уруш ва тинчлик мавзуларида баҳс юритилади. Деярли ҳар бир саҳифада Аллоҳни улуғлаш, ота-она ва фарзанд муносабатлари, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари илгари сурилади.

Аллома Аллоҳ таолодан фақат бу дунёга қаратилган «дастурхонимиз тўкин сочин бўлсин», «тўйлар кўп бўлсин» қабилидаги дуолардан ташқари охират ободлигини сўрашни ҳам ўргатади. «Муножоти илоҳий»да келтирилган: «Ул мисоқ кунида биз мў‘минларни кофирлардин сочиб, ужмоҳ (жаннат) ёнида турғузуб, ҳаулаи фин-нари ва ла убали тею ҳисоб қилдик. Бизда тоат ва ибодат йўқ эркан ўз фазлинг ва караминг бирла бизларни улардин соча ёрлиқадинг, қиёмат куни йўл бошинда кофирларға қўшмайин, улардин айириб «фақирун фил-жаннати» зумрасинда (гуруҳида) бўлмоққа сен Аллоҳ рўзи қилу бер!» муножоти бунга жуда чиройли мисол бўла олади.

Ўз навбатида, ўқувчига асардаги бадиий безаклар – ҳамд, наът, шеър, муножот, панд ва насиҳатлар қалб ва руҳ озуқаси ўлароқ хизмат қилади.

Панд ва насиҳат: «Эй мусулмонлар, ёмонлар бирла қўлдошлиқ қилманг. Тонгла (эртага) улар бирла тамуғға (дўзах) борманг. Бу кунги ёмон эш, қўлдошлар тонгла барчаси душман бўлгуси. Ал-ахиллау явмаизин баъзуҳум ли-баъзин ‘адуввун илла-л-муттақин2. Қиёмат куни ёмон эш қўлдош бир бириндин табарро қилурлар. Айтурлар3: Эй кошки, манинг бирла санинг орамиз машриқ бирла мағриб чоқлиқ бўлғай эрди. Нима ёмон турур мундоғ қўлдош. Я лайта байни ва байнака буъда-л-машриқайни фа биъсал қарин.»

Шеър:
На экан тупроқ остин кенг жаҳонга сиғмаган,
Тор лаҳад ичра ётурлар юрканиб атлас, ағи.
Мустафоқа жофий дунё қилмади, кўргил вафо,
Тегди охир ариғқа бу ўлумнинг ачиғи.
Рабғузий Носир таянма тунла кундуз инграниб,
Сайрағил, сучук тилингдин сўз чиқар сўзлар соғи.

Манбалари

Асарнинг эртакка ўхшаш услубда ёзилгани оддий халқ савиясига мос тушган. Аслида ундаги воқеликлар эртак эмас, ҳақиқий тарихий манбалардир. Рабғузий оят ва ҳадисларни асл ҳолида – араб тилида келтиради, давомида эса турли тафсирлардан фойдаланади, Абу Ишоқ Нийсабурийнинг «Қисас-ул-анбиё», Ал-Бағоширийнинг «Исмат-ул-анбиё» каби тарихий асарларига мурожаат этади. Алломанинг муфассир ва тарихчи бўлгани қуйидаги мисралардан билинади: «ИШОРАТ. Юсуф Зулайҳоға ўғрамадуқ (қўл урмоқ) бўлса. Ва казалика линафсиҳа анҳу ас-суъа ва ал-фаҳшаъа, маъниси бермагай эрди… Бу Юсуф бизнинг мухлис қулларимиздан эрди. Иннаҳу мин ибадина ал-мухласина4. Қамуғ (барча) ялавочлар (пайғамбарлар) ҳам мухлис эрдилар ҳам мухлас. Ўзга мў‘минлар мухлис эрдилар аммо мухлас эрамазлар.»

Тадқиқотчиларнинг фикрича тўлиқ нусхасида жами 33 та пайғамбар ва валий зотлар тарихи ёритилган «Қисаси Рабғузий» Табарий услуби асосида битилган бўлиб, унда исроилиёт5дан ҳам фойдаланилган. Асар Мовароуннаҳрдаги мўғул ва туркий халқларнинг исломни қабул қилишига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатган. Китобнинг қўлёзма нусхалари ва 20 дан ортиқ тош босма нашрлари Тошкент, Уфа, Қўқон, Фарғона, Когон шаҳарлари кутубхоналарида сақланган. Бугунга келиб, Қозон, Анқара ва Тошкент шаҳарларида тадқиқотчилар томонидан нашр этилган нусхалар мавжуд.

Тадқиқотлар ибтидоси…

Қисаси Рабғузийнинг эски ўзбек ёзувидан кирилл алифбосига ўгирилиб, чоп этилиши гарчи мустақиллик йилларига тўғри келса-да, тайёрланиш жараёни бироз аввал амалга оширилгани учунми, тақдим сўзи ва луғатлардаги изоҳларда шахс ва ҳодисаларга коммунистик нуқтаи назардан ёндашилган. Шу боис, ушбу тарихий асар исломшунос олимлар томонидан қайта нашрга тайёрланса, бағоят савобли иш қилинган бўлар эди. Шунингдек, 1990-91 йилги нашрда баъзи исмлар нотўғри ёзилган (масалан, саҳоба Амр ибн Оснинг Умар ибн Ос деб ёзилиши каби). Диний истилоҳлар изоҳида ҳам кўп хатоларга дуч келиш мумкин. (Улан намози – пешин ўрнига шом, Икиндук намози – аср ўрнига пешин намози деб изоҳлангани каби).

Асар тили тўғрисида гап кетганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, китоб салкам саккиз аср олдин ёзилган бўлишига қарамасдан, ундаги сўзлар бугунги ўқувчи учун ҳам бутунлай нотаниш эмас. Асар тилимиз тарихини ўрганишда ҳам яхши манбадир6.

Асарда рус тилида учраб турадиган, аммо, асли туркий тилларга оид бўлган сўзлар ҳам бор. Масалан:
қилавуз – йўлбошчи
кирпич – ғишт
товар – товар, мол
каркас – ўлимтиклар билан кун кечирувчи йиртқич қуш
куб – хум

«Қисаси Рабғузий» қўлёзмалари бугунги кунга тўлалигича етиб келмаган. Масалан, китобда Айюб, Ҳорун, Шуайб, Зул-кифл, Ал-Яъса (алайҳимус-салом) қиссалари йўқ. Қўлёзманинг баъзи варақлари йўқолган. Мисол учун, Юсуф (а.с.) қиссаси тугамасдан, Мусо (а.с.) қиссаси ўртасидан бошланиб кетади.

Асарнинг энг қадимий қўлёзма нусхаси ХВ асрда кўчирилган бўлиб, Британия музейида сақланмоқда. Ушбу нусханинг факсимилеси матншунос К.Гронбек томонидан 1948 йил Копенгагенда нашр қилинган ва бу 1990-91 йилги нашрига асос қилиб олинган7.

Одил Алимов

1 Н. Ф. Каштанов, Мусулманскиэ легенд?. Тексти и перевод?, СПб., 1894 (Записки Императорской академии наук. ЛХХВ. Приложениэ, ?3).
2 Бу ерда Зуҳруф сурасининг 67 ояти. Таржимаси эса давомидаги гап.
3 Оятнинг араб тилидаги қисми матн сўнгида келтирилган. Рабғузий бир жойда икки хил услубни қўлламоқда.
4 Ушбу оят маъноси аввалги гап. Рабғузий бу услубни асарнинг жуда кўп жойларида қўллайди.
5 Исломни қабул қилган яҳудий ва насроний олимлари орқали кириб келган ривоятлар.
6 Носируддин Бурҳониддин Рабғузий, Қисаси Рабғузий, Т. 1990. Б. 5-7.
7 Носируддин Бурҳониддин Рабғузий, Қисаси Рабғузий, Т. 1990. Б. 8.