Иброҳим Ғафуров. Зулфия сиймоси

Айни замонда, айни соатда, айни сонияда туғилган гўдакнинг шу замон ва сониядаги бутун дунёнинг ишларига дахлдорлиги бўлади. Чунки одамзод битта, толе ва қуёш битта. Ишонмасангиз, истаган вақтда осмонга қаранг: ҳаммаси кўриниб турибди. Ички кўзлар барини тўхтовсиз илғайди.

Ҳар биримизнинг ёруғ оламга келишимиздан кетишимизгача тасодифмикин? Тасодифлар қўшилиб, бирлашиб қонуниятга айланмасмикин?

Шоира Зулфиянинг дунёга келиши, шоир ва халқаро миқёсдаги жамоат арбоби бўлиб етилиши тасодифмикин?

Кўҳна Шошнинг энг қадимги ҳунармандлар ва зиёлилар ўчоғи – Ўқчилар маҳалласида катта файзиёб хонадонда қалин қора жингалак сочли қизалоқ туғилганда сана 1915 йил 1 март эди. Бундай жингалак қора сочли бола туғилганда атрофдаги барчанинг юзи ёришиб, қувончларидан лабларини йиғиштиролмай, баробар: “Қўзичоқ туғилди!” – дейдилар. Чақалоқнинг онаси Хадича ая бироз машаққат чеккан бўлса-да: “Вой, болам номи билан туғилди, сочларининг қўнғироқларини қаранг… Зулфизар бу, Зулфизар!” – деб жуда оҳангдор қилиб айтди. Унинг исмини Зулфия қўйдилар.

Биринчи жаҳон уруши авжга миниб борарди. Болқонда, Болтиқ бўйларида, Днепр, Днестр, Дон томонларда, Яқин Шарқда, Шомда, Африкада дунёни қайта бўлиш учун қаттол уруш борарди. Юз эллик миллиондан ортиқ одам унинг комига тортилганди. Шошнинг кўҳна Ўқчи маҳалласи гарчи у қон дарё бўлиб оққан ерлардан жуда олисда эди, лекин бири-биридан даҳшатли хабарлар келиб турарди. Улар ўша пайтларнинг жасоратли “Турон”, “Тараққий”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Ойина” деган газета-журналларида босиларди. Беҳбудий каби улуғ тараққийпарварлар воқеа жойларидан ўз кўрган-кечирганларини баён қилардилар, авомнинг кўзларини очишга интилардилар. Зулфия туғилганда ўлкада ижтимоий фикр шаклланиш палласига кирганди. Зулфия таваллуд топган катта қўрғон хонадонда замон воқеалари қизғин муҳокама қилинарди, газеталар ўқиларди, карвонлар қабул қилинарди, зеро бу хонадон устахонасида тайёрланган темир-чўян-пўлат-тунука маҳсулотлар ўзининг сифати, пишиқлиги, узоқ хизмат қилиши билан довруғ қозонганди. Жуда катта темирчилик устахонасида иш доим қизғин эди. Ишга яроқли барча хеш-ақраболар, маҳаллалик шогирдлар бунда сидқидилдан хизмат қилишарди. Зулфиянинг қулоғига Хадича ая айтган жонузор аллалар билан бирга устахонанинг даранглаган чақмоқ садолари ҳам тўхтамай кирган. Шунинг учун “ўт”, “чақмоқ”, “аланга” ва барча ўт билан боғлиқ образлар, ташбеҳлар унинг учун туғма ва табиий. Машҳур Америка тилшуноси Ноам Чомский “Тил ва тафаккур” («Язык и мышление», М:. – 1972) китобида тилшуносликда янги ғояларни илгари сураркан, улар билан бирга янгидан-янги терминлар ва илмий тушунчаларни ҳам қўллайди. Улар, чунончи, “врожденная умственная структура”, “врожденная идея”, “овладение знанием и поведением” (“туғма ақлий тузилма”, “туғма ғоя”, “билим ва хулқни эгаллаш”) сингари кишини тил фалсафаси билан боғлиқ тарзда жуда қаттиқ ўйлатади. Буларнинг тагига етиб бориш осон бўлмаса ҳам, улар ўз илмий жозибасига эга. Зулфияда шундай туғма ақлий тузилма тушунчаси билан аниқ изоҳланадиган бадиий ҳодисалар, туғма хусусиятга эга образлар ва фикрлаш тарзи оз эмас. Фалсафада рационализм ва сюррационализм йўналишининг отаси француз файласуфи Башляр бирон санъаткор ўз ижодида маълум бир стихияли образларга мунтазам ва кўп мурожаат этаётган бўлса, бу унинг юрагида комплекс ҳаракат қилаётганлигини билдиради. Шу комплекс топилса, бадиий асарни яхши тушуниш мумкин. Асар шу комплекс орқали яхлитлик касб этади. Агар комплекс бўлмаса, ўзакдан маҳрум асар ғайришуурга етиб бормайди ва совуқ уйдирма, сохта бўлиб туюлади. Башляр табиат асосидаги тўрт унсур – сув, ўт, ҳаво, тупроқни тасаввур гормонлари, деб атайди. Ушбу стихиялар онгда ўз динамик ҳаракатига эга. Улар образлар тўдалари (уюрлари)ни ҳаракатга солади. Улар борлиқни интим тарзда ўзлаштириш ва ўзгартиришга ёрдам беради, катта синтезни юзага чиқаради ва тасаввурни мунтазам тусга киритади. Шоирона ягоналик ва хаёл қуввати шулардан ҳосил бўлади. Зулфия нур тўла, учқун тўла муҳитда дунёга келди ва шулар бағрида ўсди, хаёллари шулардан қувватланди. У шу муҳитнинг туғма ғояларига бағирдош эди. Шунинг учун унинг ташбеҳлари нур, учқун, ўт-олов, чақмоқ… замирида туғилади. Зулфиянинг шеърий энергетик комплекслари шулар. Истаган шеърингизда булар бадиий оқим мақомида. Ҳаёт ва ижодда шахснинг ўрнига жуда катта аҳамият бериб қараган персоналистлар шароитни енгиб чиқиш, шароит тақозо этган шартларни енгиб ўтиш санъат шахсиятининг энг юксак фаоллигидир (Недонсел), дейишади. Зеро, Зулфиянинг фаоллиги – шеърият ва, ўз навбатида, шеъриятнинг фаоллиги – шахсият. Унинг шеъриятининг ҳар қаторида шеър яратувчи қиёфа туради, ҳар қаторда қиёфа шаклланади ва бу қиёфа ҳар дамда ҳаётий бутунлик сари ҳаракатланади. Бутунлик сари ҳаракат Зулфия ижодиётининг инсоний, бадиий фалсафасидир. Бутунликни, яъни одамнинг ўзини тўла одамдай ҳис қилиши ва тўла одамдай иш қилишини фалсафа дейиш мумкинми? Тўрт томондан ҳаёт чегараланганда бутунлик ҳисси бўладими? Бутунлик моддий, бутунлик жисмоний, бутунлик руҳоний, Зулфия шеъриятида булар ғоялар комплексига айланиб улгурган. Шахс ғояси ижод ғояси билан чамбарчас боғланган. Ижод ғояси Зулфия борлиғининг асоси: “Шеър бўлиб эл ичра юраман мен чақноқ”. Бутунликка тўсиқ бўлувчи, уни парчаловчи кучлар ҳам мудом мавжуд ва булар шеъриятнинг мангу зиддиятларини юзага чиқаради. Йигирманчи йилларнинг боши ва биринчи ярмида хотин-қизлар билим юрти (дорилмуаллимот) деб аталган илк ўқув даргоҳларида оз сонли қизлар қаторида билим олган машҳур Ойдин Собировалар (ёзувчи, шоира, жамоат арбоби Ойдин) даврида ўзбек хотин-қизлари зулматдаги мазлумалар деб аталар ва уларнинг социалистик бахтиёрликка интилаётгани ва ҳатто эришгани ҳар қадамда қаттиқ таъкидланарди. Ойдин Собирова эркига эришган хотин-қизлар тимсоли каби тақдим, тарғиб ва ташвиқ қилинарди. Ойдин Собирова ҳам шу ижтимоий театр саҳнасидаги ролни тўла қабул қилиб ўзлаштирган, уни муваффақият билан ўйнар ва бу ўзига ҳам жуда ярашар ва ёқарди. Зулфия 1931 йилда хотин-қизлар билим юртига ўқишга кирганда, (билим юрти уларнинг Ўқчи маҳалласида жойлашган эди), билим юртини битиргач ва то қирқинчи йилларнинг ярмигача, асосан, Ойдин Собированинг таъсирида бўлди ва унга шогирд эканлигидан фахрланарди. Лекин ўттизинчи йилларда энди йигирманчи йиллардан фарқли ўлароқ, Зулфия каби янгроқ қизлар зулматдан чиққан, мазлумалик паранжилари, паранжи-чачвон ичидаги қолоқликлардан қутулган, бахтиёр нурли келажак сари дадил одим отаётган ҳисобланардилар. Зулфия шу давр ижодини эслашни ёқтирмайди, балки социалистик эрк ичида янги тусдаги эрксизлик занжирлари қўйилганлигини у ўта зукколик билан фаҳмлаб қолган эди. Ўша даврдаги фикрловчи шахсиятларнинг жуда кўп зиддиятлари, асосан, шундан – янги мафкуранинг мунофиқликларидан келиб чиқарди. Ва қанчалаб асл жонажон аёллар бунақа тараққиётни қабул қилишни истамаганликлари учун жазо колонияларига тортилдилар, тақдирлари маҳв этилди. Зулфия Ойдин Собирова изидан бориб нашриётда ишлади, академия аспирантурасида ўқиди. 1932 йилда Зулфиянинг тақдирида бурилиш бошланди. У Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ғафур Ғулом, Ойбек, Музайяна Алавия билан яқиндан танишди, илк шеърлари билан ёзувчилар давраларига кирди. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Уйғун адабиётда ҳайқириқ солган йиллар эди. Уларга эргашди. Улар тийрак ва ўта туйғун қизчанинг интилишларини бажонидил қўллаб-қувватладилар. Зулфиянинг заковати кучли эди. Қўллов унинг туғма талантини очди. 1914-1915 йиллар Турон-Туркистон диёрлари учун узоқ давом этган умидсизлик, тушкунлик, келажакни кўролмаслик ва булардан ўзини батамом ожиз сезиш вақтлари тугаб, бир замонлар мислсиз улуғ ишларни рўёбга чиқарган диёр энди жаҳон уруши замонида яна ижтимоий бурилиш ясашга қодирдек кўринарди. Зулфия шундай мамлакат ҳаётида янгиланиш бошланадиган дамда дунёга келди. Бу туғилишда азал сирли маърифатнинг яна ҳам сирлироқ интилишлари зуҳур этмаган деб ким айтолади? Беҳбудий, Алмаий, Авлоний, Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори, Тавалло, Хислатнинг ўтли фарёдлари бу туғилишда инъикос этмаган деб ким ишонтиролади? Бу – мистика ёки метафизика эмас, бу тарих ва халқ ўзига керакли фарид зотларни айни ўз пайтида кечикмай яратишига яна бир далилдир. Халқнинг асаблари бундай тарихий онларда таранг тортилмаса, Зулфия сингари хотин-қизлар тақдирида янги халқа, янги толе анжумани бошланармиди? Нега эса у сочлари тимқора жингалак зулфизар қиз бўлиб туғилди? Азамат ўғиллар изидан Исроил дегрезнинг улуғ хонадонида орзули қиз бўлиб туғилди. Ойдан, кундан туғилгандек бўлиб туғилди. Нега қизча 1932 йили чиққан илк китобчасини “Ҳаёт варақлари” деб атади? Рус тилидан кирган эмасми бу фикрлаш йўсини? Тил билиш орқали кўнгил кўзи билан бирга фикрлаш кўзи ҳам кенг очилдими? Ўзини илк машқлари билан бирга айни ҳаёт билан чамбарчас боғладими? Кескин реалистик йўл танладими? У кейинроқ ёзган қисқагина таржима ҳолида ҳаёт варақларининг маъносини тушунтириб ўтгандай бўлди: “… асл устозим – ҳаётнинг ўзи эди”, деди. Ҳаёт эса кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар, фасллардан иборат ва ҳар бир даму соатнинг ўз варағи бор эди унинг назарида. Ва у бутун ижодий ҳаёти давомида бу варақлар образига доим мурожаат қилиб турди. Ҳатто сўнгги “Хотирам синиқлари” асари ҳам қай бир тарзда варақлар билан чамбарчас боғланади-да, Зулфия ижодиётига мундарижа томондан бир бутунлик бағишлайди. Ушбу варақлар ҳаммадан ортиқроқ муаллим, ибрат ва законинг кони эди. У дегрезнинг қизи илк шеърларини, балки “Ҳаёт кўраси” деб атаганда маънолироқ бўлармиди? Яъни ҳаёт чўғлари алангаланадиган дегрез кўраси, рус тилида буни горнило деган шоирона сўз билан юритишади. “Доим олов иси келарди отамдан. Отам пўлат қуювчи эдилар. Мен отамнинг чўғдай пўлатни истаган шаклга сола олганларини, ундан турли буюмлар ясаганларини, бундан роса ҳайратга тушганларимни ҳам кечагидай эслайман… отам… унинг қўлида жилмайиб тургандек қизғиш чўғ…” Ахир, бўлажак шоира отасининг ҳеч қачон ўчмайдиган кўрасидан тобланиб чиқмадими, кўзлари пўлат эритадиган чўғларнинг алангасидан юлдуздай порламадими ва ўзи йигирма тўрт ёш, ақли эса минг ёш Ҳамидни мафтун қилиб қўймадими? Зулфиянинг ярқироқ юлдузи ер юзига келиб тушгунча дегрезларнинг неча-неча авлодлари ҳаёт оташгоҳига келиб кетмади? Ўқчилар, дегрезлар, чўян қуювчиларнинг авлодлари машҳур эдилар кўҳна Шошу Ироқ диёрида! Узоқ кўз илғамас тарихдан машҳур кўҳна Шош камончилари! Ойболта, камон, шамшир, қозон усталари! Юз йил капкир урилганда ҳам тешилмас, сийқаланмасди уларнинг турмушбоп, рўзғорбоп қозонлари! Темир ғўлалари мумдай эрирди ва мулойим бўлиб қиличларга дўнарди! Тўрт унсурдан бири чўғ дунё яралиши ва қурилишида ҳамиша фаол қатнашади. Сув ва ҳаводан чўғнинг кучи ортади ва тошларни эритади, Зулфия бобоси мулла Муслим ва отаси уста Исроилнинг кўрасида ловуллаган чўғдай эди. Унинг жингалакларида олам ва тирикликнинг сирлари ўйнарди. Унинг Акмал Икромов кадрлари қаторида юксак лавозимларда жон куйдириб ишлаган акаси Нормат Исроилов суюкли синглисининг илк китобчасини қўлига олиб, шундай азамат бургутдай йигит тўлиқиб кетиб йиғлаб юборган эди. “Тўрт акам бор эди, бири биридан кўркам, кучли, мард йигитчалар… ерга урса, кўкка сапчийдиган акаларим… Ажойиб дўстлар эдик… Баъзан шеърларимга ўша шаффоф кунларимнинг парчалари оқиб киради. Лекин у бир томчи холос, балки болалигим, уни бе­заган яқинларим ҳақида китоб ёзиш бахти менга насиб этар…” (Ҳулкар Олимжонова шоира бу орзули, армонли ишга тўқсонинчи йилларнинг бошларида қизғин киришганликлари ва анча воқеаларни қоғозга туширганликларини айтадилар. Бу “Хотирам синиқлари” ёзилаётган пайтлар эди, шоира ниҳоят ўзининг узоқ орзу қилган энг суюкли ёзувига ўтирганди. Аммо у шиддатдан айрим парчаларгина қолди, шоира ўзи туғилиб вояга етган ота-она, аждодлар хонадонининг тафсилотларига ҳаёт экан, жуда оз тўхталган эди: “Мен эса ҳанузгача ёзмаганман, лекин ёзгим келади”, деган эди шоира буюк армон билан, ҳолбуки, “биз ажойиб дўстлар эдик”, дейди шоира. Улар ҳаммалари қўнғироқ сочли қувноқ ва тийрак қизча Зулфия сингилларини ғоят севишар, эркалатишар, доим унга мадад беришарди, биз бу ўринда шоиранинг туғишганлари – уста Исроил ҳамда чевар аёл Хадича аянинг фарзандлари ҳақида қисқача маълумот келтириб ўтишни зарур, деб биламиз. Исмоил Исроилов. Ихтисосликлари ветеринар врач. Турли идоралар ва вилоятларда фаол ташкилотчилик ишларида фаолият олиб борган. Олти фарзанди бор. Тахминан 1898 йилларда туғилиб 80 ёшларида оламдан ўтган. Қодиржон Исроилов. Фарзанди Минавар аянинг ҳикоя қилиб беришларича, 1902 йилда туғилган. Олий таълим олган ва турли ҳукумат идораларида ишлаганлар. Сиёсий жараёнларнинг ўзгаришлари боис кейинчалик ота касби дег­резликни давом эттирган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкент трамвай-троллейбус депосида хизмат қилган. 1992 йили оламдан ўтган. Минавар, Қайнар, Баҳодир, Ғайрат, Аҳмаджон, Каримжон сингари фарзандлари бўлган. Нормат Исроилов. Туғилган санаси 1905 (тахминан). Москвада олий таҳсил олган. Йирик сиёсий-жамоат арбоби бўлиб етишган. Репрессия қурбони бўлган. Аҳмаджон Исроилов. Москвада таҳсил олган. Шамоллаб оғриб Тошкентда ёш вафот этган. Бувиниса Исроилова. Чевар. Уйда дўппи ва кўйлаклар тикишарди. Оёқларига игна кириб, заҳарланиб ёш қазо қилган. Карим Исроилов. Педагогика институти талабаси. Нохуш фалокат натижасида ёш ҳалок бўлган. Зулфия Исроилова. 1915 йил 1 август. Улуғ шоира ва жамоат арбоби. Уста Муслим бобонинг Исроил, Ҳамдам (адиб Адҳам Ҳамдамнинг отаси), Файзи (адиб Илёс Муслимнинг отаси), Раҳматжон, Ҳури, Жўравой сингари фарзандлари бўлган. Бизга бу мухтасар маълумотларни олишда Минавар аянинг қизи куюнчак халқ таълими ходими Гулчеҳра Шоумарова лутфан ёрдамлашди. Гулчеҳра кўп вақтини Зулфия опанинг ёнида ўтказар, шоирага яқиндан кўмаклашарди. Опа уни суюб шеър ҳам бағишлаганди. Бу шеърнинг қўлёзмаси сақланиб қолган. Гулчеҳранинг ижозати билан уни биринчи маротаба бу ерда келтириб ўтамиз:

Гулчеҳрам, кийикниг кўзидек         
Кўзларинг кўзимга мудом жо.                                                     
Қалбимни биласан ўзимдек,
Даркормас илтимос, илтижо.

Тилингдан тўкилган шакар сўз                                         
Меҳрингдан яйрайди дилгинам.                                       
Илоҳим, сурмали қора кўз                                                  
Кўзёшин билмасин, қизгинам!

Дилларни хуш этар исминг бор,   
Донолик, одобинг – латофат.
Вақт келиб бўлажак сенга ёр
Йигит ҳам бахш этсин саодат.

Ўшанда кўзларинг менингмас,                                          
Севганинг қалбига бўлсин жо!
Ўзинг-ла олиб бор қувонч, бахт,
Кутмайин илтимос, илтижо!

1983 йилда ёзилган бу шеър 20 ноябрь 1984 йилда Гулчеҳрага шоира томонидан қўлёзмада тақдим этилган.

Дунё яралишида чўғнинг сифатлари кўп. Биттаси шуки, у доим ўз даврасига тортади. Жозибаси билан жамлайди. Яна бир сири: у чорлайди, бирлаштиради: ер зимистонлигида ҳаёт давом этаётганлигидан дарак беради. Ана энди шулардан ке­йин Зулфиянинг бутун шеъриятида жамлаш, бирлаштириш, даврага чорлаш ғояси ниҳоятда кучли жаранглаганлигини ва бу юқорироқда айтганимиз туғма ғоя эканлигини англатади. Лоақал машҳур “Мушоира”ни, лоақал “Қуёшли қалам”ни, лоақал “Хотирам синиқлари”ни эслайлик. Умуман, унинг қайси бир шеъри ва қайси бир сатри бу ғоялардан холи! Сабабини англагандирсиз: бу, ахир, ўша Исроил уста кўрасидаги чўғнинг шуълалари! Кўрадаги азалий чўғлардан эмасми бу:

Ҳарорат не ўзи?        
Ҳарорат, ҳарорат    
минг йиллар…
Безовта этган ҳис эмасми ҳарорат?     

Зеро, юракдаги ҳислар кўрадаги чўғлар каби эмасми Зулфия шеъриятида? Зулфия тақдирида бир эмас иккита жаҳон уруши акс этади. У кейинчалик фаолиятининг халқаро миқёсига кўра озодлик ва тенглик, адолатга интилган хотин-қизларнинг овозига айланди. Уни Осиё кенгликларида тимсол деб қабул қилдилар. Жом даштларида ҳар баҳорда лолалар чаман очилсалар, бу бесабаб эмас. Ер туғилганда бу ерларга анвойи лолалар уруғини ташлаган, лолалар макон топган, Зулфия педбилим даргоҳида ўқиб юрган. (Матбуот маълумотларига кўра, 1918 йилнинг июлида янги шўро мактаб­лари учун муаллимлар тайёрлайдиган педагогик курслар очилган. 1919 йилдан улар олти ойлик курсларга айланган. 1919 йилнинг февралида туркий тиллар ўқитиладиган педкурс очилиб, унга Мунавварқори мудир тайинланган. Айни пайтда, хотин-қизлар педкурси ишга тушган, кейин шу асосда педбилим юрти ташкил бўлган. С.Жиянхонов ва М.Исломованинг китобчасида ёзилишича, (“Қутлуғ даргоҳ”, Тошкент – 2002) ўқув режалари ва дастурларини Мунавварқори тузган. 1920 йилдан булар инпросга айлантирилган. 1923 йилда инпросни ўзбек тилида еттита хотин-қиз битириб чиққан. Саодат Шамсиева, Жаҳон Обидова сингари илғор талантли аёллар шу инпросни биринчи битирувчилардан бўлганлар. 1930-1931 йилда таълим-тарбия техникумини 11 қиз ва уч йигит битирди. Бу ерда Тошпўлат Нормуҳамедов (Талас), Оқил Шарафиддинов, Зуфар Қодиров дарс берган, Зулфия 1931-1932 йилларда шу педбилим юртида ўқиди. Билим юртидан кўп машҳур кишилар етишиб чиқди. Адиблардан Уйғун ва Рамз Бобожон ҳам шу даргоҳда ўқигандилар). Тошпўлат Саъдий ва Музайяна Алавиядан Навоийни ўрганаётган чоғларидаёқ тийрак қиз туйғунлик билан ўзини англашга ва бу орқали шахсиятини шеърда намоён этишга жазм этган эди. Зеро, у бир сўзли уста ҳунарманднинг қизи – азми узоқларни кўзлаганди. Унда ўзни намоён этмоқликнинг барча яшовчан куртаклари мавжуд ва жазм билан ўсишга интиларди. Сўфизода, Ҳамза, Чўлпон, Авлоний, Ойбек, Ғафур Ғулом каби улуғ ижтимоий овоз шоирлари тинмай хотин-қизларни озодлик, фаолликка чақирардилар. Ўзликни намоён этиш замоннинг ўтли шиорларидан эди. Бахтли дамларнинг қабариқ юлдузлари кулиб боқарди Зулфияга. “Бу йилларда менинг ҳаётимга яна бир қувонч тўлқини кирди. Бу – Ҳамид Олимжон эди… Ҳамид Олимжон менинг учун талабчан устоз, меҳрли дўст эди. Шеърларимни илк бор ҳаяжондан титраб унга ўқирдим. У аёвсиз таҳрир этарди. Йиллар ўтди, йилларнинг бири билан қўшилиб Ҳамид Олимжон ҳам ўтди… Сўнг ҳаётимга йўллар кириб келди…”

Қуёшдан тўкилганман         
Ушлай оламан ўтни –

дейди Зулфия. Туғма ғояларга ҳайратланмай иложинг йўқ. Бу ғоядан у сўнгги дамгача воз кечмади: «Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман», деди у охирида.

Зулфия хаёл билан қалин дўстлашган ва мудом хаёл дунёсига ғарқ эди. Савдо-сотиқ, бозор дунёси уни ҳеч қачон қизиқтирмаган, қачон бирон дўкон остонасига қадам қўйганлигини ҳам эслолмасди.

Зулфияни қийнаган, азобларга қўйган нарса: у ҳеч қачон ўтмиш юкларидан қутулолмасди, бу юкларнинг залвори доим елкаларини эзиб ётар ва бир зум ҳам ўз исканжасидан бўшатмасди. Ота-онадан айрилиш, азамат акаларининг доғи-ҳижрони, гўзал синг­лиси Бувинисанинг аламли ўлими, талаба укасининг ҳеч кутилмаган ҳалокати, айниқса, 1944 йилда суюкли умр ҳамдами Ҳамид Олимжоннинг фалокатга учрагани ҳаётсевар аёлнинг қалбида ҳеч ўчмас чандиқлар қолдирди. Бу чандиқлар вақт ўтиб битгандай бўлса ҳам, тинимсиз оғрирди. Нега деганда, Зулфия уларнинг ҳаммаларини беҳад севарди, ҳаётини уларсиз тасаввур қилолмасди. Улар улкан севги ва меҳрга арзийдиган одамлар эдилар. Бу айрилиқлар азобини янада кучайтирарди. Зулфиянинг реал ҳижрон ва айрилиқ азоблари, дардлари ҳақида ёзганлари аллақачонлар унинг таржимаи ҳолининг интим доирасидан тошиб чиқиб кетган ва тор доирага мутлақо сиғмай қолган:

Ҳижроннинг, фарёднинг дудларини тўкдим,
Юрагим сўкилди бўлак ва бўлак…
Йиғлаб келиб, йиғлаб кетар одамзод
Либосимдай қора шеърларни ёздим…

Ҳижрон юракдан чиқиб шеърга кўчиб, ижтимоий нарсага, ижтимоий ҳодисага айланди. Уруш ва урушдан кейинги йилларда миллионлаб юрак-бағри доғли аёлларнинг нола-фарёд­ларига ҳамоҳанглик топди. Зулфия ўз дардида уларнинг барчаларининг дардларини оловли сўзларда ифодалагандай бўлди. Зулфиянинг ўзи ҳам жумла-жаҳон дардли карвонига қўшилиб бораётиб умуминсоният дардини куйлаётганини билди, буни юракдан туйди, бу куйлар қалбининг жуда нозик чилвир торларига мангу эш бўлиб қолганлигини англади. Шу англамда ижтимоий инсон туғилди, ижтимоий инсон юзага чиқди. Ҳатто бутун инсониятнинг дард-аламга лиммо-лим шеър сўзини ҳисобга олганда ҳам, фавқулоддалиги билан ажралиб турадиган ифодалар юрак қаърларидан отилиб чиқди:

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Бунда ҳижрондан ҳам каттароқ, буюкроқ бир нарса бор. Зулфия катта юрак ва катта ақл эгаси – шу нарсани топган ва фикр қудуғидан тортиб олган. Бу матонат, қатъият, садоқат, назокат, адолат – ҳаммаси бир бўлиб жамланган, инсоннинг борлиқ мазмунига айланган бир нарса. Унинг номи бор. Лекин бу номни – бир сўзни айтиш, топиб жойига қўйиш жуда қийин. Тинимсиз ўйлаш, Зулфия каби тинимсиз хаёл оламига ғарқ бўлишнинг натижаси каби топилади у ягона сўз! Зулфия бу фавқулодда порлоқ сўзларни айни ўттиз ёшга тўлганда, 1945 йилда ёзган. Бу сўзлар аҳд мақомига кўтарилди. Юксак аҳд-паймондай эшитилди ва аҳд-паймондай қабул қилинди. Ке­йин Зулфия то тўқсонинчи йилларнинг ўрталаригача нима ёзмасин, ҳар бир сатрининг ҳар бир сўзида бу қуёш сўзлар шуъла сочиб, ҳар бир сўзини ёритиб, ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам маънодор ва мазмундор қилиб турди. Миллионлаб аёлларга далда бўлди бу сўзлар! Яна миллионлаган аёл зотига келажакда далда бўлажак! Зулфиянинг қайси шеърини очиб қараманг, шу оҳанг, шу умидбахш матонат, тоқат ва ирода янграб туради. Шу улуғ сўзларни ёзиб, Зулфия беҳад хаёлчан бўлиб қолди. Шунда унинг лабларига нимтабассум қўнди. У ўлмайдиган ироданинг табассуми эди. Дардлар туғёнлари кўзёшлари бўлиб қуюлган чоғларда ҳам унинг лабидан бу нимтабассум аримади. Ирода агар одам шаклига кирса, шундай табассум қилади. Унинг беҳад хаёл дунёсига ғарқ бўлганлигининг боиси шунда:

Ажинлар из солган кенг пешонамни
Истиқбол ҳаётбахш қўли силасин.
Қатағон йиллари ютган жигарлар
Доғини тортмоққа тоқат тиласин!
Йиллар,
Нодир онлар,
Севги,
Ҳижроним,
Дилимни замзамлаб, кетмаган учиб…
Бор бўлса бешми, ўн мухлис шеърхоним,
Ёзмоқ – бахт қаламим учини ўпиб…

Бу сатрларни Зулфия 1994 йилда ёзди. 45-йилда ёзилган юксак аҳдга бу сатрларни қиёс қилиб Зулфиянинг инсон ва ижодкор сифатида кимлиги ва шахсиятининг миқёсини англаймиз. Нима учун Тихоновдай, Ғафур Ғуломдай, Қайсин Қулиевдай, Расул Ҳамзатовдай, Индира Гандидай, Мустай Каримдай, Чингиз Айтматовдай буюк инсонлар унинг миссиясини ардоқлаганликларига тушуниб етамиз. Зулфия юқорида парча келтирилган шеърини “Иқрорга вақт етди”, деб атаган эди. Унинг иқрорлари ўйловчи, англовчи ақлларни ларзага солди.

Зулфия ҳаёт пўртаналарига ҳар дамда дуч келиб, сўнг ижтимоий таянч излади. Ўтганлар ёди ва шеър унга шундай таянч бўлди. Ҳамид Олижон унга шеъриятнинг сир-асрорларинигина эмас, инсоний маърифат билан ҳам ошно қилди. Зулфия Ҳамид Олимжондан қатъият ва ирода билан яшашни ўрганди. Зулфиянинг феъл-атворида, азал зуваласида, қонида бу хусусиятлар бор эди, лекин Ҳамид Олимжон оҳанрабоси боис булар Зулфия жонида интизом тусига кирди. Билим юртида Зулфиянинг интизомига ҳавас қилишарди. Бу унга онаси Хадича аядан ўтиб келаётган туғма фазилат эди. Аммо фазилат Ҳамид Олимжон туфайли интизомли қатъият ва интизомли ҳодиса. У ранг-баранг шаклларга киради, қаҳрамонлик даражасига кўтарилади. Мен Зулфия шеъриятида майинликни учратмаганман. Менга Зулфия шеърияти бошдан оёқ қиррадор бўлиб туюлади. Бунда ҳар бир сўз, қофия, ибора, жумла қиррадор. Зулфия чақмоқ ташбеҳига тез-тез мурожаат этади. Нега? Чунки унинг шеъри интуитив тарзда қиррадорликка интилади. Чақмоқ қиррадор. Олмос қиррадор. Илдиз қиррадор. Булар қиррадор бўлмасайди, ҳаёт деган нарсани яратмасди. Зулфия шеъриятида қиррадорлик унинг шахсияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ташқи онгдан кўра онгос­ти ҳодисалари билан кўпроқ боғлиқ. Бу ҳатто Зулфиянинг бадиий таржималарида, Леся Украинка, Пушкин, Некрасовдан қилган таржималарида ҳам бадиий поэтик шакл сифатида кўзга ташланади. Қаердан бу қиррадорлик? У пўлат эритувчилар олис авлодларидан, Муслим бобо, Исроил дегрездан ўтиб келаётган, томирларда оқаётган туғма генетик боғланиш. Бадиий қиррадорлик охири 90-йилларда яратилган шеърлар ва айниқса, “Хотирам синиқлари”да ўзини тўла бадиият билан намоён этди. Мангу оғриқлар тилга кирди. Ана энди шу қиррадор қатъият ҳаётнинг барча катта-кичик воқеа-ҳодисаларини тартиб-низомга киритиб изга солди ва тўла ҳукмфармо бўлди. Билим юртида не-не нурга йўғрилган хаёллар қучоғида юрган ўн етти яшар қизча “Ҳаёт варақлари”да шуни орзу қилмаганмиди, алпқомат акаси Нормат китобчада олтмиш йил кейин келадиган воқеаларни кўриб кўзига қувонч ёшларини олмаганмиди? Интизомли қатъият, қиррадор интизом Зулфия сиймосида том камолга етмадими? Зулфиянинг интизоми илҳом яратарди. Бу ноёб, шукуҳли, шеърият парвозидаги интизом эди, у шеъриятда фалсафага, фалсафий ғояга айланганди.

Унинг сиймосида сўз билан ифодаланмаган, айтилмаган қимматлар чамаси, айтилган ва ифодаланганларидан беқиёс кўпроқ. Уни ўртаган, қийнаган, оғир изтироблар исканжасига солган ҳоллар – уни эркалаган, шарафлаган, ардоқлаган, шеърият гултожини бошига кийдирган ҳоллардан кўпроқ эди.

Шодиёнада қайғу, қайғуда шодиёна омухта эди. Ва бунга ўша замонада чора, даво, халос йўқ эди. У “бирлик, биродарлик бор ерда юксалиш бор”, деб ўтди. Ва охирида: “Асл устозим – ҳаётнинг ўзи эди”, деди ва бахтиёр, беғубор, инжудай болалигига қайтди. Яна ўн етти ёшдаги ўз “ҳаёт варақлари”га тугал содиқ қолди. ҚАБАРИҚ ЮЛДУЗ БОЛАЛИГИНИНГ МУСАФФО ОСМОНИГА КЎТАРИЛДИ.

Салом! – дейман хаёл бинафшасига,
Сенсиз кўнгил боғим қоларди ғариб!
…Ҳеч маст бўлганмисиз соф нашъасига
Бошин хиёл эгиб турса жилмайиб?…

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 1-сон