Франц Кафка

ХХ асрда энг кўп шов-шувларга сабабчи бўлган улкан адиб. 1883 йили Прагада туғилган. Отасининг талаби билан ҳуқуқшунослик йўналишида таълим олган. Ҳуқуқшунослик бўйича доктор. Дастлабки ҳикояси 1904 йили нашр этилган. Тириклигида 4 та кичик ҳажмдаги китоблари босмадан чиққан. 1924 йили 41 ёшида вафот этган. Аксарият асарлари васиятига зид равишда ўлимидан сўнг чоп қилинган.

Бугун унинг номи воқеликни реаллик қадар мажозийлаштирган деган мақом олган, ХХ асрда дунё бадиий тасаввурини ларзага солган иккита буюк адиб – Жойс ва Беккет билан бир қаторда саналади: бу адиб­лар адабиётнинг тасвир чегарасини тахайюлнинг имконияти қадар кенгайтира олишди, шу хизматлари учун адабиётнинг «уч маъбуди» деган номга сазовор бўлишди. Бугун мазкур уч номни, гарчи асарларини ўқишмаган бўлса ҳам, билмаган зиёлининг ўзи йўқ. Ҳозир уларнинг ибораларидан, ҳикматларидан, мажозларидан тадбиркорлар ҳам, файласуфлар ҳам, сиёсатчилару журналистлар ҳам, олимлару воизлар, қаллоблару товламачилар ҳам худди бу ҳикматларни биргаликда яратишгандай бемалол фойдаланишади, бу ҳикматларни ҳам ўзларига ва мақсадларига хизмат қилдиришга уринишади.

Аммо 90 йил олдин ҳаммаси бошқача эди. Франц Кафкани жуда кам кишилар биларди, кам кишилар уни қадрларди. Шу сабабли ҳаётлиги даврида унинг биронта ҳам романи чоп этилмади. Нашр қилинган новеллалари унга ўзи кутган обрў-эътиборни келтирмади. Тўғрироғи, битта катта урушдан чиқиб, кейинги катта урушга тайёрланаётган, маънан ва руҳан чарчаган олам уни тушунмади, унинг оғриқларини, изтироб­ларини бадбинлик деб қабул қилди, унга худди отаси каби ожиз ва нотавон, унутишга ва унутилишга маҳкум аламзада шахс сифатида муносабатда бўлишди.

Франц Кафка 1883 йили Прагада иши тобора ривож топаётган фабрикачи хонадонида таваллуд топди. Отаси Герман Кафка касб-корига кўра тиниб-тинчимас, қаттиққўл, тошюрак, ҳиссиётларга берилмайдиган, мақсадини амалга ошириш учун ҳар қандай воситадан фойдаланишга тайёр янги капитализм вакили эди. У ўғлининг китобларга ўралашиб юришини, адабий машқлар қилишини жини суймасди. Буни ожизлик ва заифлик белгиси сифатида қабул қиларди. У айнан шу феъл-атвори билан қашшоқликдан қутулиб, бадавлатлар сафига кўтарилганлардан эди. У кўнгил одами эмасди, шу сабабли ўғлини бошиданоқ омадсизлар сафига қўшиб қўйганди. Кафка эса ҳиссиёт одами эди. У ҳар бир гўзалликдан завқланиб кетар, ҳар қандай адолатсизлик унда оғриқ уйғотар, юмшоқ кўнгилли, ювош, таъсирчан эди. Ана шу феъли туфайли у кучли ва қаттиққўл отасидан руҳан узоқлашди. Онаси ва сингиллари ҳам Кафкани кўпам тушунаверишмасди, Францнинг туйғулари ва кечинмалари уларга журъатсизлик маҳсули бўлиб туюларди. Шу сабабли у ёшлигиданоқ ўз орзулари ва хаёллари билан бирга яккаланиб қолди. Ёш Кафка ўзининг ғайритабиий руҳий салоҳияти билан отасининг ютуқлари ва бекаму кўст яшаши, хотиржамлиги, ўзига ишончи остида ҳамиша синиб қолишдан қўрқув хавотири ётишини ҳис этарди. Эртага синиб қолиш хавфи отасини янада кўпроқ ишлашга, интилишга ундар, у янада шафқатсиз ва бағритош бўлиб борарди. Бунақа ҳаёт барча янги капиталистларга хос эди. Улар ҳаётимиз бекаму кўст деб ўйлашса-да, кўнгилларининг тубида барибир эртанги кунидан қўрқув ётишини ёш Кафка ҳис этганди. Бундай қўрқув бадавлат одамлардан тортиб оддий гадонинг кўнглигача қамраб олганди. Умуман, одамзод, ким бўлишидан қатъи назар, эртанги кунидан қўрқув билан яшайди, шу қўрқувни енгиш учун ўзини ўтга, чўққа уради, эзгулик ва ёвузлик посангисининг гоҳ у, гоҳ бу томонига ўтиб юради. Кафка шундай тушунар, одамнинг келажак қаршисидаги ана шу қўрқувини биринчи бўлиб бадиий тасвир воситасига айлантирганди.

Кафка отаси билан муносабатларини «Отамга мактуб» хатида батафсил тасвирлаган. Бу хатда нозик қалбнинг нозик оғриқлари, тошбағирликка, мустабидликка, тазйиқ ва таъқибга қарши ҳиссий исёнлари, оғриқлари баён қилинади. Аммо у пайтлари ҳали бу мактубнинг ёзилишига анча бор эди. Ҳали Кафка ота қарамоғидаги ҳар бир барг шитирлашидан хавотирланадиган ҳуркак бола эди. «Отамга мактуб» номли дил изҳорида падари бузрукворининг қатъяитига, иродасига, бир сўзлилигига, уддабуронлигига, ўзига ишончига, ғайратига, шижоатига ҳамиша ҳавас қилганини ёзади, аммо бу эътирофдан сўнг бирдан айнан шу қатъияти, шижоати, бир сўзлилиги тагида барибир кимнидир тобе қилиш, кимгадир ҳукм ўтказиш, зулм қилиш, озор бериш ётганини, айнан шунинг учун отасидан қўрққанини тан олади. Болалигида отасининг ўзини айблашидан, таҳдидидан, камситишу танбеҳидан чўчиб китобни яширин ўқирди. У асл нияти ёзувчи бўлиш эканлигини отасига билдиришдан қўрқарди, мабодо айтган тақдирда ҳам отасининг нима дейиши ва қандай чора кўришини билар, кўнгил сири ошкор бўлиб, жазога тортилишидан ҳамиша юрак ҳовучлаб яшарди. Адабиёт билан шуғулланиш бу уйда айб ва гуноҳдай жарангларди, шунга яраша муносабат қилинарди.

Умуман, ёш Кафка отаси ва бошқалардаги янги капиталистларга хос хислатлар ортида барибир бошқаларга нисбатан кўзга ташланмас адолатсиз муносабатлар, бошқача айтганда, тазйиқ ва таҳдид ётишини кўра олганди. Отасига хатида озод ва эркин дунё деб жар солаётган маданий дунёнинг вакиллари бўлган одамларнинг қиёфаларидаги, фаолиятидаги парда олиб ташланса, уларнинг иш услуби барибир инсонни хўрлашга, алдовга, зуғумга қурилгани кўриниб қолишини, отаси каби одамлар адолат деб билган ва ишонган тушунчалар, аслида, адолатсизлик эканини ички бир изтироб билан эътироф этганди. У ёшлигиданоқ одам одамга тазйиқ ва таҳдид қилишига, зулмнинг, зуғумнинг ҳар қандай кўринишига тоқат қилолмасди. Шу сабабли унинг ёзганлари зулм ва зуғумни ичдан фош этган, унинг кўзга кўринмас қиёфасини чизиб берган асарлар сирасига киради.

У отасининг талаби билан аввал немис гимназиясини, сўнг университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлади, шу соҳада докторлик мақомини олди. Икки йил адвокатлик ҳам қилди. Бироқ барибир отасининг изидан кетмади, қўлидан ишини олмади. Отасидан узоқ бўлиш учун ҳам оддий бир суғурта компаниясига оддий ходим бўлиб ишга кирди. Бу эса отасининг ғазабини келтирди. Отаси ундан юз ўгирди. Бу ҳолат Кафкада оғриқ уйғотган бўлса-да, аммо болаликдан орзу қилган адабиёт билан жиддий шуғулланишига имкон туғилди. У энди кичик новеллалари билан турли нашрларда кўрина бошлади. Руҳига ёшлигидан ўрнашиб қолган таҳлика ва хавотир барибир уни тарк этмади. У бир хил ҳаёт кечирар, ишга борар, кейин ёлғизликка маҳкум этилган уйига келиб асарлар ёзиш билан шуғулланар, ўзининг бу узлат ҳаётини ҳеч ким билан баҳам кўришга рози бўлмасди. Болалигида отасининг ҳар бир ишидан қийиқ излашлари, уни бўш-баёвликда, омадсизликда, журъатсизликда айблашлари ўз асоратини қолдирганди: уни ҳар бир янгилик хавотирга соларди, ҳаракатидан, гапидан, сўзидан атрофидагилар, бутун дунё кулаётгандай бўларди. Асарларини ёлғизликда, ҳамманинг кўзидан йироқда, тўрт девор ичига қамалиб, қалтираб-қақшаб ёзарди. Унинг ҳар бир ҳа­ракатида патологик қўрқув, ўз тили билан айтганда, «бутун танасини титроққа солувчи қалтироқ» ётарди. Ўзи бу ҳақда кундалигида шундай ёзганди: «…у тугаса, мен ҳам тугайман, у ҳаётда мавжудлик шартимдир, қалтироқ тўхтаса, юрагим ҳам уришдан тўхтайди».

Кафка адабиётда инсон руҳидаги қўрқув ва хавотирни типиклаштириш даражасига олиб чиққан биринчи ёзувчи ҳисобланади. Унинг барча асарларида воқелик ва муҳит қаршисида қўрқув, хавотирга тушган қаҳрамонларнинг изтироблари ҳамда кечинмалари бор бўйи билан гавдаланади. Бу қўрқув, энг аввало, мавжуд воқеликнинг, муҳитнинг бегоналашувидан, инсонни ўзига маънан тобе ва муте қилишга қаратилган хатти-ҳаракатидан туғилган. Ёзувчи бегона муҳитдан хатарга тушади, бу хатарни илоҳийлаштиради. Илоҳийлашган бегоналик қаҳрамонни ютиб юбориш даражасида улканлашади, охир-оқибат қаҳрамон бу илоҳийлашган бегона хатарнинг беайб қурбонига айланади. Мазкур хатар дастлаб ўқувчига танишдай, одатдаги ҳаётий чигалликнинг манзарасидай туюлади, аммо асар ўқилган сайин худди алоғ-чалоғ туш каби манзара бегоналашиб, ётлашиб боради. Бора-бора бу таҳдид ва қўрқув биз кўниккан мантиқ чегараларидан чиқади, энди ўқувчи узун ваҳимали рўё ичида кезиб юргандай бўлади. Бироқ асар ўқиб бўлинганда идрокли ўқувчининг кўнглида ҳам асардан қолган қўрқув ва хавотир уйғонади. Шундагина ёзувчи хаёлий қўрқув ва хатар ҳақида эмас, биз билан бирга юрган, биз билан бирга яшаётган, аммо биз кўролмаётган, кўришга қурбимиз ҳам, вақтимиз ҳам, ақлимиз ҳам етмаётган, ҳар дақиқада бизга хуруж ва ҳужум қилишга, бизни қул ва қурбон айлашга тайёр турган хатар ва таҳдид ҳақида ёзаётганини билиб қоламиз. «Жазо колонияси» ҳикоясида бу ҳолат яққол кўринади. Зобит ўзи ясаган жазо машинанинг шайдосига айланган, у шу даражада жазо машинасига мубтало бўлганки, ўзи ҳам машина қурбонига айланиши ҳеч кимни ажаблантирмайди. «Жазо машинаси», аслида, қаҳрамонни қуршаб турган муҳит. Фақат ҳамма ҳам бу муҳитнинг жазо машинаси эканини анг­лайвермайди. Зобит жазо машинасини шунчалик берилиб, завқ-шавқ билан тавсифлайдики, худди санъат асарини яратгандек, санъат асарига маҳлиё бўлгандек таассурот уйғонади. Аслида ҳам шундай. ХХ аср бошида мафкура ва сиёсат инсонни хўрлаш ва жазо беришни санъат даражасига чиқарди ва жазо беришдан, хўрлашдан, зулм қилишдан санъат каби завқ олди. Ҳикоя нашр этилганда ҳеч қандай эътиборга тушгани йўқ. Аммо фашистлар концлагерларидаги жазолаш усуллари дунёга маълум бўлгач, ҳамма бирдан Кафканинг ҳикоясини эслаб қолди, ўшанда бутун дунё ёзувчи қарийб чорак аср олдин бу хатардан одамзодни огоҳлантирганини англади. Таассуф жойи шундаки, отаси туфайли муносабатлари унчалик илимаган Кафканинг учала синглиси ҳам ёзувчи башорат қилган фашистлар концлагерларининг, адиб тасвирлаган «Жазо машинаси»нинг қурбонига айланди. Шундан сўнггина инсониятнинг кейинги 25 – 30 йиллик тарихи Кафка асарларида тасвирлаган йўналишда кечганини билиб қолишди.

«Жараён» романида эса бу хавотир эпик кўлам тусини олади. Энди одамни номаълум жараён, тергов, сўроқ, жазо кутади. Негалигини ҳеч ким билмайди, ҳеч ким очиқ изоҳламайди, ҳеч ким аниқ ташхис қўёлмайди, ҳеч ким очиқ айблолмайди, очиқ далилнинг ўзи йўқ, айбнинг ўзи йўқ, аммо ҳамма жойда К.нинг айбдор эканига ишора қилишади, унга жазоланишга мустаҳиқ эканини таъкидлашади. Қайси гуноҳи, қайси айби учун деган саволга жавоб роман охиригача ойдинлашмайди, бу савол ҳеч кимни қизиқтирмайди ҳам, муҳими, маҳкумлик жараёни, жараённинг мавжудлиги. К. учрашган барча мутасадди ва танишлари ўзи билмаган айби учун суд ҳамда жазо муқаррар экани ҳақида гапиришади, айнан шуни муҳокама қилишади. Айб ёки айбсизлик эмас, маҳкумлик ва жазо мунозарага айланади. Ҳамма ана шу жараёнга тааллуқли гапларни айтади. Ҳатто диний аркон – руҳоний ҳам К.ни тақдирга тан беришга, жазони муносиб кутиб олишга ундайди. У ҳам К.нинг қайси айби учун жазо беришаётгани ҳақида лом-мим демайди, охир-оқибат қаҳрамонни номаълум айби учун, романнинг сўнгги жумласида К.нинг хаёлидан кечган ибора билан айтганда, «итдай хўрлаб ўлдиришади». Бу жарённинг жазо машинасидан ҳеч қандай фарқи йўқ. Бу ердаги «жараён» ҳам жазо машинаси каби ўз қурбонларини ямламай ютиш билан овора. «Жазо колонияси» ҳикоясидаги зобитнинг гапи бу ерда яна кўндаланг бўлади: зобит ҳикояда: «… айбсиз одамнинг ўзи йўқ, бу маҳкамага келдими, демак, гуноҳи бор», – дейди. Айбсиз айбдорнинг мустабид тузум қурбони бўлиши ХХ асрда кўп бора учради. Балким, шунинг учун бўлса керак, тоталитар шўро тузуми Кафка асарларини 1965 йилгача нашр эттирмади. Эҳтимол, бу асарлар тузумнинг моҳиятини очиб ташлашидан қўрққандир?!

Франц Кафкадан учта тугалланмаган роман, ўттиздан ортиқ ҳикоялар, новеллалар, нақллар, кундалик­лар қолган. Ёзувчи ўзининг инсоният келажагидан, истиқболидан туғилган қўрқув ва хавотирини турли жанр­даги асарларга, хатарнинг мажозларига айлантирди. Бу мажозлар ёзувчи кўролган таҳлика ва хавотирнинг, муҳит моҳиятининг моддийлашган кўриниш­ларидир. Асарларда инсонга ётлашган, инсонга душман муҳитнинг хаёлий-парадоксал манзараси чизиб берилади. «Эврилиш» ҳикоясида Григори Замза эрталаб уйқудан уйғонса, ҳашарот қиёфасига кириб қолганини билади ва у ҳашарот қиёфасида оламдан ўтади. Ҳашарот-одам ижтимоий чиқитнинг, ижтимоий хўрликнинг кўринишидир. Замзанинг одам бўлиб яшаши учун ҳеч қандай эҳтиёж йўқ эди, ундан одам бўлиб яшаш талаб ҳам қилинмади, оқибатда эврилиш юз берди, одам талаб қилинган эҳтиёж маҳсулига – ҳашаротга айланди. Замзанинг фожиаси, кўпгина тадқиқотчилар таъкидлаганидек, жамият махлуқига айланган одам бўлганида эмас, балки айнан шу – жамиятда одам бўлиб яшаш эҳтиёжи йўқлигидадир. Эҳтиёж бўлмаган жойда ҳожат ҳам бўлмайди. Одам бўлиб яшаш эҳтиёжи йўқ жамиятда одамлар ҳашаротга ва махлуққа айланади.

Кафканинг тилида ҳеч қандай образлар, ўхшатиш­лар, менгзашлар, безашлар, оҳангга урғу беришлар, метафора, метонимиялар, ҳиссий кечинмалар, эҳтирослар тасвири учрамайди. Унинг тили совуқ, ахборот ва ҳолатни акс эттиради, холос. Эга шунчаки эга, унда бадиийлашган жимжималар йўқ. Кесим ҳам яланғоч кесимнинг ўзи. Аниқловчи фақат аниқлайди, ҳиссиёт ёки бўёқ бермайди. Умуман, Кафка воқелик ва ҳаракатни бўяб ифодаламайди. Ҳиссиётга берилмайди, туйғуларини ошкор қилмайди, фақат ҳаракатни ва ҳолатни кўрсатиш билан чегараланади. Диалогларда ҳам сиз ҳиссиётга берилишини, қувонч, ғазаб, нафрат бўёқларини сезмайсиз. У ҳиссий бўёқлардан, образли деталлардан, уюшиқ бўлаклардан атайин қочади. Бироқ асар аста-секин хаёлингизда ғира-шира чизгилари пайдо бўлаётган умумий қурилма сари етаклаб кетади. Шунинг учун Кафка сўзлардан мажоз қурилмасини яратиш учун худди қурувчи ғишт тергандай фойдаланади. Бошқача айтганда, Кафка учун асар бу – конструкция, иморат. У сўзни шу конструкцияни яратиш учунгина ишлатади. Конструкция эса Кафкани қўрқувга солган ҳаётнинг, турмушнинг тимсоли, бадиий қурилмаси, моддийлашган намунасидир.

Франц Кафка инсон қаршисида турган ёвузликни енгиб ўтишига ишонмайди, ўқувчини ҳам бунга ундамайди. Бунга унинг ўзи ҳам ишонмаган. Шахс сифатида унда бундай хислат йўқ эди. У бор-йўғи даҳшатли тушни таъбирловчи эди, йўл кўрсатувчи эмас. У ҳаётнинг бошқалар кўролмаётган, кўришга идроки ва салоҳияти етмаётган қирраларини, томонларини тасвирлаб, чизиб берди, инсонни таҳликага солаётган ҳикмат-мажозларни яратди. Ёзувчи ана шу манзара-мажоз орқали инсонни ўзига, атрофга идрок ва уйғоқ кўз билан қарашга, ҳушёр бўлишга ундади.

Ўлими туфайли адибнинг 3 та романи ҳам тугалланмай қолди. Ўлимидан сўнг барча ёзганларини ёқиб юборишни васият қилди. Бунинг асосий сабаби ҳам ўша қўрқув ва хавотир эди. Кафка асарлари одамларнинг, айниқса, отасининг истеҳзосига, мазахига сабаб бўлишидан қўрқарди. Аммо дўсти Макс Брод унинг васиятини бажармади, романлари ўлимидан сўнг босилиб чиқди. Бу асарлар бирданига Томас Манн, Андре Жид, Генрих Манн, Олдос Хаксли, Германн Гессенинг эътирофига сазовор бўлди. Томас Манн бу асарларни «ўқиш ва англаш оғир бўлса ҳам, кейинги ўн йилликларнинг энг яхши китоби» деб атади.

Кафканинг 1912 йилдан 1917 йилгача Фелицияга ёзган муҳаббат хатларини тадқиқотчилар норасмий тарзда «Кафканинг тўртинчи романи» деб ҳам аташади. Худди ёзувчининг муҳаббати каби бу хатлар ҳам ўзларининг мавжудлигини жамоатчиликка қарийб 50 йил билдирмади. Икки марта унаштирилиб, икки марта ҳам Кафка ташаббуси билан бузилган никоҳнинг алами кетмаган Фелиция Бауэр бу хатларни дастлаб ошкор қилишдан бош тортди. Гарчи маҳбубасига кўп озор берган бўлса-да, буюк ёзувчининг хатлари барибир Фелицияга асқотди: 1954 йили соғлиги ёмонлашгач, бошқа иложи қолмади. У хатларни сотиб ҳаётини сақлаб қолишга мажбур бўлди. Кафканинг руҳи уни бу марта ҳам мактублар қиёфасида қўллади. Хатлар Фелициянинг талабига кўра ўлимидан сўнг, 1967 йили, босилиб чиқди ва дунё адабий жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди ҳамда Кафканинг яна бир қиррасини, инсон ва ошиқ қиёфасидаги кечинмалар тарихини очиб берди.

Отаси тўғри топганди. Кафка чинакам омадсиз эди. Унинг ҳеч қайси соҳада омади юришмади. Мўъжазгина идорада оддий ходимликдан бошқа бирон ишнинг бошидан тутолмади. Бошқа бирон соҳа билан қизиқмади. Турмуш ҳам қурмади. Фелиция Бауэр билан беш йил қайноқ ёзишмалар қилган бўлса-да, ҳаётда тоқ ўтишни маъқул кўрди. Навқирон ёшида сил касалига чалинди. Қисқа умрини фақат ёзишга бағишлади. У ўз кундалигида шундай деб ёзганди: «Менинг бирдан-бир касбим адабиётдир… …Менинг бор-йўғим адабиёт, холос!» У адабиёт учун отасининг фабрикасидан, ҳашаматли ҳаётдан, бойлик ва эътибордан, мансаб ва мартабалардан воз кечди. 1924 йили сил касаллиги хуружидан вафот этди. Дафн харажатларини барибир отаси кўтарди. Бир умр ўзларига ортиқча юк бўлди деб ҳисоблаб юрган ота-онаси уни Праганинг Ольшан қабрис­тонига кўмиш­ларига кўрсатма беришди. Кейинчалик улар ҳам ўша ўзларига дардисар бўлган ўғилларининг қабри ёнига қўйилди. Бугунги кунда Кафка қабри улкан зиёратгоҳга айланган. Унинг ёнида ота-онасининг қабри ҳам бор ва улар ҳам ҳамиша эҳтиром гулларига бурканади. На фабрикаси, на ўзига ишончи, на тадбиркорлиги, на қаттиққўллиги, на обрў-эътибори отасининг номини тарихда қолдиролмади. Омадсиз деб билган фарзанди туфайли отанинг номи ҳам мангуликка муҳрланди.

Франц Кафка адабий фаолиятини соддагина қилиб: «Бахтимга, менда адабиётда фойдали нимадир қила олиш салоҳияти бор… ана шу нимадир қила олиш илинжи менга куч беради… Бундай лаҳзаларда мен ғалати, худди тушни таъбирлаётгандай ҳолатни бош­дан кечираман», – дея таърифлаганди. Бу таърифга ҳеч қандай қўшимча қилишнинг ҳожати йўқ. Унинг романлари – адибнинг таъбирлари. Хунрезликка ғарқ бўлган, инсонни хўрлаш ва тубанлаштиришнинг энг жирканч усулларини жорий қилган, ёвузликни санъат даражасида алқаган ХХ аср ҳаётининг, инсон ботинининг таъбирлари. У махлуқ, қўрғон, жараён, хатар, қўрқув, таҳлика, хавотир қиёфасидаги бу даҳшатли тушни ўзидан келиб чиқиб, ўз қаричи ва ўз тахайюли, ўз тушунчалари билан кичкинагина жуссасида оғриқ ҳамда азобни ҳис этиб таъбир қилди. Бу таъбирномалар дастлаб кичик новеллалар, кейинчалик учта катта роман шаклида инсониятга мерос бўлиб қолди. Инсоният ҳали ҳам Кафка қилган таъбирлар билан яшашда давом этяпти, чунки ўша тушларнинг ўзи ҳам давом этмоқда.

Назар Эшонқул


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!