Маҳмуд Асрор. Гёте ким бўлган?

Баъзи дастур ва рисолаларда турли машҳур шахсларнинг эътиборга молик сўзлари янграйди. Ана шу саҳифаларда Гёте, Толстой ва бошқа бир қатор жаҳон дурдоналарига муаллифлик қилган даҳоларнинг эътиқодий иқрорлари мухлисларга тортиқ этилади. Биз бироз атеистик руҳ ҳукмронлик қилган даврда яшаганимиз боисми, юқорида номлари зикр қилинган шахсларнинг бу иқрорларига бироз шубҳа қилинарди. Аммо… Бу ерда шубҳанинг ўрни йўқ.

Мен шахсан Гёте бўладими, Толстой бўладими, умрининг охирида шариати исломияни қабул қилибди, деса ажабланмайман. Чунки уларнинг асарларини ўқиган инсон жуда яхши биладики, Толстой ҳам, Гёте ҳам холис одамлар бўпишган. Буюк адибларни бирлаштириб турадиган бир жиҳат бор: улар қандай услубда асар ёзган бўпмасинлар, бош мақсадлари инсониятнинг бахт-саодати бўлган.

Буюк тажрибалар шуни кўрсатдики, холис, чин қалбдан ҳақиқатни излаган киши албатта ИСЛОМни қабул қилади. Бизда одамлар сизга ўхшаб фикрлашга ўрганиб қолишган: «Йўғ-э, Толстой Аллоҳни ягона илоҳ деганми, Гёте пайғамбаримизга бағишлаб шеърлар ёзганми?» деган саволларнинг замирида исломга нисбатан ҳурматсизлик ётади.

Таниқли шахслар ҳақида гапиришни бошлаганимда, таниш акаларимиздан бири мендан сўраб қолди: «Толстой ростдан мусулмон бўлганми?»,- деб. Мен ундан сўрадим: «Нега ажабланяпсиз? Нима бўпти мусулмонликни қабул қилган бўлса?» «Йўқ», — дедию, жим бўлиб қолди. Мен шунда ундан яна сўрадим: «Ака, хафа бўлманг-у сиз Толстойни буюк даҳо деб биласиз, шунга ишонасиз. Аммо исломни ҳақ дин дейсиз-у унчалик ишонмайсиз. Агар сиз муқаддас динимизни ҳаққи рост Аллоҳнинг динидеб билганингизда, биласизми, нима дердингиз: «Хўп, Толстой мусулмон бўлган эрса нима бўпти? Агар у чиндан ҳам калимаи тавҳидни айтиб кетган бўлса, бу унинг ютуғи, исломнинг эмас. Аллоҳнинг дини Толстой ва Гётенинг иқрорига муҳтож эмас, балки «буюк даҳолар»нинг ўзлари исломга муҳтождирлар».

Кимдир менга шу ерда савол бериб қолади: «Хўп, сиз уларни исломни қабул қилган деяпсиз. Аммо Гёте ва Толстой яшаган муҳитда уларга ҳақ калималарни ким етказиши мумкин?»

Ҳақиқатни Аллоҳ етказади. Албатта, турли сабаблари билан. Кейин, бир нарсани яхши билиб олингки, ҳар қандай инсоннинг қалби бор, юраги бор, иймонга чорловчи раҳмоний туйғулари бор. Ана шу туйғулар инсонни бир умр силкитиб туради. Бизга университетда Толстой ҳақида ҳам, Гёте ҳақида ҳам маълумот беришган. Биласизми, мени нима ажаблантирган: уларнинг иккиси ҳам рус ва немис халқи учун қадрли бўлган ва умрларининг охирида «телба бўлиб қолишган». Қизиғ-а, дунё адабиётини елкасида тутиб турган бу икки даҳони осонгина, икки жумлада: «ҳаётларининг охирида телба чол бўлиб қолишди», деган таъриф остига солиб қўя қолишса? Сиз шубҳаланмайсизми бу сўзларга? «Телбалар»нинг бир пайтлар — «ақллари етук» даврда ёзган китобларини кўзларига суртишади-ю, умрларининг охирида айтган васиятларини мактаб дастурларидан олиб ташлашади. Инсофсизлик бу!

Мен бу ҳолатни талабалик давримдаги бир воқеага ўхшатаман. Журналистика факултетида ўқиб юрган маҳалларим рус адабиётидан бир аёл дарс берарди. Толстойни жуда яхши кўрганидан, деярли ҳар дарсда унинг асаридан иқтибос келтирарди. Бир куни бир дўстим қитмирлик қилиб ундан сўради: «Кечирасиз, сиз Толстойни жуда яхши кўрасиз. Унинг асарларига жиддий эътибор берадиган бўлсак, Лев Николаэвич яхши образ сифатида намойиш этган аёлларнинг аксари уйда ўтирадиган, салобатли ва кўчага чиққанларида ёпинчиқларини ёпиб юрадиган аёллар экани ойдинлашади. Толстой: «Аёлнинг гўзаллиги уйдан ташқарига чиқса, унга путур етади», деган. Нега сиз Толстойни яхши кўрсангиз, унинг фикри билан ҳисоблашмайсиз?»

Ўшанда ўқитувчимиз нима деб жавоб берган, биласизми: «Толстойнинг шу фикрларига қаршиман»

Ажабо, «умрининг охирида телба чол бўлиб қолди» дегувчилар нақадар шу аёлга ўхшашлар-а!

«Одамлар орасида» газетасидан