Иқбол Қўшшаева. Заковат шуъласи

Жаҳон адабиётининг мумтоз асарлари умуминсоний мерос саналади. Қайси халқ вакили томонидан яратилгани ёки қайси тилда ёзилганидан қатъи назар, бундай асарлар барча замонларда дунё китобхонларига юксак инсоний туйғуларни улашиб, уларнинг маънавий оламини бойитиб келади.
Албатта, ҳар қайси авлод классик адиблар ижодига ўз даври бадиий-эстетик талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб ёндашади ҳамда ўз қурбига яраша ундан маънавий озиқ олади. Шу маънода, улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой асарлари ҳам бугунги китобхонлар учун маънавий сарчашмалардан биридек туюлса, ажаб эмас. Зеро, юрт туйғуси, эътиқод тушунчаси, инсон ички оламининг бениҳоя бой ва зиддиятли манзаралари бу адибнинг асарларида бир қадар теран акс эттирилган. Улардан завқ олиш ва ақл-идрокни бойитиш синчков китобхон учун ҳамиша наф келтиради.
Китобхон бадиий асарни ўзининг ички эҳтиёжидан келиб чиқиб танлайди, ўқийди. Шу маънода, Пауло Коэло “Китоб, бу — катализатор” деганда ҳақ гапни айтган. Дарҳақиқат, бадиий асар шууримиздаги ҳали англаб улгурилмаган ҳақиқатларни қўзғайди.
Шу боисдандир рус ёзувчиси Лев Толстойнинг асарлари менинг ҳам доимий ҳамроҳимга айланган.
Сир эмаски, “Уруш ва тинчлик” романининг мавзу доираси ниҳоятда кенг. Шу боис, ёзганларим бироз тарқоқдек, яъни мавзулар бир-бирига боғланмагандек туюлиши мумкин. Мақолани тутиб турувчи асосий негиз, бу — китобхон кундалигида акс этган Толстой ижодидан ҳайратланиш жараёнларидир.
Бу улкан асар орқали Ватанни англаш, Аёлнинг жумбоқли дунёси, олам таянчига айланган Эътиқод каби боқий мавзу теварагида мулоҳаза юритишга ҳаракат қилдим.
Лев Николаевич Толстой ўн тўққизинчи аср ҳодисаси деб эътироф этилган “Уруш ва тинчлик” эпопеясининг бошланиш қисмини ўн беш марта қайта ишлаб, сўнгги вариантни Аустерлиц жангидан, яъни Россия давлати тарихининг энг шармандали саҳифасидан бошлайди. Шу ўринда бир савол туғилади. Нега, ёзувчи асарни буюк фотиҳни (гарчи бу ибора адибга ёт бўлса-да) чекинтирган, рус миллатининг қаҳрамонлигини намойиш этган машҳур Бородино жангидан — Ватанининг шаън-шавкатини мадҳ этишдан бошламади? Ёки унда ватанпарварлик туйғуси етишмасмиди!
Йўқ, Толстой даҳоси бу йўлдан боришни ўзига лозим топмайди. Ўйлайман… Агар у шу йўлдан борганда унинг қаҳрамонларига нисбатан асрлар ортидан туриб бугун биз биродарлик туйғусини ҳис этиб, ҳамдард бўла олмас эдик. Айниқса, кибор оломон томонидан масхара қилинган, қаҳрамонлик даъвосидан узоқ Кутузовнинг кенг қалбини тинглолмасдим. Толстой закоси яна бир ҳақиқатдан кўз юммайди: гарчи ҳар қанча маҳрумиятлардан қатъи назар, Россия тарихида бу уруш рус халқининг куч-қудратини намоён этган жанг сифатида қайд этилмасин, барибир, у инсоният тарихидаги энг аянчли томошалардан бири эди. Бородино — қўлларига қурол олганча нима мақсадда ва ким учун курашаётганликларини ўзлари ҳам англаб етмаган минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилган жанггоҳнинг номи! Буёқда халқ чумолидек қирилиб кетаётган паллада, жанг саҳнаси ортида ўнлаб амалдорларнинг манфаатлари ўзаро тўқнашарди.
Ёзувчи чинакам рус фарзанди бўлиш билан бирга, башариятнинг бир вакили эканлигини ҳам бир зум бўлса-да, унутмайди… Ҳақиқат қаршисида эса санъаткорнинг миллати йўқ, айни пайтда унинг Ватани бутун олам — борлиқ. Асарни мутолаа қилар эканман, на Лев Николаевичнинг ўзида, на унинг қаҳрамонлари — Пиер Безухов, Кутузов(Кутузовда ортиқча баландпарвоз гапнинг ўзи йўқ, деб таъкидлайди ёзувчи), на княз Андрей, на унинг отаси кекса Болконскийда(бу тажанг қариянинг ҳар бир гапидан ҳақиқатнинг аччиқ бўйи уфуриб туради) — буларнинг бирортасида ватанпарварликка даъвогарликнинг бўм-бўш, яланғоч кўринишини кўрамиз. Айни пайтда, уларнинг ҳар бири бутун қалби билан ўз Россиясини севар, уларнинг ҳар бирларининг қалбида ўзларича кашф этган ўзларининг Ватанлари бор эди. Бу бетакрор тимсоллар атрофида қаҳрамонликка даъвогар яна шундай кимсалар ҳам ғимирлаб юрадики, улар бутун куч-қувватини одам ўлдириш, қирғин қилишга эмас, балки уларни ҳалокатдан қутқазиш, уларга раҳм-шафқат кўрсатишга сарфлаган Кутузовга “Москванинг қўлдан кетишига шахсан сиз айбдорсиз”, дея таъна тошларини отган бир гуруҳ киборлар даврасидир. Улар ҳам Ватанни ўзларича севадилар.…
Албатта, уларнинг Россияга бўлган муҳаббатида кескин фарқ қилувчи тафовут йўқ эмас. Гарчи ҳаммалари рус бўлса-да, уларни бир-бирларидан бегоналаштирувчи жиҳат айнан ўз туйғуларини ифодалашдаги тафовут эди, аслида.
Ёнаётган Москва кўчалари бўйлаб шиорнамо хитобномалардан иборат афишани кўтарганча зир югураётган жаноб Ростопчин қиёфасини бир кўз олдингизга келтиринг…
Ундаги қаҳрамонликка бўлган иштиёқ шуни талаб қиладики, қурбон керак… халқ фаровонлиги учун юзлаб верешчагинларнинг қони керак… Лекин ўша қон жанобнинг пўрим либосига сачрамаса бўлди… Ахир, қандай қилиб бўлмасин, ўзининг жонажон Москвасига бўлган чексиз муҳаббатини исботлаши керак-ку! “Мен пойтахтимнинг девори остида жон беришга тайёрман!!!” Афсуски, графдаги муҳаббатнинг бор кучи мана шу ҳайқириқдан нарига ўтмайди…
Қизиқ, шундай фаол арбобни, шундай жонкуяр фуқарони Толстой нега биринчи планга чиқармаганига ҳайронсан. Ҳатто, Бондарчукнинг кинокамераси ҳам бу зотни назарига илмайди-я? Ёки режиссёр шундай ҳам бу олам ростопчинлардан иборат-ку деган хулосага келганми?
Албатта, Ватаннинг қалбига қулоқ солмоқчи бўлган инсон, умумбашарий изтиробларни юрагидан ўтказмаса ҳеч қачон Унинг дардларини тушунолмайди. Унинг севинчи-ю қайғуси нимадалигини англолмай ўтиб кетади (Ростопчиннинг фожиаси ҳам шунда эди!). Ҳеч қурса, умри давомида бир маротаба бўлса-да, княз Андрейдек “Менинг ўғилчам ўсаяпти, ҳаётни кўриб қувонаяпти, лекин у ҳам бошқалар каби бу ҳаётда ё алданади, ва ё алдамчи бўлади…”, дея ўртанмаган шахснинг “юрагида Ватани йиғлолмайди…”(гўё Ойбекдек). Шунинг учун ҳам ҳар бир Тирик Инсон борки, князни ўзининг замондоши, ҳамдарди деб билади. Ҳаёт-мамотга айланган бу хавотир туфайли гўё ўзингни У билан бир дарахт соясида нафас олаётгандек сезасан. Дунёга келдинг, ҳаётни ёруғ туйғулар билан томоша қила бошлайсан. Ҳа-ҳа, айнан ҳаётни томоша қилганингдагина тайғуларинг шу қадар покиза ва баланд бўлади. Бироқ, унинг иштирокчисига айланганингда-чи? Ахир бир умр томошабин бўлиб ўтолмайсан-ку! Мана шунда бояги “Ё ҳаёт, ё мамот” даражасига кўтарилган мангу савол қаршингда кўндаланг туради. Ё алдайсан, ёки бир умр алданган инсоннинг ролини ўйнаб яшайсан… Балки, шоир каби муаллақ турган ишончингни ёнингдаги инсондан изларсан…

О, ким ҳам етарди
менинг додимга.
На ер сарварлари,
на сарват, на дин,
Инонмоғим учун одам зотига
Мен сенга инонмоқ
истайман олдин.

Саркаш руҳ шоиримиз Рауф Парфи инсониятга ишониши учун, авваламбор, ишончни муҳаббатидан, яъни маҳбубасидан кутади. Бу ҳаётга бўлган муҳаббатингни асраб қолиш ва одамларга бўлган ишонч туйғуси илдизи билан буткул йўқолиб кетмаслиги учун ҳам, ҳеч қурса У алдамаса!.. Биргина Унинг садоқати ортида ҳамма, қолаверса, борлиқ бор.
Хўш, ҳамма аёлнинг ҳам қалби ҳамиша суянишинг учун тоғ вазифасини бажара оладими? Агар шундай бўлганда, нега княз Андрей граф Безуховга: “Қариб тамом ишдан чиққанингдан кейингина хотин ол… Йўқса, бор фазилату камолотинг бекорга кетади, майда-чуйда нарсаларга сарф бўлади… Сен келажакда ўзингдан бирон нарса кутадиган бўлсанг, хотин олгандан кейин ҳамма нарса барбод бўлганини ва сенинг учун ҳамма йўл беркилиб қолганини ҳар қадамда сезиб юрасан. Ягона очиқ йўл меҳмонхона бўлиб қолади… Хотинга боғланиб қолдингми, демак, кишанга тушдинг — буткул эркингни йўқотасан. Отам айтганидек, киборлар суҳбатида ўтирганда уларга қарасанг, худди бир нима бордай кўринади-ю, ҳақиқатда эса ҳеч нарса йўқ…” дея ҳасрат қилади. Назаримда, Лев Николаевич Софя Андреевнадан топган ҳақиқатининг барча аччиқ-аламларини Андрей Николаевичнинг тилидан айтгандек. Ҳолбуки, бояқиш ҳар бир аёл ўзини кимнингдир бахтиман деб билади. Гарчи ўзим ҳам бу шўрлик қавмдан бўлсам-да, бу шафқатсиз ҳақиқатни инкор этишга ожизман. Мени кечиринглар-у, ҳаётий кузатувларим ҳам князнинг фикрини тасдиқлайди. Лекин қалбни овутадиган бир таскин бор; айнан ўша инсон, яъни ҳаёт ва ўлимнинг мангу категориялари ҳақида ўйлаётган ярадор княз Болконскийни тинглайлик: “Бутун дунё менинг учун иккига бўлинган: бир бўлагида Наташа ва у билан бирга бутун бахт-саодат, умид-орзу, ёруғлик; иккинчи бўлаги — у бўлмаган бўлагида — умидсизлик, маъюслик ҳамда зулмат… Мен Наташанинг сўзларига тушунардим. Тушуниш билан бирга мен унинг қалбидаги кучни, унинг самимийлигини, очиқлигини, жисмига сиғмай турган руҳни, қалбини севардим, жону таним билан севардим, бахтиёр эдим… Учи(Наташани олиб қочмоқчи бўлган Анатол Курагин — И.Қ) унинг қиёфасида фақат сўлим бир қизни кўрди холос…”
Андрей Болконскийнинг бу самимий иқрорини ички титроқ билан ўқирканман, беихтиёр Аёл қалбидаги кучни ҳис қилмасдан, унинг жисмига сиғмай турган руҳга тик қарай олмай, у билан бўйлашолмай кетган ва кетаётган минглаб эркакларга нисбатан кўнглимдан ачиниш ҳисси ўтади. Ўзини таниган етук бир инсон томонидан аёллар дунёсига бўлган бир-бирига зид, аммо бири иккинчисини инкор этолмайдиган икки хил қараш. Табиийки, бу икки хил тоифа аёлсиз эса бу дунё кемтик бўлиб қолар эди. Қайсидир маънода гоҳида аёллар эркаклар учун йўқотишлар, маҳрумиятлар, афсус-надоматлар, хатолар манбаидир, эҳтимол… Бироқ князнинг иқрорини англашга уринсак, бошқа бир тоифа Аёл улар учун қалбни унсиз ибодатга келтиргувчи куй, руҳиятидаги тугунга айланаёзган ғижимларни ечгувчи, руҳий дағалликлардан ҳимоя қилгувчи мусиқадир… Таъбир жоиз бўлса, тазаррусидир балки… Ҳинд қадриятларига биноан, эмишки, қайсики инсон муқаддас Ганг дарёсининг сувларига чўмилса гуноҳлардан фориғ бўлармиш. Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳиндлар дарёга “Она Ганг” дея топинадилар, яъни уни Аёл тимсолида кўрадилар ва кўп ҳинд оилаларида қиз болаларга Ганга исми қўйилади. Ахир, бир ўйлаб кўринг, бу ажиб уйғунликда аёл дунёсининг асл моҳиятини англатувчи буюк ҳикмат яширинган эмасми? Бу икки хил муносабатнинг қанчалик ҳақиқат эканлигини исботлаш учун ҳам тарихдан, ҳам ҳаётдан етарлича мисоллар топилади. Гоҳида аёлларнинг жамиятдаги ёки оиладаги ҳақ-ҳуқуқлари ва ўринлари борасидаги, ким ҳақу, ким ноҳақ каби зўрма-зўраки ясама саволларга дуч келгудек бўлсам, пешонам муздек деворга “тақ” этиб урилгандек бўлади… Назаримда, буларнинг бари ўша биз назарда тутаётган Аёл моҳиятини англатмайди, аксинча уларни ўзларининг муқаддас вазифаларидан чалғитади, холос. Баъзан, бу каби енгил шабадага ҳам дош беролмайдиган баҳслардан кўз юмганча, аёлнинг ТАБИАТ олдидаги масъулияти ҳақида ўйлаганимиздагина Княз Андрей ҳасратининг тутунини ва иқрорининг сирини тушунгандек бўламиз. Фақат биз бу жараёнда ҳур тафаккури билан ўзини эркин ва бахтиёр сезган асирликдаги Пиердек руҳимизга тушов бўлган бошдаги зиндончалардан озод бўлишимиз лозим. Назаримда, олам таянчига айланган Эътиқод орқалигина бундай олий ҳурликка эришиш мумкин.
Балки ёшлигим туфайлими… билолмадим… ҳануз мени бир савол қийнар эди. Наҳотки, шундай ўқимишли, хоҳ дунёвий мавзуда бўлсин, хоҳ диний мавзуга доир неки савол берсанг, барисига ҳозиржавоб инсонлар… жўнгина заминий саволлар рўпарасида ўзини шу қадар ожиз сезишса? Ернинг ўзидан-да, паст одатий “қоидача”ларига шу қадар тобеъ бўлса? Ахир, қандай қилиб?! Бу ўзбошимча-бебош саволга дуэлдан сўнг Пиер билан мулоқотда бўлган кекса масон Осип Алексеевич Баздеев шундай жавоб беради:
“Ҳикмати илоҳий ва ҳақиқат ичмоғимиз керак бўлган покиза сув демакдир. Бу покиза сувни нопок идишга қуйиб, бу тозами-нотозами деб ўтириш мумкинми? Мен аввал ўзимни пок қилсам, ундан кейин бу сувнинг маълум даражада поклигига эришган бўламан… Ҳикмати илоҳий ягонадир. Ҳикмати илоҳий бир илмдан ҳамма нарсани, оламнинг яратилиши ва унда инсонннинг тутган ўрнини тушунтириб берадиган илмдан иборат. Бу илмни забт этиш учун одам ўзини, кўнглини пок қилиши керакдир. Шунинг учун бу билимни билишдан олдин эътиқод такомиллашиши лозим. Бу мақсадларга эришмоқ учун қалбимизда виждон отли нури илоҳий жойлаштирилгандир.”
Осип Алексеевичнинг бу мулоҳазасини граф Безухов билан биргаликда тингларканман, йиллар қаъридан туриб бетимсол Ойбек қиёфасидаги нурнинг шуъласи кўнглимни шам каби ёритгандек бўлади.
Пиернинг хотира дафтаридан: “Дилимизни пок қилмасдан туриб маросимни ҳаром-ҳариш адо қилишга киришамиз ва ёки ўзимиз разолат ва фисқ-фужурнинг тимсоли бўла туриб, бани башарни тўғри йўлга солмоқчи бўламиз”.
Ҳақиқатан, мана шу башарий иқрор ҳар қандай шамолларга тебранавермайдиган, олам мувозанатини ушлаб турувчи мутлақ Ҳақиқатни бутун бўй-басти билан кўришимизга халал беради.
“Ер юзида, мана шу ер юзида ҳақиқат йўқ — ҳаммаёқ ёлғон ва ёвузликдан иборат, лекин оламда, бутун оламда ҳақиқат ҳукмронлиги мавжуддир, биз энди ер болалари, абадан эса бутун олам болаларимиз. Шу буюк, мутаносиб бир бутун нарсанинг бир қисми эканлигимни наинки мен сезмасам? Қудрати илоҳий намоён бўлган шу сон-саноқсиз махлуқотларнинг бири, энг қуйи босқичдаги махлуқ билан энг юқори босқичдаги махлуқ орасида бир босқич эканлигимни наинки сезмасам?.. Агар Худо ва охират бўлса, у вақтда ҳақиқат ҳам бор, эзгулик ҳам. Ва инсоннинг энг юксак саодати мана шуларга эришмоққа ҳисса қўшишдир”.
Албатта, биз ҳам шу тўхтамга келишимиз учун адаша-адаша ўз ҳақиқатини топаётган Пиернинг хатоларини босиб ўтишимиз, яъни унинг умрини яшашимиз шарт эмас. Қолаверса, вақт бу борада шафқатсиз. Бироқ бизга Оллоҳ томонидан ҳис-туйғу билан биргаликда мулоҳаза қилишимиз учун онг инъом этилган. Мана шу бебаҳо неъмат орқали бу ҳикматни ўзлаштириб, ўз дунёмиздан— қалбимиздан ўтказиш имконига эгамиз.
Айтайлик, агар мен мана шу ер юзига икки оёғим тегиб турганлигини ҳис қилганча, унинг қонун-қоидаларини бир зум ҳам унутмасдан ҳақиқатнинг юзига тик қарамоқчи бўлсам, мен учун ҳар қандай оддий уринишлар ҳам жасоратдек бўлиб туюлаверади. Одатан эрта тонгда қичқирадиган хўроз эса жасурлик тимсоли бўлиб кўринади. Кўз ўнгимда ўз-ўзидан бирин-кетин Шахслар гавдаланади… Ёки ёлғон-фаровон яшашнинг усулларидан биридек… Ҳатто, ўзимча, изтироблар ёғида қоврилгандек ҳам бўламан…
Магарки, мен наинки оёғимни, руҳимни ҳам мана шу заминга боғлаб турган занжирларни узганча, Пиер айтмоқчи, буюк мутаносиб бир бутун нарсанинг қисми эканлигимни ҳис қилиб, борлиққа дахлдорлигимни англаганимда, ер юзидаги олти миллиард инсондан бири бўлиб фикрлаганимда, мен аввалида жасорат деганим, инсоннинг ўз мавжудлигини исботлаш йўлидаги шунчаки уриниш, холос. Шахс деб таниганим эса, имконияти даражасидагина ўзининг инсоний бурчини амал-тақал қилиб бажаришга уринаётган, инсонга хос заифликлардан холи бўлмаган ожиз бир банда бўлиб кўринади. Изтироб деб атаганим эса шунчаки тушкун кайфиятнинг маҳсули, одатий кечинма, дийдиёнамо минғирлаш бўлиб чиқади.
Шунинг учундир, гоҳида ваъз-насиҳатларга ҳам тоқат қилиш қийин. Хоҳ диний мавзуда бўлсин, хоҳ дунёвий… Бу маърузаларда ҳар қанча ақлли гаплар бўлмасин, бари қуруқ ва расмийдек. Гоҳида улардаги эҳтирос ҳам эриш туюлади. Негаки, бу эҳтирослар яшалмаган, аксинча, тўқилган, аниқроғи, ёдлангандек таассурот уйғотади. Назаримда, у давралар Оллоҳ, Ватан ва Муҳаббат — бу буюк учлик билан боғлиқ шахсий кечинмалар ким ўзарга намойиш қилинаётган ўйингоҳга айланиб қолаётгандек… Шунда ўйлаб қоласан, наҳотки, ҳануз ҳам ғофил Лирнинг фожеий томошаси инсониятнинг кўзини очолмаган бўлса?! Кечирасиз-у, бу куюнчак нутқлардан кўра, қушларнинг оддий чуғур-чуғури ёки кўкдаги синиқ ойнинг шикаста шуъласи оламнинг кўксига бош қўйиш учун кўпроқ ёрдам берадигандек. Борлиқни фақат чексиз самимият орқалигина қабул қилгинг келади. Зеро, китобда ҳам шундай ёзилади: “Олам зулмат қучоғида бўлган чоғларда фақат ваъз-насиҳатнинг ўзи кифоя қилар эди. Чунки ҳақиқатнинг янгилиги унга куч бағишларди, лекин ҳозир эса бошқа кучлироқ бир восита топиш керак. Энди ўз туйғулари ҳукмида бўлган киши эзгуликда ҳиссий бир гўзаллик кўра олиши керак. Одам боласининг кўнглидан эҳтиросни чиқариб ташлаб бўлмайди, бу эҳтиросни фақат олижаноб мақсадларга томон йўналтириш керак”.
Бу битиклар аслида аъёнлар назарида тасодифий меросхўр, бир ишининг тайини йўқ, машҳур хонимнинг кўрнамо эри, айиқсифат ғалати бир кимса Пиернинг “хотира дафтари”га қайд этилган. Улар ўз ғийбатларида кекса Безуховнинг бу ноқонуний ўғлини ҳеч ҳам унутмайдилар. Улар Пиер Безуховдаги бу улуғвор сокинликка ташқи ялтироқликлардан иборат ўзларининг ночор дунёларининг мажруҳ ҳукмидан келиб чиқиб қарайдилар. Бироқ сен ҳам ҳар қанча уринма, уларга руҳий фаоллик кучайган жойда, ижтимоий фаоллик ўз-ўзидан сусайишини тушунтиролмайсан. Ҳа, шоир бекорга айтмаган бўлса керак, “Нега бошинг қуйи, балки, ўйларинг билан биздан-да баландроқдирсан”, деб.
Дарвоқе, ёзувчининг ўзи ёзади: “ … Пиер Осмонга қарар экан, ўз руҳи турган юксаклик олдида ердаги барча тубанликларни сезмас эди…”.
Машшоқ қўлига чолғусини олар экан, бир куйни чалишдан олдин уни обдон созлайди. Аслида, у ўша дамда чолғу билан биргаликда ўзини ҳам созлайди. Олий қадриятларга таянган ҳолда камолот сари қадам ташлаган Инсоннинг чолғуси эса бу унинг руҳидир. У ҳам худди машшоқ сингари ўз руҳини созлаб, тоблаб туриши керак.
Бу руҳий тобланишнинг юксак чўққисига башариятнинг сараланган вакиллари — абадий арзандаларини уқиб олиш орқалигина чиқилади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 36-сонидан олинди.