Федерико Гарсиа Лорка

Испан шоири ва драматурги. 1898 йил 5 июнда Гранада яқинидаги қишлоқда туғилди. Мактабдан сўнг 1914 йили Гранада университетига кирди. 1917 йили дастлабки эссеси, 1918 йили биринчи китоби, 1921 йили биринчи шеърлар тўплами чоп этилди. 1936 йил 19 август куни Гранада яқинида фашистлар томонидан отиб ташланди.

Лорка ижоди – Андалусия орқали кириб борган Шарқ шеърияти ва Ғарб шеъриятини ўзида мужассам этган, ХХ асрда ўзига хос шакл топган, оҳанг ва образларига кўра Ғарб шеъриятидан ажралиб турадиган, бошқача айтганда, Ғарб либосини кийган Шарқ поэзиясининг бадиий намуналаридан бири. Унинг шеър­лари, оҳанглари, рамзлари, ўхшатиш, тимсолларида Шарқ шеърияти таъсири яққол сезилади. Ҳали ўттиз ёшга кирмасдан дунё миқёсида катта шоир сифатида тан олинган ижодкорлардан бири эди: унинг шеърлари гитара каби жаранглади, гитара каби фарёд ва исён қилди. Гитара торлари каби бевақт узилди.

Бошланяпти
гитар ноласи.
Синаяпти
тонг пиёласи.
Бошланяпти
гитар ноласи.
О, кутмагин ундан
сукутни!
Сўрамагин ундан
сукутни!
Тиним билмай йиғлар гитара,
йиғлагандай дарёларда сув,
йиғлагандай денгизда шамол,
сукут сўраб ялинма энди!
Шундай йиғлар тонгни қўмсаб шом,
шундай йиғлар нишонсиз ўқлар,
шундай йиғлар ловиллаган қум
тароватли гулларни йўқлаб.
Илон нишин таҳликасида
қушлар шундай ўлар жонсарак.
О, гитара, шўрлик гитара,
бешта ханжар санчилган юрак!

Лорка шеърияти шаклдаги ва маънодаги фавқулодда хулосалари билан аср бошида адабиётда, тас­вирий санъатда, мусиқада юзага келган, ўз олдига санъатни янги босқичга кўтариш, унга янги шакл, янги мазмун бахш этишдек мақсадни қўйган Пабло Пикассо, Поль Элюар, Андре Бретон, Гийом Аполлинер, Салводор Дали ва бошқа ижодкорлар асарлари билан бир сафда туради. Нафақат асарлари, бу одамларнинг тақдири, маслаги, ҳаёт тарзи ҳам ўхшаш. Мазкур ижодкорлар санъатга янги руҳ, янги тасаввур бағишладилар: санъатни кўриш, эшитиш, ўқиш эмас, ҳис этиш ва англаш биринчи ўринга чиқди. Лорка шеъриятидаги изланишлар, шакл, мазмун – ҳаммаси ана шу йўлдаги уринишлардир. Лорка шеърияти – ботиний ва зоҳирий дунё уйғунлашган, ғалаён ва исён омихталашган шеърият.

Ижодкор ҳаётлик пайтида ўн битта шеърий ва романслар китоби, драма ва пьесалари чоп этилган. Шулардан «Лўлилар романси» тўплами шоир номини Лотин Америкаси ҳамда АҚШда бир неча ой ичида машҳур қилиб юборди ва Лорка Европанинг энг таниқли шоирлари сафидан жой олди.

Жандармлар изғийди оч
тунга тағин экиб олов,
гулхан ичра ёнар ўсмир
ва яланғоч гўзал хаёл.

О, лўлилар шаҳристони!
Жандармлар кетар санғиб
сукунатнинг шум ғоридан,
қамраб олди сени ёнғин.
О, лўлилар шаҳристони!
Кўриб сени унутар ким?
Юзларимдан изласинлар
ой ҳам саҳро жилвасини.

Лорка шеърларини биринчи бор жиддий тўпламда ўзбек ўқувчисига танитган Ш.Раҳмон эди. Ҳассос шоир дастлаб рус тилидан Лорка сайланмасини таржима қилди. Сўнг испан тилидан «Энг қайғули шодлик» шеърий китобини ўгирди, Лорка ижодига бўлган муҳаббати туфайли атайин испан тилини ўрганди. «Лорка ижодида табиатниинг ҳар бир унсури ҳаёт ва мамот оралиғида титраб турган дардчил юракка ҳамдардлик қилади, руҳиятига мослашади. Инсон изтиробининг бу қадар юксалтирилиши шоир дунёқарашида одамийликнинг нечоғлигидан далолат», – дейди Шавкат Раҳмон китоб сўзбошисида. Шоир бу заминда бор-йўғи дарду аламларга муносабатини билдирувчи ярадор юрак соҳибидир. Мана шу фикрда, Ш.Раҳмон эътироф этган нуқтада, ўзбек ва испан шоирларининг қарашлари сўзга, адабиётга муносабатлари ўзаро муштараклик касб этади.

Жимлик

Бу жимликни эшит, болам.
Тўлқинланган бу жимлик,
сирғалиб чўкади акс садолар,
юзларини босар эгилиб
ҳатто осмон ҳам.

Лорка гарчи 1936 йилгача, яъни ўлимигача дунёда етук шоир сифатида танилган бўлса-да, ўлими ва унинг атрофидаги мунозара, тадқиқот, оқлаш ва қоралашларга қоришиқ афсоналардан сўнг тириклигида шеърлари етиб бормаган мамлакатлар ҳам унинг китобини қайта-қайта нашр қилдилар. Дунё миқёсида Лорка шахсига ва ижодига қизиқиш унинг ўлимидан сўнг янада авж олди.

Токи 1975 йилгача испан фашистлари шоирни отиб ташлашганини инкор қилиб келишди. Уни тасодифан ўлган деб ҳужжат тўғрилашди. Бироқ йиллар ўтган са­йин Лоркани фашистлар отиб ўлдиргани ҳақида тобора кўпроқ далиллар эълон қилина бошланди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Лорканинг ўша фашистлар қийноғига маҳкум этилган ўн тўққиз кунлик ҳаётига боғлиқ тадқиқотлар бутун умри ва ижоди ҳақида қилинган тадқиқотлардан ўн-ўн беш марта кўпроқ. Уларнинг аксарияти шоирнинг қандай қилиб ўлдирилганига бағиш­ланган. 1975 йилга келиб франкочилар шоирни халқ томонида туриб ўзларига қарши курашишидан қўрқиб отиб ташлашганини расман тан олишди.

Федерико Гарсиа Лорка ўлим олдидан ҳам шеър ўқимоқда

Зулм шоирдан, шоирнинг рост сўзидан қўрқди. Рост, тирик сўз бор жойда зулм яшолмайди. Зулм шоирнинг номини тарих саҳнасидан абадий ўчириб ташлаш учун қарийб қирқ йил уйдирма тўқиди. Бироқ шоирни енголмади. Ўлимидан сўнг бўлса ҳам у зулм устидан ғалаба қилди.

Хуршид Давроннинг ушбу шеъри Лорка ҳақида ёзилган шеърлар ичида энг яхшиси.

Лорка ўлими

Уни тонгга тираб отдилар…
У йиқилди,
Сўнг яна турди
Ва ёшгина,
Букри бир аскар
Қўндоқ билан бошига урди.
У жон берди…
Аскарлар эса
Шоша-пиша ортга қайтдилар,
Шароб ичиб мунгли қўшиқни
Тун сукутин бузиб айтдилар.
Бу қўшиқда булутни ёрган
Ҳилол чўққи узра порларди,
Бу қўшиқ қор остида ётган
Чечакларни бўзлаб чорларди.
Бу қўшиқда қора кийинган
Тул кампирлар эртак тўқирди,
Уларнинг олдида кўзи кўр бола
Зулмат аро китоб ўқирди.
Қўшиқ куйлаб,
Туйиб аламни,
Ёш аскарлар сармаст эдилар,
Шу қўшиқни ёзган одамни
Отганларин билмас эдилар…

Назар Эшонқул


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!