Иброҳим Ғафуров. Руҳ, жозиба ва оҳанг (Истиқлол йилларида таржимашунослик ва таржима танқиди)

Таржима — Ўзбекистонда кейинги салмоқли 23 йилда рўй берган маданий ўзгаришларнинг мезон белгиларидан бири. У озод юртимизнинг жаҳон глобаллашув жараёнларига ижтимоий-иқтисодий, маданий, дипломатик каби соҳаларда кириб бориши ва унинг ажралмас бир қисмига айланиб бориши билан боғлиқ. Таржима, қай бир жиҳатидан қараганда ҳам маданият ва демак, муомала, муносабат кўрсаткичи.

Таржима маданият соҳаси сифатида истиқлол даврида эътиборга тушди ҳамда кейинги даврда унинг тараққиёт йўллари ва аҳамиятига катта эътибор қаратилди. Ана шу эътиборнинг амалий намунаси ўлароқ, тарихимизда илк бора ”Жаҳон адабиёти” номида йирик адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий йўналишдаги журнал ташкил этилди. Ва шу кунгача бу обрўли журнал саҳифаларида жаҳон адабиётининг юзлаб романлари, қиссалари, шеърияти, публицистикаси, эстетикасининг намуналари ўзбек тилига таржима қилиб босилди. Университетларда филология масалаларини кўтарадиган илмий журналлар ташкил этилди, улар мамлакат илмий даҳоси намуналарини мунтазам ёритиб келмоқда.

Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилидан жаҳон тилларига ва жаҳон тилларидан ўзбек тилига таржималарни кенг йўлга қўйиш, хорижий тилларни мамлакат таълим тизимида изчил ва чуқур ўрганиш, иқтидорли етук мутахассисларни тайёрлашга катта аҳамият қаратмоқда ва бу ҳол кадрлар етиштиришда дастуриламал бўлиб, жамиятнинг маърифий ҳаётида ўз ижросини топмоқда. Бундай эътиборнинг энг муҳим томонларидан яна бири шундаки, таржима ҳам, таржимага қарашлар ҳам ўзгариб, янгиланмоқда. Таржиманинг қўлланиш доираси, унинг ҳаракат майдонлари, минбарлари кўпаймоқда. Таржима тили деган катта бир маданий ҳодиса миллий адабий тил доирасида ривожланиб, янги қиёфа, янги руҳ касб этмоқда.

Ҳомер, Достоевский, Жойс таржималари тилимизга бошқача замонавий тўлқин бағишламоқда, у ҳар қандай мураккабликларни ифодалашга иқтидор, қобилият касб этмоқда. Бир замонлар Мартин Лютернинг Инжилни немис тилига таржимаси немис тилини қандай ўзгартирган ва ифодада қобилиятли қилган бўлса, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Достоевский ва Жойс таржималари бугунги ўзбек тилимизнинг мавқеи ва тасвир, фикрлаш лаёқатини кўтармоқда.

Тил — руҳдир, деган теран фикр қанчалар тўғри эканлигини бу ерда ҳам аниқ кузатиш мумкин. Бир ярим минг йил мобайнида Қуръон, Инжил, “Тўтинома”, Ҳадислар таржималари тилимизнинг бойишига қандай таъсир кўрсатган бўлса, кейинги 23 йил тарихий бир ярим минг йилнинг ишини қилолди, десак сира муболаға бўлмайди. Ўтмишимизга бевосита дахлдор улуғ тарихий асарлар бугун бемалол она тилида ўқилмоқда. Бу Навоий, Қутб, Сароий, Огаҳий, Баёний анъаналари тириклигини кўрсатади. Анъаналар яшаган жойда маданият ҳам ҳар доим яшайди. Ушбу миқёси катта ишлар билан боғлиқ ҳолда ҳақли савол туғилади: таржимашунослик ва таржима ­танқиди бу характерли жараёнга етишиб юряптими, унинг ривожига кўмаклашяптими, илмий кашфиётлар қиляптими, амалиёт билан баробар одимлаяптими? Бу саволга таржима жараёнларини муттасил кузатиб бораётган фаол олимларимиз қандай қараётганликларини бир назардан кечирайлик.

Абдузуҳур Абдуазизов (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби): “Ҳозирги замонда таржима назарияси ва амалиётини қиёсий тилшунослик, социолингвистика, когнитив тилшунослик, лингвосемиотика, лингвомаданиятшунослик, паралингвистика, психолингвистика каби соҳалар билан узвий алоқадор сифатида ўрганиш зарур. Чунки таржиманинг асосий материали тил бўлиб, у тилшунослик фанининг турли соҳалари томонидан инсон фаолиятининг тил ва ундан ташқаридаги тарих, маданият, психология, фалсафа ва этнография каби фанлар билан боғланишларини ҳисобга олган ҳолда икки тилни қиёслаш билан иш кўради… Таржимашунослик мураккаб филологик фан сифатида қиёсий тилшунослик ва адабиётшуносликни қамраб олади… Бинобарин, таржимашуносликка жуда кенг қамровли, ўз назария ва методларига эга бўлган фан сифатида қараш зарур…” (“Таржимашунослик истиқболлари”).

Профессор Муҳаммаджон Холбеков: “Назаримда сўнгги ўн-ўн беш йил ичида таржимашунослик илми таржима амалиётига қараганда бирмунча орқада қоляпти… Охирги ўн беш-йигирма йил ичида олимларимиз тарафидан бу соҳада жаҳон илми андозаси талабига жавоб бера оладиган йирик тадқиқотлар яратилмади ҳисоб” (“Ўзбекистонда таржимашунослик”).

Таржимашунос ва таржимон Хуррам Раҳимов: “Умумлашмалар йўқ жойда назария ривожланадими? Ва умуман ўзбек таржима назарияси ва амалиёти қай даражада ривожланмоқда? Бугунги куннинг фани кечаги куннинг давоми, аммо унинг такрори бўлмаслиги керак… Қатор муҳим филологик таҳлил методлари, жумладан, семантик таҳлил, компонентли анализ, статистик таҳлил, контекстуал таҳлил каби тадқиқот методлари таржимашуносликка бағишланган аксарият диссертацияларда ҳатто қайд қилинмаган. Қиёсий таҳлил эслатилса-да қандай қиёслаш кераклигини билмаган олимлар кам эмасга ўхшайди. Ахир, булар шу фаннинг асосий тадқиқот методлари-ку!” (“Таржимашуносликнинг тадқиқот методлари хусусида”).

Олимлар таржимашуносликка фан, илм сифатида қарайдилар ва шундан келиб чиқиб бу фаннинг истиқболи ҳамда аҳамиятини белгилайдилар. Хорижлик атоқли таржимашунослардан Е.Эткинд эса, ҳали олтмишинчи йиллардаёқ ўзининг барча тадқиқотларида таржимага ҳам санъат, ҳам илм деб қараган ва қиёсий стилистикага асосланган таржима назариясигина самара беради, деган фикрни илгари суриб, барча таҳлилларини шу асосга қурганди. Бу таржимашуносликни чирмаб олган қонуниятлардан биттаси ва асосийси.

Ўзбекистонда қобилиятли, бу ишни севадиган заковатли таржимонлар кўп. Улар Тошкентдагина эмас, Ўзбекистоннинг барча университетлари, институтларида бирлашган. Улардан кўплари таржима ва таржимашуносликда фақат эски бисотлар билан яшаш ва уларга маҳлиё бўлиб ўтириш керак эмаслиги, бу илм ва ижоднинг ривожига, тўхтовсиз ўсиб боришига хизмат қилмаслигини яхши англайдилар.

Таржимашуносликнинг матбуотда кўзга ташланаётган асосий тармоғи маърифий йўналишда. Муҳаммаджон Холбеков, Акмал Саидов, Пошали Усмон, Зуҳриддин Исомиддинов, А.Кўчибоев, ­Жаббор Эшонқул, ­Тилаволди Жўраев, Хуршид Дўстмуҳаммад сингари олимларнинг мақола ва рисолаларини ўқиб шунга ишонч ҳосил қилиш мумкинки, ўзбек таржимашунослиги миллий адабиётимизни жаҳон адабиёти муаммолари билан боғлашга, миллий ҳудудлардан ўсиб чиқиб жаҳоний фикрлашга интилади. Уларнинг ­фикрлаш тарзларида ғарблик олимларнинг фикрлаш тарзига ­уйқашлик — прагматизм ва аниқликни кузатиш мумкин. “Фауст”, “Ғарбу Шарқ девони” таржималарининг муҳим хусусиятлари ҳақида ғоятда қизиқарли ва салмоқли, чуқур билимдонлик ва эрудиция билан ёзилган тадқиқотлар ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Ўзбек китобхони Албер Камю романлари ва эссеистикасини ўз тилида ўқишга муяссар бўлди. Камю романлари ва эссеистикаси борасида эмотив мақолалар пайдо бўлди. Ж.Эшонқул машҳур япон адиби Кавабатанинг ўзбекчалаштирилган ҳикоялари ва уларнинг ўзбек ёзувчиси Олим Отахон ижодига кўрсатган баракали таъсири тўғрисида жуда қизиқарли таҳлиллар қилди. Нитше, Жойс, Маркес асарларининг ўзбек тилидаги таржималари билан боғлиқ ўйлар матбуотда юзага ­чиқди. Жойс ижоди, услубининг ­моҳият қирралари ­анча ­чуқур таҳлилдан ўтказилди.

Таржимашунослик, таржима танқиди масалалари ва ёш таржимонларни тарбиялаш кейинги пайтларда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қарши, Бухоро университетларида марказлашмоқда. Жаҳон тиллари университети бир қанча таржима назариясига доир дарслик ва қўлланма, амалиёт дастурларини катта хайрихоҳлик билан нашрдан чиқарди. Талабалар бу дарслик ҳамда қўлланмалардан манфаатдор бўлмоқдалар. Айниқса, Гуландом Боқиева, Омон Мўминов, Носир Қамбаров, Аббос Ирисқулов, Шавкат Бўтаев томонидан олиб борилаётган ташкилий ўқув, илмий тадқиқот ишлари диққатга сазовор. Илмий таржимашунослик ва таржима назариясини ривожлантиришда Жаҳон тиллари университети жуда катта ва фаол потенциалга эга. Кейинги йилларда Самарқанд давлат чет тиллар институтида таржимонлик бўлими очилди. Бўлим шу вақт ичида анча-мунча ишларни амалга оширди. Бу ерда катта тажрибага эга таржимонлар, тадқиқотчилар тўпланган. Шунинг учун ҳам бу ерда “Самарқанд таржима мактаби” семинарининг очилиши узукка кўз қўйгандек бўлди. Семинар бекор ўтиргани йўқ: 2012 йилда “Ёш таржимонлар алманахи”нинг биринчи мажмуасини нашр қилди. “Ёш таржимонлар мактаби”га таниқли олим, таржимашунос, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов раҳбарлик қилмоқда. Мажмуага қирқдан зиёд иқтидорли ёш таржимонларнинг илк таржималари, тадқиқотчи олимларнинг мақолалари ­киритилган. Кўзларни қувонтиради, хаёлга парвоз бағишлайди бу алманах. Келажакка умид билан қарашга ундайди. Самарқанд давлат чет тиллар институти яна бир катта ижодий-илмий, ташкилий ишни амалга оширди. Бу ерда 2012 йил ноябрида республика миқёсида таржимашунослик масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди. Ҳаммадан қувонарлиси, анжуманда ғоят қизиқарли илмий маърузалар ўқилди. Анжуман материаллари “Бадиий таржиманинг лингвопоэтик муаммолари” номи остида Самарқандда нашр этилди. Бундан сал илгарироқ, 2011 йил апрелида Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтида “Бадиий таржима — тилшунослик, адабиётшунослик ва маданиятлараро алоқалар контекстида” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Жиззах таржимашунослар анжумани муваффақиятли якунланиб, унинг ранг-баранг, илмий жиҳатдан қизиқарли материаллари 2011 йилда тўплам ҳолида босиб чиқарилди. Мана шу икки тўплам ва республика миқёсидаги икки анжуманни мамлакат маданий ҳаётида йирик воқеа, деб аташ мумкин. Уларда Ўзбекистоннинг таржимашунослик ва таржима танқиди кучлари жозибали тарзда ўзини намоён қилди.

Бизнинг адабий-бадиий журналларимиз, матбуотимиз, филология масалаларини ёритаётган эътиборли нашрларимиз мана шу талантли кучларга суянишлари, уларга эътибор қаратишлари зарур, деб ўйлаймиз. Талаб, эътибор, буюртмалар улардан пайдарпай чиқиб турса, бу кучлар кўп ишларга қодир. Ш.Сирожиддинов, М.Холбеков, Н.Қамбаров етакчилигидаги бу таржимашунослик ва таржима назарияси, амалиёти кучлари соҳанинг энг долзарб масала, муаммоларини бугунги жаҳон илми мезонларида ечишга қодир деб ҳисоблаймиз. Таржимашунослик, таржима танқиди фақат “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” ёки ­“Филология масалалари”нинг вазифаси эмас. Бу умумий маданий ҳодиса, шунинг учун унинг ривожига бошқа барча матбуот нашрлари ҳам эътибор қаратишлари, нашриётлар йиллик тўпламлар чиқариб туришлари мақсадга мувофиқ фойдали ишдир. Университет ва институтлар саъй-ҳаракати билан дунё юзини кўрган бу илмий алманахларни ҳақиқий маънодаги таржима ва таржимашунослик дафтарлари, дейиш ўринли. Бу ўзига хос илм шундай теран ва ёрқин намоён бўлавераркан, таржималарнинг ҳам савияси, сифати ортиб, жозибаси билан китобхонни ўзига тортиб бораверишига шубҳа йўқ. Бу, ўз навбатида илмга, ижодга кўрсатилаётган эътиборнинг самараси бўлади.

Таржима матнларининг адабиётда тутган, эгаллаган ўрни, ҳолати ва ҳуқуқлари устида ўйлаш, фикрлаш жозибали мулоҳазалар уйғотиши табиий. Америка олими Ю.Найданинг фикрича, ўқувчилар таржималарни кўпроқ услуби жозибали бўлгани учун севиб ўқийдилар. Бошқа бир тоифадаги ўқувчилар эса, таржиманинг мазмуни-мундарижасига қизиқадилар. Аслият тилидан бехабар ўқувчи таржимани ўз она тилида ўқиганда қандай фикрларга келади, қандай хулосалар чиқаради? У таржимани нотўғри тушуниши ҳам мумкин-ку. Шунинг учун таржима “аниқ”, “тўғри”, яъни аслига мувофиқ бўлиши билан бирга, жозибадор ва мафтункор бўлиши ҳам керак. “Тўғри” ва “аниқ” таржимага тилларни мукаммал билиш, катта луғат бойлигига эгалик, амалий тажрибалар, интенсив ижодий фаоллик билан эришилади. Аммо жозибадорликка қандай муяссар бўлинади? Бу жозибадорлик Усмон Носир ва Чўлпон таржималарида мужассам эди:

Глядишъ она цветет: взываешь —

нет ответа —

деган Пушкиннинг бир мисрасига қулоқ тутинг-да, Чўлпонни тингланг:

Қарайсан: яшнаган бир гул,

фақат додингга етмайди…

Қанча ўзгаришлар — трансформациялар зуҳур этади бунда! Белгилар ташлаб кетилади. Сўзларда эса ҳеч қандай аниқлик йўқ. Аммо оҳанг, аммо ўзбекча ифодалар! Пушкин ўзбекчада шундай ёзарди! Таржима деб шуни айтади ва таржима танқиди ўз таҳлилларида шунга муносиб бўлсин. Руҳ, жозиба, оҳанг яратсин!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 34-сонидан олинди.