Гулноза Одилова. Аслият мазмуни ёхуд кимга нима қадрли?

Бадиий таржимадан асосий мақсад халқлар ва миллатлар ўртасида адабий алоқаларни ўрнатиш орқали маданиятлараро кўприк вазифасини ўташдир. Бироқ баъзида таржимоннинг масъулиятсизлиги оқибатида таржима қилинган асар китобхонлар эътирофига эмас, танқидига ҳам сазовор бўлиши мумкин. Атоқли таржимон ва адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров таъбирича, шоир ҳаваскор бўлиши мумкин, аммо таржимонни ҳаваскор деб бўлмайди. Сабаби таржимоннинг хато қилишга ҳаққи йўқ.

Агар таржима юзаки чиқса нафақат мутаржимнинг, балки асар муаллифининг меҳнати ҳам муносиб баҳоланмайди. Натижада унинг ижодига ­қизиқиш сусаяди.

Кейинги йилларда бадиий таржима соҳасида жиддий ўсиш-ўзгаришлар бўй кўрсатди. Чунончи, чет эл адабиёти намуналарини аслиятдан ўгириш билан бирга ўзбек ижодкорлари асарларини хорижий тилларга ағдаришга ҳаракатлар бир қадар жонланди. Таъкидлаш жоизки, Юртбошимиз томонидан 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бадиий таржима ривожи учун ҳам айни муддао бўлди.

Бугунги адабий жараённи кузатганда ижодкорлар орасида имкон қадар тезроқ ўз асарларини хорижий тилларга таржима қилдириб, чет эллик адабиёт мухлислари эътиборига тушишга, турли шеърият ҳафталикларида қатнашишга иштиёқлари баландлари ҳам бор. Бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, таржима учун танланган асар савиясини ҳам назарда тутиш даркор, деб ўйлаймиз. Қандай асарни, қайси ёзувчи ёки шоир ижодидан таржима қилишни билиш жуда муҳим. Бу талаб, албатта, биринчи галда ёш таржимонлар олдига қўйилади.

Яқинда ёш қаламкашлар билан ўтказилган бир йиғинда ҳали бирор-бир шеърий тўплами чоп этилмаган, машқлари давраларда тилга тушмаган ҳаваскор: “Мен ўзбек адабиётини япон китобхонларига тақдим этаяпман”, деб қолди. Ундан: “Кимларнинг асарларини таржима қилдингиз?”, деб сўрадик. “Ўзимнинг шеърларимни япон тилига таржима қилиш орқали ўзбек адабиётини япон тилига олиб кираяпман”, деди. Ёш қаламкашнинг бу қадар юзаки фикрлаётганида фақат унинг ўзининг эмас, балки унга сабоқ бераётган устозларининг ҳам “ҳиссаси” бор, албатта. Бадиий таржима билан шуғулланувчи ёшларга адабиёт назарияси, қиёсий адабиётшунослик, лингвокултурология каби фанлардан етарлича сабоқ берилмас экан, улар нимани ва кимнинг асарини таржима қилиш масаласида узоқ вақт адашиб юришлари мумкин. Мана, яқинда Ҳиндистонда ўтказилган бир шеърият ҳафталиги муносабати билан “Ўзбек шоирлари ижодидан намуналар” сифатида бир неча номлари номаълум “шоирлар”нинг шеърий машқлари нашр этилибди. Инглиз тилига ўгирилган бу шеърларни ўқиб, ўйланиб қолдим: наҳотки бу ёшлар “ўзбек шоирлари”, деган номга эришиш учун, аввало, ўзбек китобхони назарига тушиш кераклигини билмасалар. Мазкур ҳаваскорлар машқларини танқид қилиш ниятим йўқлиги боис, уларнинг инглизчага ўгирилган шеърларини таҳлилга тортмадим. Бироқ айтиш жоизки, чоп этилган бу машқлар тепасига “Ўзбек шоирлари” — “Uzbek poets” деб эмас, “Uzbek poetry lovers” — ”Ўзбек шеърсеварлари”, деб ёзилса мақсадга мувофиқ бўлармиди. Тўпламдаги таржима шеърларнинг саёз ва жўнлиги шундоқ кўриниб турибди. Бундай ишга журъат қилган ёшларни қўллаб-қувватлаб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш — устозларнинг иши.

Назаримда, шеърий асарни ўзбек тилидан инглиз тилига ўгиришдан аввал инглиз адабий тилида қисқа эссе, портрет, тўртликлар ёзишни машқ қилиш мақсадга мувофиқ. Зеро, English language (инглиз тили) ва Narrative English (инглиз адабий тили) ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Масалан, ўзбек тилида оқарган соч “пахтадай оқ сочлар”, деб сифатланса инглиз тилига бу тасвирни тўғридан-тўғри “cottonlike hair”, деб ағдариб бўлмайди. Бу каби ҳодисалар тилнинг лингвогеографик хусусиятлари билан боғлиқ. Инглиз ёзувчиси Вол Ковейлиннинг “How to Write Descriptions of Eyes, Faces, Hair, Skin” (”Кўз, юз, соч, тери тасвирини қандай ёзиш мумкин” (2011) номли китобида инглиз адабий тилидаги инсон қиёфаси, аъзоларини тўғри ифодалайдиган бадиий сўзлар изоҳи билан келтирилади. Жумладан, биргина “оқ соч” иборасининг ўнга яқин бадиий синоними берилган. Сочга нисбатан инглиз тилида оқ соч — white hair эмас, gray hair — кулранг соч ибораси ишлатилади. Аммо gray — бадиий бўёқдор эмас, нейтрал сўз ҳисобланади. Бадиий асарларда эса, gray like iron—темирдек кулранг, gray like silver — кумушдек кулранг сифатлашларини қўллаш мумкин. Ёш таржимонларга инглиз тилида ёзилган шунга ўхшаш китоблардан фойдаланишни тавсия этган бўлардик. Қолаверса, хорижлик китобхоннинг талабини ўрганиш, қандай мавзудаги асарлар унинг эътиборини тортишини билиш ҳам ёш таржимон ишининг самарасини таъминлайди. Мавзулар танлангач, муаллифлар сараланади. Бунинг учун, албатта, у ўзбек адабиёти ҳақида кенг қамровли тушунчага эга бўлиши керак.

Хорижлик китобхонда умуминсоний ғоялар тараннум этилган асарлар кўпроқ қизиқиш уйғотади. Шуни назарда тутган ҳолда, аввало, қандай мавзудаги шеърларни чет тилига таржима қилиш керак, деган саволга жавоб топиш лозим бўлади. Дейлик, одоб-ахлоқ, панд-насиҳат руҳидаги шеърларда ўзбек шоири куюниб урғу берган муаммо хорижлик китобхонда мутлақо қизиқиш ўйғотмаслиги, бу масала уларда нормал ҳодиса саналиши мумкин. Насрий асар таржимасида муаллиф мақсадини англатиш учун мухтасар изоҳ билан ­кифояланса бўлар. Аммо шеърий таржимада изоҳлардан бир оз қочилади.

Яқинда қўлимга “Зарқалам” нашриётида (2005) чоп этилган “Miracle on the way” номли китобча тушди. Унда шоирлардан Ўроз Ҳайдар, Баҳром Рўзимуҳаммад ва Аъзам Обидовнинг шеълари ва уларнинг инглизча таржималари жамланган экан. Таржималар муаллифи ҳам Аъзам Обидов. Тўпламдаги А.Обидовнинг “Она” номли шеъри менга манзур бўлди.

Она эшик очар, кирар фаришта,
Меҳмон келиб қолар, эҳтимол,
Дея уйни қилиб саришта
Ярқиратиб артиб қўяр пол.
 
Ёши қари, сочлари оппоқ,
Оғриганин айтмайди белин.
Уйда эса ухлайди узоқ
Она бўлай деб қолган келин.

Бу шеърда онанинг мудом куймаланиб юриши ва аксинча келиннинг кун бўйи ётиб ухлаши, яъни оиладаги бир муаммо қаламга олинган. Аммо бизнинг турмушимизда учрайдиган, эътиборни талаб этадиган шу муаммо инглиз кишиси учун қизиқми? Шеърда талқин этилган масала унга тушунарли ва танишми? Ғарбча турмуш тарзида бу оддий, нормал ҳол саналиши тайин. Масалан, инглиз ёшларини оладиган бўлсак, аксарияти ота-онасидан алоҳида мустақил яшашади. Бирга яшаган ҳолда ҳам ҳомиладор келиннинг куймаланиб юрган қайнонасига қарашмай “узоқ ухлаши” улар учун айб ёки ҳурматсизлик саналмайди. Модомики, биз учун муаммо, инглиз кишиси учун оддий, одатдаги ҳол бўлган мавзудаги шеърни таржима қилиш шартмиди?

Таржимани ўқиймиз:

The door is opened early morning,
Maybe comes, as angels, a guest
Mother, cleaning room, is worrying:
“I need to brighten all the rest.”
 
She is so old, her hairs- white,
Pain in waste she doesn’t say.
Still asleep- but- in the quite-
Waits a child her fiancе.

Сўзма-сўз таржимаси: Эрталаб эшик очилади, Балким фариштадек бўлиб меҳмонлар келар. Она уйларни тозалар экан ташвишланади: Қолганларини ҳам ярқиратиб қўйишим керак. У жуда қари, сочлари оқ, Белидаги оғриқни айтмайди. Ҳалиям ухлаб ётар лекин анча Бола кутади унинг қаллиғи.

Таржимадаги fiancе сўзига Макмиллан луғатида (http://www.macmillandictionary.com/thesaurus/british/fiance): your fiancе is the man you are engaged to and are going to get married to — сенинг қаллиғинг, сен унаштирилган ва турмуш қураётган эркак кишинг, дея изоҳ берилган. Бу сўз лотинча fidera сўзидан олинган бўлиб, қадимги француз тилида fiancе, кейинчалик fiancer ва 19 аср ўрталарида fiance тарзида инглиз тилига кириб келган. Француз тилининг таъсиридан fiance+е – fianceе тарзида бир ҳарф қўшилиши билан аёл қаллиқни ҳам англатиши мумкин. Аммо юқоридаги таржимада эркак қаллиқ маъноси англашилмоқда, сабаби қўшимча е ҳарфи йўқ. Балки бу техник хатодир, шеърда аёл қаллиқ тилга олинган, деб тасаввур қилиб ўқиб кўрайлик. Англашилаётган маъно маданиятимизга қанчалик тўғри келади? Ўзбек қизи унаштирилгач, тўйдан олдин ҳомиладор бўлган кўйи қайнонасининг уйида ухлаб ётмайди-ку? Бинобарин fianceе — расмий ва черковда никоҳдан ўтмаган қаллиқ, дегани. Иккинчидан, her fiancе — “унинг қаллиғи”даги унинг (her) олмоши онага нисбатан ишлатилмайди. Бўлажак куёв ёки келин бир-бири учун her ёки his fiancе (е) бўлиши мумкин. Масалан: Her fiancе is Farhod — унинг қаллиғи Фарҳод, his fianceе is Shirin — унинг қаллиғи Ширин каби. Таржимон say билан fiancени ўзаро қофиядош қиламан деб, ўзбек тилида ёзган мазмунли шеъри таржимасида хатоликка йўл қўйган. Шеърдаги “қаллиқ”ни “келин” қилиб ўзгартириб, асосий мазмунни инглиз кишисига тушунтириб берсангиз “Ҳа, нима бўпти шунга, ухласа ухлабди-да, чарчагандан кейин ухлайди, ҳомиладор бўлса”, дейиши табиий. Катталарга ҳурмат юксак ­даражада сақланадиган ўзбек хонадони учун манзур одоб-ахлоққа оид бу шеър мазмуни инглиз кишиси учун оддий, ­одатдаги ҳол. Назаримизда хорижий тилга таржима учун асар танлашга жиддийроқ ёндошган маъқул.

Бу жиҳатдан марғилонлик ёш мутаржим, АҚШнинг Индиана университети магистратурасини битирган Маҳмуда Сайдумарова инглиз тилига ўгирган ўзбек ҳикоялари тўплами эътиборга молик. Бугунги кунда amazon. com сайти орқали сотилаётган мазкур тўплам шу йил “Author-house” нашриётида (2013) чоп этилган. Таржима учун М.Сайдумарова энг сара ўзбек ҳикояларини танлаган. Китоб муқаддимасида у ҳар бир ҳикояни инглиз тилида шарҳлайди. Масалан, Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” ҳикоясининг қисқача мазмунини шарҳлар экан, ўғрининг аслида ўғри эмаслигини, у шароит тақозоси боис бу “иш”га қўл урмоқчи бўлганини яхшилаб тушунтириб беради. Таржимон ҳар бир асарни, жумладан, Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” ҳикоясини шарҳлаганда миллий менталитетимизга хос хусусиятлар ҳақида, масалан, қайнона-келин муносабатларини америкалик китобхонга қисқа-лўнда тушунтиради.

Тўпламдаги ёш ёзувчи Наргиза ­Ғуломованинг “Шаҳарлик келинчак” ҳикоясида келинчак Раъно билан унинг эри Умид ўртасидаги ушбу ­диалогга ­эътибор берайлик:

“— Раъно, сендан бир нарсани ­илтимос қилсам майлими?

Раъно савол назари билан эрига қаради.

—    Онамни “ойижон” дегин.

Раъно чуқур хўрсинди:

— Биласизми, онам менинг энг яқин дугонам, сирдошим, маслаҳатчим. Улар жуда ажойиб аёл. Мен эса, афсуски, бирор маротаба уларни “ойижон” деб атамабман.”

Шу қисқа мулоқотни инглиз тилига тушунарли таржима қилиш қанчалик мушкул. Чунки куёвнинг илтимос қилаётгани “ойи” сўзига қўшиладиган “жон” эркалаш суффиксининг аналоги инглиз тилида йўқ. Шу боис таржимада куёв онасини “она” деб чақиришини келиндан сўраётир. Келин эса ҳатто ўз онасини бирор марта она деб чақирмаганини айтаяпти. Бу мулоқот инглиз тилида ўқийдиган китобхонда бироз тушунмовчилик туғдиради. Нега энди келин ўз онасини “она” деб чақирмаган экан, деган савол туғилади. Шу сабабдан таржимон куёвнинг сўровидаги (“Call my mom ‘mother’”, he said) ва Раънонинг жавобидаги (“…I’ve never called her ‘mother’, even once”) “ойижон” ўрнини босаётган “она” сўзини апостроп билан берган. Аммо Умид ва Раънонинг ўз оналари ҳақидаги гапларида бу апостроп йўқ. Ҳикоя сўнгида ­апостропдаги “она” сўзи қандай маънода келаётгани ва сабаби инглиз тилида қуйидагича изоҳланган: “Ўзбек тилидаги мулоқотда кишиларга мурожаат қилишда киши номи ёки “она” ва “ота” сўзига “жон” қўшимчаси қўшилади. “Жон” ҳурмат, муҳаббат ва ғамхўрликни англатади. Биз “жон” инглиз тилидаги “dear” — қадрли сўзига эквивалент бўлади, дея оламиз. Шундай экан ҳурмат маъносида инглизча “dear mother” — ўзбек тилида ойижон ва “dear father” дадажон бўлади” (инглизча изоҳ таржимаси бизники — Г.О.)

Китоб сўнгида ҳикоя муаллифлари ҳақида маълумотлар келтирилган ва таржимоннинг бу тадбири ҳам жуда маъқул. Умуман, мутаржимнинг мазкур тўпламни тайёрлашда ишга алоҳида ихлос билан ёндашгани сезилиб турибди. Таржималарда аслият мазмуни аниқ-тиниқ етказиб берилган. Бу китобни ҳақли равишда “А collection of Uzbek short stories” (Ўзбек қисқа ҳикоялари тўплами) деса бўлади. Таржималар сифати ва савияси ҳақида гапирадиган бўлсак, таржима тили содда ва равон.

Британиялик профессор Д.Кристалнинг таъкидлашича, дунё бўйича уч нафар инглиз тили вакили бўлмаган (none native speaker) кишига бир инглиз тили вакили (native speaker) тўғри келар экан. Демак, дунё бўйича инглиз тилида сўзловчи инглиз тили вакили бўлмаган кишилар сони ҳақиқий инглиз тили вакилларига қараганда уч баробар кўпроқни ташкил этади. Инглиз тили вакили бўлмаган инглиззабонларнинг кўпчилиги айнан ўртача (intermediate) инглиз тилидаги китобларни мутолаа қиладилар. Шундай экан, кенг омма ­ҳукмига ҳавола этишни ихтиёр этсак, таржималарни айнан шу даражага ­мослаб амалга ошириш керак бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, замонавий таржимачиликда нимани, кимнинг асарини ва қандай асарни таржима қилиш керак, деган аниқ саволларга ­жавоб топа олган таржимонгина муайян ютуққа эришиш имконига эга бўлади. Буни бадиий таржимадек мураккаб, бироқ шарафли ижодий ишга бел боғлаган ёш ­мутаржимлар чуқур ҳис этишларини истардик.

Гулноза Одилова,

ЎзМУ доценти

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 50-сонидан олинди.