Иброҳим Ғафуров. Ҳаёт – муаллим

http://n.ziyouz.com/images/ibrohim_gafurov.jpgГапни узоқроқдан бошласаммикин дейман.

1945-1946 йилларнинг кўклами, кунлар илиб, кўк­симиз узоқ қишдан сўнг яйраб қолган. Тошкентнинг шимол томонларида чакалакзор, дўланазорлар оралаб ажиб боғлар бағрида қамиш томли, яккасинч, гувала уйли Тешик қопқа маҳалласи жойлашган. Поччам ва отам урушдан қайтишди. Поччам темир йўлда машинист ёрдамчиси бўлиб ишлайди, яна поезд ҳайдовчи машинист бўлиш учун ишдан кейин ўқийди. У рус ўртоқларининг қалин дафтарлар тўлдириб ёзилган лекцияларини олиб келади. Мен уларни бошқа дафтарларга кўчиришга ёрдамлашаман. Поччам уруш йиллари қаровсиз тўкилиб қолган пахса-гувала уйларни бузиб, ҳовлини кенгайтириб, тартибли қилиб уй солиш ҳаракатига тушиб кетган. Ўқийди, ишлайди, усталарга қарашади, унинг вақти йўқлигини кўриб лекцияларини кўчиришга бажонидил ёрдам бераман. Поччамнинг ота-онасидан қолган ҳовлиси бизнинг боғ ҳовлимизга туташ. Икки ҳовли ўртасида боғ эшик доим очиқ. Поччам гаплашиб ҳовлимизга сим тортиб радио туширди. Радио дегани қора лаппак. Маҳалламизнинг чойхона клуби тепасида эса катта радио карнай туради. Ундан узун кун ўктам, шижоатли садолар янг­райди, боғларга ғалаба маршлари таралади. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ҳамид Ғулом каби шоирларнинг жўшқин, ёқимли овозлари эшитилиб туради. “Сен етим эмассан, жигарим!” – деган жигарсўз овоз қулоқларимиздан кетмасди. Ушбу бузрук сас Тешик қопқанинг тупроқ кўчасидан ўтаётган, бошлари тақир қирилган ва сариқ алланима суртилган бари биз тенги ва биздан ёшроқ, ушоқдан ушоқ болакайларнинг сафлари ортидан эргашарди. Биз қиш, баҳор ёғинларида қамиш томлардан тинмай чакка ўтадиган, беш-олти жон бир қулочгина танча атрофида куймаланиб жон сақлайдиган, бир чўнтак туршак, жийда ва бир бурда зоғора нон билан яшасак-да ва ўз ҳолимизни билмасак-да, шу узоқлардан не азобларни кўриб поездларда Тошкентгача етиб келган ўзимиз тенгқур етим болаларга ачинардик. Уларнинг қўлларига туршак-жийдалар тиқиштирардик. Улар сафланиб бо­ришаркан, ҳеч қаёққа қарамас, худди ўзларини бутунлай йўқотиб қўйгандек, саросималаниб, жавдираб қадам ташлашарди. Уларнинг сафларига эргашиб то гувиллаб оқадиган Қичқириқнинг ёлғизоёқ кўпригигача борардик. «Сен етим эмассан!» – деб қичқираётган қо­ра лаппакнинг сўзларига тушунгандек бўлардик, юрак­ларимиз нечукдир орзиқарди. Чамаси, биз ҳам етим бўлиб қолиб шундай ғарибуддиёр, саргардон юришдан қўрқардик. Ўша пайтлар радиосининг кўп сўзлари, куйлари, ашулалари, пьесалари, Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Жўрахон Султоновларнинг овозлари миямизга ўрнашиб қол­ган, ҳеч нари кетмайди. Биз тўтилардек радионинг сўзларини такрорлаб юрардик. Ҳойнаҳой шу тўтидек сўзларни такрорлаб юриш бежиз эмас экан. Шоирлик сўздан уйғонса керак. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Алишер Навоий” пьесаларини радиодан такрор-такрор тинглаб тамом ёд олган эдик. Уларнинг сўзларидан юрагимиз мойдай эрирди. “Шум бола”, “Ёдгор”, “Темур Малик”, “Жалолиддин Мангуберди” каби мўъжаз асарларни худди шу пайтлар, ҳали эллигинчи йиллар кирмаёқ ўқиганмиз. Маҳалламизда кўпроқ косиблар, аравакашлар, боғдорлар, трамвай ҳайдовчилар, темир йўл ишчилари, атрофимизга кў­чиб келган заводларнинг ходимлари, фаррошлари, ошпазлари, нонвойлари, муаллимлар яшашарди. Ҳо­зир ўйласам, ўша йиллари маҳалламиз чеккароқда бўлишига қарамасдан, ҳар ўнта хонадонга битта муаллим ва ҳар ўттиз хонадонга бир врач тўғри келарди. Беш-олти қўшниларимизнинг тиккайган ёшлари нақ ТошМИда ўқишарди. Қачон қарасак, улар боғлардаги дарахтзорларда тагларига кўрпача солиб дарс тайёрлашар, китоб ўқишарди. Ке­йин улар ажойиб, билимдон, халқ ичида обрў-эътибор қозонган врач, ҳарбий унвонли врачлар бўлиб етишишди, шарафли умр кечиришди. Ўн-ўн икки ёшларимда мен уларга қаттиқ ҳавас қилар, атрофларида айланиб юрардим. Маҳалламизда галма-гал ҳовлиларда қиссахонлик қилишарди. Кўпроқ жангномалар, ора-ораларда Қодирий романлари ўқи­­ларди. Одамлар юм-юм йиғлашарди. Акам шу қиссахонлик кечаларида қатнашар, баъзан иқи суйиб қолса, менга ҳам айтиб берарди. Биз каби болалар кечаларга киритилмасди. Холаларим, аммаларим ниҳоятда художўй, эскича саводли, меҳрибон, мушфиқ аёллар эди. Айёмларда боғимизда йиғилишиб катта уй тўла давра солиб ўтириб китобхонлик қи­лишар, Навоий, Яссавий, Боқирғоний, Машраб, Ҳу­вайдо ўқиларди. Ғазаллар, мухаммасларни куйлаб ўқишарди. Мен болалик муҳитимни сўйлаётирман-да, қаердан чиқ­қаним, қаердан бошланганимни андаккина бўлса-да, англаётирман-да-е… Маҳалладошларим камсуқум, жуда содда, камталаб одамлар эди. Тоғам Ҳусанбек Ибодов урушдан яраланиб қайтиб, оқартув техникумида тил ва адабиётдан дарс берардилар. У кишини жуда моҳир педагог деб эъзозлашарди. Тоғамнинг катта синчли уйларида беш токча лиқ тўла китоблари бор эди. Токчалар ойнаванд жавон қилиб ясалганди. Китобларнинг кўплиги мени лол қилар, уларнинг ҳошияларидаги номларини ҳижжалаб ўқиб ўтирардим. «Шу китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиқса бўлармикин?» – деб ўйлардим. Эллигинчи йилларнинг бошроғида тоғам менга Пушкиннинг ўзбекчада чиққан тўрт латта жилдли жуда чиройли китобини совға қилдилар. Юрагим ёмон жизиллади бу қиссалар, шеъру достонларни ўқиб. Бу жилдлар ҳамон китоб жавонимда сақланади. Энди унинг қоғозлари йилларнинг забтидан сарғайиб, кепаги чиқиб кетган. Бу китоб “Шум бола”, “Темур Малик” каби, “Кунтуғмиш” каби ва тоғам каби менга устоз бўлган. Қуш уясида кўрганини қилади: муаллим тоғамнинг китобпарварлиги менга ҳам мерос бўлиб ўтган. Қаерда учратмай китоб кўзимга оловдай кўринади. «Китобпарварлик» сўзини мен доим «инсонпарварлик»дай ўқийман, уларни тенг кўраман: бири бирига ўтиб турадиган, бири биридан қувватланадиган нарсалар деб қарайман. Бу фетиш эмас. Бор гап ўзи шу. Китоблардан ҳаёт учун керакли сўзларни қидираман, ахир китоб юрак қони билан ёзилади-да, унда бекорчи гап нима қилсин. Аммо бекорчи гаплар, бекорчиликдан ёзилган гаплар ҳам дунёда истаганча топилади. Аммо улар белгиламайди ҳаёт маромини, улар белгиламайди яшаш завқларини, улар белгиламайди инсоният орзу-ҳавасларини. Фидокор одамлар игна билан қудуқ қазийди: инсониятга халоскорлик қилади, инсоният карвонининг оғир юкини енгиллаштиради, келажак йўлларини ёритади. Бир қултум оби ҳаёт учун қанчадан қанча қудуқлар қазиганлар бор. Китобпарвар уйқусиз киприклари билан минглаб китоб­ларни варақлайди. Мен доим шуларга ҳавас қилдим: уларни ўзимга дўст тутдим, уларнинг чеҳраларини китобдай ёришган ва яхшиликка чексиз дахлдор кўрдим. Китоблар уларда олижаноб интилишларни тарбиялаганлигини уқдим. Китоблар интилишларни ҳамма нарсадан кўпроқ тарбиялайди. Интилишлар эса онгнинг энг қимматли маҳсулоти. Интилишлар олижаноб онг уйғонганлигини билдиради. Булар бироз кўтаринки сўзларга ўхшайди. Аммо психикага дахлдор, илмий асосга эга. Китоб инсониятга халоскор бўлмадими? Худо инсон ҳаётини енгиллаштириш учун китобга мурожаат этмадими?

* * *

Муаллим тоғам менинг китоб гирифтори бўлиб қолганимни кўриб, онамнинг: “Вой, тоғаси, бунингизга қаранг, китоб ўқийвериб мияси суюлиб кетмасин”, деб огоҳлантиришларига қарамай, менинг унча-мунчага миям суюлмаслигига ишончи комил бўлган шекилли, университетга орзулаб ўқишга кирган йилим (1956) қутлаб, алқаб, менга “Ўзбек адабиёти тарихи хрестоматияси” (1942-1945) деган ниҳоятда ноёб икки жилдлик китобни совға қилди. Бу бутун бошли хазина эди. Уни Ойбек, Ҳамид Олимжон, Порсо Шамсиев, Олим Шарафиддиновлар тайёрлаган, кўп заҳматлар чекиб уруш йиллари босмадан чиқаргандилар. У менинг бир умрлик садоқатли, суюкли китобим бўлиб қолди. Отам менинг университетга кирибоқ эски арабча алифбони яхши ўрганиб олганим ва шу ёзувдаги китобларни ўқий бошлаганимни кўриб менга ўз­ларининг суюкли китоб­ларини бердилар, у қизил сахтиён муқовали катта салмоқли китоб бўлиб, “Минг бир ҳадис” деб аталарди. Шул табаррук китобга ёзилган Абдурашид деган уламонинг дебочасида ушбу сўзларни ўқиган эдим: “Минг бир ҳадиси шарифни тартиб ва усмонли тилина таржима қилғон киши Туркия уламосиндан Муҳаммад Орифбекдур. Табъ этдирган киши-да ўғли дўқтур Наж­миддинбекдур. Биз шул дўқтур Нажмиддинбек ҳим­мати-ла табъ ўлунмуш нусҳанинг муқаддимасинда ҳар на вор эса табрика ўз ибораси бирлан ёздуқ, ҳеч табдил ва тағйир этмадук. Абдурашид”. Ундан анча табаррук ҳадисларни ҳиж­жалаб ўқиб маъноларини анг­лаб етишга уриндим, қийналган пайтларимда отам ва тоғамдан сўрадим, миямнинг номаълум тархлари очилгандай бўлди. Аммо “Ўзбек адабиёти тарихи хрес­томатияси” мени ўзига тамомила машғул қилиб олди, уни шу қадар кўп ўқир эдимки, кўп шеърлар, насрий, бадиий ва тарихий парчалар менга ёд бўлиб кетган эди. Тинмай ўзим ҳам тарихий ҳикоялар ва ғазаллар қоралардим, уларни журъат қилиб Ёзувчилар уюшмаси биносига кираверишда ўнг қўлда учинчи эшикда ўтирадиган Ваҳоб Рўзиматовга ва Ваҳоб аканинг тавсияси билан шу бино ичидаги йўлакнинг чап томонида, ичкарида ўтирадиган Жуманиёз Жабборовга олиб кириб ўқитардим. Шу ерда дераза тагида Одил Ёқубов ҳам ўтирарди, ўша пайтлар “Тенгдошлар” ва бир қанча ҳикоялари чиққан, у киши ёшлар ўртасида машҳур эди, Жуманиёз ака билан суҳбатимизни мийиғида кулиб диққат билан тинглаб ўтирарди, аммо сира орага гап қўшмасди. Ғазалларни ўқиб ўз мулоҳазаларини айтиб бўлгач, Жуманиёз ака охирида: “Сиз фар­ғо­наликмисиз?” деб сўради. “Йўқ, тошкентликман. – Нега ундай деяпсиз?”, “Ғазални кўпроқ фар­ғоналиклар ёзишади”, деб жавоб берди Жуманиёз ака ва мени ранжитмаслик учунми: “Ёзаверинг, кўп машқ қилаверинг, лекин ҳозир ғазални эски деб кам ёзишади, кам босиб чиқаришади”, деб қўйди. Мени Ваҳоб Рўзиматовга дуч қилган зот журналист ва шоир Неъмат Тошпўлат эди. Неъмат ака жуда ёқимтой, ширин сўзли, назокатли одам эди. Ўзи Чорсу томонларда турса ҳам, Тешик қопқадаги чорбоғи бизнинг токзоримизга туташ эди. Баҳор ойларидан шу шинам чорбоғига чиқиб турарди. Унинг баланд бўйли, оппоқ, чиройли синглиси бор эди. Баъзан бўш вақтларида отамнинг нонвойлик устахонасида ишларига қарашиб турарди, чорсуликлар бир-бирларини жуда иззат-ҳурмат қи­лишарди. 1959 йилда Неъмат ака менинг “Танишув” деган ҳикоямни “Саодат” журналида босиб чиқарган, мен шу ҳикоянинг пулига биринчи марта ўзимга янги мовий костюм-шим олиб кийганман, курсдошларим ўртасида ва ҳатто филология факультетида анча обрўйим ошганлигини сезганман. Шу йили Фурқатнинг икки томлиги Холид Расул таҳрири остида чиққан, мен уни роса ҳижжалаб ўқиб катта мақола ёзган ва домлам Ғулом Каримовга кўрсатган, домла бир кечада ўқиб чиқиб шогирдлари Шариф Юсуповнинг қўлига “Ўз­бе­кистон маданияти” газетасида чиқариш учун топширибдилар. Кўп ўтмай мақола чиқди, мен ўзимни олим ва ёзувчи бўлаётгандай сездим, аммо катта ҳаётни кўрмаган, билимларим ҳам назаримда етарлича чуқур ва кенг эмасди. Мен 58-йилларда фундаментал кутубхонамиздан “Русские писатели о литературном труде” деган тўрт томлик улуғ бир китобни олиб, уни тинмай ўқир ва конспект қилардим. Шу китобни ўқигач, мен китоб ўқиш тартибли ва мақсадга қа­ратилган бўлмагунча фойдаси – амалий-ҳаётий фойдаси кам бўлишини англаб етдим. Аммо бу тўғри хулосага келгунимча анча вақт ўтиб кетди-да, менинг “Қилич қора” ҳақида ёзган ҳикояларим ҳам сочилиб, тортмаларда ғуборга айланди. Уларни Яннинг романларини ўқиб унга тақлид қилиб ёзгандим. Яна юқорида эсланган хрестоматияга қайтсам, у ҳамон менинг садоқатли ҳамроҳим, ахир унда икки минг йилликнинг бошида вужудга келган бадиий-тарихий адабиётимизнинг то Х1Х аср охирлари – Завқий, Васлийгача бўлган улуғ тарихини танидим. Туркий-ўзбек сўзи дунё ада­биёт­лари тарихида қандай ўрин олганидан кенг хабар топдим. Хрестоматияда жуда қимматли тарихий асарлардан ҳам кенггина парчалар келтирилган, аждодларнинг йўллари ёритилганди. Тарихимиз сўнгсиз фожиали карвон экан. Отам 1950 йилда май байрамида қўлимга бироз ҳайитлик берди. Унга шу йили Ойбек таҳрири остида чиққан “Ўзбек шеърияти антологияси”ни сотиб олдим. Оҳ, мунақа ҳашаматли, ярқироқ китобни аввал ҳеч кўр­маганман. У назаримда ўша эллигинчи йиллар маф­кураси, йилтироқлик ва ўта мақ­тан­чоқ­ликнинг тўкис бир рамзи эди. Ўша вақтлар адабиётда тушкунлик, турғунлик, хавотир авжга минган эди. Биз гўдаклар яна билмаймиз, аммо қама-қамаларнинг совуқ нафаси ҳатто бизнинг косиб, боғдор ма­ҳал­ламизгача келиб турарди. Университетга кирганим менга хўб кони фойда бўлди. Бунгача ростини айтсам, қўлимга нима китоб тушса қўймасдан ўқиб чиқардим. Университет менга китобларни маълум бир мақсад билан, танлаб ўқишни ўргатди. Жаҳон миллий адабиётларини бирма-бир, изчил интизом билан ўқишга киришдим. Онгим, фикрим тўлғин тортди. Устозлар ҳақида доим сўрашади: мен университет менга чин устозлик қилганини айтаман. Кейин бадиий нашриётга ишга жўнатишди. Нашриёт иккинчи улуғ устозим бўлди. Барча улуғ-кичик адиб­лар шу ерга янги асарлари қўлёзмаларини кўтариб келишарди. Кўпларнинг ижодлари билан таниш эдим. Эркин Воҳидов ҳам, Абдулла Орипов ҳам, Одил Ёқубов ҳам, Миртемир домла ҳам, Миркарим Осим ҳам, Омон Матжон ҳам – ҳамма-ҳамма шу ерда эди. Ғоятда қизғин эди бу ерда адабий ҳаёт! Муҳаррирлар, таржимонлар, адиблар, ёшлар китоб дарди билан яшарди. Тортишувлар, муҳо­ка­малар, тақризлар бари китоб дардида! Мен ўзим орзу қилган дунёга кирган эдим. Бу ерда олтмишинчи йилларнинг бошида биринчи адабий-танқидий китобим – “Гў­залликнинг олмос қирралари” чиқди. Жамоатчилик хайрихоҳлик билан кутиб олди. Китобнинг ҳатто номи ҳам баҳслар қўзғади: кимлардир “қатралар” бўлса аниқроқ чиқарди деди. Лекин ўша пайт ўқувчиларига «қирралар» маъқул бўлди. Мен бу камтарин китоб Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев каби адабий тенгдошларимнинг илк китоб­лари билан ол­динма-ке­йин ўқувчилар қўлига бориб етганига қу­во­нардим. Шу даврда – олтмишинчи йиллар бошида қандайдир адабий авлод ўз равиши, ўз овози билан ўзбек адабиётига кириб келаётган эди. Прозада янгиланиш шабадалари эса бошлаган, адабий танқидда ҳам шундай умид чечаклари унаётган эди. Илк китобимни ҳаётга Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов йўллашди. Улар университетда бизга дарс ўтганларидаёқ эътибор билан ижодга рағбатлантирар ва Ёзувчилар уюшмасида бў­ладиган муҳокама, ижодий йиғинларга доим бориб туришни маслаҳат беришарди. Домлаларимнинг шундай далдаси билан учинчи устозим – Ёзувчилар уюшмасида жонли адабий жараён ичига кирдим. Мен бу ҳаётни севардим. Доим янги асарларнинг муҳокама ва мунозаралари ичида эдик. Ёзувчилар, танқидчилар, таржимонлар билан мулоқотларда бизга келажак жозибалироқ ва маънилироқ туюларди, янги китобларнинг ғоялари туғиларди. Шундай ижодий кўтаринкилик муҳитида олтмишинчи йилларда Усмон Носир, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Саид Аҳмад, Ғафур Ғулом ижодиёти ҳақида рисолалар ёздим, уларни янгича ўқигандай, ижодий усулларининг илгари очилмаган янги қирраларини топиб очгандай бўлдим. Бу рисолалар адиблар жамоатчилиги ва ўқувчиларнинг назарига тушди. Ёзганларимда Тўх­тасин Жалолов, Озод Шарафиддинов, ўша даврнинг илғор рус адабиётшуносларидан улги олар, лекин ўз мустақил нуқтаи назарим ажралиб туришига интилардим. Миртемир домла бир рисоламни қўлёзмада ўқиб, титул варағига катта-катта ҳарфлар билан “Баракалла!” – деб ёзиб мени қутлаган эдилар. Шундан сўнг ўзимга ишонч ҳосил қилгандим. “Қарқуноқдан чиққан булбул” бўлиб қолмасликка жон-жаҳдим билан киришдим. Адабиётга онадан туғма муҳаббатимни изҳор қилишга қаттиқ бел боғладим. Нима муяссар бўлди, нима бўлмади. Иқ­тидоримни тарбиялаш, илм-билим билан чиниқ­ти­ришга, қарашларим доирасини қадам-бақадам кенгайтиришга интилардим. Тепада “ин­тилиш” сўзига нега алоҳида эътибор берганимни энди тушунгандирсиз. Адабий-бадиий изҳорларим учун гоҳ адабий-танқидий мақолалар, гоҳ мансуралар, гоҳ бадиий таржималар, гоҳ бадиалар шаклларини танладим. Етмишинчи йилларда табиатим, юрагимда илмий ижод билан бадиий ижод уйғун туташганлигини англадим. Таҳлилларимда бу хусусият бўртиб кўринди. Шу аснода Цвейг, Зошченко, Ирвинг Стоун, Паустовский, Успенский, Гаршин, Грин, Короленко, сингари илмий ижод билан бадиий ижодни бирлаштирган адиб­ларнинг услубларига разм солиб, бизнинг айни шу давримизга илмий-бадиий таҳлил, тасвир услуби ва йўналиши ҳаммадан ҳам яқинлигини англадим. Нитше, Жойс, Беккет, Камю, Сартрни ўқиб фикрим янада мустаҳкамланди. Шундай қилиб, мансураларда илмий фикрлаш доим бадиий фикр тарзига оғушта бўлди. Мен худди Америка қитъасини янгидан очаётгандай бўлаётганим йўқ. Навоий ҳамда Бобурда ҳам илмий тафаккур билан бадиий тафаккур чамбарчас органик боғланиб кетган, лоақал коинот ва унинг қурилиши, инсон ва унинг вужудга келиши, булардан кузатилган маънолар, инсон ва тафаккур, инсон ва руҳоният, ишқ-муҳаббат ва оламни бошқариш, психика фалсафаси, ахлоқ, дин, маънавият сингари жуда кўп илмий муаммолар ҳақида даҳо шоир ўз тафаккур тўрларини кенг ёяди, буларни Афлотун, Суқрот, Арасту каби эмас, балки туркийларнинг бедод шоири каби адо этади, «Хамса»дай улуғ монументни, «Чор девон»дай шеър олами чўққиларини яратган, ўн икки ёшларидаёқ шеър­лари бутун Хуросону Туронда кенг халқ ўртасида қўшиқ, ашула қилиб айтилган, халқ унинг шеърларини қўйнида, қўнжида, юрагининг тўрида асраб, ёд олиб яшаган шоир учун дейлик, мисол учун, тарих, тил, вазн, ахлоқ рисолалари ёзиш шарт эмас эди. Аммо у Уйғониш даҳоси, халқнинг ишонган маънавий раҳ­намоси сифатида илмий тафаккурдан ўзини четга олиши мумкин бўлмаган ҳол эди. Бунинг устига илмий тафаккур унинг табиатан берилган иқтидорига табиий равишда хос эди. Табиий хос нарсалардан эса одам бо­ласи ҳеч қачон воз кечолмайди. Табиий хос нарсалар психикага, жумладан, ижод психикасига ҳеч оғишмай умр бўйи кучли таъсир ўтказади. Француз энциклопедистларидан Вольтер, Руссо, Дидро, Монтес­кёларни қаранг: уларда илмий ва бадиий тафаккур қанчалар таранг ва ранг-баранг ҳаракатда бўлган, итал­ян, инглиз, немис, испан, ҳинд мутафаккирлари ҳам шундай: илм-ижодда назири йўқ. Менинг ижодий, илмий қизиқишларим доим шу томонда бўлди. Барча таржималаримга ҳам илмий-ижодий ёндошишга интилдим. Сирли интуицияга ҳам илмий тушунтириш топмоқчи бўлдим. Дарс ўтган чоғларимда ҳам талабаларимга: таржима – бу аввало грамматика, деб уқ­тирдим. Икки тил грамматикаси, стилистикаси, синтаксисини Аюб Ғулом даражасида билмайдиган одам қандай қилиб уялмай таржимонман дейди, қандай қилиб кўз юмуқ ҳолда таржимага қўл уради, дедим. Ўзбек тили содда бўлиб кўринса ҳам, ғоятда нозик ва гўзал, ранг-баранг гап, жумла тузилишларига эга, биз ҳали ўз тилимизни бутун универсал бойлиги, хазиналари даражасида кашф қилган эмасмиз, ҳатто узоқ турғунлик замонларида мислсиз сўз бойликларини бой бериб қўйганмиз, лаҳжаларимиздаги хазиналарнинг адабий тилга кириб келиши учун жон кечмаганмиз, ҳатто бу лаҳжа сўзи деб кўп гўзал сўзларни матн­лардан ихрож қилганмиз, қувганмиз.

* * *

Албатта, китоб дегани юз минглаб нусхаларда тарқалса, нур устига нур. Аммо энди китоблар бундай кенг ёйиладиган замонлар аллақачонлар ўтган. Балки бунинг энди кераги ҳам йўқдир. Мен қоғоз исрофгарчилигидан сақланишни жуда муҳим ҳисоблайман. Китоблар эндиликда Интернет тармоқлари орқали чексиз тарқала олади. Адабий-танқидий, умуман илмий йўналишдаги китобларнинг нусхалари кўп деганда уч минг нусхадан ошмайди. Ҳозиргача йигирмадан ошиқ китобларим чиққан. Умумий тиражи ўзига яраша.Улар мундарижасига кўра ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги адабий жараёнлар, адабий тажрибалар, шу ярим аср мобайнида адабий-бадиий оламга кириб келиб ўз сўзини айтганлар, мен ҳаёт ва инсон ҳақида нималарнидир биламан ва айтоламан деган қаламкашларнинг изланишларини таассуротлар тилига ва шаклига туширилган гувоҳликлари. Уларда даврнинг, авлодларнинг ўзига хос белгилари нақшланган, умумий бадиий жараёнга дахлдор хусусиятлари акс этган. Уларни адабий жараёнларнинг жисми ҳолидан куч билан ҳам ажратиб, узиб ташлаб бўлмайди. Бу объектив ҳол. Эҳтимол биз тайёр адабий қолиплардан, инфантилликлардан қутулолмагандирмиз, инфантилизм боис гоҳи юзакичилик балосига гирифтор бўлгандирмиз, аммо инсон тўғрисида дардли сўз бор ва бу объектив ҳақиқат.

* * *

Навоийдан бери давом этиб келаётган ўлмас ва олижаноб ҳақиқатимиз бор: адабиёт халқни баҳ­раманд этиш учун яратилади. Баҳрамандлик – бадиий ва илмий адабиётларнинг ижтимоий қиммати ва аҳа­миятини белгилайди. Гоголь даҳосининг бутун қудрати билан “Ўлик жонлар”ни инсонни қуллик, крепостнойлик деган чексиз зулмдан халос қилиш учун яратди. Ҳақиқатан, дунё дунё бўлиб бунчалар шафқатсиз, қудратли фош қилувчи асарни кўрмаган эди. Асар зулм ва мазлумликни ич-ичидан худди илоҳий қурол каби кун-бакун емириб борди ва орадан ўн йил ўтмай крепостной зулм барҳам топди. Гоголь – халоскорнинг ўзи у орзу қилган кунларни кўрмади, аммо унинг асари ҳамон зулмга, қулликка қарши курашади. Бундан адабиётнинг, бадиий сўзнинг ижтимоий моҳият ва қудрати қай даражада мислсиз эканлигини англаш мумкин. Гоголь ҳатто “Ўлик жонлар” турганда аввалги асарлари ва ҳатто “Ревизор” ҳақида мақтаб гапиришларини ёқтирмас, ўрнидан туриб кетар экан, у адабиёт ижтимоий ўзгартириш қуроли ва воситаси бўлишини ҳаммадан ортиқ истаркан.

* * *

Адабиётнинг бош предмети инсон ва ҳаёт. У инсонга адолатли тузалиш ва адолатли эврилиш йўлини кўрсатиши, унинг ранг-баранг олижаноб интилишларини қўллаб-қувватлай олиши билан қимматли. У яна ўз вазифасига кўра – йўл кўрсата олади. Одамга йўл кўрсата олиш бебаҳо нарса эмасми? Адабиётимизнинг узоқ тарихдан келаётган ўлмас анъанаси – биз адабиётни мураббий деб тушунамиз. Адабиётнинг муаллимлиги унинг энг қимматли белгисидир. Шунинг учун адабиёт барча замонлар учун керак ва у ҳеч қачон ўлмайди. Тиражи ўнтага тушиб қолганда ҳам, у ўлмайди. Мураббийликдан ортиқ нимаси бор адабиётнинг! Биз суйган адиблар, санъаткорларнинг барчалари мураббий! Нақадар севамиз биз уларни! Адабиётда мураббийлик, муаллимлик ҳар қачон тўхтамай давом этиши ва юзакилик барҳам топишини ҳаммамиз истаймиз. Худо ўлди, адабиёт ўлади деган шаккоклар юзакилик ўлишини назарда тутган эдилар. Аммо антиподлар асосига қурилган дунёда аёвсиз суратда юзакилик бор, чунки теранлик бор. Маънилик бор, чунки маънисизлик бор. Аҳриман бор, чунки Ахурамазда бор… антиподлар чексиз. Шунинг учун ҳам инсоният Ҳомер, Суқрот, Афлотун, Инжил, Таврот, Рамаяна ва Маҳабхаратадан сўнг ёмонликларини қўйиб, батамом яхшилик йўлига кириши, батамом олижаноб нур йўлини танлаши ва ундан ҳеч оғишмай бориши керак эди. Аммо бу муяссар бўлмади. Оламнинг антиподларга қурилиши қонуниятини ҳеч қачон енгиб бўлмас экан. Ҳукм абсолют кучга эга экан. Шунинг учун Одам Атонинг ўғиллари бир-бирини ўлдирган экан. Шунинг учун одамлар баъзан хиёнаткорларни олқишлар эканлар ва ўз-ўзларига ўлим чоҳини ҳозирлар эканлар.

* * *

Эндиги адабиёт кечаги адабиётлардан бутунлай фарқ қилади. Бу фарқнинг сабаби адабиётнинг ўзида эмас. Фарқ ташқарида. Одамларнинг фикр­лаш тарзи, муносабатлар тарзи глобал даражада ўзгараётганида, қанча тарғиб қилинмасин, кечаги адабиёт ўқилмаётганида, ўқувчилар назарида унга эҳтиёж бутунлай йўқолиб бораётганида. Бу давр – адабиёт учун оғир катаклизм даври. Янги дунёга мослашиш, янги дунёни ўзлаштириш ва олға жилдириш керак. Бу тузуми ўзгарган давлатга ҳам, унинг фуқароларига ҳам осон кечмайди. Асоратлар, кўникмалар онгда узоқ яшайди, онг эса консерватизмга мойил бўлади, иложи бўлса, мени иссиқ ўрнимдан қимирлатма, дейди. Оддий одамларга онгнинг мана шу эскиликка, консерватизмга мойиллигини енгиб ўтиш қийин кечади. Аммо онг ўзгармагунча ақл ўзгармайди. Сезишларимиз ўз­гараркан, онгимиз ва ақлимиз ҳам ўзгара бошлайди ва консервативликка мойил онгимизни қаттиқ туриб тарбиялашга киришамиз. Мана, сизнинг адабиётни ривожлантириш ҳақидаги саволингизда ҳам ўзингиз ҳисоб бермаган ҳолда консервативликка мойиллик бор. Мисол учун, натижасини аниқроқ айтиш мумкин бўлган, айтайлик, паррандачилик, пахтачилик, мева-сабзавотчилик соҳаларида ривожланиш ҳақида ҳақли суратда гап юритиш, яқин ва узоққа мўлжалланган режалар тузиш, жаҳон бозори талабларини ҳисобга олиш мумкин. Австралия тажрибаларидан ўрнак олиш мумкин. Лекин адабиёт кўп каррали номаълум, эртасини билиш ўта мушкул соҳа. “Адабиётдаги ривожланиш” замирида ёзувчилик иқтидори мавжуд одамнинг юрагидаги ўтга боғлиқ. Агар бу ўт қандайдир сабаб билан олиб қўйилган бўлса, ёки у умуман мавжуд бўлмаса “ривожланишни” қайдан оламиз? Уни ҳеч қачон Австралиядан келтириб бўлмайди. Чунки миллий адабиёт ўз юраги ва ўз тарихидан, миллий илдизларидан озиқланади. Бошқа бир томондан, Қодирий миллий адабиётни чин маънода ривожлантирди, ўтган асрлардан кўра уни тамомила янги босқичга олиб кирди, янги шакллар, янги тасвирлар, инсон ва ҳаётга янги ёндошувлар, янги адабий тил ҳодисалари билан бойитди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ижтимоий тафаккурни миллий озодлик ва миллий равнақ билан чамбарчас боғлаб миллатнинг келажак уфқларини очди, карвоннинг йўлини жаҳон сари бурди. Буларни ва буларга ёндош маърифатпарварлик ҳодисаларини том маънодаги ривожланиш ва ривожлантириш дейиш мумкин. Қодирий ва Чўлпондан сўнг Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳорлар поэзия ва прозага янги уфқларни олиб кирдилар. Миллий адабиёт кенгайди, бойиди, жамият ва халқ ҳаётидаги мавқеи қудратли тусга кирди. Қаҳҳордан кейин Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Ўлмас Умарбеков ва булардан сўнг Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Мурод Муҳаммад Дўст, Хуршид Дўстмуҳаммад, Неъмат Арслон, Назар Эшонқул ва булардан сўнг Нодир Нормат, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Луқмон Бўрихон ва булар билан бирга янгилик излаётган Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Қўчқор Норқобил ва яна талай қаламкашлар қаердан қаергача келдилар? Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубовларга нисбатан олганда булар ижодидаги ривожланишнинг кўрсаткичлари, бадиий сифат ва ниҳоят янгилик даражалари қандай? Йўқ, мен “ривожланиш” борасидаги саволингизга жавоб беролмайман. Узрлар қўллайман. Россиядай улуғ мамлакатда Пушкин ва Гоголдан бошлаб то Толстойгача мислсиз ривожланиш ҳақида гапириш мумкин эди. Аммо Чеховдан сўнг ривожланиш Горький ва Зошченкогача тамомила Чеховнинг ичида давом этди. Юксак салоҳиятли адабиёт яратилди, лекин ҳеч ким Чеховдан ўзиб кетолмади.

Ривож ҳар қандай ҳолда ҳам ташқи эҳтиёжга қа­раб бўлади. Интернет замонларида, Миррихдан хо­­надонларимизга Миррих ландшафтидан суратлар ҳамда илмий маълумотлар юборилаётган ақл бовар қилмайдиган даврда умуман адабиётга эҳтиёж борми? Олимпиада чемпионларининг ютуқлари ҳаммамизни батамом лол қилмоқда. Ҳар бири спортни янги ривож босқичига кўтармоқда. Биз тасаввур қилоламиз бу ютуқлар қандай мислсиз меҳнат ва илм-техника эвазига юзага чиқаётганлигини. Адабиётда ана шундай даражадаги ва миқёсдаги меҳнат-машаққатга қодир ўт юраклар, юксак парвозли ақллар бўлса, жуда бўлмаганда, у Чеховдан ўзиб кетолса, оҳ, унда албатта ривожланиш бўлади ва ривожланиш ҳақидаги гап ҳам қоғозга ярашади… Ҳозир бир қанчалаб китоблар ва ҳатто романлар чиқариб ҳам, адабиётнинг вазифаси нималигини билмайдиган ва билишни ҳам истамайдиган қаламкашлар бор. Уларга ривожланишдан гап қўзғасангиз, дарҳол қўлларини бигиз қилиб шўрлик танқидчиликни кўрсатадилар, танқидчилик адабиётнинг ривожланиши устида бош қотирмаяпти, ҳаракат қилмаяпти дейдилар, мен не дейман, қўбизим не дейди… Ҳолбуки жон койитмай, йиллаб халқ ичида юрмай ёзувчи бўлиш мумкин эмас. Яна такрорлайман: адабиётнинг ривожи танқидга эмас, ёзувчилик иқтидорига эга зотнинг юрагидаги азм-жазм ўтига юз фоиз боғлиқ.

* * *

Дарвоқе, фарзандлар масаласига келсак, барака топишсин, адабиётдан бошқа соҳаларни танлашди ва мутахассис бўлиб етишди. Бирлари фалсафа, иккинчилари тиббиёт, учинчилари электроника, тўртинчилари шарқшунослик соҳаларига қизиқиб, фарзандларини ҳам ўз ортларидан эргаштириб боришяпти. Болаларим мен билмаган ёки мен эгаллай олмаган ранг-баранг соҳаларни эгаллаганлари­дан хурсанд бўламан. Бўл, яхши мутахассис бўл, ақлинг қотиб қолмасин, яхши мутахассисдан одамлар ҳамиша миннатдор бўладилар, киши оғирини енгиллатганга нима етсин, дуонинг кони-ку бу.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 4-сон