Иброҳим Ғофуров. Юлдуз шуъласи

Ҳаётда босилган йўллар ортда қолади, хаёл эса то тирик эканмиз, кўз ўнгимизда туради.

Эркин Воҳидов воқеликка зиддиятда яшамасди, аксинча, доим воқелик билан уйғунлик қидирарди: бутун ранг-баранг ижодиёти шундай уйғунликка эришмоқликнинг ажиб самараси.

Уйғунликка интилиш инсоний феъл-атворини, табиатини бошқарарди ва томирларида мисоли қон каби оқарди.

У ҳаёт ва ижтимоий воқеликнинг аччиқ ҳақиқатларини дадил кўтаришдан сира қайтмасди, бундан уни қайтарадиган куч йўқ эди. У зиддиятли ҳолларни енгиб ўтишни, халқни Шарқ одоб-ахлоқига таянган ҳолда илғор халқ сифатида кўришни истарди. Бунда у яқин устозлар Беҳбудий, Қодирий, Авлоний, Тавалло, Чўлпон, Фитратга издош, улар орзу-аъмолларини рўёбга чиқаришга тарафдор эди. Ҳаёт эса зиддиятларга тўлиб-тошиб ётарди.

Эркин Воҳидов “Ҳадсон кўрфазидан Токио бандаргоҳигача” деган публицистик серфикр мақоласида қуйидагиларни ёзганди: “Шаҳар тиклаш, юрт обод қилиш осон, тафаккур тарзини ўзгартириш қийин. Токи янгича фикрловчи инсонлар жамиятда етакчи кучга айланмагунча ривожланиш, юксалиш бўлмайди. Бундай сўзларнинг, айниқса, фикрлар қарама-қаршилиги, баҳс муҳити, конструктив оппозиция, сўз эркинлиги, реал кўппартиявийлик ҳақидаги ўткир хитобларнинг ҳаммага ҳам хуш ёқавермаслиги тайин. Амалдорлар ичида “мен билан баҳслашиб кўр-чи, қисқичбақалар қишлайдиган жойни кўрсатиб қўяман” дегувчилар озми? Улар буни тилда айтмасалар ҳам дилда айтадилар. Жасоратли ишлар жасоратли инсонларга насиб этади. Эркин Воҳидовнинг ўзи шундай жасоратли инсон эди. Бу халқ манфаатларини кўзлайдиган ва ҳимоя қиладиган маърифатли жасорат эди. Олди-қочдилар, булҳавасга айтиладиган пуч-тумтароқ гаплар эмасди. Унинг шеърлари публицистикасининг давоми, публицистикаси эса тафаккур завқларига тўла шеърлариниг узвий ва жонли давоми эди. “Бизнинг зуваламизда японларда бор хусусиятлар йўқми? Мардлик, Орият, Инсоф-Диёнат, Лафз каби ота-боболаримиздан мерос, замонлар ўтиб ҳам йўқолмаган фазилатлар халқимизнинг барча имконлардан аъло имкони, салоҳиятидир. Жаҳон билан мулоқотларда бизга асқотадигани ҳам шу фазилатлардир”. Ўқувчимиз сезгандир бу каби фикр-ўйларнинг бари шоир ижодидан буюк инсоний-ғоявий оқимга айланиб ҳаракат қилади ва жон-дилдан ҳаракат қилишга ундайди. Эркин Воҳидов яхшиликларга чин дилдан яйраб қувонарди, ғазаб-жаҳолатлардан қаттиқ озор чекарди. Унинг шоир юраги ўта нозик қурилганди.

Атоқли шоир, кўзга кўринган жамоат арбоби Эркин Воҳидовнинг болалик ва ўсмирлик онги ХХ аср 30-йилларининг охирлари, қаттол Иккинчи жаҳон уруши даврида сувратланди. У 1936 йилнинг 28 декабрида икки камолга етган зиёли муаллим оиласида дунёга келди. Отаси тарих муаллими эди – отасидан тарихга зўр қизиқишлар ўтди; онаси жуда моҳир ҳунарманд эди – жўғрофиюн онадан жаҳонбонлик, дунё кўриш, тинимсиз сайёҳатларга иштиёқлар касб этди. Дунёни неча бор Япониядан Лос-Анжелесгача пайдар-пай кезиб чиқди. Кўзининг уфқлари беҳад кенгайди. Саёҳат, сайрлар иштиёқи уни то сўнгги дамларигача тарк этмади.

Эркин Воҳидовнинг бутун ҳаёти ва ижоди халқнинг, мухлисларнинг кўз ўнгида кечди. Кўпминглаб, балки миллионлаб мухлислар унинг ҳаёти саҳифаларини яхши биладилар, шоирлари, донишмандлари каби яхши танийдилар ва севадилар. Шунинг учун бу кичкина мақола доирасида унинг ҳаёти саналарига кенг тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ. Фақат шуни яна бир карра қайд этиб ўтайликки, шоирнинг ёрқин дунёқараши, ижод масалаларига муносабати, тинимсиз ақлий-руҳий ўса-ўзгара боришида ХХ асрнинг олтмиш тўрт йили ўз чуқур изларини, муҳрларини қолдирди. Уруш йиллари ота-онадан бевақт жудо бўлиш келажакнинг порлоқ ниҳолига хийла драматик чизиқлар тортди. Шоир ўзи бошидан кечирган воқеаларни эслаб, “умрим ҳаловатсиз кечди. На уйқуда ва на уйғоқликда ҳаловат кўрдим, – деб ёзди. – Ижодий меҳнатнинг табиати шундай экан, мен уни бахт деб қабул қилдим. Бошимга кўп ғамлар ҳам тушди… ғамларимнинг кўпроғи эзгулик ташвишлари бўлди: Китоб ёзиш ва нашр қилиш ғами, иморат қуриш ғами, янги журнални оёққа турғизиш ғами ( Эркин Воҳидов кези келганда “Ёшлик” журналини ташкил этишда бош-қош, унинг илк бош муҳаррири бўлган, жуда кўп талантларни юзага чиқишига катта саъй-ҳаракатлар қилган, жуда кўплаб ёшлар Миртемир, Зулфия, Шайхзода қатори Эркин Воҳидовни ўзларига устоз билиб, унга сидқидилдан эргашганлар) то тирик эканман, мени бу хил ғамлар тарк этмаса деб ният қиламан”. Шоир бу ўринда ажиб лутф билан “ғам”нинг тархини очган. Зеро гўзал лутф ҳеч қачон бу лутф учун яралган инсонни, лутф эгасини тарк этмаган…

Кузатишлар шундай бир хулоса чиқаришга имкон берадики, дунёдан сўрайдиган нарсаси ғоятда кўп бўлган, дунёга саволи тугамайдиган (Эркин Воҳидовнинг муаллимлар фарзанди бўлганлигини унутмайлик) одамлар ижодкор бўлиб етиладилар, одатда. Эркин Воҳидов болалигидан кучли заковатли, қизиқувчан эди. Ҳаёт ичига ичкарилаб бораркан доим бошида саволлар қуюндай айланарди. Саволларига жавоб қидириб, изловчан шоирга айланди. Бежиз эмас, унинг ижодида савол руҳида ёзилган асарлар кўп. 2007 йили ёзган бир шеърида шундай деганди:

Ёзган саволим кўп ҳаддан зиёда
Жавобин виждонга ҳавола қилдим.
Оллоҳим кечирсин: ёруғ дунёда
Камроқ шукр қилдим, кўп нола қилдим…

Бу ерда адолат юзасидан қайд этиб ўтиш ўринлики, бу сўзлар нечоғлиқ камтарона бўлмасин, Эркин Воҳидов ўзи қўйган, эл-юрт тақдири, келажаги тақозо қилган саволларга донишмандона жавоблар, ечимлар топди, муаммоларни қўйишгина эмас, уларни ҳал қилишнинг адолатли йўлларини кўрсатди. Вақтида ўқувчилар севиб ўқиган ва ўзи учун фойдали хулосалар чиқарган Эркин Воҳидовнинг “Изтироб” деб аталган кучли публицистик китоби бунинг ёрқин мисоли. Истиқлолий тараққиёт юзасидан бу китобда шунчалар кўп қимматли масалалар кўтарилганки, улар ҳали ҳамон ўзининг қайноқ, жўшқин долзарблигини заррача йўқотган эмас. Бу ерда билиб туриб нега йигирма беш йилга кечикдик? – деган савол шоир айтмоқчи яна карра-карра изтиробга сабаб бўлади. Шоир кечикиш азоб-армонларини ўша пайтларда бир салмоқдор сўз билан “изтироб” деб атаган эди. Баъзан шоир табиатининг, шеърий йўлининг, ният-мақсадларининг ўзагини очадиган ноёб бир сўз бўлади.

Ғафур Ғулом шеърларини синчиклаб ўқисак, шоир бир қатор юксак кўтаринки руҳда яратилган шеърларида “билониҳоя” сўзини такрор-такрор қўллаганини кўришимиз мумкин: “Ғурбатда кезганман билониҳоя” (“Мен яҳудийман”), “Қиёмат куннинг ҳам сўнгги бор ахир, Бўлмагай бу зулмат билониҳоя” (“Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак”). “Билониҳоя” бу ерда ҳар нарсанинг охири бўлади деган маънода. Ғафур Ғулом ўз шеъриятида юксак пафосга дахлдор, кўтаринкиликни ифодаловчи сўзларга алоҳида эътибор беради. Бундай кўтаринки шоирона сўзлар унинг шеърияти юқори услубини белгилайди ва шундай кўтаринкилик услубини яратади. Демак, “билониҳоя” каби жонли халқ тилида кўпда қўлланмайдиган сўзлар маълум маънода оптимистик фалсафанинг белгиси, қолаверса, мутафаккир шоирнинг ўзига хос севиб ишлатадиган тилидир. Кўтаринкилик белгисидир. Эҳтимол, Ғафур Ғуломдан бошқа шоир тилида бу каби сўзлар тушунарсиз ва ўринсиз бўлиб туюлиши мумкин, Ғафур Ғулом шеърида эса улар табиий юксак пафос билан жаранглайди. Ҳар бир шоирнинг шундай шеърияти, насри, публицистикаси билан туғишган сўзлар олами бор. Абдулла Ориповда ҳам, Рауф Парфида ҳам, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Аҳмадда ҳам шундай хос белгили сўзлар бор. Эркин Воҳидов шеърияти ҳам бундан мустасно эмас. Зеро “шеърий ўхшатиш билан қалбимиздир лолагун” деб Ғафур Ғулом гўзал лутф қилганидек, ўхшатишлар шеър томирида ҳаётбахш қондек шовуллаб оқиб, уни лоларанг бўёқларга бўяб, қалблар мулкларига безаб-безантириб олиб киради. Эркин Воҳидов айтади:

Ватан ҳуррияти учун ҳамиша,
                             Фидоликка тайёр ҳаётинг керак.

Бошқа бир шеърида:

Қуллуқ қил демасман,
                             Юрт тупроғин ўп.
                             Унга қуллар эмас,
                             Фидолар керак.

                             Унинг сену мендек шоирлари кўп,
                             Буюк элга энди даҳолар керак.

У эрта яратган шеърларидан бирида эса:

Она Ватан! Бир ўғлинг каби
                             Фидо этай жонимни сенга! –

дейдики, унинг шеъриятидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо, биз айтмоқчи бўлган фикрга шулар ҳам кифоя қилади. Зийрак ўқувчи дарров англагандир, мисолларда урғу билан жаранглаётган “фидо”, “фидокорлик”, “фидойилик” сўзлари шоир шеъриятида суюб қўлланадиган мотивларнинг – маъноларнинг очқичлари. Улар фидокорлик заминида туриб Эркин Воҳидов шеъриятида ватанпарварлик, инсонпарварлик, юксак ахлоқийлик ва мумтоз маънодаги адаб муҳитини яратадилар, шу маънода услуб ҳосил қилувчи унсурлар каби шеър мундарижаси ичида ҳаракат қиладилар. Эркин Воҳидов шеъриятидаги ва бутун ижодиётидаги услуб мундарижа билан чамбарчас боғланган ҳолда услуб яратувчи – фидокорлик, фидойилик услубини яратувчи бадиий-шеърий мазмундор техник (шеър техникасига кўра) жуда ҳам эътиборли адабий-бадиий ҳодисалардир. Ушбу муҳр сўзлар шоир шеъриятининг мундарижасида мундарижа ҳосил қилувчи, мундарижавий аҳамиятга эга деб айта оламиз. (Абдулла Орипов шеъриятида чунончи мисол тариқасида “бас” сўзининг қўлланиши дои­ралари ва ўрин мақсадларига бир қараб қўяйлик). Шеъриятда жуда қизиқ, чунончи, таворуд ҳосил қилувчи мисоллар кўп. Улар шеърий услублар каҳкашони нималигини янада ойдинроқ кўрсатади. Бир мисол:

“Миямиз глобус
Миллиметраси – минг километр
Ҳар чизги
Қурилишдан бир белги
Ютуқлардан плюс.

Буларни Ғафур Ғулом поёнсиз маяковскийча кўтаринкиликдаги “Турксиб йўлларида” шеърида айтган, ўзингиз ҳам дарров эсладингиз. Эркин Воҳидов дарахтлар фалсафаси ҳақида туркум шеърлар битган. Улардан бири шундай:

Мия каби шаклим бор
 Бошим тўла ақлим бор.
Мени еган донишманд
Бўлур деган нақлим бор.

Мия ва унинг шакли ҳақида ёзаётган икки шоир икки турли услуб фалсафий натижага эришади. Эркин Воҳидов дарахт тилидан жуда содда ва табиий фикрни ифодалайди. Ғафур Ғулом эса сўзларнинг юксак материялари дунёсига кириб боради. Муболаға ва заминий услуб. Ёнғоқ ва глобус. Миллиметра чизиқлар ва мия ақлнинг ёйлари. Эркин Воҳидов ижодий мақсадларига кўпроқ заминий услуб, соддалик услуби, лекин эришиш қийин саҳли мумтане поэтик воситаси ва ташбеҳлари бирлан эришади. Ғафур Ғулом эса умидбахш муболағалар орқали ўқувчини ҳаяжонга солади. Буларнинг барида, албатта, даврларнинг, вазифадорликларнинг ўз такрорланмас муҳрлари бор. Бу услубларнинг ҳосил бўлиши шоирлардан ортиқроқ ҳукмга эга давр ва ижтимоиёт талаблари ҳукмлари бунда кўпроқ амал қилади. Аммо, Эркин Воҳидов ҳам “Инсон”, “Ўзбекистон”, “Ўзбегим” – учлик қасидасини яратганда, инсон, тарих, ватан, халқ, миллат юксакликларига кўтарилганда жанрлар, давр ва мавзу талабига кўра кўтаринкилик услубига мурожаат қилади ва ниҳоятда унумли фойдаланади. Янги замон, янги адабиёт қасидасининг жуда ёрқин янги намуналарини яратади. Шарқ мумтоз адабиётида мадҳнинг қонун-қоидалари ва анъаналари дунёга келган, Араб, форс, туркий адабиётларда узоқ асрлик тажрибалар бор. Ғазаллар, қасидалар, рубоийлар, маснавийлар, қитъалар ва бошқа жанрлар маълум қонун-қоидаларга бўйсунган ва уларга қатъий риоя қилган ҳолда яратилади. Шоирларнинг маҳоратлари шу қонун-қоидалар ва улар тақозо қилган шеърий техник воситалар асосида юзага чиқарилади. Ҳар қандай маҳорат ва маҳорат улуғлиги бу маълум чегаралар ичидаги, улар билан чекланган маҳоратларнинг олтин қирраларидир. Имруулқайс муаллақаларида ва ундан бир неча аср кейин ўтган Абу Таммом қасидаларида жанрнинг чекланган доирасида ўз буюк маҳоратларини тўла намоён қила олганлар. Эркин Воҳидов уч қасидасида, девон ва достонларида дунё адабиётидан чуқур хабардор зиёли каби шеърий услубларни қўллайди. Жанр чегараларига дунё адабиёти майлларидан келиб чиқиб қарайди ва шунинг учун ҳам қасидалари янгиланиш оҳангларини ўзида акс эттиради. Қадим қасида анъаналаридан эса фақат кўтаринкилик ва муболағадорликка риоя қилади. Бу қасидалар ва ғазаллар том маънода замон руҳи ва замон кайфиятларини акс эттириши, яъни маънога, қофиялар ва радифларга, ритмик пардаларга янгича муносабати ва янгича услуб қирраларини очгани билан ажралиб туради. Эркин Воҳидов ғазал формаси кўҳна ва у замонга мос эмас деган қарашларга ўз девони қасидалари билан муносиб амалий жавоб қайтарди. Анъаналарнинг янгиланиши замондошлар кўз ўнгида рўй берди. Европада роман ва ҳикоя қандай янгиланган бўлса, бизда ғазал, рубоий, қасидалар шундай янгиланди. Ғазал бир замонлар Ҳёте амалиёти таъсирида шундай Европача руҳда янгиланган эди. Замондошлар Эркин Воҳидов ғазалларини шунчалар ўзларига яқин олдилар, бу жанр уларга шунчалар суюкли бўлди. У ҳар бир юракда, ҳар бир хонадонда доимий суратда янграйди, доимий эзгулик таратади, доимий гўзаллик тарбиясини беради. Булар адабиётда анъанавийликнинг замонавийлик – замон руҳи билан боғлашнинг оригинал намуналаридир.

Эркин Воҳидов бой ижодиётининг ҳар бир сатрида оригиналликка интилган десак, бу асло муболаға бўлмас. Бунда ҳар сатрда оригиналликка интилиш оригинал ижод қилиш шоирнинг туғма табиатидан озиқланади. Биз шоир ижодида оригиналлик мотивига ҳали яна батафсилроқ таҳлилга ўтирсак деб ният қилганмиз. Аммо бу мухтасарлик доирасида шуни қайд этиб ўтишни зарур деб биламизки, Эркин Воҳидов ижодиётида оригиналлик ажойиб-ғаройиб тарзда сувратланади… Лекин оригиналликнинг ўзи нима деган саволга жавоб қидириш адабиёт ва илм-фан, санъат учун ҳамиша долзарб, ҳамиша энг қизиқарли масала. Бунда мен оригиналлик нима эканлигини жуда яхши биламан деб кеккайишнинг ўрни эмас. Ҳа, хўш, оригиналлик ўзи нима! Янгича талқинларми? Теша тегмаган сўзлар, иборалар, жумлаларми? Янги сувратлар, янги маъноларми? (Биз бу ўринда “суврат” деганимизда “образ”ни назарда тутамиз. Образни “суврат” деб таржима қиламиз ва бу образнинг энг яхши мубаддали деб биламиз. Афсуски, кейинги замонларда сувратни фақат расм, чизма деб тушуняпмиз. Йўқ, “суврат”, бу аввало образ, аммо сурат – фотосурат бошқа. Фарқ қилайлик. Сувратнинг маъноси “қиёфа” билан синоним бўлолади.) Хўш, оригиналлик янги ва янги сувратлар, адабий-бадиий қиёфаларми? Мотивларга янгича ёндошувларми? Доим ўзгача талқинларми? Бошқалардан фарқли ўзгача бадиий тизимми? Ёки бадиий ихтироларми? ( Эсингиздами Зулфия “Баҳор бўлмасайди, одамзод албат, Ўзи кашф этарди кашф этгандай бахт!” деган ғаройиб сатрларни айтганди. Кашф билан ихтиро бир нарса. Лекин биз кейинги пайтларда камтарликка зўр бериб “ихтиро” демай қўйдик) Аммо, адабиётда, илм-фанда ихтиролар ҳақида доим сўйлашиб туриш зарур. Ҳақиқатан шоир, адиб бахтни кашф этгандай ихтирони кашф этади. Бу шоирдан ортиқ нарса. Бу азалда Худодан келаётган нарсалар.

Оригиналлик талантнинг мезони, ўлчови бўлса, эҳтимол. Талантнинг мезони унинг такрорланмас ўзига хос асарлар яратишида, умуман, ўзига хослик яратишида. Маънолар, ташбеҳлар, лафзларнинг оригиналлигида. Аммо, ҳар қандай шеър ё оригинал ё оригинал эмас. Оригиналликнинг зидди сийқалик ва пучлик. Шахсан ўзим оригиналликни янгича фикрлаш деб биламан. Янгича фикрлаш бўлмаса, янгича сувратлар ҳам, маънолар ҳам, ташбеҳлар ҳам, янги ифодалар ҳам йўқ. Янгича фикрлаш оригиналликнинг асл маъноси, қолганлари бари унга боғлиқ ва унга эргашади. Эркин Воҳидовда янгича фикрлаш ва ихтиро жуда кучли, бу унинг том аналитик фикрлаш тарзи билан боғлиқ. Унинг талқинлари ўзгача. Унда ижодий индивидуаллик ёрқин намоён бўлган. Индивидуаллигининг ўзига хосликларида туғилган, яшаган муҳитининг жонли таъсирлари ғоятда ­баравж. Ҳозир Кўкалдош мадрасаси пештоқлари, ҳужралари, кошинларига қараб туриб бу ерда кимлар таҳсил олгани, мадрасада қандай кайфиятлар ҳукмрон бўлганлигини билиш жуда қийин. Шеърга қараб туриб ҳам, унинг нима учун, қандай ёзилганлигини айтишнинг иложи йўқ. Бунда фақат тасаввур қилиш имконияти бор бизда. Аммо, ижодий ибтидони билишимиз керак. Акс ҳолда адабиётшунос, тилшунос, таржимашунос олим бўлганимизнинг маъноси қолмайди. Ижодий ибтидони билсаккина Эркин Воҳидов, мумтоз атама билан айтганда, том маънода мубтадеъ шоир. Янгиликлар адибидир. У инсон ва ижодкор сифатида анъанавий муҳит стихиясини ёриб чиқди. Аксинча, ғазал ҳеч камситмаган ҳолда Собир Абдулла мақомида қоларди.

Ҳа, ростдан ҳам ихтиро бўлмасайди, одамзод бунчалар узоқ яшамасди, урушлар, очарчиликлар, таъқиблар, зулму зулматлар, шафқатсизликларга, қирғинларга дош беролмасди. Буларнинг ҳаммасига қарши ихтиролар қилиб, у табиатда муваққат ғолиб бўлиб чиқди. Бошқалар юрган йўллар бор ва бошқалар юрмаган йўллар ҳам бор. Бу ҳақда Навоийдан ўтказиброқ ҳеч ким айтмаган бўлса керак.

Мактабда ўқиб юрган чоғларида муаллимлари Эркинга қараб суюб эркалаб, бу Афлотундан зўр математик чиқади дейишарди. У замонамизнинг Улуғбеги бўлади, деб башорат қилишарди. Бунинг сабаби Эркин Воҳидов ўқувчилик йилларида аниқ фанларга интилувчи эди. Ақли аналитик эди. Лекин у ҳаммасини қўйиб Навоий, Лутфий, Атоий этагидан тутди. Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжонга эргашди. Бошдан оёқ улар шеърларини ёдлаб олди. Мен адабиётимизда “Ғафур Ғулом болалари” деган бир тушунча бўлишини ёшлик пайтларимдан бери орзу қиламан. Уруш ва урушдан кейинги авлод Ғафур Ғуломнинг оташин порлоқ эркаловчи падарона шеърларини ўқиб тарбияланди, ақл тиши чиқди. Уларни шу маънода чин “Ғафур Ғулом болалари” дейиш ўринли. Эркин Воҳидов ҳам Ғафур Ғулом болаларидан эди. Ғафур Ғуломни ёдламаган куни йўқ эди. Бу хосса унинг ҳар бир шеърида мана мен деб туради. Ғафур Ғуломча шеърларга ишқибозлиги, миясининг аналитик фикрлаши ўзи сезган-сезмаган ҳолда ижодида жуда чуқур из қолдирди.

Аввало, бу унинг шеърда аниқ фикрлашида; кейин, фикр тархининг тозалигида; учинчидан, асарлари композицияси пишиқ-пухталигида; тўртинчидан, ҳеч қачон ҳеч бир асарида бош мавзу жиловини йўқотиб қўймаслигида; бешинчидан, пуч, маъносиз гаплардан узоқлигида, мавзу доирасида мавзунлик ва уйғунлик яратишида; олтинчидан, мантиқий тафаккур доим шоирона тафаккур билан туташиб кетишида; еттинчидан, ташбеҳларининг бадиий-ҳаётий асоси теранлигида; саккизинчидан, бадиий ва ҳаётий ҳақиқатдан чекинмаслигида; тўққизинчидан, дунёқарашининг мустаҳкам ва асосли ахлоқий принципларга қурилганида; ўнинчидан, туғма одоб-икромининг ўсиб бора букилмас пок эътиқод даражасига кўтарилганида.

Бундай хусусиятларни яна санашни давом эттириш мумкин. Лекин мухтасар мақола доирасида шуларнинг ўзи етарлидир. Унинг Ватан ва халқ озодлиги, мустақиллиги, тарих ва инсон олдидаги “тобанда”лигига эътиқод-ишончи юрагида, шуурида комил эди. Зеро, шунинг учун ҳам асарларини юрак қони, комил ақл-идрок билан яратарди.

Мен жилғаман,
Дарё бўлиб тўлгим келади.
Она юртим,
Сенга ўғлон бўлгим келади.

Ўн беш яшар ўсмирда фидокорлик туйғулари қандай туғилгани, нималар боис туғилганди, қандай бунча эрта ўсиб етилганди? Эркин Воҳидов мусаффо ва навқирон севги-садоқатнинг фарзанди эди. Унинг сайланмалари “Муҳаббатнома”, “Муҳаббат”, “Садоқатнома”, “Ишқ савдоси”, “Шеър дунёси”, “Умр дарёси”, “Кўнгил нидоси” сингари номланишида ота-онанинг севги-муҳаббати мўъжизавий бир тарзда акс садо топганди. Ота-онаси суюкли фарзанд туғилганда, ўша кезлар ҳамма ёд ўқиган Ғафур Ғуломнинг “Бари сеники” шеъридан қаттиқ мутаассир бўлиб фарзандига Эркин деб ном танлашганди.

Эркин Воҳидов ниҳоятда шуурли инсон эди. Шуур ҳаётининг сўнгги дамларигача уни тарк этмади. Инсоний шуур ижтимоий шуурга айланди. Унинг шуури шеърий шуур билан ҳеч ажралмас бўлиб туташиб кетди. Унинг бутун қизиқишлари, интилишлари, афзал кўрган нарсалари қадрлаш принциплари акс этган китобларидан бирининг номини ҳам у “Шуур” деб атаганди. Эркин Воҳидов умри давомида кўп вазифаларда жон-дилдан берилиб меҳнат қилди. Мустақилликка бор иқтидори ва муҳаббатини бағишлади. Она тилининг гўзаллиги, тозалиги учун курашди. Доимо бир зум тинмай халқ билан озодлик ва муносиб яшаш учун мулоқотлар олиб борди. У жамоат ишини ўзига доим яқин оларди.

Эркин Воҳидов ўз асарларига ўхшайди. Ўз асарлари каби тоза эди. Унинг барча иборалари, шеърий жумлалари маъноларга тўла.

Маъно суратлари билан музайян. Улар юлдуз шуълаларидай инсонлар кўзларини яшнатиб туради ва ҳаётнинг сир-синоатли сувратларидан дарак беради. У мумтоз маънода ҳам, замонавий маънода ҳам адаб тажассуми эди. Қодир Оллоҳ руҳи дунёсини ҳамиша шод ва мунаввар қилсин.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 12-сон