Ҳасан Қудратуллаев. Бобур ва мўғул қавмлари

«Бобурнома»га ишланган миниатуралардан. XVI аср

Олимлар орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она томонидан мўғул қавмига мансублиги тўғрисида турли-туман фикр-мулоҳазалар мавжуд. Ҳатто Бобурийларнинг Ҳиндистондаги ҳукумронлик даври ғарбда “Буюк мўғуллар империяси” (“Империя великих монголов”) деб аталиши бунга ёрқин мисол. Кейинги пайтда “бобурийлар сулоласи” атамаси илмий муомалага киритилганига қарамай, баъзи тадқиқотларда ҳамон “буюк мўғуллар” ифодаси ишлатиб келинмоқда. Шунинг учун бу борада айрим аниқликлар киритишга эҳтиёж бор.

Заҳириддин Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида отаси Умар Шайх ҳақида маълумот берар экан, она авлоди томонидан мўғулларга мансублигини алоҳида таъкидлаган. У “Умар Шайх хотинлари” рукни остида ёзади: “Қутлуғ Нигорхоним эди, Юнусхоннинг иккинчи қизи, Султон Маҳмудхон, Султон Аҳмадхоннинг эгачиси эди. Юнусхон Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойхоннинг наслидиндур”. Кўрганимиздек, Бобур Қутлуғ Нигорхонимнинг тўнғич ўғли ёки Чингизхоннинг ҳам набираси ҳисобланган.

Заҳириддин Бобур ота томонидан темурийлар хонадонига мансублиги аниқ. У отаси Умар Шайх авлоди ҳақида ёзади: “Султон Абусаид Мирзонинг тўртунчи ўғли эди… Султон Абусаид мирзо Султон Муҳаммад мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад мирзо Мироншоҳ мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ мирзо Темурбекнинг учинчи ўғли эди”.

Заҳириддин Бобур ўз қўл остидаги кишиларга миллати, қавми ва элатидан қатъи назар, одамга пок инсоний хислати, садоқати ва салтанатни асрашдаги фидойилигига қараб муносабатда бўлар эди. “Бобурнома”да муаллиф бирон шахснинг қайси миллат ёки элатга мансублиги ҳақида сўзлар экан, энг аввало, унинг инсоний фазилатларига эътиборни қаратади. Шу жиҳатдан, унинг мўғул бек ва аскарларига, уларнинг муҳораба майдонидаги сифат ва камчиликларига берган баҳоси муҳим.

Заҳириддин Бобур 12 ёшга кирганда отаси Умар Шайх тўсатдан вафот этиб, Андижон тахтига ёш шаҳзода ўтиради, “Бобурнома”да таъкидланишича, Бобур салтанат юритишда Умар Шайхнинг жуда кўп бекларини ўз хизматида қолдирган. Уларнинг бир қисми онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг қариндош-уруғлари бўлиб, мўғул қавмига мансуб кишилар эди. Бобур отаси Умар Шайхга нисбатан эҳтиром юзасидан уларга катта ишонч билдирган. Асарда тилга олинган Бобурнинг тоғалари Али Дўст, унинг ўғли Муҳаммад Дўст, Мир Fиёс ҳамда Қанбар Али мўғул ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

“Бобурнома”даги маълумотлар шундан далолат берадики: Бобур онаси томонидан бўлган бу бекларга қанчалик яхшилик қилмасин, улар ҳамиша салтанатнинг таназзулга юз тутишини истаб иш кўрган ва унга хиёнат қилганлар. Бобур уларнинг сотқинлиги, мансаб ва бойлик йўлида ҳар қандай қабиҳликдан қайтмасликларини алоҳида таъкидлайди.

1499–1500 йилги воқеалар. Бобур Аҳмад Танбал билан Андижон ҳокимияти учун кураш олиб бораётган пайт. Али Дўст ва Қанбар Алилар Бобурга Шайбонийхон билан сулҳ тузишни таклиф этадилар. Бобур уларнинг ҳурмати боис (“Чун икки улуғ бек бу икки мардак эди, агар буларнинг сўзига қулоқ солмай сулҳ бўлмаса, ўзга эҳтимоллари ҳам бор эди, зарурат бўлди, бу йўсинлиқ сулҳ бўлди…”) сулҳга имзо чекади. Лекин ҳаял ўтмай маълум бўладики, Бобурнинг бу суянган беклари Аҳмад Танбал билан келишиб, унинг ҳимоясига ўтиб, Бобурга бўйсунмай, ўзбошимча бошқарувга киришадилар: “Андижонға келгандан сўнг Али Дўстнинг атвори тамом ўзгача бўлди… Ўғли Муҳаммад Дўст худ подшоҳона бунёдлар қўйди. Суҳбат ва шилон ва девон ва дастгоҳ барчани салотин дастури била бошлади. Бу оталиқ, ўғуллиқ Танбалға орқаланиб, мундоқ ҳаракатлар бунёд қилдилар”.

Ушбу матндан сўнг Бобур ўзининг сиёсий ва иқтисодий ҳолати жуда аянчли, нозик эканлигини, бу мўғул қавмидан бўлган қариндошларига “ҳеч нима деб бўлмаслигини” алоҳида таъкидлаб “бу оталиқ, ўғуллиқтин ул муддатда ғалати хорлиқлар тортилди”, дейди.

Бобур шу кезларда умрининг энг мушкул дамларини, хўрликлар билан суғорилган кунлари, бедор тунлардан иборат ҳафта, ойларни бошидан кечирар, тақдир уни имтиҳонидан ўтказар эди. Ҳали анча ёш бўлишига қарамасдан юрт бошқаришда юксак уқуви борлиги, зийрак, тийра тафаккуридан чўчиган ғанимлари, ҳатто дўстлари, қариндош-уруғлари ундан хавфсирар эдилар. Уларга қарши кураш эса осон кечмасди. “Бобурнома”дан ташқари у ўз дарди, ташвишу ички оламини ғазаллари, қитъа ва рубоийларида ҳам аниқ баён этган. Эҳтимол, тоғалари, уларнинг Бобур билан тенгдош ўғиллари томонидан ўтказилган зуғумлар, хиёнатлар боис, шоир сукут ҳукмрон ҳужрада бу рубоийни яратгандир:

Бобур неча бу даҳр мени зор айлар,
Сабримни каму ғамимни бисёр айлар.
То даҳрдурур будур анинг расмиким,
Айириб кишини азизидан хор айлар.

“Бобурнома”ни мутолаа қилган ўқувчи шунга гувоҳ бўладики, бу шахслар бутун умрлари давомида Бобурга хиёнат қилиб келадилар. Бобур Самарқанддан Андижонга қайтаётганида иситма касалидан азият чекади, ётиб қолади. Андижонга ундан олдин етиб келган Али Дўст унинг ўлим тўшагида ётганлиги, қазоси яқинлашганини айтиб, шаҳар дарвозасини ғанимларга очиб беради. Ёки Мовароуннаҳрдаги жуда кўп жангларда ҳам шу хиёнатни такрорлаган бу “тағойилар” шаҳарни Бобур ғанимларига топширишади.

Заҳириддин Бобур Али Дўст ва унинг ўғли Муҳаммад Дўст, Қанбар Алилар сиймосида мунофиқ шахсларни кўради. Шу билан мўғул қавмига маълум даражада муносабатини билдирган муаллиф, уларнинг вафотига оид маълумотни келтирар экан, Оллоҳ иродаси билан ёмонга жазо келишини таъкидлайди. Аслида тоғалари вафотига оид бу сатрларда ачиниш, оддий инсоний куюниш ўрнини нафрат сўзлари эгаллайди. Бу матнда Бобурнинг шахс руҳиятини таҳлил этиши, ёмон ҳеч кимга вафо қилмаслиги ва охири жазо топишини ифода этган. “Бир-икки йилдан сўнг Али Дўстнинг илигига қорт чиқиб ўлди. Муҳаммад Дўст ўзбакка кириб эди. Филжумла ёмон эмас эди. Андин ҳам кўрнамаклик қилиб, қочиб, Андижоннинг кўҳ пояларига бориб, ёғилиқлар ва фитналар ангиз қилди. Охир ўзбак илигига тушти. Кўзларини кўр қилдилар. “Кўзларини туз тутти”нинг бу маъниси бор эмиш”.

Биз “Бобурнома”да муаллифнинг фикрларини таҳлил этар эканмиз, кўпинча буюк адиб кўнглида айтолмай қолган, наср имконияти чекланиб билдирмаган фикрларни шоир асарларини варақлаб, англашга ҳаракат қилдик. Қуйидаги рубоий гўё атайин Али Дўст, Муҳаммад Дўстларга – аслида дўст исмида қолиб, душманликни шиор айлаган хоинларга нисбатан айтилгандек. Бу сатрлар Бобурнинг темир иродасидан дарак беради. Турмушдан маълум: ёмон жазосини топгунича неча-неча яхшиларни руҳан қийнайди, синдиради, беозор кўнгилларга ниш уради. Қуръони Карим, Ҳадиси Шарифда ҳам мўминнинг сабрли бўлиши, сабр исталган натижага бешак етказиши таъкидланган. Бироқ сабр этиш, чидам метин иродани тилайди. Оллоҳ уни ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. “Бобурнома”даги беҳисоб далиллар муаллифнинг ўта сабрли эканлиги, шу туфайли комил мусулмон сифатида умргузаронлик қилганлигини кўрсатади. У ҳеч вақт ўч олиш пайига тушмаган, ғанимларни Оллоҳ ҳукмига ҳавола этган. Юқоридаги мисолдек, улар ўз қилмишларига яраша жазога мустаҳиқ бўлганлар. Қуйидаги рубоий эса буюк Бобурнинг ҳаёт фалсафаси, умр мантиқи сифатида ҳамон жаранглаб турибди:

 Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
 Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
 Яхши киши кўрмагай ямонлиғ ҳаргиз,
 Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.

“Бобурнома”нинг жуда кўп ўринларида муаллиф мўғулча тартиб, қоида, давлатчилик низоми ҳақида фикр юритган. Уларнинг барчасида Бобур бу хусусиятлар ўзига нисбатан на уруғ-аймоқ, на насаб жиҳатидан мансуб эканлигини билдирмайди. Аксинча, фикрларини мутлақо бегона халқ ва элат ҳақида ҳикоя қилгандек баён этади. У бундай пайтда, одатда, “мўғул дастури юила…”, мўғул черикиким…”, “мўғул одати била…” ва бошқа ибораларни қўллайди. Яъни “мўғул” сўзи учинчи шахс сифатида келиб, биринчи шахс “Бобурнома” муаллифидан айрим ҳолда ўз ифодасини топган. Бобур мўғул урф-одати, тартиби ҳақида фикр юритар экан, унинг ҳикоя услуби Ҳиндистон, Афғонистон, Жалолободдаги халқлар (Мовароуннаҳр қавмларидан узоқ) ҳаётига оид тасвирлардан фарқ қилмайди. “Тонгласи кичик хон додам (яъни мўғул авлодидан бобоси – Қ.Ҳ.) манга мўғулча расмлиқ бош-оёқ ва қўрини эгарлик хосса отини иноят қилди. Мафтуллуқ мўғули бўрк ва сочма тиккан хитойи атлас тўн ва хитойи қўр, бурунғи расмлиқ тоши чиноти била хитойини сўл сари, яна уч-тўрт нима хотун кишининг ёқосиға осар анбардан харитасидек нималар осибтурлар, ўнг сарида ҳам ушмундоқ уч-тўрт нима осибтурлар”.

Матнга эътибор берайлик. Мўғул урф-одати, кийим-кечаги ва унинг хилларини Бобур мутлақо ўзига бегона ҳолда тасвирламоқда. Уларнинг айримларини чериклар бўйнига осадиган хариталарга ўхшатиш бундан яққол гувоҳлик беради. Мўғуллар кийган кийимлари ҳам Бобур учун янгилик, томоша. Шу мисол ҳам Бобурнинг темурийзодаларга мансублиги, мўғул қавмига узоқ қариндошлиги шартли эканлигини билдирмоқда.

Ушбу даъвоимизни тасдиқлаш учун “Бобурнома”даги яна бир-икки мисолга мурожаат этамиз. 1506 йил воқеалари. Заҳириддин Бобурни отаси Ҳусайн Бойқаро вафотидан сўнг Ҳиротга даъват этган Бадиуззамон Мирзо қабул маросимини ташкил этади. Ушбу маросимни узоқдан-узоқ тасвирлаган Бобур Мирзонинг уйи, унда меҳмонларнинг жойланиши, дипломатик муносабат ва ҳаракатлар, кийим-кечак, тўшакларнинг хили, рангида мўғулча “дастур” аломатларини кўради ва бу унга хуш кўринмайди. Бобур шу манзарани тасвирлар экан, “бурунлар бизнинг ота-оға Чингиз тўрасини ғариб риоят қилурлар эди, мажлисда ва девонда, тўй ва ошда, ўтурмоқда ва қўпмоқда хилофи тўра иш қилмаслар эди”, дейди. Бунда Бобурнинг “бурунлар” сўзини ишлатиши мўғуллар салтанати даврининг ўтганлиги, энди давлатчилик ишида, расм-русум ва муомалада “темурийлар дастури” бўйича иш тутиш расм бўлгани, мўғуллар одатига оз бўлса-да, Бадиуззамондек тақлид қилиш ўринсиз эканлигига ишора қилинмоқда. Фақат бу эмас, Бобур шоҳ сифатида Чингизхон амр берган қонун ва тартибнинг темурийлар салтанатида амал қилиши ёт бир ҳодиса деб билади, Чингизхонни “ёмон иш қилғон ота” қаторига қўшади. Бемалол айтиш мумкинки, бу сатрлар – Бобурнинг мўғуллар сиёсати, – давлатчилигига эътирози, очиқ муносабатидир: “Чингизхоннинг тўраси насси қатиъ эмастурким, албатта киши анинг била амал қилғай. Ҳар кимдин яхши қоида қолғон бўлса, анинг била амал қилмоқ керак, агар ота ёмон иш қилғон бўлса, яхши иш била бадал қилмоқ керак”.

Заҳириддин Бобурнинг мўғул қавмига муносабатини унинг мўғул аскарлари ҳаракати ва ахлоқига берган баҳосидан ҳам билиш мумкин. Бобурнинг Шайбонийхонга қарши кураши учун мўғул чериклари ёрдамга юборилади. “Бобурнома”да ўқиймиз: “Мўғул черикиким, кўмакка келиб эди, урушқа худ тоқатлари йўқ эди. Урушмоқни қўюб, бизнинг элни ўқ талаб, оттин тушира киришдилар. Бир бу эмас, ҳамиша бадбахт мўғулнинг одати ушмундоқтур. Босса ҳам ўлжа олур, бостурса ҳам ўз элини талаб, тушуриб ўлжа олур”.

Мана бу мисолга эътибор берайлик. Бобур Фарғона, Андижонда Аҳмад Танбал билан урушиб юрган пайтида ҳам мўғуллар, ҳатто унинг хизматида бўлган, онаси қошида бўлган мўғуллар унга қарши ҳаракатлар зоҳир этадилар, бунда “ҳамиша ёмонлиқ ва бузуқчилик мўғул улусидин бўла келгандур”. Бобурнинг улар ҳақида бундай хулосага келишига асос бор, бу биринчи навбатда уларнинг босқинчилик ва талон-торож этиш қонларида борлиги боис амалга оширилишини Бобур қайта-қайта такрорлаган. Бу матндаги яна бир жиҳат муҳим: ҳали 20 ёшдан ошмаган Бобур билан улар беш марта урушганлар, Бобур таъкидлашича, бу урушлар унинг мўғуллар билан душманона муносабати боис эмас, мулкгирликка уларнинг даъвои заминида амалга оширилган. “Менинг онам қошига минг беш юз, икки мингга ёвуқ мўғул улусидин бор эди. Яна Ҳисордин Ҳамза Султон ва Маҳдий Султон ва Муҳаммад Дуғлат алар била ушмунча чоғлиқ мўғул келиб эди. Ҳамиша ёмонлиқ ва бузуқчилиқ мўғул улусидин бўла келгандур. Ушбу тарихқача беш навбат менинг била ёғиқтилар. Андоқ эмаским, менинг била бемуносабатлиқ жиҳатидин ёғиқмиш бўлғайлар”.

Таъкидлаганимиздек, Заҳириддин Бобур она томонидан Чингизхон авлодига мансублигини ўзи таъкидласа ҳам, на қавм жиҳатидан, на характер ва улус жиҳатидан, на саркардалик ва лашкарбошилик бобида унинг мўғулларга дахли йўқлиги, улар Бобур табиатига мос келмаслигига “Бобурнома”да кўп мисоллар бор. Юқоридаги бир қатор далиллар унинг мўғуллар ҳаракатларидан ор қилиши, уларнинг урф-одатидан тортиб, уруш услуби, туриш-турмуши унинг учун бегоналигини билдирганлигини кўрдик. Бундай мисолларни яна истаганча келтириш мумкин. Улар орқали Бобур ўзининг темурий шаҳзодаларга бевосита дахлдорлигини яна бир карра исботлайди. Бобур очиқдан-очиқ отаси туркий қабилага мансублигини, шароит тақозоси боис Юнусхон авлодига аралашганини алоҳида таъкидлайди.

Аслида онасининг насаби, Юнусхоннинг асли келиб чиқиши ҳам туркистонлик қипчоқ бекларига мансублигини очиқ айтган Бобур яна бир карра мўғул қавми унга бегоналигини, у бор вужуди билан темурийзодаларга мансублигини билдирган: “Юнусхоннинг онаси туркистонлиқ қипчоқ бекларидан Темурбек риоят қилғон Шайх Нуриддинбекнинг қизи ё набираси бўлур”.

Хуллас, Заҳириддин Бобур шахсияти ва насл-насабини мўғуллар қавмига нисбатан бериш ҳам маънавий, ҳам сиёсий жиҳатдан асоссиздир. У бутун умр давомида Амир Темур салтанатини тиклаш учун курашди. Темурийзода сифатида шу қавм шуҳратини ҳимоя этиб, ўзига муносиб, шарафли ҳайкал қўйди, қисқа, аммо баракали умрини Ватан манфаатларига бағишлаб ўтди.

Ҳасан Қудратиллаев,
филология фанлари доктори.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!