Ҳамидхон Исломий. «Қутадғу билиг»да «Қарши» атамаси

Қаршининг ташкил топганига 2700 йил тўлиши муносабати билан ўтмиш тарихимизга оид ёзилган қўлёзмаларнинг баъзи саҳифаларини очиб кўришга тўғри келди. Қўлёзмаларда ёзилган ғоятда муҳим далиллар замондошлар эътиборидан четда қолмасин деган умидда, баъзи тарихий манбалардаги талқинлар ҳақида хабар бермоқ истагида қалам сурилди.

840 йилдан 1212 йилгача ҳукмронлик қилган Қорахонийлар империяси давридаги фан, маданият ютуқларига доир 30 дан ортиқ махсус асар ёзилганлиги жаҳон маданияти тарихида муҳим воқеа саналади. Бу давлатнинг маданият, иқтисод ва илм-фан соҳаларида улкан юксалишларга эришгани маълум. Жаҳон илм-фанига буюк ҳисса қўшган Форобий, Муҳаммад Хоразмий Ибн Сино, Беруний Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий ва бошқалар Мусулмон уйғониш даврининг даҳолари даражасига кўтарилди. Айни ўша даврда «Девону луғотит-турк», «Қутадғу билиг», «Тарихи Кошғар» каби йирик асарлар майдонга келди.

«Қутадғу билиг» асарининг учта қўлёзма нусхаси жаҳон фанига маълум. Улар: 1. Уйғур битигида ёзилган «Вена» қўлёзмаси. 2. Араб битигида ёзилган «Қоҳира» қўлёзмаси. 3. Араб битигида ёзилган «Фарғона» қўлёзмаси. Ушбу қўлёзмалар асосида жаҳондаги бир неча мамлакатда таниқли олимлар тадқиқотлар олиб бордилар ва асарнинг бир неча тилдаги нашрларини рўёбга чиқардилар. Улар:

  1. 1891-1910 йилдаги В.Радлов нашр этган матн.
  2. 1952 йилдаги Ришат Араг тайёрлаган матн.
  3. 1972 йилдаги ўзбекча матни нашри.
  4. 1984 йилдаги уйғурча нашри.
  5. 1986 йилдаги асарнинг қозоқ тилига таржимаси.
  6. 1990 йилдаги асарнинг русча таржимаси.

Асарнинг булардан бошқа немисча, инглизча, хитойча таржималари ҳам нашр этилди. Айни замонда «Фарғона» нусхасининг факсимили нашри ҳам майдонга келди.

Бунинг сабаби «Қутадғу билиг»нинг мазмунан теранлиги ва бадиий юксаклигидир. Ҳукмдорлар, давлат бошлиқларига панд-насиҳатлар ва йўл-йўриқлар тарзида ёзилган бу йирик асарда Қорахонийлар, умуман Марказий Осиё халқларининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожи, ҳунар-саноат, тил-адабиёт, тарих ва фалсафа, юлдузлар илми, ҳарбий санъатга доир ҳаётий масалалар чуқур ёритилган. Шу сабабли ушбу асарга бўлган эҳтиёж бугунги кунда ҳам алоҳида аҳамият касб этиб келмоқда.

Асарда ҳукмрон «амир»лар «Баг» деб аталган. Ҳозирги кунимизда бу атаманинг «Баг» ва «Бек» шакли мавжуд. Юсуф Хос Ҳожиб 1068-1070 йилда ёзган «Қутадғу билиг» асарида бу атама «Баг» шаклида қўлланган.

Баг эса, арабча «амир», форсча «подшоҳ» демакдир. Шу боис Алишер Навоий Соҳибқирон Амир Темурни Темурбек деб, Бобур эса Навоийни Алишербек деб атайди. Биз асардаги «Баг»ларнинг макони бўлган Қарши атамаси ҳақида фикр юритамиз. Жумладан, «Қутадғу билиг»нинг 1971 йилги Тошкент нашрида қуйидаги мисраларни ўқиймиз:

«Бу баглар эви оти қарши турур,
Бу қарши ичиндоки қарши турур»,

Изоҳида: «Бу баглар уйининг оти қарши (саройдир),

Бу қарши (сарой) ичидагилар қарама-қаршидирлар», – деб тушунтирилади.

«Табизлик бўлур бу қопуғда ўкуш,
Табиз қайда эрса тўқуш ул уруш».

Изоҳи: «Бу даргоҳда ҳасадликлар кўп бўлади:

Ҳасад қаерда бўлса, у жанжал (ва) урушдир»,– деб берилган.

Ушбу матндаги «Қарши» атамаси билан унга берилган изоҳ менга шубҳали туюлди. Шу сабабли қўлёзмани кўришга эҳтиёж сезилди.

ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган «Қутадғу билиг» нинг Фарғонадан топилган қўлёзмаси ва «Қоҳира» деб шартли аталган фотонусхасини қайта кўриб чиқдим. Қўлёзмани синчковлик билан ўрганиш, нашрни қиёсий солиштиришга тўғри келди.

Юқоридаги матнни қўлёзма асосида қиёслаганимизда: матн хато ўқилгани ва тўғри изоҳланмагани аниқланди. Эътибор беринг. Қўлёзмада асл матн қуйидагича ёзилган:

Бу баглар эви оти қарши турур,
Бу қарши ичиндаки қорши турур.
Табизлик бўлур бу қопуғда ўкуш,
Табиз қайда эрса тўқуш ул уруш.
Санингда улуғунг сани тепсагай,
Сани ўтқи этгай ўз итлур тагай.
Йама тапсагай кўр санга тенг тушунг,
Кўрмагай эдунг тунаргай кунунг.
Бу йанглиғ учун Қарши Қорши бўлур,
Эки кун қоришса бириси ўлур.
(Қўлёзма, 153 б-варақ)

Ушбу матндан келиб чиқсак, қуйидаги масалалар аён бўлади. Яъни «баг»ларнинг турадиган уйи – макони Қарши экан. У ёвга – душманга қарши чиқувчи макон эканини билдиради. Ана ўша сабабга кўра ёвга қарши кураш олиб борувчи, мунтазам ҳарбий қўшинга эга, аниғи олдинги жанговар – ҳужумчи қўшинларнинг ҳарбий қароргоҳи «Қарши» экани маълум бўлади. Арабча айтганда, у ҳарбий билоддир (шаҳардир), форсча айтганда «ҳисори лашкар»дирки, бу атама ҳеч қачон «Сарой» маъносини бермайди.

Атама ва ибораларни ёзилишига кўра қиёсий кўриб чиққанимизда, қўлёзмада «Қарши»даги «Қоф» алифсиз ёзилгани маълум бўлди. Бу «Қарши» ёвга қарши, яъни душманга юзма-юз жанг билан қарши турувчи – форсча айтсак «пешво» чиқувчи маъносини билдирувчи атамадир. Ҳеч қачон бу атама «сарой» эмас. Чунки бир шаҳарда бир неча саройлар бўлганки, улар Оқсарой, Кўксарой, Қорасарой, Карвонсарой, Боқчасарой каби номлар билан аталади, буларнинг кўпчилиги форсча меҳмонхона маъносини билдиради. Саройни Юсуф Хос Ҳожиб «Қопуғ» атамаси билан ёзади. Демак, «Қарши» «қопуғ» эмас! «Сарой» ҳам эмас! «Қаср» ҳам эмас! «Қарши» атамаси «Ўзбекистон вилоятлари топонимлари» китобида ҳам «Сарой» деб янглиш берилган, «Сарой» русча «дворец» демакдир. Шу китобда бу шаҳар «ХVI асрдан бошлаб Қарши, яъни «сарой» номини олган» деб нотўғри изоҳланган. (Ўша асар, 188-бет).

Шундан келиб чиқсак, «Қарши» мулк ва ватанни ташқи ёв-душманлардан қўриқлашга, сақлашга мослашган, катта биноларга эга бўлган стратегик макон экани маълум бўлади.

Демак, «Қарши» ўз даврида мудофаа шаҳри, аниғи «Ҳарбий ўрда» бўлган катта истеҳком маъносини билдиради.

Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» асарини ёзган давр – XI асрда қорахонийлар империясига қарши ғазнавийлар ҳамда салжуқийлар жиддий хавф солиб турарди. Ана шу сабабларга кўра «Қарши» ёвга зарба берувчи олдинги ҳарбий истеҳком бўлгани аниқ кўринади.

«Қарши» атамасини В.В. Бартольд уйғурча деб ёзади. Муаррих Мулла Салоҳиддинхожа ибни Мулла Алоуддин Яздийнинг (XIV–XV) «Амир Темур Кўрагон ҳақида қисса» асарида: «Соҳибқирон минг бир жафолар билан охир Қаршиға келди», деб ёзилади. «Шарафнома» муаллифининг тушунтиришича, «Қарши» уйғур тилида катта иморатлар дегани экан.

Шундай экан, «Қарши» атамаси «қўрғон» маъносини ҳам беради. «Қўрғон» арабчада «қалъа»дир. Нақл қилишларича, Қаршида 5 000 отлиқ қўшин жойлашар экан. Агар ҳар бир аскар – черикка 2 та от берилса, демак, 10 000 от бўлади. Отбоқар ва бошқа хизматчилар ҳисобга олинса, одам сони ҳам 10 000 кишини ташкил этади. Олдинги илғор қўшин, пиёда ёки ўқчи чериклар-чи? Бундан бошқа ғўл, ўнг ва сўл қанот жангчилар-чи? Демак, бундай қўшинларга бир неча «баг»лар раҳбарлик қилиши табиий.

Қаршида туриб, қўшинга раҳбарлик қилувчи баглар (беклар) – «Тегинбаг» (шаҳзода), «Инончбаг» ва бошқа баглар бўлганки, уларнинг ҳар бири махсус қўшинларга эга бўлиб, агар табизлик (ҳасад-фасод) чиқса, у ҳолда бир-бири билан тўқнашиб, тахт-мулк талашганида яна уруш чиқаради деган ўгит берилади «Қутадғу билиг» асарида. Ушбу атамани янада аниқ билиш учун Маҳмуд Кошғарийнинг машҳур «Девону луғотит-турк» асарига мурожаат қиламиз:

«1. Қарши – шоҳ қасри (хон ўрдаси ҳам дейиш мумкин – Ҳ.И.). 2. Қарши – тескари, қарши; кеча кундузнинг қаршисидир. 3. Қарши – икки баг орасидаги қарама-қаршилик» деб ёзган эди ўз замонасида бу қомусий олим («Девон», 1-жилд, 399-400-бет).

Манбаларда ёзилишича, «Қарши» қўрғонининг атрофи айланасига сув тўлдирилган хандақ билан ўралган экан.

Баъзи тарихчилар «Қарши» атамасини мўғулча сўз деб изоҳлашга уринганлар.

Эътибор беринг: Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий ўз асарларини ёзган чоғда мўғулларнинг етти отаю онасининг қадами бу жойларга тегмаган бўлса, қандай қилиб бу атама мўғулча бўлади? Аксинча, бу атама мўғул тилига туркий тил орқали кирган иборадир. «Бобурнома»да: «Қарши мўғулча оттур. Гўрхонани мўғул тили билан Қарши дерлар. Ғолибо, бу от Чингизхон тасаллудидин (босиб олишидан) сўнг бўлғондур» деган жумлага дуч келамиз («Бобурнома», 47-бет.) Наҳотки, Бобур янглишган бўлса?

Анча узоқ замонлардан буён хон ўрдаси бўлиб келган Қарши, мўғуллар босиб олгандан кейин уларнинг диққатини ўзига жалб қилганга ўхшайди. Гап шундаки, «Ғолибо» ибораси «эҳтимол» маъносида бўлгани учун буни Бобур мутлоқ ва қатъий айтмаган. Нашрда бу сўз «Ғолибо» деб янглиш берилгандир. Тарихий манбаларда ёзилишича, Чиғатой мўғулларидан бўлмиш Кебакхон 1318 йили иккинчи марта хонлик тахтига чиқади. Ана ўша замонда хон ўрдаси Или дарёси водийсидаги Олмалиқ шаҳрида бўлган эди. Амалдорларнинг фитна-фасод, зиддиятларидан безиб, улардан узоқ туришни мақсад қилгани сабабли, Кебакхон Чиғатой улуси пойтахтини 1320 йилларда Олмалиқдан Қаршига кўчиради. Шаҳардан узоқ жойга ўзи учун сарой қурдиради. Мўғуллар истилосига қарши бўлган кишиларни қатл этиш учун ана ўша Қарши ҳудуди қулай келган бўлса керак, шу боис бу шаҳарни ўзларича «Гўрхона» деб аташганга ўхшайди. Шубҳа йўқки, «Қарши» атамаси мўғуллар ўзлаштирган атамадир. Ҳар бир халқ ўзлашган, ўз тилига сингиб кетган ҳар қандай сўзни ўзиники деб билади.

Бундан ташқари, мўғулларнинг ёзуви йўқ бўлгани учун Чингизхон буйруғи билан улар уйғур битигини қабул қилганлар. Ҳозир ҳам Мўғулистонда ва ХХРдаги Ички мўғул автоном ўлкасида уйғур битиги сақланиб қолган. Мўғулларнинг давлат идораларида туркий бахшилар, девонбегилар ёзув ишларини олиб борганки, буни тарихий далиллар, қўлёзма манбалар тасдиқлайди.

Бинобарин, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида ҳукмронлар тўғрисида битилган дастурлар Ўзбекистон давлатчилиги тарихини ўрганишда ҳам оламшумул аҳамият касб этади. «Қутадғу билиг» асарини қайта тадқиқ этиб, матн моҳиятини тўғри изоҳлайдиган луғат билан таъмин этиш навбатдаги жиддий вазифалардан биридир.

Ҳамидхон Исломий,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 1-сон