Ҳомиджон Ҳомидий. Одамлар қалбининг чароғи билим

Асарлари асрлар оша барҳаёт яшаб келаётган шоир Абу Абдуллоҳ Рудакий Шарқнинг беназир буюклари қаторида туради.

Бўлажак даҳо санъаткор Абу Абдуллоҳ Жаъфар бинни Муҳаммад бинни Абдураҳмон Одам 858 йилда қадимий Панжакентнинг Панжрудак қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Дастлабки таълимни оила муҳитида олган Жаъфар Самарқанд мадрасаларида таҳсил кўриб, замонасидаги барча билимларни пухта эгаллайди, Қуръон ҳофизи даражасига етади; халқ шеърияти, қўшиқларини севиб куйлаб юради; машҳур машшоқ ва бадиҳагўй Абу Аббос Бахтиёрдан мусиқа илмини ўрганади; барбат, руд, уд, чанг, қонун асбобларини чалишда шуҳрат қозонади, мусиқаларга ўзи шеърлар битади; уларда “Рудакий” тахаллусини қўллайди.

Араблар истилоси тугатилиб, марказлашган давлат барпо этилгач, Хуросону Мовароуннаҳрда илм-фан, маданият, адабий ҳаёт, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланади. Айниқса, давлатнинг қудрати Амир Наср II Сомоний (914–943) даврида янада ошади. У шаҳару қишлоқлардан, узоқ-яқиндан аҳли ҳунар, илм-адаб аҳлини пойтахт Бухорога тўплайди ва уларнинг фаолияти учун шароит туғдириб беради, ҳомийлик қилади. Шеърият ва мусиқада шуҳрати ошган Рудакий ҳам саройга олинади ва “Маликуш-шуаро” этиб тайинланади. Натижада шоир бутунлай ижодга шўнғиб кетади: қасидалар, ғазаллар, рубоий, қитъа, достонлар яратади. Унинг обрўси ортиб, бойлиги ошиб боради. Бу хусусда машҳур тарихчи ва адабиётшунос Муҳаммад Авфий “Лубоб ул-албоб” тазкирасида қуйидагиларни ёзган. “…Рудакий уста чолғучи бўлиб етишгач, унинг овозаси бутун дунёга ёйилди. Хуросон амири Наср бинни Аҳмад Сомоний уни яқин кишилари қаторига қўшгач, у юқорилаб кетди, бойлиги эса ҳаддан ташқари кўпайди… Ундан кейинги шоирлар орасида ҳеч кимга бундай бойлик насиб этмади ва ҳеч ким унингдек бахт эгаси бўлолмади”.

Ҳақиқатда ҳам Рудакий Сомоний амирларининг энг “яқин надими” (Авфий) сифатида хушхон ҳофиз, моҳир машшоқ, моҳир шоир сифатида беқиёс обрўга эга эди. Сомоний амирларнинг барча сафарларида шоир асарларининг қўлёзмалари Турондан Хуросон шаҳарларига туяларга юклаб олиб юрилиши ҳам буни тасдиқлайди. X асрнинг ўрталарига келиб, Сомонийлар саройидаги аҳвол оғирлашади: айрим ҳур фикрли зиёлилар “фотимийлар” ҳамда “қароматийлар” ҳаракатларига хайрихоҳ сифатида қатағон этиладилар; қирқ йил вазирлик қилган маърифатпарвар донишманд Абулфазл Балчамий вазифасидан олиниб, саройдан четлаштирилади. Ўз ҳомийси ва дўстларидан жудо бўлган, қариб-қартайиб қолган, сарой атрофидаги машмашалардан зада бўлган Рудакий умрининг охирги йилларини ўз қишлоғида ўтказиб, 941 йилда вафот этган.

Қадимий сарчашмаларда Рудакийнинг шахсияти, тақдири ҳақида турли-туман, ҳатто зиддиятли фикрлар мавжуд: айрим олимлар шоир туғма кўр эди дейишса, баъзилари у қароматийлар тарафдори бўлгани учун кўзларига мил тортилиб, саройдан бадарға қилинган, дейишади. Баъзи тадқиқот ва мақолаларда эса шоир қанд касалига гирифтор бўлгани учун қариганида кўр бўлиб қолган, деган фикрни уқтиришади. Бизнингча, Рудакийнинг “туғма кўр” бўлгани ҳақиқатга яқин. Зероки, Гомер, Абу Аъло ал Маарий, Аҳмад Югнакий сингари буюк шоирлар ҳам туғма ожизликларига қарамай, ўз ижодлари билан беқиёс юксакликка кўтарилганлар.

Рудакийнинг ижодий мероси ҳақидаги мулоҳазалар ҳам ҳар хил. Саолибий (XI), Муҳаммад Авфий, Низомий Арузий Самарқандий (XIII), Давлатшоҳ Самарқандий (XVI) каби олимлар шоир асарларини бир миллион байтдан уч миллион байтгача тахмин қиладилар. Бу рақам қай даражада муболағали бўлмасин, муттасил бадиий ижод билан шуғулланган, доим бадиҳа тарзида шеър айтиб юрган Рудакий мероси улкан бўлиши табиий. Юксак ватанпарварлик руҳидаги “Бухоро” қасидасининг яратилиши ҳам бу мулоҳазани қувватлайди. Афсуски, мўғул яғмосининг ваҳшийлиги туфайли миллионлаб қўлёзмалар сақланаётган Ўтрор ва Бухоро китобхоналаридаги дастхатлар куйиб кул бўлди. Шунинг учун Рудакий асарларидан бизга қадар бир минг бир юз байтдан зиёдроқ намуналар етиб келган, холос. Аммо ана шу боқий мисраларнинг ўзиёқ Рудакий даҳоси ҳақида мукаммал тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Маълумки, IX–X асрларда ҳали форсий адабий тил тўла шаклланиб улгурмаган, унда етарли даражада бадиий ижод неъматлари яратилмаган эди. Ана шундай бир шароитда Рудакий халқ жонли тили унсурларига, оғзаки ижод инжуларига суянган ҳолда форсий адабий тил асосларини қурди, форс-тожик адабиётига асос солди. Бу соҳада айтарли анъана бўлмаган қуруқ ерда лирик турнинг барча жанрларида мумтоз асарлар яратди. Бадиий ижоднинг барча соҳаларида биринчи бўлди. Шунинг учун ҳам замондошлари уни “Одамуш-шуаро – шоирлар Одам Атоси” деган ном билан сарафроз этишди.

Ҳақиқатда ҳам Рудакий шеърларини кўздан кечирар эканмиз, уларда ҳақиқий ишқ билан мажозий ишқ, инсондўстлик, ватанпарварлик, илм ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш, инсоф ва диёнат, адолат ва адолатли шоҳ, она табиатга меҳр, гўзал табиатни авайлаб-асраш ғоялари бетакрор нафис образларда тасвирланганига гувоҳ бўламиз. Шоир ғазалларида ошиқнинг руҳий кечинмаларини қай йўсинда бокира тарзда ифодалашга эришса, маъшуқа чиройини ундан-да гўзал воситаларда чизади. Масалан, бир байтда ёрнинг садафдек тишларини ёмғирдан сўнг ниҳол шохчасида тизилиб қолган шаффоф доначалар – томчиларга ўхшатса, бошқа бир байтда ёр юзидан пардани кўтарганида қуёш хижолатдан юзини беркитди, яъни ўзини булут орқасига олди, дейди. Маъшуқанинг этаклари ер юзидан судралиб ўтгани учун тупроқ покланиб, “сув бўлмаса таяммум” этиб ибодат қилиш жоиз бўлган экан. Бундай тасвир мавлоно Лутфийда ҳам учрайди. Ошиқ эрталаб боғ сайрига чиқса, анҳордан гулоб ҳиди анқирди. Ё раб, ёрим мендан олдин чиқиб ариқ бошида қўл, юзини ювдимикан, деб ўйга толади ошиқ. Рудакий руҳий ҳолатни табиат чиройининг турфа унсурлари таърифи орқали чизади:

Баҳор ойи етиб келиб, қиш ойини этди яғмо,
Фазо юзин қоплади чанг, қонга тўлди дашту саҳро.
Илк баҳорнинг кўз ёшидан шохлар олди юзига ранг,
Ҳамал ойин хуш ҳидидан бўлди тупроқ анбаросо.
Лайли юзи каби лола кенг саҳрода кулиб турар,
Мажнун кўзи каби булут қон ёшини қилур дарё.
Оқар сувдан келмоқдадир ҳар соатда гулоб ҳиди,
Менинг ёрим ариқ ичра гул юзини ювмиш гўё.

Рудакий асарларида инсонпарварлик, илм эгаллашга даъват, инсонни шарафлаш, бу дунёда “бани одамга яхшилик қилиб” яшашга ундов, Оллоҳ томонидан берилган қисқа умрни илм ўрганиб, уни ижтимоий фойдали меҳнатга сарфлашга даъват қилиш етакчи ғоявий йўналишлардан ҳисобланади:

Шу оддий кўз билан боқмагил, балки,
Билим кўзи билан боққил жаҳонга.
Жаҳон денгиз эрур яхши ишингдан,
Кема ясаб ўтгил нариги томонга.

Шоир асарларида шоду хуррамлик, Наврўзи олам тароватию шаробнинг ҳаётбахш фазилати, ёрнинг нозу карашмасию дўстлар дийдорининг фараҳбахш қудрати, хайр-эҳсон, исроф ва мурувват, раҳм-шафқатли бўлиш каби ҳаётбахш оҳанглар маснавийларию қасидаларида, қитъаю рубоийларида зўр мусиқийлик тараннум этилади. Рудакий қасида жанрининг мумтоз намуналарини яратган. “Бухоро”, “Майнинг онаси”, “Қариликдан шикоят” сингари асарларида шоир бир томондан ватанпарварлик, инсонийлик, умрнинг қадрига етиш хусусида жўшқин фикрлар юритса, иккинчи томондан гўзал табиатни севиш, ҳамиша шоду ҳуррам яшашга чорлайди. Сомоний зодагонлар мадҳига бағишланган қасидаларда эса шоир кўпроқ уларнинг давлат равнақи йўлидаги хизматларини, халқ фаровонлигини оширишдаги саъй-ҳаракатларини таърифлашга интилади. Ҳайратланарлиси шундаки, маснавийнавислик ҳали кенг тарқалмаган бир даврда Рудакий “Калила ва Димна”, “Синдибоднома”, “Даврони офтоб” достонларини ёзиб, уларда юксак инсоний ахлоқ-одобни, ватан, дўстлик, халқ қаҳрамонлигини, мақсад-эътиқод йўлида жонфидолик билан курашишни, илм-маърифат, касб-ҳунарни тарғиб этди. “Калила ва Димна”нинг маърифий-фалсафий қимматидан ҳайратга тушган Наср бинни Аҳмад шоирни 14 минг олтин танга билан сийлаган.

Тўққизинчи-ўнинчи асрларда Лайли ва Мажнун, Юсуф ва Зулайҳо, Фар-ҳод ва Ширин, Вомиқ ва Узроларнинг севги саргузаштлари ҳали китобий қиссалар шаклига айланиб улгурмаган эди. Рудакий бўлса, ўз шеърларида бу саргузаштномалар сюжетини, улардаги бош қаҳрамонларни бадиий детал, поэтик восита сифатида кўп қўллайди. Демак, шоир Шарқ халқлари оғзаки ижодида кенг тарқалган ишқий ривояту афсоналарни ҳам ҳар жиҳатдан пухта ўрганган. Ҳатто у бир шеърида Юсуфнинг уч сеҳрли кўйлаги ҳақидаги ривоятга ишора қилади. Рудакий асарлари ўта содда, равон бир усулда – саҳле мумтанеъ – “осону мумкин эмас” усулида ёзилган. Ўтмишда жуда кўп форсигўй шоирлар унинг асарларига ўхшатма, тазминлар ёзган. Аммо бирон ижодкор Рудакий даражасига етолмаган. Жумладан, “Жўйи Мўлиённинг бўйи келади” деб бошланадиган Бухоро қасидасига форс-тожик адабиёти классикларидан 120 шоир назира ёзган. Аммо биронтаси асл матн даражасига етолмаган: вазн, оҳангини топганлар мавзуда қоқилган, мавзуни нишонга тўғри ола билганлар эса, мусиқийликни, қофияни уддалай олмаганлар.

Шунинг учун ҳам ўтмишда яшаб ўтган буюк сўз санъаткорлари Рудакий даҳосини муносиб қадрлаган, унинг шеърий қудратига юксак баҳо беришган. Жумладан, забардаст лирик шоир, биринчи шоҳноманавис Дақиқий уни шундай таърифлайди:

Ғазал рудакийвор бўлгай гўзал,
Рудакийча ғазал ёза олмадим.
Жуда нозик хаёл билан уриниб,
Бу парда ичига йўл тополмадим.

Абу Абдуллоҳ Рудакий ўзи куйлаган инсонсеварлик, ватанпарварлик, маърифатпарварлик, халқлар дўстлиги ғоялари билан барча замонларда башариятга хизмат қилаверади. Шоир ижоди ўзбек халқига жуда яқин. Бобур “Мухтасар” рисоласида шоир асарларидан намуналар келтирган, Пўлатхон домла Қаюмий ўз тазкираларида шоир ижодини ёритган. Устозларимиздан Ш.Шомуҳамедов, Н.Маллаев ҳамда М.Муинзодалар Рудакийнинг ҳаёти ва ижодини таҳлил қилиб, асарларини таржима ва тарғиб қилишда заҳмат чекишганини мамнуният билан қайд этамиз.

РУДАКИЙ ҲИКМАТЛАРИДАН

Жаҳоннинг шодлиги тўпланса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.
Кимда ким ҳаётдан олмаса таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.
Илмдан яхшироқ хазина йўқдир,
Қўлингдан келганча териб ол уни.
Одамлар қалбининг чароғи билим,
Балодан сақланиш яроғи билим.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 12-сон