Иброҳим Ғафуров. Мунис диллар саодати

Шундай оилалар бўладики, уларда давр, мамлакат ва халқ тақдири акс этиб туради. Бундай оилалар ҳаётида санъаткорлик, яратувчилик, илму фан кашфиётлари эл шуҳратига шуҳрат, шарафига шараф қўшади.

Ойбек ва Зарифа Саидносирова, Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова, Ҳалима Носирова ва Комил Яшин, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова… Булар ҳар томонлама ҳамоҳанг ва мунис, ҳамдам ва ҳамкор инсонлар.

Ойбек оғир уруш кунларида ­“Навоий” романини яратаётиб, тарихимиз қаърларига кириб бораркан, Зарифа Саидносирова адибнинг тинч ижодий меҳнат онларини кўз қорачиғидай қўриқлар, ўзи ҳам фан соҳасида катта ихтиролар учун йўл очар, адиб ишдан ҳориган дамларда кўзлари яшнасин деб, мўйқаламда гўзал манзаралар чизарди. Фарзандлар эса оғишмай икки улуғ алломанинг изларидан боришарди… Абдулла Қаҳҳор “Қўшчинор” устида заҳмат чекканида Кибриё Қаҳҳорова адибга ижод шароитини яратар ва ўзи “Уруш ва тинчлик”ни ўзбек тилида янгратиш учун тер тўкарди. Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова худди бир-бири билан мусобақалашгандай басма-басига ҳикоялар ва қиссалар тароналарини созлашарди…

Ўз халқининг орзу армонлари билан ҳамоҳанг ва ҳамнафас яшаган яна бир афсонавор оилани ХХ асрнинг ёшу қариси баравар эъзозлашар, алқашарди. Бу — Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг жуда навқирон оиласи. Унда мунис диллар саодатининг достони яратиларди. Йўқ, бу ХХ асрнинг асил достони Тоҳир ва Зуҳра, Фар­ҳод ва Ширин қиссасига асло ўхшамасди. Бу қисмат ва ҳаёт сонияма-сония, қадам-бақадам яратаётган муҳаббат достони эди. Улар янги оила қопқаларини очиб кирдилар. Улар тимсолида янгича оилавий муносабатлар кашф этилди. Насллар ва замондошларга оила камолоти ва меҳру вафо қудратининг ибрат намуналарини бердилар. Бу оилада мунислик ҳоким эди: мунислик эса ажралмас ҳамдамлик, садоқат ва жасоратда тўла ҳамоҳангликдир.

* * *

Оташин шоир Ҳамид Олимжоннинг табиати, феъли-атворида сурур ва шодумонлик мужассам эди. Бу туйғуларни куйлашни у онгли суратда танлаган ва ижодий йўли, овозининг асосига қўйган эди. Бунинг жуда чуқур сабаблари бор, албатта. Уни оташин шоир деб ҳақли суратда айтамиз: зеро, оташинлиги сурур билан тўла йўғрилган эди. Ҳолбуки, у тўрт ёшида — қирчиллама йигит отаси ўлиб, етим қолган эди. Уни бобоси Мулла Азим тарбиялаб, ўқитиб, эл қаторига киритиб вояга етказди. Бобоси билан бирга етти яшар Ҳамид Олимжон 1916 йил Жиззах воқеаларини, халқнинг даштга ҳайдалиш, қувғин-қирғин онларини ўз кўзлари билан кўрди, бошидан кечирди. Ҳамид Олимжоннинг табиатида қуёшнинг ҳароратидан, обу ҳаволарнинг майин ҳаётбахшлигидан, Санг­зор каби шўх дарёларнинг сероблигидан, Жиззахни қуршаган ажиб шоирона номларга эга тоғларнинг виқоридан нималардир бор эди. Мулла Азим Жиззах ва Самарқанд ёқларда элга танилган, яхшиликлари билан довруқ қозонган зиёли инсон эди. Унинг юзидан ақл ва фаросат нурлари ёғилиб турарди. Фозил шоир, Ислом шоир, Абдулла шоир, Эргаш шоир каби халқнинг севимли бахшилари Мулла Азимнинг саховатли хонадонида тез-тез қўноқ бўлиб туришарди. Ҳамид Олимжон гўдаклик ва болалик чоғларида улуғ маъракаларда ва бобоси ҳузурида уларнинг эран овозли термалари, ўланлари, эртаклари, дос­тонларини жон қулоғи билан узоқ тинг­лар ва мурғак юрагига жо қиларди. Бу айтишувларда юраги кўрадаги олтин каби эрир ва халқнинг содда, улуғ сўзларини жонига нақшларди. Ажаб эмасдирки, халқнинг гўзал даҳосидан ўз ижодида Ҳамид Олимжончалик романтик тарзда истифода этган шоир кам, балки йўқдир.

Ўқиш-ўрганиш болаликданоқ Ҳамид Олимжоннинг жону дили эди. У китобсиз, машғулотсиз туролмасди. Ёшлик чоғларида Жиззахда, Самарқандда, Тошкентда жуда пухта билим эгаллади. Билим хотираси ва захираси жуда катта эди. У 30-йиллар охирида “Алпомиш”дек халқнинг бадиий қомусини нашрга тайёрлагани, мумтоз адабиётимизнинг икки жилдли хрестоматиясига муҳаррирлик қилгани, Навоий, Муқимий сингари улкан адабиёт намояндалари ижоди билан шуғулланиб, илк тадқиқотлар яратгани бежиз эмас. Чамаси, 1931 йилда Ҳамид Олимжон Тошкентга кўчиб келди. У матбуот, наш­риётлар, Илмлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ишларида фаол қатнаша бошлади. Газета-журналларда масъул котиб бўлиб ишлади, мухбирлик қилди. Уюшмада Уйғун билан биргаликда ёш қаламкашлар семинари машғулотларини олиб борди. Тошкент­даги педбилим юртининг талабаси Зулфия адабиётга қизиқадиган дугоналари билан шу семинарда қатнашарди. 1932 йилда унинг илк китобчаси “Ҳаёт варақлари” босилиб чиққан эди. Шоир Шукур Саъдулла ва Тошпўлат Саъдий педбилим юртида қизлар ўртасида адабиёт тўгараги машғулотларини ўтказишар, “Ҳаёт варақлари”ни улар талабчан нигоҳ билан кўришган ва босмага тавсия қилишган эди. Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Ғафур Ғулом, Нас­рулло Охундий, Ойдин Собирова, Музайяна Алавия ўша пайтда номдор қаламкаш сифатида танилиб келар ва шу билим юртида ҳам учрашувлар ўтказардилар. Шукур Саъдулла тавсия қилган бўлса керак, Ҳамид Олимжон “Ҳаёт варақлари”ни ўқиб чиқади. Ўн етти яшар чақноқ юлдуздек ёш шоирани қўллади, далда берди, тез ва хўб ёзишга ундади. Зулфия билан Ҳамид Олимжоннинг илк учрашуви чин маънода тақдирсоз бўлди. Ҳамид Олимжоннинг самимий сўзлари, берган баҳоси Зулфияга қанот бағишлади. Бу пайтлар Ҳамид Олимжоннинг асарлари матбуотда баланд овоза бўлган, унинг «Кўклам”, “Олов сочлар”, “Пойга”, “Ўлим ёвга” сингари шеър тўпламлари 1929 – 1932 йилларда кетма-кет чиқиб шов-шув билан ўқилар, ҳамма янги шеърият юлдузи балқиганидан сўйларди. Зулфия унинг бу тўпламларини қаттиқ ҳаяжонланиб ўқиб чиққан, унинг матбуотдаги чиқишларини ҳам кузатиб борарди. Устозлар ҳам бу тўпламлар ва уларнинг уч­қур бадиий оламлари тўғрисида кўп гапирар, ёшларни қизиқтирар эдилар.

Зулфия Ҳамид Олимжон билан ўттизинчи йиллардаги илк учрашувлари ҳақида: “Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалби, улкан иқтидорини туйдим”, деб ёзган эди. Ҳамид Олимжон Зулфияга ўша илк учрашганда “шеърда қалбингизнинг сурати бор”, деб айтган ва ҳақиқатни ёзишга ундаган эди. Бу сўзлар Зулфия юрагига ўзи эътироф этганидек, афсонавий бир қудрат бўлиб кирди ва унинг шоир бўлиши, танилиши, жаҳонга чиқишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

“Ҳаёт варақлари” Ҳамид Олимжон ва Зулфия тақдирида чин маънода иқбол варақларига айланди. У икки юлдузни пайвандлади. Адабиёт тарихида тарих яратди. Адабий кечалар, ижодий машғулотлар, шеър суҳбатлари уларни тобора яқинлаштирарди, маслаклар, интилишлар муштараклигини кўрсатар ва мустаҳкамларди. Ҳамид Олимжон шу 32-йилдан эътиборан Зулфия тимсолида ўлмас илҳомининг мангу шовиллаб турадиган дарёсини кашф этди ва то тирик экан бу тириклик дарёсининг сурурбахш овози бир дам сўнмади. Унинг шеърияти янги мундарижа касб этди. Ҳамид Олимжон ўзининг бу йиллардаги руҳий ҳолатини мастлик ва мажнунлик деб атар, шеърий ёрқинлик тобора эртакнамо фусун даражасига кўтарилиб борарди: “Энг гуллаган ёшлик чоғимда, Сен очилдинг кўнгил боғимда. Шунда кўрди кўзим баҳорни, Шунда қалбим таниди ёрни… Шундан бери тилимда отинг, Шундан бери дилимда отинг…”. Ҳамид Олимжон ўз ҳаётидаги Зулфия билан танишувдан кейин бошланган мислсиз ўзгаришларни мана шундай юксак самимият билан ифодалаган эди. 1935 йилнинг ёзида икки ўтнафас шоирнинг тўйлари бўлди. Уларни катта санъат ва адабиёт намояндалари – Ойбекдан тортиб Ғафур Ғуломгача чин дилдан қутладилар. Бу янги адабий оилага жуда катта келажак умидини билдирдилар.

Ҳеч ким Ҳамид Олимжонни инсон, адиб, улкан ташкилотчи, зўр матонат ва ирода эгаси сифатида Зулфиячалик аниқ ва ҳаққоний таърифлай олган эмас. Зулфия Ҳамид Олимжонни асл ошиқ деб таърифларди. Чиндан асл ошиқлик бу фавқулодда иқтидорли шоирнинг бутун ижоди ва бутун суратию сийратида намоён! Зулфиянинг хотираларида ҳикоя қилинишича, Ҳамид Олимжон бир куни Самар­қанд сафаридан Раъно Узоқова деган умидли шоиранинг шеър китобини олиб келади ва уни тунда Зулфияга ўқиб беради. Ўтли сатрларни кўрсатади, сўнг қулоғига оҳиста таъсирланиб шипшийди: “Сиз бундан яхшироқ ёза оласиз”. Бу сўзлар Зулфиянинг нозик таъсирчан шоир юрагида ҳеч ўчмас бўлиб муҳрланиб қолди. У ҳар қачон илҳом сели забтига олганда, шеър амри кучга кирганда, то умрининг сўнгги дамларигача, ҳатто “Хотирам синиқлари”нинг сўнгги аккордларини қоғозга тушираётганда ҳам шу сўзларни эслади ва кузак офтобидай майин жилмайиб қўйди. Ҳар қандай ҳолда “мен бундан яхши ёза оламан”, деган улуғ ишонч уни асло тарк этмади ва асарларига ўзгача шукуҳ бағишлади. Шундан билса бўлади: ўз ўрнида айтилган сўз ядро кучига эга. Ҳамид Олимжон билан Зулфия ўртасида бундай қувватли сўзлар озмунча эмасди ва улар ҳар иккала шоирни дам са­йин барқ уриб ўсишга ундарди. Уларнинг асарларини варақласангиз, ҳар саҳифада бунинг гўзал далолатига дуч келасиз: мисолларни бир-бирига улаб ўқишни истайсиз.

Ҳамид Олимжон атрофида ҳаёт худди тирик дарёдай қайнарди. У шу қайнаган дарё ичида Зулфия ижодий қарашларини тарашлар, сайқаллар, чиниқтирарди. 1935 йилда у ўзи оролаган, орзулаган бахт фариштасини топган эди. Шу фаришта туфайли унинг ижтимоий кучли ижодига ажиб сеҳрли севги мавзулари шитоб билан кириб келди, не-не гўзал фусункор шеърлар дунёга келди, улар ҳамон ўз романтик сурурини заррача бўлсин йўқотган эмас. Зулфия ва Ҳамид Олимжон нашриётларда, матбуот, илм даргоҳларида ёнма-ён ҳамнафас ишлардилар. Бир-бирларига мадад берардилар, сўнгсиз фикрлашардилар. 1944 йилда Ҳамид Олимжоннинг илк танланган асарлари чиқадиган бўлди. Уни Зулфия тайёрлади. Саралади, таҳрирдан чиқарди. Шу жараёнда у Ҳамид Олимжон талантининг қудратига яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Муҳаррир сифатида унинг ижоди ичига чуқурроқ киргач, Зулфия росмана ҳайратга тушди. У чинакам шеърият қандай бўлишини энди ички томондан жуда теран англагандай бўлди. Бу унинг ўзининг ижоди, овози, шеър услубининг шаклланишида беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Кейинги олтмиш йил мобайнида Ҳамид Олимжон илмий, ижодий меросини қамраб олган бир қанча салмоқли, эътиборли кўп жилдли асарлари чиқди, ўн жилдли мукаммал асарлари тўплами нашр этилди, адабиётшуносларнинг танқидий, адабий биографик очерк китоблари босилди. Буларнинг бари ўша 1944 йилда Зулфия таҳрири остида чиққан илк танланган асарларга таянади. Зулфия Ҳамид Олимжоннинг адабий-бадиий меросини бениҳоя авайлаб асради (худди Зарифа Саидносирова Ойбекнинг улкан меросини кўз қорачиғида асрагандек), асарларни нашрга тайёрлаш, илмий-ҳаётий изоҳлар билан таъминлашда, муаммоларни ечишда катта ёрдам берди, маслаҳатларини аямади.

Ўн етти ёшида Ҳамид Олимжонни тамомила мафтун этган зукко ва ақли тийрак қиз Ҳамид Олимжон нигоҳи остида, унинг эран шукуҳи ёғдуларида Шарқ аёлининг тимсолига айланди. Не ажабки, Ҳамид Олимжоннинг идеали шундай ақлу идрокли ҳур ва мунис аёл эди. У шундай аёл тарих саҳнасига чиқиши учун курашган эди. Ҳаётнинг барча дамларида Зулфия жозибадор Аёл, Она, Шоир, Ёр идеали бўлиб қолди. Бу икки азиз зот оилада севгидан ҳам ортиқ бир нарсани биргаликда яратдилар. Севгидан ҳам ортиқ бу нарса — Унсият эди. Мангу ҳамдамлик, мангу ҳамнафаслик, мангу дилдошлик фақат ана шундай унсиятдан пайдо бўлади ва асрларча яшайди. Бунинг фарҳоду ширинлар, лайлию мажнунлар, ромеою жулетталардан, лотталардан фарқи шунда! Шу унсиятда. Аммо тан олайлик: у инсоният ҳаёти тарихида ноёбдир. Буни бошига туганмас қайғу шарпа ёзганда, Зулфия илк бор тилга олганди: «Йўқ эди-ку бўлмоқ маҳрум Бизнинг илк мунис аҳдда?». Мана шу мунис аҳд улар ҳаётида фозил ва юксак маърифатли унсиятга айланиб улгурган эди. Уни Ҳамид Олимжон ва Зулфия биргаликда онгли суратда яратган эдилар ва у шеърий ижодиётларининг узвий давоми, биргаликдаги умрларининг порлоқ саҳифаси эди. Бу унсият ўн йилгина давом этди. Аммо асрларга татийди ва ярайди. Бизга Ҳамид Олимжон ва Зулфиядан шундай ҳаётий қудратли унсият мерос қолди. Ҳа, яна бир карра таъкидлаймиз ва таъкидлашдан чарчамаймиз:

Ўртада тоғ чашмасидай зилол, улуғ шеърият бор эди. Унинг мантиқи ва мундарижаси шунга — Инсоний Унсиятга олиб келди. Икки муаззам номни қадим, ҳозир ва келажак билан боғлади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 9-сон