Иброҳим Ҳаққул. Моҳиятдан йироқлашмайлик ёхуд тасаввуфшуносликдаги ғаройиботлар

Дунёда турли зиддиятларга бой, фавқулодда мураккаб иккита таълимот бўлса, шунинг биттаси тасаввуф. Агар битта бўлса – ўша ҳам тасаввуф. Бу таълимотнинг туб моҳиятида Ваҳдат – одамларни соф ва юксак илоҳий бирлик туйғуси атрофида бирлаштириш ётади. Лекин ҳеч бир давр ва замонда тасаввуф нафсоний ҳис ва майлларни акс эттирадиган касратдан ғолиб чиқа олгани йўқ. Шу боис тасаввуф номи билан жуда кўп ёлғонлар тўқилган, ҳар турли сохта ҳақиқатлар, саёзлик ботқоғидан юзага чиққан иддаолар илгари сурилган. Аммо буларга қарши туриш ниҳоятда қийин кечган. Акс ҳолда улкан тасаввуф олими Али ибн Усмон Жўллобой Ҳужвирий: «Маълум бўлсинким, тасаввуф илми бизнинг замонамизда йўқ бўлиб кетмишдир. Билхосса, ҳаво ва ҳавасла машғул бўлган, ризо йўлидан юз бурган ўлкаларда аҳвол шундайдир», деб ёзмасди. Шунга яқин мазмундаги фикрлар бошқа маш ҳур тасаввуф арбоблари, жумладан, Хожа Аҳмад Яссавий томонидан ҳам баён этилган. Натижа нима бўлган? Асрлар кечган сайин тасаввуфнинг асил моҳиятидан йироқлашиш, устивор ва дахлсиз ҳақиқатларини бузиб кўрсатиш шиддатла кучайиб борган. Кейинги асрларга келиб, тасаввуф фақат маъно эмас – даъво, фақат ишқ эмас – ҳирс, ёлғиз холислик эмас – ғараз ва мунозара майдони эканлигини эътироф этишдан ўзга чора қолмаган. Йигирманчи юз йиллик, айтиш жоизки, тасаввуфшунослик учун ҳам таназзул ва сохтакорлик юз йиллиги сифатида тарихга кирди. Бунинг ҳам ўзига хос «замини» ва сабаблари бор, албатта. Биз шулардан иккитасини қайд этиб ўтмоқчимиз.
Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс»ида ёзилишича «Ташқи бир мажбурият ила такаллуф юзасидан тасаввуф ҳақида баҳс юритган гуноҳкор бўлур. Чунки бошдан ўтказилмаган, яъни яшалмаган бир нарса хусусида сўзлаш кишини йўлдан адаштирур». Тан олиб айтайлик, тасаввуфий ҳаётни яшамаганимиз, завқу шавқини тотмаганимиз, шу ҳаёт, шу маслакнинг куч-қудрати, энг нозик, энг латиф сир-асрорларини тўғри идроклай олмаганимиз туфайли нафақат тасаввуф, балки тасаввуф адабиётини билиш ва текширишда ҳам адашишлар бўлди. Ва бунинг давом топиш жараёни янада нохушдир. Биргина мисол келтирай.
Яқинда журналларимиздан бирида, Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонига бағишланган бир мақолани ўқиб қолдим. Мутахассислар уни қандай қабул қилишди – билмадим, аммо мен, шўрлик Мажнуннинг аҳвол-руҳиясига ачиндим. Агар мажозий ишқдан илоҳий ишққа кўтарилиш ва ишққа фоне бўлиш сирларини очишда қайси бир олим, Ҳегел таълимоти, физикларнинг ёруғлик табиатига доир мунозараси, «биологик эволюция назарияси», японлар барпо этган «технократ жамият», «кентавристика» деб аталган фан соҳаси кабиларга диққатни тортишини Қайс аввалдан сезганда эди, ақл-ҳушини йиғиштириб жунун йўлидан кечмоғи ҳам ҳеч гапмасди. Ҳар қандай ҳақиқатни бошқа бир ҳақиқатлар билан боғлайдиган ёхуд боғламайдиган, қиёслар мутаносиб келадиган ёки келмайдиган моҳият «майдони»ни олим чуқур фаҳмламаса, ким фаҳмлайди?
Дарвоқе, мантиқий, илмий масъулиятсизликларнинг юзага чиқишида тасаввуф, айниқса, тасаввуфга оид асарларнинг «айб ғинаси» борлигини ҳам билиш керакка ўхшайди. Шамсиддин Нақшбандий тасаввуфга доир китобларни «яланғоч чўри»га ўхшатади ва ёзади: «Чунки ул асарлар кимнинг қўлига тушса ўша кимса унга ўзининг либосини кийдирур. Мабодо улар аскар қўлига тушса – аскар кийими, ҳунарманд қўлига тушса – ҳунарманд кийими, хожа қўлига тушса – хожанинг кийими, ғофил панжасига тушса – ғофил кийими кийдирилур. Бу ишларнинг ҳеч бирига ул «чўри» қаршилик қилмас».
Кўрдингизми, «тасаввуфшунослик» қандоқ «эркин» соҳа. Шамсиддин Нақшбандий айтган «чўри»дан битта-яримтаси қўлга илиниб қолса, бас – истанг сўфийлик, истанг – фалсафа, хоҳланг – адабиётшунослик жабҳасида гумбурлатиб ёзаверасиз. Буни зинҳор-базинҳор киноя, дея англаманг. Чунки дунё миқёсида аҳвол шунақа. Мана, яқинда хорижда чиққан «Овро-Осиё халқ сўфизми» номли икки китобдан таркиб топган бир асар. У ҳақида батафсил тўхталиш имкони йўқ. Эҳтимол, бунинг ҳожати ҳам йўқдир. Зеро, унинг «Ўзбекистонда халқ сўфизми» деган қисмидан биргина парчани ўқиш билан бизнинг мақсад-муддаомизни англашингизга ишонамиз.
Ана ўша парча: «Бухорода чақалоқ киндиги кесилгандан сўнг қулоғига азон ўқилурди. У ўғил бўлса отаси: «Ўғлим катта одам бўлсин, хонадон соҳиби бўлиб уй қурсин, эвли, юртли бўлсин», дея 20-30 чинор дарахти кўкартирарди. Қиз туғилса: «Қизим ақлли бўлсин, сут соғиб қатиқ уютсин», деб унинг учун сигир сотиб оларди. Қулоғига азон ўқиш уч кун давом қиларди. Шу тарзда Оллоҳнинг исми ила таништириларди…».
Мана, Сизга сўфизм ва сўфийшунослик. Бу ерда изоҳ ортиқча, албатта. Аммо тасаввур қилайлик, юқори навли қоғоз, чиройли муқоваларда босилган шундай асарлар тасаввуфга меҳр қўйган, рост билан ёлғонни ҳали яхши фарқлолмайдиган ёшларнинг қўлига тушиб қолди. Нима бўлади? Ахир, «халқ сўфизми» – қандай салмоқли, ўзига қизиқтирувчи ибора. Қарабсизки, халқ оғзаки ижодиёти қаҳрамонларига битта-биттадан сўфийлик «паспорти» инъом этилади…
Мен тасаввуф таълимотини чуқур билиш ва пухта эгаллаш тарафдориман. Айни пайтда тасаввуф мавзусини эрмакка айлантириш, ҳамма нарсани сўфийликка тиқиштиравериш, ҳатто Турди Фароғийга ўхшаш шоирларимиз шеъриятидан тасаввуфий маъно ва бўёқлар ахтаришга бутунлай қаршиман.
Энди икки оғиз сўз Хожа Нас риддин ва унинг сўфийлиги борасида. Маълумки, «ЎзАС» газетасининг 8 феврал сонида Алишер Навоий ижодиётига бағишланган давра суҳбати берилган эди. Унда биз ҳам иштирок этиб, тасаввуфшуносликнинг ҳозирги аҳволига доир айрим мулоҳазаларни билдиргандик. Орадан унча кўп вақт ўтмай, тасаввуфшунослик Хожа Насриддинни ҳам сўфий қиёфасида кўрсатишгача борди, деган мазмундаги гапга эътироз ўлароқ ёзилган Мурод Каримнинг ихчамгина мақоласи ҳафтаномада чиқди. Умуман олганда, эътироз менга ёқди. Негаки, сўфийлик шарафли бир «тож»га менгзаб қолди. Истиқлолимиздан олдин тасаввуф ва тариқат калимасини эшитишданоқ ғазаби қўзғайдиганлар фақат Шарқимизнинг эмас, Ғарбдаги машҳур шахсларни ҳам тасаввуфга яқинлаштиришга ташаббускордирлар. Бас, шундоқ экан, бир олим Бенжамин Франклиннинг «ахлоқий баркамоллик кодекси тасаввуф таълимоти, айниқса, нақшбандий тариқати билан ғоятда уйғун», деб ёзиб чиққанида қадрдон, тўғрисўз ва жасур Насриддин Афандимизни тариқатдан йироқлаштириш адолатсизлик бўлмайдими? Гап шундаки, бу масалада, энг аввало, ўзимизда мавжуд матнлар, тасаввуфий эски манбаларга таянишимиз лозим.
Тасаввуфга бағишланган ҳар турли китобларни имкон даражасида ўқиб-ўрганиб юрганимга ҳам йигирма йилдан ошди. Майли, Шарқ олимлари ва тасаввуф арбоблари яратган асарларни айтмай қўя қолай. Ғарбу Шарқда тасаввуфнинг йирик билимдони сифатида эътироф этилган Р.А.Никольсон, Л.Массиньон, Т.Арнальд, Э.Браун, А.Арберри сингари шарқшуносларнинг баъзи тадқиқотлари билан форс, усмонли турк ва рус тиллари ор қали танишиб, Насриддиннинг сўфийлигини қувватловчи ёки тасдиқловчи имо-ишоратга ҳам дуч келмаганмиз.
«Мулла Насриддиннинг ХIII асрдан бошлаб тасаввуф адабиёти қўлёзмаларида учраши фанда эътироф этилган», дейилади «акс-садо»да. Ўша қўлёзмалардан бирортасининг номи, муаллифи тилга олинганда жудаяхши бўларди. Бундан ташқари, «фанда эътироф этилган» дейиш – «Кимлар ва уларнинг қайси тадқиқот ёки китобларида?» деган саволга аниқ жавобни талаб қилади. Чунки Идрис Шоҳ ҳам «Сўфизм» номли асарида ХIII аср қўлёзмалари тўғрисида сўзлайдию, аммо уларнинг ҳатто номларини кўрсатмайди. Бу эса шубҳа туғдириши табиий.
Идрис Шоҳ балки улкан тасаввуфшуносдир. Балки унинг номи ва ишлари Ғарбда маш ҳурдир. Аммо нокамтарлик бўлса-да айтай:мен унинг на «Суфизм» (Москва, 1994), на ўзимизда босилган «Нақшбандий тариқати» номли асарларини наинки илмий тадқиқот, балки жиддийроқ бир оммабоп иш ўрнида ҳам қабул қилолмаганман. Шунингдек, муаллифнинг мавзуга ёндашуви – холислиги, самимияти, масъулиятига ишониш ҳам анча қийиндир. Сўзимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун «Сўфизм» китобидан бир мисол келтирайлик: «Кунлардан бир кун Насриддин чойхонага кириб: «Қуёшга қараганда ой кўпроқ фойда келтиради», дебди. Ундан: «Нечун бундай деб ўйлайсан?» дея сўрашганда у: «Чунки биз тунда ёруғликка кўпроқ муҳтожмиз», дея жавоб берибди» (102-бет).
Бу «латифа»нинг мистик тажриба ёки тажаллийга нима алоқаси борлигини сира англай билмадим. Хуллас, «Сўфизм» китобининг Мулла Насриддин «сўфийлигидан баҳс юритилган қарийб эллик саҳифали фаслидаги кўпчилик мисол ва талқинлар ғирт уйдирма, ёлғон, сохтакорликдан бўлак нарса эмас.
Тасаввуфшунослик, бир қарасангиз, «улоқ» майдонига ўхшайди. Бир қарасангиз «қулоқ чўзма» ўйинини эслатади. Бировлар сўфийликни христианлик, буддавийликка қараб тортса, бошқа бировлар қадим юнон, чин, ҳинд фалсафасига томон тортқилашади. Яна кимлардир даҳрийлик таълимотларига яқинлаштириш истагида ва ҳоказо. Мақсад эса, қандай қилиб бўлса-да, тасаввуфни бош моҳиятдан узоқлаштириш, сийратдан сўнг сувратни ҳам бузиш, бир сўз билан айтганда, илдизга болта уриш. Гоҳо бундай ғаразлар шу қадар билим ва моҳирлик ила амалга ошириладики, беихтиёр «қойил», дегингиз келади.
Саксонинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб, дунёга донг таратган ҳинд илоҳиётчиси, ҳур фикр курашчиси Бхагаван Шри Ражнишнинг русча таржимада кўплаб китоблари юртимизга келтириб сотилди. Мен ҳам улардан ўндан зиёдини олганман. 1993 йили унинг ўттиз босма табоқдан ортиқ «Мудрость песков» (Беседы о суфизме) номли китоби ҳам чиқди. Эътироф этиш лозимки, Шри Ражнишнинг бу асари бошқаларига нисбатан ҳам мароқ билан мутолаа қилинади. Чунки у фактларга бой. Муаллифнинг мушоҳада йўллари кенг. Суҳбат усули ҳам ўзига хос, ҳам кутилмаган қиёс, тимсол ва мажозлар ила безантирилган. Хулласи калом суҳбатлардан сеҳрланасиз. Афсуски, китоб саҳифаларида яширин найрангбозликни ҳамма ҳам пайқай билмаслиги шубҳасиз. У бир ўринда, «Мен тасаввуф фалсафаси ҳақида гапирмайман. Чунки «тасаввуф фалсафаси» деган тушунчанинг ўзи йўқдир. Тасаввуф – муҳокама эмас, изтироб ва кўриш демак», дейди.
Юзаки қаралганда, бу тўғри хулоса. Ислом сўфийлари ҳам тасаввуфни илми ҳол ва назар камоли, деб билишган. Шунга қарамасдан, тасаввуф фақат изтироб ва тажаллий тажрибаси деганимас. Мурид ёки солик ҳол ва назар камолига етишгунига қадар муршид раҳнамолигида тариқат илмини эгаллаган, мушоҳада, муроқаба ила машғул бўлган.
«Тасаввуф фалсафаси» деган тушунча бўлмаса, унда ваҳдати вужуд таълимоти ва буюк Ибн Арабийнинг тарихий хизматлари қаёқда қолади?
Истак шу: тасаввуф мавзуида чет элларда яратилган ва мамлакатимизга етиб келаётган ҳамма китоб, ҳамма тадқиқотларга юз фоиз ишонмаслик керак. Уларга танқидий назар ила қарашни ҳам шакллантиришимиз шарт. Негаки, уларнинг барчасини ҳам илк ва мўътабар манбаларга таяниб, холис ниятда ёзилган, дея олмаймиз. Тасаввуфни саёз англаш, дуч келган китобдан кўр-кўрона қабул қилиш иллати замондош ижодкорлар асарларини тадқиқу таҳлил этаётган олимларнинг ишларида ҳам кўриниб қолаётир. Бу энди бошқа бир мавзу.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 15-сонидан олинди.