Ҳасан Қудратуллаев. Бобурга саховати панд берганми?

Шарқшунослар, тарихчилар ва мумтоз адабиёт мутахассислари орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг саховати, ҳиммати баландлиги, ҳатто рақиб ва душманларига нисбатан ҳам хайрихоҳлик билан ёндошгани маълум баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

Шарқ халқлари маданияти ва тарихида ҳамиша саховат, очиққўллик инсоннинг энг яхши хусусияти сифатида қадрланиб келинган. Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”сида ҳам муаллиф ўзининг қаламравидаги оддий одамдан бошлаб отаси Умар Шайх, темурий шаҳзодалар ва беклар хусусиятидаги карам, хайру саховатни олқишлаган, бу хусусият уларнинг ижобий жиҳатларини тўлдирган. Бобурнинг ўзи ҳам ёшлигидан саховатни умр мазмуни деб билган, бир умр шунга амал қилган. Бироқ, Бобурнинг саховатга бўлган муносабати ва очиққўллиги унинг шахсияти ва ижодини ўрганувчи олимлар, тарихчилар томонидан ҳамиша объектив баҳоланмаган, аниқроғи алломанинг бу хусусияти мавжуд иқтисодий, сиёсий, маънавий ва мафкуравий шароитни яхши таҳлил этмасдан қилинган хулоса сифатида баҳоланиши мумкин.

Мазкур мақолада келтирилган далиллар, воқеалар тасвири жуда қадимдан Шарқ халқлари, алалхусус бизнинг юртимизда меҳр-мурувват кўрсатиш, бева-бечоралар бошини силаш, камчилигини тўлдиришга хайрихоҳ бўлиш ота мерос эканлигидан ҳам далолат беради. Мазкур мавзуни ойдинлаштириш учун Л. П. Шарманинг «Бобурийлар салтанати» китобида келтирилган парчага диққатингизни тортмоқчимиз: “Бобур эса давлатнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш ўрнига хазинани ўғли, амалдорлари ва аскарларига сахийлик билан тақсимлаб берди, бу эса салтанатдаги молиявий вазиятни қийин аҳволга солиб қўйган эди. Шунинг учун ҳам Ҳумоюнга отасидан иқтисодий инқирозга юз тутган, пойдеворлари нураб турган салтанат мерос қолган эди. Бунинг устига, отасининг вафоти олдидан ўз укаларига нисбатан ғамхўр ва шафқатли бўлиши ҳақидаги васияти итоаткор ўғилни кўп мушкилотларга дучор қилди”.

Асосий мақсадга ўтишимиздан олдин Л. П. Шарманинг бу баҳосидаги айрим жиддий жиҳатларга диққатни тортмоқчимиз. Биринчидан, Л. П. Шарманинг Заҳириддин Бобурнинг давлатчилик сиёсатига оид юқоридаги фикрида объектив баҳо берилмаганлигини кўрамиз. Бобур тўнғич ўғли Ҳумоюнга «иқтисодий инқирозга юз тутган, пойдеворлари нураб турган салтанат”ни эмас, иқтисодий жиҳатдан бемалол бошқариши мумкин, яроқли давлатни қолдирган эди. Иккинчидан, Л. П. Шарма Бобурнинг тўнғич ўғли Ҳумоюнга ёзган тарихий мактуби-васиятнамо ўгити Шарқ ахлоқи ва тарбиясида юксак ўрин тутган бебаҳо ҳужжатдир. Отанинг давлатчилик ишларига анча киришган, салтанат бошқарувида маълум камчиликларга йўл қўйган ўғилларини бир ёқадан бош чиқариб, мамлакатни бамаслаҳат кичикка каттанинг эҳтироми, катта кичикка мурувват асосида давлатни бошқаришини таъкидлаб айтганки, бугун ҳам давлат бошқарувида ўз кучини йўқотган эмас. Л. П. Шарма эса Бобурни фарзандлари тарбиясида ножўя қарорга келганликда айбламоқдаки, яна бир карра бу Ҳарб олимининг Шарқ одоби ва фалсафасини тушунмасдан баҳо берганлигини кўрсатади. Яна бир иқтибосни келтирмоқчимиз: Л. П. Шарма Заҳириддин Бобур давлатчилигида молиявий масалалар ҳақидаги юқоридаги фикрини янада исботлаш ва қувватлаш учун инглиз тарихчиси Рашбрук Уильямснинг қуйидаги фикрини келтиради: Бобур «… ўз ўғлига фақат урушлар туфайлигина ушлаб туриш мумкин бўлган, тинчлик пайтларида эса молиявий жиҳатдан кучсиз ва келажаги ноаниқ бўлган салтанат қолдирган эди».

Юқоридаги инглиз олимларининг фикрларини европалик тарихчиларнинг фикри-да, деб қолдириш мумкин эмас, назаримизда. Бу масалани айнан Бобурнинг шахсий характери, унинг давлатчилик сиёсати, қолаверса, бир умрлик ғоя ва мақсади – бобоси Амир Темур салтанатини аввалгидек тиклаш учун кўпгина чекланишларга мажбур бўлган ҳукмдорнинг уйғун ёндошувининг маҳсули сифатида баҳоланиши мумкин.

Аслида, Заҳириддин Бобурнинг табиатида ёшлигидан саховат ғолибмиди ёки Афғонистон ва Ҳиндистонга юриш қилиб, катта бойликни қўлга киритиб, чексиз хазиналарнинг ҳисоб-китобини билмай, унинг қаламравидаги темурийзодалар, бекдан тортиб фуқарогача тақсимлаб бердими? Ёки, бунга ўша пайтдаги тарихий-ижтимоий, сиёсий жиҳат, номувофиқ табиий ҳолат асос бўлдими? Бобурнинг мулк, бойлик бўлиш сиёсатида унинг шахсияти қай даражада ўз аксини топган? Мазкур мақолада имконимиз етгунча шу саволларга жавоб беришга интиламиз. Бунда Бобурнинг бадиий маҳорати, руҳшунослиги, сиёсатдонлиги ва бу хислатларининг «Бобурнома”да моҳир адиб сифатида ёритилганлигига ҳам эътибор қаратдикки, бу Бобур шахсиятига анча ойдинлик киритади деб ўйлаймиз.

Бобур саховатининг илк куртаклари. “Бобурнома”нинг дастлабки саҳифалари ва воқеаларини мутолаа қилар эканмиз, Бобур отаси Умар Шайхнинг вафотидан сўнг темурийзодалар орасидаги жуда мураккаб тож-тахт талашиш, юртга эгалик қилишдек қалтис механизм қуршови ва зиддиятлари орасида қолади. 1497 йилда 14 ёшида биринчи марта бобоси Шоҳрух мирзо ҳукмронлик қилган Самарқанд тахтига ўтиради.

Мақсадга кўчишимиздан олдин темурийлар салтанатида мулк тақсимлаш, қўлга киритилган ўлжани бўлиш, сарой аҳли ва султон (подшоҳ) қариндошлари, беклар, лашкарбоши ва зобитлар, аскарлар ва ҳатто кайвонийларгача қайси миқдор ва тартибда маблағ, мулк белгилаш қонуни расм бўлганлигини таъкидламоқчимиз.. Айниқса, лашкарларга улар томонидан бир ҳудуд, вилоятларни эгаллаганларидан сўнг қўлга киритилган мулкни бўлиш тартиби икир-чикири билан белгиланган ва бу ўлжалар маълум масъул шахс томонидан тайинланган, берилган. Бир сарлашкар, султон, бек ва юзбошига аскар бўлиб кириш, даста, гуруҳ , гоҳида жуда катта миқдордаги лашкарларнинг бирлашиши энг аввало ана шу улушнинг миқдори, кафолатланганлик даражаси ва албатта, саркарданинг маҳорати ва сахийлигига кўпроқ боғлиқ бўлган.

Бундан ташқари, султон, шоҳнинг ўз ҳукми, рағбати, бевосита хоҳиши билан маълум шахсларнинг салтанатга қилган хизмати, муҳорабадаги жасорати ва мардлиги, ўз шоҳига юксак садоқати учун турли миқдорда моддий мукофотлар ҳам берилган, улар юксак вазифаларга тайинланган. Бу ҳам белгиланган умумий тартибга эга бўлиб, султонлар саройида қатъий тартиб асосида бажарилган.

«Бобурнома”да таъкидланганидек, Бобур Самарқанд тахтини эгаллар экан, Султон Абусаиднинг ўғли Бойсунқур мирзо етти ой бу шаҳарда қамал ҳолатида қолиб, шаҳарнинг иқтисодий имконияти жуда ночор бўлиб қолган, айниқса, озиқ-овқат етишмаслиги лашкарни танг ҳолатга киритгани ҳақида ёзади. Шундай оғир шароитда Самарқандга эгалик қилган Бобурнинг ҳам аҳволи танг эди ( «Черик элининг ўлжаси туганди. Самарқандни олғонда Самарқанд андоқ хароб эрдиким, мадад ва тухум ва тақовиға эҳтиёж бор эди»).

Шунга қарамасдан, унинг атрофидагилар – бек ва лашкарбошилар ундан моддий ва маънавий шафқат кутганлар. Айнан шу ҳолатда ҳам у қўл остидагиларга, ҳатто унинг Андижон тахтига кўз олайтирган душмани, рақиби Аҳмад Танбалга ҳам мукофот беради, бу камлик қилганидек унинг мансабини «улуғ беклар чаргаси”гача етказади. Айнан ана шу ҳиммат ва саховатни амалга ошираётган даврда Заҳириддин Бобур “бурунғидек –ўқ риоят ва иноят қилдим” дер экан, бу хислатни Оллоҳ унинг табиатида болалигидан ато этганлигини, қўлга киритилган бойлик, туман ва вилоятлар манфаатидан кўра Амир Темурнинг ягона империясини қайта тиклаш унда асосий мақсад ва ҳаракатлари ғояси бўлганлигини кўрамиз: “ Самарқанд тахтиға ўлтирғоч, Самарқанд бекларини бурунгудек-ўқ риоят ва иноят қилдим. Бизнинг била бўлғон бекларни ҳам фарохўри ҳоллариға яраша тарбият ва шафқат қилдим. Султон Аҳмад Танбалнинг борасида риоят кўпрак воқиъ бўлди. Ички беклар чаргасида эди, улуғ беклар чаргасида риоят қилдим».

Заҳириддин Бобурнинг саховати даражасини унинг замондошлари, айниқса, темурийзодалар, бек ва зодагон хонимлар характерини тасвирлаши орқали ҳам англаб олишимиз мумкин. Бу тасвирларда Бобур моҳир адиб сифатида кишиларнинг ички дунёси, жамият, бойлик, мансабга бўлган қарашларини ҳам яққол очиб беради. Масалан, унинг Хусравшоҳга берган баҳоси бунинг яққол далилидир. Бунда Бобур жуда мураккаб, ночор маънавий, иқтисодий аҳволга тушиб қолган, бошқаларнинг мададига муҳтож бўлган пайти. Бироқ, Хисравшоҳ –Бобур амакиваччаси Султон Маҳмуднинг мартабали беки , “саховат ва карам била маъруф ва машҳур” шахс шароитга қараб, буқаламунга айланиб Бобурга ножиз ҳиммат қиладики, буни ҳиммат дейиш ҳам амримаҳол: “Манга бир фурудроқ от йибориб, ўзи ҳам келмади. Бизга етганда саховат била машҳур бўлғон эл хасис бўлур. Мурувват била мазкур бўлғон элнинг муруввати унутулур. Хисравшоҳким, саховат ва карам била маъруф ва машҳур эди, Бадиуззамон мирзоға не навъ хизматкорлиқлар қилғони мазкур бўлди».

Фикримиз тасдиқи учун яна бир мисол келтирамиз. Бобур тасвирида Муҳаммад Валибек мансабпараст шахс, юқори лавозимга эга бўлиши билан ўзининг босар-тусарини билмай қолган. Лекин Бобурни адиб, шахс сифатида ҳамиша юксакликка кўтарган жиҳат у ким ҳақида гапирмасин, у ҳақида фақат ростини сўзлаш принципига амал қилади.Ана шу боис бу шахснинг табиатида саховат, бечораларга ёрдам қўлини чўзиш ижобий жиҳати эканлигини алоҳида таъкидлайди. Демак, саховат, меҳр-мурувват кишининг юксак хислати, одати. Бу сифат кишини безайди, кўркамлаштиради, Бобур: “Навкарни бир шиқ ва ранга сахлар эди. Фақир ва мискинга ўз илиги била ғалаба хайр қилур эди» деб Муҳаммад Валибекнинг ижобий жиҳатини унинг сахийлигида деб билади ва алоҳида таъкидлайди.

Заҳириддин Бобур кишиларнинг бахиллик боис тангдастлиги, мурувватни атайин раво кўрмаслигини инсон табиатидаги энг салбий хислат сифатида баҳолаган. Бу ноқислик кимнинг табиатида содир бўлмасин, Бобур буни очиқ-ойдин, иккиланмай баён этган. Масалан, у ўзининг бувиси Шоҳбегим ҳақида гапирар экан, фақатгина ўзини эмас, балки бутун авлоди бу зодагон аёлга юксак эътибор билан қараганлигини, ҳатто Бобур Афғонистонни эгаллагандан кейин бу юртнинг энг кўркам, Кобул шаҳри тоғ ён бағридаги сўлим гўшаси Пағмонни Шоҳ Бегимга тортиқ этганлигини айтади. Бу билан биз яна бир карра Бобур табиатида саховат авлод мерос эканлигига ишонамиз.

Аксинча, Шоҳбегим Бобур ночор қолганда эмас, у Кобул тахтида бўлганда унга хиёнат қилиб, тахтни суюкли неварасига олиб бериш учун исёнга раҳбарлик қилади, салтанат яхлитлигини сарой ичининг кичик масалаларига қурбон қилмоқчи бўлади. Бобур ёзади: «Менинг иним Мирзохоннинг ва онаси Султон Нигорхонимнинг айн ва маъмур вилоятлари бор эди, мен ва онам вилоят худ турсун, бир кент ва бир неча қуш эгаси бўла олмадук. Менинг онам Юнусхон қизи ва мен набираси эмасму эдим?».

Бундай мисолларни «Бобурнома”дан анчагина келтириш мумкин. Демак, Бобурда саховат ва мурувват хислатлари унинг қонида бўлган, авлодидан мерос тарзида ўтган. Бунинг устига, темурий давлатчилик тартиби ҳамиша қўлга киритилган бойлик ва мулкка мутасаддий кишиларни тайинлашни ҳам тақозо этар эди. Лекин, «Бобурнома”даги далиллар асар муаллифининг инсон қадри, унинг жамиятдаги мавқеи, Бобур салтанатига фидоийлиги ва ҳатто оддий жангчи сифатидаги хусусиятларига қараб ҳам юксак мукофотлар, мулкларни берганлигини кўрамиз. Бу, Бобурни унга замондош ҳукмдорлардан фарқ қилдиради, бугунги тил билан айтсак, Бобурнинг инсон омилига эътибори юксак бўлган.

Кенг саховат дарвозасининг очилиши. “Бобурнома”даги маълумотларга асослансак, Заҳириддин Бобур салтанати иқтисодий ҳолатининг юксакликка кўз тутиши Кобулдаги ҳукмронлиги даврининг охирларига тўғри келади. Унгача, қўлга киритилган шаҳар ва қишлоқларнинг майда-чуйда мол-бойликлари, чорвалари ва уй-рўзғор буюмларини тақсимлаш мавжуд лашкарларни сақлаб туришга аранг етган, холос. Шу боис, Бобур ўша пайтда бу юртнинг энг катта, нисбатан бой вилояти бўлган Қандаҳорга – Шайбонийхон эгалик қилишни орзу қилган шаҳарга ундан олдин кириб, эгаллаб, ўзи таъкидлаганидек катта бойликка эга бўлади.

Ана шу кундан бошлаб Бобурнинг юксак саховатига эшик очилади. Бемалол айтиш мумкинки, бу саховат кейинги пайтда, энг аввало Кобул ҳокимиятида Бобурнинг атрофида иқтисодий жиҳатдан қийинчилик тортаётган беклар, лашкарбоши ва аскарлар кўнглини топиш, ўзига улар ва бошқа сафдошларининг садоқатини оширишга қаратилганлиги аниқ. Бобурнинг бойлик тақсимлашига диққат билан назар солсак, шуни англаймизки, у подшоҳ бўлишига қарамасдан, гоҳида ҳатто қўл остидагиларнинг молиявий тартибларни бузганликларига эътибор бермай, ҳатто Носир мирзодек яқин темурийзода ундан сўрамасдан хазинага чанг солганлигини ҳам кечириб, у билан муроса қилганки, бу – давлатчилик низомига унча мос келмаган. Бошқа жиҳатдан, агар бу масала оддий халқ манфаатини ҳимоя этадиган бўлса, ножиз моддий манфаат бўлса ҳам қаттиқ жазолаган. Масалан, Афғонистоннинг Нингарҳор йўлида бир аскар йўловчи афғоннинг қўлидан оиласи зарурати боис олиб бораётган бир хумча ёғини зўравонлик билан тортиб олганлиги учун Бобур бу аскарни ҳамманинг олдида ўлимга маҳкум этади ва бу ишни бошқаларга ибрат бўлсин деб қилганлигини билдиради.

Бобурнинг темурийзода Носир мирзо ва бошқаларга қилган юксак саховатини кўриб чиқсак. Бу даврдаги Бобур давлатининг молиявий аҳволига назар солсак, салтанат моддий жиҳатдан ночорроқ, Қандаҳорда ўлжага олинган анчагина бойлик Бобурнинг кўзлаган мақсадлари: Ҳиндистонга қараб юриш қилиш, лашкарнинг қурол-аслаҳа, озиқ-овқат билан таъминлашга етмайди. Лекин, Бобур табиатан бойлик орттириш, тўплаш мақсадида яшамаган, ундан кўра мустаҳкам салтанатни қайта яратиш мақсадида одамларнинг кўнглини топишга диққатини қаратган. Мана бу мисол унинг ёрқин далилидир: “Тонгласи Фаррухзоднинг чаҳорбоғигаким, ўрду анда эди келдим. Қандаҳор вилоятини Носир мирзоға бердим ( Шунинг ўзи ҳам катта мукофот эди-ку! – Ҳ.Қ.) Хизоналарни забт қилиб, юклаб чиқар маҳалда, арктағи хизонадин бир қатор тева юки оқ танга Носир мирзо олиб қолибтур. Ани тиламай, Носир мирзоға –ўқ иноят қилдим” – (Таъкид бизники Ҳ.Қ.).

Шу тарихий саҳнадан мавзуимизга оид яна бир парчага диққатингизни тортамиз. Бунда ҳам Бобурнинг ортиқча саховати ҳукмрон. Бобур қўлга киритилган бойликни на олдиндан ҳисобга олади, на уни меъёри билан тақсимлайди ва на моддий тежамкорликни ишга солади, балки бу муҳорабадаги ютуқ, мардоналиги уни сархуш этган. Шу боис айрим ғарб олимларининг назарида унинг саховатининг чеки йўқ, бу ҳаракатлари ортиқчадек кўринган. Аслида, у ўз тарафдорларини имкон қадар кўнглини топишга, атрофидан кеткизмасликка, Ҳиндистон сафари олдидан ҳарбий куч тўплашни бош мақсад этган; “Қандаҳор навоҳисида хизона улашгуча фурсат бўлмади. Қорабоғда тўрт-беш кун туруб, хазинани улашилди. Санамоғнинг ишколи бор эди, тарози била тортилиб улашилди. Бек ва бекот, навкар ва тобин харвор-харвор ва қоп-қоп оқ тангани важҳ улуфалариға юклаб, кўтариб элтарлар эди (Таъкид бизники – Ҳ.Қ.) Қалин ўлжа ва мол, улуғ обрў ва номус била Кобулға келилди”.

Аслини олганда Заҳириддин Бобурнинг Афғонистондаги салтанатини яқинларига қолдириб Ҳиндистонга келишидан мақсади Амир Темур салтанатини тиклаш бўлган, албатта. Аммо, бундай кенг ва йирик салтанатни асраш учун ўша даврдаги энг қуролланган армияни сақлаш, зобиту аскарлар, беклару давлат арконларининг сарф-харажатларини қопловчи молиявий қудрат ҳам зарур эдики, бу Ҳиндистон фатҳининг иккинчи сабаби эди.

Ҳиндистонни тасарруфига олган Бобур “душанба куни ражаб ойининг йигирма тўққизида хизонани кўрмак ва улашмак бунёд бўлди,” дейди. Бу тадбир ўша даврда ўзига хос шукуҳ ва шавкат рамзи бўлиб, маълум молиявий аниқликлар киритилгандан сўнг уни улашиш бошланган. Бунда мазкур муҳорабаларга ҳиссаси бўлган ёки билвосита ҳаққи бор деб билганларга хазинадаги пул ва бойликлар меъёрга биноан тақсимлаб берилган. Бобурнинг бу мулк тақсимлаши аввалгиларидан анча фарқ қилган. Бу улуш бўлишнинг паст-баландлигидан шоҳ Бобурнинг атрофидагиларига муносабати, уларга меҳри ва ёки бепарволиги, ҳимматининг даражаси, аниқроғи ҳар кимнинг қўшган улушга қараб тош-тарозисини белгиловчи меъёрни ҳам англаш мумкин. Масалан, Бобур тўнғич ўғли Ҳумоюн мирзони жуда суйган ва унга “… етмиш лак ( етти миллион – Ҳ. Қ. ) хизонадин берилди. Яна бир битилмаган, таҳқиқ қилмаган хизона уйини ўшандоқ-ўқ Ҳумоюнға инъом қилдим», дейди. Агар диққат билан эътибор берсак, Бобур хазинадан берилган жуда катта маблағдан ташқари, Ҳумоюнга ҳали ҳисобга олинмаган, ичидаги бойлиги салтанат рўйхатидан ўтмаган хазинани ҳам инъом этган. Худди шу далилнинг ўзи ҳам инглиз олими Л. П. Шарманинг Бобурдан Ҳумоюнга иқтисоди емирилган тахт қолди дегандек фикрини мутлақо инкор этади. Зеро, Бобурнинг ҳаётлик пайтида Ҳумоюндек беҳисоб хазина ва мулкка эга бўлган киши бўлмаган.

Хазина бўлишнинг иккинчи даражаси бекларга берилган улуш бўлган. Энди уларга берилган миқдор агарчи кам эмас, бир миллион, юз минг, етмиш минг, олтмиш минг тангани ташкил этганки, ўша даврнинг ҳисобида бу жуда ката маблағ ҳисобланган. Хазина миқдорининг учинчи поғонасини миллату нажотидан қатъий назар (афғон, ҳазора, араб, балуж ва бошқалар) “ҳар жамоатқа қадри ҳоллариға яраша хизонадин нақд инъомлар» берилган.

Хазинадин баҳраманд бўлган юқоридаги табақага мансуб кишилар Бобур билан бирга муҳорабаларга қатнашган, ёки ўз ҳиссаларини қўшганлардир. Хазина насиб этган тўртинчи поғонани шоҳ Бобур билан сафарда бирга бўлганларга ташкил этган: “Ҳар савдогар ва ҳар толиби илм ва балки ҳар кишиким, бу черикда ҳамроҳ эдилар, барча инъом ва бахшишдин ҳавзи вофир ва насиби комил элттилар.”

Юқоридаги жараёнга диққат билан назар солсак, шоҳ Бобурнинг «Салтанат ва жаҳонгирлиғ беасбоб ва олот даст бермас. Подшолиқ ва амирлиқ бенавкар ва вилоят мумкин эмас», деган қимматли фикри ёдимизга келади. Ҳиндистоннинг диққинафас об-ҳавосидан бардоши тугаган, уй, аҳли аёлини соғинган аскарни ушлаб туриш, унинг кўнглини ҳеч бўлмаса молиявий танглик ташвишидан озод этиш чорасини шоҳ Бобур юқоридагидек, юксак мурувватни масала ечимининг калити деб билган.

Бобур ҳарбий маҳоратининг энг диққатга молиги, унинг уруш орти масалаларига алоҳида эътибор билан ёндошганидир. Лашкарни захира кучлари билан таъминлаш, от-улов емиши, озиқ-овқат таъминоти, лашкар сафини тўлдириш учун айғоқчилик хизматини йўлга қўйиш ва жуда кўп муаммолар мавжуд бўлганки, хазинадан етарлича маблағ талаб этилган. Бунинг устига қўлга киритилган ўлжа ва бойликдан уруш ортида бўлганларни ҳам бенасиб қолдириш – юксак стратегик режани бузиш билан тенг эди. Темурий давлатдорлик низомига кўра шаҳзода ва зодагонлар муҳорабага қатнашмаган бўлсалар ҳам бундай йирик юришлардан ўз ҳиссаларини кутар эдилар. Бобурнинг бу борадаги ёзишмаларини кузатар эканмиз, бу инъом олувчилар «географияси”нинг нақадар кенглигига, шоҳ Бобур ҳеч кимни эътиборидан четда қолдирмаганлигига гувоҳ бўламиз. Айни пайтда, бу сатрлар Бобурнинг беҳад саховати кенглигининг белгиси ҳамдирки, кишини ҳайратга солади: «Черикта бўлмағонларға ( яъни ғайри ҳарбийларга, муҳорабага қатнашмаганларга – Ҳ. Қ. ) ҳам бу хизонадин қалин инъом ва бахшишлар борди. Мисли, Комронға етти лак, Муҳаммад Замон мирзоға ўн беш лак, Аскарийға ва Ҳиндолға ( барчалари Бобурнинг фарзандлари – Ҳ. Қ. ) ва балки жамиъ уруқ-қаёш, ўғлон-ушоққа қалин қизилдин, оқтин, рахттин, жавоҳирдин, бардадин савғотлар борди. Ул юздағи (яъни Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги кишилар – Ҳ. Қ.) бекларга ва сипоҳийларға қалин инъомлар борди…”

Заҳириддин Бобурнинг саховатпешалиги, бу ишни мутлақ беминнат, инъом бераётган шахснинг кимлигини билмасдан соф кўнгли билан бу юмушни адо этганлигини, ҳақиқатан ҳам бу хислат унга Оллоҳ томонидан ато этилганлигини қуйидаги сатрлар яна бир карра исботлайди. Бунда Бобур одамларнинг на касбу кори, на жинси ва на жамиятдаги мавқеи, на салтанатга муносабатидан қатъи назар, ҳатто бандихонадаги маҳбусларга ҳам бир шоҳрухий бўлса ҳам инъом тарқатишга амр берганки, бундай сахийликнинг намунасини тарих китобларидан топиш амри маҳол: «Самарқанд ва Хуросондаги машойихқа нузур борди. Макка ва Мадинаға ҳам назр борди. Кобул вилояти била Варсак садасининг жондор бошиға эрдин ва хотундин, банда ва озоддин, болиғ ва ноболиғдин бирор шоҳрухий инъом бўлди”.

“Бобурнома” сатрларини варақлар эканмиз унинг муаллифининг беқиёс ҳотамтойлиги, саховатни умр мазмунига айлантирганлигига гувоҳ бўламиз. Бу ҳақда жуда кўп фикр билдириш, мулоҳазалар юритиш мумкин. Бироқ, бутун жаҳонда унинг «Кўҳи нур» – олмосини тўнғич ўғли Ҳумоюн мирзога бахш этганлигидек ҳимматни кам учратиш мумкин ва бунга тўхталмасдан ўтсак, Бобур саховати ҳақидаги фикримиз тўлиқ бўлмагандек кўринади.

Ҳиндистонни забт этиш жараёнида бу машҳур олмос дастлаб Бобурнинг қўлига эмас, айнан Ҳумоюн тасарруфига киради ва у бу ноёб олмосни отаси Бобурга тортиқ қилади. Бир қараганда, бу ганжина аслида Ҳумоюннинг ўзига тааллуқли. Аммо, у отаси шоҳ Бобурдан ўтиб унга эгалик қилолмасди ҳам. Бобур уни ўғлига қайтариб берар экан, ёзади: «Аграга келганда Бикрамажитнинг хайлхонасининг қочар хаёли бор экандурким, Ҳумоюн қўйғон кишилар тутуб эҳтиёт мақомида бўлурлар, Ҳумоюн ҳам толоғали қўймас. Ёз ризолари билан қалин жавоҳир ва жаров Ҳумоюнға пешкаш қилур. Бу жумладин, бир ашҳар шуҳратий олмос эдиким, Султон Аловуддин келтирган экандур. Андоқ машҳурдурким, бир муқаййим мунинг қийматини тамом оламнинг икки ярим кунлуқ харжи дебтур, ғолибо секкиз мисқолдур. Мен келганда Ҳумоюн менга пешкаш қилди, мен Ҳумоюнға ўқ бағишладим».

Заҳириддин Бобурнинг сахийлиги, унинг мулк бўлиш, инъомлар улашиш, салтанат бирлиги боис ҳатто душманларига ҳам беҳисоб туҳфалар берганлигига гувоҳ бўламизки, бу алоҳида мавзудир.

Юқоридаги мисоллар шундан гувоҳлик берадики, зикр этилган Ҳарб олимларининг Бобур саховатпешалиги, унинг давлатчилигидан кейин, фарзандларининг салтанатни бошқара олмаганлигига асосий сабаб бўлган, деган фикрига қўшилиб бўлмайди. Агар Бобурдан кейин унинг фарзандлари Ҳумоюн, Комрон ва бошқа беку шаҳзодалар орасида пайдо бўлган муросасизлик, душманга қарши бир ёқадан бош чиқариб курашишга куч топа олмаганликлари ва албатта, оталари шоҳ Бобурдек юксак тажриба, мардлик, ҳарбий маҳоратга эга эмасликлари сабаб бўлиши мумкин. Яна бир мисол: Бобурга отасидан юксак мерос қолганмидики у Ҳиндистонгача бориб шундай юксак салтанатни яратди?! Аксинча, ХУ1 асрнинг тўртинчи чорагига бориб бобурийлар салтанати айнан унинг асосчиси Заҳириддин Бобурнинг сахийпешалиги, инсон тақдирига бепарво эмаслиги, қўл остидагиларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоялашдек хислатлари боис Ҳиндистонда 335 йил салтанат қилди, бу юртнинг камол топишида муҳим ўрин тутди.

Ҳасан Қудратуллаев, филология фанлари доктори, профессор

 “Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 8-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!